Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 17.06.2016 й. 298-сон "Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.2016 й.

N 298



ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИГА МУВОФИҚ БЎЛМАГАН, ТАШКИЛОТЛАР

ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУН БИЛАН

ҚЎРИҚЛАНАДИГАН МАНФААТЛАРИНИ БУЗАДИГАН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ,

УЛАР МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ ШУНДАЙ

ҲАРАКАТЛАРИНИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИНИ)

ҚОНУНГА ХИЛОФ ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИ-

ДАГИ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШДА ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ  ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларининг эътибори давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар, агар низо иқтисодиёт соҳасидан келиб чиққан ва уни ҳал этиш қонун ҳужжатлари билан бошқа давлат органининг ваколатига киритилмаган бўлса, хўжалик судига тааллуқли эканлигига қаратилсин. Мазкур тоифадаги ишларни кўришда хўжалик судлари (бундан буён матнда судлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади), "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиши лозим.


2. Давлат органлари деганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва уларнинг ҳудудий органлари, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари) ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошқа органлар тушунилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деганда "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари тушунилади.

Бошқа органларнинг ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризалар бундан мустасно.


3. Мансабдор шахс деганда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс тушунилади.

4. Ҳар қандай манфаатдор шахс Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси, ХПК 1-моддасининг биринчи қисми, 23-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, иккинчи қисми, 24-моддаси биринчи қисмининг 9-банди, ФКнинг 12-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида, агар низолашилаётган ҳужжат тўла ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари) қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас, унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади, шунингдек унинг зиммасига ноқонуний равишда бирон бир мажбурият юклайди ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсиқларни вужудга келтириб чиқаради деб ҳисобласа, ХПКда белгиланган тартибда судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур Қарорнинг 3-бандида кўрсатилган шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотнинг ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органи мансабдор шахсларининг қарорлари ҳамда ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан низолашиш, агар бундай қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қоидаларидан келиб чиқса, хўжалик суди судловига тааллуқли эмас. Хусусан, дастлабки тергов органининг мол-мулкларга банд солиш, молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳужжатли тафтиш тайинлаш ва бошқа ҳолатлар юзасидан қабул қилган қарорлари, назорат қилувчи органининг хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар хўжалик суди судловига тааллуқли эмас.

4.1. Қонунга хилоф ҳаракатлар сифатида юридик аҳамиятга эга бўлган оқибатларни вужудга келтирувчи ҳолатлар, яъни мансабдор шахснинг қонун ва қонуности ҳужжатларга, шу жумладан, тегишли тартибда тасдиқланган низом ва йўриқномаларга зид равишда ҳаракатлар қилиши тушунилади.

Қонунга хилоф ҳаракатсизлик деганда мансабдор шахснинг ўз хизмат ваколати бўйича амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларни содир этмаслиги тушунилади.

Судлар ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) турлича кўринишда намоён бўлиши боис, ҳар бир вазиятда гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган исботлашнинг бошқа воситалари орқали мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилофлигини аниқлаши лозим.


4.2. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсиқлар ҳужжатнинг ҳақиқийлиги ҳақида ҳужжат талаб қилиш, уни янгилашни сўраш, қўшимча ҳаракатларни амалга ошириш ёки қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш, янги иш ўринлари яратишга тўсқинлик қилиш ёки асоссиз равишда янги иш ўринлари яратишни талаб қилиш ва шу кабиларда намоён бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари деганда қонун билан қўриқланадиган, бошқа шахсларнинг манфаатларига зид келмайдиган ва ҳуқуқларига путур етказмайдиган, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган, тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли ва нормал амалга ошириш билан боғлиқ манфаатлар тушунилади.


4.3. Прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар мазкур тоифадаги низолар юзасидан ХПКда белгиланган тартибда судга ариза тақдим этиши мумкин.


4.4. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ўзининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган тақдирда, бундай аризани қаноатлантириш рад этилади, мулк ҳуқуқини белгилайдиган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ариза бундан мустасно.


5. Агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат назарда тутилган бўлмаса, давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза судга манфаатдор шахс томонидан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида унга маълум бўлганидан кейин берилиши мумкин.


5.1. Агар давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсларининг ҳаракатлари натижасида ташкилотлар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбурият келтириб чиқарувчи ҳужжат қабул қилинса, манфаатдор шахс мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза билан эмас, балки шундай ҳаракатлар натижасида қабул қилинган ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


5.2. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар бўйича фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати қўлланилмайди, қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда судларнинг эътибори қаратилсинки, маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида махсус даъво муддати белгиланган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган даъво муддати эмас, балки ушбу муддат қўлланилади.

Маъмурий-ҳуқуқий муносабатни тартибга солувчи қонун ҳужжатида белгиланган даъво муддатининг ўтганлиги билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.

Фуқаровий-ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирувчи давлат органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топишда ФКда назарда тутилган даъво муддати қўлланилади.


6. Давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризада ХПК 112-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган маълумотлар, шу жумладан:

1) низолашилаётган ҳужжатни қабул қилган давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг номи;

2) низолашилаётган ҳужжатнинг номи, тартиб рақами, чиқарилган санаси ва бошқа маълумотлар;

3) аризачининг фикрига кўра, низолашилаётган ҳужжат ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари) билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) аризачининг фикрига кўра, низолашилаётган ҳужжат ёки унинг маълум қисмига (алоҳида қоидаларига) мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатлари;

5) аризачининг низолашилаётган ҳужжат ёки унинг маълум қисмини (алоҳида қоидаларини) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби кўрсатилади.

Агар давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қабул қилинган ҳужжати туфайли зарар етказилган бўлса, аризада етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб ҳам кўрсатилиши мумкин.


6.1. Аризага ХПК 114-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Низолашилаётган ҳужжатнинг нусхаси бўлмаган тақдирда, аризачи ушбу ҳужжатни давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Бундай илтимоснома аризада ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин.

Ҳақиқий эмас деб топилиши сўралаётган ҳужжатнинг аризага илова қилинмаганлиги аризани ХПК 118-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ қайтариш учун асос бўлмайди.

Агар аризада ҳужжатнинг санаси ва рақами кўрсатилган бўлиб, суд томонидан ишни кўриш жараёнида айнан мазкур санадаги ва рақамдаги ҳужжат мавжуд эмаслиги ёки унинг низога алоқаси йўқлиги аниқланса, билдирилган талабни қаноатлантириш рад этилади.


6.2. Мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризада ХПК 112-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган маълумотлар, шу жумладан:

1) шикоят қилинаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг фамилияси, исми ва отасининг исми, мансаби, у меҳнат муносабатларида бўлган тегишли органнинг номи;

2) шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) нимада ифодаланиши, ҳаракатлар содир этилган сана, вақт ва жой;

3) аризачининг фикрига кўра, содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) аризачининг фикрига кўра, содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатлари;

5) аризачининг мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби кўрсатилади.

Суд ижрочисининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризада, шунингдек суд ижрочисининг ижрога оид шикоят қилинаётган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ ижро ҳужжати тўғрисидаги маълумотлар ҳам баён этилади.

Агар мансабдор шахсларнинг содир этилган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли зарар етказилган бўлса, аризада етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб ҳам кўрсатилиши мумкин.


6.3. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилинганда, аризада жавобгар сифатида мансабдор шахс эмас, балки давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи кўрсатилади. Мансабдор шахс бошқа ишга ўтган ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ҳолларда ҳам у меҳнат муносабатларида бўлган давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи жавобгар бўлади.

Судлар инобатга олишлари керакки, агар аризада жавобгар сифатида давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси кўрсатилган бўлса, аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.

Агар талаб давлат органининг ўзига эмас, балки унинг юридик мақомга эга бўлмаган алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, давлат органининг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади.


6.4. Ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилотнинг тугатилганлиги аризани ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилишни рад этишга асос бўлади, ушбу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 4-бандига асосан тугатилади, ташкилотни тугатиш тўғрисидаги давлат органининг ҳужжати устидан берилган ариза бундан мустасно.

Низолашилаётган ҳужжатни чиқарган ёки унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган давлат органи тугатилиб, унинг вазифалари бошқа давлат органига берилган ҳолда, ушбу давлат органи иш бўйича жавобгар ҳисобланади. Шу муносабат билан, судлар бундай ҳолда тугатилган давлат органини ХПКнинг 39-моддасига мувофиқ унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириш масаласини ҳал этиши лозим.


7. Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинган қарор, буйруқ, кўрсатма, ордер, гувоҳнома ва шу каби ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи бошқа ҳужжатлар, агарда улар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган тақдирда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Шундай ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи органлар ходимлари томонидан текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатномаларни (товарларни ва ҳужжатларни вақтинча олиб қўйиш тўғрисидаги далолатномаларни, маълумотномаларни, хулосаларни, баённомаларни ва ҳоказоларни), мансабдор шахсларнинг берган топшириқларини (оғзаки ёки ёзма кўрсатмаларини, хатларини), шунингдек бирон-бир ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайдиган бошқа ҳужжатларни (масалан, ер участкасини танлаш далолатномасини, хулосасини, суд ижрочисининг мулкни кўздан кечириш далолатномасини ва ҳоказоларни) ҳақиқий эмас деб топиш, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини бекор қилиш, ноқонуний (қонунга хилоф), қонуний деб топиш, бекор қилинган ҳужжатни ўз кучида қолдириш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш каби талаблар судда кўриб чиқилмайди.

Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳақиқий эмас деб топиш сўралаётган ҳужжати фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлиб, аммо низо иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келган бўлмаса, бундай низо судга тааллуқли ҳисобланмайди. Шу боис, бундай талаб билан судга мурожаат қилинганда, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.


8. Судларга тушунтирилсинки, шартномалар ва бошқа битимлардан келиб чиқадиган низолар бўйича (масалан, шартнома бўйича маҳсулот ҳақи тўланмаганлиги ёки маҳсулот етказиб берилмаганлиги учун) мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилинган тақдирда, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.


9. ХПК 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилади.

Мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда, ушбу ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунга мувофиқлигини исботлаш мажбурияти тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг зиммасига юклатилади.

Агар ҳужжатни қабул қилган орган унинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни, шунингдек қабул қилинган ҳужжатнинг ёки содир этилган ҳаракатнинг (ҳаракатсизликнинг) қонун ҳужжатларига мувофиқлигини, аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигини исботлай олмаса, талаб қаноатлантирилади.

Ўз навбатида, аризачи ҳам низолашилаётган ҳужжат, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини асослаб бериши лозим.

ХПКнинг 55-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги низолар бўйича исботлаш мажбурияти жавобгар зиммасига юклатилганлиги сабабли, судлар жавобгарни суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда хабардор қилиши лозим. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган жавобгарнинг суд мажлисига келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, қабул қилинган ҳужжат ёки содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида талаб билдирилганда, зарар миқдорини исботлаш мажбурияти аризачи зиммасига юклатилади.


10. Давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда аризачининг аризасига кўра, ХПК 77-моддаси биринчи қисмининг 4-1-бандига асосан низолашилаётган ҳужжатнинг ижроси тўхтатиб турилиши мумкин.

Мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда аризачининг аризасига кўра, ХПК 77-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган даъвони таъминлаш чоралари қўлланилиши мумкин.

Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёки бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, хўжалик судлов ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Судларнинг эътибори, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг учинчи қисмига кўра, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларининг ижроси тўхтатиб турилмаслигига қаратилсин.


11. Судлар инобатга олишлари лозимки, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича ХПК 76-моддасининг иккинчи қисмига асосан даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сонли Фармони 3-бандининг талабидан келиб чиқиб, судлар инобатга олишлари лозимки, етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида зарар тегишли давлат органидан, биринчи навбатда, унинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирилиши кўрсатилади. Шу муносабат билан, судлар бундай тоифадаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини иккинчи жавобгар сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиши лозим.


12. Мазкур тоифадаги ишлар бўйича низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби мажбурий ҳисобланмайди ва бундай тартибга риоя қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъи назар, агар аризани қабул қилишни рад этиш (ХПК 117-моддасининг биринчи қисми) ёки аризани қайтариш (ХПК 118-моддасининг биринчи қисми) учун асослар бўлмаса, ариза иш юритишга қабул қилиниши шарт.


13. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан мазкур тоифадаги ишлар ХПКда назарда тутилган даъво бўйича иш юритишнинг умумий қоидалари асосида, бундай низоларни ҳал этишга оид хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, ХПК 125-моддасининг иккинчи қисмига кўра, аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади (ХПК 26-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан кўриладиган ҳокимият олий органларининг норматив характерга эга бўлмаган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно). Ишни кўриш жараёнида қарши даъво тақдим қилинган тақдирда ҳам иш ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади (ХПК 125-моддасининг учинчи қисмига асосан ишни кўриш муддати узайтирилган ҳоллар бундан мустасно).

ХПК 125-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин, ишни кўришнинг умумий муддати бир ярим ойдан ошиши мумкин эмас. Қарши даъво иш юритувга қабул қилинганда ишни кўриш янгидан бошланади. Аммо, ишни кўриш янгидан бошланиши ХПКнинг 125-моддасида назарда тутилган ишни кўриш муддатининг янгидан ҳисоблашга асос бўлмайди.


14. Судларнинг эътибори бу тоифадаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жавобгар сифатида қатнашиши, ишларни кўриш муддатларининг қисқартирилганлиги, низолашилаётган ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти уларни қабул қилган давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилганлиги, ҳужжатнинг (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган тақдирда ижро варақаси берилмаслиги, суднинг ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилиши ҳамда бошқалардан иборат эканлигига қаратилсин.


15. Мазкур тоифадаги ишларни кўришда давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раҳбарлари ҳамда вакиллари тушунтириш бериш учун ХПКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисига чақиртирилишлари мумкин.

Ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган ушбу шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги ишни кўришга тўсқинлик қилмайди.


16. Суд мазкур тоифадаги ишларни кўришда низолашилаётган ҳужжат ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари)нинг, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширади, шунингдек ҳужжатни қабул қилган тегишли орган ва мансабдор шахснинг ваколатини, иқтисодиёт соҳасида аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган ёки бузмаганини аниқлайди.


17. Суд давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжати ёки унинг айрим қисмлари, мансабдор шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслигини ҳамда бунинг натижасида аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганини аниқласа, ҳужжатни (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб, мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топади. Бунда кўрсатилган ҳолатларнинг бир пайтда мавжуд бўлишига эътибор бериш керак.


18. Агар иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар низолашилаётган ҳужжат уни қабул қилган орган ёки юқори турувчи орган томонидан бекор қилинган бўлса, низо бартараф этилганлиги муносабати билан ҳужжатни (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Низолашилаётган ҳужжатнинг бекор қилинганлиги аризачининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ФКнинг 11-моддасида назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиш, шу жумладан етказилган зарарларни айбдор шахслардан ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.


19. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳужжатининг қабул қилиниши ва юборилишида қонун ҳужжатларида назарда тутилган муддатларнинг бузилганлиги (агар қонун ҳужжатларда бошқача назарда тутилган бўлмаса), юрисконсульт визаси ва (ёки) ёзма хулосасининг олинмаганлиги, бошқа соҳа мутахассислари билан келишилмаганлиги ва шу каби бошқа ҳолатлар ушбу ҳужжатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат деб ҳисоблашга ва уни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлмайди.


20. Агар талаб давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳужжатининг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан қўйилган бўлса-да, аммо ҳужжатнинг низолашилаётган мазкур қисми қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳамда ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган деб топилса, бироқ бошқа қисмлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ҳам, суд билдирилган талабдан четга чиқиш ҳуқуқига эга эмаслигидан келиб чиқиб, талабни қаноатлантиришни рад этади.


21. Назорат қилувчи органнинг хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги арз қилинган талабини қаноатлантириш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, ХПК 60-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ айнан шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда назорат қилувчи орган томонидан янгидан исбот қилинмайди. Чунки, суд хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги ишни кўришда ХПК 155-17-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар билан бирга назорат қилувчи орган томонидан текширишнинг қонуний ўтказилганлиги ва асослилиги, текширишнинг даврийлиги ва муддатлари, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмаганлиги (текшириш учун асос бўлган ҳужжатларнинг тақдим этилганлиги, текширишларни қайд этиш дафтарига ёзувлар киритилганлиги, давлат сири ёки тижорат сирининг сақланиши таъминланганлиги, текшириш ҳужжатларининг расмийлаштирилганлиги ва хўжалик юритувчи субъектга топширилганлиги)га ҳуқуқий баҳо беради. Шу муносабат билан хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасининг қўлланилишига асос бўлган назорат қилувчи орган ҳужжатининг шу қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Ушбу қоида дастлаб давлат органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида иш кўрилган бўлиб, сўнгра хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисида талаб билдирилган ҳолда ҳам татбиқ этилади.


22. Мазкур тоифадаги ишни кўриш натижаси юзасидан суднинг ҳал қилув қарори ХПКнинг 18-бобида назарда тутилган қоидалар бўйича қабул қилинади.


22.1. Судлар инобатга олиши лозимки, ХПК 143-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорида мазкур тоифадаги ишларни кўришда махсус процессуал норма бўлган ХПКнинг 143-моддаси қўлланилгани кўрсатилиши ва ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:

1) ҳужжатнинг номи, тартиб рақами, чиқарилган санаси, бошқа зарур реквизитлари ва уни чиқарган орган тўғрисидаги маълумотлар;

2) ҳужжатни тўла ёки унинг маълум қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ёхуд аризачининг талабини тўла ёки унинг маълум қисмини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги кўрсатма;

3) қабул қилинган ҳужжат туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш лозимлиги тўғрисидаги кўрсатма, шундай талаблар мавжуд бўлган тақдирда, акс эттирилиши керак.


22.2. Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) нимада ифодаланганлиги ва уларни қонунга хилоф деб топишга асос бўлган қонун ҳужжатлари, хулоса қисмида эса:

1) шикоят қилинаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, мансаби, у меҳнат муносабатларида бўлган тегишли органнинг номи, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) нимада ифода этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

2) шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатининг номи, тегишли моддаси (банди);

3) шикоят қилинаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш, муайян ҳаракатларни бажариш мажбурияти ва аризачининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига йўл қўйилган ҳолатларни бартараф этиш ёки аризачининг талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги кўрсатма;

4) талабни қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ижроси тўғрисида тегишли орган томонидан судга хабар бериш лозимлиги тўғрисида кўрсатма;

5) ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш лозимлиги тўғрисидаги кўрсатма, шундай талаблар мавжуд бўлган тақдирда, акс эттирилиши керак.


23. ХПК 146-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади.

Мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ҳам ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб дарҳол ижро этилади.


24. Судлар инобатга олиши лозимки, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари юзасидан ижро варақаси берилмаса-да, зарарлар ундирилган тақдирда, ушбу зарарларни ҳамда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини (почта харажатлари, экспертизани ўтказиш харажатлари, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа харажатларни) ундириш тўғрисидаги ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг берилади.


25. Суднинг билдирилган талабни қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилган ҳужжат ёки унинг маълум қисми бажарилмайди ва у қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмаслиги сабабли, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди. Шу боис, агар низолашилаётган ҳужжатни ҳақиқий эмас, мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги талаб билан бирга уларнинг оқибатини қўллаш ҳақида талаб қўйилмаган бўлса, бундай талаб алоҳида даъво аризасида билдирилиши мумкин.

Судлар инобатга олиши лозимки, давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда, суд ўз ташаббуси билан ҳужжатнинг ҳақиқий эмаслиги ёки ҳаракатларнинг (ҳарактсизликнинг) қонунга хилофлиги оқибатларини қўллашга ҳақли эмас.


26. Судларга тушунтирилсинки, ХПК 24-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига мувофиқ давлат солиқ хизмати органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатини, шу жумладан солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳудудий комиссияларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишга рухсат бериш тўғрисидаги ҳужжатлари юридик оқибат келтириб чиқариши сабабли, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар ҳам судга тааллуқли бўлиб, бундай низолар бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари жавобгар ҳисобланади. Шу боис, агар аризада жавобгар сифатида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссияси кўрсатилган бўлса, судлар аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлашда ХПК 122-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ишда жавобгар сифатида иштирок этиш учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ёки унинг ҳудудий органини жалб этиш масаласини кўриб чиқиши лозим.

Агарда аризада жавобгар сифатида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (унинг ҳудудий комиссияси) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (унинг ҳудудий органи) кўрсатилган бўлса, судлар ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига (унинг ҳудудий комиссиясига) нисбатан иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатиши лозим.

26.1. Солиқ кодекси 122-моддасининг мазмунига кўра, ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органларининг қарорларини (бутунлай ёки қисман) бекор қилиш тўғрисидаги шикоят, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят билан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки мазкур қарорни (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Солиқ кодекси 123-моддасининг учинчи қисмида тегишинча шикоят бўйича давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан қарор қабул қилингунига қадар ёки суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинаётган (низолашилаётган) қарорнинг ижро этилиши, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ундирилиши, молиявий санкцияларнинг қўлланилиши тўхтатиб турилиши назарда тутилган. Аммо, бу қоида давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан бирга ушбу қарорнинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан ҳам судга мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Солиқ тўловчи томонидан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят берилганлиги, давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, солиқ тўловчи томонидан давлат солиқ хизмати юқори турувчи органига мурожаат қилинмаганлиги солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органи қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этиш ёки кўрмасдан қолдириш ёхуд иш юритишни тугатиш учун асос бўлмайди.

Ушбу қоидалар давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруғини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда ҳам татбиқ этилади.


26.2. Судларнинг эътибори Солиқ кодекси 104-моддасининг еттинчи қисмига кўра, давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг мазкур Кодекснинг 15-боби қоидаларига риоя этмаганлиги давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкинлигига қаратилсин. Шунга кўра, давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари томонидан солиқ текширувини ўтказиш ва солиқ текшируви материалларини кўришда Солиқ кодексининг 15-боби қоидаларига риоя этилгани ҳам текширилиши лозим.

Давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруғини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан бундай буйруқни чиқаришда Солиқ кодексининг 14-боби қоидаларига риоя этилганлиги ҳам текширилиши керак.


27. Судларнинг эътибори қаратилсинки, "Рақобат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 34-моддасининг биринчи қисмига кўра, монополияга қарши органнинг қарори билан бирга қарор асосида бериладиган кўрсатмани ҳам бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиниши мумкин.

Қайд этилган Қонун 34-моддасининг иккинчи қисмида бундай ариза берилганлиги монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) ижросини ариза кўриб чиқиладиган вақт мобайнида тўхтатиб туриши белгиланган. Бироқ, бу қоида қарорни (кўрсатмани) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан бирга ушбу ҳужжатнинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан ҳам судга мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.


28. Судлар инобатга олиши лозимки, монополияга қарши органнинг қарори ва унинг асосида берилган кўрсатмани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар битта талаб ҳисобланади. Шу боис, талабни қаноатлантириш рад этилганда, аризачидан (агар у давлат божи тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат божи фақат битта талаб бўйича ундирилади.


29. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (бундан буён матнда Суд департаменти деб юритилади) туман (шаҳар) бўлими юридик шахс бўлмаганлиги сабабли, унинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим билан ХПК 122-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ишда иштирок этиш учун Суд департаментининг ҳудудий бошқармаси жавобгар сифатида жалб этилиши лозим.

ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида Суд департаментининг туман (шаҳар) бўлимига нисбатан талаб бўйича иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилиши лозим.

Мазкур қоида нафақат Суд департаментининг туман (шаҳар) бўлимига, балки бошқа давлат органларининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмаларига ҳам тааллуқлидир.


30. Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжати бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилишидан қатъи назар, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божи тўлашдан озод этилмаган бўлса) энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида ундирилади.

Мансабдор шахснинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги аризалар бўйича, содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) нимада ифодаланганлигидан қатъи назар, давлат божи энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида ундирилади.


31. "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларининг мазмунига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади. Шу муносабат билан, судлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда жавобгар сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органи эмас, балки ушбу фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлишига эътибор бериши лозим.


32. Судлар юридик шахслар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўйилган, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилинган, мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари, қонун ҳужжатлари бузилган ҳар бир ҳолат бўйича давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг қонунда белгиланган жавобгарлиги масалаларини ҳал этиш, қонун бузилиши ҳолатларини келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни ўрганиб, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Олий хўжалик суди раиси

К. Камилов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

  

К. Давлетова

         




































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск