ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг Намунавий регламенти (ЎзР ВМ 17.10.2016 й. 345-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 17 октябрдаги

345-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг

қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг

НАМУНАВИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий регламент давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида (кейинги ўринларда органлар деб аталади) қонун лойиҳаларига доир фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Қуйидагилар қонун лойиҳаларига доир фаолиятнинг асосий босқичлари ҳисобланади:

қонун лойиҳаларига доир фаолиятни режалаштириш;

қонун лойиҳаларини тайёрлаш, келишиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

қонун лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси;

бошқа органлар томонидан тайёрланадиган қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилишда қатнашиш;

қонун лойиҳалари ва қонунларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқишда иштирок этиш.


3. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларига мувофиқ амалга оширилади.


4. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобга олинган ҳолда органлар томонидан уларнинг ваколатларига мувофиқ ўз ташаббуслари билан ҳам амалга оширилиши мумкин.


5. Органнинг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини ташкил этиш ва ушбу иш устидан назорат қилиш бевосита органнинг раҳбари томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ОРГАНЛАРНИНГ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИГА

ДОИР ФАОЛИЯТИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ


6. Органлар қонун лойиҳаларига доир фаолиятни режалаштириш мақсадида қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг жорий (келгуси йилга), зарурият бўлганда эса - истиқболли (бир йилдан ортиқ бўлган муддатга) режасини (кейинги ўринларда режалар деб аталади) ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.


7. Режани ишлаб чиқиш органнинг таркибий, шу жумладан ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда органнинг бўлинмаси деб аталади) таклифлари асосида органнинг юридик хизмати (кейинги ўринларда юридик хизмат деб аталади) томонидан амалга оширилади.


8. Юридик хизмат ҳар йили 1 июлгача режани шакллантириш учун таклифлар (кейинги ўринларда таклифлар деб аталади) киритиш бўйича орган раҳбарининг топшириғини тайёрлайди.


9. Орган раҳбарининг топшириғи асосида органнинг бўлинмаси жорий йилнинг 1 августигача таклифларни тайёрлайди ва юридик хизматга киритади.


10. Таклифлар:

қонун лойиҳасининг ишчи номини;

қонун лойиҳаси қабул қилиниши зарурлигини асослаш ва кутилаётган натижаларни;

қонун лойиҳасида тартибга солиш таклиф этилаётган масалаларни қонунчилик йўли билан тартибга солинганлик ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотномани;

қонун лойиҳаси предметига тегишли бўлган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича халқаро ҳужжатларни ва хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш якунлари бўйича таҳлилий маълумотномани (мавжуд бўлганда);

тайёрланаётган қонун лойиҳасида тартибга солинадиган ҳуқуқий муносабатлар ваколатига тегишли бўлган ва қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича асосий ижрочи ҳисобланган орган бўлинмасининг (кейинги ўринларда асосий ижрочи деб аталади), шунингдек қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ҳамижрочилар сифатида белгиланадиган органнинг бошқа бўлинмаларининг (кейинги ўринларда ҳамижрочи бўлинмалар деб аталади) номини;

қонун лойиҳаси тайёрланиши учун масъул бўлган органлар ва бошқа ташкилотларнинг рўйхатини;

қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддатини ўз ичига олган бўлиши керак.


11. Юридик хизмат тақдим этилган таклифларни уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, асосланганлиги юзасидан ўрганиб чиқади, шунингдек қонун лойиҳаси қабул қилинишининг ҳуқуқий ва бошқа оқибатларини ўрганади.


12. Агар таклифлар ушбу Намунавий регламентнинг 10-банди талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим этилса, юридик хизмат уларни қайта ишлаш учун қайтариш ҳуқуқига эга.


13. Юридик хизмат келиб тушган таклифларни умумлаштиради ва жорий йилнинг 20 августгача бўлган муддатда уларни кўриб чиқиш учун режанинг лойиҳаси шаклида органнинг раҳбарига киритади.


14. Режанинг лойиҳасида:

қонун лойиҳасининг ишчи номи;

қонун лойиҳасини қабул қилишнинг зарурлигини асослаш ва кутилаётган натижалар;

асосий ижрочи ва ҳамижрочи бўлинма;

қонун лойиҳасининг жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасини ўтказиш санаси (зарурият бўлганда);

қонун лойиҳасини тайёрлаш, келишиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш муддати назарда тутилади.


15. Органнинг раҳбари режанинг лойиҳасини кўриб чиқиб ҳамда унга киритилган қонун лойиҳаларининг зарурлигини, асосланганлигини, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини ўрганиб чиқиб, жорий йилнинг 1 сентябригача бўлган муддатда уни тасдиқлайди.

Зарурият бўлганда органнинг раҳбари органнинг бўлинмаларига таклифларни қўшимча равишда ишлаб чиқишни, юридик хизматга эса - режа лойиҳасини қайта ишлашни топширади.


16. Тасдиқланган режа тасдиқлангандан кейин бир иш куни мобайнида ижро этиш учун органнинг тегишли бўлинмаларига юборилади.


3-БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ,

КЕЛИШИШ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИГА КИРИТИШ


18. Ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича асосий ижрочи томонидан уни тайёрлашнинг режа-графиги тузилади. Режа-график, агар қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, органнинг раҳбари томонидан тасдиқланади.

Режа-графикни ижро этишнинг бориши мониторинги юридик хизмат томонидан амалга оширилади ва мониторинг натижалари ҳар ойда муҳокама қилиш учун органнинг раҳбарига киритилади.


19. Асосий ижрочи юридик хизматга қонун лойиҳаси тайёрланишининг бориши тўғрисида ахборот беради, зарурият бўлганда эса, орган раҳбарининг розилиги билан тайёрлаш давомида пайдо бўладиган ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш учун юридик хизматни жалб этади.

Ҳамижрочи бўлинма асосий ижрочининг сўрови бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган ахборот-таҳлил материалларини ва бошқа материалларни тақдим этади, зарурият бўлган тақдирда эса, қонун лойиҳасини тайёрлашда иштирок этади.


20. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун, қоидага кўра, ишчи гуруҳлар (комиссиялар) ташкил этилади. Ишчи гуруҳларни (комиссияларни) ташкил этиш тўғрисидаги қарор уларнинг шахсий таркиби кўрсатилган ҳолда органнинг раҳбари томонидан қабул қилинади.

Ишчи гуруҳлар (комиссиялар) таркибига асосий ижрочининг, ҳамижрочи бўлинмаларнинг ходимлари киритилади, зарурият бўлганда эса, (келишув бўйича) тегишли тармоқларнинг ҳолати ва ривожланиши учун жавоб берувчи вазирликлар ва идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат органлари, илмий ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин.


21. Асосий ижрочи ҳамижрочи бўлинмаларнинг қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишини мувофиқлаштиради, манфаатдор органлар ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини ушбу ишга жалб этади, қонун лойиҳаси манфаатдор органлар ва бошқа ташкилотлар билан келишилишини ва қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.


22. Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади.


23. Асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия) зарур материаллар ва ахборотни тўплайди, зарур ўрганишларни амалга оширади, уларнинг натижалари бўйича концепцияни тайёрлайди, зарурият бўлганда эса, шунингдек маълумотномалар, жадваллар, диаграммалар ва бошқа ахборот-таҳлилий материалларни ҳам тайёрлайди.


24. Концепция қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.


25. Тайёрланган концепция, агар қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, органнинг раҳбари томонидан тасдиқланади.


26. Тасдиқланган концепция асосида қонун лойиҳаси тузилади (тайёрланади).


27. Қонун лойиҳасини тайёрлашда асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия):

қонун ҳужжатларининг ҳолатини, лойиҳани тартибга солиш предмети бўйича қўлланиш амалиётини ўрганади;

ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган бўшлиқлар ва зиддиятларни, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир кўрсатувчи сабаблар ва шароитларни аниқлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек айрим фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ҳамда улардан фойдаланади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2015 йил 15 сентябрдаги 220-III/КҚ-41-III-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Қонун лойиҳаси тайёрланаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиятига мувофиқ халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларини қиёсий таҳлил қилади.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш бўлажак қонуннинг амалиётда ишлаши самарадорлигини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилишга асосланиши лозим.


28. Қонун лойиҳалари "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига жавоб бериши лозим.


29. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда:

қонун лойиҳасидаги мавжуд нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга, қонун ҳужжатларининг тизимлилигига ва кодификациялашга;

бўлажак қонунни амалга оширишнинг аниқ механизмларини, шу жумладан маъмурий-ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқий механизмларини белгилашга алоҳида эътибор бериш зарур.


30. Қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II/150-II-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


31. Агар тайёрланадиган қонун лойиҳаси бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни (тўлиқ ёки қисман) ўз кучини йўқотган деб топишни талаб этса, ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича таклифлар тайёрланадиган қонун лойиҳасига киритилади.

Ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ёки ўз кучини йўқотган деб топиш керак бўлган қонунлар ёки уларнинг қисмлари катта ҳажмда бўлганда, улар қонун лойиҳаси билан бир вақтда алоҳида қонун лойиҳаси кўринишида тақдим этилади. Бунда унга тушунтиришлар билан ҳужжат матнининг амалдаги ва таклиф этилаётган таҳрирининг тегишли қиёсий жадваллари илова қилинади.


32. Асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия) қонун лойиҳаси тайёрлангандан кейин уни органнинг ҳамижрочи бўлинмасига келишишга (виза қўйишга) юборади.

Барча ҳамижрочи бўлинмаларнинг раҳбарлари томонидан белгиланган тартибда келишилган (виза қўйилган) қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юридик хизматга тақдим этилади.


33. Қонун ҳужжатларига, қонунчилик техникаси қоидаларига ва қонун лойиҳаларига қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ бўлган тақдирда юридик хизмат раҳбари қонун лойиҳасига виза қўяди. Виза қўйиш қонун лойиҳасининг ҳар бир варағининг орқа томонига имзо қўйиш орқали амалга оширилади.

Қонун лойиҳасига виза қўйиш билан бир вақтда юридик хизмат ҳуқуқий хулоса тайёрлайди.


34. Юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосасида:

қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек юқори турувчи органнинг топшириқлари (топшириқ бўлган тақдирда) тўғрисидаги маълумотлар;

қонун лойиҳасининг ҳуқуқий табиати тушунтирилган ҳолда унинг асосий қоидаларининг моҳияти ва аҳамиятининг қисқача баёни;

қонун лойиҳасининг қонун ҳужжатларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек қонун лойиҳасининг ҳар бир ҳаволаки нормасини қўллашнинг асосланганлиги ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса акс эттирилади.

Ҳуқуқий хулоса юридик хизматнинг раҳбари томонидан имзоланади.


35. Қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларига ва қонунчилик техникаси қоидаларига, қонун лойиҳаларига қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, юридик хизмат қонун лойиҳасини тегишли эътироз ва таклифлар билан биргаликда қайта ишлаш учун асосий ижрочига қайтаради.


36. Юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосаси олингандан кейин асосий ижрочи органнинг раҳбарига қонун лойиҳасини келишиш учун манфаатдор органларга ва бошқа ташкилотларга юбориш мумкинлиги тўғрисида ахборот беради.

Органнинг раҳбари қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қонун лойиҳасини қайта ишлаш ёхуд қонун лойиҳасини манфаатдор органларга ва бошқа ташкилотларга келишиш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.


37. Асосий ижрочи қонун лойиҳаси келишиш учун манфаатдор органларга ва бошқа ташкилотларга юборилишини ташкил этади. Қонун лойиҳасини манфаатдор органлар ва бошқа ташкилотлар билан келишиш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳмакамасининг Регламенти деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.


38. Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритишда юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосаси унга мажбурий тартибда илова қилинади.


39. Қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК

ВА МУТАХАССИСЛАР МУҲОКАМАСИ


40. Қонун лойиҳаси манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишилгунига қадар жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамасига киритилади.

41. Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси семинарлар ва давра суҳбатларини ўтказиш, қонун лойиҳалари матнларини ва уларга таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали, органнинг расмий веб-сайтида жойлаштириш йўли билан, шунингдек, бошқа усуллар билан фуқаролар, манфаатдор давлат органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, олимлар ва мутахассислар, экспертлар иштирокида ўтказилади.

Қонун лойиҳасининг малакали муҳокамаси тегишли илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.

42. Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси ташкил этилишини таъминлаш органнинг раҳбари зиммасига юкланади.


43. Қонун лойиҳасининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси иштирокчилари ишлаб чиқувчи томонидан унинг матни билан олдиндан таништирилиши лозим.


44. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун белгиланган тартибда жойлаштирилиши лозим.

46. Жамоатчилик ва мутахассислар муҳокама давомида билдирилган таклифлар ва эътирозлар асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия) томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган қонун лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

47. Қонун лойиҳасининг ўтказилган мутахассислар муҳокамаси ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар тушунтириш хатида акс эттирилиши лозим.


5-БОБ. ОРГАННИНГ БОШҚА ОРГАНЛАР ТОМОНИДАН

ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА МУҲОКАМА ҚИЛИШДА

ИШТИРОК ЭТИШИ


48. Орган вакилларининг бошқа органлар томонидан ишлаб чиқиладиган тегишли қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилиш бўйича ишчи гуруҳлар (комиссиялар) фаолиятидаги иштироки орган раҳбари ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан амалга оширилади.


49. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларидан ва бошқа органлар ва ташкилотлардан келишиш учун органга қонун лойиҳаси келиб тушган тақдирда қонун лойиҳасини келишиш бўйича асосий ижрочи тартибга солинадиган ҳуқуқий муносабатлар унинг ваколатига кирадиган органнинг бўлинмаси ҳисобланади.

Келишиш учун органларга келиб тушадиган барча қонун лойиҳалари бўйича юридик хизмат ҳамижрочи этиб белгиланади ва унинг ҳуқуқий экспертизасини таъминлайди.


50. Асосий ижрочи бошқа органдан келиб тушган қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ келишилишини таъминлайди.


51. Органлар бошқа органлар томонидан ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ва келишишда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий риоя қилишлари лозим.


52. Қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги таклифлар қонун лойиҳалари кўринишида расмийлаштирилмаган ҳолда келиб тушганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатида ёки топшириғида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва фармойишида ёки топшириғида уларни кўриб чиқишнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, улар органларда ҳужжатларни ижро этишнинг умумий тартибига мувофиқ бир ой муддатда кўриб чиқилади.



6-БОБ. ОРГАННИНГ РАҲБАРЛАРИ ВА ХОДИМЛАРИНИНГ

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ВА ҚОНУНЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ПАЛАТАЛАРИДА

КЎРИБ ЧИҚИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ВАКИЛЛАРИ ТАРКИБИДА ИШТИРОК ЭТИШИ


53. Органлар қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишда бир вақтнинг ўзида қонун лойиҳалари ва қонунларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида кўриб чиқишда қатнашувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакилларининг (кейинги ўринларда Ҳукумат вакиллари деб аталади) таркибини шакллантириш учун органнинг, шунингдек манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ва ходимлари орасидан номзодларни тақдим этадилар.


54. Ҳукумат вакиллари таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг қарори билан тасдиқланади.


55. Қонун лойиҳалари ва қонунларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқишда Ҳукумат вакилларининг иштироки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2015 йил 15 сентябрдаги 220-III/КҚ-41-III-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакилларининг иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 17 октябрь, 42-сон, 484-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 10-сон, 90-модда






































Время: 0.1825
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск