ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 12.10.2015 йилдаги 10-1505/9986-сон Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ
ҚАРОРИ
12.10.2015 й.
N 10-1505/9986
(КЎЧИРМА)
Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак
"Mister Lider" МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "BITI PRODUCTION" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонадан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 3 781 123 сўм асосий қарз ва 756 224 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 3 781 123 сўм асосий қарз, 200 000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида суд мажлисида унинг иштироки таъминланмаганлиги, бунинг оқибатида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилинишидан маҳрум этилганлиги, ишдаги далилларга баҳо берилмаганлиги, ишлар кечикиб бажарилганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш бўйича янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2011 йил 26 октябрь куни "Қурилиш - монтаж ишларини олиб бориш тўғрисида"ги 26/02-сонли шартнома тузилган.
Шартнома шартларига кўра, даъвогар Тошкент шаҳар, А.Навоий кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган объектда қурилиш ишларини бажариш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиб олиш ва уларнинг қийматини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган 2011 йил 26 октябрдаги "Қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш тўғрисида"ги 26/02-сонли шартнома тузилган 2011 йил 26 декабрда 1-сонли қўшимча келишувга кўра бажариладиган ишларнинг умумий қиймати 150 000 000 сўм ҳамда 2011 йил 30 декабрдаги 2-сонли қўшимча келишувга кўра 350 000 000 сўм этиб белгиланган.
Даъвогар шартнома шартларига мувофиқ 302 770 159 сўмлик ишларни бажарган ва бажарилган ишларни жавобгарга топширган, жавобгар эса бажарилган ишлар бўйича даъвогарга 298 989 036 сўмлик тўловни амалга ошириб, даъвогар олдида 3 781 123 сўм қарздор бўлиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
ФКнинг 638-моддасига биноан агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт.
ФКнинг 673-моддасига кўра, буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди. Қонун ёки шартномада тегишли кўрсатмалар бўлмаса, пудратчи томонидан бажарилган ишлар учун ушбу Кодекснинг 638-моддасига мувофиқ ҳақ тўланади.
Қурилиш пудрати шартномасида ишларга объект буюртмачи томонидан қабул қилинганидан сўнг бир йўла ва тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Жавобгарнинг даъвогардан 3 781 123 сўм қарздорлиги иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топганлиги сабабли, биринчи инстанция суди даъвогарнинг 3 781 123 сўм асосий қарзни ундириш талабини қаноатлантириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган шартноманинг 12.3-бандида "Бош пудратчи" бажарилган ишлар учун тўловларни кечиктирадиган бўлса, ҳар бир кечиктирилган кун учун тўланмаган маблағнинг 0,1 % миқдорида, лекин тўланмаган маблағнинг 20 % дан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган.
Жавобгар 3 781 123 сўм тўловни кечиктирилганлиги учун даъвогар асосли равишда ундан ундириш учун 756 224 сўм пеня ҳисоблаган.
ФКнинг 326-моддасига мувофиқ агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Шу боис, биринчи инстанция суди асосли равишда мажбуриятни бажарилиш даражасини муҳокама қилиб, ундирилиши сўралган 756 224 сўм пеняни 200 000 сўмгача камайтирган.
Жавобгарнинг ишлар кечиктириб бажарилганлиги, ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаганлиги тўғрисидаги важларини эътиборга олиб бўлмайди, чунки иш даъвогарнинг даъвоси асосида кўриб чиқилган, агарда ишлар кечиктириб бажарилган бўлса жавобгар даъвогарга нисбатан судга даъво аризаси тақдим этиш ҳуқуқига эга, иш ҳужжатларида жавобгар ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи почта хабарномаси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.
Мазкур ҳолатда, суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Шунга кўра, судлов ҳайъати, суд қарорларини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанция судида кўриш билан боғлиқ давлат божи ва почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади.