ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси /

Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш Қоидалари (ЎзР ВМ 04.11.2003 й. 482-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 4 ноябрдаги

482-сон қарорига

1-ИЛОВА



Автомобиль транспортида

йўловчилар ва багажни ташиш

ҚОИДАЛАРИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташишнинг ушбу Қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб юритилади) "Автомобиль транспорти тўғрисида", "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида", "Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташишга татбиқ этилади.


2. Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажларни ташиш тегишли лицензия, тендер натижалари бўйича белгиланган тартибда тузилган мунтазам йўналишларда йўловчилар транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар (контракт) мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.


3. Йўловчилар ва багажни ташишга тарифлар миқдорлари мазкур Қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.


4. Автомобилда йўловчилар ва багажни халқаро ташишлар шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан ҳам тартибга солинади.


5. Йўл чипталари, йўл ва чиптани ҳисобга олиш варақалари реквизитлари, йўналишлар, автовокзаллар (автостанциялар) паспортлари, автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташишга тааллуқли шакллар ва йўриқнома-методик ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.


II БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАР ВА БАГАЖНИ ТАШИШ


1-§. Асосий тушунчалар


6. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


автобус - йўловчиларни, багажни ташишга мўлжалланган ва ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 8 тадан ортиқ ўриндиққа эга бўлган автотранспорт воситаси;


автовокзал (автостанция) - транспорт-экспедиция, ташиш фаолиятини амалга оширувчи ва йўловчиларга бошқа хизматлар кўрсатувчи ташкилот;


автопавильон - йўловчиларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган автомобиль йўлидаги иншоот;


багаж автомобили - багаж ташишга мўлжалланган автомобиль;


багаж - жўнатиш учун идишга жойланган ва йўловчи томонидан ушбу автобусда олиб кетиладиган буюмлар;


багаж квитанцияси - багажнинг ташиш учун қабул қилиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


чипта - йўловчининг ҳақ тўлаган ҳолда автобусдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқини ҳамда йўловчи ва ташувчи ўртасида ташувлар юзасидан ошкора шартномалар тузилганлигини тасдиқловчи қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат;

ҳайдовчи - автотранспорт воситасини бошқарувчи шахс;


йўл - қурилган ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун фойдаланиладиган ер полосаси ёхуд сунъий иншоот юзаси;


қўл юки - йўловчи томонидан бепул ташиладиган ташиш учун идишга жойланган буюмлар;


енгил автомобиль - йўловчилар ва багажни ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобга олмаганда 8 тадан кўп бўлмаган ўриндиққа эга бўлган автотранспорт воситаси;


йўналишсиз такси - йўловчиларнинг буюртманомаларига кўра таксометр функцияларини таъминлайдиган махсус иловага эга мослама кўрсаткичи бўйича ҳақ тўлаш ҳисобига ташиш хизматларини кўрсатадиган ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиққа эга енгил автотранспорт воситаси;

агрегатор - йўналишсиз таксида йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи юридик шахс;

йўналишли автобус - белгиланган йўналиш бўйича йўловчилар ва багажни ташишга мўлжалланган автобус;


йўналишли таксилар - йўловчиларнинг талабига кўра тўхтаб ўтадиган мунтазам йўналишларда йўловчиларни ташишга мўлжалланган автотранспорт воситаси (микроавтобус ёки енгил автомобиль);

йўналиш - автотранспорт воситаларининг муайян манзиллар оралиғида белгиланган қатнов йўли;


йўналиш паспорти (йўналиш ҳужжатлари) - йўналиш тўғрисидаги асосий маълумотларни тавсифловчи ҳужжатлар (йўналиш паспорти электрон шаклда бўлишига йўл қўйилади);

йўловчи -тузилган ташиш шартномасига мувофиқ ташиш хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;


супача - йўл қопламаси сатҳидан баландроқ бўлган, автовокзалларда (автостанцияларда)ги йўловчиларни транспортга чиқариш ва ундан туширишга мўлжалланган майдонча;


ташувчи - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар, багаж ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик шахс;

қатнов жадвали - рейсни бажариш вақти, жойи ва изчиллиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган график (жадвал);


рейс - автотранспорт воситасининг йўналишнинг бошланишидан охирги манзилигача бўлган йўли;


махсус йўналишлар - ташкилотларнинг ходимларини иш жойига ва иш жойидан ташиш;


йўналиш схемаси - йўналишнинг шартли белгилар қўйилган график тасвири;


тариф - йўловчилар ва багажни ташиш учун белгиланган тўлов миқдори;


трафарет - йўловчиларни йўналиш тўғрисида хабардор қилишга мўлжалланган кўрсаткич;


мунтазам йўналишлар - тасдиқланган йўналиш схемаси, ҳаракатланиш жадвали, йўл ҳақи тарифларига мувофиқ автотранспорт воситаларининг муайян манзиллар оралиғида белгиланган қатнов йўли.


2-§. Ташишларнинг турлари ва уларни ташкил этиш


7. Йўловчиларни ташиш қуйидаги турларга бўлинади:

а) шаҳарда ташиш;

б) шаҳар атрофида ташиш;

в) шаҳарлараро ташиш;

г) халқаро ташиш.

Йўловчилар:

а) йўналишли автобусларда;

б) юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг буюртманомалари (буюртмалари)га ёки ташишнинг бошқа шартномалари бўйича бериладиган автобус ва енгил автомобилларда;

в) йўналишсиз таксиларда;

г) йўналишли таксиларда ташилади.


8. Йўналишли автобуслар ва йўналиш таксилари ҳаракати:

а) шаҳар йўналишларида - шаҳарлар ҳокимликлари ёки Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан;

б) шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларда - вилоятлар ҳокимликлари ёки Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар транспорт бошқармалари томонидан;

в) вилоятлараро-шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тузиладиган жадваллар бўйича ташкил этилади.

9. Янги йўналишларни ташкил этиш (очиш) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда:

а) шаҳарлар, шаҳар атрофи ва вилоятлар ичидаги йўналишларда - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг (кейинги ўринларда - Транспорт вазирлиги) ҳудудий бўлинмалари томонидан;

б) вилоятлараро-шаҳарлараро йўналишларда - Транспорт вазирлиги томонидан;

в) халқаро йўналишларда - Транспорт вазирлиги томонидан хорижий мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги ваколатли органи билан келишган ҳолда амалга оширилади.

10. Ҳар бир янгидан очиладиган ва фойдаланиладиган йўналишлар учун йўналиш паспорти йўналишнинг тегишлилиги бўйича Транспорт вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади (шу жумладан электрон тарзда) ҳамда унда қуйидагилар бўлади:

а) йўналишнинг асосий кўрсаткичлари билан бирга титул варақаси;

б) йўналиш схемаси (схемада тўхтаб ўтиш манзиллари, ҳаракатланиш учун хавфли бўлган йўл участкалари, темир йўлни кесиб ўтиш жойлари, кесишган йўл устидан ўтказилган кўндаланг йўллар ва шу кабилар кўрсатилади). Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишлар схемаларида, бундан ташқари, дам олиш жойлари, овқатланиш шохобчалари кўрсатилади;

в) масофани ўлчаш протоколи ва автотранспорт воситасининг ҳаракатланиш вақти хронометражи;

г) автотранспорт воситасининг йўналиш бўйича ҳаракатланиш жадвали;

д) йўл ҳақи тарифлари.


11. Йўловчиларнинг айрим тоифаларига транспортда имтиёзли (шу жумладан бепул) юриш ҳуқуқи берилади.

Автомобиль транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчилар тоифалари ва ушбу имтиёзларни бериш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


12. Мунтазам йўловчилар ташиш йўналишларидаги автотранспорт воситаларида юришда йўловчи йўл чиптаси сотиб олиши, уни бутун йўлда юриш вақти давомида сақлаши ва уни назоратчининг биринчи талабига кўра кўрсатиши шарт.


13. Йўловчилар йўл чипталарини кассалардан ёки кондуктордан (ҳайдовчидан) сотиб олади.


14. Йўналишдаги автотранспорт воситаси носоз бўлган тақдирда йўловчиларга берилган йўлда юриш ҳужжатлари айнан шу йўналишдаги бошқа автотранспорт воситасида юриш учун ҳақиқий ҳисобланади. Йўловчиларни бошқа автотранспорт воситасига ўтказиш носоз автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси томонидан амалга оширилади.

Йўловчилар йўқотиб қўйган чипталар тикланмайди, улар учун тўланган пул қайтариб берилмайди.


15. Автобусда:

а) йўловчиларнинг маст ҳолда юриши;

б) алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш;

в) ҳайдовчи (кондуктор)нинг рухсатисиз ойналарни очиш;

г) ойнадан ташқарига осилиш;

д) тез ёнувчан, портловчи, заҳарловчи, заҳарли, қўланса, радиоактив моддалар ва ашёларни, шунингдек қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш;

е) ўлчами 100 см х 50 см х 30 сантиметрдан катта ёки битта ўрин учун оғирлиги 60 килограммдан ортиқ буюмларни, шунингдек узунлиги 200 сантиметрдан ортиқ бўлган буюмларни олиб юриш;

ж) салонни ёки йўловчиларнинг кийимларини ифлос қилувчи буюмлар ва ашёларни олиб юриш;

з) тумшуқбоғсиз итлар ва бошқа ҳайвонларни олиб юриш тақиқланади.



3-§. Йўловчилар ташувчи транспорт

воситаларига қўйиладиган талаблар


16. Автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ва анжомлари тегишли стандартлар ҳамда техник фойдаланиш қоидалари талабларига жавоб бериши керак.


17. Автотранспорт воситалари Dst 974/2000 Ўзбекистон давлат стандартига мувофиқ анжомларга эга бўлиши керак.



4-§. Йўловчиларни ташувчи

ҳайдовчиларга қўйиладиган талаблар


18. Автомобиль транспортида йўловчи ташувчи ҳайдовчилар Ўзбекистон давлат стандартларида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга жавоб беришлари керак.


19. Мунтазам қатновларни амалга оширувчи автобуслар ва йўналишли таксилар ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда:

шартномага мувофиқ ушбу йўналишда автотранспорт воситасига қатновларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномага;

тегишли лицензияга (лицензия карточкасига);

йўналиш ҳужжатларига;

йўл варақаси ва чипталарни ҳисобга олиш варақасига;

йўл варақаларида йўлга чиқишдан олдин белгиланган тартибда ўтказиладиган автотранспорт воситасининг техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги қайдларга;

қатнов жадвалига ва йўналиш схемасига (шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда - унда аҳоли яшаш жойларидан ўтиш вақти, овқатланиш, дам олиш, тунги ухлаш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда) эга бўлиши керак.


5-§. Йўловчилар ташувчи автотранспорт

воситалари ишини ҳисобга олиш


20. Қуйидагилар йўловчилар ташувчи автотранспорт воситалари ишини ҳисобга олувчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади:

а) автотранспорт воситасининг йўл варақаси;

б) шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро қатновчи (йўналишсиз таксилардан ташқари) автотранспорт воситаларининг чипталарни ҳисобга олиш варақаси;

в) автобус ва енгил автомобилларнинг буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома;

г) чипталарни сотиш ведомости (йўналишсиз таксилардан ташқари).


21. Автотранспорт воситаларининг йўл варақалари ва чипталарни ҳисобга олиш варақалари ҳамда буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома бланкалари қатъий ҳисобда турадиган бланкаларни ҳисобга олиш ва сақлаш қоидалари бўйича ҳисобга олинади ва ташувчида сақланади.


22. Йўл ҳужжатларида тузатишлар ва ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди. Ҳайдовчи гаражда, йўлда, оралиқ манзилларга кириб ўтишда ва охирги манзилларда йўл ҳужжатларидаги барча қайдларнинг тўғрилигини кузатиб бориши шарт.



III БОБ. ШАҲАРДАГИ ЙЎНАЛИШЛАРДА

ЙЎЛОВЧИЛАР ВА БАГАЖ ТАШИШ


1-§. Умумий қоидалар


23. Шаҳар йўловчилар ташиш транспорти йўналишлари қуйидаги турларга бўлинади:

а) шаҳардаги оддий, тезкор, экспресс ва тиғиз пайтлардаги қўшимча йўналишлар;

б) шаҳар четидан кўпи билан 2 км четга чиқувчи шаҳарда қатновчи йўналишлар;

в) йўналишли таксилар.

Шаҳардаги йўналишлар шаҳар (шаҳарча)даги турар жой ва саноат ҳудудларини маданий-маиший ва спорт-соғломлаштириш ташкилотлари, вокзаллар, аэропортлар, автостанциялар, метро станциялари, темир йўл платформалари, пристанлар ва шу кабилар билан транспорт алоқасини таъминлаши керак.


24. Аҳолига хизмат кўрсатиш хусусиятига мувофиқ шаҳардаги йўналишлар бир нечта иш режимига эга бўлиши мумкин:

а) сутка, ҳафта кунлари, ойнинг белгиланган даври мобайнида амал қиладиган доимий йўналишлар;

б) дам олиш ҳудудлари, спорт-соғломлаштириш комплекслари, ярмаркалар ва шу кабилар фаолият кўрсатадиган даврда ташкил этиладиган мавсумий йўналишлар;

в) махсус йўналишлар;

г) кўча-йўл шохобчаларида фавқулодда вазиятлар пайдо бўлганда, айрим участкалар, транспорт йўллари ва майдонлар ёпилганда жорий этиладиган вақтинчалик йўналишлар.



2-§. Йўл ҳақини йўлкира карточкалари билан тўлаш


25. Йўлкира карточкаларини олдиндан сотиш махсус ташкил этилган сотиш шохобчаларида, шунингдек савдо ташкилотлари ва бевосита ташувчи орқали амалга оширилади.

Йўлкира карточкаси багажни бепул ташиш ҳуқуқини бермайди.

Йўлкира карточкалари сериялари, транспорт турлари бўйича бўлинади ва йўловчиларнинг барча тоифалари учун, имтиёзли карточкалар эса - пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, талабалар ва ўқувчилар учун ҳақиқий ҳисобланади.

Шаҳар транспортида фойдаланиладиган барча серия ва турдаги йўл карточкалари таксилар, шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро (вилоятлараро ва халқаро) йўналишлар учун ҳақиқий ҳисобланмайди.



3-§. Транспортда юриш шартлари


26. Йўловчиларни транспортга чиқариш ва ундан тушириш фақат тўхтаб ўтиш манзилларида амалга оширилиши мумкин. Йўналишда "талабга кўра" тўхташ жойлари мавжуд бўлганда йўловчи ҳайдовчига автотранспорт воситасини тўхтатиш зарурлиги тўғрисида олдиндан маълум қилиши керак.


27. Йўналишли ёки йўналишсиз таксилар йўловчиларини чиқариш ва тушириш йўловчилар талабига кўра, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


28. Йўл карточкаси ёхуд автобусда юриш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлган йўловчи уни автобусга чиқиш вақтида кўрсатиши шарт.


29. Шаҳардаги автобус йўналишларида йўловчи етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бирга бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.


30. Мактабгача ёшдаги болали йўловчилар, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса фуқаролар учун автобус салонида, унинг йўловчи сиғимига қараб, 6 та олдинги жойлар ажратилади. Ушбу жойларни эгаллаган бошқа йўловчилар уларни мазкур шахслар учун бўшатишлари керак.

31. Ҳайдовчи автобусни тўхташ жойидан фақат эшикларни ёпган ҳолда, йўловчилар тўлиқ тушириб ва чиқариб бўлингандан сўнг юргизиши, бекатларни аниқ ва тўғри эълон қилиши, қатнов йўналиши ўзгарган тақдирда эса бу тўғрида ҳар қайси бекатда эълон қилиши шарт. Автобус салонини автобуснинг муайян тури учун белгиланган умумий сиғимидан ортиқча тўлдиришга йўл қўйилмайди.



4-§. Қўл юки ва багажни ташиш


32. Йўловчи ҳажми 60 см х 40 см х 20 см ва оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлмаган қўл юки ҳамда мусиқа асбобини, 150 сантиметргача узунликдаги буюмларни, шунингдек қафасга солинган майда ҳайвонлар ва паррандаларни, аравачани (болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқаларнинг аравачаларини), майда боғдорчилик инвентари, болалар чаналарини ўзи билан бирга бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.

33. Ҳажми 60 см х 40 см х 20 сантиметрдан 100 см х 50 см х 30 сантиметргача бўлган ва узунлиги 150 сантиметрдан 200 сантиметргача бўлган буюмларни, шунингдек, ўлчамидан қатъи назар, оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлган багажни олиб юриш тарифга мувофиқ ҳақ тўлаган ҳолда амалга оширилади.


34. Ўлчами 33-бандда кўрсатилган энг катта ҳажмларнинг ҳатто биттасидан ортиқ бўлган багаж белгиланган параметрларга номувофиқ ҳисобланади.


35. Багажнинг жойланиши ва ташилиши йўловчиларга ва автотранспорт воситасига бирон-бир зарар етказиш имкониятини тўлиқ истисно қилиши керак.


36. Багажни олиб юриш қиймати йўловчининг йўл ҳақи қиймати каби тартибда белгиланади.



IV БОБ. ШАҲАР АТРОФИ, ШАҲАРЛАРАРО ВА

ХАЛҚАРО ЙЎНАЛИШЛАРДА ЙЎЛОВЧИЛАР

ҲАМДА БАГАЖНИ ТАШИШ


1-§. Умумий қоидалар


37. Аҳолига хизмат кўрсатиш хусусиятига мувофиқ шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар қуйидаги бир нечта иш режимига эга бўлиши мумкин:

а) сутка, ҳафта кунлари, ойларнинг белгиланган даври мобайнида амал қиладиган доимий йўналишлар;

б) дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш комплекслари, ярмаркалар ва шу кабилар фаолият кўрсатадиган даврда ташкил этиладиган мавсумий йўналишлар;

в) ишчилар, мутахассислар ва хизматчиларни иш жойига ва уйга ташиш учун ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган махсус йўналишлар.


38. Шаҳар атрофи йўналишларидаги бекатлар йўловчиларнинг у ерга хавфсиз ва қулай келишини таъминлашни ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилиши ва улар қуйидагиларга эга бўлиши керак:

а) павильонни жойлаштириш учун асфальтланган майдончалар ва йўловчиларнинг бекатга келиши учун асфальтланган йўлкалар;

б) йўловчиларнинг ёмғир, қор, шамолдан бекиниши учун павильон;

в) бекатнинг номи ёзилган кўрсаткич;

г) йўналишлар кўрсаткичи, унда қуйидагилар кўрсатилади: йўналишларнинг тартиб рақами, уларнинг охирги манзили номи (қатнов йўналишлари бўйича), ҳаракатланиш оралиғи 30 минутдан ортиқ бўлганда ушбу манзилдан автобусларнинг жўнаш жадвали. Йўналишда автобуслар қатнови оралиғи 30 минутдан кам бўлганда жадвал ўрнига қатновлар оралиғи жадвали кўрсатилиши мумкин. Унда автобусларнинг биринчи ва охирги жўнаш вақти ҳамда сутка даврлари бўйича қатнов оралиқлари вақти кўрсатилган бўлади.


39. Шаҳар атрофи йўналишларида тўхтаб ўтиш манзиллари йўловчилар учун энг қулай жойларда бўлиши керак:

а) шаҳар атрофи йўналишларининг шаҳардаги сўнгги бекатлари йўловчилар гавжум бўладиган йирик манзиллар (темир йўл вокзаллари ва станциялари, дарё портлари, бозорлар, метрополитеннинг охирги бекатлари ва шу кабилар) ёнида бўлиши керак;

б) шаҳарда шаҳар атрофи йўналишларининг тўхтаб ўтиш манзиллари шаҳар йўловчи ташиш транспорти йўналишлари тўхтаб ўтиш манзиллари билан бир жойда бўлиши ва шаҳарнинг транспортни бошқариш бўйича ваколати органлари билан келишилган бўлиши керак;

в) аҳоли яшаш жойлари чегараларида жойлашган шаҳар атрофи йўналишлари тўхтаб ўтиш манзиллари оралиғидаги масофа 1,0 км атрофида, қолган ҳолларда - ўртача 1,5 км бўлиши керак;

г) шаҳар атрофидаги бекатлар йўналиш трассасида жойлашган ҳар бир аҳоли яшаш жойида бўлиши керак.


40. Чипталари кассалар орқали сотиладиган шаҳарлараро (халқаро) йўналишлар тўхтаб ўтиш манзилларида (45-банднинг "а", "б" кичик бандларидаги шартлардан ташқари) қуйидагилар бўлиши керак:

а) иш тартиби кўрсатилган ҳолда чипта сотиш кассалари;

б) тўхтаб ўтиш манзили зонасида йўловчиларнинг транспортга чиқиши-тушиши учун супача;

в) автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриши учун майдончалар;

г) йўл ҳақи багаж ташиш ҳақи баҳоси жадваллари;

д) йўналишлар схемаси;

е) шаҳарлараро (халқаро) автотранспорт воситаларининг қатнов жадвали;

ж) санитария узели.


41. Чипта сотиш кассаси бўлмаган павильонларда ва шаҳарлараро (халқаро) йўналишлар тўхтаб ўтиш манзилларида ушбу тўхтаб ўтиш манзили орқали ўтадиган автотранспорт воситаларининг қатнов жадваллари осиб қўйилади.



2-§. Йўл ҳақи тўлаш


Шаҳар атрофи йўналишларида:


42. Шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда юриш чипталари ҳайдовчилар (мавжуд бўлганда - кондукторлар) томонидан, чипта сотиш кассалари ташкил этилган йўналиш тўхтаб ўтиш манзилларида эса кассирлар томонидан сотилади.


43. Автобусдаги йўловчи етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бирга бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.


44. Йўловчи томонидан шаҳар атрофи йўналишларига жорий сотиш кассаларидан сотиб олинган чипталар, агар чиптани сотиш чоғида ва чиптада ўзгача ҳол айтилмаган ва кўрсатилмаган бўлса, автобус жўнашидан 5 минут олдин қайтариб берилиши мумкин.


Шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда:


45. Йўловчи автотранспорт воситасида юриш учун чипталарни:

а) жорий кунги рейсларга - шаҳарлараро (халқаро) йўналишларнинг бошланғич манзилларидаги кассалардан автобус жўнайдиган кунда;

б) оралиқ манзиллардаги кассалардан - автобусда бўш ўринлар мавжудлиги тўғрисида маълумот олинган вақтдан бошлаб;

в) кассадан чипталар сотиш ташкил этилмаган тўхтаб ўтиш манзилида автобус жўнагунгача унга чиқиш вақтида - ҳайдовчидан;

г) олдиндан чипта сотиш кассаларидан (бошланғич ва охирги манзилларда, шунингдек транспорт-экспедиторлик ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан ташкил этилган манзилларда) - олдиндан чипта сотиш жўнаш куни арафасида тўхтатилган ҳолда, автотранспорт воситаси жўнашидан 10 сутка олдин сотиб олиш ҳуқуқига эгадир.

Бошланғич ва оралиқ манзиллардаги кассаларда жорий кунги қатновларга чипталар сотиш автобус жўнашидан 5 минут олдин тўхтатилади.


46. Йўловчидан, шу жумладан имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчидан чипталарни олдиндан банд қилиб қўйганлик учун чипта баҳосига қўшиладиган тўлов ундирилиши мумкин.

Автовокзал (автостанция) ёки ташувчи ўз хоҳишига кўра сотиш жойида ёки автотранспорт воситаси салонида чегирма шартлари ва миқдори тўғрисидаги эълон мажбурий кўрсатилиши шарти билан олдиндан сотиб олиш муддатига қараб чипталар олдиндан сотиш кассаларидан сотиб олинганлиги учун чегирма қилиши мумкин.


47. Чипталарга почта откриткаси, телеграмма, телефон, электрон почта ёки Интернет орқали олдиндан буюртма берилиши мумкин.

Буюртмада буюртмачининг фамилияси, жўнаш санаси ва вақти, бориладиган жой, чипталар сони, олиш усули (уйга элтиб бериш ёки элтиб бермасдан) кўрсатилади. Чиптага уйга элтиб берган ҳолда буюртма берилганда буюртмачининг манзили, хизмат ёки уй телефони мавжуд бўлганда эса - унинг рақами кўрсатилади.

Чипта сотиб олиш ва олиш шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон учулда ҳам ташкил этилиши мумкин.


48. Буюртма берилган чипталарни уйга элтиб берганлик учун йўловчидан тўлов ундирилади, тўловнинг тасдиғи сифатида йўловчига квитанция берилади, квитанцияда транспорт ташкилотининг номи ва квитанция берилган сана кўрсатилади. Ёзувлар аниқ ҳолда қайд этилади, берилган сана эса компьютер ёки штамп билан қўйилади.


49. Йўловчи буюртма берган ва ҳақи тўланган чипталар олдиндан чипта сотиш кассасида уни йўловчи талаб қилиб олгунгача сақланади.

Йўловчи томонидан буюртма берилган, лекин ҳақи тўланмаган чипталар олдиндан чипта сотиш кассасида сақланади ва йўловчи томонидан автобус жўнашидан камида бир соат олдин талаб қилиб олиниши керак. Талаб қилиб олинмаган чипталар сотиш учун жорий сотиш кассасига берилади.


50. Йўловчи ўзи билан бирга беш ёшгача бўлган бир болани бепул - алоҳида ўринсиз, беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болани чиптанинг тўлиқ баҳоси 50 фоиз чегирилган ҳолда - алоҳида ўрин берилган ҳолда олиб юриш ҳуқуқига эгадир, ўн ёшгача бўлган икки нафар ва ундан кўпроқ болалар олиб юрилганда улардан биттаси бепул, қолганлари - чипта тўлиқ баҳосининг 50 фоизи чегирилиб, алоҳида ўрин берилган ҳолда олиб юрилади.



3-§. Автотранспортда юриш шартлари


51. Йўловчиларнинг шаҳар атрофи йўналишларида автотранспорт воситаларида юриши ушбу Қоидаларнинг 26-28 ва 30-31-бандларига мувофиқ амалга оширилади.


52. Шаҳарлараро йўналишларда ташишда автотранспорт воситасидаги йўловчилар сони ўриндиқлар сонидан ошмаслиги керак.


53. Ҳайдовчининг иш вақти давомийлиги 9 соатдан ортиқ ёки йўналиш масофаси 400 км ва ундан кўп бўлганда йўловчилар ташилаётган автобусда ҳайдовчининг дам олиши учун жой жиҳозланган бўлиши ва қатновга икки нафар ҳайдовчи чиқарилиши керак.


54. Автотранспорт воситаси ҳайдовчиси қатнов жадвалида назарда тутилган автовокзаллар (автостанциялар)даги назорат шохобчаларида ва автокассаларда ёхуд охирги манзилларда чипталарни ҳисобга олиш варақасида келиш ва кетиш вақти, шунингдек сотилган чипталар сони тўғрисида белги қўйдириши шарт.


55. Шаҳарлараро йўналишларда ташиш йўловчиларни мажбурий равишда чипталар билан таъминлаган ҳолда автовокзаллар (автостанциялар) ёки ташувчилар томонидан махсус ташкил этилган жўнаш ва келиш манзиллари орқали амалга оширилади.

Шаҳарлараро ва халқаро автобус йўналишларида йўловчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий равишда суғурта қилинадилар.


56. Ташиш автовокзаллар (автовокзаллар) орқали амалга оширилганда ташувчи қуйидагиларга мажбур:

автобусларни уларнинг жўнашидан кечи билан 20 дақиқа олдин автовокзал (автостанция)га чиқариш;

навбатчи диспетчерга ҳайдовчиларнинг автобусни бошқариш ҳуқуқига гувоҳномани, йўл ва чипталарни ҳисобга олиш варақаларини, қатнов жадвалини ва йўналиш схемасини кўрсатиш;

ишда фойдаланиладиган автотранспорт воситасига лицензия (лицензия карточкаси) мавжуд бўлишини таъминлаш.


57. Автовокзал (автостанция)нинг навбатчи диспетчери ҳайдовчи ҳужжатларини тегишлича текширгандан кейин:

а) қуйидагиларга:

кассирларга - транспорт воситасига чипталар сотиш тўғрисида;

дикторга - йўловчиларга зарур ахборотларни хабар қилиш тўғрисида;

супача бўйича навбатчиларга - йўловчиларни чиқариш учун жойларни тайёрлаш тўғрисида кўрсатма бериши;

б) махсус қатнов йўналиши, жўнатилаётган йўловчилар сони ва қатновга чипталар сотишдан жами тушум суммасини кўрсатган ҳолда дафтарда ҳайдовчи(лар) ва автотранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотларни рўйхатдан ўтказиши шарт.


58. Ташувчи автовокзал (автостанция)дан чиққандан сўнг йўналиш схемасига амал қилиши ва тезлик режимига риоя этиши, қатнов жадвалларида назарда тутилган оралиқдаги автовокзал (автостанция)ларга ҳамда автокассаларга мажбурий равишда кириб ўтиши шарт.


59. Қатнов тугаллангандан сўнг ҳайдовчи тунаш учун ташувчи жойлашган жойга ёки қатнов жадвалларида назарда тутилган автовокзал (автостанция)га келади.


60. Чипта сотиш кассаси мавжуд бўлган автовокзал (автостанция)ларда ва тўхтаб ўтиш манзилларида йўловчилар автотранспорт воситасига фақат кассадан сотиб олинган чипталарни кўрсатган тақдирда чиқарилади. Чипталар, агар ўзгача ҳол томонларнинг келишувида қайд этилмаган ва чипталарни сотишда эълон қилинмаган бўлса, фақат уларда кўрсатилган кун ва автобус қатнови учун ҳақиқий ҳисобланади.


61. Автобусга чиқариш бўйича навбатчи чиқариш вақтида йўловчиларда йўл чипталари мавжудлигини текширади. Чиқариш бўйича навбатчи бўлмаган пунктларда чипталарни ҳайдовчи текширади.


62. Шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда, агар ўзгача ҳол томонларнинг келишувида қайд этилмаган ва чипталарни сотишда эълон қилинмаган бўлса:

а) чипта сотиб олинган автотранспорт воситасига унинг жўнаш вақтидан бошлаб уч соат атрофида, касаллик ёки бахтсиз ҳодиса оқибатида эса - уч сутка мобайнида кечикилганда йўловчининг хоҳишига кўра автобусда юриш ҳужжати чипта баҳосининг 25 фоизини қўшимча равишда тўлатган ҳолда тикланади ёки унга чиптанинг тўланган баҳоси 25 фоиз чегирилган ҳолда қайтариб берилади.

Йўловчининг автобусга касаллик ёки бахтсиз ҳодиса оқибатида кечикканлиги даволаш муассасасининг маълумотномаси ёки бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги далолатнома билан тасдиқланиши керак;

б) чипта автовокзал (автостанция) кассасига автотранспорт воситаси жўнашидан кечи билан 2 соат олдин қайтарилган тақдирда, йўловчига чипта баҳоси унинг олдиндан сотиш тўлови чегирилган ҳолда қайтарилади. Чипта ушбу муддатдан кеч, бироқ автотранпорт воситаси жўнашидан олдин қайтариб берилганда, чипта баҳоси унинг қийматининг 15 фоизи ва олдиндан сотилганлиги учун тўлов чегириб ташланган ҳолда қайтарилади;

в) автотранспорт воситасининг жўнаши жадвалга нисбатан 1 соатдан ортиққа кечикканда, йўловчига чипта сотилганидан пастроқ юқори классли автотранспорт воситасидан жой берилганда, шунингдек унга чиптада кўрсатилган жой берилмаганда у чиптани автотранспорт воситаси жўнагунгача кассага қайтариб бериш ва чиптанинг тўлиқ баҳосини, шу жумладан унинг олдиндан сотилганлиги учун тўловни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Йўловчи пастроқ классли автотранспорт воситасида кетишга рози бўлганда унга тўланган сумма билан тўланадиган йўл ҳақи ўртасидаги фарқ суммаси қайтариб берилади.

Пуллар автовокзал (автостанция), автотранспорт воситаларини жўнатиш пункти бошлиғи (ёки навбатчиси) кўрсатмасига биноан қайтариб берилади. Чипта унинг тескари томонига "қайтариш" штампи қўйилган ҳолда қайтарилади ҳамда йўловчи уни топширган вақт ва қайтарилган чиптанинг қиймати кўрсатилади.

Пуллар кассир томонидан, чипталарни қабул қилиб олиш ва пулларни қайтариб бериш ведомостидаги йўловчи имзоси билан берилади, ведомостда қатновнинг санаси, тартиб рақами, йўналиш номи, чиптанинг рақами ва баҳоси кўрсатилади.

Қайтариб берилган чипта ва пулларни қайтариб беришга асос бўлган бошқа ҳужжатлар (олдиндан сотилганлиги учун тўлов квитанцияси, багаж чиптаси ва ҳоказолар) ведомость билан бирга кассир ҳисоботига илова қилинади.


63. Агар жадвалда белгиланган автотранспорт воситаси ўрнига чиптанинг баҳоси юқори бўлган автотранспорт воситаси берилса, у ҳолда чиптани ушбу ҳақдаги эълонгача сотиб олган йўловчи мазкур чипта билан, қўшимча тўловсиз кетишга ҳақлидир. Автобус алмашгани тўғрисида эълон қилинган вақтдан бошлаб чипталар, йўловчиларни тегишли равишда огоҳлантирган ҳолда, белгиланган юқорироқ тариф бўйича сотилади.


64. Агар йўловчи қатнов йўлида бораётган автотранспорт воситасидан ўз айби билан қолиб кетса чипта кейинги қатновга қайта расмийлаштирилмайди ва юрилмаган масофа учун пуллар қайтариб берилмайди.


65. Ташкилотлар томонидан уларнинг олдиндан сотиб олган транспортда юриш ҳужжатлари автовокзаллар (автостанциялар) кассаларига автотранспорт воситаси жўнашидан 3 сутка олдин қайтариб берилган тақдирда, агар ўзгача ҳол томонларнинг келишувида ва чипталарни сотишда эълон қилинмаган бўлса, уларга юриш ҳужжатлари қиймати, уларнинг олдиндан сотилгани учун тўловни чегирган ҳолда қайтарилади. Юриш ҳужжатлари ушбу муддатдан кечикиб қайтарилганда йўл ҳақи қийматининг 15 фоизи ушлаб қолинади.

Автотранспорт воситасининг жўнаши бекор қилинганда ёки юриш ҳужжатларини қайтарилишда уларни қайтариш муддатидан қатъи назар йўл ҳақи қиймати суммаси ушлаб қолинмайди.


66. Қайтариб берилган фойдаланилмаган чипталар ва бошқа юриш ҳужжатлари қийматини тўлаш юриш ҳужжатлари сотиб олинган жойда амалга оширилади.



4-§. Қўл юки ва багажни ташиш


67. Ташишга топшириладиган багаж пухта ўраб-жойланган бўлиши керак. Ташишга қабул қилиб олинган багаж учун багаж чиптаси берилади.

Автомобилнинг багаж бўлими параметрларига кўра ташувчи, автомобилнинг умумий сиғими ва юк кўтарувчанлигини оширмасдан, ташишга қабул қилиб олинаётган багаж ўринлари сони ва оғирлигини кўпайтиришга ҳақлидир.


Шаҳар атрофи йўналишларида:


68. Йўловчи ҳажми 60 см х 40 см х 20 сантиметргача ва оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлмаган, 150 сантиметргача узунликдаги қўл юкини, шунингдек қафасга солинган ҳолдаги майда ҳайвонлар ва паррандаларни, аравачани (болалар, ногиронлиги бўлган шахслар аравачалари ва бошқаларнинг аравачаларини), кичик боғ жиҳозларини, болалар чаналарини ўзи билан бирга бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.

69. Шаҳар атрофида ташишларни ҳамда авиайўловчиларни аэропортларга ва аэропортлар ўртасида ташишларни амалга оширувчи, багаж бўлими (отсеки) мавжуд бўлган автобусларда йўловчи иккита багаж ўрни учун ҳақ тўлаган ҳолда ҳар бирининг ҳажми 100 см х 50 см х 30 сантиметрдан ортиқ бўлмаган ва 150 дан 200 сантиметргача узунликдаги буюмларни ўзи билан бирга олиб юриш ҳуқуқига эга.


70. Ўлчами 69-бандда кўрсатилган энг катта ҳажмларнинг ҳатто биттасидан ортиқ бўлган багаж белгиланган параметрларга номувофиқ ҳисобланади.


71. Шаҳар атрофи йўналишларидаги автотранспорт воситаларида багажни олиб юришга чипталар ҳайдовчилар (мавжуд бўлганда - кондукторлар) томонидан, чипта сотиш кассалари ташкил этилган йўналишларнинг охирги манзилларида эса кассирлар (перрон назоратчилари) томонидан сотилади.


Шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда:


72. Йўловчи шаҳарлараро (халқаро) йўналишлардаги автотранспорт воситаларида ўзи билан бирга:

а) ҳажми 60 см х 40 см х 20 сантиметр бўлган ва оғирлиги 30 килограммдан ортиқ бўлмаган қўл юкини, шу жумладан қафасга солинган ҳолдаги майда ҳайвон ва паррандаларни ёки бир жуфт чанғини (болалар чаналарини), 150 сантиметргача узунликдаги буюмни - бепул;

б) багаж бўлими (отсеки) мавжуд бўлмаган автобусларда - ҳажми 100 см х 50 см х 30 см. дан ортиқ бўлмаган ва оғирлиги 60 килограммдан кўп бўлмаган багажни битта жой учун тариф бўйича ҳақ тўлаган ҳолда;

в) багаж бўлими (отсеки) мавжуд бўлган автобусларда ҳажми 100 см х 50 см х 20 сантиметрдан ортиқ бўлмаган, ҳар бирининг оғирлиги 60 килограммдан кўп бўлмаган багажни ва 150 сантиметрдан 200 сантиметргача узунликдаги буюмларни - иккита жой учун ҳақ тўлаган ҳолда олиб юриш ҳуқуқига эга.


73. Багажнинг ўлчамлари 72-бандда кўрсатилган энг катта ўлчамларидан биттасининг ўлчамидан ошса, белгиланган параметрларга номувофиқ ҳисобланади.



5-§. Багаж машиналарида багажни ташиш


74. Йўловчи, багаж (юк) автомобиллари ҳаракати ташкил этилган шаҳарлараро (халқаро) йўналишларда, багаж автомобилларида багажини ташишга топшириш ҳуқуқига эга.


75. Йўловчиларнинг багажлари йўл чипталари тақдим этилганда, багаж автомобилларига ташиш учун қабул қилинади. Ҳар бир йўл чиптасига (тўлиқ ёки болалар чиптасига) умумий оғирлиги 150 килограммдан юқори бўлмаган багаж қабул қилиниши мумкин. Ташувчи багаж автомобилининг параметрига боғлиқ ҳолда, ташишга қабул қилинган багажнинг жойини ва оғирлигини кўпайтириш хуқуқига эга.


76. Ташиш учун топширилаётган багаж ўзининг ўлчамлари, ўрами ҳамда хусусиятлари бўйича багаж автомобилига юклаш ва жойлаштиришда қийинчиликлар туғдирмаслиги, шунингдек бошқа йўловчиларнинг багажига зарар етказмаслиги керак. Бутун ташиш вақтида багажнинг идиш ва ўрами бутунлигини ва сақланганлигини таъминлаши лозим.

Багаж ўралганда багажни йўқотиш хавфи ёки бузулиши мумкин бўлган камчиликлар бўлганда, бу камчиликлар тўғрисида ташиш ҳужжатларида белги қўйилиб, багаж қабул қилиниши мумкин.


77. Багаж автомобилида багажни жўнатишни хоҳлаган йўловчи, юкни олдиндан топшириши, лекин багаж автомобилининг жўнашидан 20 минутга кечикмасдан тақдим этиши лозим.


78. Багажни ташиш учун қабул қилишнинг тасдиғи сифатида йўловчига белгиланган намунадаги багаж квитанциясини берилади.


79. Йўловчи багажни ташиш учун топширганда, белгиланган тариф тўлови билан топширилаётган багажнинг қийматига қараб, унинг баҳосини эълон қилиш хуқуқига эга.


80. Багаж белгиланган жойга етиб келганда багаж квитанциясини тақдим этувчига берилади.


81. Йўловчидан алоҳида ташиш учун қабул қилинган багаж йўловчи белгиланган жойга жадвал бўйича етиб келиш кунидан кечикмасдан ушбу манзилга етказилиши керак.


82. Йўловчи томонидан талаб қилиб олинмаган багаж автовокзалда ёки белгиланган етказиб бериш манзилида ташувчи томонидан етказиб беришнинг назарда тутилган муддатидан кейин 30 кун мобайнида сақланади. Багаж сақланганлиги учун тариф бўйича тўлов ундирилади.

Белгиланган етказиб бериш муддатидан 30 кун ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган багаж сотилиши, сотишдан тушган сумма эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланиши мумкин.



6-§. Йўловчилар томонидан унутилган буюмларни

сақлашга топширишни расмийлаштириш


83. Йўловчиларнинг унутиб қолдирган буюмлари қатнов тугаши билан ҳайдовчи томонидан автовокзал (автостанция) смена навбатчисига ёки ташувчининг навбатчи диспетчерига, улар бўлмаганда эса - белгиланган тартибда давлат хизматлари марказига топширилиши шарт.

84. Автовокзал (автостанция) навбатчиси, ташувчининг навбатчи диспетчери топилган буюмларни олиб келган шахс иштирокида унутилган буюмларнинг рўйхати билан икки нусхада далолатнома тузиши шарт.

85. Далолатнома тузилгандан кейин омборчидан икки нусхага ҳам тилхат олиниб, биттаси ташувчида қолдирилади, бошқаси эса омборхонага топшириш учун омборчига барча буюмлар билан биргаликда берилади.


86. Автовокзал (автостанция) навбатчиси ёки ташувчининг навбатчи диспетчери йўловчининг автотранспорт воситасида унутиб қолдирган буюмларни қидиришга тегишли бўлган саволларига тушунтириш бериши шарт.



V БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАР АВТОВОКЗАЛЛАРИ

(АВТОСТАНЦИЯЛАРИ)


87. Автовокзаллар (автостанциялар) аҳоли яшаш жойларида ҳамда автомобиль йўллари трассаларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва халқаро, шаҳарлараро ҳамда шаҳар атрофида қатновчи автобус йўналишларида автобуслар ҳаракатига тезкор раҳбарлик қилиш, фойдаланиш хизмат хоналарини ва ҳайдовчиларнинг дам олиш хоналарини жойлаштириш учун ташкил этилади.

Ҳар бир автовокзал белгиланган намунадаги ўз паспортига эга бўлиши керак. Паспорт Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан берилади.

88. Автовокзаллар (автостанциялар) муайян тоифа ва классларга бўлинади. Йўловчилар автокзаллари (автостанциялари)ни тоифаларга ва классларга киритиш тартибини, уларнинг функциясини, ишларнинг технологик жараёнини белгиловчи Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.


VI БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ

БУЮРТМАНОМАЛАРИ (БУЮРТМАЛАРИ) ЁКИ БОШҚА

ТАШИШ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА УЛАРГА

БЕРИЛАДИГАН АВТОБУСЛАР ВА ЕНГИЛ

АВТОМОБИЛЛАРДА ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ


1-§. Умумий қоидалар


89. Ташувчи жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг буюртманомалари (буюртмалари) ёки бошқа ташиш шартномалари бўйича автобуслар ва енгил автомобиллар беради.


90. Автобуслар ва енгил автомобиллар шаҳар ташқарисига буюртманомалар (буюртмалар) ёки бошқа ташиш шартномалари бўйича ташувчининг амалдаги йўналишлар тармоғи йўналиши бўйича берилади, амалдаги йўналишларга мос келмайдиган бошқа йўналишлар бўйича ҳайдовчиларга олдиндан ҳаракат хавфсизлиги бўйича йўл-йўриқ кўрсатилгандан кейин берилади.


91. Белгиланган йўналиш бўйича қатнашдан оғишиш, ҳаракат тезлигини ошириш, автотранспорт воситасида белгиланган сиғиш нормасидан ортиқ йўловчи ташиш, ҳайдовчиларнинг меҳнат тартибини ва дам олишини бузиш қатъиян ман қилинади.


92. Буюртманомада (буюртмада), ташиш шартномасида буюртмачи бориш жойини, қатнаш йўналишини, тўхтаб ўтиш жойини, ташилаётган йўловчилар сонини, ташиш учун масъул шахснинг (гуруҳ раҳбари, экскурсовод) фамилияси, исми, отасининг исмини, автотранспорт воситасининг буюртмачида бўлиш муддатини кўрсатиши лозим.


93. Болаларни ташишни ташкил этишга буюртманомалар ташувчилар томонидан гуруҳларни ўқитувчиларнинг ёки махсус белгиланган катта ёшдаги кишиларнинг (битта катта ёшдаги кишига 15 боладан кўп бўлмаган) кузатиб бориши шартлари бажарилганда қабул қилинади. Мактаб ёшидаги болалар гуруҳларини ташишда уларга ҳамроҳлик қилиш учун тиббиёт ходимлари ажратилади.


94. Болаларни оммавий равишда ташишда Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган болалар хавфсизлиги бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилади.



2-§. Йўл ҳақини тўлаш


95. Буюртманомалар (буюртмалар) ёки бошқа ташиш шартномалари бўйича бериладиган автобуслар ва енгил автомобилларда йўловчилар ва багажни ташишга тарифлар миқдорлари ташувчи билан мижоз ўртасидаги шартнома асосида белгиланади. Ажратилаётган автобуслар ва енгил автомобиллар ишларига тўлов вақтбай ёки ишбай тарифлари бўйича белгиланиши мумкин.


96. Автобус ва енгил автомобилдан фойдаланиш вақти, унинг гараждан чиқиш вақтидан гаражга қайтиш вақтигача ҳайдовчининг дам олиш вақти чиқариб ташланган ҳолда, буюртманомалар (буюртмалар)ни ёки бошқа ташиш шартномаларини расмийлаштиришда ҳисоблаб чиқилади.



VII БОБ. ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИЛАРДА

ЙЎЛОВЧИЛАР ВА БАГАЖНИ ТАШИШ


1-§. Умумий қоидалар


97. Йўналишсиз таксилар якка тартибда фойдаланиш тартибида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро ташиш бўйича хизмат кўрсатишга мўлжалланган.


98. Йўловчиларни:

а) аҳоли гавжум жойларда, автовокзал (автостанция), вокзал ва аэропортларга туташ ҳудудларда ташкил қилинган йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларида;

б) тегишли ҳаракатланиш таркибининг тўхташи рухсат этилган кўча-йўл тармоғи участкаларида;

в) йўловчиларнинг буюртмаси бўйича йўналишсиз таксиларни йўлга чиқариш жойларида йўловчиларни йўналишсиз таксиларга чиқариш ва ундан тушириш мумкин.



2-§. Йўл ҳақини тўлаш


99. Йўналишсиз таксиларнинг йўловчиларни ташиш ва багажни ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланади.

Бунда агрегаторлар йўналишсиз таксиларда Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатадиган автотранспорт воситалари турларига қараб, "Стандарт", "Бизнес", "Эконом", "Комфорт" тарифларини белгилаши мумкин.

100. Йўл ҳақи йўловчи томонидан сафар тугагандан кейин ва багаж туширилгандан кейин у билан келган йўловчилар ҳамда ташиб келтирилган багаж сонидан қатъи назар таксометр кўрсаткичи бўйича тўланади. Ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб нақд пул билан ёхуд ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда банк пластик карточкалари маблағлари билан амалга оширилади ёхуд интернет орқали электрон тўлов воситаси ёрдамида.

Йўналишсиз такси бир неча йўловчилар (навбатда турган биринчи йўловчининг розилиги билан) томонидан тўхташ жойида ёллаган ёки таксини ёллаган йўловчи розилиги билан йўли бир бўлган йўловчи чиқарилган тақдирда, йўл ҳақига тўловнинг умумий суммаси йўловчилар ўртасида ҳар бир йўловчининг босиб ўтган масофасига мутаносиб равишда тақсимланади.


101. йўналишсиз таксига йўловчиларни чиқаришда ҳайдовчи багажни жойлаштиришда ёрдам кўрсатиши, сафар тугаганда эса йўловчига унинг буюмларини ва багажини тушириши тўғрисида эслатиши шарт.

Йўналишиз таксига олдиндан буюртма берилганда ҳайдовчи автомобиль билан нарядда кўрсатилган вақтда келиши шарт.



3-§. Транспортда юриш шартлари


102. йўналишсиз таксилар белгиланган тўхташ жойларида умумий навбат тартибида ёлланилади.


103. Шаҳар четига йўналишсиз таксиларни йўлга чиқаришга буюртмалар диспетчер томонидан телефон орқали ва шахсан йўловчидан қабул қилинади.

Йўналишсиз таксини йўлга чиқариш қиймати буюртмачи томонидан буюртма бўйича белгиланган тарифга мувофиқ таксометр кўрсаткичи бўйича тўланади.


104. Йўналишсиз такси йўловчининг илтимосига кўра томонларнинг ўзаро келишувига кўра алоҳида тўлов эвазига йўловчини унинг илтимосига биноан кутиб туради.



4-§. Қўл юкини ва багажни ташиш


105. Йўналишсиз таксиларнинг багаж бўлинмаларида багажни ташиш фақат ёпиқ багажхона бўлганда рухсат берилади.

Йўналишсиз таксиларнинг салонида автомобиль эшиги орқали бемалол сиғадиган, салон қопламасини ва унинг ускуналарини бузмайдиган ва ифлос қилмайдиган, ҳайдовчининг автомобилни бошқаришига ҳамда орқани кўриш кўзгусидан фойдаланишига халақит бермайдиган ҳар хил буюмлар ва ашёларни ташишига рухсат берилади.

Мушуклар, итларни тизгин ва тўшаги мавжуд бўлганда тумшуқбоғларда, кичик жониворларни саватларда, сумкаларда ҳамда қушларни қафасларда ташишга бухсат берилади.



VIII БОБ. АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИДА

ҲАРБИЙ ЙЎЛОВЧИЛАРНИ ТАШИШ


106. Ҳарбий йўловчиларга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳарбийларни ташиш ҳужжатлари бўйича транспортда юриши расмийлаштирилган шахслар ҳамда ушбу ҳужжатларда ёзилган уларнинг оила аъзолари кирадилар.

107. Ҳарбий йўловчиларни ташиш бунинг учун кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Марказий банки орқали марказлаштирилган тартибда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан ҳарбийларни ташиш ҳужжатлари бўйича ҳисоб-китоб қилинган ҳолда бажарилади.

Ҳарбийларни ташиш умумий белгиланган тартибда Марказий банкнинг лимитланган дафтарчаларидан чеклар, банклар томонидан акцептланган тўлов топшириқномалари орқали ёки нақд пул билан тўлов тўланиши мумкин.


108. Ҳарбийларни ташиш ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча автовокзалларда (автостанцияларда) қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳарбий қисмлари ва муассасалари томонидан ташишга расмийлаштирилган ҳарбийларни ташиш ҳужжатларида, уларнинг тегишли вазирлик ва идорага алоқадорлигини аниқловчи ажратиб турадиган белгилари бўлиши керак.

109. Ҳарбийларни ташиш ҳужжатлари автомобиль транспортида шаҳар атрофида, вилоят ичида, вилоятлараро ва халқаро қатновларда йўловчиларнинг манзилга бориши ва багажни ташишига чипталар олиш учун мўлжалланган.

Ҳарбийларни ташиш ҳужжатларига қуйидагилар тааллуқлидир:

а) автомобиль транспортида ҳарбий юкларни ва уй буюмларни ташиш учун - талабнома;

б) автомобиль транспортида вилоят ичи ва вилоятлараро қатновларда манзилга бориш учун битта одамга ёки сони икки кишидан зиёд бўлган ҳарбий командага чипталар олиш учун - талабнома;

в) багажни ташиш учун - багаж талони. Багаж талонлари жўнаш автовокзаллари (автостанциялари) кассаларида багаж чипталарига ёки квитанцияларига алмаштирилади. Барча турдаги ҳарбийларни ташиш ҳужжатлари жўнаш шохобчаси чипта кассаларида умумий шаклдаги чипталарга, багаж чипталарига ёки квитанцияларга алмаштирилади.



IX БОБ. АВТОТРАНСПОРТДА ИМТИЁЗЛИ ЁКИ

БЕПУЛ ЙЎЛ ЮРИШ ҲУҚУҚИДАН ФОЙДАЛАНУВЧИ

ЙЎЛОВЧИЛАР УЧУН УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


110. Автотранспортда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, мансублиги ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар йўналишли автобусларида бепул ва имтиёзли юришга рухсат берилади.


111. Автомобиль транспортида бепул юрувчи, шунингдек имтиёзли юришдан фойдаланувчи йўловчилар учун автомобиль транспортида йўловчи ташишнинг амал қиладиган қоида ва шартлари мажбурийдир.


112. Автобусларда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчилар томонидан багажни ташиш ва хизматлар кўрсатиш учун тўловлар умумий асосларда амалга оширилади.



X БОБ. ТАШУВЧИЛАРНИНГ, ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ВА

БУЮРТМАНОМА (БУЮРТМА) БЕРГАН ЁКИ БОШҚА

ТАШИШ ШАРТНОМАСИНИ ТУЗГАН ШАХСЛАРНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ, ЭЪТИРОЗЛАР ВА ДАЪВОЛАР


1-§. Ташувчининг жавобгарлиги


113. Йўловчиларни ва багажни ташиш шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда, ташувчилар мазкур Қоидаларда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда моддий жавоб берадилар.


114. Ташиш учун қабул қилинган багажнинг йўқолиши, камомади, бузилганлиги ёки шикастланганлиги учун, агар ташувчилар йўқолиш, камомад, бузилиш ёки шикастланиш уларнинг айби билан бўлмаганлигини исботлай олмасалар моддий жавоб берадилар ва зарарларни тўлайдилар.

Багажни ташишда етказилган зарар ташувчи томонидан қуйидаги миқдорда:

багаж йўқолган ёки камомадга йўл қўйилган тақдирда - юк ёки багажнинг йўқолган ёки етмаган қиймати миқдорида;

багажга зарар етган (бузилган) тақдирда - унинг қиймати камайган сумма миқдорида, шикастланган (бузилган) багажни тиклаш имконияти бўлмаганда эса, унинг қиймати миқдорида;

қиймати эълон қилинган ҳолда ташиш учун топширилган багаж йўқолганда - багажнинг эълон қилинган миқдорида тўланади.


115. Ишига вақтбай тариф бўйича ҳақ тўланадиган автобуслар ва енгил автомобиллар ташувчи томонидан буюртманома (буюртма) ёки бошқа ташиш шартномалари бўйича бажариш учун қабул қилинган миқдорда етказиб берилмаганда ёки ушбу автобуслар ва енгил автомобилларни чиқариш кечиктирилганда, ташувчи, агар томонларнинг келишувида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, буюртмачига буюртманомада (буюртмада) ёки шартномада кўрсатилган фойдаланиш вақтидан келиб чиққан ҳолда автобуслар ва енгил автомобиллардан фойдаланиш қийматининг 10 фоизини тўлайди.


116. шаҳар йўналишларида йўловчилар ташишдан ташқари йўловчиларни ташиш учун автотранспорт воситасини жўнатиш кечикканлиги ёки белгиланган манзилга кечикиб келганлиги учун ташувчи, агар кечикишлар енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари ёки ташувчига боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар оқибатида юз берганлигини исботлаб беролмаса, йўловчига жарима шаклида неустойка тўлайди.

Йўловчилар ташиш учун автотранспорт воситасини жўнатиш кечикканлиги ёки белгиланган манзилга кечикиб келганлиги ҳолати юзасидан автовокзал (автостанция)нинг навбатчи диспетчери томонидан далолатнома тузилади. Далолатномада автотранспорт воситасининг тасдиқланган жадвал бўйича жўнаш (етиб келиш) вақти ва ҳақиқатда жўнаган (етиб келган) вақти кўрсатилади. Далолатнома навбатчи диспетчер ва икки йўловчи томонидан имзоланади. Автовокзалда (автостанцияда) навбатчи диспетчер бўлмаган тақдирда, далолатнома камида учта йўловчи томонидан имзоланади.

Автотранспорт воситасининг жўнаши (етиб келиши) кечиктирилганлиги учун йўловчига тўланадиган жарима миқдори - жўнаши (етиб келиш) кечикканлигининг биринчи тўлиқ соати учун (60 минут) чипта баҳосининг 10 фоизи ҳисобидан унинг давомийлигига боғлиқ ҳолда, жўнаш (келиш) кечикишининг ҳар бир кейинги 15 минути учун эса чипта баҳосининг 3 фоизи ҳисобидан аниқланади. Жарима умумий суммаси чипта баҳосининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Йўловчига жарима ташувчи томонидан ёки автовокзал (автостанция) бошлиғининг ёзма кўрсатмаси бўйича тўланади.

Йўловчига тўланган жарима, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ автотранспорт воситасининг жўнашга кечикканлиги ёки унинг белгиланган манзилга етиб келиши кечикканлиги оқибатида йўловчига етказилган зарарни унга тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Автотранспорт воситасининг жўнаши кечикканлиги сабаби бўйича йўловчи ташишни рад этган тақдирда, ташувчи йўловчига йўл ҳақи тўловини ҳамда у томонидан кўрилган бошқа харажатларни қайтариши шарт.


117. Ташувчи йўловчининг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



2-§. Йўловчиларнинг ва буюртманома (буюртма)

берган ёки бошқа ташиш шартномасини

тузган шахсларнинг жавобгарлиги


118. Йўловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ автотранспорт воситалари ускуна ва инвентарларининг бузулиши ёки шикастланиши учун жавоб берадилар.


119. Ушбу автотранспорт воситасида юриш ёки багаж ташиш ҳуқуқини бермайдиган чиптани ёки гувоҳномани назорат вақтида кўрсатган шахслар чиптасиз йўловчилар тоифасига киради. Қалбаки, нотўғри расмийлаштирилган ёки бошқа шахсга расмийлаштирилган йўл чипталари ва гувоҳномалар назорат қилувчи шахс томонидан олиб қўйилиши керак.


120. Жарималар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда автомобиль транспорти ёки ички ишлар органлари ходимлари томонидан солинади.


121. Йўловчи томонидан жарима тўланганда, унга ундирилган сумма кўрсатилган ҳолда белгиланган шаклдаги квитанция берилади. Йўловчи томонидан жарима тўланиши, йўловчини йўл чиптаси сотиб олиш ёки багаж ташиш тўловидан озод қилмайди.

Автотранспортда юришга ва багажини ташишга чиптаси бўлмаган йўловчининг автотранспортга чиққан манзилини аниқлаш имкони бўлмаганда, унинг юриш ва багажини ташиш қиймати жўнаш манзилидан етиб келиш манзилигача бўлган масофа бўйича ҳисобланади.


122. Буюртманома (буюртма) берган ёки бошқа ташиш шартномаси тузган шахслар автобуслар ва енгил автомобиллардан фойдаланишни тўлиқ ёки қисман рад этганда уларнинг ишига буюртманомада (буюртма) ёки шартномада кўрсатилган миқдорда вақтбай тариф бўйича ҳақ тўланади, кўрсатилган шахслар ташувчига буюртманомада (буюртмада) ёки шартномада кўрсатилган фойдаланиш вақтидан келиб чиққан ҳолда, автобуслар ва енгил автомобиллардан фойдаланиш қийматининг 10 фоизини тўлайди.



3-§. Эътирозлар, даъволар


123. Йўловчилар ва багажни ташиш жараёнида пайдо бўладиган эътирозлар ташувчига жўнаш ёки етиб келиш манзилида эътироз билдирувчининг ҳоҳиши бўйича берилиши мумкин.

Эътироз аризаларига эътирозни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.


124. Ташувчига эътирозлар 6 ой мобайнида, жарималар тўлаш тўғрисидаги эътирозлар эса 45 кун мобайнида берилиши мумкин.

Кўрсатилган муддатлар:

а) багажнинг бузилганлиги, шикастланганлиги ёки камомади учун тўловлар тўғрисидаги эътирозлар бўйича - багаж берилган кундан;

б) багаж йўқолганлиги учун зарарни қоплаш тўғрисидаги эътирозлар бўйича - багаж етказиб берилган муддатлар тугагандан 10 кундан кейин;

в) қолган барча ҳолатларда - эътироз билдириш учун асос бўладиган воқеалар бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.


125. Ташувчи эътироз олинган кундан бошлаб қуйидаги муддатларда:

а) автомобиль қатновидаги ташишлардан пайдо бўладиган эътирозлар бўйича-3 ой мобайнида;

б) тўғри, аралаш қатновларда пайдо бўладиган эътирозлар бўйича- 6 ой мобайнида;

в) жарима тўлаш тўғрисидаги эътирозлар бўйича - 45 кун мобайнида билдирилган эътирозни кўриб чиқиши ва унинг қаноатлантириши тўғрисида аризачига хабар бериши шарт.

Эътирозлар қисман қаноатлантирилганда ёки рад этилганда, ташувчи бу ҳақдаги билдиришномада қабул қилинган қарорнинг сабабини кўрсатиши ҳамда эътирозларга илова қилинган ҳужжатларни ариза берувчига қайтариши керак.

Эътирозлар тўлиқ суммада қаноатлантирилганда аризага илова қилинган ҳужжатлар қайтарилмайди.


126. Йўловчилар ва багажни ташишдан келиб чиқадиган даъволар судга берилиши мумкин.










































































Время: 0.1995
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск