ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 09.02.2015 й. 10-1413/11222-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

09.02.2015 й.

N 10-1413/11222


(КЎЧИРМА)




Ишда иштирок этувчи шахслар ишни юритиш вақтида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судига хабар беришлари шарт


"Тошкент сув таъминоти" шўъба корхонаси (бундан буён матнда - даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Порлоқ қурилиш" МЧЖ профессионал бошқарув компаниясидан (бундан буён матнда - жавобгар) 6 053 769 сўм асосий қарз, 1 861 130 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 25 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 6 053 769 сўм асосий қарз, 300 000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Жавобгар кассация шикоятида, суд томонидан иш жавобгар вакили иштирокисиз кўриб чиқилганлиги, суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида хабардор этилмаганлиги, даъвогар сўраётган асосий қарз суммаси ҳисоб-китобини даъво аризасида кўрсатмаганлиги, жавобгарнинг даъво аризаси юзасидан берган эътирозига суд баҳо бермаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризани ХПКнинг 112-моддасига асосан даъвогарга қайтариш сўралган.

Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, корхонанинг манзили ўзгарганлиги, лекин даъвогар даъво аризасида эски манзилини кўрсатганлиги, шу сабабли суд томонидан иш жавобгар вакили иштирокисиз кўриб чиқилганлиги, корхонада қоровул А.Одилов ишламаслигини, корхонани манзили ўзгарганлиги тўғрисида даъвогарга хабар берилмаганлиги, текширишда корхонага қарашли 10 та объектда қоидабузилиш ҳолатлари аниқланганлиги юзасидан далолатномалар тузилганлигини, лекин даъвогар ушбу далолатномаларга асосан қилинган ҳисоб-китобини жавобгарга тақдим этмаганлиги, даъво аризасида ҳам асосий қарзнинг ҳисоб-китоби кўрсатилмаганлигини баён қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўради.

Даъвогар вакили кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, жавобгарга қарашли 10 та объектда текшириш ўтказилганлиги, текширишда 9 та объектда сув ҳисоблагич ўрнатилмасдан сувдан фойдаланиб келаётганлиги, 1 та ҳолатда ҳисоблагич ишламаётганлиги аниқланиб, корхона раҳбари А.Эргашев иштирокида далолатномалар тузилиб, формула асосида қайта ҳисоб-китоб қилинганлиги, жавобгарга ҳисоб-китоб қилинган 6 053 770 сўм асосий қарзни тўлаб бериш ҳақида юборилган талабнома оқибатсиз қолдирилганлиги, жавобгар манзили ўзгарганлиги ҳақида хабар бермаганлиги, суднинг иш кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги ажримини корхона қоровули қабул қилиб олганлигини билдириб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришлари ҳамда прокурорнинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги фикрини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2013 йил 1 майда тузилган 301507-сонли шартномага асосан даъвогар жавобгарни ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сувларини қабул қилиш, жавобгар эса ўз вақтида тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.

Ўзбекистон Респуликаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда - ФК) 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Даъвогар ходимлари томонидан 2013 йил 1 майда жавобгар томонидан сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши текширилган. Текширишда жавобгарга қарашли 10 та объектда қоида бузилиш ҳолатлари, яъни 9 та объектда сув ва канализациядан сув ҳисоблагич ўрнатмасдан фойдаланиб келаётганлиги, 1 та объектда ҳисоблагич ишламаётганлиги аниқланган.

Текшириш натижаси юзасидан даъвогар ходимлари ва жавобгар раҳбари А.Эргашев иштирокида далолатномалар тузилиб, жавобгарга 30 кун ичида камчиликларни бартараф этиш тавсия этилган ва сарф қилинган сув миқори корхона фаолиятини бошлаган вақтдан, яъни 2013 йил 1 апрелдан ҳисоблагич ўрнатилган вақтгача 2014 йил 28 февралга қадар бўлган даврларга 6 053 769 сўм қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ушбу суммани жавобгарга ихтиёрий тўлаб бериш тўғрисида талабнома юборилган.

Жавобгар ҳисобланган ушбу суммани ихтиёрий равишда тўлаб бермаганлиги боис, даъвогар судга мурожаат қилиб, 6 053 769 сўм асосий қарз, 1 816 130 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвонинг 6 053 769 сўм асосий қарз ундириш талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.

Чунки, шартноманинг 4-бандида "истеъмолчи" бир ой муддат ичида ўз ҳисобидан сув сарфини ҳисоблаш ускунаси ўрнатиши шартлиги, белгиланган муддатда сув сарфини ҳисоблаш ускунаси ўрнатилмаган тақдирда истеъмол қилинган сув сарфи шартноманинг 2-бўлим 12-бандига асосан ҳисоб-китоб қилиниши, 12-бандида сув тармоғидан олинган сув миқдори мавжуд қувурнинг кесими бўйича ойнинг календарь кунлари учун формула (Q = M x F x v 2g H x t) асосида ҳисобланиши белгиланган. Шу сабабли даъвогар ҳисоб-китобни шартноманинг ушбу бандига асосан формула асосида 6 053 769 сўм ҳисоблаган.

Бундай ҳолатда, суд жавобгарнинг "даъвогар томонидан текшириш далолатномаларига асосан қайта ҳисоб-китоб тақдим этилмаган, даъво аризасида ҳам ҳисоб-китоб кўрсатилмаган" деб келтирган важини асоссиз деб ҳисоблайди. Қолаверса, жавобгар даъвогарнинг ҳисоб-китобига эътироз билдирган бўлсада, қанча миқдорда сув сарфи ҳисоб-китоб қилиниши мумкинлиги бўйича ўзининг ҳисоб-китобини ҳам судга тақдим эта олмади.

Ваҳоланки, ХПКнинг 55-моддасига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Бундан ташқари даъвогар талабида Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонуннинг 32-моддасига асосан тўлов муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,4 фоиз миқдорида 1 816 130 сўм пеня ундиришни сўраган. ФКнинг 333-моддасига асосан қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

Жавобгар 6 053 769 сўм қарзини ўз вақтида тўлаб бермасдан, тўлов муддатини кечиктирган. Шу сабабли суд даъвогарнинг пеня ундириш талабини асосли деб ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасига асосан жавобгарнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда пеня миқдорини 300 000 сўмга қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган.

Чунки, ФКнинг 326-моддасига асосан суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.

Гарчанд, жавобгар кассация шикоятида "иш жавобгар вакили иштирокисиз кўрилганлиги, корхона бошқа манзилда жойлашган бўлсада, даъвогар даъво аризасида жавобгарнинг эски манзилини кўрсатганлиги, корхонада А.Одилов деган қоровул ишламаслиги, суднинг ажрими жавобгарга етказилмаганлиги" ҳақида важлар келтирган бўлсада, суд ушбу важларни қабул қилмайди. Чунки, жавобгар манзили ўзгарганлиги ҳақида даъвогарга ҳамда судга хабар бермаган.

Ваҳоланки, ХПКнинг 121-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар ишни юритиш вақтида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судига хабар беришлари шарт. Бундай хабар берилмаган тақдирда процессуал ҳужжатлар хўжалик судига маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ёки яшамаётган бўлса ҳам, етказиб берилган деб ҳисобланади.

Корхонани давлат рўйҳатидан ўтганлиги тўғрисида берилган 001458-сонли гувоҳномада манзили Тошкент шаҳри, Ҳамза тумани, 58-Ҳарбийлар шаҳарчаси, 16 уй деб кўрсатилган.

Шунга кўра даъвогар даъво аризасида ушбу манзилни кўрсатган. Бундан ташқари, жавобгар 2014 йил 20 июнда Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво аризаси юзасидан ўзини эътироз хатини юборган бўлсада, манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар бермаган.

ХПКнинг 186-моддасига кўра хўжалик суди ишни кассация инстанцияси ва апелляция инстанцияси судида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини текширади. ХПКнинг 188-моддаси биринчи ва иккинчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида келтирган важлари ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблаб, суд томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжати қабул қилинган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 61 293 сўм, кассация тартибида кўриш билан боғлиқ 24 882 сўм давлат божини ундиришни, тўланган 53 817 сўм давлат божи ва 7200 почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади.






































Время: 0.0354
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск