Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (ЎзР 26.12.1997 й. 548-I-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОЖХОНА КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Божхона сиёсати


Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланувчи ягона божхона сиёсати амалга оширилади.

Божхона сиёсатининг асосий мақсадлари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида самарали божхона назоратини ҳамда товар айирбошлашни тартибга солишни таъминлашдан, иқтисодиётнинг ривожланишини рағбатлантиришдан, ички бозорни ҳимоялашдан иборат.



2-модда. Божхона иши


Божхона иши Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, бож тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш тартиби ва шартларидан ҳамда божхона сиёсатини амалга оширишнинг бошқа воситаларидан иборатдир.

Божхона иши Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан амалга оширилади.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг

божхона ҳудуди ва божхона чегараси


Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво бўшлиги божхона ҳудудини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади.

Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналари ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади.



4-модда. Божхона иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ўзбекистон Республикасининг божхона иши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Божхона ишида Ўзбекистон Республикасининг божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олаётган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситалари қонунга хилоф равишда олиб ўтилган тақдирда, товарлар ва транспорт воситалари божхона чегараси орқали олиб ўтилган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



5-модда. Божхона органларининг бошқа органлар

ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги


Божхона органлари божхона иши вазифаларини ҳал этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамда давлатнинг ўзга органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари божхона органлари зиммасига юкланган вазифаларни ҳал этишда кўмаклашишлари, шу жумладан бу вазифаларни ҳал этиш учун зарур шароитларни яратиб бериш орқали уларга кўмаклашишлари шарт.

Божхона органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатларига тааллуқли айрим ҳаракатлар ўз назоратлари остида давлатнинг бошқа органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилишига рухсат беришга ҳақлидир.


6-модда. Божхона органларининг

байроғи ва фарқлаш белгиси


Ўзбекистон Республикасининг божхона органлари ва улар ихтиёридаги дарё кемалари ўз байроғига эга бўлади. Божхона органларининг автотранспорт воситалари ҳамда ҳаво кемалари фарқлаш белгисига эга бўлади.

Байроқ ҳамда фарқлаш белгиси тўғрисидаги Низомни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.



7-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


1) товарлар - ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан валюта ва валюта бойликлари, электр, иссиқлик энергиялари ва энергиянинг бошқа турлари, ушбу модданинг 4-бандида қайд этилган транспорт воситаларидан бошқа транспорт воситалари, интеллектуал мулк объектлари;

2) Ўзбекистон товарлари - Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин муомалага чиқарилган товарлар;


3) чет эл товарлари - ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилмаган товарлар;


4) транспорт воситалари - йўловчилар ва товарларни ташиш учун фойдаланиладиган воситалар, шу жумладан контейнерлар ва бошқа транспорт ускуналари;


5) товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахслар - товарлар ва транспорт воситаларининг мулкдорлари, уларнинг сотиб олувчилари, эгалари ёхуд улар билан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳаракатларни ўз номидан амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ етарли бўлган бошқача тарзда иштирок этувчи шахслар;


6) ташувчи - товарларни амалда олиб ўтувчи ёхуд транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;


7) декларант - товарларни олиб ўтувчи, товарлар ва транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи, кўрсатувчи ва тақдим этувчи шахс ёки товар олиб ўтувчи шахс номидан иш олиб бораётган божхона брокери;


8) божхона чегарасидан олиб ўтиш - товарлар ёки транспорт воситаларини ҳар қандай усулда, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларини юбориш, қувур транспортидан ҳамда электр узатиш линияларидан фойдаланиш йўли билан божхона ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш ҳаракатларини амалга ошириш. Шундай ҳаракатлар жумласига қуйидагилар киради:

товарлар ёки транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилганда, шу жумладан эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудидан олиб кирилганда-божхона чегарасидан амалда ўтиш;

товарлар ёки транспорт воситалари божхона ҳудудидан олиб чиқилганда, шу жумладан эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудига олиб чиқилганда-божхона декларациясини тақдим этиш ёки товар ёхуд транспорт воситаларини олиб чиқиш мақсадини амалга оширишга бевосита қаратилган ўзга ҳаракатни бажариш;


9) божхона назорати - қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида божхона органлари амалга оширадиган тадбирлар мажмуи;


10) божхона таъминлови - божхона органлари пломбалар, муҳрлар босиш, рақамли, ҳарфли ва бошқа маркалар, қиёслаш белгилари қўйиш, штамплар босиш йўли билан амалга оширадиган товарлар ва транспорт воситаларини, бинолар ва бошқа жойларни қиёслаш воситаси;


11) божхона расмийлаштируви - товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини таъминлаш мақсадида божхона органларининг мансабдор шахслари амалга оширадиган операциялар мажмуи;


12) божхона режими - Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи;


13) чиқишга рухсат бериш - божхона органларининг божхона расмийлаштирувидан ўтган товарлар ёки транспорт воситаларини шахснинг тўла ихтиёрига бериши;


14) шартли чиқариб юбориш - шахснинг белгиланган чеклашлар, талаблар ёки шартларга риоя қилиш мажбуриятларини ўз зиммасига олиши билан боғлиқ ҳолда товарлар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш;


15) иқтисодий сиёсат чоралари - товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга доир чекловлар бўлиб, улар квота белгилашни, лицензиялашни, шунингдек республика иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги билан ўзаро ҳамкорлигини тартибга солиб турувчи бошқа чораларни ўз ичига олади;


16) дастлабки қарор - товарнинг таснифи, унинг бож қиймати, қайси мамлакатда тайёрланганлиги, божхона тўловларининг миқдорига ҳамда божхона ишига оид бошқа масалаларга тааллуқли бўлган божхона органи чиқарган қарор.

7-1-модда. Тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг

устуворлиги принципи

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.


II БЎЛИМ. ТОВАРЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БОЖХОНА

ЧЕГАРАСИДАН ОЛИБ ЎТИШ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


8-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш

ва Ўзбекистон Республикасидан

олиб чиқиш ҳуқуқи


Барча шахслар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда тенг ҳуқуқларга эгадилар.

Товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


9-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини

олиб кириш ва олиб чиқишни тақиқлаш


Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, маънавият, инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳамда бошқа мамлакатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарларни истеъмол қилувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиш тақиқланган товарлар ва транспорт воситалари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бу товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш назарда тутилмаган бўлса, дарҳол Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтарилиши шарт.

Товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқиб кетишни ёки қайтаришни олиб ўтаётган шахс ёхуд ташувчи ўз ҳисобидан амалга оширади. Товарлар ва транспорт воситалари дарҳол олиб чиқиб кетилмаган ёки қайтарилмаган тақдирда улар божхона органига қарашли бўлган омборга вақтинча сақлаш режими остида жойлаштирилади. Сақлаш муддати уч сутка бўлади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан товарлар

ва транспорт воситаларини олиб ўтишдаги чекловлар


Товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегарасидан олиб ўтишдаги чекловлар халқаро мажбуриятлардан, ички бозорни ҳимоя қилиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек чет давлатлар ва улар иттифоқларининг ҳуқуқни камситувчи ёки Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини камситувчи бошқа ҳаракатларига жавоб чораси тариқасида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланиши мумкин.

Кўрсатиб ўтилган чекловлар жорий этилиши муносабати билан товарларни олиб ўтаётган шахс ёхуд ташувчи қиладиган харажатлар божхона органлари томонидан тўланмайди.



11-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиш жойи ва вақти


Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш жойи ва вақти божхона органлари томонидан белгиланади.



12-модда. Транспорт воситаларини олиб ўтиш


Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган, шу жумладан товар сифатида олиб ўтиладиган транспорт воситалари божхона органлари белгилайдиган жойларда тўхтатилади. Бу талаб бажарилмаган тақдирда, божхона органлари транспорт воситаларини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда мажбурлаб тўхтатишга ҳақли.

Транспорт воситаларини тўхтатиб туриш муддати ва жойи божхона органлари томонидан ташувчи билан биргаликда аниқланади. Транспорт воситаларини тўхтатиб туриш муддати божхона назорати ва божхона расмийлаштируви манфаатларига зид тарзда қисқартирилиши мумкин эмас.

Транспорт воситаларини тўхтатиб туриш жойларидан жўнатиб юбориш божхона органининг рухсати билан амалга оширилади.

Транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтиш жойи ва вақти ташувчи томонидан тегишли божхона органи билан келишиб олинади.



13-модда. Валютани ва валюта бойликларини олиб ўтиш


Ўзбекистон Республикаси валютасини ва валюта бойликларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


14-модда. Жисмоний шахслар томонидан

товарларни нотижорат мақсадларида олиб ўтиш


Жисмоний шахслар нотижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган соддалаштирилган, имтиёзли тартибда олиб ўтишлари мумкин.

Товарларнинг нимага мўлжалланганлиги уларнинг хусусиятлари ва миқдорига, товарларни олиб ўтиш такрорланиб туришига қараб, жисмоний шахснинг сафари қандай вазиятда кечаётганлигини ҳисобга олиб белгиланади.


15-модда. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиб, шартли

чиқариб юборилган товарлар ҳамда транспорт воситаларидан

фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш

Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиб, бу имтиёзлар нима муносабат билан берилган бўлса, шартли чиқариб юборилган товарлар ва транспорт воситаларидан фақат шу мақсадда фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга йўл қўйилади. Бошқа мақсадда улардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга божхона тўловлари тўланган ҳамда ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда йўл қўйилади.


2-БОБ. БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИ


16-модда. Божхона режимларининг турлари


Товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш уларнинг божхона режимларига мувофиқ амалга оширилади.

Қуйидаги турдаги божхона режимлари (бундан буён матнда режим) белгиланади:

1) эркин муомалага чиқариш (импорт);

2) реимпорт;

3) экспорт;

4) реэкспорт;

5) транзит;

6) вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш);

7) вақтинча сақлаш;

8) божхона омбори;

9) эркин божхона зонаси;

10) эркин омбор;

11) бож олинмайдиган савдо дўкони;

12) божхона ҳудудида қайта ишлаш;

14) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш;

15) йўқ қилиш;

16) давлат фойдасига воз кечиш.

Шахс, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, қайси мамлакатда ишлаб чиқарилгани ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган режимни танлашга ёки уни бошқасига ўзгартиришга ҳақли.

Режимларнинг қўлланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


17-модда. Эркин муомалага чиқариш


Эркин муомалага чиқариш шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар уларни ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетиш мажбуриятисиз бу ерда доимий қолади.

Режим импорт божларини, солиқларни ва бошқа бож тўловларини тўлашни, иқтисодий сиёсат чораларига ҳамда бошқа чора-тадбирларга риоя этишни назарда тутади.



18-модда. Реимпорт


Реимпорт шундай режимки, бунда экспорт режимида божхона ҳудудидан олиб чиқилган Ўзбекистон товарлари импорт божларини, солиқларни тўламасдан, шунингдек уларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатларда қайта олиб кирилади.

Олиб чиқилган пайтдан бошлаб ўн йил ичида божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилган, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳолларни истисно этганда, олиб чиқилган пайтда қандай бўлса, шундай ҳолатда турган товарлар реимпорт режимига жойлаштирилади.

Товарларни экспорт режимида олиб чиқилаётганда тўланган экспорт божи ва солиқлар суммаси, бу товарлар олиб чиқилган пайтдан бошлаб уч йил ичида реимпорт режимида қайтариб олиб кирилган тақдирда, божхона органининг тақдимномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда қайтарилади.

Товарлар реимпорт қилинганда товарларни олиб ўтаётган шахс товарларни олиб чиқиш чоғида тўлов тарзида ёки бошқа имтиёзлар туфайли олган суммаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтаради.


19-модда. Экспорт


Экспорт шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқилади. Экспорт режимига жойлаштирилган товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда бу ҳудуддан ташқарига амалда олиб чиқиб кетилмаган ҳолда туриши мумкин.

Товарларни экспорт режимида олиб чиқиш экспорт божи ва бошқа божхона тўловлари тўланган, иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда амалга оширилади.

Экспорт режимида олиб чиқилаётганда товарлар солиқлардан озод этилади ёхуд тўланган солиқлар суммаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтарилиши лозим.

Товарлар экспорт режимида чиқарилаётганда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига, товарлар ҳолатининг табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, божхона декларацияси қабул қилинган кунда қандай бўлса, шундай ҳолатда олиб чиқилиши лозим.


20-модда. Реэкспорт


Реэкспорт шундай режимки, бунда чет эл товарлари божхона ҳудудидан олиб чиқилади.

Агар товарлар божхона органига кейинчалик реэкспорт режимида олиб чиқиб кетишга мўлжалланган товар сифатидагина маълум қилинган бўлса, улар божхона ҳудудига олиб кирилаётганда импорт божлари, солиқлар ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди. Бундай товарларни амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмай амалга оширилади. Амалда олиб чиқиб кетилмаган тақдирда импорт божлари, солиқлар, шунингдек улар юзасидан фоизлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

Товарлар реэкспорт режимида олиб чиқилаётганда экспорт божлари, солиқлар ундирилмайди, олиб чиқиш чоғида амал қилиб турган иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Товарлар реэкспорт режимида олиб чиқилаётганда тўланган импорт божлари ва солиқлар қайтарилиши ва айни бир пайтда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:

реэкспорт қилинаётган товарлар олиб кирилган пайтда қандай бўлса, шундай ҳолатда бўлса, табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно;

реэкспорт режимида товарларни олиб чиқиш улар олиб кирилган пайтдан бошлаб икки йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

реэкспорт қилинаётган товарлардан даромад олиш мақсадида фойдаланилмаган бўлса.


21-модда. Транзит


Транзит шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистон Республикасининг икки божхона органи ўртасида, шу жумладан чет давлат ҳудуди орқали, бож, солиқлар ундирилмасдан, шунингдек товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чораларини қўлланмасдан божхона назорати остида олиб ўтилади.

Товарларни транзит режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтиш божхона органининг рухсати билан исталган йўллар ва йўналишлар бўйича амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


22-модда. Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)


Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) шундай режимки, бунда божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида товарлардан бождан, солиқлардан тўла ёки қисман озод этилган ҳолда ва товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан фойдаланишга йўл қўйилади.

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириладиган товарлар ўзгартирмасдан қайтарилиши лозим, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно.

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириладиган товарларни бож ва солиқлар тўлашдан тўла ёки қисман озод қилиш қонун ҳужжатларида белгиланади.

Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштиришга, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уларни қайта олиб чиқиш ёки қайта олиб кириш мажбурияти тақдим этилган, божхона тўловлари тўланиши таъминланган, товарларнинг айнанлиги таъминланган тақдирда божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади.

Вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштирилмайдиган товарларнинг рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


23-модда. Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)

режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат


Товарларни вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат божхона органлари томонидан бундай олиб кириш (олиб чиқиш)нинг мақсадлари ва ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва узайтирилади, бироқ товарлар бундай режимда туришининг умумий муддати икки йилдан ошмаслиги керак. Товарларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ анча узоқроқ муддатлар белгиланиши мумкин.

Товар белгиланган муддат тугагунга қадар унга нисбатан ваколати бўлган шахс томонидан божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши ёки у ерга олиб кирилиши ёхуд бошқа божхона режимига жойлаштирилиши лозим. Бу талабларга риоя этилмаган тақдирда товар божхона органи эгалик қиладиган божхона омборига вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилади.

Агар товарлар ҳалокат оқибатида ёки енгиб бўлмас куч таъсирида йўқ бўлганлиги ёки мутлақо йўқолганлиги, табиий эскириши ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитида камайиши туфайли етишмаслиги ёхуд чет давлат органлари ёки мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига хилоф хатти-ҳаракатлари натижасида шахснинг эгалигидан чиқиб кетганлиги Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатия ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан тасдиқланса, товарларни вақтинча олиб чиққан ва уларни белгиланган муддатда қайтариб олиб кирмаган шахс божхона органлари олдида жавобгар бўлмайди.



24-модда. Вақтинча сақлаш


Вақтинча сақлаш шундай режимки, бунда олиб кирилган товарлар ва транспорт воситалари божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб чиқаришга рухсат берилгунга қадар танланган режимга мувофиқ божхона омборида бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан вақтинча сақланади. Ушбу Кодексга мувофиқ вақтинча сақлаш режимига бошқа товарлар ва транспорт воситалари ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш режимига жойлаштиришда қисқа декларация қўлланилади.

Товарларнинг вақтинча сақлаш режимида туриш муддати икки ойдан ошмаслиги лозим, Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилган товарлар билан қилинадиган операциялар рўйхати ва уларни амалга ошириш тартиби ушбу Кодексда белгиланади.


25-модда. Божхона омбори


Божхона омбори шундай режимки, бунда олиб кирилган товарлар сақлаш даврида импорт божи, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан божхона назорати остида сақланади, экспорт режимида олиб чиқишга мўлжалланган товарлар эса божхона назорати остида ушбу Кодекснинг 26-моддасида назарда тутилган имтиёзлар берилган ҳолда сақланади.

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш ман этилган товарлар ҳамда рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа товарлар божхона омбори режимига жойлаштирилиши мумкин эмас.

Товарлар божхона омбори режимида уч йил мобайнида туриши мумкин. Ушбу муддат товарларнинг айрим тоифалари ва айрим шахслар учун қонун ҳужжатлари билан чекланиши мумкин, лекин у бир йилдан кам бўлмаслиги керак.

Белгиланган муддат тугагунга қадар товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс томонидан товарни бошқа божхона режимига жойлаштириш сўралиши керак. Бу талабларга риоя этилмаган тақдирда, товар божхона органига қарашли божхона омборига вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилади.

Божхона омбори режимига жойлаштирилган товарлар билан қилинадиган операциялар рўйхати ва уларни амалга ошириш тартиби ушбу Кодексда белгиланади.


26-модда. Божхона омбори режимига жойлаштирилган ва экспорт

режимига кўра олиб чиқишга мўлжалланган товарларни бождан,

солиқлардан озод қилиш ёки тўланган суммаларни қайтариш


Агар товарларни амалда четга олиб чиқиш вақтида тўловлардан озод қилиш ёки тўланган суммани қайтариш назарда тутилган бўлса, божхона омбори режимига жойлаштирилган ва экспорт режимига кўра олиб чиқишга мўлжалланган товарлар бождан, солиқлардан озод қилинади ёхуд тўланган суммалар қайтарилади. Бу товарлар божхона омбори режимига жойлаштирилган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай олиб чиқилиши лозим.

Товарлар белгиланган муддатларда амалда олиб чиқилмаган тақдирда бож, солиқлар, шунингдек уларнинг фоизлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўланади.



27-модда. Эркин божхона зонаси ва эркин омбор


Эркин божхона зонаси ва эркин омбор шундай режимларки, бунда чет эл товарлари муайян ҳудудлар ва жойларда бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан жойлаштирилади ва ишлатилади, Ўзбекистон товарлари эса экспорт режимига мувофиқ олиб чиқишда қўлланиладиган шартларга кўра жойлаштирилади ва ишлатилади.

Эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Товарлар эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимларида чекланмаган муддатларгача туриши мумкин.

Эркин божхона зоналари ва эркин омборларда, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар билан ишлаб чиқариш ва тижорат операцияларини бажаришга йўл қўйилади, уларнинг чакана савдоси бундан мустасно.

Ушбу Кодекснинг ва бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларига риоя этмаётган айрим шахсларга божхона органлари товарлар билан операцияларни амалга оширишни тақиқлаб қўйиши ҳамда эркин божхона зоналари ва эркин омборларга монеликсиз кириб чиқишни рад этиши мумкин.


28-модда. Эркин божхона зонаси ёки эркин омбор режимларига

жойлаштириладиган товарларга нисбатан бож, солиқлар ва

иқтисодий сиёсат чораларини қўлланиш


Эркин божхона зонаси ва эркин омбор режимларида турган товарларни эркин муомалага ёки экспортга чиқариш режимларига жойлаштирганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бож, солиқлар ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари товарларнинг келиб чиқишига қараб қўлланилади.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бўлмаган тақдирда товарга: олиб чиқилаётганда экспорт божи, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чораларини қўлланиш мақсадларида Ўзбекистон товари деб, бошқа мақсадларда эса чет эл товари деб қаралади.

Эркин божхона зонаси ёки эркин омбор режимларига жойлаштирилаётган ва экспорт режимида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга мўлжалланган товарлар, агар товарларни амалда олиб чиқишда экспорт божи ва солиқлардан озод қилиш ёки тўланган суммаларни қайтариш назарда тутилган бўлса, экспорт божидан, солиқлардан озод қилинади ёхуд тўланган суммалар қайтарилади. Бундай товарларни амалда олиб чиқиш бож, солиқлар қайтарилган ёки улардан озод қилинган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқилиши лозим бўлган товарлар эркин божхона зоналари ҳудудидан ва эркин омборлардан божхона ҳудудига қайтарилганда ёхуд белгиланган муддатларда улар амалда олиб чиқиб кетилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бож, солиқлар, шунингдек уларнинг фоизлари тўланади.



29-модда. Бож олинмайдиган савдо дўкони


Бож олинмайдиган савдо дўкони шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудининг божхона органлари ушбу Кодексга мувофиқ белгилайдиган жойларида бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан божхона назорати остида туради ҳамда реализация қилинади.

Бож олинмайдиган савдо дўкони режимига божхона ҳудудига олиб кириш ҳамда ундан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланган товарлар жойлаштирилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши чекланган товарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бож олинмайдиган савдо дўкони режимида реализация қилиниши мумкин.

Бож олинмайдиган савдо дўкони режимига жойлаштирилган товарлар бож олинмайдиган махсус савдо дўконларида реализация қилинади.


30-модда. Товарларни қайта ишлаш

Товарларни қайта ишлашга қуйидагилар киради:

товарларни бевосита қайта ишлаш ёки уларга ишлов бериш, шу товарларнинг ва фойдаланилаётган бошқа товарларнинг йўқоладиган ўзига хос хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда;

янги товарларни тайёрлаш, шу жумладан товарларни уларнинг асосий хусусиятларини қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарларни таъмирлаш, шу жумладан уларни тиклаш, янгилаш ва тартибга келтириш, уларнинг шикастланган ёки эскириб қолган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, шунингдек нуқсонларини бартараф этиш;

товарларни қайта ишлашга ёрдам берадиган ёхуд бундай ишни енгиллаштирадиган бошқа товарлардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш.

Айрим товарларга нисбатан қайта ишлаш режимидан фойдаланишга доир чекловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


31-модда. Товарларни қайта ишлаш шартлари

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома ариза берувчининг ёзма мурожаатига асосан божхона органи томонидан қуйидаги ҳолларда берилади:

товарларни уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларида қиёслаш мумкин бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланадиган ҳоллар бундан мустасно;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун - қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишилган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун - товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса;

алоҳида хусусиятга эга бўлган товарлар рўйхатига киритилган товар ёки қайта ишлаш маҳсулотини олиб кириш ва олиб чиқиш учун ваколатли органнинг махсус рухсатномаси бўлса;

божхона иши ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга доир бошқа талаблар бажарилган бўлса.

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш ёки бундай рухсатнома беришни рад этиш ҳақидаги қарор уни қабул қилиш учун барча зарур ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида божхона органи томонидан қабул қилиниб, ариза берувчи бу ҳақда ёзма равишда хабардор этилади.

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш, агар ариза берувчи томонидан лозим даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилган бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар бўлса, шунингдек ушбу Кодекс талабларига риоя этилмаган бошқа ҳолларда рад этилиши мумкин.

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш рад этилган тақдирда, божхона органи бу ҳақда ариза берувчини рад этиш сабабларини ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш рад этилишига асос бўлган сабабларни ариза берувчи бартараф этган бўлса, ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш ариза ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кундан ошмайдиган муддат ичида божхона органи томонидан амалга оширилади.

Товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқишда товарларни қайта ишлаш учун рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича мазкур рухсатномани беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


32-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш

Божхона ҳудудида қайта ишлаш шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига импорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмаган ҳолда божхона назорати остида қайта ишлаш учун олиб кирилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари олиб чиқилади ёки улар ўзга режим остида жойлаштирилади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида ҳар қандай товарлар жойлаштирилиши мумкин, ана шундай режим остида жойлаштирилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Чет эллик юридик ёки жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида жойлаштирилиши мумкин. Мазкур товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига амалда олиб чиқиб кетилмаган ҳолда экспорт режими остида жойлаштирилиб, кейинчалик божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида декларацияланади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилган товарлар ва қайта ишлаш маҳсулотлари уларни олиб чиқиш пайтида экспорт божлари ва солиқлардан озод қилинади. Мазкур товарлар ва қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди.

Қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқарилганда импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш учун фойдаланилган товарларнинг қиймати ҳамда уларга нисбатан қўлланилган тўловлар ставкаларига қараб тўланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон товарлари билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда йўл қўйилади.



33-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш шундай режимки, бунда товарлар экспорт божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмаган ҳолда қайта ишлаш учун олиб чиқилиб, кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш режимида олиб кирилади.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида эркин муомалада бўлган ҳар қандай товарлар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режими остида жойлаштирилиши мумкин, олиб кирилиши (олиб чиқилиши) қонун ҳужжатлари билан тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимидан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин эмас:

агар товарларни олиб чиқиш импорт божлари ва солиқларнинг тўланган суммаларини қайтаришни, импорт божлари ва солиқлардан озод қилишни ёки олиб чиқиш чоғида тўловлар олишни талаб қилиш учун асос бўлса;

импорт божлари ва солиқлардан озод этишнинг амал қилиб турган вақти мобайнида, агар унинг амал қилиши товарларни эркин муомалага чиқаришда уларни қайта ишлаш учун олиб чиқилгунга қадар фойдаланилган бўлса;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.

Қайта ишлаш маҳсулотларини чет эл товарлари билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш режимида божхона расмийлаштируви чоғида импорт божлари ва солиқлар қайта ишлаш қийматига ҳамда қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган божлар ва солиқлар ставкаларига қараб тўланади.

Қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарлар қайтариб олиб кирилганда импорт божлари ва солиқлар тўланмайди.

Қайта ишлаш маҳсулотлари, агар қайта ишлашдан мақсад олиб чиқилган товарларни қонун ҳужжатлари ёки шартномага биноан беғараз таъмирлашдан иборат бўлганлигига божхона органи белгиланган тартибда ишонч ҳосил қилса, импорт божлари ва солиқлардан озод қилинади, товарларни эркин муомалага дастлабки чиқаришда нуқсони мавжудлиги ҳисобга олинган ҳоллар бундан мустасно.

Товарларни қайта ишлаш учун олиб чиққан ва товарларни қайтармаган ёки қайта ишлаш маҳсулотларини белгиланган муддатда олиб кирмаган шахс ушбу Кодекс 23-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда жавобгар бўлмайди.


34-модда. Товарларни қайта ишлаш муддатлари

Товарларни қайта ишлаш муддати божхона органи томонидан белгиланади ва бу муддат икки йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товарларнинг айрим тоифаларига нисбатан қайта ишлашнинг бир мунча узайтирилган муддатларини белгилаши мумкин.

Товарларни қайта ишлаш муддатини белгилашда товарларни қайта ишлаш жараёни қанча давом этиши ва қайта ишлаш маҳсулотларини тасарруф этиш ҳисобга олинади.

Товарларни қайта ишлаш муддати товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида ёки божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режими остида жойлаштирилган кундан эътиборан, товарлар алоҳида товар туркумлари қилиб олиб кирилганда (олиб чиқилганда) эса товарларнинг биринчи туркуми тегишли режим остида жойлаштирилган кундан эътиборан ўта бошлайди.



35-модда. Товарларни қайта ишлаш маҳсулотларида қиёслаш

Товарларни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона мақсадлари учун қиёслаш ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар ҳақидаги, шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи технологиялар ҳақидаги муфассал маълумотларни тақдим этиш йўли билан ёки қайта ишлаш вақтида божхона назоратини олиб бориш орқали амалга оширилиши мумкин. Божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш маҳсулотларида қиёслашга нисбатан қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Товарларни қайта ишлаш маҳсулотларида қиёслаш қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди:

қайта ишлаш чоғида ишлаб чиқаришнинг узлуксиз туркумларига тааллуқли технология жараёнидан фойдаланилаётган бўлса;

қайта ишлаш чоғида қайта ишлаш амалга оширилаётган мамлакатдан бошқа мамлакатларнинг божхона ҳудудида худди шундай ва (ёки) айни бир хил қайта ишлаш маҳсулоти ишлаб чиқарилишини истисно этувчи ноёб технология жараёнидан фойдаланилаётган бўлса.

Олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларини қиёслаш учун божхона органлари товарларнинг ишлаб чиқарилган жойи ҳақидаги сертификатлардан, шунингдек мазкур товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга тааллуқли бошқа ҳужжатлардан фойдаланишлари мумкин.



36-модда. Божхона мақсадларида қайта ишлаш

маҳсулотларининг чиқиши нормалари

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиши нормаси муайян миқдордаги товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган қайта ишлаш маҳсулотларининг миқдори ёки уларнинг фоиздаги ифодасидир. Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиши нормаси қайта ишлаш учун рухсатнома берилаётганда қайта ишлаш амалга ошириладиган шароитларни ҳисобга олган ҳолда божхона органлари томонидан белгиланади ёки улар билан келишиб олинади. Қайта ишлаш маҳсулотларини тавсифлаш, уларнинг сифати ва миқдори қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиши нормалари асосида белгиланади.

Эксперт ташкилотларининг хулосалари асосида божхона органлари қайта ишлаш маҳсулотлари чиқишининг мажбурий нормаларини, агар бу божхона мақсадларида зарур бўладиган бўлса ёки товарларни қайта ишлашни амалга оширишга ёрдам берадиган бўлса, белгилашга ҳақли.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиши нормалари қайта ишлаш учун бериладиган рухсатномада кўрсатилади.

36-1-модда. Товарларни қайта ишлашни тугаллаш

Товарларни қайта ишлашга рухсатнома олган шахс товарларни қайта ишлашни ушбу Кодекснинг 34-моддасига мувофиқ белгиланган муддат тугайдиган кундан кечиктирмасдан:

божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланган тақдирда-қайта ишлаш маҳсулотларини, қайта ишланмаган товарлар қолдиқлари ва товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиққан ҳолда;

божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимидан фойдаланган тақдирда-қайта ишлаш маҳсулотларини, қайта ишланмаган товарлар қолдиқлари ва товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирган ҳолда тугаллаши шарт.

Қайта ишлаш олиб кирилган товарлар, уларни қайта ишлаш маҳсулотлари ва чиқиндиларни эркин муомалага чиқариш режимида, олиб чиқилган товарлар, уларни қайта ишлаш маҳсулотлари ва чиқиндиларни эса, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодексда белгиланган шартлар асосида экспорт режимида жойлаштириш билан тугалланиши ҳам мумкин. Товарларни қайта ишлашга рухсатнома олган шахснинг аризасига биноан божхона органи товарлар, уларни қайта ишлаш маҳсулотлари ва чиқиндиларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимининг ёки божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимининг амал қилишини тугаллашга, агар бунинг учун сабаблар асосли деб топилган бўлса ҳамда башарти айни шу режимлар талабларига риоя этиладиган бўлса, рухсат бериши мумкин. Бундай ҳолда қайта ишлаш режимларининг амал қилиши янги режимларнинг амал қилиши муддатига тўхтатиб қўйилади.

Қайта ишлаш маҳсулотларини божхона чегараси орқали бир неча туркум қилиб олиб ўтишда қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг рухсатномада кўрсатилганига мувофиқлигини текшириб туриш вақти-вақти билан, аммо уч ойда камида бир марта ва қайта ишлаш маҳсулотларининг охирги туркуми божхона чегараси орқали олиб ўтилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай амалга оширилиши мумкин. Агар ана шундай текшириб кўриш натижасида қайта ишлашга рухсатнома олган шахс божхона тўловларини тўлаши шарт бўлса, бунда мазкур тўловларнинг суммасига, башарти бу суммалар уларни тўлаш зарурлиги ҳақида божхона органи томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида тўланадиган бўлса, пеня ҳисоблаб чиқарилмайди.



37-модда. Йўқ қилиш


Йўқ қилиш шундай режимки, бунда чет эл товарлари бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан улар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади.

Товарларни йўқ қилишга божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади. Рухсатнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Товарларни йўқ қилиш манфаатдор шахс томонидан ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Товарларни йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар божхона назорати остида турган чет эл товарлари сифатида тегишли режимга жойлаштирилади.

Йўқ қилиб ташлаш учун рухсатнома бериш рад этилган тақдирда товарлар уларни олиб кирган шахс ҳисобидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилади.


38-модда. Давлат фойдасига воз кечиш


Давлат фойдасига воз кечиш шундай режимки, бунда шахс товарларга нисбатан бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда улардан давлат фойдасига воз кечади.

Товарларни давлат фойдасига воз кечиш режимига жойлаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда божхона органининг рухсати билан йўл қўйилади.

Товарлардан давлат фойдасига воз кечиш давлатнинг харажатлар қилишига сабаб бўлмайди.


III БЎЛИМ. БОЖХОНА НАЗОРАТИ


3-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


39-модда. Божхона назорати шакллари


Божхона назорати божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қуйидаги йўллар билан ўтказилади:

божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш;

жисмоний ва мансабдор шахсларни оғзаки сўраб-суриштириш;

божхона кўригидан ўтказиш;

товарлар, транспорт воситалари, бинолар ва бошқа жойларни божхона томонидан қиёслаш;

товарлар ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш;

ҳисобга олиш ва ҳисобот тизимини текшириш;

божхона назоратидан ўтказилиши лозим бўлган товарлар ва транспорт воситалари туриши мумкин бўлган ёхуд назорат қилиш божхона органлари зиммасига юклатилган фаолият амалга оширилаётган ҳудудлар, бинолар ва бошқа жойларни текшириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда.

Божхона назорати ўтказилаётганида инсон, ҳайвонот ва ўсимликлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз бўлган ҳамда товарлар ва транспорт воситаларига зиён етказмайдиган техникавий ва бошқа воситалар қўлланилиши мумкин.

Божхона назоратини ўтказиш қоидалари қонун ҳужжатларида белгиланади.


40-модда. Божхона назоратидан ўтказилиши

лозим бўлган товарлар ва транспорт воситалари


Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳамда шартли чиқариб юборилган товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилиши лозим, ушбу Кодекснинг 49, 50, 117-126-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Божхона органлари эркин божхона зоналари ва эркин омборларда турган товарлар устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона назоратини амалга оширишга ҳақлидир.

Божхона органлари божхона ҳудудидан божхона органининг рухсатисиз чиқиб кетган транспорт воситаларини мажбурий равишда тўхтатиш, денгиз, дарё ва ҳаво кемаларини мажбурий равишда орқага қайтаришга ҳақлидир, чет эл кемалари ва бошқа давлатларнинг ҳудудида турган кемалар бундан мустасно.



41-модда. Божхона назорати остида бўлиш вақти


Божхона назорати: божхона ҳудудига олиб киришда-товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтган пайтдан эътиборан; божхона ҳудудидан товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқишда-божхона декларацияси қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан бошланади.

Божхона назорати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар ва транспорт воситалари сақланган божхона режимига мувофиқ чиқишга рухсат берилган пайтдан эътиборан ёхуд улар божхона чегарасини кесиб ўтган пайтдан эътиборан тугалланади.



42-модда. Божхона назорати зоналари


Божхона назорати зоналари божхона чегаралари бўйлаб, божхона расмийлаштируви жойларида, божхона органлари жойлашган ерларда ва божхона органлари томонидан белгиланадиган бошқа жойларда тузилади.

Божхона назорати зоналарини тузиш ва белгилаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Божхона назорати зоналарида ишлаб чиқариш, тижорат фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга оширишга, шунингдек уларнинг чегаралари орқали транспорт воситалари, товарлар ва шахсларни олиб ўтишга божхона органларининг рухсати билан ва назорати остида йўл қўйилади.


43-модда. Божхона назорати учун зарур

бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар


Божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи ёки назорат қилиш божхона органлари зиммасига юклатилган фаолиятни амалга оширувчи шахслар бу органларга рўйхати ва тақдим этиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланадиган ҳужжатлар ва маълумотларни топширадилар.

Божхона назоратини амалга ошириш учун божхона органлари банклардан, бошқа молия-кредит муассасаларидан ва хўжалик юритувчи субъектлардан экспорт-импорт операциялари ҳамда назорат қилиш божхона органлари зиммасига юклатилган фаолиятнинг бошқа турларига доир маълумотларни олишга ҳақлидир.

Божхона назорати учун зарур бўлган ҳужжатлар шахслар томонидан камида уч йил сақланиши лозим.



44-модда. Божхона кўригидан ўтказиш


Товарлар ва транспорт воситаларини божхона кўригидан ўтказиш товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг қонунийлигини аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, бож, солиқлар, йиғимлар олиш, шунингдек олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш тақиқланган товарлар божхона чегараси орқали ўтишининг ҳамда божхона ҳудуди орқали транзит тартибида ўтишининг олдини олиш учун божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш пайтида ҳозир бўлишга ҳақлидир, божхона органлари мансабдор шахсларининг талабига кўра эса текшириш пайтида ҳозир бўлишлари ва божхона органларининг мансабдор шахсларига зарур ёрдам кўрсатишлари шарт.

Товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга шахс бўлмаган тақдирда, транспорт воситасини бошқарувчи шахс божхона мақсадлари учун ваколатли шахс деб ҳисобланади.

Товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар йўқлигида божхона органлари қуйидаги ҳолларда товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга ҳақли:

улар товарлар ва транспорт воситалари тақдим этилганидан сўнг ўн кун ўтганидан кейин келмаган бўлса;

давлат хавфсизлиги, жамоат тартибига, инсон ҳаёти ва соғлиғига, ҳайвонот ва ўсимликлар, атроф табиий муҳитга, Ўзбекистон Республикасининг бадиий, тарихий ва археологик бойликлари сақланишига хавф мавжуд бўлганда ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ҳолатларда;

товарлар халқаро почта жўнатмалари орқали юборилган бўлса;

товарлар ва транспорт воситалари улар жойлаштирилган божхона режимини бузган ҳолда божхона ҳудудида қолдирилган бўлса.


45-модда. Шахсни кўздан кечириш


Шахсни кўздан кечириш божхона чегараси орқали ўтаётган ёхуд божхона назорати зонасида ёки халқаро алоқа учун очиқ аэропортнинг транзит зонасида турган жисмоний шахс қонун ҳужжатларини бузиш объектлари ҳисобланувчи товарларни ўз ёнида яширяпти ва кўрсатмаяпти деб ҳисоблашга асослар бўлган тақдирда, божхона органи мансабдор шахсининг қарорига биноан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.


46-модда. Товарлар, транспорт воситалари, бинолар ва бошқа

жойларни божхона қиёслашидан ўтказиш


Божхона назорати остида бўлган ҳужжатлар, товарлар, транспорт воситалари, бинолар ва бошқа жойларни божхона қиёслашидан ўтказиш уларга пломбалар, муҳрлар қўйиш, рақамли, ҳарфий ва бошқа маркалар босиш, қиёслаш белгиларини қўйиш, штамплар босиш, намуналар ва нусхалар олиш, товарлар ва транспорт воситаларини таърифлаш, уларнинг чизмаларини тайёрлаш, масштабли тасвирлар, фотосуратлар, иллюстрациялар тайёрлаш, товарларга илова қилинган ва бошқа ҳужжатлардан ҳамда ўзга қиёслаш воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланади.

Қиёслаш воситалари фақат божхона органлари томонидан ёки уларнинг рухсати билан ўзгартирилиши, олиб ташланиши ёки йўқ қилиниши мумкин, товарлар ва транспорт воситаларининг йўқ бўлиб кетиши, уларга қайта тиклаб бўлмайдиган даражада путур етказилиши ёки уларнинг жиддий бузилиши хавфи тугилган ҳоллар бундан мустасно. Қиёслаш воситалари ўзгартирилганлиги, олиб ташланганлиги ёки йўқ қилинганлиги тўғрисида божхона органларига дарҳол маълум қилинади ва бундай хавф мавжуд бўлганлигини исботловчи далиллар тақдим этилади.


47-модда. Божхона назорати остида турган

товарлар ва транспорт воситаларини инвентаризациялаш


Божхона органлари божхона назорати остида турган товарлар ва транспорт воситаларини, шунингдек бож тўловлари тўланмаган ёки бож тўловлари юзасидан божхона имтиёзлари берилган товарларни инвентаризациядан ўтказишга ҳақлидир.


48-модда. Назорат қилиш божхона органлари

зиммасига юклатилган фаолиятни текшириш


Божхона органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсларнинг назорат қилиш божхона органлари зиммасига юклатилган фаолиятини текширишга ҳақлидир.


49-модда. Божхона назоратини танлаб ўтказиш


Божхона органлари божхона назоратини ўтказишда, қоида тариқасида, назоратнинг қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун етарли бўлган шаклларини қўллайдилар.

Божхона назоратининг айрим шаклларини қўлламаслик ёки улардан озод қилиш шахслар қонун ҳужжатларига риоя этиш мажбуриятидан озод қилинишини билдирмайди.

Зарурат бўлганда божхона органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, божхона назоратининг ушбу Кодексда белгиланган барча шаклларидан фойдаланишлари мумкин.


50-модда. Божхона назоратининг

муайян шаклларидан озод қилиш


Божхона назоратининг муайян шаклларидан озод қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзоларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг шахсий багажи, агар мазкур шахслар хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтаётган бўлсалар, божхона текширувидан озод қилинади.

Чет эл ҳарбий кемалари, жанговар ва ҳарбий-транспорт ҳаво кемалари, шунингдек ўзи юриб келаётган ҳарбий техникаси божхона текширувидан озод қилинади.



51-модда. Товарлар чиқишига рухсат берилганидан

кейинги божхона назорати

Божхона органлари товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейин, агар қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳақида тахмин қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлса, божхона назоратини амалга оширишга ҳақли.

Товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейинги божхона назоратини амалга оширишда божхона органлари товарлар мавжудлигини текширишга, уларни такроран божхона текширувидан ўтказишга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни қайта текширишга, ушбу товарлар билан амалга ошириладиган ташқи иқтисодий ва кейинги тижорат операцияларига дахлдор ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни текширишга ҳақли. Текшириш декларант турган жойда, кўрсатиб ўтилган операцияларга бевосита ёки билвосита алоқаси бўлган ёки зарур ҳужжатларга эга бўлган ҳар қандай бошқа шахс турган жойда ўтказилиши мумкин. Ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейинги божхона назорати товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида, божхона тўловларини қўшиб ҳисоблаш эса товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида амалга оширилиши мумкин.

Товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейинги божхона назорати айни бир битим бўйича кўпи билан бир марта амалга оширилиши мумкин.



52-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларининг божхона

назоратини ўтказиш учун ҳудудга ва биноларга кира олиши


Божхона органларининг мансабдор шахслари хизмат гувоҳномаси асосида божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари, божхона назорати учун зарур бўлган ҳужжатлар мавжуд бўлиши мумкин бўлган ёхуд назорат қилиш божхона органлари зиммасига юкланган фаолият амалга оширилаётган ҳудуд ва биноларга кира олиш ҳуқуқига эга, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


53-модда. Божхона назоратини ўтказишда ёрдам кўрсатиш учун

мутахассислар ва экспертларни жалб этиш


Божхона органлари божхона назоратини ўтказишда ёрдам кўрсатиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ мутахассислар ва экспертларни жалб этиши мумкин.


4-БОБ. ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНА НАЗОРАТИ

ОСТИДА САҚЛАШ ВА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ


54-модда. Божхона омборлари ва эркин омборлар


Божхона омборлари ва эркин омборлар-товарларни божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган, махсус ажратилган ва жиҳозланган бинолар ёки бошқа жойлардир. Бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган ёки алоҳида шарт-шароитларда сақланиши талаб этиладиган товарлар фақат махсус мослаштирилган омборларга жойлаштирилиши лозим.

Божхона омбори Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ёхуд божхона органи томонидан таъсис этилади. 

Эркин омбор Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси томонидан таъсис этилади.

Божхона омборлари сақлаш шароитларига кўра товарларни вақтинча сақлаш ва (ёки) божхона омбори режимларида сақлаш учун мўлжалланган бўлади.

Божхона омборлари фойдаланиш мумкинлиги жиҳатидан ҳар қандай шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлиши ҳамда муайян шахслар, қоида тариқасида, омбор эгалари фойдаланиши учун мўлжалланган ёпиқ омборлар бўлиши мумкин.

Божхона омборлари ва эркин омборларни очиш тартиби ҳамда уларга қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.


55-модда. Божхона омбори ва эркин омбор,

бож олинмайдиган савдо дўкони эгаларининг мажбуриятлари


Божхона омборлари ва эркин омборларнинг эгалари қуйидагиларга мажбурдирлар:

1) омборларни божхона назоратини таъминлаш мақсадида жиҳозлаш;

2) товарларнинг асралишини таъминлаш;

3) сақлашга қўйилган товарлар ва транспорт воситаларини олиш имкониятини истисно этиш, божхона назорати бундан мустасно;

4) божхона назорати амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслик;

5) ҳисоб-китоб ишларини юритиш ҳамда сақлаб турилган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида божхона органларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

6) лицензия шартларига риоя этиш;

7) божхона органларининг қонуний талабларини бажариш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни адо этиш.

Бож олинмайдиган савдо дўконининг эгаси ушбу модда биринчи қисмининг 3, 6, 7-бандларида назарда тутилган талабларга риоя этиши, шунингдек келаётган ва сотилаётган товарлар ҳисобини юритиши, бу товарлар тўғрисида божхона органларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт.


56-модда. Божхона омборлари ва эркин омборлар эгаларининг

омборга товарлар ва транспорт воситаларини жойлаштирувчи

шахслар билан ўзаро муносабатлари


Божхона омборлари ва эркин омборлар эгаларининг омборга товарлар ва транспорт воситаларини жойлаштирувчи шахслар билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида қурилади.

Божхона омборларининг эгалари бўлган божхона органларининг божхона омборларига товарлар ва транспорт воситаларини жойлаштирувчи шахслар билан ўзаро муносабатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



57-модда. Божхона омбори ёки эркин омборда

турган товарлар билан қилинадиган операциялар


Вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилган товарлар:

омбор эгаси томонидан, товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган бошқа шахс ва уларнинг вакиллари томонидан кўздан кечирилиши ва ўлчаб чиқилиши мумкин. Божхона органининг рухсати билан текшириш ва қиёслаш учун товарлардан намуналар ҳамда нусхалар олиниши мумкин;

уларнинг ўзгармас ҳолатда сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган операциялар амалга оширилиши, шу жумладан шикастланган ўрови тузатилиши мумкин.

Божхона омбори режимига жойлаштирилган товарлар устида уларнинг асралишини таъминлаш, божхона органининг рухсати билан сотишга ва ташишга тайёрлаш бўйича операциялар амалга оширилиши мумкин. Операцияларнинг рўйхати ҳамда уларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Эркин омборга жойлаштирилган товарлар билан ишлаб чиқариш ва тижорат операцияларини ушбу Кодексга мувофиқ амалга оширишга йўл қўйилади, уларни чакана сотиш бундан мустасно. Ушбу товарлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тақиқ ва чекловлар белгилаб қўйилиши мумкин.

Божхона органлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларига риоя этмаган айрим шахсларга товарлар билан операциялар ўтказишни тақиқлаб қўйишлари ва уларнинг товарлардан фойдаланишини рад этишлари мумкин.



58-модда. Божхона тўловларини тўлаш учун жавобгарлик


Божхона омбори ва бож олинмайдиган савдо дўкони эгалари омборда сақланаётган ва дўконда реализация қилинаётган товарлар ҳамда транспорт воситаларининг бож тўловлари тўланиши учун жавобгар бўладилар, ушбу моддада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар божхона омбори эгаси билан товарлар ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш режимига жойлаштирувчи шахс ўртасидаги шартномада ушбу шахснинг бож тўловларини тўлаш учун жавобгарлиги назарда тутилган бўлса, улар солидар жавобгар бўладилар.

Божхона органининг розилиги билан бож тўловларини тўлаш учун жавобгарлик товарларни божхона омбори режимида сақлаш учун жойлаштирган шахс зиммасига юкланиши мумкин.

Агар божхона органи божхона омборининг эгаси бўлса, товарлар ва транспорт воситаларини шу омборга жойлаштирган шахс бож тўловларини тўлаш учун жавобгар бўлади, бундай шахс бўлмаган тақдирда-уларнинг мулкдори ёки эгаси ҳисобланувчи шахс жавобгар бўлади.

Агар эркин омборга жойлаштирилган товарлардан бож тўловлари ундирилса, тўловлар тўланиши учун уларни омборга жойлаштирган шахс жавобгар бўлади.



59-модда. Божхона омбори ва эркин омборни,

бож олинмайдиган савдо дўконини тугатиш ҳамда

уларга доир лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш


Божхона омбори ва эркин омбор, шунингдек бож олинмайдиган савдо дўкони қуйидаги ҳолларда тугатилади:

эгаларининг хоҳишига кўра; лицензияларнинг амал қилиш муддати ўтганида;

лицензиялар бекор қилинганида ёки уларнинг амал қилиши тугатилганида;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан божхона омборида ёки эркин омборда ёхуд бож олинмайдиган савдо дўконида турган товарларни сақлаш вақтинча сақлаш режимига мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия бекор қилинганида товарлар божхона омбори ёки эркин омбор ёхуд бож олинмайдиган савдо дўконига жойлаштирилган санадан эътиборан қайта божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим, уларнинг эгаларидан эса, сақлаб турганлик эвазига божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган миқдорда товарларнинг тугатилаётган омборда ёки магазинда турган бутун даври учун божхона йиғимлари ундирилади.

Лицензия чақириб олинганида лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан товарлар қайта божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим, уларнинг эгаларидан эса, сақлаб турганлик эвазига божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган божхона йиғимлари ундирила бошлайди.

Божхона омбори ва эркин омбор, бож олинмайдиган савдо дўкони тугатилганда, шунингдек божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўконига берилган лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда товарларни сақлашга жойлаштиришга ҳамда уларни реализация қилишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолларда товарларни божхона омбори ва эркин омбордан, шунингдек бож олинмайдиган савдо дўконидан чиқариш ушбу Кодексга мувофиқ амалга оширилади.

Эркин омборга берилган лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда чет эл товарларини омборга жойлаштириш бож, солиқлар тўланган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилган ҳолда амалга оширилади, бож, солиқлардан озод қилиш ёхуд уларни қайтариш эса Ўзбекистон товарларига нисбатан қўлланилмайди.

Тугатилаётган божхона омбори ва бож олинмайдиган савдо дўконида бўлган товарлар ва транспорт воситалари вақтинча сақлаш режимида туришининг умумий муддати уни тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан икки ойдан, эркин омборда эса-олти ойдан ошмаслиги лозим.



5-БОБ. ТОВАРЛАР ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

БОЖХОНА НАЗОРАТИ ОСТИДА ТАШИШ


60-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини ташиш


Божхона назорати остида турган, шу жумладан божхона ҳудуди орқали транзит режимида олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари юк жўнатувчи божхона органидан юк келиб тушувчи божхона органига ушбу товарлар ва транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган юк ташувчининг жавобгарлиги остида ташилиши мумкин.

Юк келиб тушувчи божхона органига топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар қайси товарлар ва транспорт воситаларига тегишли бўлса, ўша товарлар ва транспорт воситалари билан бир хил тартибда етказилади.



61-модда. Ташувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Ташувчи қуйидаги ҳолларда товарлар ва транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилмасликка ҳақли:

божхона ва транспорт ҳужжатлари белгиланган тартибни бузган ҳолда расмийлаштирилган бўлса;

божхона томонидан транспорт воситасига ва товарлар жойланган ўров-идишларга қўйилган таъминлов чоралари ташилаётган товарларга ана шу таъминлов чораларини бузмасдан тегиш имкониятини истисно этмаса.

Товарлар, транспорт воситалари ва уларга оид ҳужжатларни ташиш учун қабул қилиб олган ташувчи:

уларни жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган манзилга, йўналишда ва муддатда, табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларидаги камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, уларнинг ўров-идишлари ёки ҳолатини ўзгартирмасдан, элтиб беришдан бошқа мақсадда фойдаланмасдан етказиб бериши;

товарлар, транспорт воситалари ва уларга оид ҳужжатларни юк келиб тушадиган божхона органида кўрсатиши, бу орган мансабдор шахсларининг талабига биноан эса-товарлар ва транспорт воситаларини амалда тақдим этиши;

божхона назорати остида турган товарлар билан бир вақтда бошқа товарларни ташимаслиги шарт.

Юк элтиб бериладиган жойига етиб келганидан кейин ташувчи божхона органининг рухсатисиз товарлар ва транспорт воситасини тўхташ жойида қаровсиз қолдириш, тўхташ жойини ўзгартириш, йўловчиларни тушириш,товарлар билан бирон-бир ортиш-тушириш ва ўраш-жойлаш операцияларини ўтказиш, қиёслаш воситаларини ўзгартириш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Агар ташувчи, йўловчиларнинг ва транспорт воситаси экипажининг ҳаёти ҳамда соғлиғи чинакам хавф остида қолганлигини, товарлар ва транспорт воситасининг йўқ қилиниши, қайтариб бўлмайдиган тарзда қўлдан кетиши ёки жиддий бузилиши хавфи мавжуд бўлганлигини исботласа, ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларидаги талабларни бузганлик учун жавобгарлик юзага келмайди. Кўрсатилган талаблар бузилишига сабаб бўлган ҳолатлар тўғрисида ташувчи дарҳол божхона органини хабардор қилиши шарт.

Агар ташувчи ёхуд унинг транспорт воситаси ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилишини кафолатлай олмаса, божхона органи транспорт воситаси фақат тегишлича жиҳозланган ёки божхона кузатувига олинган ёхуд божхона тўловлари тўланишини таъминловчи гаров суммалари киритилган ёки товарлар божхона ташувчиси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташилган тақдирдагина товарларнинг божхона назорати остида олиб ўтилишига йўл қўйишга ҳақли.

Айрим тоифадаги товарларни ташувчилар учун қонун ҳужжатларида бошқача талаблар белгиланиши мумкин.



62-модда. Ташувчининг жавобгарлиги


Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситаларининг бут сақланиши учун ташувчи жавобгар бўлади.

Товарлар божхона органининг рухсатисиз бериб юборилган, йўқотилган ёки юк келиб тушадиган божхона органига элтиб берилмаган тақдирда, ташувчи, тегишли равишда эркин муомалага ёки экспортга чиқариш режимларида тўланиши лозим бўлган бож тўловларини тўлаши шарт, товарлар ҳалокат ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ бўлган ёхуд қайтариб бўлмайдиган тарзда қўлдан кетган, ёхуд камомад табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитида камайиш туфайли юзага келган ёхуд органлар ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари натижасида эгаликдан чиқиб кетган ҳоллар бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўй берган бундай ҳоллар Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.



63-модда. Фалокат юз берган ёки енгиб бўлмас

куч таъсир этган тақдирда кўриладиган чора-тадбирлар


Фалокат юз берган ёки енгиб бўлмас куч таъсир этган тақдирда ташилаётган товарлар транспорт воситасидан туширилиши мумкин. Бу ҳолда ташувчи товарларнинг бут сақланишини таъминлаш ва улардан бирон-бир тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўриши, ишнинг ҳолатларини, товарлар ва транспорт воситаларининг қаерда эканлигини энг яқин божхона органига дарҳол хабар қилиши, товарларнинг энг яқин божхона органига ташиб келтирилишини ёки божхона органининг мансабдор шахслари товарлар турган жойга олиб келинишини таъминлаши шарт.

Божхона органи бундай ҳолларда божхона назоратини таъминлаш учун кўриладиган чора-тадбирларни белгилайди.

Ушбу моддада назарда тутилган чора-тадбирлар кўрилиши муносабати билан ташувчининг қилган харажатлари божхона органи томонидан қопланмайди.

Ушбу модда қоидалари ушбу Кодекс 84-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган денгиз, дарё ёки ҳаво кемалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ноилож тўхташ ёки қўнишга мажбур бўлган ҳолларда ҳам қўлланилади.



64-модда. Божхона ташувчиси

Божхона ташувчиси товарлар ташишни божхона кузатувини қўлламаган ва божхона тўловлари тўланишини таъминловчи гаров суммаларини киритмаган ҳолда божхона назорати остида амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсидир.

Божхона ташувчиси ушбу Кодекс асосида ташувчига нисбатан қўйиладиган талабларга риоя этиши, шунингдек:

божхона ташувчисини рўйхатга олган божхона органининг фаолият зонасидаги божхона расмийлаштируви жойига жуда бўлмаганда битта транспорт воситаси 24 соат ичида етиб келишини таъминлай оладиган зарур миқдордаги махсус жиҳозланган транспорт воситаларига эга бўлиши;

ушбу Кодекс 62-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ҳақида шартнома тузиши;

божхона назорати остида ташишларнинг ҳисобини юритиши шарт.

Божхона ташувчисининг товарларни жўнатувчи билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади.

Юридик шахсларнинг божхона ташувчиси сифатидаги фаолияти устидан назорат олиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


6-БОБ. АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ БОЖХОНА

ОРГАНЛАРИГА ЮКЛАТИЛГАН ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ РУХСАТНОМАЛАР


65-модда. Божхона органининг лицензияси

Божхона органи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсларига божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омборни таъсис этиш учун беш йил муддатга лицензия беради.

Агар божхона омбори божхона органлари томонидан таъсис этилса, лицензия олиш талаб қилинмайди.

Божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омборни таъсис этиш учун берилган лицензия божхона органи ёки суд томонидан бекор қилиниши, унинг амал қилиши эса тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши мумкин.

Божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омборни таъсис этиш учун лицензия бериш, уни қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш, шунингдек лицензияни бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 






69-модда. Лицензияни бекор қилиш

Агар лицензия белгиланган тартибни бузган ҳолда ёки лицензия тўлиқ бўлмаган ёхуд нотўғри маълумотлар асосида берилган бўлиб, улар лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бўлса, лицензия суд томонидан, бошқа ҳолларда эса божхона органи қарори асосида бекор қилинади. Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Божхона органининг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва божхона органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия божхона органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.



70-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда у тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда эса, қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;

якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

якка тартибдаги тадбиркорнинг муомала лаёқати белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

лицензиат лицензия талаблари ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни суд ёки божхона органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

божхона органининг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг ғайриқонунийлиги аниқланганда;

лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда суд қарорига, бошқа ҳолларда эса, божхона органининг қарорига биноан амалга оширилади.

Божхона органининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва божхона органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия божхона органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Лицензиянинг амал қилиши унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

Божхона органининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензия амал қилишининг тугатилиши суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, божхона органи лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.


71-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда;

божхона органининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини лицензиат зиммасига юкловчи қарорлари лицензиат томонидан бажарилмаганда.

Лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш суд қарорига, лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳолларида эса, божхона органи қарорига биноан амалга оширилади.

Божхона органининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва божхона органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Божхона органи ёки суд лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун муддат белгилаши шарт. Бунда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун суд қарорида белгиланган муддат олти ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган божхона органи ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида ўн кун муддат ичида қарор қабул қилиши шарт.


72-модда. Қайтадан лицензия бериш


Лицензия бериш тўғрисидаги такрорий ариза лицензияни бекор қилиш ёки лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан икки йил ўтганидан кейин бунинг учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда кўриб чиқилиши мумкин.


73-модда. Божхона расмийлаштируви

бўйича мутахассиснинг малака аттестати

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати беш йилга берилади.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати божхона органи томонидан бекор қилиниши ёки унинг амал қилиши тўхтатиб турилиши ёхуд тугатилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати, агар бундай аттестат белгиланган тартибни бузган ҳолда берилган бўлса ёки аттестат уни бериш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этган, бироқ тўлиқ бўлмаган ёхуд нотўғри маълумотлар асосида берилган бўлса, бекор қилинади. Бекор қилиш тўғрисидаги қарор малака аттестати берилган санадан эътиборан амал қилади.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши божхона органи томонидан:

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга нисбатан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисида қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда олти ойгача бўлган муддатга;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ўз мажбуриятларини инсоф билан бажарганлигига шубҳа қилиш учун етарли асослар бўлган тақдирда икки ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши қуйидаги ҳолларда ҳам тўхтатиб турилади:

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис сифатида фойдаланиш учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис билан меҳнат шартномаси тузган божхона брокери томонидан божхона брокери сифатида фаолият юритиш шартларига риоя этилмаганда;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис билан меҳнат шартномаси тузган юридик шахс тугатилган ёки қайта ташкил этилганда.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда малака аттестатининг амал қилишини тўхтатиб турган божхона органи мазкур ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқ олинган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида аттестатнинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ўзининг малака аттестати амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

божхона органи томонидан белгиланган муддат ичида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилмаганда;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ушбу Кодекснинг 164, 167 ва 168-моддаларида жавобгарлик белгиланган божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бир неча бор бузганда;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182, 184 ва 246-моддаларида назарда тутилган қоидаларни бузганлик учун жавобгарликка тортилганда;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилиши муддати тугаганда.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бундай аттестатнинг амал қилиши тугатилади.

Суднинг қарорига биноан ҳам божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати бекор қилиниши ёки унинг амал қилиши тугатилиши мумкин.

Малака аттестати бериш тўғрисидаги такрорий ариза малака аттестати бекор қилинган, унинг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин, бунинг учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ёки суд белгилаган муддат ўтганидан кейин кўриб чиқилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, аттестатни бекор қилиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.   



IV БЎЛИМ. БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ


7-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


75-модда. Божхона расмийлаштирувини

амалга ошириш жойи ва вақти


Божхона расмийлаштируви божхона органи фаолият кўрсатадиган зонадаги шу мақсад учун ажратилган, товарларни жўнатувчи ёки олувчи ёхуд уларнинг таркибий бўлинмаси жойлашган ерларда божхона органининг иш вақтида амалга оширилади.

Манфаатдор шахснинг ёзма илтимосномасига биноан унинг ҳисобидан ва божхона органининг розилиги билан божхона расмийлаштируви бошқа жойларда ва божхона органининг иш вақтидан ташқари вақтда амалга оширилиши мумкин.

Божхона органлари жойлашган ерларда эмас, бевосита ўз ҳудудларида ёки биноларида божхона расмийлаштирувини ўтказишдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар бу органларга хизмат ва маиший биноларини, ускуналар ҳамда алоқа воситаларини бепул бериб қўядилар.



76-модда. Божхона расмийлаштируви муддати

Товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви божхона декларацияси қабул қилинган ҳамда барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида божхона органи томонидан амалга оширилади. Мазкур муддат бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва транспорт воситалари назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.



77-модда. Божхона расмийлаштируви

вақтида ваколатли шахсларнинг ҳозир бўлиши


Божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим бўлган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар божхона расмийлаштируви вақтида иштирок этишга ҳақлидир, божхона органи мансабдор шахсларининг талабига биноан эса, божхона расмийлаштируви вақтида ҳозир бўлишлари ва расмийлаштиришни амалга оширишда уларга зарур ёрдам кўрсатишлари шарт.


78-модда. Товарлар ва транспорт воситалари билан божхона

расмийлаштируви учун зарур бўлган операцияларни ўтказиш


Божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтувчи шахс, ташувчи, омбор эгаси ёки товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган бошқа шахс божхона органининг талабига биноан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим бўлган товарларни транспортда ташиш, тортишни ёки уларнинг миқдорини бошқача тарзда аниқлашни, ортиш, тушириш, қайта ортиш, бузилган ўровларни тузатиш, ўровларни очиш, товарлар ва транспорт воситаларини ўраш ёки қайта ўрашни, шунингдек бундай товарлар ва транспорт воситалари туриши мумкин бўлган бинолар, идишлар ва бошқа жойларни очишни ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт.

Агар товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона расмийлаштируви тугалланмаган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган операциялар божхона органининг рухсати билан амалга оширилади.



79-модда. Божхона расмийлаштирувини

ўтказиш учун намуналар ва нусхалар олиш


Божхона расмийлаштирувини ўтказиш учун божхона органлари, уларнинг рухсати билан эса товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ва давлат назоратини амалга оширувчи бошқа органлар божхона назорати остида турган товарлардан уларни текшириш (экспертиза қилиш) учун намуналар ва нусхалар олишга ҳақлидирлар.

Товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар намуналар ва нусхалар олиш вақтида ҳозир бўладилар ва божхона органларининг мансабдор шахсларига ёрдам кўрсатадилар, шунингдек намуналар ва нусхаларни текшириш натижалари билан танишадилар.

Товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахснинг ташаббуси билан божхона органлари томонидан товарлардан намуналар ва нусхалар олиш, шунингдек намуналар ва нусхаларни текшириш натижасида юзага келган харажатларни ана шу шахс тўлайди.

Намуналар ва нусхалар олиш тартиби, уларни текшириш ва тасарруф этиш муддатлари, шунингдек тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


80-модда. Божхона расмийлаштируви ва давлатнинг

бошқа органлари назорати


Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ветеринария, фитосанитария, экология назорати ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат назоратининг бошқа турлари амалга оширилганидан кейин тугайди.


81-модда. Божхона расмийлаштирувининг

соддалаштирилган тартиби


Табиий офатлар, фалокатлар, ҳалокатлар юз берганда зарур бўладиган товарларни, тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот учун зарур хабарлар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг олий органлари номига юборилаётган товарларни, шунингдек инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилаётган товарларни ва бошқа шунга ўхшаш товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтишда уларнинг божхона расмийлаштируви соддалаштирилган тартибда ва биринчи ўринда амалга оширилади.

Эркин божхона зоналари ва эркин омборларга олиб кирилаётган, шунингдек уларнинг ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши мумкин.

Божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартибини қўлланиш шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.


82-модда. Божхона расмийлаштируви тугалланмаган

товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш

ҳамда уларни тасарруф этиш


Божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланишга ҳамда уларни тасарруф этишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



8-БОБ. ДАСТЛАБКИ ОПЕРАЦИЯЛАР


83-модда. Божхона расмийлаштируви

бошланишидан олдинги ҳаракатлар


Божхона расмийлаштируви бошлангунга ва товарлар ҳамда транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунга қадар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда дастлабки операциялар ўтказилади.


84-модда. Божхона чегарасини кесиб ўтиш тўғрисида ёки товарлар

ва транспорт воситаларини божхона ҳудудидан ташқарига олиб

чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини хабардор қилиш


Божхона ҳудудига товарлар ва транспорт воситаларини олиб киришда, шу жумладан эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудидан товарлар ва транспорт воситаларини олиб киришда ташувчи божхона чегарасини кесиб ўтиш тўғрисида божхона органини хабардор қилади.

Товарлар ва транспорт воситалари божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилаётганда товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахс бу товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини олдиндан хабардор қилади. Божхона органи хабарномани қайд этади ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун товарлар ҳамда транспорт воситалари келтирилиши лозим бўлган вақт ва жойни тайин қилади. Агар товарларни олиб ўтувчи шахс ушбу хабарни етказмаса, бу вазифа ташувчи зиммасига юклатилади.

Ушбу модданинг талаблари Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида жойлашган порт ёки аэропортда тўхтамай божхона ҳудудини кесиб ўтадиган денгиз, дарё ва ҳаво кемаларига нисбатан қўлланилмайди.



85-модда. Товарлар,транспорт воситалари ва уларга тегишли

ҳужжатларни божхона органи белгилайдиган жойга келтириш


84-моддада назарда тутилган хабарнома берилганидан кейин ташувчи ушбу Кодекснинг талабларига риоя этган ҳолда товарлар, транспорт воситалари ва уларга тегишли ҳужжатларни божхона органи белгилаган жойга етказиб келтириши ва келганидан кейин шу жойда туриши шарт.



86-модда. Етиб келганлик тўғрисида хабар бериш ҳамда товарлар

ва транспорт воситаларини етказиб келтирилган жойда кўрсатиш


Товарлар ва транспорт воситалари етказиб келтирилган жойда божхона органига кўрсатилади, уларга тегишли ҳужжатлар эса, топширилади. Кўрсатиш товарлар ва транспорт воситалари келтирилганидан кейин кечи билан 30 минут ичида, товарлар ва транспорт воситалари божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтда етказиб келтирилган тақдирда, божхона органининг иш вақти бошланганидан кейин кўпи билан 30 минут ичида улар келтирилганлиги ҳақида хабар қилишдан иборатдир.

Божхона органининг талабига биноан кўрсатилган товарлар ва транспорт воситалари амалда ана шу органга тақдим этилади.

Товарлар кўрсатилганидан кейин товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар товарларни божхона режимига жойлаштириш мақсадида божхона органининг рухсати билан улардан намуналар ва нусхалар олишлари мумкин.

Тайин қилинган жойга божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтда келтирилган товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати зонасида жойлаштирилади.

Ушбу модданинг талабларида назарда тутилган ҳаракатлар ёки ҳолатлар оқибатида вужудга келган харажатлар ташувчининг ўз ҳисобига ёзилади ва божхона органлари томонидан қопланмайди.



87-модда. Қисқа декларация


Товарлар ва транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунига қадар қисқа декларация қўлланилиши мумкин.

Божхона органининг рухсати билан қисқа декларация сифатида транспорт, тижорат ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлардан, шу жумладан халқаро ташишларни амалга ошириш чоғида қўлланиладиган, чет тилларда тузилган ҳужжатлардан фойдаланилиши мумкин.

Қисқа декларация ташувчи томонидан товарлар ва транспорт воситаларини кўрсатиш билан бир вақтда ёки божхона органининг рухсати билан товарлар ва транспорт воситалари кўрсатилганидан кейин йигирма тўрт соат ичида топширилади.

Агар товарлар кўрсатилган муддат ичида муайян божхона режимига жойлаштирилса, қисқа декларация топширилмайди.

Ташувчи томонидан қисқа декларация топшириш ваколати берилган шахс бўлмаса, капитан, ҳайдовчи ёки транспорт воситасини бошқарувчи бошқа шахс божхона органлари учун шундай шахс деб ҳисобланади.

Ташувчининг вакили қисқа декларацияни расмийлаштиришда божхона органларига ёрдам кўрсатиши шарт.

Қисқа декларациянинг шакли ва унда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларнинг рўйхати ва уни бериш тартиби божхона органлари томонидан белгиланади.



88-модда. Дастлабки операциялар пайтида

божхона органлари олдидаги жавобгарлик


Олиб кирилган товарлар ва транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунига қадар улар учун, шу жумладан бож тўловлари тўланиши учун божхона органлари олдида ташувчи жавобгар бўлади, ушбу Кодекс 84-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.



9-БОБ. ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


89-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини декларациялаш


Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилаётган ёки божхона режими ўзгартирилаётган товарлар ва транспорт воситалари, шунингдек бошқа товарлар ва транспорт воситалари учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда божхона органига декларация топширилиши лозим.


90-модда. Декларациялаш шакллари


Декларациялаш товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги, улар жойлаштириладиган божхона режимлари ҳақидаги аниқ маълумотларни, божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни белгиланган шаклда (ёзма, оғзаки, электрон) баён этиш орқали амалга оширилади.

Декларациялашнинг шакли ва тартиби, шунингдек божхона декларациясида кўрсатиладиган маълумотларнинг рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланади.


91-модда. Декларациялаш жойи


Товарлар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказилаётган божхона органига декларация топширилади.

Товарлар ташийдиган транспорт воситалари товарлар билан бир вақтда декларацияланади.

Юксиз транспорт воситалари ва йўловчилар ташиётган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида декларацияланади.

Денгиз, дарё ва ҳаво кемалари ўзи етиб келган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидаги порт ёки аэропортда ёхуд ўзи жўнаб кетган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидаги порт ёки аэропортда декларацияланади.



92-модда. Божхона декларациясини топшириш муддатлари


Божхона декларацияси божхона органлари томонидан белгиланган муддатларда топширилади. Бу муддатлар товарлар ва транспорт воситалари кўрсатилган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаслиги лозим.

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлардаги товарларни қўл юки ва багаж ҳолида божхона чегарасидан олиб ўтишда божхона декларацияси товарларни кўрсатиш билан бир вақтда топширилади.

Божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганидан кейин кўпи билан уч соат, божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситалари эса Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтишига кўпи билан уч соат қолганида декларацияланади.

Ушбу моддада кўрсатилган муддатлар божхона органлари белгилайдиган тартибда ва шартларда узайтирилиши мумкин.



93-модда. Божхона декларациясини қабул қилиш


Божхона органи божхона декларациясини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.



94-модда. Божхона расмийлаштируви учун

зарур бўлган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотлар


Божхона декларациясини тақдим этиш билан бир вақтда божхона органига бошқа зарур ҳужжатлар ҳам топширилади. Божхона органи божхона декларацияси ва тақдим этилган ҳужжатларда баён этилган маълумотларни текшириш учун қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақли. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотлар рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланади.

Божхона органи етишмаётган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш муддатларини белгилашга ҳақли.

Божхона органига халқаро ташишларда қўлланиладиган чет тилларда тузилган ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.


95-модда. Божхона декларациясини

ўзгартириш, тўлдириш ва қайтариб олиш


Божхона декларациясида кўрсатилган маълумотлар декларант томонидан ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши, топширилган божхона декларацияси эса қайтариб олиниши мумкин.

Ўзгартириш, тўлдириш ёки қайтариб олиш фақатгина:

божхона декларациясини текшириш бошлангунига қадар;

товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш бошлангунига қадар;

кўрсатилган маълумотларнинг нотўғри эканлиги божхона органи томонидан аниқлангунига қадар амалга оширилиши мумкин.

Божхона декларациясини ўзгартириш ёки тўлдириш унинг амал қилиш доирасини кенгайтириши ёки торайтириши мумкин эмас.

Божхона органларининг мансабдор шахслари ўз ташаббуси билан, шахснинг топшириғи ёки илтимосига биноан ёзма божхона декларациясини тўлдиришга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни ўзгартириш ёки тўлдиришга ҳақли эмас, божхона органларининг ваколатига киритилган маълумотларни божхона декларациясига киритиш ҳоллари, шунингдек агар машинада ишлов бериш учун фойдаланиладиган кодли маълумотлар божхона декларациясида кодсиз кўринишда мавжуд бўлса, кодли маълумотларни ўзгартириш ёки тўлдириш бундан мустасно.



96-модда. Муваққат ва тўлиқ бўлмаган божхона декларацияси

Агар декларант алоҳида сабаблар туфайли батафсил божхона декларациясини тақдим эта олмаса, божхона органи қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда муваққат ёки тўлиқ бўлмаган божхона декларациясини тақдим этиш учун рухсат беришга ҳақли, бунда муваққат ёки тўлиқ бўлмаган божхона декларациясида божхона мақсадлари учун зарур бўлган асосий маълумотлар баён этилиши ва етишмаётган маълумотлар божхона органи белгилайдиган муддатларда тақдим этилиши шарт қилиб қўйилади.

96-1-модда. Дастлабки декларациялаш

Товарларни дастлабки декларациялаш уларни божхона ҳудудига етиб келгунига қадар декларациялаш бўлиб, у декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин.

Агар божхона мақсадлари учун товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилиши керак бўлса, дастлабки божхона декларациясига ушбу ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади ва зарурат бўлганда, божхона органи товарлар божхона ҳудудига етиб келганидан кейин кўчирма нусхаларда кўрсатилган маълумотларни ҳужжатларнинг аслидаги маълумотлар билан таққослайди.

Товарлар божхона ҳудудига етиб келгунига қадар уларни текшириш тугатилганидан ва ҳисобланган божхона тўловлари тўланганидан кейин, дастлабки божхона декларациясидан божхона операциялари товарларига қўллаш учун зарур бўлган ягона ҳужжат сифатида фойдаланилади, бундан декларация божхона расмийлаштируви учун барча зарур маълумотларни ўз ичига олмаган ва (ёки) ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ҳоллар мустасно.

Дастлабки божхона декларацияси, агар ушбу декларацияда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона органига декларация қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида тақдим этилмаса, у топширилмаган деб ҳисобланади.



97-модда. Даврий божхона декларацияси


Айни бир шахс томонидан айни бир хил товарлар ва транспорт воситалари мунтазам равишда олиб ўтилса, божхона органи муайян давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар ва транспорт воситаларига битта божхона декларацияси берилишига рухсат этиши мумкин.

Даврий божхона декларациясини топшириш ҳоллари ва тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



98-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини

декларациялашнинг соддалаштирилган тартиби


Божхона органлари товарлар ва транспорт воситаларини декларациялашнинг соддалаштирилган тартибини белгилаб қўйишга ҳақли.



99-модда. Декларант


Товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахс ёки божхона брокери декларант бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахси декларант бўлиши мумкин, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадларида товарлар олиб ўтиш ҳоллари ва божхона органлари белгилайдиган бошқа ҳоллар бундан мустасно.

Декларант, у божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтувчи шахс ёки божхона брокери бўлишидан қатъи назар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча вазифаларни бажаради ва тўлиқ жавобгар бўлади.


100-модда. Декларантнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Декларант божхона декларациясини топширгунга қадар божхона назорати остида товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, божхона органининг рухсати билан намуналар ва нусхалар олишга ҳақли. Агар товарларга доир божхона декларациясида ҳисобга олинган бўлса, намуналар ва нусхалар олинганида улар ҳақида алоҳида божхона декларацияси тақдим этилмайди.

Товарлар ва транспорт воситаларини декларациялаш чоғида декларант:

ушбу Кодексда назарда тутилган тартибга мувофиқ товарлар ва транспорт воситаларини декларациялашга ва божхона органига божхона декларациясини топширишга;

божхона органининг талабига биноан декларацияланаётган товарлар ва транспорт воситаларини кўрсатишга;

божхона органига божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни тақдим этишга;

божхона тўловларини тўлашга; божхона органларига божхона расмийлаштирувини амалга оширишда ёрдам беришга мажбурдир.

Қонун ҳужжатларида декларантнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.



101-модда. Божхона брокери

Божхона брокери ўзини вакил қилган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига биноан божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни ўз номидан ўтказувчи ҳамда божхона иши соҳасида бошқа воситачилик вазифаларини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсидир.

Божхона брокери билан уни вакил қилган шахснинг ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади.

Божхона брокерининг божхона органлари олдидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари уни вакил қилган шахс билан тузилган шартномада чеклаб қўйилиши мумкин эмас.

Юридик шахс божхона брокери сифатида фаолият олиб бориш учун:

ходимлар штатида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга эга бўлиши;

ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ҳақида шартнома тузиши шарт.

Юридик шахсларнинг божхона брокери сифатидаги фаолияти устидан назорат олиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


102-модда. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис


Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис божхона органи томонидан берилган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати бўлган, Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси-декларант билан меҳнат шартномаси тузган ва шу декларант номидан божхона расмийлаштируви бўйича ҳаракатларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахсидир.

Декларант божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг божхона органлари олдидаги мажбуриятларини чеклаб қўйиши мумкин эмас.


V БЎЛИМ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ


10-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


103-модда. Божхона тўловларининг турлари


Товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда қуйидаги божхона тўловлари тўланади:

бож;

қўшилган қиймат солиғи;

акциз солиғи;

божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан ва божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимидан фойдаланиш билан боғлиқ рухсатномаларни берганлик учун йиғимлар;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини берганлик, бундай аттестатни қайта расмийлаштирганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун йиғимлар;

божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими;

товарларни сақлаганлик учун божхона йиғими;

товарларни божхона кузатувига олганлик учун божхона йиғими;

дастлабки қарорни қабул қилганлик учун ҳақ.

Қонун ҳужжатларида бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.


104-модда. Бож, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи


Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бож, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинади.

Товарлар қайтариб олиб чиқилган тақдирда илгари тўланган бож, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи суммалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши лозим.


105-модда. Божхона йиғимлари


Қуйидаги ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган миқдорларда божхона йиғимлари ундирилади:

товарлар ва транспорт воситаларини, шу жумладан кузатувчисиз багажда, халқаро почта жўнатмалари ва юкларда олиб ўтилаётган нотижорат мақсадларидаги товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун;

товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун;

товарлар ва транспорт воситаларини божхона органлари эгалигидаги божхона омборлари ва вақтинча сақлаш омборларида сақлаганлик учун;

товарларни божхона кузатувига олганлик учун.


11-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ

ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ


106-модда. Божхона тўловларини

ҳисоблаб чиқариш учун асослар


Товарлар ва транспорт воситаларининг қонун ҳужжатларида белгиланадиган божхона қиймати божни, акциз солиғини ва тегишли бож йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати асос бўлиб, унга тўланиши лозим бўлган бож, акцизга тортиладиган товар бўйича эса, акциз солиғининг суммаси ҳам қўшилади.



107-модда. Божхона тўловларини тўловчилар


Божхона тўловлари декларант томонидан тўланади. Ҳар қандай манфаатдор шахс, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тўловчининг ўрнига божхона тўловларини тўлашга ҳақли.



108-модда. Божхона тўловларини тўлаш муддатлари


Божхона тўловлари божхона декларацияси қабул қилингунга қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда тўланади. Товарлар нотижорат мақсадлари учун олиб ўтилаётганда божхона тўловлари божхона декларациясини қабул қилиш билан бир вақтда тўланади.

Божхона тўловларини тўлаш муддатининг ўтиши божхона декларациясини топшириш муддати тугаганидан кейинги кундан бошланади.



109-модда. Божхона тўловларини тўлаш тартиби


Божхона тўловлари божхона органига, халқаро почта жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан эса, - алоқа корхоналарига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда тўланади.

Божхона тўловлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида тўланади.


110-модда. Божхона тўловларини тўлашни

кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш


Тўловчига божхона органининг қарорига асосан тўловларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, божхона тўловларининг тўланиши ушбу Кодекснинг 111-моддасида назарда тутилган тартибда таъминланган тақдирда, берилиши мумкин.

Божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаслиги лозим.

Кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда фоизлар ундирилади.

Ишлаб чиқарувчи корхоналарга экспорт маҳсулоти ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган импорт қилинаётган моддий-техника ресурслари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича уни тўлашни фоиз ундирилмаган холда тўқсон кунлик муддатга кечиктириш имконияти берилади.

Моддий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс мақомидаги деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган ускуналар, хом ашё ва моддий ресурслар учун божхона тўловлари тўлашни (божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари бундан мустасно) фоиз ундирилмаган ҳолда тўқсон кунлик муддатга кечиктириш имконияти берилади.

Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаётган шахсларга божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмайди.


111-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш


Божхона тўловларини тўлаш товарлар ва транспорт воситаларини гаровга қўйиш, учинчи шахснинг кафолати ёхуд тегишли суммаларни божхона органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш йўли билан таъминланади.

Гаровга кўювчи гаров шартномасига мувофиқ гаров нарсасини тасарруф этишга ҳақли.

Гаровга қўйилган товарлар ва транспорт воситалари, агар гаров шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчининг эгалигида қолади.

Гаровни расмийлаштириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминловчи омил сифатида банкнинг ёки Ўзбекистон Республикасида банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа молия-кредит муассасасининг кафолатидан фойдаланиш мумкин.

Товарлар эркин муомала ёки экспорт учун божхонанинг чиқариш режимларига мувофиқ чиқариладиган ҳолларда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг суммаси божхона органининг депозит ҳисобварағига ўтказилади. Суммалар депозит ҳисобварағида сақланган вақт учун фоизлар қўшилмайди. Тегишли суммаларни депозит ҳисобварағига ўтказиш ва уларни қайтариш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


112-модда. Божхона тўловларини

ундириш ва жавобгарлик чоралари


Ушбу Кодексга мувофиқ тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилади, товарларни нотижорат мақсадларида олиб ўтадиган жисмоний шахслардан ундириладиган тўловлар бундан мустасно бўлиб, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

Божхона тўловларини қўшиб ҳисоблаш товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида амалга оширилиши мумкин. Бунда юридик шахслар божхона органига хабарнома юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари суммаларини, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли.

Қарздорлик вақти учун ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун боқимонда суммасининг 0,033 фоизи миқдорида сўзсиз тартибда пеня ундирилади. Тадбиркорлик субъекти томонидан ортиқча тўланган суммаларга тенг бўлган қарздорлик суммасига пеня ҳисоблаб чиқарилмайди. Пеня миқдори тадбиркорлик субъектининг божхона тўловлари бўйича қарздорлик суммасидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган ёки тўловчида пул маблағлари бўлмаган тақдирда ундирув қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



113-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган

божхона тўловларини қайтариш


Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари бундай тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан бир йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозим.

Божхона режимларига мувофиқ қайтарилиши керак бўлган божхона тўловлари божхона режимлари билан белгиланган муддатларда қайтарилиши лозим.

Божхона тўловлари қайтарилганда улар учун фоизлар тўланмайди.


VI БЎЛИМ. ДАСТЛАБКИ ҚАРОРЛАР


114-модда. Дастлабки қарорни қабул қилиш


Божхона органлари товарларнинг таснифи, уларнинг божхона қиймати ва қайси мамлакатда тайёрлангани, божхона тўловлари миқдори ва божхона ишининг бошқа масалалари юзасидан дастлабки тарзда қарор қабул қилиши мумкин. Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун уни сўраётган шахсдан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ҳақ ундирилади. Дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Дастлабки қарор божхона органлари учун мажбурий бўлиб, қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади.



115-модда. Дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида сўров


Дастлабки қарорнинг қабул қилинишидан манфаатдор бўлган шахс божхона органларига ёзма сўров юборади.

Сўровда дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотлар бўлиши керак. Сўровга товарларнинг намуналари ва нусхалари, уларнинг тавсифи, фотосуратлари, расмлари, чизмалари, тижорат ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар, сўралаётган дастлабки қарор хусусиятига қараб бошқа ҳар қандай зарур маълумотлар илова қилиниши лозим.

Агар дастлабки қарорни қабул қилишнинг иложи бўлмаса, сўров рад этилади.


116-модда. Дастлабки қарорни бекор қилиш,

ўзгартириш ёки чақириб олиш


Божхона органлари ўзлари қабул қилган дастлабки қарорни бекор қилиши, ўзгартириши ёки чақириб олиши мумкин.

Агар дастлабки қарор аризачи томонидан тақдим этилган чала ёки нотўғри ахборот асосида қабул қилинган бўлса, шунингдек дастлабки қарорга дахлдор бўлган қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган тақдирда, дастлабки қарор бекор қилинади ёки ўзгартирилади.

Дастлабки қарорнинг шартларига риоя этилмаган тақдирда у чақириб олиниши мумкин.

Дастлабки қарорни бекор қилиш, чақириб олиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Дастлабки қарор бекор қилинган, чақириб олинган ёки ўзгартирилган тақдирда уни қабул қилганлик учун олинган ҳақ қайтарилмайди.


VII БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАРНИНГ

АЙРИМ ТОИФАЛАРИ УЧУН БОЖ ИМТИЁЗЛАРИ


12-БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТЛАРНИНГ ВАКОЛАТХОНАЛАРИ

ВА УЛАРНИНГ ХОДИМЛАРИ УЧУН БОЖ ИМТИЁЗЛАРИ


117-модда. Чет давлатларнинг дипломатия

ваколатхоналари учун бож имтиёзлари


Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги дипломатия ваколатхоналари божхона чегарасидан олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя этган тақдирда ваколатхоналар ва муассасаларнинг расмий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни божхона тўловларидан озод этилган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун олинадиган тўловлар бундан мустасно.


118-модда. Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг

дипломатия агенти учун бож имтиёзлари


Дипломатия ваколатхонасининг дипломатия агентлари (дипломатия жамоасининг бошлиги ва аъзолари), шунингдек улар билан бирга яшайдиган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган оила аъзолари ўзларининг шахсий фойдаланишига мўлжалланган товарларни, шу жумладан рўзғорни бир қадар бутлаб олишга керакли товарларни божхона чегарасидан божхона тўловларидан озод этилган ҳолда олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилиб Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун олинадиган тўловлар бундан мустасно.

Кўрсатилган шахсларнинг шахсий юки унда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланмаган товарлар ёки олиб кириш ва олиб чиқиш қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларда тақиқланган ёхуд карантин ва бошқа махсус қоидалар билан тартибга солинадиган товарлар бор деб тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона кўригидан ўтказишдан озод қилинмайди. Бундай текширув фақат дипломатия агенти ёки унинг ваколатли вакили иштирокида ўтказилади.


119-модда. Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг

маъмурий-техник ходимлари учун бож имтиёзлари


Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ходимлари ва уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмасалар ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамасалар, рўзғорни бир қадар бутлаб олишга керакли товарларни божхона тўловларидан озод қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун олинадиган тўловлар бундан мустасно.


120-модда. Дипломатия агентларига бериладиган бож имтиёзларини

чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ва

хизмат кўрсатувчи ходимларига татбиқ этиш


Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган оила аъзоларига ушбу Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ дипломатия агентларига бериладиган божхона имтиёзлари ҳар бир чет давлат билан тузилган махсус битим асосида ва улар билан муносабатлардаги ҳамжиҳатлик принципидан келиб чиқиб, татбиқ этилиши мумкин.


121-модда. Чет давлатларнинг консуллик муассасалари ва уларнинг

жамоа аъзолари учун бож имтиёзлари


Чет давлатнинг консуллик муассасаларига ва консуллик муассасаларининг мансабдор шахсларига, шунингдек уларнинг оила аъзоларига чет давлатнинг дипломатия ваколатхоналари ва дипломатия ваколатхоналарининг дипломатия агентлари учун ушбу бобда назарда тутилган бож имтиёзлари берилади.

Чет давлат консуллик муассасасининг бошқа ходимларига (консуллик хизматчилари, хизмат кўрсатувчи ходимларга), шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган оила аъзоларига ҳар бир чет давлат билан тузилган махсус битим асосида ва улар билан муносабатлардаги ҳамжиҳатлик принципидан келиб чиқиб, чет давлат дипломатия ваколатхонасининг тегишли ходимларига (маъмурий-техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи жамоа аъзоларига) бериладиган бож имтиёзлари татбиқ этилиши мумкин.


122-модда. Чет давлатларнинг дипломатия почтаси ва консуллик

почта қопларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш


Дипломатия почтаси ва консуллик почта қопларидан иборат юк доналари яққол кўзга ташланадиган ташқи белгиларга эга бўлиб, ушбу юк доналарининг хусусиятини акс эттирмоғи лозим.

Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган дипломатия почтаси ва консуллик почта қоплари очилиши ҳам, ушлаб турилиши ҳам мумкин эмас. Консуллик почта қопида ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилмаган нарсалар бор деб гумон қилиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси божхона органининг мансабдор шахслари иштирокида тегишли чет давлатнинг ваколатли шахсларидан консуллик почта қопини очишни божхона органи талаб қилишга ҳақли. Почта қопини очишдан бош тортилган тақдирда консуллик почта қопи жўнатилган жойига қайтариб юборилади.

Дипломатия почтасида фақат дипломатия ҳужжатлари ва расмий фойдаланиш учун мўлжалланган товарлар, консуллик почта қопида эса фақат расмий хат-хабарлар ва фақат расмий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар ёки товарлар бўлиши лозим.


13-БОБ. ЧЕТ ЭЛЛИК БОШҚА ШАХСЛАР

УЧУН БОЖ ИМТИЁЗЛАРИ


123-модда. Чет давлатларнинг дипломатия ва

консуллик курьерлари учун бож имтиёзлари


Чет давлатларнинг дипломатия ва консуллик курьерлари ўзларининг шахсий фойдаланишлари учун мўлжалланган товарларни ўзаро келишув асосида божхона кўригидан ўтказишдан ва бож тўловларидан озод этилган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари ва ундан олиб чиқишлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун тўловлар бундан мустасно.


124 модда. Чет давлатлар вакиллари ва делегацияларининг

аъзолари учун бож имтиёзлари


Давлатлараро музокараларда, халқаро конференциялар ва кенгашларда қатнашиш учун ёки бошқа расмий топшириқлар билан Ўзбекистон Республикасига келаётган чет давлат вакилларига, парламент ва ҳукумат делегациялари аъзоларига, шунингдек ўзаро келишув асосида чет давлат делегацияларининг ходимларига чет давлат дипломатия ваколатхонасининг дипломатия агентлари учун ушбу бўлимда назарда тутилган бож имтиёзлари берилади. Худди шундай имтиёзлар кўрсатилган шахсларга ҳамроҳ бўлиб келган оила аъзоларига ҳам берилади.


125-модда. Божхона ҳудуди орқали транзит бўлиб ўтадиган дипломатия

агентлари, консуллик мансабдор шахслари, чет давлатларнинг

вакиллари ва делегация аъзолари учун бож имтиёзлари


Чет давлатнинг дипломатия агентларига ва консуллик мансабдор шахсларига, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу Кодекснинг 124-моддасида кўрсатилган шахсларга Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан транзит бўлиб ўтаётганда чет давлатлар дипломатия ваколатхоналарининг дипломатия агентлари учун назарда тутилган бож имтиёзлари берилади.



126-модда. Халқаро, ҳукуматлараро ва ҳукуматга қарашли бўлмаган

ташкилотлар, улар ҳузуридаги чет давлат ваколатхоналари,

шунингдек уларнинг ходимлари учун бож имтиёзлари


Халқаро, ҳукуматлараро ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, улар ҳузуридаги чет давлатлар ваколатхоналари, шунингдек ушбу ташкилотлар ҳамда ваколатхоналарнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун бож имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.



VIII БЎЛИМ. НАЗОРАТ ОСТИДА

ТОВАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ


127-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар

ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш


Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар халқаро ғайриқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш ҳамда бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида божхона органлари ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатларнинг божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари билан келишувга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида товар етказиб бериш усулидан фойдаланади, яъни ноқонуний муомалага киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўз назоратлари остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, божхона ҳудудидан олиб чиқилишига ёки божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтилишига йўл қўяди.

Назорат остида товар етказиб бериш усулини жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга ёки контрабанда ҳисобланувчи қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг воситаси бўлган ашёларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

Назорат остида товар етказиб бериш усулидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қабул қилинган қарордан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини хабардор қилади.



128-модда. Назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилганда

мусодара қилинган пул маблағлари ва мол-мулкни тасарруф этиш


Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатларнинг судлари томонидан очиш ва чек қўйиш пайтида назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича мусодара қилинган пул маблағлари, шунингдек бунда мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари мазкур усулни қўллашда иштирок этган давлатлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва чет давлатларнинг ваколатли идоралари ўртасидаги келишувга мувофиқ тақсимланади.



IX БЎЛИМ. БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


14-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


129-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши


Ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган божхона қоидаларига айбли ғайриҳуқуқий риоя этмаслик божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши деб ҳисобланади.



130-модда. Фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган фуқаролар ва мансабдор шахслар маъмурий жавобгар бўладилар, уларнинг қилмишларида жиноят аломатлари бўлган тақдирда эса, жиноий жавобгар бўладилар.


131-модда. Юридик шахсларнинг жавобгарлиги


Юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан ушбу Кодекснинг 161 - 169-моддаларида назарда тутилган қонунбузарликлар учун ушбу Кодекснинг 132-моддасида назарда тутилган жарималар (иқтисодий жазо чоралари) ва бошқа жазолар қўлланилади.

Юридик шахсларни жавобгарликка тортиш уларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини улар божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарликдан озод этмайди.

Юридик шахснинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини контрабанда учун ҳамда божхона иши соҳасида бошқа жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш юридик шахсни божхонага оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликдан озод этмайди.

Тадбиркорлик субъекти божхона тўловларини тўламаганлик натижасида содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини материаллар судга топширилган кундан эътиборан бир ой ичида ихтиёрий равишда қоплаган ва унинг оқибатларини бартараф этган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, тадбиркорлик субъекти унга нисбатан иқтисодий жазо чоралари қўлланилишидан озод қилинади.


132-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун бериладиган жазо турлари


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қуйидаги жазолар берилади:

1) жарима;

3) божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этиш қуроли ёки бевосита ашёси ҳисобланган товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган жазо асосий жазо сифатида қўлланилади, ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган жазо эса ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо сифатида қўлланилиши мумкин.

Товарлар ва транспорт воситаларининг қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқиладиган жарима миқдорини аниқлаш чоғида, бундай қиймат деб уларнинг ҳуқуқбузарлик аниқланган кундаги эркин (бозор) нархи тушунилади.

Юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахс божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бир неча бор бузган тақдирда, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида жарима солинади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами йигирма фоизидан ортиқ миқдордаги тўланмаган божхона тўловларини ва қўлланилган иқтисодий жазо чораларини ундириш унга ундириладиган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо берилиши жавобгарликка тортилаётган шахсларни бож тўловларини тўлаш ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа талабларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.



133-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жазо бериш муддатлари


Ушбу Кодекс 132-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган жазо божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги аниқланган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, лекин қонунбузарлик содир этилган, кундан эътиборан уч йилдан кечиктирмай, давлат бюджетига бож тўловлари тўланмаганлиги билан боғлиқ ишлар бўйича эса беш йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Ушбу Кодекс 132-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган жазо божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилган ёки бузилганлиги аниқланган вақтдан қатъи назар ва у асосий ёки қўшимча жазо бўлишидан қатъи назар берилаверади.



15-БОБ. БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

БУЗИШНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИ УЧУН ЮРИДИК

ШАХСЛАРНИНГ ВА ЮРИДИК ШАХС ТАШКИЛ

ЭТМАСДАН ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ

БИЛАН ШУҒУЛЛАНАЁТГАН

ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ




































161-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон

Республикасининг божхона чегараси орқали божхона

назоратини четлаб олиб ўтиш


Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали божхона назоратини четлаб, яъни божхона органлари томонидан белгиланган жойларни четлаб ёки божхона расмийлаштирувининг белгиланган вақтидан ташқари пайтда олиб ўтиш, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса -

товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиб, улар қийматининг юз фоизидан икки юз фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


162-модда. Ўзбекистон Республикасининг божхона

чегараси орқали  олиб ўтилаётган товарларни божхона

назоратидан яшириш


Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни божхона назоратидан яшириш, яъни хуфядонлардан ёки товарларни топишни қийинлаштирадиган бошқа усуллардан фойдаланиш ёхуд бир товарни бошқа товарга ўхшаш қилиб қўйиш, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса -

товарларни мусодара қилиб, улар қийматининг юз фоизидан икки юз фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


163-модда. Ҳужжатлардан ёки қиёслаш

воситаларидан алдов йўли билан фойдаланган ҳолда

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали

товарларни олиб ўтиш

Ҳужжатлардан ёки қиёслаш воситаларидан алдов йўли билан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, ушбу Кодекснинг 164 ва 167-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса -

товарларни мусодара қилиб, улар қийматининг юз фоизидан икки юз фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


164-модда. Товарларни декларацияламаслик

ёки уларни нотўғри декларациялаш

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки уларни нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун керакли бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги тўғри маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш, ушбу Кодекснинг 161-163 ва 167-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, агар жиноят аломатлари бўлмаса, -

товарларни мусодара қилиб, улар қийматининг эллик фоизидан юз фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нотўғри маълумотларни кўрсатиш, бу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори тўғрисида Ўзбекистон Республикаси божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаса, -

энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 



165-модда. Ўзбекистон Республикасининг божхона

ҳудудига божхона қоидаларини бузган ҳолда олиб кирилган

товарлар ва транспорт воситаларини ташиш, сақлаш,

сотиб олиш, улардан фойдаланиш ёки уларни

тасарруф этиш


Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига божхона назоратини четлаб ўтиб ёхуд божхона назоратидан яшириб, ёхуд ҳужжатлар ёки қиёслаш воситаларидан алдов йўли билан фойдаланиб олиб кирилган ёхуд декларацияланмаган ёки нотўғри декларацияланган товарлар ва транспорт воситаларини ташиш, сақлаш, сотиб олиш, ушбу товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки уларни тасарруф этиш, худди шунингдек бож тўловлари бўйича имтиёзлар берилган, бундай имтиёзлар берилишига сабаб бўлганидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ёхуд тасарруфдан чиқарилаётган товарлар ва транспорт воситаларини божхона органининг рухсатисиз ташиш, сақлаш ва сотиб олиш, -

товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиб, улар қийматининг эллик фоизидан юз фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


166-модда. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган,

шартли равишда чиқарилган товарлар ва транспорт

воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф

этиш тартибини бузиш


Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилган, шартли равишда чиқарилган товарлар ва транспорт воситаларидан имтиёзлар берилишига сабаб бўлганидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш, ушбу Кодекснинг 15-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, -

бож имтиёзлари берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммасининг эллик фоизидан юз эллик фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



167-модда. Божхона тўловларидан ғайриқонуний озод қилишга ёки

уларни камайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар


Божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатларда божхона тўловларидан озод қилиш ёки уларнинг миқдорини камайтириш учун асос бўладиган нотўғри маълумотларни кўрсатиш, ушбу Кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса -

тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасининг эллик фоизидан юз эллик фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


168-модда. Тўланган божхона тўловларини

қайтариб олиш, тўловлар ва бошқа ҳақларни олишга

қаратилган хатти-ҳаракатлар ёхуд етарли асосларсиз

уларни қайтармаслик


Тўланган божхона тўловларини қайтариб олиш, тўловларни ва бошқа ҳақларни олиш ҳуқуқини берадиган нотўғри маълумотлардан иборат ҳужжатларни божхона органига тақдим этиш ёки етарли асосларсиз уларни қайтармаслик ёхуд тўлиқ ҳажмда қайтармаслик, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса, -

талаб қилинган, олинган ёки қайтарилмаган божхона тўловлари, тўловлар ва бошқа ҳақлар суммасининг эллик фоизидан юз эллик фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


169-модда. Божхона тўловларини тўлаш муддатларини бузиш


Божхона тўловларини белгиланган муддатларда тўламаслик, агар жиноят аломатлари йўқ бўлса, -

тўланмаган божхона тўловлари суммасининг йигирма фоизидан эллик фоизигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.





X БЎЛИМ. БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ИШЛАРНИ ЮРИТИШ


16-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


173-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу Кодексга мувофиқ Кодексда тартибга солинмаган ҳолларда эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


174-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишни юритиш жойи


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни божхона органининг мансабдор шахси ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ёки юқори божхона органининг рухсати билан-ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда юритади.



175. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишларни юритиш муддатлари


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш у бошланган кундан эътиборан бир ой муддатдан кечикмай тугалланиши лозим.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш муддати зарур ҳолларда божхона органининг бошлиги томонидан юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тўрт ойгача узайтирилиши мумкин.



176-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш материалларини ошкор қилишга йўл

қўйилмаслиги


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш материалларида мавжуд бўлган маълумотлар иш кўриб чиқилгунга қадар ошкор қилинмайди.



177-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича баённомалар


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги факти бўйича ҳамда зарур ҳаракатларни содир этиш пайтида божхона органининг мансабдор шахси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шаклда баённомалар тузади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича баённомаларга тўпланган далиллар қўшиб қўйилади. Божхона органининг мансабдор шахси иш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узил-кесил ҳал этилгунга қадар далилларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.


17-БОБ. БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШНИНГ

ЮРИТИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


178-модда. Товарлар, транспорт воситалари,

ҳужжатлар ва бошқа буюмларни олиб қўйиш


Божхона назорати, кўздан кечируви пайтида топилган ҳуқуқбузарлик қуроли ёки бевосита буюми бўлган товарлар, транспорт воситалари, ҳужжатлар ва бошқа буюмлар божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан холислар ҳозирлигида олиб қўйилади.

Олиб қўйилган товарлар, транспорт воситалари, ҳужжатлар ва бошқа буюмлар иш кўриб чиқилгунга қадар божхона органлари белгилаган жойларда сақланади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда жарима ҳамда товарлар ва транспорт воситаларининг қиймати ундирилишини таъминлаш учун ҳуқуқбузардан, агар у Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаса ва юридик шахсдан - агар у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиал ёки ваколатхонага эга бўлмаса, товарлар ва транспорт воситалари, Ўзбекистон Республикаси валютаси ва валюта бойликлари олиб қўйилишига йўл қўйилади.

Товарлар, транспорт воситалари ва бошқа ашёларни олиб қўйишнинг имкони бўлмаган тақдирда улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш тақиқланади, уларнинг сақланиши эса қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда таъминланади.


179-модда. Олиб қўйилган товарлар, транспорт

воситалари ва бошқа буюмларни баҳолаш


Божхона органининг мансабдор шахси томонидан олиб қўйилган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни баҳолаш баҳоловчи ташкилот, қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим ҳолларда эса божхона органининг мансабдор шахси томонидан бозор қиймати бўйича амалга оширилади.

Пул, облигациялар, чеклар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар номинал қиймати бўйича ҳисобга олинади.



180-модда. Божхона текшируви


Божхона органининг мансабдор шахси божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида далилларни аниқлаш ва уларни қайд этиш, ишга аҳамияти бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш учун жойни, ҳудудларни, биноларни, транспорт воситаларини, ашёларни ва ҳужжатларни божхона текширувидан ўтказишга ҳақли.

Божхона томонидан кўздан кечириш ҳудуди, биноси, транспорт воситаси, ашёлари ва ҳужжатлари кўздан кечирилаётган шахс (унинг вакили), камида икки холис, зарур ҳолларда эса-мутахассислар иштирокида ўтказилади.

Божхона томонидан кўздан кечиришни ўтказишда иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади.


181-модда. Экспертиза


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш пайтида божхона органи мансабдор шахсининг қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертиза тайинланиши мумкин.


182-модда. Экспертиза ўтказиш учун намуналар ва нусхалар олиш


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритаётган божхона органининг мансабдор шахси қарор асосида ва холислар олдида, зарур ҳолларда эса мутахассислар иштирокида товарлар ва бошқа буюмлардан экспертиза ўтказиш учун зарур бўлган намуна ва нусхаларни, шунингдек имзонинг, ёзувнинг нусхаларини олишга ҳақли.



183-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этувчи шахслар


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритишда жавобгарликка тортилаётган шахсдан ташқари унинг вакили, адвокат, эксперт, мутахассис, таржимон, гувоҳ, холислар иштирок этиши мумкин.


184-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишни юритишда шахсларнинг иштирок

этишини истисно қилувчи ҳолатлар


Агар ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлсалар, божхона органининг мансабдор шахси божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиши, эксперт, мутахассис, таржимон, холис эса ишни юритишда иштирок этиши мумкин эмас. Бу ҳолда божхона органининг мансабдор шахси, эксперт, мутахассис, таржимон, холис ўзини ўзи рад этиши шарт, жавобгарликка тортилаётган шахс, унинг вакили ёки адвокат эса бу шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рад қилишлари мумкин.

Эксперт, мутахассис, таржимоннинг ўз касбига нолойиқлиги аён бўлиб қолса ҳам, улар рад қилиниши лозим.

Рад қилиш тўғрисида ариза бериш ишни юритишни тўхтатиб қўймайди.



185-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича чиқимлар


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича чиқимлар қуйидагилардан иборат бўлади:

гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холисларга тўланадиган суммалар;

текширув ва инвентаризация ўтказиш муносабати билан сарфланган суммалар;

далилларни сақлаш, ташиш (жўнатиш) ва текшириш учун сарфланган суммалар;

ишни юритиш ва кўриш муносабати билан божхона органи қилган бошқа харажатлар.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича чиқимлар жазо бериш тўғрисидаги қарор кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс зиммасига юкланади. Агар божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича бир нечта шахсга жазо берилган бўлса, ишни кўраётган божхона органининг мансабдор шахси уларнинг ҳар бири зиммасига юкланадиган чиқимлар миқдорини аниқлайди.

Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш билан боғлиқ чиқимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш тўхтатилган тақдирда, юзага келган чиқимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилиши лозим.



18-БОБ. БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


186-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги ишларнинг кўришга тааллуқлилиги


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишлар:

агар жазо чораси сифатида жарима, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда товарларни мусодара қилиш чораси қўлланилса, божхона органи томонидан кўрилади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўллаш суд тартибида амалга оширилади, уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлганлиги ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари бундан мустасно. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан товарларни мусодара қилиш чорасини қўллаш суд тартибида амалга оширилади;

агар асосий ёки қўшимча жазо чораси тариқасида товарларни ва транспорт воситаларини мусодара қилиш назарда тутилса, тегишли божхона органи жойлашган ердаги суд томонидан кўрилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни кўриш ва божхона органлари номидан жазоларни қўллашга божхона органларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳақлидир.

Юқори турувчи божхона органи божхона органларига тааллуқли ҳар қандай ишни ўзи кўриш учун қабул қилиб олишга ёки уни исталган қуйи божхона органларига топширишга ҳақлидир.



187-модда. Жавобгарликка тортилаётган шахснинг божхона

ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги

ишни кўришда иштирок этиши


Божхона органи божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортилаётган шахсни ишни кўриш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш, қоида тариқасида, жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокида кўрилади.

Жавобгарликка тортилаётган шахс ишни кўриш жойи ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилингани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган ёхуд иш кўрилаётган вақтда шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ҳолларда ва агар ундан ишни кечиктириб туриш тўғрисида илтимоснома тушмаган бўлса, иш жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокисиз кўрилиши мумкин.



188-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича божхона органининг қарори


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиб, божхона органининг мансабдор шахси қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:

жарима солиш тўғрисида;

иш юритишни тугатиш тўғрисида;

жиноят ишини қўзғатиш ва суриштирув ўтказиш тўғрисида;

ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни тегишлилигига кўра юбориш тўғрисида;

ишни қўшимча равишда юритиш учун қайтариш тўғрисида.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича қарорда қуйидагилар бўлиши керак: қарор чиқарган божхона органининг номи (мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми); иш кўриладиган сана ва жой; иши кўрилаётган шахсга доир маълумотлар; ишни кўриш вақтида аниқланган ҳолатлар баёни; ушбу Кодекснинг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаси; иш бўйича қабул қилинган қарор; қарор устидан шикоят қилиш муддатлари ва тартибига доир маълумотлар.



19-БОБ. БОЖХОНА ОРГАНИНИНГ ҚАРОРИ УСТИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ (ПРОТЕСТ КЕЛТИРИШ)


189-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан шикоят

қилиш (протест келтириш)


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан шикоят қарор кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс томонидан, унинг вакили ёки адвокат томонидан юқори турувчи божхона органига (мансабдор шахсга) ёки божхона органи жойлашган ердаги судга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда берилиши мумкин.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарган божхона органи орқали берилган шикоят уч сутка ичида тегишлича юқори турувчи божхона органига ёки судга юборилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича божхона органи мансабдор шахсининг қарори устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат тартибида прокурор протест келтириши мумкин.

Белгиланган муддатда шикоят бериш ёки протест келтириш жазони қўлланиш тўғрисидаги қарорнинг ижросини, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шикоят ёки протест кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб қўяди.


190-модда. Божхона органининг ҳал қилув қарори


Божхона органи божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарор устидан берилган шикоятни ёки прокурорнинг протестини кўриш вақтида қуйидаги ҳал қилув қарорларидан бирини қабул қилади:

қарорни ўзгаришсиз қолдиради, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмайди;

қарорни бекор қилади ва ишни янгидан кўриш учун юборади;

қарорни бекор қилади ва иш юритишни тугатади;

божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо чорасини кучайтирмаган ҳолда уни ушбу Кодексда назарда тутилган доирада ўзгартиради.

Божхона органининг ҳал қилув қарори қарор шаклида расмийлаштирилади. Қарор нусхаси уч кун ичида устидан қарор чиқарилган шахсга юборилади. Протестни кўриш натижалари тўғрисида қонунда белгиланган муддатда прокурорга маълум қилинади.


191-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорни бекор

қилиш ёки ўзгартириш асослари


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартиришга қуйидагилар асос бўлади:

унинг тўлиқ кўрилмаганлиги;

қарорда баён этилган хулосалар ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

жазони қўлланишнинг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартиби узилганлиги.


192-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорни бекор

қилиб, иш юритишни тугатиш оқибатлари


Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорни бекор қилиб, иш юритишнинг тугатилиши ундирилган пул суммаларининг, олиб қўйилган ва мусодара қилинган ашёларнинг қайтарилишига, шунингдек аввал қабул қилинган қарор билан боғлиқ бошқа чеклашлар бекор қилинишига олиб келади. Буюмни қайтаришнинг имкони бўлмаган тақдирда, унинг қиймати қопланади. Етказилган зарарни қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


XI БЎЛИМ. ЖАЗОЛАР БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚАРОРЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


193-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жазо бериш тўғрисидаги қарорни

ижрога қаратиш


Жазо бериш тўғрисидаги қарор барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир ҳамда агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, у чиқарилган пайтдан эътиборан ижро этилиши лозим.

Жазо бериш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинган ёки протест келтирилган тақдирда, қарор шикоят ёки протест қаноатлантирмай қолдирилганидан кейин ижро этилиши лозим.

Жазо бериш тўғрисидаги қарор уни ихтиёрий равишда ижро этиш учун ушбу Кодексда белгиланган муддат ўтганидан кейин мажбурий ижро эттирилиши лозим.

Жазо бериш тўғрисида қарор чиқарган божхона органи уни мустақил равишда ёхуд молия органи, банклар ёки бошқа кредит муассасаларига қарорни ижрога қаратиш тўғрисида хабарнома юбориш орқали ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий тарзда ижрога қаратади. Жазо бериш тўғрисидаги қарор бўйича ундириш тўлиқ амалга оширилгач, у ижро этилгани ҳақида белги қўйилиб, божхона органига қайтарилади.

Агар юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга жазо бериш тўғрисидаги қарор чиқарилган кунидан эътиборан бир йил ичида ижрога қаратилмаган бўлса, у ижро этилмайди.

Шикоят берилиши ёки протест келтирилиши муносабати билан қарорнинг ижроси тўхтатиб турилган тақдирда, муддатнинг ўтиши улар кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилади.



194-модда. Жарима солиш тўғрисидаги

қарорни ижро этиш

Жарима божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган шахс томонидан унга қарор топширилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун ичида, қарор устидан шикоят берилган ёки протест келтирилган тақдирда эса - шикоят ёки протест қаноатлантирмай қолдирилганлиги тўғрисида хабар қилинган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун ичида тўланиши лозим.

Агар жарима Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахс ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиали ёки ваколатхонаси бўлмаган юридик шахс томонидан белгиланган муддатларда тўланмаса, у ушбу Кодекс 178-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ана шу жазони таъминлаш учун олиб қўйилган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни сотишдан олинган суммалардан ундирилади.

Шахснинг жарима тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, бу суммани ундириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд қарорига асосан амалга оширилади.


195-модда. Мусодара қилиш

тўғрисидаги қарорни ижро этиш


Мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарилган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмлар қарор устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мусодара қилинади. Мусодара қилиш буюмнинг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган шахс мулки ёки мулки эмаслигидан, шунингдек бу шахснинг турган жойи аниқланган ёки аниқланмаганидан қатъи назар амалга оширилади.

Товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг қиймати қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслардан ундириб олинади.




197-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан

ташқарида яшайдиган ёки Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидан ташқарида бўлган шахсларга жазо бериш

тўғрисидаги қарорни ижро этиш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшайдиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мол-мулкка эга бўлмаган шахсларга жазо бериш тўғрисидаги қарорларнинг ижроси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.



198-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини

давлат мулкига айлантириш


Ушбу Кодексга мувофиқ мусодара қилинган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа ашёлар, шунингдек шахс давлат фойдасига воз кечган товарлар ва транспорт воситалари давлат мулкига айлантирилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилиши ёки йўқ қилиниши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”,

1998 йил, 2-сон, 36-модда






































Время: 0.1861
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск