ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 16.09.2015 й. 18-1504/11111-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

16.09.2015 й.

N 18-1504/11111


(КЎЧИРМА)




Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир


"Мусурмон Холиқов Жўра ўғли" фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Рахмонов Муроджон Саидович" фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 25 000 000 сўм асосий қарз ундиришни ва ундирувни жавобгарнинг мол-мулкига қаратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 4 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2015 йил 22 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг даъво талабининг 20 000 000 сўм асосий қарз ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этиш қисми бекор қилиниб, жавобгардан даъвогар фойдасига 20 000 000 сўм асосий қарз ундирилган.

Жавобгар кассация тартибида шикоят билан мурожаат қилиб, унда, даъвогар томонидан даъво тақдим қилиш муддати ўтказиб юборилганлиги, ҳукмда "Шаҳрисабз дон ҳалқ ризқи" ОҲЖга "Китоб дон" ОҲЖ 2004 йилда тугатилгунга қадар келиб чи??ан бошқа моддий зарарлар бўйича жавобгарга нисбатан хўжалик суд ишларини юритиш тартибида даъво қилиш ҳуқуқи қолдирилганлиги, бироқ апелляция инстанцияси суди қайд этилган ҳолатларга эътибор қаратмасдан, ҳал қилув қарорини бекор қилиш, даъвони 20 000 000 сўмга қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келганлиги баён этилиб, қарорни бекор қилиш, ҳал қилув қарорини эса ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, даъвогар (Харидор) ва жавобгар (Сотувчи) ўртасида 2009 йил 31 октябрда 01-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, Китоб тумани, Қайнарбулоқ ҚФЙ, Хўжа қишлоғида жойлашган маъмурий бино ва қоровулхона биноси, умумий ер майдони 4,6 га. (собиқ Пахта қабул қилиш пункти) ер майдони билан биргаликда қиймати 20 000 000 сўм миқдорида ўзаро келишилган.

Шунингдек, 2009 йил 10 ноябрда маъмурий бино ва иншоотларни олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, жавобгар ўзига тегишли бўлган Китоб тумани, Қайнарбулоқ ҚФЙ, Хўжа қишлоғида жойлашган маъмурий бино ва иншоотлар (умумий ер майдони 46 600 кв.м., қурилиш майдони 267,6 квм., фойдаланиш майдони 215,88 кв.м, А-8 хонали маъмурий бино, Б-1 хонадан иборат қоровулхона, асфалът майдони, девор дарвозахоналардан иборат)ни сотиб олиш, даъвогар эса ўзаро келишувга асосан 25 000 000 сўмни тўлаш мажбуриятини олган.

Мазкур олди-сотди шартномасига асосан Китоб туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан даъвогарга сотиб олинган маъмурий бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, 2010 йил 13 октябрда "Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида"ги OY серияли ва 378206 тартиб рақамли ҳамда "Бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида"ги ТА серияли ва 1010419 тартиб рақамли гувоҳномалар берилган.

Даъвогар томонидан 2009 йил 31 октябрдаги 42, 43, 44, 45, 46-сонли тўлов топшириқномалари билан 4 000 000 сўмдан, жами 20 000 000 сўм жавобгарнинг ҳисоб рақамига "31.10.2009 йилдаги 1-сонли шартномага асосан маъмурий бино сотиб олиш учун 4,6 га. ер майдони билан бирга" тўлаб берилган. Ушбу ҳолат, АТБ "Агробанк" Китоб туман филиалининг 2015 йил 10 июлдаги маълумотномаси билан ҳам ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 269-сонли қарори 12-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларида ФКнинг 116-моддасига кўра ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим бўлиб, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмунда, ҳуқуқ-тартибот асосларига қарши мақсадда, ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ҳисобланиши, агар битимнинг бир ёки бир неча шартлари қонун ҳужжатларининг талабаларига зид бўлса, битимнинг мазмуни ушбу талабларга мувофиқ келмаслиги сабабли, ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2012 йил 16 октябрдаги ҳукмида 2009 йил 10 ноябрдаги "Маъмурий бино ва иншоотларни олди-сотди шартномаси"га асосан Китоб туманидаги "Мусурмон Холиқов Жўра ўғли" фермер хўжалигига "Пахтаобод" пункти бино ва иншоотларини 25 000 000 сўмга сотиб юбориб, 25 000 000 сўм пул маблағини фермер хўжалиги манфаатларида фойдаланиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилганлиги қайд этилиб, ҳозирги кундаги бозор баҳоси 123 215 130 сўмга баҳоланган "Пахтаобод" пункти бино ва иншоотлари дастлабки тергов давомида зарар сифатида хатланганлиги эътиборга олиниб, "Китоб дон" ОҲЖнинг ҳуқуқий меросхўри ҳисобланган "Шаҳрисабз дон ҳалқ ризқи" ОҲЖ балансига қайтарилиши ва шу орқали ушбу айблов эпизодлари бўйича зарар бартараф этилганлиги қайд этилиши, бино ва иншоотлар бўйича тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали балансга олиш мажбурияти жамият маъмурияти зиммасига юклатилганлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади)нинг 59-моддасига кўра, ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.

ХПК 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Бироқ, биринчи инстанция суди қайд этилган ҳолатларни инобатга олмасдан, даъвогар томонидан олди-сотди шартномасига асосан 20 000 000 сўмлик тўлов амалга оширилганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, даъвонинг ушбу қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 47-моддасининг ўнинчи қисмига кўра, қарздорнинг ундирувчи талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, суд ижрочиси ўз қарори билан қарздор ҳисобварақларининг харажатлар қисмини қарз тўлиқ узилгунига қадар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатлайди. Банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарздорнинг пул маблағларини хатлаш ҳақидаги қарорни дарҳол ижро этади ва суд ижрочисига қарздорнинг ҳисобварақлари реквизитлари ҳамда ҳар бир ҳисобварақ бўйича хатланган пул маблағлари миқдорини маълум қилади. Айни бир вақтда ундирув қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкка қаратилади, ушбу Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно.

Шу боис, биринчи инстанция суди даъво талабининг ундирувни жавобгарнинг мол-мулкига қаратиш қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида"ги 173-сонли қарорининг 15-бандига кўра, ишларни апелляция тартибида кўришда судлар қонун бўйича биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширганлигини, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлигини, суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалари иш ҳолатларига мувофиқлигини, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилмаганлигини, мазкур нормалар тўғри қўлланилганлигини аниқлашлари лозим.

Ушбу ҳолда, апелляция инстанцияси суди олди-сотди шартномасининг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2012 йил 16 октябрдаги ҳукми билан ўз тасдиғини топганлигини, ҳукмда низоли объект "Шаҳрисабз дон ҳалқ ризқи" ОҲЖ балансига қайтарилиши белгиланганлигини инобатга олиб, ҳал қилув қарорининг даъво талабининг 20 000 000 сўм асосий қарз ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этиш қисмини бекор қилиш, жавобгардан даъвогар фойдасига ушбу қарздорликни ундириш бўйича янги қарор қабул қилиш ҳақида тўғри хулосага келган.

Шунингдек, судлов ҳайъати суд томонидан даъво муддати қўлланилмаганлиги ҳақида кассация шикоятида келтирилган важни ҳам асоссиз деб ҳисоблайди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июндаги "Хўжалик судлари томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 282-сонли қарори 9-бандининг биринчи хатбошида, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза фақатгина биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунга қадар берилиши мумкинлиги, агар бундай ариза ишни апелляция, кассация инстанцияси судида ва назорат тартибида кўриш жараёнида берилса, у қаноатлантирилмаслиги ва бу ҳақида суд ҳужжатининг асослантирувчи қисмида кўрсатилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Ушбу ҳолда, жавобгар томонидан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза ишни биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар берилмаган.

ХПКнинг 186-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кассация инстанциясида кўрганида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судида тўғри қўлланилганлигини текширади.

Ишни кўришда апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.










































Время: 0.0158
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск