ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 12.04.2010 й. 10-0909/7316-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

12.04.2010 й.

N 10-0909/7316


(КЎЧИРМА)




Башарти, қонун ҳужжатлари ёки шартномада бевосита ижрочи бўлган учинчи шахснинг жавобгарлиги белгилаб қўйилмаган бўлса, зиммасига мажбуриятни бажариш вазифаси юклатилган учинчи шахсларнинг мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қарздор жавоб беради


Олтиариқ туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "PAXTA LIZING" ЁАЖдан 17500000 сўм пеня, 15732129 сўм мақсадсиз қилинган харажатлар, жами 33232129 сўм ундиришни сўраган.

Шунингдек, ишни судда кўриш жараёнида даъвогар - "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги қўшимча даъво аризаси киритиб, жавобгар - "PAXTA LIZING" ЁАЖдан 43750000 сўм жарима, 17500000 сўм пеня, 22584757 сўм зарар ундириб беришни ҳамда томонлар ўртасида 2008 йил 3 ноябрда тузилган МТЗ-08/530/1-сонли шартноманинг 7.2-бандини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

2009 йил 26 майдаги суд ажрими билан Олтиариқ туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг ўрнига "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги асосий даъвогар сифатида алмаштирилган.

Биринчи инстанция судининг 2009 йил 3 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, "PAXTA LIZING" ЁАЖдан "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги фойдасига 17500000 сўм пеня ва 15732209 сўм зарар, жами 33232209 сўм ундирилган. Шартноманинг 7.2-банди ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2009 йил 23 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2009 йил 14 сентябрдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2009 йил 13 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги ва "PAXTA LIZING" ЁАЖ ўртасида тузилган 2008 йил 3 ноябрдаги МТЗ-08/530/1-сонли шартноманинг 7.2-банди ҳақиқий эмас деб топилган. "PAXTA LIZING" ЁАЖ ҳисобидан "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги фойдасига 17500000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 8 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

"PAXTA LIZING" ЁАЖнинг кассация шикоятида апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш ва даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2008 йил 11 ноябрда МТЗ-08/530/1-сонли ҳисоб-шартномаси тузилган.

Шартноманинг 3.1-бандига кўра, "PAXTA LIZING" ЁАЖ "Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги томонидан пул маблағлари тўлиқ тўлаб берилганидан сўнг 60 банк кунида "Беларус-2022,3" русумли трактор ва 10 турдаги эҳтиёт қисмларини етказиб бериш мажбуриятини олган.

"Убайдулла Нишонов" фермер хўжалиги томонидан 2008 йил 10 ноябрда 97-сонли тўлов топшириқномаси билан 158650000 сўм, 98-сонли тўлов топшириқномаси билан 16350000 сўм, жами 175000000 сўм олдиндан тўланган. Бироқ, маҳсулот етказиб берилмаганлиги боис, фермер хўжалигининг 2009 йил 11 апрелдаги аризасига кўра 2009 йил 14 апрелда тўланган 175000000 сўм қайтарилган.

Шартноманинг 7.2-бандида агарда мазкур шартноманинг 2.1-банди (тракторни 60 банк куни ичида етказиб беришга оид) талаблари сотувчи томонидан унга боғлиқ бўлмаган сабаблар, жумладан пул маблағлари конвертацияси муддатининг чўзилиши сабабли муддатида бажарилмаслиги ҳолати форс-мажор ҳолат деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Шартноманинг 6.3-бандида эса, "PAXTA LIZING" ЁАЖ шартноманинг 7.2-бандида назарда тутилган ҳолат вужудга келганда жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 333-моддасининг учинчи қисмига асосан, башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади.

Бундан кўринадики, фуқаролик қонунчилиги талабига мувофиқ, пул маблағларининг конвертацияси масаласи форс-мажор ҳолати сифатида баҳоланмайди. Шунга кўра, тарафлар томонидан шартномага пул маблағлари конвертациясининг кечикиши ҳолатини форс-мажор ҳолати деб киритиш қонунчилик талабига зид ҳисобланади.

Мазкур Кодекснинг 334-моддасига асосан, башарти, қонун ҳужжатлари ёки шартномада бевосита ижрочи бўлган учинчи шахснинг жавобгарлиги белгилаб қўйилмаган бўлса, зиммасига мажбуриятни бажариш вазифаси юклатилган учинчи шахсларнинг мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қарздор жавоб беради.

"PAXTA LIZING" ЁАЖ мижоз сифатида ваколатли банклар ва юридик шахслар томонидан хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича савдоларни амалга ошириш ва ҳисоб-китоб қилиш юзасидан ўзаро муносабатлари учун даъвогар олдидаги мажбуриятларидан озод қилинмайди.

Биринчи инстанция суди томонидан даъво талабининг 17500000 сўм ундириш қисмини қаноатлантириб, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли хулосага келинган.

Чунки, шартноманинг 6.2-бандида "сотувчи" тракторни етказиб бериш муддатини кечиктирган тақдирда ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,5 фоиз миқдорида, аммо умумий қарздорликнинг 10 фоизидан, яъни 17500000 сўмдан ошмаган ҳолда пеня тўлаши лозимлиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.

Бундай ҳолатда шартнома шартлари бузилишида жавобгарнинг айби мавжудлиги кўриниб турибди. Яъни, даъвогар томонидан жавобгарнинг ҳисоб рақамига трактор ва эҳтиёт қисмлар сотиб олиш учун олдиндан 100 фоизлик тўлов амалга оширилган бўлса-да, жавобгар трактор ва эҳтиёт қисмларни даъвогарга етказиб беришнинг барча зарур чораларини кўрмаган.

Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан даъво талабининг 22584757 сўм зарарни ундиришга доир қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келинган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 325-моддасига кўра, агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланиши белгиланган.

Даъво талабининг 43750000 сўм жарима ундириш қисмини рад этиш ҳақида ҳам судлар томонидан тўғри хулосага келинган.

Хусусан, даъвогар мазкур талабини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 75-банди билан асослаган.

Бироқ, бундай ҳолатда "PAXTA LIZING" ЁАЖ хизмат кўрсатувчи ташкилот эмаслиги, балки сотувчи бўлиб ҳисобланиши, жавобгар томонидан трактор ва эҳтиёт қисмлари етказиб беришдан бош тортиш ҳолати ишда мавжуд ҳужжатлар билан ўз исботини топмаганлиги биринчи инстанция суди томонидан тўғри баҳоланган.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, асослантирилган қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси суди қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади.









































Время: 0.0180
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск