ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва суд тизилишининг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2016 й. ПФ-4850-сон "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.10.2016 й.

N ПФ-4850



СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ИСЛОҲ ҚИЛИШ, ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ

ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин.

Давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:

суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш;

фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш;

фаолиятни иш якунларининг комплекс таҳлили асосида режалаштириш ва ташкил этиш, бунда эътиборни аввало ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратиш;

ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш, одоб-ахлоқ қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш;

юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигининг судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклифи маъқуллансин.


3. Белгилансинки, 2017 йилнинг 1 апрелидан:

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилади;

жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилади;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилади;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади;

судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади;

терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинади;

фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилади;

вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинади;

адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилади;

хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилади.


4. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.


5. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Комиссия (И.Б. Абдуллаев):

вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳларини ташкил этсин;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур танқидий таҳлил қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминласин;

қонун ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик ўртасида, шу жумладан давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказиш орқали кенг муҳокама қилишни ташкил этиш чораларини кўрсин;

Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли тайёрланиши ва ўз вақтида белгиланган тартибда киритилиши, шунингдек бошқа тадбирларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида 2017 йил 1 июлга қадар:

суд-прокурор ходимлари малакасини ошириш ва раҳбар кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

вояга етмаганлар учун назарда тутилган жиноий жазоларни либераллаштириш, процессуал ҳаракатларни амалга оширишда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ва асосларини қайта кўриб чиқиш;

томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтини кенгайтириш;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш;

жиноят ишини қўзғатиш фақат жабрланувчининг аризасига кўра амалга ошириладиган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтириш;

фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этиш;

электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, шунингдек одил судловга эришишнинг илғор механизмларини кенгроқ жорий этиш орқали одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилашни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқсин ва киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида уч ойлик муддатда:

давлат органларида юридик хизматнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;

адлия органлари тизимида юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилмалар ташкил қилишни назарда тутувчи таклифларни киритсин.


8. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.А. Коканбаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                                  Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2016 йил 22 октябрь






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 21 октябрдаги

ПФ-4850-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг

ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш

кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс

чора-тадбирлар дастурини амалга

ошириш бўйича Комиссия

ТАРКИБИ

1.

Абдуллаев И.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Комиссия раиси


2.

Муродов О.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи


3.

Коканбаев Б.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари


4.

Мирбабаев Б.Ш.

-

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси


5.

Газиев Ш.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси


6.

Камилов К.Ф.

-

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси


7.

Гулямов Ш.Т.

-

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари


8.

Икрамов М.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири


9.

Ахмедбаев А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири


10.

Абдухакимов А.А.


-

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири


11.

Касимов Р.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири


12.

Мирзахидов Х.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


13.

Парпиев Б.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси


14.

Дусанов З.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг раиси


15.

Қучқоров Ж.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари


16.

Рустамбеков Н.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бош инспектори


17.

Мавлонов Б.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг етакчи инспектори


18.

Ханаев У.У.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг етакчи консультанти


19.

Камилов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси Суд инспекциясининг раҳбари


20.

Ахмедов Р.Т.

-

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси


21.

Шайхов А.Э.

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси.


         

Изоҳ: комиссия аъзолари бошқа лавозимга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга янги тайинланган шахслар киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 31 октябрь, 43-сон, 497-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2016 йил, 10-сон, 335-модда
























Время: 0.1827
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск