ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Туризм / Сайёҳлик соҳасини бошқариш. Мутахассислар тайёрлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.12.2016 й. ПФ-4861-сон "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

02.12.2016 й.

N ПФ-4861



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТУРИЗМ СОҲАСИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадли вазифалари ва устувор йўналишлари этиб белгилансин:

туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ва изчил амалга ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, ушбу соҳани барча ҳудудларни ва ўзаро боғлиқ тармоқларни комплекс равишда жадал ривожлантиришнинг етакчи кучига айланиши лозим бўлган иқтисодиётни диверсификациялаш, таркибий ўзгартириш ва барқарор ривожланишнинг қудратли воситасига айлантириш, яратиладиган ялпи ички маҳсулотда, маҳаллий бюджет даромадларида туризмнинг улушини кўпайтириш, иш билан бандликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантиришга йўналтирилган туризм фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, туризмнинг ривожланишидаги барча тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, виза ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини, паспорт ва божхона назоратини соддалаштириш, туризм соҳасини давлат томонидан бошқариш ва бозорга хос тарзда тартибга солиш механизмини мақбуллаштириш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, туризм соҳасида статистик ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;

туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда, туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатда туризмни жадал ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, анъанавий маданий-тарихий туризм билан биргаликда туризмнинг бошқа салоҳиятли турларини - зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик туризми ва бошқа турларини жадал ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар туризмини, оилавий туризмни, кексалар учун ижтимоий туризмни ривожлантириш ҳисобига туризмнинг ижтимоий аҳамиятини кучайтириш, ҳудудларда янги туризм йўналишларини ташкил этиш, уларни паспортлаштириш, туризм йўналишлари ва туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантиришга йўналтирилган ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

туризм фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни, биринчи навбатда, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО), хорижий мамлакатларнинг туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлари - туризм хизматлари минтақавий ва жаҳон бозорларининг фаол иштирокчилари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг туризм соҳасида тартибга солувчи универсал халқаро конвенциялар ва битимлардаги иштироки, туризм фаолияти амалиётига халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни жорий этиш;

республиканинг барча минтақаларида замонавий жаҳон стандартларига, туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган туризм индустрияси объектларини - меҳмонхоналарни ва жойлаштиришнинг шу каби воситаларини, умумий овқатланиш объектларини, транспорт-логистика тузилмаларини, ахборот марказларини, маданият ва спорт муассасаларини жадал ривожлантириш, асосий туризм йўналишлари бўйича йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини, йўлбўйи инфратузилмасини жадал қуриш ва реконструкция қилиш, ушбу мақсадлар учун хорижий инвесторларни кенг жалб этиш;

халқаро туризм ривожланиши тенденцияларини ва замонавий маркетинг воситалари қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда, рақобатбардош туризм маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиш, уларни ички ва халқаро туризм бозорларида тарғибот қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, қулай туризм ахборот муҳитини ташкил этиш ва ривожлантириш, кенг реклама-ахборот фаолиятини амалга ошириш, мамлакат ҳудудларида туризм ахборот марказлари ва чет элда туризм ваколатхоналари очиш, Интернет тармоғидан фаол фойдаланиш, ҳар йили Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ўтказиш йўли билан туризм соҳасида мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантириш;

туризм тармоғи учун, айниқса менежмент ва маркетинг соҳасида малакали кадрларни сифатли тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, гидлар (экскурсия етакчилари) тайёрлаш, туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.


2. Тугатилаётган "Ўзбектуризм" Миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига қуйидаги функциялар:

туризм туроператорлик фаолиятини лицензиялаш;

Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш бўйича миллий органи - "Ўзстандарт" агентлиги билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорликда туризм фаолияти субъектлари томонидан кўрсатиладиган туроператорлик (туризм маҳсулотлари) хизматлари ва меҳмонхона хизматларини мажбурий сертификатлаш, шу жумладан турли ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги меҳмонхоналарнинг (мотелларнинг) таснифини белгилаш;

сертификатланадиган туризм хизматларининг норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш юклансин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаш тизимида аккредитация қилинган туризм хизматларини сертификатлаш бўйича органлар ҳам туризм хизматларининг айрим турларини сертификатлаш субъектлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда ушбу Фармонда белгиланган туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадлари ва устувор вазифаларидан келиб чиқиб, ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясини, шунингдек 2017-2021 йилларда Концепцияни амалга оширишга доир аниқ чора-тадбирлар Дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Белгилансинки, 2017 йил 1 январдан бошлаб:

фақат туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари - туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи юзасидан лицензияланадилар;

туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олишда туризм хизматлари сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизимининг мавжудлиги мажбурий лицензия талаби ва шарти ҳисобланади;

меҳмонхоналарда ва жойлаштиришнинг шу каби воситаларида туризм хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга лицензия мавжуд бўлиши бўйича талабни бекор қилган ҳолда, туризм фаолияти билан боғлиқ бўлган субъектлар - меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинглар ва жойлаштиришнинг шу каби воситалари томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари мажбурий сертификатланади. Бунда 2018 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини ихтиёрий сертификатлаш жорий этилади;

гидлар (экскурсия етакчилари), кузатиб борувчи-йўриқчиларнинг хизматлари жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг ходимлари томонидан фақат улар олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар таълим тўғрисидаги диплом ёхуд гидлар (экскурсия етакчилари) йўналиши бўйича давлат намунасидаги қайта тайёрлаш тўғрисидаги гувоҳнома ёки Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификати олгандан кейин амалга оширилиши мумкин;

туризм корхоналари туризм фаолияти субъектлари билан фақат уларда мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда улар томонидан хорижий туристларга туризм хизматлари кўрсатиш юзасидан шартномалар (битимлар) тузиш ҳуқуқига эга.


5. Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), АҚШ ва Вьетнамнинг фуқаролари учун виза режими бекор қилинсин.

Кейинчалик рўйхати қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлган муайян давлатлар билан виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикасининг улар билан икки томонлама муносабатларининг ривожланиш даражасидан, жаҳон туризм бозорининг конъюнктураси ҳамда халқаро ва минтақавий хавфсизлик соҳасида содир бўлаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

а) 2017 йилнинг 1 январига қадар муддатда:

барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визаларини жорий этиш;

хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олиш тартиб-таомилини соддалаштириш ҳамда уларга жисмоний шахсларнинг даромадларидан солиқ тўлаш бўйича имтиёзлар бериш;

б) 2021 йилнинг 1 январига қадар муддатда:

халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида визалар олиш, шу жумладан транзит визалари олиш тартибини сезиларли равишда соддалаштириш;

визаларни расмийлаштириш ва бериш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни, шу жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасига ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ташриф буюрмасдан виза олишга ҳужжатларни топшириш ва сўровномаларни тўлдиришда "он-лайн" тизимдан фойдаланиш, шунингдек 2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган электрон визалар тизимидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича таклифларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари ҳузуридаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар зиммасига миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш ва Ўзбекистон Республикасига туристлар оқими кўпайишида кўмаклашиш мажбуриятини юкласинлар.

8. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

2021 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида республикага келувчи (кетувчи) хорижий туристлар учун "яшил йўлак" божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг, транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар;

2021 йилнинг 1 январидан республика аэропортлари ва вокзалларида хорижий фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда паспорт назоратидан ўтиш жараёнини тезлаштириш мақсадида резидентлар ва норезидентлар томонидан ушбу тартиб-таомилдан алоҳида-алоҳида ўтишни ташкил этсинлар;

хорижий туристларни кутиб олувчи ёки кузатувчи туризм фаолияти субъектлари ходимларига режим ва қўриқлаш чоралари талабларига риоя этган ҳолда белгиланган тартибда берилган махсус рухсатномалар бўйича аэропортлар ва вокзаллар биноларига кириш ҳуқуқини берсинлар;

аэропортларда ва темир йўл вокзалларида қулай туризм ахборот маконини, шу жумладан туризм-ахборот пунктлари фаолиятини, туризм навигация тизимини, йўналиш олиш белгиларини ўрнатиш ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиш ва ривожлантириш ҳисобига йўловчиларга, шу жумладан бепул асосда кўрсатиладиган хизматлар даражаси ва сифатини ошириш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга оширсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида яшовчиларни электрон шаклда Интернет тармоғи орқали ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастурини яратсин.


10. Белгилаб қуйилсинки, туристларни қабул қиладиган туризм операторлари, шунингдек уларнинг ходимлари туристлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишига доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар бундан мустасно.

11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тавсия қиладиган туризм инфратузилмаси объектларининг валюта тўловларини қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланишини таъминлаш тавсия этилсин.


12. Юридик шахслар:

белгиланган тартибда сертификатланган камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширилган санасидан бошлаб улар юридик шахсларнинг фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек юридик шахсларнинг ягона солиқ тўлови;

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга кўра меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материалларни (шужумладан мебель ва инвентарь) олиб кириш учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган, туризм фаолияти субъектлари томонидан туристларни ташиш учун мўлжалланган, сиғими 9 кишидан ортиқ бўлган янги сотиб олинган транспорт воситаларини 2022 йил 1 январга қадар Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказишда автотранспорт йиғими ундирилмайди.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбектуризм" Миллий компаниясини ташкил этиш тўғрисида" 1992 йил 27 июлдаги ПФ-447-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси

Президенти вазифасини бажарувчи                               Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2016 йил 7 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 12 декабрь, 49-сон, 558-модда


































Время: 0.2098
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск