ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар /

Ўзбекистон Республикасининг 16.09.2016 й. ЎРҚ-407-сон "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.08.2016 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2016 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.09.2016 й.

N ЎРҚ-407



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг (бундан буён матнда ички ишлар органлари деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ички ишлар органларининг асосий вазифалари

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.



3-модда. Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчилик

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)

Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


4-модда. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишлари

Ички ишлар органлари фаолиятни ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш;

терговга қадар текширувни, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш;

жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, шу жумладан террорчилик ҳаракатларига чек қўйишда ҳамда гаровга олинганларни озод қилишда иштирок этиш йўли билан курашиш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлаш;

эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш, шунингдек шахсларни қидириш бўйича ишларни ташкил этиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

паспорт тизими талабларининг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, доимий ва вақтинча яшаш учун рухсатномаларни беришга ҳамда расмийлаштиришга доир ишларни, паспорт тизимига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишни амалга ошириш;

фуқаровий ва хизмат қуролининг ҳамда унинг ўқ-дориларининг, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, шунингдек пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш;

эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш;

давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;

ҳарбий-сафарбарлик ишларини ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш;

қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.



5-модда. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.



6-модда. Қонунийлик принципи

Ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига аниқ риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ички ишлар органларининг ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатларини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқликни, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.



7-модда. Ягоналик принципи

Ички ишлар органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган ягона тизимни ташкил этади.



8-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар,

эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи

Ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.

Ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи фаолияти, агар қонуний мақсадга эришилган бўлса ёки ушбу мақсадга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш орқали эришиб бўлмаслиги ёки эришилмаслиги кераклиги аниқланса, дарҳол тўхтатилади.

Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт.

Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ички ишлар органлари фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ички ишлар органлари ҳар бир фуқарога ўзларида мавжуд бўлган, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳужжатлар ҳамда материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида:

ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши;

фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

Ички ишлар органи ходими ўзига фуқаро мурожаат этган тақдирда, ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, уни диққат билан эшитиши, ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриши ёхуд қўйилган масалани ҳал этиш кимнинг ваколатига киришини тушунтириши шарт.



9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқига эга, фойдаланилиши қонун билан чекланган ахборот бундан мустасно.

Ички ишлар органлари "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланилишини таъминлайди.



10-модда. Ички ишлар органи ходими қонуний

талаблари бажарилишининг мажбурийлиги

Ички ишлар органи ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талабларини, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширувлар материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, ички ишлар органига келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талабларини барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади.

Ички ишлар органи ходимининг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.



11-модда. Ички ишлар органларининг бошқа

органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги

Ички ишлар органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда аниқланган жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларга оид мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборотни алмашишни, шу жумладан электрон шаклда алмашишни, шунингдек бошқа ахборотни алмашишни амалга оширади.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларни фош этишда, жиноят ишларини тергов қилишда, жиноятчиларни қидиришда, бедарак йўқолганларнинг турган жойини аниқлашда, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ички ишлар органларига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт.



12-модда. Фан ютуқларидан, замонавий технологиялардан

ва ахборот тизимларидан фойдаланиш

Ички ишлар органлари ўз фаолиятида фан ютуқларидан, замонавий технологиялардан ва ахборот тизимларидан фойдаланади.

Ички ишлар органлари жисмоний ва юридик шахсларга ушбу органларнинг ваколатларига тааллуқли электрон давлат хизматлари кўрсатилишини, шунингдек ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатга олишнинг, давлат хизматлари кўрсатиш жараёни тўғрисидаги хабарномаларнинг электрон шакллари қўлланилишини қонунчиликка мувофиқ таъминлайди.

Ички ишлар органлари жамоат тартибини, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, уларни аниқлашда, уларга чек қўйишда, уларни фош этишда, тергов қилишда ҳамда жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши ҳолатларини, ҳодисалар ҳолатларини ҳужжатлаштиришда, шу жумладан жамоат жойларида, шунингдек ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажараётган ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларини қайд этиш учун техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиши мумкин.

Ички ишлар органларида давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш, шу жумладан криптографик воситаларни қўллаган ҳолда техник жиҳатдан муҳофаза қилиш таъминланади.



2-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ


13-модда. Ички ишлар органларининг тизими

Ички ишлар органларининг тизими Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармалари (бўлимлари), жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг ўта муҳим ва тоифаланган объектлардаги бўлинмалари, шаҳарча ички ишлар бўлинмалари, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ҳамда ички ишлар органларининг таянч пунктлари, шунингдек таълим ва тиббиёт муассасалари, ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлардан иборатдир.

Ички ишлар органлари тизимига ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланадиган қоровул қўшинлари ҳамда халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинлар ҳам киради.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига, қонунчиликка мувофиқ айрим масалалар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотни йилига икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этади.

Ички ишлар органларининг ташкилий-штат тузилиши ва штат сонининг энг юқори чегараси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



13-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари олдида ҳисобдорлиги

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида, уларнинг ўринбосарлари - Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари жамоат хавфсизлиги ҳақида ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.

Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари -Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари жамоат хавфсизлиги ҳақида ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг профилактика катта инспекторлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида ҳар олти ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва ишларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш чоғида танқидий жиҳатдан муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига шахсан баҳо берилади, шунингдек эгаллаб турган лавозимига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади.



14-модда. Ички ишлар органларининг мансабдор

шахсларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тасдиқланади ва лавозимидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари бошлиқларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ушбу модданинг биринчи - бешинчи қисмларида кўрсатилмаган ички ишлар органлари ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


15-модда. Ички ишлар органларининг таянч пунктлари

Ички ишлар органларининг таянч пунктлари туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ҳамда қишлоқларда, овулларда ва маҳаллаларда жамоат тартиби сақланишини, фуқаролар хавфсизлигини, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлайдиган асосий қуйи бўғинидир.

Ички ишлар органларининг таянч пунктлари фаолиятни профилактика катта инспекторлари, инспекторларидан ва уларнинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларидан иборат таркибда амалга оширади.

Профилактика инспекторлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори билан лавозимга тасдиқланади.

Профилактика инспекторлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

Ички ишлар органларининг таянч пунктлари ишини ташкил этиш учун ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари ҳам жалб этилиши мумкин.


15-1-модда. Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ички ишлар органларининг фаолиятини бевосита маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, шунингдек фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг ҳамкорликда ишлашини маҳаллалар кесимида ташкил этиш бўйича амалга оширадиган таркибий тузилмаси ҳисобланади.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ўз фаолиятини қуйидаги таркибда амалга оширади:

профилактика катта инспектори, профилактика инспектори, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси (ҳар кунлик асосда);

мазкур ҳудудда хизматни ўташ учун бириктирилган туман (шаҳар) ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, пробация бўлинмаси инспектори, тезкор вакил, патруль-пост хизмати ходимлари;

жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кўмаклашиш учун юборилган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия бўлинмасининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг ходимлари, шунингдек жамоат тузилмаларининг вакиллари.



3-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


16-модда. Ички ишлар органларининг мажбуриятлари

Ички ишлар органлари:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриши;

жамоат жойларида, шу жумладан кўчаларда, майдонларда, истироҳат боғларида, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши;

жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни, шу жумладан электрон шаклдаги шундай аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни қабул қилиши ҳамда рўйхатга олиши, мурожаат этувчига қонунчиликда белгиланган тартибда кейинчалик хабар берган ҳолда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриши;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга, ҳодиса жойига дарҳол етиб келиши, ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиши, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатларини, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса изларининг сақланишини таъминлаши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ҳамда бошқа хоналарига мулкдорларнинг ва улар вакилларининг хоҳишига хилоф тарзда ёки улар йўқлигида ички ишлар органлари ходимлари кирганлигининг барча ҳоллари тўғрисида йигирма тўрт соат ичида прокурорни ёзма шаклда хабардор қилиши;

жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда ёки ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиши;

ўз ваколатлари доирасида жиноятлар фактлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиши;

жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош этиш, шунингдек уларни тайёрлаш ва содир этишга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда топиш чораларини кўриши;

айрим процессуал ҳаракатларни бажаришда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга, суриштирув ва тергов органларига, судга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда ёрдам бериши;

жиноят ишлари бўйича, зарур бўлган ҳолларда эса жиноят иши қўзғатилгунига қадар, экспертизаларни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича экспертизаларни, шунингдек тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мақсадида нарсалар ва ҳужжатларни текширишни тайинлаши ҳамда ўтказиши;

шахси таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаши;

соғлиғининг ҳолатига, ёшига кўра ёки бошқа сабабларга кўра ўзи тўғрисида маълумотлар бера олмайдиган шахсларни идентификация қилиш чораларини кўриши;

чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримларини, прокурорнинг, терговчининг суриштирувчининг ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг қарорларини бажариши;

маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахсларни қамоқда сақлаши;

ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни қамоқда сақлаш жойларида сақлаши ҳамда қўриқлаши, маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига тақсимлаши;

жазони ижро этиш муассасаларида ҳамда қамоқда сақлаш жойларида маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг сақланиш шароитларини ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаши;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни кейинчалик мажбурий йўсинда даволаш учун, ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни ва маҳкумларни, шунингдек маъмурий қамоққа олинган шахсларни қўриқлаб боришни ва бошқа ерга кўчиришни амалга ошириши;

уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг ижро этилишини назорат қилишни амалга ошириши;

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазоларни, шунингдек жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини қонунга мувофиқ ижро этиши;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар устидан маъмурий назоратни суднинг қарори асосида амалга ошириши;

транспорт воситасини бошқаришга бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини уларнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисидаги суд қарорларини ижро этиши;

сурункали ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган, озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларни мажбурий тарзда даволашни суднинг ҳукми, ажрими ва қарори асосида амалга ошириши;

жазони ижро этиш муассасаларининг, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг, тергов ҳибсхоналарининг, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг, ички ишлар органлари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг, аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг ва ички ишлар органлари кинология бўлинмаларининг фаолиятини таъминлаши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриши;

қонунда назарда тутилган шахсларнинг профилактик ҳисобини юритиши;

профилактика тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш мақсадида жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг, уларни содир этган шахсларнинг, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг, қидирув эълон қилинганларнинг, бедарак йўқолганларнинг, фуқаровий ва хизмат қуролига эга бўлганларнинг ҳисобини юритиши, ушбу маълумотларнинг таҳлилини амалга ошириши ҳамда профилактика тадбирларини ўтказиши;

ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаши ва улар билан якка тартибда профилактика ишларини олиб бориши;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши;

ҳуқуқбузарликлар ёки ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни, шунингдек назоратсиз ва қаровсиз қолганларни ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, яшаш, тарбияланиш ва таълим олиш учун алоҳида шароитларга муҳтож бўлган вояга етмаганлар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд ҳудудий ички ишлар органининг хизмат биносига олиб бориши;

ижтимоий реабилитация ва ижтимоий мослаштириш чораларини кўриши;

таносил касалликларига, одамнинг иммунитет танқислиги вирусига (ОИВ инфекциясига), руҳий ҳолати бузилиши хасталигига, сурункали ичкиликбозликка, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка чалинган, шунингдек психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қиладиган, чақирув бўйича етиб келишдан бўйин товлаган шахсларни олиб келишда соғлиқни сақлаш муассасаларига қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда кўмаклашиши;

авариялар, фалокатлар, ёнғинлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда аҳолини хабардор қилиш, одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳудуднинг зарур участкаларини ўраб олиш (тўсиш) юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши, шунингдек қаровсиз қолган мол-мулкни қўриқлашга доир вазифаларни бажариши;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳолларда унинг ҳуқуқий режимини таъминлашда иштирок этиши;

транспорт воситаларининг, йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳисобини юритиши ва уларни рўйхатга олиши, йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириши;

шахсни мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг транспорт воситасини бошқаришдан четлатилишини ҳамда мастлик ҳолатини аниқлаш учун уни белгиланган тартибда текширувдан ўтказилишини таъминлаши;

техник ҳолати хавфсизлик бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар бажарилмаётган бўлса, кўчалар ва йўлларда таъмирлаш-қурилиш ишлари ҳамда бошқа ишлар ўтказилишини чеклаши ёки тақиқлаши;

йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларига мос келмайдиган йўллардан ҳамда темир йўлдан ўтиш жойларидан фойдаланишни тақиқлаши;

Ўзбекистон Республикасида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг марказлаштирилган ҳисобини ҳамда ягона маълумотлар базасини юритиши;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишга доир материалларни тайёрлашда иштирок этиши;

хавф таҳдид солган тақдирда, судьяларнинг, прокурорларнинг, терговчиларнинг, суриштирувчиларнинг, жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриши;

ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахслардан олиб қўйилган, шунингдек топилган ва ички ишлар органларига топширилган ҳужжатлар, қимматбаҳо буюмлар, ашёлар ва бошқа мол-мулкнинг сақланишини таъминлаши, уларни қонуний эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ихтиёрига топшириш чораларини кўриши;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, шунингдек ички ишлар органлари томонидан қўриқланиши керак бўлган ўзга объектларни қўриқлашни амалга ошириши;

эгасиз мол-мулк ва хазиналар тегишинча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ёки юридик шахслар ихтиёрига топширилгунига қадар уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши;

ўта хавфли ва махсус юкларни қўриқлаш ҳамда кузатиб бориш тадбирларини амалга ошириши;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига идентификацияловчи ID-карталарни ёки хорижга чиқиш учун биометрик паспортларни, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга идентификацияловчи ID-карталарни, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжатларини, шунингдек чегара зонасига кириш учун рухсатномалар беришни ҳамда уларни алмаштиришни, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш ҳамда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни амалга ошириши, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш масалаларини кўриб чиқиши;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан қалбакилик белгилари бўлган ҳужжатларни, шунингдек тегишли асосларсиз уларда бўлган, муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсаларни баённома тузган ҳамда унинг кўчирма нусхасини мазкур фуқароларга ва мансабдор шахсларга берган ҳолда олиб қўйиши;

топиб олинган ва ихтиёрий равишда топширилган саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар, алюминий кукунлари ва қурумларининг тегишли ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан қабул қилиниши ҳамда сақланиши, шунингдек уларнинг реализация қилиниши ёки йўқ қилиб ташланишини таъминлаш чораларини кўриши;

хизматга доир ахборотнинг, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаши;

карантин, санитария-эпидемиология тадбирларини, экологияга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир тадбирларни ўтказишда иштирок этиши ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича чоралар кўриши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни амалга ошириши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда фан ва технологиялар ютуқларини ривожлантириши ҳамда улардан фойдаланиши, янги усулларни, техник ва бошқа воситаларни жорий этиши;

маълумот-ахборот фондларини шакллантириши, криминалистик ҳисоб-ахборот тизимини яратиши, тезкор-қидирув ва кадрларга оид ҳисобларни, давлат статистика ҳисоботини ва бошқа статистика ҳисоботини юритиши шарт.

Ички ишлар органларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


17-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари

Ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фуқаролардан қонунчиликка риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;

ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;

агар терговга қадар ва тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув ва қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, шунингдек уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳамда ушлаш учун, агар бунинг кечиктирилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳудудига, турар жойларига ва бошқа биноларига, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кириш (ошиб тушиш);

фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш;

жиноят ишларини тергов қилиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар ҳамда хабарларни кўриб чиқиш доирасида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, шунингдек давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш;

террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада жисмоний шахсларни шахсий кўрикдан ўтказишни, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўрикдан ўтказишни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларини қўллаган ҳолда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш;

ички ишлар органлари юритувидаги ишлар ва материаллар бўйича фуқароларни, мансабдор шахсларни ички ишлар органларига чақиртириш, улардан зарур тушунтиришлар, маълумотлар, ҳужжатлар, маълумотномаларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини олиш;

фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам берган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни тақдирлаш;

ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган ҳоллар мустасно;

ҳуқуқбузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларига, бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга бажарилиши шарт бўлган тақдимномалар киритиш;

жиноятларнинг ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни фош этиш мақсадида зарур маълумотлар базаларига эга бўлган ахборот тизимларини техник ва махсус воситалардан фойдаланган ҳолда яратиш;

жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ушлаш, ички ишлар органларига олиб бориш ва қамоқда сақлаш;

жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган ҳарбий хизматчиларни улар ҳарбий патрулга, ҳарбий комендантга, ҳарбий қисмлар командирларига топширилгунига қадар ушлаб туриш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ушлаш ва ички ишлар органларига олиб бориш;

қамоқда сақланаётган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни, шахсини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда бошқа ушлаб турилган шахсларни, шунингдек қонунга мувофиқ ўзга шахсларни рўйхатга олишни, фотосуратга олишни, уларнинг овозини ёзиб олишни, уларни кино- ва видеотасвирга туширишни, бармоқ изларини олишни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган ёхуд шартли ҳукм қилинган шахсларни назорат қилиш бўйича чоралар кўриш;

ўзига нисбатан тайинланган тиббий ва тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чораларини ўташдан бўйин товлаётган шахсларни ушлаш ва махсус муассасаларга олиб бориш;

аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларига олиб бориш, шунингдек уларни шахси аниқлангунига қадар судларнинг ажримлари асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан жиноятлар ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ва маъмурий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш учун бепул фойдаланиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун имтиҳонлар қабул қилиш ҳамда гувоҳномалар бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга ошираётган таълим муассасалари устидан назорат олиб бориш;

автомототранспорт воситаларининг ҳамда уларнинг тиркамаларининг мажбурий давлат техник кўригини ва рўйхатдан ўтказилишини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, йўл ҳаракатини тартибга солиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш;

автомототранспорт воситаларидан фойдаланишда атмосфера ҳавоси ифлосланиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш;

зарур бўлган ҳолларда, транспорт воситаларини тўхтатиш ҳамда уни бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш, ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда транспорт воситаларини ва шахсларни ушлашни, кўрикдан ўтказишни амалга ошириш, шахсларни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиб қўйиш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойга қўйиш учун олиб бориш;

махсус автомобилларни, чет эл делегацияларини, автомобиль колонналарини, қимматбаҳо, йирик габаритли ва хавфли юкларни кузатиб боришни амалга ошириш;

йўллар ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга ошириш;

белгиланган паспорт тизими қоидаларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва мансабдор шахслар томонидан риоя этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш қоидаларига чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

паспорт режими қоидаларига, шунингдек бажарилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш амалга оширилаётганда фуқароларнинг турар жойларига ва бошқа биноларига уларнинг розилиги билан соат 6-00 дан соат 22-00 гача кириш;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни уларнинг организмида алкоголь, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар мавжудлигини аниқлаш учун текширишни амалга ошириш;

жамоат жойларида алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсирида мастлик ҳолатида бўлган ва мустақил равишда ҳаракатланиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотган фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг реабилитация ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориш;

фуқаровий ва хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар, алюминий кукунлари ва қурумлари муомалада бўладиган соҳада фаолиятни амалга ошираётган объектларнинг маъмурий, ишлаб чиқариш, омборхона ва ёрдамчи биноларига мазкур соҳада қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун хизмат гувоҳномасини ҳамда белгиланган тартибда бериладиган махсус рухсатномани кўрсатган ҳолда тўсқинликсиз кириш;

лицензия ва рухсат этиш талаблари ҳамда шартлари бузилганлиги фуқаровий ва хизмат қуролининг, унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналогларининг, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг, алюминий кукунлари ва қурумларининг йўқолиши ёки талон-торож қилиниши хавфини юзага келтирган ҳолларда, уларни олиб қўйишни амалга ошириш, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни, алюминий кукунлари ҳамда қурумларини тегишли ихтисослаштирилган ташкилотларга, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини эса ички ишлар органларига зудлик билан олиб боришни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни талаб қилиш;

ташкилотларда ҳамда фуқароларда лицензияларсиз ва рухсатномаларсиз турган фуқаровий ва хизмат қуролини, унинг ўқ-дориларини, портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни, алюминий кукунлари ва қурумларини белгиланган тартибда олиб қўйишни, ташишни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни амалга ошириш, уларни йўқ қилиш чораларини кўриш; тегишли ташкилотларда объектнинг ички режимга ва рухсатнома билан кириш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, бундан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган объектлари мустасно;

лицензиялашни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни амалга ошириш, қонунчиликка мувофиқ лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига доир текширувлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва Давлат герби тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, қонунчиликни ички ишлар органларининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.

Ички ишлар органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


4-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ

ТОМОНИДАН АЙРИМ МАЖБУРЛОВ

ЧОРАЛАРИНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ


18-модда. Ички ишлар органлари томонидан

шахсларни ушлаб туриш асослари ва тартиби

Ички ишлар органлари:

жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда;

ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни;

қидирувдаги шахсларни;

ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахсларни;

маъмурий қамоқ жазосини ўташдан, маъмурий тарзда чиқариб юборилишдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш юритилаётган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда;

жиноий жазони ўташдан, шунингдек ўзига нисбатан суд томонидан тайинланган тиббий ва бошқа йўсиндаги мажбурлов чораларини бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни;

аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни, кейинчалик уларни аниқ яшаш жойига эга бўлмаганларни реабилитация қилиш марказларига суд ажримига асосан жойлаштирган ҳолда;

фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазият режимини бузган шахсларни;

умумий ҳарбий мажбуриятни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни;

ўзини ўзи ўлдиришга уринган ёхуд руҳий ҳолатининг яққол ифодаланган бузилиши белгиларига эга бўлган ҳамда ўз ҳаракатлари билан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдираётган шахсларни ушлаб туриш ҳуқуқига эга.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шахслар уларнинг шахси ҳамда ҳуқуқбузарликнинг ҳолатлари аниқлангунига қадар, шунингдек улар тегишли давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширилгунига қадар ушлаб турилади.

Ушлаб турилган шахсга телефон орқали сўзлашиш ёки адвокатига ёхуд яқин қариндошига ўзининг ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш, ушлаб турилган пайтидан эътиборан ҳимоячига (адвокатга) эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқлар берилади.

Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнидаги ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Ички ишлар органлари вояга етмаган шахс ушлаб турилган ҳар бир ҳолат тўғрисида унинг яқин қариндошларига ёки бошқа қонуний вакилларига дарҳол хабар беради.

Ички ишлар органлари ҳарбий хизматчи ушлаб турилганлиги тўғрисида у ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий қисм қўмондонлигига хабар беради.

Ички ишлар органлари чет эл фуқароси ушлаб турилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар беради.



19-модда. Ҳудуддаги участкаларни, турар жойларни,

иншоотларни ва бошқа объектларни ўраб олиш

(тўсиб қўйиш)

Ички ишлар органлари туман, шаҳар ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ва бошқа юқори турувчи раҳбарларнинг оғзаки ёки ёзма қарорига кўра ҳудуддаги участкаларни ўраб олишни (тўсиб қўйишни) қуйидаги ҳолларда амалга ошириш ҳуқуқига эга:

авариялар, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фалокатлар ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда, эпидемиялар ва эпизоотиялар вақтида карантин тадбирларини ўтказишда;

оммавий тартибсизликларга ҳамда транспорт ҳаракатини, алоқа воситаларини ва ташкилотлар ишини издан чиқарувчи бошқа ҳаракатларга чек қўйиш бўйича тадбирларни ўтказишда;

қамоқдан қочган шахсларни ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришда;

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этишда;

террорчиликка қарши операцияни ўтказишда, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари ёхуд заҳарли ёки радиоактив моддалар топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни текширишда;

оммавий тадбирлар, шу жумладан байрамлар, халқ сайиллари, митинглар, кўча юришларини ўтказишда.

Агар фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш, тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини қўриқлаш, шунингдек хавф таҳдид солаётган мулк объектларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳудуддаги участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) чоғида транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Агар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавфнинг олдини олиш учун зарур бўлса ва уларни бошқача усулда ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса, ўраб олиш (тўсиб қўйиш) жисмоний ва юридик шахсларга қарашли турар жойларга, иморатларга ва бошқа объектларга нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ички ишлар органлари ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишда бўлғуси ўраб олиш (тўсиб қўйиш) ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолининг нормал ҳаёт кечиришини таъминлаш чораларини кўради, фуқароларга юзага келган вазиятда энг қулай ҳаракатланиш йўналишларини тушунтиради.



20-модда. Ташкилотлар ва фуқароларнинг

транспорт воситаларидан фойдаланиш

Ички ишлар органлари ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан табиий офат юз берган жойга бориш, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб бориш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келиш, ҳодиса жойига ёки ички ишлар органларининг шахсий таркибини жанговар тревога бўйича тўплаш жойига бориш учун мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин ва бунда транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ҳамда ундан фойдаланган ички ишлар органи ходимини идентификацияловчи ҳужжат берилади, чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно.

Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида харажатлар қилинган ёки зарар етказилган тақдирда, шунингдек транспорт воситасининг эгасига мулкий зарар етказилган тақдирда ушбу харажатларнинг ёки зарарларнинг ўрнини ички ишлар органлари томонидан қоплаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


5-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ

ТОМОНИДАН ЖИСМОНИЙ КУЧ ИШЛАТИШ,

МАХСУС ВОСИТАЛАРНИ ВА ЎҚОТАР

ҚУРОЛНИ ҚЎЛЛАШ


21-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни

ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари

Ички ишлар органи ходими ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Ички ишлар органи ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган ички ишлар органи ходими эгаллаб турган лавозимга мувофиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ички ишлар органи ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органининг ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар беради.

Ички ишлар органи ходимининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, ички ишлар органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар ички ишлар органи ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, ички ишлар органи ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.



22-модда. Жисмоний куч ишлатиш

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.



23-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;

ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;

жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;

ҳайдовчиси ички ишлар органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда.

Ички ишлар органи ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

резина таёқлар - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари - ушбу модда биринчи қисмининг учинчи - еттинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар - ушбу модда биринчи қисмининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

электрошок қурилмалари - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - бешинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

хизмат ҳайвонлари - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - еттинчи, тўққизинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари - ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи, тўққизинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситалари - ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

тинчлантириш кўйлаги - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

сув билан зарба берувчи машиналар - ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

зирҳли машиналар - ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ҳимоя қилиш, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситалари - ушбу модда биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда;

тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар - ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ўқотар қурол ишлатишга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно, шунингдек куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади.

Қуйидагилар тақиқланади:

одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш;

ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича ноль даражадан паст бўлганида сув билан зарба берувчи машиналарни қўллаш.

Сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг оғзаки ёки ёзма қарори асосида қўлланилади, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларига ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларга дарҳол хабар берилади.

Ички ишлар органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



24-модда. Ўқотар қуролни қўллаш

Ички ишлар органи ходими қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқароларни ёхуд ўзини ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан ҳимоя қилишда;

гаровдагиларни озод қилишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

ички ишлар органларининг ўқотар қуролларини, ўқ-дориларини, портловчи моддаларини, транспорт воситаларини, махсус ва жанговар техникасини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

фуқароларнинг уй-жойларига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қўриқланадиган объектларига, ўта муҳим юкларига, транспорт воситаларига, биноларига гуруҳ бўлиб қилинган ҳужумни ёки қуролли ҳужумни даф этишда;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдирса ҳамда ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қарамай, тўхташдан бош тортса, ушбу транспорт воситасини шикастлаш йўли билан тўхтатишда;

инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантиришда;

қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш сифатида ўқ отишда, юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдамга чақиришда.

Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Ички ишлар органлари қуроллантириладиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга кирмайдиган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари билан ички ишлар органларини қуроллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.



6-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИДА ХИЗМАТНИ

ЎТАШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


25-модда. Ички ишлар органларида хизматни ўташ чоғида

фуқаролар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга фуқароларни қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, уларнинг хизматда кўтарилиши ва бошқа лавозимга ўтиши фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар амалга оширилади.



26-модда. Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш

Ўн саккиздан ўттиз ёшгача, шу жумладан ўттиз ёшдаги, тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органларининг айрим бўлинмалари ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Ички ишлар органларининг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари, ташкилотлари ва лавозимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

Эркаклар ички ишлар органларидаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиниши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек ички ишлар органларининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларида чет эл фуқаролари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус ҳисобида туради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари тингловчилари ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ўқув муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.



27-модда. Ички ишлар органи ходимининг қасамёди

Ички ишлар органларидаги хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

"Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.

Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан".



28-модда. Ички ишлар органларининг ходимлари

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ички ишлар органининг ходимидир.

Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ҳамда формали кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ички ишлар органи ходимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, белгиланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.

Ички ишлар органи ходими эгаллаган лавозими, турган жойи ва вақтидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бошлиғининг (командирининг) буйруғига биноан исталган вақтда хизмат мажбуриятларини бажаришга киришиши ҳамда қуйидаги чораларни кўриши шарт:

жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳодисалар жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

одамларни қутқариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, уларни содир этган шахсларни ушлаш, ҳодиса жойини қўриқлаш ҳамда унга фуқаролар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар тўғрисидаги хабарлар билан мурожаат қилган ёхуд бевосита ўзи шундай воқеаларга дуч келган тақдирда энг яқиндаги ички ишлар органлари бўлинмасига хабар бериш.

Ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ички ишлар органлари (ҳарбий қисм) ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;

йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;

асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш - ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.



29-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

махсус унвонлари

Ички ишлар органлари ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби - сафдор;

сержантлар таркиби - кичик сержант, сержант, катта сержант;

офицерлар таркиби:

кичик офицерлар таркиби - лейтенант, катта лейтенант, капитан;

катта офицерлар таркиби - майор, подполковник, полковник;

генераллар таркиби - генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник.

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



30-модда. Ички ишлар органларидаги хизмат

Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши ички ишлар органларида хизматни ўташ масалаларини белгиловчи қонунчиликда ва ушбу Қонунда тартибга солинмаган қисмига нисбатан татбиқ этилади.

Ички ишлар органлари ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошиши мумкин эмас.

Зарур бўлган ҳолларда, ички ишлар органлари ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

Кучайтирилган режим ички ишлар органлари ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим ички ишлар органлари ходимлари учун хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларини ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан амалга оширилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:

ўн йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги беш кун;

ўн беш йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги ўн кун;

йигирма йиллик хизматдан сўнг - давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Ички ишлар органлари ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа турдаги таътиллар ҳам берилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг ходимларига илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун - эллик беш ёшни, генераллар таркиби учун - олтмиш ёшни, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъи назар) - эллик ёшни ташкил этади.

Ички ишлар органларининг сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган, белгиланган чегарадаги ёшга тўлган ходимлари захирага ёки истеъфога чиқарилади.

Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг хизмат муддати эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Хизматда қолдириш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўйича ички ишлар органларидан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришганлик, мажбуриятларини намунали тарзда бажарганлик, бенуқсон хизмат қилганлик ва ички ишлар органлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта ҳисса қўшганлик, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатганлик, шунингдек бошқа алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан таъсис этиладиган фарқловчи идоравий белгилар билан тақдирланишга тақдим этилиши мумкин.

Ички ишлар органларидаги ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.


31-модда. Ички ишлар органлари ходимларини

тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.

Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу муассасаларда ўқитилмайдиган ихтисосликлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тингловчилари ва курсантлари ички ишлар органларида хизматда деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.



32-модда. Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатиш

Ички ишлар органи ходимини хизматдан бўшатишга қуйидагилар асос бўлади:

ўзининг хоҳиши (пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтамаганларга) - ходимнинг билдиргиси асосида;

ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг ушбу Қонунда белгиланган чегарадаги ёшига тўлганлиги;

пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаганлиги - ходимнинг билдиргиси асосида;

ташкилий-штат ўзгаришлари;

касаллиги - ҳарбий-тиббий комиссиянинг хизматга яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси асосида;

соғлиғининг чекланганлиги ҳолати - ҳарбий-тиббий комиссиянинг ички ишлар органларидаги хизматга яроқлилиги чекланганлиги тўғрисидаги ва хизмат бўйича бошқа лавозимга ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ хизмат мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақидаги хулосаси асосида;

дастлабки синов муддати давомида хизматга яроқсизлиги;

малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги - аттестация натижалари асосида;

хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги;

ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги;

содир этган жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганлиги;

ходимда интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги;

бошқа турдаги давлат хизматига ўтганлиги (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилмаган ҳолда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилганлиги ёки чет давлат фуқаролигини олганлиги.

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган чекловлар ва тақиқларга риоя этмаганлиги учун хизматдан бўшатилиши мумкин.


33-модда. Ички ишлар органи ходимининг

бошқа органлар ва ташкилотларга сайланишидаги

(тайинланишидаги, юборилишидаги) кафолатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган ички ишлар органи ходими мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даврида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кадрларининг амалдаги захирасига киритиб қўйилиши мумкин. (ЎзР 04.09.2019 й. ЎРҚ-563-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) тугатилганидан кейин ички ишлар органи ходимига илгариги иши (лавозими), ушбу иш (лавозим) йўқлигида эса унга тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ички ишлар органлари ходимларига махсус унвонлар охирги эгаллаган лавозимидан қатъи назар, белгиланган тартибда берилади.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври ички ишлар органи ходимига навбатдаги махсус унвонни олиш ҳуқуқини берадиган хизмат қилган йилларига устама тўлаш, пул таъминоти (лавозим маоши ва махсус унвон бўйича маоши суммасидан иборат бўлган) маошини белгилаш ва пенсия тайинлаш учун ички ишлар органларидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар хизматдан бўшатилганда, шунингдек уларнинг оила аъзолари ички ишлар органларидан бўшатилган ходимлар билан тенг ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланади.



7-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИ

ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


34-модда. Ички ишлар органлари ходимларини

ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари

Ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Ички ишлар органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.

Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт.

Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.

Ички ишлар органларининг ходимлари ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан юқори турувчи мансабдор шахсларга, прокурорга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



34-1-модда. Ички ишлар органлари тергов

бўлинмалари ходимларининг дахлсизлиги

Ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинмалари раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилади.



35-модда. Ички ишлар органлари ходимларини

ижтимоий ҳимоя қилиш

Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

меҳнатига ҳақ тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш.

Қонунчиликда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.


36-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

соғлиғини сақлаш

Ички ишлар органларининг ходимларига, ҳарбий хизматчиларига, пенсионерларига, ишчи ва хизматчиларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига ички ишлар органларининг тиббий муассасалари, шунингдек фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот берилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

Ички ишлар органларининг ходимлари, ҳарбий хизматчилари, пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.

Касалликларнинг профилактикаси, беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва соғломлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш, тиббий кўриклар ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказиш учун зарур бўлган тиббий воситалар, буюмлар, асбоб-ускуналар ва дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олинади.

Зарур бўлган ҳолларда, шошилинч тиббий ёрдам ва режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий кўрсатмалар бўйича тиббий ёрдам олиши учун уни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади. Бундай ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий ёрдам олиши учун харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдамни ва санаторий-курорт таъминотини, тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



37-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

меҳнатига ҳақ тўлаш

Ички ишлар органлари ходимларига пул таъминотининг турлари ва миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ички ишлар органлари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда пул ва озиқ-овқат таъминоти билан таъминланади.


38-модда. Ички ишлар органлари ходимларини

уй-жой майдони билан таъминлаш

Уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган ички ишлар органлари ходимлари белгиланган тартибда уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга.

Ички ишлар органлари хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Ички ишлар органлари ходимларига турар жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш ҳуқуқи берилади ва якка тартибда уй-жой қурилиши учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион воситасида сотиб олиш харажатларининг ўрни қопланади.


39-модда. Ички ишлар органи ходимининг мол-мулкига

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Ички ишлар органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.



40-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт

воситаларидан фойдаланиши тартиби

Ички ишлар органлари махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан ички ишлар органларига тегишлиликни билдирувчи махсус ёруғлик сигналларига ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Меҳнатнинг қатнов хусусияти билан боғлиқ бўлган хизмат мажбуриятларини бажарувчи ички ишлар органлари ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл чипталари берилади ёки пуллик компенсация тўланади.

Хизмат сафарига юборилган ички ишлар органлари ходимларига транспортнинг барча турларига йўл ҳужжатларини сафар гувоҳномасини кўрсатиб навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

Шахсий транспортдан хизмат сафарларида фойдаланадиган ички ишлар органлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.



41-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

давлат пенсия таъминоти

Ички ишлар органлари ходимлари, боқувчисини йўқотган тақдирда эса уларнинг оила аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга.


42-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг

давлат суғуртаси

Ички ишлар органларининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.


43-модда. Ички ишлар органларининг ходимларига

ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ички ишлар органларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати етказилган ходимларига, шунингдек ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда бир маротабалик нафақа тайинлашга ҳақли.

Қонунчиликда хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига уларни ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилишда ва Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар берилиши мумкин.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44-модда. Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши

ва моддий-техника таъминоти

Ички ишлар органларининг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, бундан юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар мустасно.

Ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалари ушбу шахслар ҳисобидан таъминланади.

Ички ишлар органлари ходимлари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминот нормалари, шунингдек формали кийим-бошни кийиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ички ишлар органларида бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилиши мумкин, уни ташкил этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Ички ишлар органлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


45-модда. Халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳамкорликни амалга оширади.


46-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг жавобгарлиги

Ички ишлар органи ходими ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Ички ишлар органи ходимининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни ички ишлар органлари томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.

Ички ишлар органлари ходимлари хизмат интизомини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ички ишлар органларининг интизом уставига мувофиқ жавобгар бўлади.

Қайси жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги сабаб бўлди деб ҳисобласа, ўша жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.



47-модда. Ички ишлар органлари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


48-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



49-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                        Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2016 йил 17 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 26 сентябрь, 38-сон, 438-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2016 йил, 9-сон, 272-модда









































Время: 0.1855
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск