ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 20.04.2015 й. 18-1403/30580-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

20.04.2015 й.

N 18-1403/30580


(КЎЧИРМА)




Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади


"Шахрисабз газ-сув қурилиш" МЧЖ ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси ўртасида 2011-2012 йилларда Шахрисабз тумани "Чоршанбе" қишлоғидаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларда сув тармоқларини қуриб бериш тўғрисида 123 ва 125-сонли пудрат шартномалари ва ушбу шартномаларга 2012 йил 10 августда 123к-сонли келишув баённомаси тузилган. Шартномалар бўйича бажарилиши лозим бўлган пудрат ишларининг баҳоси 237 767 000 сўм қилиб белгиланган.

Мазкур шартномалар ва келишув баённомасига асосан даъвогар томонидан 198 835 280 сўмлик пудрат ишлари бажарилган, жавобгар томонидан эса 149 084 600 сўм тўловлар амалга оширилган, қолган 49 750 680 сўмлик бажарилган ишлар ҳақи тўлаб берилмаган.

Шу сабабли "Шахрисабз газ-сув қурилиш" МЧЖ (бундан буён матнда - даъвогар) вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси (бундан буён матнда - жавобгар)дан 49 750 680 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

Суднинг 2015 йил 22 январдаги ажрими билан Қашқадарё вилоят ғазначилиги (бундан буён матнда - ғазначилик) низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс, Қашқадарё вилоят Молия бошқармаси (бундан буён матнда - молия бошқармаси) қўшимча жавобгар сифатида ишга жалб этилганлар.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 29 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар ва молия бошқармасидан даъвогар фойдасига солидар тартибда 49 750 680 сўм асосий қарз ундирилган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, молия бошқармаси томонидан кассация шикояти берилган. Унда шартномалар молия бошқармаси билан тузилмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 апрелдаги 112-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган вилоят инжиниринг компанияси буюртмачилигида Қашқадарё вилоятида аҳоли турар жой массивларида коммуникация сув тармоқлари қуриб бериш бўйича манзилий қурилиш рўйхат Дастурида Шахрисабз туман Чоршанбе қишлоғида намунали уй турар жойлари учун коммуникация сув тармоғи қурилиши учун маблағ манбаи маҳаллий бюджет ҳисобидан деб қайд этилганлиги, бошқарманинг харажат сметасида ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликларини тўлаб бериш кўзда тутилмаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, молия бошқармасини жавобгарликдан озод қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда - ФК)нинг 631-моддаси биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Тарафлар ўртасида тузилган шартномаларга асосан даъвогар томонидан бажарилган 198 835 280 сўмлик пудрат ишлари жавобгар томонидан бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш ҳисоб-фактура маълумотлар асосида қабул қилиб олинган. Жавобгар томонидан бажарилган ишлар учун 149 084 600 сўм тўловлар амалга оширилган бўлсада, қолган 49 750 680 сўмлик бажарилган ишлар ҳақини тўлаб берилмаган.

Шу сабабли даъвогар судга мурожаат қилиб, ушбу қарздорликни жавобгардан ундириб беришни сўраган.

ФКнинг 673-моддасига кўра буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди.

Биринчи инстанция суди жавобгарнинг даъвогар олдидаги мавжуд қарздорлиги, бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномалари ва тўлов топшириқномалари билан ўз тасдиғини топганлиги боис, жавобгардан 49 750 680 сўм асосий қарз ундириш ҳақида тўғри хулосага келган.

Бироқ, суд шартноманинг 7.1-бандига кўра "буюртмачи" шартнома тузилган иншоотда бажарилган ишлар учун тўловни: мазкур иншоотга маблағларни молиялаштирувчи орган томонидан (вилоят молия бошқармаси) белгиланган тартибда харажатлар сметаси асосида маблағлар молиялаштирилади деб келишилганлиги, ФКнинг 252-моддасида қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақлилиги белгиланган деб ҳисоблаб, мавжуд қарздорликни молия бошқармасидан ҳам солидар тартибда ундириш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Чунки, даъвогар даъво аризасида 49 750 680 сўм асосий қарздорликни молия бошқармасидан солидар тартибда ундириш талабини қўймаган. Бироқ, суд даъво талабидан четга чиқиб, молия бошқармасини қўшимча жавобгар сифатида ишга жалб этиб, ушбу қарздорликни молия бошқармасидан солидар тартибда ундириб, хатоликка йўл қўйган.

Бундан ташқари, шартнома даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган бўлиб, шартномада буюртмачи бажарилган ишлар учун тўловларни амалга оширмаган тақдирда, молия бошқармаси солидар тартибда жавоб бериши белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати, кассация шикоятини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини молия бошқармасидан солидар тартибда даъвогар фойдасига 49 750 680 сўм асосий қарз ва 498 108 сўм суд ҳаражатларини ундириш қисмини бекор қилишни, молия бошқармасини жавобгарликдан озод қилишни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 248 753 сўм давлат божи ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини даъвогардан ундиришни лозим топади.









































Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск