ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишга оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.01.2015 й. 23-1406/9322-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.01.2015 й.

N 23-1406/9322


(КЎЧИРМА)




Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак


2012 йил 12 - 14 апрель кунлари "Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) томонидан "Shimolgaztaminot" унитар корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари" (бундан буён матнда Қоида деб юритилади) талабларига риоя этилиши бўйича текшириш ўтказилган.

Текширишда, жавобгар томонидан ер остидан ўтган газ қувурларини занглаб, уларни чириб кетишидан кимё усулида ҳимоя қилиш мақсадида ушбу қувурларга электр энергиясини ҳеч қандай шартнома тузмасдан, электр энергияси сарфини ҳисобловчи ускуналар ўрнатмасдан уланиб олинганлиги ҳолати аниқланган ва бу ҳақда 81 та далолатномалар расмийлаштирилган. Мазкур далолатномалар асосида ўзбошимчалик билан фойдаланилган электр энергияси учун жами 1 316 582 802 сўм миқдорда зарар ҳисобланган.

Ушбу зарар суммасини ихтиёрий равишда тўлаш юзасидан жавобгарга 2014 йил 7 июлда юборилган СА-15/1-206-сонли талабнома эътиборсиз қолдирилганлиги сабабли, даъвогар даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгардан 1 316 582 802 сўм ундириб беришни сўраган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2014 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 1 316 582 802 сўм зарар ундирилган.

Олий хўжалик суди раисининг 2014 йил 2 октябрдаги 06-04/1-37-сонли фармойиши билан хўжалик иши апелляция инстанцияси судида кўриш учун Бухоро вилоят хўжалик судига ўтказилган.

Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2014 йил 20 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 553 456 800 сўм ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2014 йил 20 ноябрдаги қарори устидан даъвогар томонидан кассация шикояти берилиб, унда апелляция инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмасдан, моддий ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаган ҳолда даъво муддати ўтган деган асоссиз фикри билан ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида барвақт хулосага келинганлиги баён қилиниб, Бухоро вилоят хўжалик судининг 2014 йил 20 ноябрдаги қарорини бекор қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2014 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати, иш ҳужжатларини кассация шикоятида келтирилган важлар билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра Бухоро вилоят хўжалик судининг 2014 йил 20 ноябрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 14-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгарнинг Қоида талабларига риоя қилиши бўйича 2012 йил ўтказилган текшириш натижасига кўра аниқланган ер ости газ қувурларининг чиришини олдини олиш мақсадида ўзбошимчалик билан электр тармоқларига электр ҳисоблагичсиз уланиб олинганлиги ҳолати юзасидан 81 та далолатномалар тузилган. Улар бўйича истеъмол қилинган электр энергиясининг миқдори 7 йил 4 ой муддат учун қайта ҳисоб-китоб қилинганда, етказилган зарар суммаси 1 316 582 802 сўмни ташкил қилган.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқламасдан, етказилган зарарнинг аниқ ҳисоб-китобини ҳамда зарар суммаси қайси муддатдан ҳисоб-китоб қилиниши лозимлигини ўрганмасдан, процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.

Қоиданинг 76-бандига мувофиқ, электр қурилмалари истеъмолчилар томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган тақдирда, электр қурилмалари электр тармоғидан дарҳол узиб қўйилади, истеъмолчидан эса рухсатсиз истеъмол қилинган электр энергиясининг қиймати истеъмолчи расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўтган вақт мобайнида (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ёки даъво муддати учун уланган электр ускуналарининг белгиланган қувват бўйича суткасига 24 соат давомида ишлаши ҳисобидан ундирилади.

Ушбу ҳолатда, 81 та далолатномалар бўйича истеъмол қилинган электр энергиясининг миқдори 7 йил 4 ой муддатга қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлсада, иш ҳужжатларида, жавобгарнинг расмий равишда давлат рўйхатидан қачон ўтганлигини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, буни судда аниқлашнинг имконияти бўлмади.

Шунга кўра, рухсатсиз истеъмол қилинган электр энергиясининг қиймати 7 йил 4 ой муддатга ҳисоб-китоб қилинганлиги асоссиз ҳисобланади.

Шунингдек, зарар ҳисоблашга асос бўлган 81 та далолатномаларнинг қонунийлиги "Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганилиб, 2014 йил 14 майда бу ҳақда маълумотнома тузилган. Маълумотномага биноан инспекция томонидан 81 далолатномадан 35 таси қайта ҳисоб-китоб қилиниши, яна 7 646 184 сўм ундириш ҳақидаги 5 та далолатномалар Қоида талабларига зид равишда расмийлаштирилганлиги сабабли, уларни бекор қилиниши кўрсатилган. Бироқ, ушбу ҳолатларга биринчи инстанция суди томонидан тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Бухоро вилоят хўжалик судининг апелляция инстанцияси эса, Қоиданинг 76-банди талабидан келиб чиқиб, даъво муддати, яъни 3 йил муддат учун уланган электр ускуналарининг белгиланган қуввати бўйича суткасига 24 соат давомида ишлаши ҳисобидан жами 553 456 800 сўм миқдорда зарар ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида"ги 173-сонли қарорининг 15-бандига кўра ишларни апелляция тартибида кўришда судлар қонун бўйича биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширганлигини, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлигини, суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалари иш ҳолатларига мувофиқлигини, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилмаганлигини, ушбу нормалар тўғри қўлланилганлигини аниқлашлари лозим.

Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди юқоридаги қайд этилган норма талабидан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида асослантирилган қарор қабул қилган.

ХПК 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.

Ушбу ҳолатда, Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.

Ушбу ҳолатда, судлов ҳайъати, апелляция инстанцияси суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида қонуний хулосага келганлиги сабабли, Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2014 йил 20 ноябрдаги қарорини ўзгаришсиз, даъвогарнинг кассация шикоятини эса қанотлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Шу билан бирга, ХПКнинг 95-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси судида ишни кўриш учун давлат божи, видеоконференцалоқа режимиди иш кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажати ва 7 000 сўм почта харажатини даъвогарга юклаш лозим. Бунда даъвогар томонидан ихтиёрий равишда 6 582 915 сўм давлат божи тўланганлигини ҳисобга олиб, кассация шикоятида суд қарорининг 763 126 002 сўм қисмидан норози бўлганлиги сабабли, давлат божини, ушбу суммадан ҳисоблаган ҳолда 3 815 630 сўм миқдорда давлат божини даъвогарнинг зиммасида қолдириб, ортиқча тўлаган 2 767 285 сўм қисмини эса унга қайтариш лозим.











































Время: 0.0174
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск