Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Терроризм ва экстремизмга қарши кураш. Легаллаштириш /

Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 11.10.2016 й. 2833-сон билан рўйхатга олинган Бош прокурорнинг 30.09.2016 й. 22-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 11 октябрда 2833-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурорининг

2016 йил 30 сентябрдаги

22-Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин

қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок

этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган

шахсларнинг  операцияларини  тўхтатиб  туриш,  пул

маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай

тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган

мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва

операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 апрелдаги ПҚ-331-сонли "Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 сентябрдаги 424-сонли "БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1540-сон (2004) Резолюциясининг бажарилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2009 йил 12 октябрдаги 272-сонли "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига асосан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш, шунингдек, ушбу рўйхатни тузиш ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга етказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;


террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек, террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;


оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишини олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;


операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни кўчириш, конверсиялаш, ўзга шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;


БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўмиталари томонидан тузилган санкциявий рўйхатлар - БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўмиталари томонидан тузиладиган, шу жумладан 1267/1989/2253 Қўмитасининг ИШИД (ДАИШ) ва "Ал-Қоида"га қарши санкциялар юзасидан, 1988 санкциялар Қўмитасининг ("Толибон" ташкилоти юзасидан) қарорлари билан санкциялар қўлланилиши белгиланган террорчилик ҳаракатлари ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишга алоқадор бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхатлари;


БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари - БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган терроризмга қарши курашишга қаратилган резолюциялар (1267 (1999), 1333 (2000), 1363 (2001), 1373 (2001), 1390 (2002), 1452 (2002), 1455 (2003), 1526 (2004), 1617 (2005), 1730 (2006), 1735 (2006), 1822 (2008), 1904 (2009), 1988 (2011), 1989 (2011), 2161 (2014), 2170 (2014), 2178 (2014), 2253 (2015) ва уларни ривожлантиришга қаратилган резолюциялар) ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишга қаратилган резолюциялар (1718 (2006), 1737 (2006), 1747 (2007), 1803 (2008), 1874 (2009), 1929 (2010) ва уларни ривожлантиришга қаратилган резолюциялар);


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти.


2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларга, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларга ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларга, шунингдек уларнинг топшириғи бўйича фаолият кўрсатаётган шахсларга, бевосита ёки билвосита пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка, моддий ресурсларга, молиявий ва бошқа хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш тақиқланади.


3. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар:

операция иштирокчиларини террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахслар билан солиштириши;

террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операциясини кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриши, бундан юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар мустасно, ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиши, шунингдек шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар юбориши шарт.



2-БОБ. ТЕРРОРЧИЛИК ФАОЛИЯТИДА ЁКИ ОММАВИЙ

ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ ТАРҚАТИШДА ИШТИРОК

ЭТАЁТГАН ЁКИ ИШТИРОК ЭТИШДА ГУМОН

ҚИЛИНАЁТГАН ШАХСЛАРНИНГ РЎЙХАТИ


1-§. Рўйхатни тузиш тартиби ва асослари


4. Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхати (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилади. Рўйхат ва унинг шакли махсус ваколатли давлат органининг раҳбари томонидан тасдиқланади.


5. Рўйхат иккита бўлимдан иборат бўлади:

Халқаро рўйхат;

Миллий рўйхат;

Ҳар бир бўлим иккита бобга бўлинади:

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар.

Боблар иккита қисмга бўлинади:

жисмоний шахслар;

юридик шахслар.

"Миллий рўйхат" бўлими ҳамда уни янгилаш учун келаётган маълумотлар махсус ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан ўзаро келишиб олинади.


6. Рўйхатга киритиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

а) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятга эга бўлган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган жисмоний шахсга нисбатан қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикаси судининг ҳукми;

б) террорчилик ташкилоти деб топиш, уни тугатиш ёки фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқлаш тўғрисида қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикаси судининг қарори;

в) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятга эга бўлган жиноятни содир этишда гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жиноят иши юзасидан жисмоний шахсни жалб қилиш тўғрисида терговчи ёки прокурорнинг қарори;

г) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятга эга бўлган жиноятни содир этишда айблаш муносабати билан шахсни қидирувга, шу жумладан халқаро қидирувга эълон қилиш;

д) БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатлар ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари;

е) Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган халқаро шартномалар ёки ўзаролик принципи асосида чет давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатлари;

ж) Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган халқаро шартномалар ёки ўзаролик принципи асосида террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятни содир этишда жисмоний шахс айбдор деб топилган чет эл давлатларининг суд ҳукмлари, шунингдек, террорчилик ташкилоти деб тан олиш, уни тугатиш ёки фаолиятини тақиқлаш тўғрисида чет эл давлатларининг суд қарорлари;

з) террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган халқаро шартномалар ёки ўзаролик принципи асосида чет давлатлар ваколатли органларининг сўровлари.


7. Рўйхатни тузиш учун Ўзбекистон Республикасининг терроризмга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари, Бош прокуратура, Марказий банк ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотларни, улар маълум бўлгандан ёки Рўйхатга қўшиш учун ҳолатлар юзага келгандан бошлаб уч иш куни давомида махсус ваколатли давлат органига тақдим этадилар.

Маълумотлар қоғоз ёки электрон кўринишдаги ҳужжат сифатида расмийлаштирилади ва махсус ваколатли давлат органига қўлда ёки ҳимояланган махсус алоқа каналлардан фойдаланган ҳолда махсус алоҳида почта алоқаси орқали тақдим этилади.


8. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатлар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари тўғрисида, улар расмий каналлар орқали келиб тушишига қараб махсус ваколатли давлат органини ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларини хабардор қилади.


9. Террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятлар учун ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳамда террорчилик ташкилоти деб тан олиш, уни тугатиш ёки фаолиятини тақиқлаш тўғрисида суд қарорлари тўғрисидаги маълумотлар махсус ваколатли давлат органи томонидан тизимли тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий судидан сўраб олинади.


10. Рўйхатга киритилган шахсларни идентификация (верификация) қилиш учун махсус ваколатли давлат органига қўшимча тарзда қуйидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса) тақдим қилинади:

а) юридик шахсга нисбатан:

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва фаолият тури;

солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) ва юридик манзили;

раҳбарлар ва таъсисчилар (мулкдорлар) тўғрисида маълумот (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш манзили);

банклардаги ҳисоб рақамлар ва мулк мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

б) жисмоний шахсга нисбатан:

паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг маълумотлари;

яшаш жойи (рўйхатдан ўтиш) манзили ёки туриш жойи манзили;

туғилган йили ва жойи (кун/ой/йил);

солиқ тўловчининг индетификацион рақами (СТИР);

иш жойи ва лавозими тўғрисидаги маълумотлар;

агарда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятни амалга ошираётган бўлса - давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномасининг тартиб рақами ва фаолият тури.


11. Агарда тақдим этилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса ёки ноаниқ бўлса махсус ваколатли давлат органи қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли ваколатли давлат органига мурожаат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг тегишли ваколатли давлат органлари етти иш куни давомида қўшимча маълумотни тақдим этадилар, бундан ушбу маълумотни тақдим қилиш учун чет давлатларнинг ваколатли органларига ёки халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш зарур бўлган ҳолатлар мустасно.


12. Ўзбекистон Республикасининг тегишли ваколатли давлат органларидан ёки чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали келиб тушган маълумотларга асосан, улар келиб тушган кундан кейинги уч иш кунидан кечиктирмай махсус ваколатли давлат органи Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчаларни киритади.

Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, у ҳар гал янги таҳрирда чиқарилади.



2-§. Рўйхатдан чиқариш тартиби ва асослари


13. Шахсларни Рўйхатдан чиқарилиши, уларни Рўйхатга киритиш учун маълумотларни тақдим этган органнинг мурожаатига кўра Низомнинг 14-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилади, бунда шахсни Рўйхатдан чиқарилиши фақат расмий тасдиқланган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги мурожаат шахсни Рўйхатдан чиқариш учун асос бўлган маълумотлар олинган ёки аниқланган кундан кейинги уч иш кунидан кечиктирмай махсус ваколатли давлат органига юборилади.


14. Рўйхатдан чиқариш учун асослар қуйидагилардан иборат:

а) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятни содир этишда жисмоний шахсга нисбатан қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикаси судининг ҳукми бекор қилиниши;

б) террорчилик ташкилоти деб тан олиш, уни тугатиш ёки фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқлаш тўғрисида қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикаси суди қарорининг бекор қилиниши;

в) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноят учун ҳукм қилинган жисмоний шахснинг судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши;

г) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятни содир этишда айбланган шахсга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83 ва 84-моддаларида назарда тутилган асослар билан тугатилиши;

д) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятни содир этишда айблаш муносабати билан шахснинг қидируви, шу жумладан халқаро қидирувининг тугатилиши;

е) БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмитаси томонидан жисмоний ёки юридик шахсни санкцион рўйхатидан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясидан чиқариб ташланганлиги ҳақида расмий ҳужжат;

ж) шахс террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатидан чиқариб ташланганлиги тўғрисида чет давлати ёки халқаро ташкилотининг расмий хабари;

з) террорчилик ёки оммавий қирғин қуролини тарқатиш хусусиятига эга бўлган жиноятни содир этишда жисмоний шахсни айбдор деб топиш тўғрисидаги ҳукми ёки террорчилик ташкилоти деб тан олиш, уни тугатиш ёки фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ҳақида чет давлат судининг қарори;

и) террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги чет давлати ваколатли органларининг сўровини чақириб олиниши ёки бекор қилиниши;

к) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган жисмоний шахснинг вафоти тўғрисидаги маълумот.


15. БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатлар ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига киритилган шахсни Рўйхатдан чиқариб ташланиши, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўмиталари ва резолюцияларининг тегишли ҳужжатларида (бошқарув принциплар) белгиланган тартибда амалга оширилади;

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатларга асосан Рўйхатга киритилган шахснинг ўзи, ёки ўлимидан кейин унинг қонуний ворислари, уни Рўйхатдан чиқариб ташлаш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Резолюцияси 1904 (2009) билан таъсис этилган Омбудсман Девонхонасига мурожаат қилишади.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатларга ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига киритилган шахс вафоти расмий тан олинганида Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қўмитасига хабар юбориш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қиладилар.



3-§. Рўйхатга киритиш тўғрисидаги қарор

устидан шикоят билдириш


16. Рўйхатга адашиб киритилган ёки мазкур Низомнинг 14-бандига асосан Рўйхатдан чиқариб ташланиши лозим бўлган, лекин ундан чиқариб ташланмаган юридик ва жисмоний шахслар асослантирилган ариза билан махсус ваколатли давлат органига мурожаат қиладилар.


17. Махсус ваколатли давлат органи уч иш кунидан кечиктирмасдан аризани кўриб чиқиш учун Рўйхатга киритишга асос бўлган маълумотни тақдим қилган Ўзбекистон Республикасининг тегишли ваколатли органига юборади.

Аризани қабул қилган орган уни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқади ва қуйидаги асослантирилган қарорлардан бирини қабул қилади:

Рўйхатдан чиқариб ташлаш тўғрисида таклиф киритиш ҳақида;

аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида.


18. Махсус ваколатли давлат органи тегишли органнинг қарори келиб тушган кунидан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан қабул қилинган қарор ҳақида аризачини хабардор қилади.


19. Аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан шахс суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.


20. Юридик ёки жисмоний шахс уни Рўйхатнинг "Халқаро рўйхат" бўлимига киритиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш учун қуйидаги ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли:

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатларга ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосан киритилган шахс БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясига 1730 (2006) асосан тузилган Алоқа марказига ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясига 1904 (2009) асосан таъсис этилган Омбудсман Девонхонасига;

шахс, Рўйхатга чет давлат ёки халқаро ташкилот террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати асосида киритилганлик ҳолатида ушбу чет давлатнинг ваколатли органига ёки халқаро ташкилотга;

Рўйхатга киритиш учун асос бўлган чет давлатининг ҳукм ёки қарор чиқарган юқори турувчи судига;

Рўйхатга киритиш учун асос бўлган операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш тўғрисида сўровни юборган чет давлатининг ваколатли органига.



3-БОБ. РЎЙХАТНИ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ЁКИ

БОШҚА МОЛ-МУЛК БИЛАН БОҒЛИҚ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРГА ЕТКАЗИШ


21. Рўйхат тузилиб тасдиқлангандан кейин бир иш кунидан кечиктирмасдан махсус ваколатли давлат органи томонидан ички назорат қоидаларини ҳамкорликда тасдиқлаган тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органларга электрон шаклида етказиб беради ва Рўйхатни ўзининг веб-сайтида жойлаштиради.

Қайд этилган назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар Рўйхатни олгандан кейин уни бир иш кунидан кечиктирмасдан пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга етказиб берадилар.


22. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда махсус ваколатли давлат органи янгиланган Рўйхатни бир иш кунидан кечиктирмасдан мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган органларга етказиб беради ва ўзининг веб-сайтида жойлаштиради. Бунда Рўйхатдан чиқариб ташланган шахслар тўғрисидаги маълумотлар алоҳида Рўйхатга илова сифатида расмийлаштирилади.


23. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларда, назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар бўлмаган ҳолда, улар Рўйхатни олиш учун мустақил равишда махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилишлари ёки махсус ваколатли давлат органининг веб-сайтидан кўчириб олишлари лозим.

Махсус ваколатли давлат органи пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотдан мурожаат олинган кунидан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан унга Рўйхатни тақдим қилади.



4-БОБ. РЎЙХАТГА КИРИТИЛГАН ШАХСЛАРНИНГ

ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА (ЁКИ)

ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ЁКИ БОШҚА МОЛ-МУЛКНИ

ИШГА СОЛМАЙ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИШ, ШУНИНГДЕК

ОПЕРАЦИЯЛАРНИ ТИКЛАШ


1-§. Операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини

ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш


24. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар операцияларни амалга оширишда уларнинг иштирокчиларини Рўйхат билан солиштиришлари лозим.


25. Мижоз ёки операция қатнашчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келган тақдирда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот бу операцияни кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туради, бундан юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар мустасно, ва пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўяди.

Куйидаги ҳолатларда ҳам операцияни тўхтатиб туриш ва пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш лозим:

агарда операция қатнашчиларидан бири Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция қатнашчиси - юридик шахс Рўйхатга киритилган шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.


26. Рўйхатга киритилган шахснинг операцияси тўхтатиб турилганда ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйилганда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот ишга солмай тўхтатиб қўйилган мулкнинг миқдори кўрсатилган ҳолда бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига шубҳали операция тўғрисида хабар юбориш лозим.



2-§. Операцияларни тиклаш


27. Операцияларини тиклаш ва ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

Шахс Рўйхатдан чиқарилганда;

операцияси тўхтатиб турилган ва пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйилган шахс Рўйхатга киритилган шахс билан бир хилдаги идентификация маълумотларга эга бўлса ("янглишиш ҳолати").


28. Операцияси тўхтатиб турилган ва пул маблағларини ишга солмай тўхтатиб қўйилган, Рўйхатга киритилган шахс билан бир хилдаги идентификацион маълумотларга эга бўлган шахслар уларни тиклаш учун махсус ваколатли давлат органига ёзма мурожаат юборадилар.

Мурожаатга шахснинг тўлиқ идентификация қилиш учун зарур бўлган ҳамда у Рўйхатга киритилган шахс эмаслигини тасдиқловчи ҳужжат ва бошқа маълумотлар илова қилиниши лозим.


29. Махсус ваколатли давлат органи мурожаатни беш иш куни давомида кўриб чиқади ва операция иштирокчиси Рўйхатга киритилган шахс эмаслиги, балки бу шахс билан бир хилдаги идентификация маълумотларига эга эканлиги тасдиқланса, бу ҳақда аризачини ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотни хабардор қилади.

Агарда аризачи томонидан тақдим қилинган маълумотлар бўйича шахсни тўлиқ идентификация (верификация) қилиш имкони бўлмаса, махсус ваколатли давлат органи мурожаат келиб тушган кундан уч кундан кечиктирмасдан аризачига асослантирилган рад жавобини юборади.


30. Қуйидаги ҳолатларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот тўхтатилган операцияни ўтказишни тиклайди ва ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат беради:

янгиланган Рўйхат келиб тушган кундан уч кундан кечиктирмасдан, агарда шахс Рўйхатдан чиқариб ташланган бўлса;

"янглишиш ҳолати" ҳақида махсус ваколатли давлат органидан хабарнома келиб тушган куннинг ўзида, лекин келиб тушган куннинг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан.



5-БОБ. ИШГА СОЛМАЙ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИЛГАН

МОЛ-МУЛКДАН ФОЙДАЛАНИШГА РУХСАТ БЕРИШ


31. Қуйидаги мақсадларда Рўйхатга киритилган шахс базавий ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш учун пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотга мурожаат қилишга ҳақли:

а) озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой ижараси, коммунал тўловлар, дори воситалари, тиббий хизмат ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар, солиқ, бошқа мажбурий ва суғурта тўловлар, ўртача бозор нархи чегарасида адвокатлар хизмати ва юридик маслаҳатлар, банк ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш ёки мулкни сақлаш билан боғлиқ бўлган тўлов ва йиғимлар учун;

б) фавқулоддаги харажатлар тўловлари учун.

Мурожаатга тўлов мақсади, суммаси, асоси, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш мулкнинг тури, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк олувчининг реквизитлари ва идентификацион маълумотлари, пул маблағлари олувчининг банки тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.


32. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилот мурожаат келган кундан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмасдан уни махсус ваколатли давлат органига юборади.


33. Махсус ваколатли давлат органи ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкдан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаат келган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан уни кўриб чиқиш учун шахсни Рўйхатга киритиш учун тегишли маълумотларни тақдим этган органга юборади.

Шахсни Рўйхатга киритиш учун тегишли маълумотларни тақдим этган орган етти иш куни давомида мурожаатни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида махсус ваколатли давлат органини хабардор қилади, бундан қарор қабул қилиш учун чет давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг ваколатли органларига сўровлар юбориш зарурияти бўлган ҳолатлар мустасно.

Махсус ваколатли давлат органи икки иш кунидан кечиктирмасдан қабул қилинган қарор ҳақида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотни хабардор қилади.


34. Ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкдан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаат Рўйхатга киритилган шахснинг мулкига нисбатан бўлса, агарда у:

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатларга ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосан киритилган бўлса, махсус ваколатли давлат органи икки иш куни давомида ушбу мурожаатни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қўмитасига юбориш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади;

халқаро шартнома асосида тан олинган ёки ўзаролик принципи асосида чет давлати ваколатли органининг сўровига асосан киритилган бўлса, махсус ваколатли давлат органи икки иш куни давомида сўров юборган чет давлати ваколатли органига мурожаат олганлиги ҳақида ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш масаласини келишиш тўғрисида хабар юборади.


35. БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тузилган санкцион рўйхатларга ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига асосан киритилган шахсга:

мазкур Низомнинг 31-банди "а" кичик бандида кўрсатилган мақсадлар учун ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат, бундай рухсат олиш тўғрисидаги мурожаат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қўмитасига етказилганлиги шарти билан берилади;

мазкур Низомнинг 31-банди "б" кичик бандида кўрсатилган мақсадлар учун ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат фақат мурожаат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қўмитасининг розилиги ва дипломатик каналлар орқали тасдиқловчи ҳужжатлар олинганда берилади.


36. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкдан фойдаланиш рухсати берилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция, шу жумладан уни ўтказишнинг уриниб кўриши, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилоти томонидан шубҳали деб топилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органига хабар юборилади.



6-БОБ. ОПЕРАЦИЯЛАРНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА (ЁКИ)

ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ЁКИ БОШҚА МОЛ-МУЛКНИ

ИШГА СОЛМАЙ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИШ СОҲАСИДАГИ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


1-§. Чет давлатлар ваколатли органларининг

сўровларини бажариш


37. Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этиш ёки иштирок этишда гумон қилиш билан боғлиқ, санкциялар остига тушаётган шахсларнинг операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги халқаро ташкилот ёки чет давлати ваколатли органининг сўрови дипломатик каналлар орқали келиб тушган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги уч иш куни давомида ҳужжатларни махсус ваколатли давлат органига юборади.

Халқаро ташкилот ёки чет давлати ваколатли органининг сўрови қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

шахснинг террорчилик фаолияти ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишга алоқадорлиги ҳақида батафсил маълумотлар, шу жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларида белгиланган санкцияларни қўллаш учун асос бўлган мезонларга тўғри келиши ҳақида;

жисмоний ва юридик шахслар учун мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган маълумотлар;

операцияни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш ҳақида сўров юборилганлиги ҳолатини ошкор қилишга розилик бериш.


38. Махсус ваколатли давлат органи келиб тушган халқаро ташкилот ёки чет давлати ваколатли органининг сўровини икки иш куни давомида кўриб чиқади ва натижаси бўйча шахсни Рўйхатга қўшиш ёки Рўйхатга қўшишни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.


39. Агарда пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш ҳақида сўровнинг ижроси махсус ваколатли давлат органининг ваколатига кирмайдиган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган ҳолда сўровни бажариш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органига юборади.


40. Сўровни бажариш имкони бўлмаган тақдирда, маълумот ва ҳужжатлар сўров ижросига тўсқинлик қилувчи сабаблар кўрсатилган ҳолда дипломатик каналлар орқали сўров ташаббускорига қайтарилади.


41. Сўров Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлса ёки унинг ижроси Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ёки хавфсизлигига зарар келтириши мумкин бўлса у ижросиз қайтарилади.



2-§. Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари

томонидан сўровларни юбориш


42. Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этиш ёки иштирок этишда гумон қилиш билан боғлиқ бўлган санкциялар остига тушаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларининг сўровлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик каналлари орқали халқаро ташкилотларга ёки чет давлатларининг ваколатли органларига юборилади.


43. Терроризмга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўмиталари томонидан тузиладиган санкцион рўйхатларга киритилиши лозим бўлган шахсга нисбатан маълумотлар аниқланса ёки олинса, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли қўмитасига кўриб чиқишга юбориш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилинади, бунда бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан келишилган бўлиши лозим.


44. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юбориладиган мазкур Низомнинг 43-бандида назарда тутилган маълумотлар ўз ичига шахсни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларида белгиланган, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталарининг санкцион рўйхатларига киритиш учун асос бўлувчи мезонларга тўғри келадиган имкони борича кўпроқ маълумотларни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг идентификацион маълумотларини, шу жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўмиталари томонидан тасдиқланган тўлдирилган шаклларни ўз ичига олиши лозим.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Махсус ваколатли давлат органи тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар билан ҳамкорликда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширади.


46. Операцияларни тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш натижасида зарар кўрган жисмоний ва юридик шахслар, мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш қарори қўлланилган шахсга нисбатан мулкий зарарни қоплаш даъвоси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


47. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


48. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Марказий банки, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 17 октябрь, 41-сон, 481-модда





















































Время: 0.2096
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск