ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Солиққа оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 22.05.2015 й. 18-1406/32102-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

22.05.2015 й.

N 18-1406/32102


(КЎЧИРМА)




Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак


Чироқчи туман Давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда - ДСИ) ариза билан хўжалик судига мурожаат қилиб, ОАТБ "Агробанк" Чироқчи филиали (бундан буён матнда - банк филиали)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 1 февралда 2320-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг касса ижроси тўғрисида"ги Йўриқноманинг (бундан буён матнда - 2320-сонли Йўриқнома) 16-бандига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (бундан буён матнда - Солиқ кодекси) 53-моддасига асосан 86 574 800 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.

Суднинг ажрими билан ОАТБ "Агробанк" (бундан буён матнда - Банк) ишга жавобгар сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 15 январдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, банкка нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 86 574 800 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланиб, банк филиалига нисбатан иш юритиш тугатилган.

Банк филиали томонидан янги очилган ҳолат юзасидан киритилган аризага асосан суднинг 2015 йил 26 февралдаги ажрими билан 2015 йил 15 январдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, шу кунги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Банкка нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 11 711 400 сўм миқдорида молиявий жарима (пеня) қўлланган.

Апелляция инстанцияси судининг 2015 йил 8 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида суд томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, банк ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши эътиборга олинмаганлиги, қолаверса, 2320-Йўриқноманинг 13-банди талаби бузилганлиги сабабли банк филиалига нисбатан жарима қўлланиши лозимлиги ҳақидаги важлари келтирилиб, суд қарорини бекор қилиш сўралган.

Кассация протестида эса, текширишда аниқланган ҳолатлар юзасидан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан молиявий жарима қўллаш масаласига аниқлик киритмаганлиги, иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги кўрсатилиб, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати, шикоят ва протест важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни, протестни қисман қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят худудий комиссиясининг 2014 йил 29 апрелдаги 06/8062-сонли 2014 йил июль-август ойлари режадан ташқари текширишлар ўтказиш рухсатномаси ва ДСИнинг 2014 йил 21 августдаги 255-хс-сонли буйруғига асосан ДСИ ходимлари томонидан банк филиалида 2014 йил 22 августда банк филиалининг 2012 йил 22 майдан 2014 йил 22 августгача бўлган даврдаги Адлия вазирлигидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини чиқариш тартиби тўғрисида" (2342-Йўриқнома)ги ҳамда 2320-Йўриқномалар талабларига амал қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текшириш бошланишидан аввал банк филиали вакилларига текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар тақдим этилган, бу ҳакда тилхат олинган.

Текширишда банк филиали томонидан 2342-Йўриқнома ҳамда 2320-Йўриқнома талабларига амал қилинмаганлиги аникланган. Жумладан, банк филиалининг "Пахта тозалаш" ОАЖ, "Лазизбек Олмосович" фермер хўжалиги, "Қишлоқхўжаликкимё" ХАЖ Чироқчи филиали, "Абдурахмон бобо асали" хусусий корхонаси, "Бинокор-7" ишлаб чиқариш корхонаси, "Қашқадарё қурилиш нефть газ" МЧЖ, "Сўқмоқ қалъаси" хусусий корхоналари томонидан банкдан нақд пул ва пластик карточкага иш ҳақи учун пул маблағлари олишда уларга мутаносиб равишда бюджетга тўланиши лозим бўлган даромад солиғи ва пенсия жамғармасига тўлов топшириқномалари олиниши ва банк томонидан ижро этилиши ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ҳолатлари бўйича банк филиалига нисбатан 105 873 900 сўм жарима (пеня) ҳисобланган. Мазкур ҳисобланган 105 873 900 сўм пеня суммаси Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳузуридаги Солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш ишчи гурухи томонидан 2014 йил 31 октябрдаги 20-сонли йиғилишида кўриб чиқилиб, йиғилиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорга кўра текшириш натижасида ҳисобланган 105 873 900 сўм пеня суммаси 19 299 100 сўмга камайтирилиб, 86 574 800 сўм пеня тегишли тартибда ундирилиши лозимлиги белгиланган.

ДСИ томонидан текшириш материаллари кўриб чиқилиб, 2014 йил 4 ноябрда банк филиалига нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 86 574 800 сўм молиявий жарима (пеня) қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган ва уни ихтиёрий тўлаш учун банк филиалига тақдим этилган. Лекин, банк филиали ушбу молиявий жаримани ихтиёрий тўламаган. Шу сабабли ДСИ судга банк филиалига нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди арз қилинган талабни қисман қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келган.

"Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини чиқариш тартиби тўғрисида"ги 2342-сонли Йўриқноманинг 2-бандига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида (кейинги ўринларда асосий ҳисобварақ деб юритилади) етарли миқдорда пул маблағлари бўлганда, маблағларни ҳисобдан чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мижознинг фармойишига ва бошқа пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларининг келиб тушиши тартибида амалга оширилиши, 4-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра, хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағида 2-сон картотека пайдо бўлгандан сўнг, унинг бошқа барча иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очилган банклар томонидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва асосий ҳисобварағига бўлган тўловлардан ташқари бошқа тўловларни амалга ошириш тақиқланиши белгиланган.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг касса ижроси тўғрисида"ги 2320-сонли Йўриқноманинг 1-параграф 13-бандига кўра, юридик шахслар томонидан ходимларга ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолинган даромад солиғи ҳамда фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадалини Давлат бюджетига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДАТ Ҳалқ банки филиалида очилган 22628 баланс ҳисоб рақамининг 999 тартиб рақамига ўтказиш учун тўлов топшириқномасини жорий ойнинг иккинчи ярмида иш ҳақи олиш учун топширадиган чек билан ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказаётган бир вақтда тақдим этилади.

Агар, банкка иш ҳақи олиш учун топшириладиган чек билан ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказаётган бир вақтда тўлов топшириқномалари тақдим этилмаса, иш ҳақи олиш учун нақд пул беришга ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказишга рухсат этилмайди.

Мазкур Йўриқноманинг 16-банди ҳамда Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмида банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилиши белгиланган.

ДСИ аризасида жавобгарга нисбатан 2342-Йўриқнома талаблари банк филиали томонидан бузилган деб ҳисоблаб унга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраган. Ваҳоланки, йўриқнома талаби бузилганлик ҳолати аниқланмаган, қолаверса, юридик шахслар томонидан ходимларга ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолинган даромад солиғи ҳамда фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадалини давлат бюджетига ўтказиш учун тўлов топшириқномасини топширмаган тақдирда 2342-Йўриқнома бўйича ҳамда Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан жарима солишга асос бўлмайди.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг касса ижроси тўғрисида"ги 2320-сонли Йўриқноманинг 1-параграф 13-бандига кўра, юридик шахслар томонидан ходимларга ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолинган даромад солиғи ҳамда фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадалини давлат бюджетига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДАТ Халқ банки филиалида очилган 22628 баланс ҳисоб рақамининг 999 тартиб рақамига ўтказиш учун тўлов топшириқномасини жорий ойнинг иккинчи ярмида иш ҳақи олиш учун топширадиган чек билан ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказаётган бир вақтда тақдим этилиши, агар, банкка иш ҳақи олиш учун топшириладиган чек билан ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказаётган бир вақтда тўлов топшириқномалари тақдим этилмаса, иш ҳақи олиш учун нақд пул беришга ёки иш ҳақини пластик карточкасига ўтказишга рухсат этилмайди, деб кўрсатилган талаби бузилиб, солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномалари берилмаган ҳолати юзасидан ушбу Йўриқноманинг 16-банди ва Солиқ кодексининг 53-моддасини қўллаб молиявий жарима қўлланганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб барвақт хулосага келган. Чунки, ушбу йўриқноманинг 13-банди талаби банк ходимлари томонидан бузилган тақдирда банкка нисбатан молиявий жарима қўллаш назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Биринчи инстанция суди ушбу Пленум қарори талабларига риоя қилмаган ҳолда арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақида ноқонуний тўхтамга келган.

Ўз навбатида апелляция инстанцияси суди ҳам ҳал қилув қарорини асоссиз равишда ўзгаришсиз қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2005 йил 23 декабрдаги "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши тўғрисида"ги 136-сонли қарори 15-банди учинчи хатбошида, агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, аммо суднинг хулосалари бу ҳолатларга мос эмаслигини аниқласа, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилади ва янги қарор қабул қилиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, судлар томонидан низони ҳал қилишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўлланиб, арз қилинган талабни қисман қаноатлантириш ҳақида асоссиз хулосага келганлиги сабабли суднинг 2015 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори ва 2015 йил 8 апрелдаги қарорини бекор қилиб, ДСИнинг арз қилган талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва протестни қисман қаноатлантиришни, ДСИ ҳисобидан ишни видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини Олий хўжалик судининг депозит ҳисобига ундиришни, иш ҳолатларидан келиб чиқиб банк филиали ҳамда ДСИнинг масъул ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқаришни лозим топади.








































Время: 0.0285
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск