язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар. Қизил китоб/ Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2016 й. 238-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 22 июлдаги

238-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мажмуа (ландшафт) буюртма

қўриқхоналари тўғрисида

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси (кейинги ўринларда мажмуа буюртма қўриқхонаси деб аталади) умумдавлат аҳамияти молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ҳисобланади. Унинг мақсади алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни ўз ҳудудида асл табиий ҳолатда сақлашдан иборат.


2. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ерлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий объектлари ва мажмуалари, ушбу Низомда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, хўжалик фойдаланишидан чиқарилади.


3. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ерлари табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига киради. Ер участкалари ва бошқа табиий объектлар мажмуа буюртма қўриқхонасига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан доимий фойдаланиш учун ажратиб берилади.


4. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ер участкаларини истисно ҳолларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан йўл қўйилади.


5. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудуди режалар ва дастурларни, ер тузиш схемалари ва ҳудудий режалаштиришни, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича бошқа режаларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.


6. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги қонунлари, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширади.


7. Мажмуа буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.



II БОБ. МАЖМУА БУЮРТМА

ҚЎРИҚХОНАСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


8. Мажмуа буюртма қўриқхонасига қуйидаги вазифалар юкланади:

ўз ҳудудидаги барча табиий объектлар ва мажмуаларни асл табиий ҳолатда сақлаш;

табиий атроф муҳитни илмий тадқиқ этиш ва мониторинг олиб бориш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий кадрлар ва мутахассислар тайёрлашга кўмаклашиш;

биологик ва ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида (экологик тармоқда) экологик мувозанатни сақлаб туриш;

экологик маърифат.



III БОБ. МАЖМУА БУЮРТМА

ҚЎРИҚХОНАСИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ


9. Мажмуа буюртма қўриқхонаси юридик шахс ҳисобланади ва давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этилади.


10. Мажмуа буюртма қўриқхонаси Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, ўз номи ёзилган штампга ҳамда банкларда, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади.


11. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ўзи бўйсунадиган давлат органи томонидан тасдиқланадиган ўз рамзларига (байроқлар, вимпеллар, эмблемалар ва шу кабилар) эга бўлишга ҳақлидир.

Мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида жойлашган табиий ва тарихий-маданий мажмуа ва объектлар тасвирларидан ҳамда уларнинг номлари ва рамзларидан фойдаланиб босма, эсдалик совғалар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш фақат мажмуа буюртма қўриқхонаси билан шартнома тузиш асосида амалга оширилади.



IV БОБ. МАЖМУА БУЮРТМА

ҚЎРИҚХОНАСИНИ БОШҚАРИШ


12. Мажмуа буюртма қўриқхонасини давлат томонидан бошқариш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


13. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолияти устидан давлат ва идоравий назорат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


14. Юритишида мажмуа буюртма қўриқхонаси бўлган давлат органи:

ҳудудий жойлашувига қараб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимлари билан келишган ҳолда, мажмуа буюртма қўриқхонасининг директорини (кейинги ўринларда директор деб аталади) тайинлайди;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолиятини таъминлаш учун мол-мулк, шу жумладан пул маблағлари ажратади;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг штат жадвалини тасдиқлайди;

мажмуа буюртма қўриқхонасини бошқариш режаларини (кейинги ўринларда бошқариш режаси деб аталади) тасдиқлайди;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолияти устидан назорат қилади;

қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Мажмуа буюртма қўриқхонасига директор бевосита раҳбарлик қилади ва мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолиятини ташкил қилиш ҳамда режимини таъминлаш учун жавоб беради ва унинг ижро этувчи аппаратига раҳбарлик қилади.


16. Мажмуа буюртма қўриқхонаси директорининг ўринбосари (мавжуд бўлганда) ва бош бухгалтер мажмуа буюртма қўриқхонаси бўйсунадиган давлат органи билан келишган ҳолда директорнинг буйруғига мувофиқ лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


17. Директор қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом асосида иш кўриб, мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолиятига раҳбарлик қилади, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда мажмуа буюртма қўриқхонасининг манфаатларини ишончномасиз ҳимоя қилади, шартномалар тузади, мажмуа буюртма қўриқхонасининг маблағлари ва мол-мулкини белгиланган тартибда тасарруф этади, мажмуа буюртма қўриқхонасининг табиий объектлари ва мажмуалари, мол-мулкини муҳофаза қилиш, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш, мажмуа буюртма қўриқхонасида молиявий, шартномавий ва меҳнат интизомига амал қилиниши учун жавоб беради.


18. Директор зиммасига қуйидагилар юкланади:

табиий объектлар ва мажмуалар муҳофазасини ташкил этиш, текшириш ва айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун материалларни белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш ҳамда мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этилиши ҳолати бўйича ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиш;

табиий атроф муҳит мониторингини олиб борилишини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишлари бажарилишига кўмаклашиш;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг мол-мулки, асбоб-ускуналари, моддий ва бошқа бойликлари муҳофаза қилинишини ташкил этиш;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг ходимларини белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;

мажмуа буюртма қўриқхонаси ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлаш;

идорага қарашли ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари, махсус воситалар, формали кийим-бош, алоқа воситалари, махсус аслаҳалар ва бошқа ишониб топширилган мол-мулк бут сақланиши, улар тўғри кийиб юрилиши ва қўлланилишини таъминлаш;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг ҳудудидан рухсат этилган фаолият турлари учун фойдаланишни ташкил этиш;

қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.


19. Мажмуа буюртма қўриқхонаси тўғрисидаги асосий маълумотлар унинг паспортида мавжуд бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг паспортини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2014 йил 2 июндаги 137-сон қарорига мувофиқ юритилади.


20. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолият юритиши бошқариш режаси асосида таъминланади. Бошқариш режасига киритиладиган маълумотлар таркиби, уни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


21. Мажмуа буюртма қўриқхонаси бепул, белгиланган тартибда, табиатни муҳофаза қилиш органларига ва ўзи бўйсунадиган давлат органига табиий атроф муҳит мониторингини ва тегишли давлат кадастрларини юритиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этади.


22. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятига чекловлар ўрнатиш, рекреация инфратузилмасини яратиш, пичан ўриш ва мол боқиш жойлари ҳамда бошқа шу каби муҳим масалаларни ҳал қилиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига мувофиқ жойларда ўз вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда аҳоли вакиллари мажмуа буюртма қўриқхонасининг Маслаҳат комиссияси (кейинги ўринларда Маслаҳат комиссияси деб аталади) ташкил қилинади.



V БОБ. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР, АТРОФ ТАБИИЙ

МУҲИТИ МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ ВА

МАЖМУА БУЮРТМА ҚЎРИҚХОНАСИДАГИ

РЕКРЕАЦИЯ


23. Мажмуа буюртма қўриқхонасидаги илмий-тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан кўп йиллик турғун комплекс тадқиқотларни олиб бориш ҳамда илмий ташкилотлар, алоҳида олимлар, мутахассислар, шу жумладан хорижий олим ва мутахассисларни жалб қилиш йўли билан амалга оширилади.

Мажмуа буюртма қўриқхонасида илмий-тадқиқот ишлари ўз штатидаги илмий ходимлар (мавжуд бўлганда) томонидан ҳам олиб борилиши мумкин.

Мажмуа буюртма қўриқхонасида илмий тадқиқотларга услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Илмий-техник кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг етакчи мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

24. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг табиий объектлари ва мажмуалари мониторинги атроф табиий муҳит мониторинги давлат тизими доирасида олиб борилади.


25. Мажмуа буюртма қўриқхонасида рекреацион фаолият ҳам ўз штатидаги ходимлар, ҳам бошқа ташкилотлар ва мутахассислар томонидан олиб борилади.

Мажмуа буюртма қўриқхонасидаги рекреацион фаолият муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга кириб-чиқиш қоидалари талабларига мувофиқ юритилади.



VI БОБ. МАЖМУА БУЮРТМА ҚЎРИҚХОНАСИНИНГ

ҲУДУДИ ВА РЕЖИМИ


26. Мажмуа буюртма қўриқхонаси учун бузилмаган ёки жиддий бузилмаган табиий мажмуалар ва улар ўртасидаги боғлиқликларни ташкил этувчи яхлит экологик тизимларни (йирик ландшафт бирликларини) қамраб оладиган жуда кенг ҳудудлар ажратилиши лозим.


27. Атрофдаги ҳудудлардан салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида мажмуа буюртма қўриқхонасининг чегаралари бўйлаб қўриқланадиган зона ташкил этилади. Қўриқланадиган зона мажмуа буюртма қўриқхонаси билан бир вақтда ташкил этилади. Қўриқланадиган зонанинг майдони ва чегаралари мажмуа буюртма қўриқхонасининг табиий объектлари ва мажмуаларини сақлаш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартирилиши мумкин.


28. Мажмуа буюртма қўриқхонасини макон-ҳудуд жиҳатидан тузишда унинг ҳудуди қуйидагиларга:

ҳудуд рельефи, кириш йўллари мавжудлиги, мажмуа буюртма қўриқхонасининг чегаралари бўйлаб аҳоли яшаш пунктлари мавжудлиги ва уларнинг майдонига қараб белгиланадиган қўриқлашни ва илмий ишларни бошқаришни яхшилаш учун техник участкаларга;

ландшафт элементлари бўйича - кварталларга, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун кварталлар ўз навбатида ўсимликлар элементлари бўйича кичик участкаларга бўлинади.

Техник участкалар, кварталлар ва кичик участкалар ҳамда улар майдонларининг сони бошқариш режасида белгиланади.


29. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ва унинг қўриқланадиган зонасининг ер участкаси(лари), кварталлар чегаралари, илмий инфратузилма ва мониторинг инфратузилмаси элементлари ҳамда ушбу Низомнинг 36 ва 37-бандларида назарда тутилган мақсадлар учун ажратиладиган (бериладиган) ерлар чегаралари жойларда аншлаглар, квартал устунлари ва бошқа белгилар билан белгилаб қўйилиши лозим.


30. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида маҳаллий шароитга мослаштириш учун ўсимлик ва ҳайвонлар турларини ва кенжа турларини жойлаштириш, ўсимликлар ва ландшафт қопламасини ўзгартириш, гидрогеологик режимни ўзгартириш ва ҳар қандай бошқа фаолият юритиш тақиқланади, ушбу Низомнинг 36-бандида кўрсатилган фаолият бундан мустасно.


31. Мажмуа буюртма қўриқхонасида ёнғинга қарши ва биотехник тадбирлар фақат уни бошқариш режасига мувофиқ ўтказилади.


32. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида зоологик, ботаник ва бошқа тўпламлар учун намуналарни йиғиш фақат илмий тадқиқотлар олиб бориш билан боғлиқ мақсадларда рухсат этилади.


33. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ерлари ва бошқа табиий объектларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш тақиқланади.


34. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқланадиган зонаси ҳудудида мажмуа буюртма қўриқхонасининг муҳофаза қилинадиган табиий объектлари ва мажмуаларига зарар етказиши мумкин бўлган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият юритиш тақиқланади.

Қўриқланадиган зонанинг ўлчамлари унинг ташқарисида жойлашган объектларнинг салбий таъсирига йўл қўймасликни таъминлаши лозим.

Қўриқланадиган зонанинг режими у тўғрисидаги низомда белгиланади.

Ушбу зонада амалга ошириш учун белгиланадиган фаолият турлари экологик экспертиза хулосаси асосида тақиқлаб қўйилиши мумкин.


35. Зарур ҳолатларда қўриқланадиган зонада жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ерни ижарага олувчиларга қонунга мувофиқ ер участкалари сақлаш вазифаси белгиланиши мумкин.


36. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида қуйидагиларга рухсат этилади:

илмий-тадқиқот фаолиятини юритиш;

рекреацион фаолият олиб бориш;

биологик хилма-хиллик мониторингини олиб бориш;

мажмуа буюртма қўриқхонаси ходимлари ва илмий ходимларнинг яшаши учун бино ва иншоотлар қуриш;

мажмуа буюртма қўриқхонасининг табиат музейларини, шу жумладан очиқ осмон остидаги экспозицияларни жойлаштириш.


37. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ҳудудида қуйида кўрсатилган мақсадлар учун қуйидаги ер участкалари ажратилади:

мажмуа буюртма қўриқхонасининг отларини сақлаш ва шу каби мақсадларда;

қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда пичан ўриш ва мол боқиш, озуқа мақсадларда ёввойи ўсимликларни ғамлаш (териш), унинг қўриқланадиган зонасида яшайдиган фуқаролар учун ёввойи доривор ва техник хом ашё ўсимликларини йиғиш;

мажмуа буюртма қўриқхонаси ходимларига хизматда фойдаланиш учун ер улушларини бериш, айни вақтда ходим пенсияга чиққанда ёки ишдан бўшаб кетганда унинг хизмат ерларидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилади.

Юқорида айтиб ўтилган мақсадлар учун ажратиладиган (бериладиган) ерларнинг умумий майдони, яйловлар алмаштирилиши, ўсимликлар ғамланиши ва пичан ўрилиши ҳисобга олинган ҳолда мол боқиш учун зарур бўлган минимал майдондан келиб чиқиб белгиланади.

Бу ерлар мажмуа буюртма қўриқхонасининг чегаралари бўйлаб жойлашган бўлиши ва унинг майдонининг 0,001 фоизидан катта бўлмаслиги лозим. Бундай ерларнинг майдони ва чегаралари бошқариш режасини тайёрлашда аниқланади ва директор томонидан Маслаҳат комиссияси билан биргаликда ушбу режага киритилади.



VII БОБ. МАЖМУА БУЮРТМА

ҚЎРИҚХОНАСИНИ ҚЎРИҚЛАШ


38. Мажмуа буюртма қўриқхонасини қўриқлаш ҳамда унинг ҳудудида ва қўриқланадиган зонада режимга амал қилиниши устидан назорат олиб бориш ишлари мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлов ходимлари томонидан амалга оширилади.


39. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлаш ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида ва унинг қўриқланадиган зонасида ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш учун тегишли ҳужжатларни текшириш;

транспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш;

мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудида ва унинг қўриқланадиган зонасида қоида бузиш ҳолатлари аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан баённомалар тузиш, маъмурий йўл билан ушлаб туриш, буюмлар ва ҳужжатларни ҳамда табиатдан ноқонуний фойдаланиш маҳсулотларини олиб қўйиш, маъмурий жазо чоралари кўриш;

айбдорларни жавобгарликка тортиш учун материалларни тегишли органларга юбориш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудуди ва қўриқланадиган зонадаги белгиланган режимга риоя қилиш борасидаги фаолиятларини текшириш;

идорага қарашли ўқотар қуроллар ва махсус воситаларни олиб юриш ва қўллаш ҳамда жисмоний куч ва хизмат итларидан фойдаланиш;

мажмуа буюртма қўриқхонаси ва қўриқланадиган зона режимини бузиб олиб борилаётган табиатдан фойдаланиш, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар ва тартибда тўхтатиб қўйиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


40. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлаш ходимлари учун мўлжалланган ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари, махсус воситалар турлари, хиллари (моделлари), сони ҳамда уларни сотиб олиш, сақлаш, ташиш, бериш, қабул қилиш, ҳисобга олиш ва фойдаланиш тартиби мажмуа буюртма қўриқхонаси бўйсунадиган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Идоравий ҳарбийлашган қўриқлаш хизматини махсус воситалар, ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари билан таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


41. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлов ходимлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторларининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланадилар.

Мажмуа буюртма қўриқхонасининг директори ва унинг ўринбосари (мавжуд бўлганда) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича катта инспекторларга тенглаштирилади, унинг қўриқлаш хизмати ходимлари эса - экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторларига тенглаштирилади.

42. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлаш ходимлари тасдиқланган дастурларга мувофиқ хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, ахлоқий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик курсларидан ўтадилар.

Курснинг дастури ва уни ўтказиш тартиби мажмуа буюртма қўриқхонаси бўйсунадиган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


43. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлаш ходимлари белгиланган тартибда ягона намунадаги формали кийим-бош ва фарқлаш белгилари билан таъминланади.

Мажмуа буюртма қўриқхонасининг қўриқлаш ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, шу жумладан мажмуа буюртма қўриқхонаси ҳудудига жангарилар тўдалари кириб келишлари ва ўрнашиб олишларига йўл қўймаслик мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда тегишли тадбирларни ўтказадилар.


44. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ҳудудларини қўриқлаш ишларига экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари жалб этилиши мумкин.



VIII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг мол-мулкини унга белгиланган тартибда қуйидагилар томонидан топширилган бино ва иншоотлар, ускуна ва жиҳозлар, пул маблағлари ташкил қилади:

мажмуа буюртма қўриқхонаси бўйсунувчи давлат органи томонидан;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан хайрия қилиш сифатида.

Мажмуа буюртма қўриқхонасининг мол-мулки унга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.


46. Мажмуа буюртма қўриқхоналари қуйидагилар ҳисобига молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари;

илмий-тадқиқот, табиатни муҳофаза қилиш, реклама-ноширлик ва маърифий фаолиятдан олинган даромадлар;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашдан тушган тушумлар;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик учун ундирилган жарима пуллари;

мусодара этилган овчилик қуроллари ва балиқчилик асбобларини реализация қилишдан, қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўлжа маҳсулотни сотишдан тушган пуллар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


47. Мажмуа буюртма қўриқхонаси ўзи бўйсунадиган давлат органи томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ маблағларни мустақил тасарруф этади.


48. Мажмуа буюртма қўриқхонаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юритаётган фаолиятни амалга ошириш бўйича ҳисобни юритади ва ҳисоботлар топширади.


49. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш штат жадвалига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


50. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг ходимлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳудуд коэффициентлари белгиланади.


51. Мажмуа буюртма қўриқхонасининг режимини бузганликда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Мажмуа буюртма қўриқхонасига етказилган зарарни қоплаш учун айбдор шахслардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда маблағлар ундирилади.


52. Мажмуа буюртма қўриқхонасини тугатиш ва қайта ташкил қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мажмуа буюртма қўриқхонасини енгилроқ режимли тоифадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудга ўтказиш мақсадида уни қайта ташкил этишга истисно ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўл қўйилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 1 август, 30-сон, 361-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 7-сон, 70-модда