ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик судлари томонидан 2015 йилда давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан маълумот (2016 йил 28 апрель)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик судлари томонидан 2015 йилда давлат

органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш

органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб

топиш тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд

амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан

Маълумот

28.04.2016 й.


[Кўчирма]



Олий хўжалик судининг 2016 йиллик иш режасининг Олий хўжалик суди Раёсати муҳокамасига киритиладиган масалалар бўлимининг 5-бандига асосан 2015 йилда давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриш билан боғлиқ хўжалик судлари томонидан тақдим этилган (455 та) иш ва улар юзасидан ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.


1. Давлат органининг низоли ҳужжати қонун ҳужжатларига мувофиқлигини давлат органи исботлаган ҳолда, арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилади.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2011 йил 6 августдаги 23-А/28-сонли қарори билан "Leader Mortgage Investment" кредит уюшмасининг кредит уюшмаси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиши тугатилган.

Тугатишга доир иш юритиш якунланганлиги муносабати билан ва тугатиш бошқарувчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари ва кредит бюроларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш комиссиясининг 2012 йил 23 августдаги 36/5-сонли қарори билан "Leader Mortgage Investment" кредит уюшмаси кредит уюшмалари давлат реестридан чиқарилган.

"Temiryo`l-Sug`urta" АЖ (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) Марказий банк комиссиясининг ушбу қароридан норози бўлиб хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган. Аризада комиссиянинг 2012 йил 23 августдаги 36/5-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.

Аризачи ўз аризасида "Leader Mortgage Investment" кредит уюшмаси билан тузилган "жамият фондига улуш киритиш ҳақида"ги шартномалар асосида аризачи 30 млн сўм пул маблағларини кредит уюшмасига ўтказиб берганлигини, кредит уюшмаси тугатилиши муносабати билан аризачи тугатиш бошқарувчисига талабнома билан мурожаат қилганлигини, талабнома бўйича берилган жавобга кўра тугатиш бошқарувчиси томонидан аризачининг талаби тўлиқ тан олинганлиги ва қарз суммаси қонунда белгиланган тартибда қайтариб берилишини маълум қилганлигини, бироқ қарз суммаси қайтарилмаганлигини, бу эса кредит уюшмаси қонунда назарда тутилган тартибга риоя этмаган ҳолда тугатилганлигини важ қилиб кўрсатган.

ХПК 55-моддасининг биринчи қисмига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 19 апрелдаги 10/3-сонли қарори билан тасдиқланган "Кредит уюшмаларини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 65-бандида тугатиш ишлари якунланганидан сўнг тугатувчи томонидан Марказий банкка тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни рўйхати келтирилган. Ушбу Низомнинг 66-бандига кўра Марказий банки тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қайта ташкил этилган ёки тугатилган кредит уюшмалари бўйича Кредит уюшмаларининг давлат реестридан чиқариш ёки киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Иш кўрилиши жараёнида "Leader Mortgage Investment" кредит уюшмасининг тугатувчиси томонидан Марказий банкка Низомнинг 65-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилганлиги ва Марказий банк ушбу ҳужжатларни кўриб чиқиб, тугатилган кредит уюшмасини Кредит уюшмаларининг давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатда Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари ва кредит бюроларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш комиссиясининг низоли ҳужжати қонун ҳужжатларига мувофиқлиги Марказий банк томонидан исботланган. Шу сабабли, суднинг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


2. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатига олинганлиги ҳолати (факти) эмас, балки унинг асосида берилган гувоҳнома давлат органининг ҳужжати ҳисобланади. Шу сабабли, агар судга ҳуқуқни давлат рўйхатига олинганлиги ҳолати (факти)ни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинган бўлса, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.

(10-1518/22604-сонли иш, биринчи инстанция судида иш судья У. Суюнов томонидан кўрилган, апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Б. Шомаксудов)


2013 йил 30 декабрда "Mega kapital plast" МЧЖ ва "Profit projest management" МЧЖ ўртасида 2-сонли кўчмас мулк олди-сотди шартномаси тузилган. Унга кўра, "Mega kapital plast" МЧЖ (сотувчи) "Profit projest management" МЧЖ (сотиб олувчи)га Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Қурувчилар кўчаси, 40 уйда жойлашган бино ва иншоотларни сотган. Ушбу шартномага асосан бино ва иншоотлар ҳамда ер участкасига нисбатан сотиб олувчининг ҳуқуқи кадастр хизмати томонидан рўйхатга олиниб, тегишли гувоҳномалар берилган.

Хўжалик судининг 2015 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида тузилган 2-сонли кўчмас мулк олди-сотди шартномаси бекор қилиниб, сотувчининг бино ва иншоотлар ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқи тикланган (10-1503/12833-сонли иш).

Суднинг ушбу ҳал қилув қарорига асосан "Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати" ДУК томонидан 2015 йил 6 августда сотувчининг бино ва иншоотларга ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатига олинганлиги ҳақида TS 0118524 ва TS 0026905-сонли гувоҳномалар берилган.

"Profit projest management" МЧЖ кадастр хизмати томонидан сотувчининг бино ва иншоотларга ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатига олинганлигидан норози бўлиб хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, давлат органи акти, яъни сотувчининг бино ва иншоотларга ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатига олинганлигини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аризада кадастр органи суднинг 2015 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан олдин "Mega kapital plast" МЧЖга 2015 йил 6 августда гувоҳномалар берганлиги, суднинг ушбу ҳал қилув қарори апелляция инстанцияси судининг қарори билан бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилганлиги важ қилиб кўрсатилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, "Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати" ДУКнинг "Mega kapital plast" МЧЖга тегишли Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Қурувчилар кўчаси, 40 уйда жойлашган бино ва иншоотларни 2015 йил 6 августда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақиқий эмас деб топилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом 2 ва 74-бандларининг мазмунига кўра кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши ва давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ер участкаларига, бинолар ва иншоотларга, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномалар бериш йўли билан ёки рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланади.

Бундан кўринадики, давлат органининг ҳужжати бўлиб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлиги ҳолати эмас, балки ушбу ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида юридик ёки жисмоний шахсга берилган гувоҳнома ҳисобланади.

Шу боис, апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

Иш кассация тартибида кўрилмаган.


3. Агар давлат органи мансабдор шахси хатти-ҳаракатларининг натижалари бўйича юридик ёки жисмоний шахсга ҳуқуқ ва мажбурият келтириб чиқарувчи қарор қабул қилинса, бундай шахс судга давлат органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати устидан эмас, балки бундай хатти-ҳаракат натижасида қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиши мумкин.

(10-1515/18719-сонли иш, судья Б. Шомаксудов)


Хўжалик судининг "Sovplastital" АЖдан (бундан буён қарздор деб юритилади) кредиторлар фойдасига қарз ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатларига асосан Суд департаментининг Чилонзор туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилиб, ижро иши юритиш бошланган.

Ижро ҳаракатлари давомида суд ижрочисининг қарори билан қарздорга тегишли бўлган кўчмас мулклар хатланиб, банд солинган ва тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Шунингдек, суд ижрочиси Тошкент шаҳар Ер тузиш ва давлат кадастри хизматига сўровнома юбориб, унда қарздорга тегишли бўлган кўчмас мулклар ҳақида маълумот беришни ҳамда агар мулклар мавжуд бўлса, уларни бошқа шахсларга расмийлаштириш (бегоналаштириш) юзасидан кадастр ишларини қўшимча кўрсатма берилгунга қадар тўхтатиб туришни сўраган.

Қарздор хўжалик судига Суд департаменти Чилонзор туман бўлими ва Тошкент шаҳар Ер тузиш ва давлат кадастри хизматига нисбатан ариза билан мурожаат қилган. Унда кадастр хизматининг кўчмас мулкни реализация қилишга тўсқинлик қилишда, суд ижрочисининг эса қарздорга банд солишда ифодаланган хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топишни сўраган.

Аризада суд ижрочиси томонидан бино ва иншоотларга банд солиш ёки кадастр хизматига уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ҳақида берилган кўрсатмалар ҳақида қарздор маълум қилинмаганлиги, кадастр хизмати қарздорга тегишли кўчмас мулкларни сотиш имконияти йўқлиги ҳақида хат юборганлиги, суд ижрочиси эса қонун ҳужжатларида белгиланган мол-мулкларни хатлаш навбатини бузганлиги, мол-мулкларни хатлашда қарздор вакилларининг иштирокини таъминламанганлиги ҳамда давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга бўлган орган мол-мулклар хатланганлиги ҳақида хабардор қилинмаганлиги важ қилиб кўрсатилган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 86-моддасининг учинчи қисмига асосан суд ижрочисининг қарори устидан шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Ушбу Қонун 88-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (харакатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Шу боис, агар суд ижрочисининг ижро ҳаракатларини амалга ошириш натижалари бўйича қарор (ижро иши юритишни қўзғатиш, ижро йиғимини ундириш, жарима солиш ва бошқалар) қабул қилинса, судга суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан эмас, балки бундай хатти-ҳаракат натижасида қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинади. Чунки, агар суд хатти-ҳаракатларни қонунга хилоф деб топган тақдирда ҳам, суд ижрочисининг қарори кучда бўлганлиги сабабли, унинг бажарилиши мажбурийлигича қолади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлганлиги ва кадастр хизмати суд ижрочисининг қарздорга тегишли кўчмас мулкларини бегоналаштирилишининг олдини олиш учун қўйган таъқиқ асосида иш юритганлиги сабабли, суд даъво талабини қаноатлантиришни рад этган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


4. Солиқ органининг қарори қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ бўлмасдан, солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, у солиқ тўловчининг аризасига асосан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

(10-1503/1231-сонли иш, судья Д. Арипов)


Тергов органининг "Молиявий хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинлаш ҳақида"ги қарори ва Учтепа туман ДСИнинг буйруғига асосан "Premium Travel" МЧЖда (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) режадан ташқари текшириш ўтказилган. Текшириш натижалари юзасидан тузилган далолатномага кўра, 2011 - 2013 йиллар давомида хизмат кўрсатиш фаолиятидан тушган 128 957 300 сўм нақд пул маблағлари НКМга кирим қилинмаганлиги ва 165 300 сўм банкка топширилмаганлиги аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 2014 йил 13 октябрда соли??а оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Унда Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан яширилган 129 122 600 (128 957 300+165 300) сўм тушумнинг 20 фоизи, яъни 25 824 520 сўм ва Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан нақд пул маблағлари НКМга кирим қилинмаганлиги учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари, яъни 3 229 050 сўм, жами 29 053 570 сўм миқдорида молиявий жарима ҳисобланиб, жавобгарга жаримани ихтиёрий тўлаш таклиф қилинган.

МЧЖ ДСИнинг қароридан норози бўлиб хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, ДСИ қарорининг Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан яширилган 128 957 300 сўм тушумнинг 20 фоизи, яъни 25 791 460 сўм миқдорида молиявий жарима ҳисобланган қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш кўрилиши жараёнида МЧЖ томонидан 2011 - 2013 йиллар давомида хизмат кўрсатиш фаолиятидан келиб тушган 128 957 300 сўмлик нақд пул маблағлари НКМга кирим қилинмаган бўлсада, бироқ ушбу сумма тўлалигича банкка инкассация қилинганлиги ва бухгалтерия ҳисоботида акс эттирилганлиги аниқланган.

Низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиш пайтида амалда бўлган Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисми (ҳозирги вақтда тўртинчи қисми)га кўра ушбу моддани қўллаш мақсадида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатлар алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

Мазкур ҳолатда хизмат кўрсатиш фаолиятидан келиб тушган 128 957 300 сўмлик нақд пул маблағлари НКМга кирим қилинмаган бўлсада, бироқ ушбу сумма МЧЖ томонидан тўлалигича банкка инкассация қилинганлиги ва бухгалтерия ҳисоботида акс эттирилганлиги ҳолати иш кўрилиши жараёнида ўз тасдиғини топган.

Шу боис, биринчи инстанция судининг 2015 йил 27 февралдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, ДСИ қарорининг Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан яширилган 128 957 300 сўм тушумнинг 20 фоизи, яъни 25 791 460 сўм миқдорида молиявий жарима ҳисоблаш қисми асосли равишда ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


5. Қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган ер участкасидан қонунда белгиланган муддат мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига бўлган ҳуқуқ тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалда бекор қилиниши мумкин.

(10-1510/220-сонли иш, судья Д. Арипов)


Тошкент шаҳар ҳокимининг 2003 йил 11 августдаги 476-сонли қарорига асосан "Dilkush sport" МЧЖга Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Хумоюн мавзеси манзилида футбол мактаби биносини қуриш учун 4,6 га ер участкаси доимий фойдаланишга ажратиб берилган.

"Dilkush sport" МЧЖнинг мурожаати ҳамда Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тайёрланган тавсифномага асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг 2008 йил 2 майдаги 267-сонли қарори билан "Dilkush sport" МЧЖга ажратилган ер участкасида кўп қаватли турар жой биноларини қуришга рухсат берилган. МЧЖ зиммасига меъморий режалаштириш топшириқларини тузиб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда уларни Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясида рўйхатдан ўтказиб, қурилиш ишларини бошлашга рухсат олиш каби вазифалар юклатилган.

Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан МЧЖга ажратилган ер майдонининг ўзлаштирилганлиги даражаси ўрганилганда, ажратилган ер майдонида қурилиш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланган. Шу боис, юқоридаги бошқармалар 2011 йил 28 июлда шаҳар ҳокими номига хат билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига асосан ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишни ва ер участкасини давлат ер захира фондига ўтказишни сўраган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2011 йил 29 июлдаги 481-сонли қарори билан шаҳар ҳокимининг 2003 йил 11 августдаги 476-сонли ва 2008 йил 2 майдаги 267-сонли қарорлари бекор қилинган.

Шаҳар ҳокимининг ушбу қароридан норози бўлиб, МЧЖ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, шаҳар ҳокимининг 2011 йил 29 июлдаги 481-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аризада МЧЖ томонидан қурилиш ишларини бошлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланганлиги ва у экспертизадан ўтказилганлиги, қурилишга рухсат бериш гувоҳномаси расмийлаштирилганлиги ва бошқа ишлар амалга оширилганлиги, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилишда Ер кодекси талаблари бузилганлиги, яъни ер ижара шартномасини бекор қилиш учун ҳокимият судга даъво билан мурожаат қилмаганлиги важ қилиб кўрсатилган.

Низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиш пайтида амалда бўлган Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига биноан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан икки йил (амалдаги таҳрирда уч йил) мобайнида фойдаланилмаганида ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Ер кодекси 36-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, ушбу модда биринчи қисмининг 1 - 11-бандларида кўрсатилган ҳолларда ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига мувофиқ ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларга асосан тегишлича туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Мазкур ҳолатда, ер участкаси МЧЖга қурилиш ишларини амалга ошириш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган. МЧЖ томонидан ушбу ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаган.

Шу боис, суд шаҳар ҳокимининг низоли қарорини қонуний деб ҳисоблаб, МЧЖнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


6. Давлат захирасида бўлган ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини бериш тўғрисида келишувнинг мавжудлиги ер участкасини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органининг ушбу ҳуқуқдан фойдаланишига тўсқинлик қилмайди. Шу боис, бундай ер участкасини бошқа шахсга ажратиш тўғрисидаги давлат органининг қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат деб баҳоланмайди.

(10-1414/6756-сонли иш, судья Н. Байзақова)

2012 йил 7 июнда Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва кадастр бошқармаси ва "Asterus" хусусий фирмаси (бундан буён матнда Фирма деб юритилади) ўртасида Фирмага қарашли Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 49 уйда жойлашган ошхона биноси ён атрофидаги 218 квадрат метр ер майдонини ижарага бериш тўғрисида шартнома тузилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш департаменти ва Фирма ўртасида ошхона биносига жипс ҳолда жойлашган Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 49а-уйдаги давлат тасарруфида бўлган ва фойдаланаётмаган бино атрофидаги ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини бериш тўғрисида келишув имзоланган. Ушбу келишувга кўра, сервитут давлат заҳирасидаги ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш мақсадида белгиланган.

Ер ижара шартномаси ҳамда сервитут ҳуқуқини бериш тўғрисидаги келишувга асосан Фирма ижарага олинган 218 квадрат метрдан иборат ер майдони ва ўзганинг ер участкасидан фойдаланиб келган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 22 августдаги 663-сонли қарорига асосан "Tabriz" МЧЖга Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 49-а уйдаги 257 квадрат метр ер участкасида жойлашган майдони 140 квадрат метрдан иборат бўлган бино олиб қўйилган кўчмас мулк учун компенсация сифатида берилган.

Фирма хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, шаҳар ҳокимининг 2013 йил 22 августдаги 663-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аризада Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 49-а уйда жойлашган ер участкасининг бир қисмидан Фирма фойдаланиши учун сервитут белгилаш ҳақидаги келишувга асосан берилганлиги, ушбу келишув бекор қилинмаганлиги ёки ҳақиқий эмас деб топилмаганлиги сабабли, шаҳар ҳокими уни бошқа шахсга бириктириб бериши Фирманинг ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиши важ қилиб келтирилган.

Ер кодексининг 30-моддаси ва ФК 173-моддасининг иккинчи қисмига кўра ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

ФК 173-моддасининг учинчи қисмига биноан ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Мазкур ҳолатда, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Паркент кўчаси, 49-а уйдаги 257 квадрат метр майдондаги ер участкасида жойлашган 140 квадрат метрдан иборат бўлган бино давлатга тегишли бўлиб, шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, суд шаҳар ҳокимининг низолашилаётган қарорини қонуний деб топиб, Фирманинг арз қилган талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


7. Нотариус "Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 38-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилмаган асосларга кўра битимларни нотариал тасдиқлашни рад этиши мумкин эмас. Акс ҳодда, суд томонидан нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

(11-1532/7871-сонли иш, судья С.Солиев)

"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ Тошкент вилояти минтақавий филиали (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) Ангрен шаҳар 1-сонли давлат нотариал идорасига (бундан буён матнда Нотариал идора деб юритилади) нисбатан хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Нотариал идора нотариуси А.Баймаковнинг 2015 йил 21 майдаги 1332-сонли нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан аризачи "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ Тошкент вилояти минтақавий филиали ишга дахлдор даъвогар (аризачи) "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБга ва жавобгар Ангрен шаҳар 1-сонли давлат нотариал идораси эса ишга дахлдор жавобгар Тошкент вилоят адлия бошқармасига алмаштирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, хўжалик судининг 11-0927/16253-сонли иш бўйича қабул қилинган 2010 йил 15 январдаги ҳал қилув қарори билан қарздор "Ozbekshashtostroy" АЖ банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш очилган. Суднинг 2010 йил 30 декабрдаги ажримига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги "Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4053-сонли Фармони ва 2008 йил 19 ноябрдаги "Тижорат банкларига иқтисодий ночор корхоналарни сотиш бўйича Тартибни тасдиқлаш тўғрисида"ги 4010-сонли Фармойишига асосан қарздор "Ozbekshashtostroy" АЖнинг барча активлари банк балансига берилиши назарда тутилган.

Суднинг ушбу ажрими ижроси таъминланиб, 2011 йил 15 апрелда томонлар ўртасида имзоланган топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан Ангрен шаҳри, 2/2-даҳасида жойлашган 48 та хонадондан иборат 6-сонли кўп қаватли турар жой биноси аризачи (банк) томонидан қабул қилиб олинган.

Ангрен шаҳар "Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати" давлат унитар корхонаси томонидан 2015 йил 16 апрелда берилган ТО 0070917-сонли бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага асосан кўп қаватли турар жой биносига нисбатан аризачининг мулкий ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилган.

Даъвогар Нотариал идорага 6-сонли кўп қаватли уйда жойлашган 48 та квартирани фуқароларга сотиш бўйича олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлаб беришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ, нотариус 2015 йил 21 майдаги 1332-сонли қарори билан нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад қилган. Нотариуснинг қарорида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад қилишда суднинг 11-0927/16253-сонли ажримида Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, 2/2-даҳа, 6-уйда жойлашган жами 48 та хонадондан иборат кўп қаватли турар жой биносини аризачи балансига бериш мажбурияти юклатилган бўлсада, кўп қаватли турар жой биноси банк филиалига мулк ҳуқуқи, яъни тасарруф этиш ҳуқуқи билан ўтказилганлигига аниқлик киритилмаганлиги ва кўп қаватли турар жой биносида жойлашган квартиралар ҳар бирининг рақами, умумий ва фойдаланиш майдони кўрсатилмаганлиги важ қилиб келтирилган.

Шу сабабли, аризачи судга ариза билан мурожаат қилган.

"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддаси ва "Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 51-бандига кўра, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимлар мулк жойлашган ҳудуддаги нотариал идорада тасдиқланиши белгиланган.

Иш кўрилиши жараёнида аниқланишича, Ангрен шаҳри, 2/2-даҳасида жойлашган 48 та хонадондан иборат 6-сонли кўп қаватли турар жой биноси 2011 йил 15 апрелдаги топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан топширилаётганда, далолатномага 5618-сонли турар уй-жой кадастр ҳужжати, қурилиш, иншоот майдонлари, участка ҳажмларини ҳисоблаш қайдномаси ҳамда Назорат ўлчови далолатномаси илова қилинган. Бинони топшириш-қабул қилиш далолатномасига илова қилинган ҳужжатларда кўп қаватли турар жой биносининг тавсифи, яъни ҳар бир уйнинг рақами, умумий ва фойдаланиш майдони кўрсатилган. Бундан ташқари, кадастр хизмати томонидан 2015 йил 16 апрелда берилган ТО 0070917-сонли гувоҳномага асосан даъвогарнинг кўчмас мулкка бўлган мулкий ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилган.

"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 38-моддасининг биринчи қисмига кўра, нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Бироқ, даъвогар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиб, юқоридаги Қонун 38-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳолатлари мавжуд бўлмасада, нотариус А.Баймаков томонидан бундай ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу сабабли, суд арз қилинган талабни қаноатлантириб, нотариус А.Баймаковнинг 2015 йил 21 майдаги 1332-сонли нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топган.


Суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича хўжалик судларига қуйидаги тавсиялар берилади:

хўжалик юритувчи субъект давлат органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)дан норози бўлганда, судга бундай хатти-ҳаракат (харакатсизлик)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида шикоят билан эмас, балки ариза билан мурожаат қилиши ҳамда аризанинг шакли ва мазмуни ХПКнинг 112-моддаси талабига жавоб бериши лозимлигига;

давлат органи ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилинганда, аризада жавобгар сифатида ушбу мансабдор шахс эмас, балки давлат органи ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи кўрсатилишига;

банк давлат органи ҳисобланмаганлиги сабабли, унинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракати (харакатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик суди судловига тааллуқли эмас. Шу сабабли, бундай талаб билан мурожаат қилинганда, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилишига;

давлат органининг низоли ҳужжати қонун ҳужжатларига мувофиқлигини давлат органи исботлаган ҳолда, арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилишига;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олинганлиги ҳолати (факти) эмас, балки унинг асосида берилган гувоҳнома давлат органининг ҳужжати ҳисобланади. Шу сабабли, агар судга ҳуқуқни давлат рўйхатига олинганлиги ҳолати (факти)ни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинган бўлса, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилишига;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзоларининг умумий йиғилиши қарори давлат органи ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжати ҳисобланмайди. Бундай қарор устидан фақат ширкат аъзоси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлигига;

давлат органи ходимлари томонидан тузилган далолатнома (хулоса, маълумотнома, баённома ва ҳоказо) ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаганлиги сабабли давлат органи ҳужжати бўлиб ҳисобланмайди. Судга бундай далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинганда, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилишига, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилишига;

давлат органи мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) нимада ифодаланганлиги ва уларни қонунга хилоф деб топилишига асос бўлган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозимлигига;

агар давлат органи мансабдор шахси хатти-ҳаракатларининг натижалари бўйича юридик ёки жисмоний шахсга ҳуқуқ ва мажбурият келтириб чиқарувчи қарор қабул қилинса, бундай шахс судга давлат органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати устидан эмас, балки бундай хатти-ҳаракат натижасида қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиши мумкинлигига;

давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорида албатта ушбу тоифадаги ишларни кўришда махсус процессуал норма бўлган ХПКнинг 143-моддаси қўлланилганлиги кўрсатилишига;

ДСИнинг хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб хўжалик суди судловига тааллуқли эмас. Шу сабабли, бундай талаб билан мурожаат қилинганда, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилишига, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилишига;

давлат органи ҳужжатини тегишли шахсга ижро этиш учун юбориш муддати ёки тартиби бузилганлиги сабабли, ушбу ҳужжатни қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат деб баҳолаб бўлмайди ва бундай ҳолат уни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлмаслигига;

солиқ органининг қарори қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ бўлмасдан, солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, у солиқ тўловчининг аризасига асосан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилишига;

қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган ер участкасидан қонунда белгиланган муддат мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига бўлган ҳуқуқ тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалда бекор қилиниши мумкинлигига;

давлат захирасида бўлган ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини бериш тўғрисида келишувнинг мавжудлиги ер участкасини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органининг ушбу ҳуқуқдан фойдаланишига тўсқинлик қилмайди. Шу боис, бундай ер участкасини бошқа шахсга ажратиш тўғрисидаги давлат органининг қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат деб баҳоланмаслигига;

нотариус "Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 38-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилмаган асосларга кўра битимларни нотариал тасдиқлашни рад этиши мумкин эмас. Акс ҳолда, суд томонидан нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигига;

давлат органи томонидан қабул қилинган ҳужжат уни қабул қилган орган ёки юқори турувчи орган томонидан бекор қилинган бўлса, низо бартараф этилганлиги муносабати билан ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш рад этилишига;

эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан кейин амалга оширилишига;

ДСИнинг хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жарима қўллаш ҳақидаги талабини қаноатлантириш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўла туриб, хўжалик юритувчи субъект молиявий жарима қўлланилишига асос бўлган ДСИ қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга мурожаат қилганда, суд ХПК 60-моддасининг иккинчи қисмига асосан даъвони қаноатлантиришни рад этишига;

хўжалик юритувчи субъект (солиқ тўловчи)нинг молиявий жарима қўлланилишига асос бўлган ДСИнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабини қаноатлантириш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўла туриб, ДСИ ушбу қарори ихтиёрий бажарилмаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраб судга мурожаат қилганда, суд ХПК 60-моддасининг иккинчи қисмига асосан даъвони қаноатлантиришни рад этишига алоҳида эътибор қаратиш керак.






























Время: 0.0199
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск