язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Транспорт, йўллар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.09.2016 й. 290-сон "Ислом тараққиёт банки иштирокидаги "Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида энергиядан самарали фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш" лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.09.2016 й.

N 290



ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

ИШТИРОКИДАГИ "ТОШКЕНТ ШАҲРИ КЎЧАЛАРИНИ

ЁРИТИШ ТИЗИМИДА ЭНЕРГИЯДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Энергияни тежайдиган илғор технологияларни жорий этган ҳолда Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимини модернизациялаш бўйича Ислом тараққиёт банки иштирокидаги инвестиция лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари комплексини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 ноябрдаги ПҚ-2078-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан Ислом тараққиёт банки иштирокидаги "Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида энергиядан самарали фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш" лойиҳаси амалга оширилаётганлиги;

металлогалогенли лампалари бўлган ёритиш приборларидан светодиодли ёриткгичларга ўтилишини ҳисобга олган ҳолда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобига тузатишлар киритилганлиги, лойиҳа амалга оширилган тақдирда бу Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида электр энергияси истеъмолини унинг амалдаги истеъмолининг 70 фоизигача қўшимча равишда камайтиришни таъминлаши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

"Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида энергиядан самарали фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш" лойиҳасининг тузатишлар киритилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоби асосий техник-иқтисодий параметрлари билан бирга 1-иловага* мувофиқ;

"Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида энергиядан самарали фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш" лойиҳаси бўйича Ислом тараққиёт банки молиявий маблағларини қайтаришнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Тошкент шаҳри ҳокимлиги, "Тошшаҳарнур" ДУК:

ушбу лойиҳани амалга оширишнинг босқичли тармоқ жадвалини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;

икки ой муддатда тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилишини тугалласинлар ва уни ваколатли органлар билан белгиланган тартибда келишсинлар;

ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ажратилаётган Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларидан ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсинлар.


4. Коммунал соҳада амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш бўйича Идоралараро тендер комиссияси (Б.И. Закиров) "Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимида энергиядан самарали фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида тендер савдоларининг белгиланган тартибда ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил этсин, светодиодли технологиялар, зарур ускуналар ва материаллар негизида ташқи ёритиш учун ёритиш приборлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг максимал иштирокини таъминласин.


5. Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар бўйича таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                    Ш. Мирзиёев



*) Иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 19 сентябрь, 37-сон, 427-модда