Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш /

Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича Йўриқнома (АВ томонидан 14.07.2016 й. 2810-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг 15.06.2016 й. 73-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 14 июлда 2810-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат"

агентлиги бош директорининг

2016 йил 15 июндаги

73-сон буйруғига

ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини

лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги 300-сон "Республиканинг иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2014 йил 15 июлдаги 194-сон "Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


чиқинди - ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилиш жараёнида хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюмлар ёки маҳсулотларнинг ҳосил бўлган қолдиқлари, шунингдек ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган товарлар (маҳсулотлар);


қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек юридик шахсларнинг фаолияти (озиқ-овқат, шишалар, резиналар, қоғозлар, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш материаллари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор асбоблари, супуринди чиқиндилари, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғ қозонларидан фойдаланиш натижасида вужудга келадиган чиқиндилар) натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар;


чиқиндиларни утилизация қилиш - чиқиндилардан зарурий компонентлар ишлаб чиқариш ёки чиқиндилардан иккиламчи хом ашёлар, ёқилғи, ўғит сифатида ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш.


2. Мазкур Йўриқнома радиоактив чиқиндилар, биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атроф муҳитга (атмосферага) чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ бўлган ишлар соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлари (бундан буён матнда полигонлар деб юритилади) қаттиқ маиший чиқиндиларни изоляциялаш ва зарарсизлантириш учун мўлжалланган махсус иншоотлар бўлиб, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаши ва кафолатлаши лозим. Полигонлар исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин. Аҳоли пунктлари гуруҳлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.


4. Қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлганда бундай чиқиндиларнинг кўмиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Чиқиндиларни утилизация қилиш қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимининг ҳар қандай босқичи ёки майдонида амалга оширилади.


5. Чиқиндиларни аҳоли яшаш жойларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ерларда, сувни ҳимоя қилиш зоналари ва сув объектларининг санитария-қўриқлаш зоналари чегараларида, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф вужудга келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ҳамда табиати махсус қўриқланадиган ҳудудларда ва объектларда сақлаш ва кўмиш тақиқланади.


6. Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойлари давлат кадастри Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан юритилади.


7. Полигонларни лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланишда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг миқдори ва тавсифи ҳисобга олиниши лозим. Кўмилиши лозим бўлган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори уларга тегишли ишлов берилгандан кейин (масалан, рециркуляция, компостлашдан) ҳосил бўладиган чиқиндиларни ўз ичига олади.



2-БОБ. ПОЛИГОНЛАРНИ ЛОЙИҲАЛАШ


1-§. Полигонлар қурилиши учун майдонларни танлаш


8. Полигон қурилиши мўлжалланган жойлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланиб, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ажратилади.


9. Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади.

Турар жойдан полигонлар чегарасигача бўлган масофа СанПиН N 0246-08 "Ўзбекистон Республикаси аҳоли жойлари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари"га мувофиқ, камида 500 метрни ташкил қилиши керак. Бунда санитария-муҳофаза зонасининг аниқ ўлчамлари газсимон ташламаларнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


10. Полигонлар учун ишлатиб бўлинган карьерлар, ўрмон массивларидаги қимматбаҳо дарахт турларидан ҳоли бўлган майдонлар, жарликлар ва шу каби бошқа ҳудудлар ажратилади.


11. Гидрогеологик шароитларига кўра, полигон қурилиши учун гил ёки қум тупроқли ҳамда сизот сувлари 2 метрдан кам бўлмаган чуқурликда жойлашган майдонлар танланади. Чуқурлиги 1 метрдан ортиқ бўлган ботқоқликлар, сизот сувлари булоқлар кўринишида оқиб чиқадиган ҳудудлар, тошқин сувлар босадиган ҳудудлар, шунингдек аэропортларга 15 километргача яқин жойлашган ер майдонларида полигон қурилишига рухсат этилмайди.


12. Полигонлар қурилиши мўлжалланган жойлар Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги 491-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.


13. Объектларни атроф-муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини аниқлаш ва энг кам таъсир кўрсатувчи майдонни танлаш учун бир неча ҳудудларни муқобил вариант сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Ҳар бир майдоннинг атроф-муҳитга потенциал таъсирини ўрганиш ҳамда аҳоли билан маслаҳатлашувлар ўтказиш натижаларига кўра энг кам таъсир кўрсатадиган майдон танланади.


14. Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда танланган майдон атроф-муҳитга потенциал таъсири жиҳатдан полигон қурилиши учун яроқли ҳисобланади:

майдоннинг геологик нуқтаи назардан барқарорлиги, яъни унда ёриқлар мавжуд эмаслиги;

полигонлар жойлашадиган ерда сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

полигонлар майдони тагида 30 метрдан ортиқ қалинликдаги гил ёки оғир қум тупроқли сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

майдоннинг сув ҳавзаларидан камида 1000 метр узоқда жойлашганлиги;

сув объектларининг сатҳи ер юзасидан камида 10 метр пастда жойлашганлиги, ундан истеъмол қилиш ва суғориш учун фойдаланилмаслиги.


15. Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда атроф-муҳитга потенциал таъсирини инобатга олиб, танланган майдонда полигон қурилишига йўл қўйилмайди:

сув ўтказувчи бир неча қатламлар, масалан очиқ шағал конлари, ёриқлар мавжудлиги;

полигонлар жойлашган ер сизот сувлари яқинида ёки сизот сувларига 10 метрдан камроқ сатҳда жойлашганлиги;

маҳаллий сизот сувларидан истеъмол учун фойдаланилиши;

100 метр радиусда сув ҳавзаси ёки сув тошадиган ҳудудлар мавжудлиги.


16. Полигон қурилиши учун майдон ажратишда қурилган полигон ёпилгандан кейин ундан қандай мақсадда фойдаланилиши (ўрмонзор, боғлар мажмуасини яратиш, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланмаган идишларнинг (тараларнинг) очиқ омборини ташкил этиш ва ҳоказолар) ҳам назарда тутилиши лозим.


17. Полигонларни рекультивация қилишда барча тизимлар, хусусан, якуний изоляция (изоляция) қатламининг бутлиги ва ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари олдиндан белгилаб олинади.

Заҳарли ва портлаш хавфини туғдирадиган газларнинг ажралиб чиқиши сабабли, полигонлар ёпилгандан кейин камида 40 йил ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.


18. Полигонлар қурилиши мўлжалланган жойлар камида 15 йил фойдаланиш шарти билан танланади. Ушбу майдонлар тўғри тўртбурчак шаклига яқин ва қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштиришнинг максимал баландлигига эришиш мумкин бўлган ерлардан танлаб олинади.


19. Полигонлар қурилиши мўлжалланган жойларда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар амалга оширилади.

Геологик тадқиқотларни ўтказишда қатламланиш тартиби, полигонлар жойлашган ердаги жинслар таркиби ва қалинлиги, тупроқнинг фильтрация коэффициенти ўрганилади. Тадқиқот ишларининг минимал чуқурлиги 4 метр бўлиши лозим. Турли жинслардан иборат тупроқли шароитда сувга бардошли қатламгача тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда шу жойдан бошлаб 1 - 1,5 метр чуқурликкача тадқиқот ўтказиш зарур бўлади.

Гидрогеологик тадқиқотлар натижасида сизот сувлари сатҳлари ва оқими аниқланади. Полигонларни ер усти (жала ва қор) сувлари оқимидан ҳимоя қиладиган баландлик зовурларини қуришда ёғингарчилик фаоллиги ва уларнинг майдонда тўпланиб қолишига оид маълумотлар йиғилади.

Геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар натижасида қудуқлар (шурфлар) жойлашиши, геологик (литогеологик) кесимлар режаси, полигонлар қурилиши учун мўлжалланган майдоннинг яроқлилиги хусусида гидрогеология хулосаси тузилади.


20. Шаҳар (туман) санитария-эпидемиология назорати маркази тайёрланган барча материалларни инобатга олган ҳолда, танланган майдоннинг яроқлилиги хусусида ўз хулосасини беради.


21. Лойиҳалаштирилаётган полигоннинг ҳажмини белгилашда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг киши бошига умумий йиллик тўпланадиган солиштирма меъёри, ташкилотлардан чиқадиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажми, полигонлардан фойдаланадиган аҳоли сони, фойдаланиш муддати, жойлаштириладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг зичланиш даражаси ҳамда полигонларда ишлатиладиган техника ва механизмлар ҳисобга олинади.



2-§. Полигонларнинг тузилиши


22. Полигонлар қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

кириш йўли;

қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони;

хўжалик ҳудуди;

санитария-муҳофаза зонаси.


23. Кириш йўли қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонини магистрал йўл билан боғлаш мақсадида барпо этилади. Кириш йўли икки томонлама ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлиши керак. Қияликларда юк ортилган чиқинди ташиш техникаларининг ҳаракатланиши учун рухсат бериладиган қиялик ўлчами юқорига 7 фоиз ва пастга 10 фоиздан ошмаслиги лозим.

Ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун полигонлар дренаж тизимига эга бўлиши лозим. Дренаж тизими орқали йиғилган сувлар қудуқларда тўпланиб, қаттиқ маиший чиқиндиларни зичлашда фойдаланилади.

Иш харитаси жойлашувининг доимий ўзгариб туриши сабабли, чиқиндиларни доимий йўл тизимидан иш харитасига етказадиган вақтинчалик йўллар қурилади. Вақтинчалик йўллар тупроқ қатламини зичлаш усули билан ётқизилиши мумкин. Намлик шароитидан келиб чиқиб, улар мустаҳкамлайдиган материаллар - шағал, тош, майдаланган бетон, қурилиш қоришмаси ёки ғишт билан қопланиши мумкин.


24. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони полигоннинг асосий қисми ҳисобланади. У қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишнинг йиллик ҳажмидан келиб чиқиб, полигон майдонининг 85 - 95 фоизини эгаллайди. Жойлаштириш майдони 3 - 5 йил мобайнида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишга мўлжалланган навбатларга бўлинади.

Фойдаланишнинг кейинги навбати тўлдирилган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмида, лойиҳа белгисига қадар амалга оширилади. Жойлаштириш майдонини навбатларга бўлишда жой рельефи инобатга олинади.


25. Жарлик ёнбағрида жойлаштирилган қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонлари юқориликдан оқиб келиши мумкин бўлган ер усти сув оқимларидан ҳимояланган бўлиши лозим.


26. Хўжалик ҳудуди полигонларга қабул қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдоридан қатъи назар, 0,3 - 1,0 гектар майдонни эгаллайди. Ушбу ҳудудда полигоннинг маъмурий ва маиший бинолари, техникалар турадиган айвон ёки гараж ва бошқа иншоотлари жойлаштирилади.


27. Санитария-муҳофаза зонаси полигоннинг атрофи бўйлаб, унинг атроф-муҳитга ва яқин аҳоли пунктларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида ташкил қилинади.



3-§. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш

майдонини лойиҳалаштириш


28. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонида котлован лойиҳалаштирилади. Котлованнинг ўртача чуқурлиги ер ишлари баланси ва сизот сувлари сатҳидан келиб чиқиб белгиланади. Сизот сувларининг сатҳи котлован тубидан камида 1 метр пастда бўлиши лозим.


29. Полигонлар сизот сувларининг ифлосланиши хавфини камайтириш учун фильтрацияга қарши изоляция қопламасига эга бўлиши лозим.

Изоляция харажатларини камайтириши мақсадида полигонларни кам сув ўтказувчанлик хусусиятига эга бўлган тупроқ қатламида яратиш мақсадга мувофиқ.


30. Чиқинди таркиби ва иқлим шароитидан келиб чиқиб изоляция қопламасининг қуйидаги турларидан фойдаланиш мумкин:

қалинлиги 0,5 метрдан кам бўлмаган бир қатламли тупроқ ва қалинлиги 0,2 миллиметрдан кам бўлмаган полиэтилен қоплама;

ҳар бирининг қалинлиги 0,2 миллиметрдан кам бўлмаган икки қаватли полиэтилен плёнкадан тайёрланган ва улар орасига 0,4 метр қалинликда йирик донали қум ётқизилган қоплама;

қалинлиги 0,2 - 0,4 метр бўлган битумли қоплама.


31. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони лойиҳасида котловонларнинг навбат бўйича қазилиши назарда тутилади. Биринчи навбатдаги котловандан олинган тупроқ полигонлар периметри бўйича тупроқтепага жойлаштирилади. Иккинчи навбатдаги котловандан олинган тупроқ биринчи навбатдаги котловон тўлдирилгандан кейин ундаги қаттиқ маиший чиқиндиларни изоляция қилишда фойдаланилади.


32. Полигон тубида намлик даражаси 52 фоиздан ортиқ, йиллик ёғингарчилик миқдори 100 миллиметрдан ортиқ бўлганда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони фильтрат пайдо бўлиши эҳтимоли инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.

Бунда котлован туби майдон асоси бўйича фильтратнинг тенг тақсимланишини таъминлайдиган (горизонтал) ҳолатда лойиҳалаштирилади. Жой рельефи қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш навбати инобатга олинган ҳолда котлованларга бўлинади.

Котлованнинг юқоридаги ва навбатдаги оралиқ деворлари баландлиги, шунингдек иккита ёнма-ён котлованлар деворларининг ўлчамлари орасидаги фарқ 1 метрдан ошмаслиги лозим. Оралиқ деворларининг тепа қисми бўйича чиқинди ташиш техникаларининг киришига мўлжалланган вақтинчалик кириш йўли лойиҳалаштирилади.

Фильтрация коэффициенти белгиланган меъёрдан 30 - 50 фоиз ортиқ бўлганда, тупроқ қатламини зичлаш чораларини кўриш лозим.


33. Полигон тубида намлик даражаси 52 фоиздан паст бўлган, йиллик ёғингарчилик миқдори 100 миллиметрдан ортиқ бўлмаганда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонида фильтрат пайдо бўлмайди. Бундай иқлимдаги ҳудудда жойлашган полигонларга филтратни ўтказмаслик бўйича чоралар кўриш талаб қилинмайди.


34. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонини жарлик ҳудудидан ажратилганда қор ва жала сувларини тўплаш ҳамда уларнинг хавфини бартараф қилиш тизими назарда тутилиши лозим.

Котловонларнинг чуқурлиги, қоида тариқасида, 3 - 6 метр ва кенглиги 6 - 12 метр бўлиши лозим. Уларни шамол йўналишига перпендикуляр ҳолатида жойлаштириш зарур.



4-§. Хўжалик ҳудуди ва муҳандислик

иншоотларини лойиҳалаштириш


35. Хўжалик ҳудуди қаттиқ қопламали майдонга эга бўлиши, тунги вақтларда ёритилиши, атрофи тўсилган бўлиши ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонига кириладиган йўлга эга бўлиши лозим.

Полигоннинг хўжалик ҳудудига кириш жойида дарвоза ёки шлагбаум ўрнатилади.


36. Контейнерлар ва чиқинди ташиш техникаларини ювишга мўлжалланган майдон хўжалик ҳудудидан ташқарида бўлиши керак. Контейнер ва чиқинди ташиш техникаларини ювиш ҳаво ҳарорати 5°С дан юқори бўлганда амалга оширилади.


37. Йилига 360 минг куб.м дан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар қабул қилинадиган ҳамда 15 йилдан ортиқ муддатга фойдаланиш мўлжалланган йирик полигонларда сув таъминоти артезиан қудуқлари орқали амалга оширилади. Ушбу қудуқлар полигонларнинг умумий лойиҳаси таркибида назарда тутилиши лозим.


38. Полигонлардан чиқишда чиқинди ташиш техникалари ғилдиракларини ювиш учун узунлиги 8 метр, эни 3 метр ва чуқурлиги 0,3 метр ўлчамдаги темир бетонли қурилмага эга бўлган дезинфекция ҳудуди бўлиши шарт. Ушбу қурилма 3 фоизли лизол билан тўлдирилади.


39. Ташқи ва ички ёнғин ўчириш учун сарфланадиган сув сиғимининг ҳажми 108 куб.м дан кам бўлмаслиги ҳамда ушбу сиғимлардан ёнғин ўчириш автомобилларининг сув олишлари учун шароит яратилган бўлиши лозим. Полигонда ёнғин ўчоғига сув бериш учун бир сонияда 10 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув олиш имконига эга бўлган, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларида ишловчи насос ҳамда енг ва дастаклар бўлиши зарур.


40. Полигонларнинг бутун ҳудуди периметри бўйича тўсиқ ўрнатилади. Тўсиқ чуқурлиги 2 метрдан ортиқ бўлган қуритиш хандағи ва баландлиги 3 метрдан ортиқ бўлган тупроқ девор шаклида қурилиши мумкин.



5-§. Санитария-муҳофаза зонаси ва мониторинг тизими


41. Санитария-муҳофаза зонасида полигон периметри бўйлаб 5 - 8 метр кенгликда йўлак қурилади, унинг чегараси бўйлаб дарахтлар экилади, муҳандислик коммуникациялари (сув қувурлари, канализация) ётқизилади, баландлиги 16 - 20 метр бўлган электр ёритиш қурилмалари ўрнатилади.

Санитария-муҳофаза зонасида дарахтлар ёки тупроқ уюмлари мавжуд бўлмаса, полигонлар периметри бўйича тупроқтепа барпо этилади.


42. Санитария-муҳофаза зонасида турар жойлар ва ичимлик суви қудуқларини жойлаштириш тақиқланади.


43. Сизот сувлари оқимининг полигондан юқори қисмида полигондан чиқадиган фильтрат таъсир қилмайдиган ҳудудда мониторинг иншооти (қудуқ) барпо этилиши лозим.

Сизот сувлари оқимининг полигондан 100 - 200 метр пастки қисмида ҳам 1 та ёки 50 - 100 метр оралиқда 2 та мониторинг иншооти (қудуқ) барпо этилади.

Мониторинг иншоотлари (қудуқлар) сизот сувларига чиқиндилар тушишидан ҳимоя қилинган бўлиши, шунингдек сувдан намуна олишни таъминлаши лозим.


44. Олинган намуналарга асосан, сув таркибидаги аммиак, нитритлар, нитратлар, гидрокарбонатлар, кальций, хлоридлар, темир, сульфатлар, литий, органик углерод, рутут, магний, хром, цианидлар, қўрғошин, симоб, маргимуш, мис, барий ва бошқа кимёвий моддалар миқдори аниқланади.


45. Йирик шаҳарларга хизмат кўрсатувчи полигонларда атмосферага чиқарилаётган ташламаларни мониторинг қилиш ёки энергия олиш мақсадида газни фаол ажратиб олиш тизимини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.



3-БОБ. ПОЛИГОНЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


46. Полигонларда чиқиндиларни қабул қилиш полигонлардан фойдаланиш технологик чизмаси орқали амалга оширилади. Технологик чизмада йил мавсумларини инобатга олган ҳолда бажариладиган ишлар кетма-кетлиги, қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш тартиби ва изоляция қилувчи тупроқни қазиб олиш режаси кўрсатилган бўлиши керак.


47. Чиқиндиларни қабул қилиш бир йилга тузиладиган полигондан фойдаланиш жадвали асосида амалга оширилади.


48. Полигондан фойдаланиш жадвалида чиқиндилар жойлаштириладиган хариталар рақами кўрсатилган ҳолда ҳар ой давомида қабул қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори, чиқиндиларни изоляция қилиш учун қазиб олинадиган тупроқ майдони хариталари ёки тупроқтепалар рақамланган ҳолда кўрсатилади. Изоляция қилиш учун қазиб олинадиган тупроқ ҳажми куб.м ўлчов бирлигида кўрсатилади.


49. Қабул қилинаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳисоби уларнинг зичланмаган ҳолатдаги вазни ёки ҳажми бўйича юритилади. Қабул қилинган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори алоҳида журналда қайд этиб борилади.


50. Қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонга жойлаштириш Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларига (рўйхат рақами 2625, 2014 йил 12 ноябрь) мувофиқ амалга оширилади.


51. Полигоннинг лойиҳавий кўрсаткичи кўмилганидан сўнг уни ёпиш чоралари кўрилиши лозим. Фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган полигонларда унинг лойиҳавий кўрсаткичидан 10 фоизгача миқдорда қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишга йўл қўйилади.


52. Полигон ёпилиши учун қуйидаги иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуриш талаб этилади:

якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама;

фильтратни бошқариш тизими;

газни бошқариш тизими.


53. Якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама полигон ёпилишидан олдин барча котлованларни тупроқнинг якуний қатлами билан ёпишни назарда тутади. Якуний (юқори) изоляция қилувчи қопламани режалаштиришда полигон четида нишаблик бўлишини таъминлаш керак.


54. Якуний (юқори) изоляция қилувчи қопламанинг тузилиши ер майдонидан келгусида қандай мақсадда фойдаланилишига боғлиқ ҳолда белгиланади. Ўрмон-боғ комплексини ташкил этишда, қишлоқ хўжалиги учун яроқли майдонлар, чанғи спорти учун тепалик ва бошқа баландликларни ҳосил қилиш учун фойдаланишда тупроқнинг устки изоляция қатлами 0,6 метрдан кам бўлмаслиги, шу жумладан унинг устки қатламида 0,2 метр ўсимлик ўсадиган тупроқ ётқизилиши лозим.

Полигонларнинг ташқи қияликларини мустаҳкамлаш ундан фойдаланиш бошланган пайтдан бошланиб чиқиндиларни жойлаштириш баландлиги ортишига мутаносиб равишда давом эттирилади. Полигонларнинг ташқи қияликларини қоплашда уни барпо этишда кўчириб олинган ўсимлик ўсадиган тупроқдан фойдаланилади.


55. Шамол кўчириб кетиши ёки қияликлардаги тупроқ ювилиб кетишининг олдини олиш учун якуний (юқори) изоляция қилувчи қопламани кўкаламзорлаштириш талаб этилади. Қияликлар бўйлаб ихота дарахтлари экилади. Экиладиган дарахтлар ва бутасимон ўсимликлар (оқ қайин, тол, терак ва бошқалар) маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда танланади.

Келгусида ноозуқавий мақсадларга мўлжалланган омборхоналар сифатида фойдаланиладиган майдонларда устки якуний (юқори) изоляция қилувчи қопламанинг қалинлиги 1,5 метрдан кам бўлмаслиги керак. Чиқиндиларнинг устки қатлами изоляция билан қоплангунга қадар унинг зичланиш даражаси 750 кг/куб.м ни ташкил этиши керак.


56. Фильтратни бошқариш тизими лойиҳаси, қоида тариқасида, полигоннинг умумий лойиҳасига киритилади.

Полигон ёпилганидан сўнг фильтратни бошқариш тизими ундан фойдаланиш шартларига мос эканлиги текширилиши лозим. Текширув натижаларига кўра, насос тизимига ёки фильтратни ташлаш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш мумкин.


57. Газни бошқариш тизими полигондан фаол фойдаланиш даврида барпо этилади ва фойдаланилади. Полигон ёпилганидан сўнг, ушбу тизимни янада мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш мақсадида унга тегишли ўзгартиришлар киритиш (шамоллатиш қувурини герметик жиҳозлаш, полигон остига ҳаво киришидан ҳимоялаш ва ҳ. к.) зарур.


58. Полигон ёпилган ва кўкаламзорлаштирилгандан кейин унинг майдонини рекультивация қилишга камида қуйидаги муддатлар ўтгандан кейин йўл қўйилади:

кўп йиллик ўтлар экилган, ҳайдалма ерлар, пичанзор, майсазорлар барпо этилганда - 1 йил;

дарахтлар, буталар, уруғидан кўкартириладиган кўчатлар экилганда - 2 йил.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


59. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 18 июль, 28-сон, 343-модда








































Время: 0.0324
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск