ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик судлари томонидан 2011-2014 йиллар ва 2015 йилнинг биринчи ярмида фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2015 йил 31 декабрь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик судлари томонидан 2011-2014 йиллар ва

2015 йилнинг биринчи ярмида фирма номи, товар

белгиси, хизмат кўрсатиш ва товар келиб чи??ан

жой номидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳуқуқий

ҳимоя қилиш билан боғлиқ суд амалиётини

умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТ

31.12.2015 й.



Олий хўжалик судининг 2015 йиллик иш режасига асосан 2011 - 2014 йиллар ва 2015 йилнинг биринчи ярмида фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш ва товар келиб чи??ан жой номидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ хўжалик судлари томонидан тақдим этилган (84 та) хўжалик ишлари ва улар юзасидан ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.


1. Товар белгисига доир гувоҳномани ёки товар келиб чи??ан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик судига тааллуқли ҳисобланади.


Даъвогар Тошкент врачларни малакасини ошириш институти жавобгарлар "A" МЧЖ (Қозоғистон) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "A" МЧЖ номига расмийлаштирилган "Человек и лекарство" товар белгисига берилган MGU 24786-cонли гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суд ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосланиб, яъни низо хўжалик судида кўриб чиқишга тегишли эмас деб ҳисоблаб даъво аризасини қабул қилишни рад этган.

Ваҳоланки, "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 24-моддасига асосан Товар белгисига доир гувоҳнома унинг бутун амал қилиш муддати давомида, башарти у ушбу Қонуннинг 4-моддаси иккинчи қисмида ва 10-моддаси биринчи қисмининг 1-12-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса ёки товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинган санадан эътиборан беш йил мобайнида, башарти у ушбу қонуннинг 10-моддаси биринчи қисмининг 13 ва 14-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса, тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар белгиси эгасининг ҳаракатлари белгиланган тартибда инсофсиз рақобат факти деб топилган тақдирда, товар белгисига доир гувоҳнома унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинган санадан эътиборан уч йил ичида тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар келиб чи??ан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома унинг амал қилишининг бутун муддати давомида, башарти у ушбу Қонунда белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар белгисига доир гувоҳнома ёки товар келиб чи??ан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома Апелляция кенгашининг ёки суд қарори асосида тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилади.

Шу сабабли, апелляция инстанцияси суди асосли равишда биринчи инстанция судининг даъво аризасини қабул қилиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиб, ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топган.


2. Товар белгисига доир гувоҳнома рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан узрли сабабсиз узлуксиз беш йил мобайнида ундан фойдаланилмаганда, исталган манфаатдор шахс уни муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатишни судга сўраб мурожаат қилишга ҳақли.


Даъвогар "A" МЧЖ жавобгар "B" АЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, АЖ номига 484353А-сон билан халқаро рўйхатдан ўтказилган "PRIMALAN" товар белгиси учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Мадрид келишувига мувофиқ "B" АЖ номига 2003 йилда "PRIMALAN" товар белгиси 484353А-сон билан халқаро рўйхатдан ўтказилиб, дори воситаларини тарқатиш ва товар белгисини ҳимоя қилувчи давлат сифатида Ўзбекистон Республикаси танланган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан "B" АЖ номига 2003 йилда "PRIMALAN" товар белгисидан фойдаланиш учун гувоҳнома берилган. Бироқ, "B" АЖ "PRIMALAN" товар белгиси учун гувоҳнома олган вақтдан даъво киритилгунга қадар, яъни 2014 йилгача бу номдаги дори воситасини Ўзбекистон Республикасига олиб келмаган ёки шу ерда ишлаб чиқариб сотувга чиқармаган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 25-моддасининг учинчи қисмига кўра, товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан исталган беш йил мобайнида ундан узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

ФК 1104-моддасининг биринчи қисмига асосан товар белгисидан у рўйхатдан ўтказилганидан кейин узрли сабабсиз узлуксиз беш йил давомида фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби билан бекор қилиниши мумкин.

"A" МЧЖ "PRIMALAC" товар белгиси остида дори воситаси ишлаб чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига талабнома билан мурожаат қилган. Бироқ, агентлик томонидан МЧЖнинг талабномаси рад қилинган. Талабноманинг рад қилинишига "PRIMALAC" товар белгисига фонетик жиҳатдан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган "PRIMALAN" товар белгиси "B" АЖ номига рўйхатга олинганлиги асос қилиб кўрсатилган.

Шу сабабли, "A" МЧЖ судга мурожаат қилиб, "B" АЖ "PRIMALAN" товар белгисидан беш йил мобайнида узлуксиз фойдаланмаганлигини инобатга олиб ушбу товар белгиси учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Биринчи инстанция суди ФК 1104-моддасининг биринчи қисми ва юқоридаги Қонун 25-моддасининг учинчи қисмига асосланиб даъвони қаноатлантирган. "PRIMALAN" товар белгисидан фойдаланиш учун "B" АЖ номига берилган гувоҳноманинг амал қилиши муддатидан олдин тугатилган.


3. Ҳаммага маълум товар белгисига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади. Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Агентлик томонидан Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади. Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар улар ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.


Даъвогар "М" МЧЖ жавобгар "N" АЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини юклашни ва 100 000 000 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "М" МЧЖ томонидан 2009 йилда "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" номли вино ичимликларининг технологик инструкциялари ишлаб чиқилиб, шу номдаги ичимликлар қадоқланган. Бироқ, МЧЖ ушбу номларда вино ичимликларини қадоқлаш ва сотувга чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан товар белгиларини рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олмаган. 2010 йил 3 мартда МЧЖга вино қадоқлаш учун берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган. Шу сабабли, МЧЖ вақтинча ўз фаолиятини тўхтатиб турган. У ўз фаолиятини тўхтатиб турган даврда 2010 йил 22 июлдаги 83-сонли хат билан "Ўзбекистон шампани" АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланиб туриш учун рухсат берган.

2014 йил 24 мартда "М" МЧЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан гувоҳнома берилган. Шундан сўнг, "М" МЧЖ "Ўзбекистон шампани" АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатишни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар талаб даражасида эмаслигини, эндиликда, ушбу номдаги товар белгиси остида МЧЖнинг ўзи маҳсулот ишлаб чиқаришини маълум қилган.

Аммо, "N" АЖ талабномани оқибатсиз қолдирган.

Шу сабабли, "М" МЧЖ судга мурожаат қилиб, жавобгарга мазкур товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини юклашни ва шу номларда талаб даражасида бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганлиги оқибатида етказилган 100 000 000 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатиш мажбурияти юклатилган. Даъво талабининг 100 000 000 сўм зарар ундириш қисми исботлаб берилмаганлиги учун қаноатлантириш рад этилган.

Суд даъво талабининг АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини юклаш қисмини қаноатлантиришда "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 32-2-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига таянган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 32-2-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига биноан ҳаммага маълум товар белгисига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади. Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Агентлик томонидан Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади. Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар улар ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Жавобгар юқоридаги товар белгиларини Агентлик томонидан ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганлигини ва ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилиб, Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинганлигини исботлаб бера олмаган.

Шу сабабли, суд асосли равишда даъво талабининг "N" АЖга "Королевский Шарм", "Старый замок", "Медвежья кровь", "Vio Amore", "Dolce VITA" товар белгиларидан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини юклаш қисмини қаноатлантирган.

"N" АЖ ҳал қилув қароридан норози бўлиб апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Бироқ АЖ апелляция шикоятидан воз кечганлиги учун апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилган.

Яна бир мисол.

Даъвогар "A" МЧЖ жавобгар "I" компаниясига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, компания номига "INTEL" товар белгиси учун берилган 8853-сонли гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 1999 йил 19 июлда Давлат патент идорасида "I" компанияси номига "INTEL" товар белгиси рўйхатдан ўтказилиб, 8853-сонли гувоҳнома берилган. Бироқ, "I" компанияси "INTEL" товар белгиси учун гувоҳнома олган вақтдан даъво киритилгунга қадар, яъни 2014 йилгача бу номдаги маҳсулотни Ўзбекистон Республикасига олиб келмаган ёки шу ерда ишлаб чиқариб сотувга чиқармаган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 25-моддасининг учинчи қисмига кўра, товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан исталган беш йил мобайнида ундан узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

Шу сабабли, "A" МЧЖ судга мурожаат қилиб, "I" компанияси "INTEL" товар белгисидан беш йил мобайнида узлуксиз фойдаланмаганлигини инобатга олиб ушбу товар белгиси учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

"INTEL" товар белгиси остидаги маҳсулотлардан Ўзбекистон Республикаси ва бутун жаҳонда кенг миқёсда фойдаланиб келинаётган бўлса-да, бу товар белгиси Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ҳаммага маълум товар белгиси сифатида рўйхатга олинмаган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 32-2-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига биноан ҳаммага маълум товар белгисига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади. Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Агентлик томонидан Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади. Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар улар ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

Биринчи инстанция суди Қонун 25-моддасининг учинчи қисмига асосланиб даъвони қаноатлантирган. "INTEL" товар белгисидан фойдаланиш учун "I" компанияси номига берилган гувоҳноманинг амал қилиши муддатидан олдин тугатилган.


4. Хўжалик судига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Апелляция кенгашининг қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси берилганда, уни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, даъво бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.


Даъвогар "T" компанияси жавобгар Давлат патент идораси ва "К" МЧЖ ҚКга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Давлат патент идораси (Ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги) Апелляция кенгашининг 2010 йил 6 майдаги қарорини бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2006 йил 13 апрелда Давлат патент идорасида "T" компаниясига номига "DOHONGWAN" товар белгиси рўйхатдан ўтказилган. 2006 йилда ташкил этилган "К" МЧЖ Апелляция кенгашига мурожаат қилиб, "T" компаниясига берилган товар белгисининг юқори қисмида "Хитой катта қизил коса корхонаси" ҳамда пастки қисмида "Большая красная чашка КНР" сўз бирикмалари мавжудлиги, бу эса "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига зид эканлиги сабабли товар белгиси учун берилган гувоҳномани бекор қилишни сўраган.

Давлат патент идораси Апелляция кенгаши "T" компаниясига товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатган.

Шу сабабли, "T" компанияси 2011 йил 26 январда судга мурожаат қилиб, Давлат патент идораси Апелляция кенгашининг 2010 йил 6 майдаги қарорини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция суди "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг учинчи қисмига асосланиб, даъво муддати ўтганлиги учун, даъво муддатини қўллаб, даъвони қаноатлантиришни рад этган.

Бироқ, биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўришдан олдин Давлат патент идораси Апелляция кенгашининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги низолар хўжалик судида кўришга тааллуқлилиги масаласини ҳал этиши лозим эди.


5. Талабнома берувчи Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой мобайнида судга шикоят беришга ҳақли.


Даъвогар "M" компанияси жавобгар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Tubex" МЧЖга товар белгисидан фойдаланиш учун берилган MGU 23823-сонли гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни ва Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгаши 2014 йил 12 мартдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2013 йил 1 апрелда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан "Tubex" МЧЖ номига товар белгисидан фойдаланиш учун N MGU 23823-сонли гувоҳнома берилган.

Мазкур товар белгисидаги тасвир "M" компаниясига қарашли N 837520 ва N 254351-сон билан халқаро рўйхатдан ўтган товар белгиларига адаштириш даражасида ўхшаш бўлганлиги учун даъвогар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгашига мурожаат қилиб, "Tubex" МЧЖ номига берилган N MGU 23823-сонли гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бироқ, Апелляция кенгашининг 2014 йил 12 мартдаги қарори билан "M" компаниясининг талабномасини қаноатлантириш рад этилган.

Шундан сўнг, Компания 2014 йил 10 декабрда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Tubex" МЧЖга товар белгисидан фойдаланиш учун N MGU 23823-сон билан берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган. Иш судда кўрилаётган вақтда Компания қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Апелляция кенгашининг 2014 йил 12 мартдаги қарорини ҳам ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабининг Апелляция кенгашининг 2014 йил 12 мартдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш қисмини асосли тарзда "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг учинчи қисмида белгиланган даъво муддати ўтиб кетганлиги учун даъво муддатини қўллаб, уни қаноатлантиришни рад этган.

Ушбу Қонун 16-моддасининг учинчи қисмига кўра, талабнома берувчи Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой мобайнида судга шикоят беришга ҳақли.

Даъвогар судга мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юборилишига сабаб бўлган бирон-бир узрли сабабни келтира олмаган.

Суд даъвонинг "Tubex" МЧЖга товар белгисидан фойдаланиш учун берилган MGU 23823-сонли гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатиш қисмини ҳам қаноатлантиришни даъвогар даъво талабини асослаш учун келтирган важларини исботлай олмаганлиги учун рад этган.


6. ФК 53-моддасининг биринчи қисмига кўра, юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади. Шу сабабли, юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан унга товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳномага бўлган ҳуқуқ ҳам тугайди.


Даъвогар "N" Шўъба хўжалик жамияти Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Оксампинициллин" товар белгиси учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2013 йил 15 декабрда "N" Шўъба хўжалик жамияти Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига "Оксамп/Oxampum" товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги талабномада кўрсатилган товар белгисини рўйхатдан ўтказишни рад этган. Агентликнинг бундай хулосага келишига "GRANGFARMMEDICAL" МЧЖ номига "Оксампинициллин" товар белгиси учун гувоҳнома берилганлиги, сўзлардаги элементлар адаштириш даражасида ўхшаш эканлиги асос қилиб келтирилган.

"GRANGFARMMEDICAL" МЧЖ 2014 йил 4 августда ўз фаолиятини тугатиб, давлат реестридан чиқарилган.

Шу сабабли, "N" Шўъба хўжалик жамияти судга мурожаат қилиб, "GRANGFARMMEDICAL" МЧЖ ўз фаолиятини тугатиб давлат реестридан чиқиб кетганлиги сабабли, унинг номига "Оксампинициллин" товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳномани муддатидан олдин амал қилишини тугатишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантирган.

Суднинг бундай хулосасига ФК 53-моддасининг биринчи қисми асос бўлган.

ФК 53-моддасининг биринчи қисмига кўра, юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади.

ФКнинг мазкур нормасига асосан "GRANGFARMMEDICAL" МЧЖнинг тугатилиб, давлат реестридан чиқарилганлиги унинг товар белгисига бўлган ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келган.

Шу сабабли, суд асосли равишда даъвони қаноатлантириб, "GRANGFARMMEDICAL" МЧЖга "Оксампинициллин" товар белгиси учун берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатган.


7. Кўргазмага оид устуворлик сўраб берилган талабномага, бундай устуворлик сўрашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат илова этилади. Талабнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжат, саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясининг қатнашчиси бўлган давлатлардан бирининг ҳудудида ташкил этилган кўргазманинг мақомини, яъни расмий халқаро кўргазма ёки халқаро деб расман тан олинган кўргазмалигини тасдиқлаши ва товарларни намойиш этган шахснинг номини, белгини, шу белги қўйилган товарлар рўйхатини, шунингдек экспонатларни очиқ намойиш этиш бошланган санани ўз ичига олиши лозим. Ҳужжат тегишли кўргазма маъмуриятининг ваколатли шахси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.


Даъвогар "К" АЖ жавобгар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Апелляция кенгашининг 2011 йил 14 февралдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ва Агентликка "К" АЖ томонидан берилган талабнома бўйича иш юритишни давом эттириш мажбуриятини юклашни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2007 йилда "И" МЧЖ ва "К" АЖ ўртасида лицензия шартномаси имзоланган бўлиб, унга кўра "К" АЖга "ДИВНОЕ" товар белгисидан Украина Республикаси ҳудудида фойдаланиш ҳуқуқи берилган. 2008 йил 3 апрелда Давлат патент идораси (Ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги)га "К" АЖ томонидан "ДИВНОЕ" товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берилган. Талабномани бериш учун даъвогар томонидан Грузия давлатининг Тбилиси шаҳрида 2007 йил 4 - 6 октябрда ўтказилган "Interfood Georgia 2007" номли халқаро кўргазмада "ДИВНОЕ" товар белгиси остидаги маҳсулотлар билан иштирок этганлиги бу товар белгисини олишда устуворлик ҳуқуқини бериши асос қилиб келтирилган. Бироқ, Давлат патент идораси даъвогарнинг талабномасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бундай қарор қабул қилинишига "Дивное" товар белгиси илгарироқ "Интеройл" МЧЖ номига расмийлаштирилганлиги ва бу белгилар айнан ўхшаш бўлганлиги учун талабномани қаноатлантириб бўлмаслиги асос бўлган.

Даъвогар Давлат патент идорасининг қароридан норози бўлиб Апелляция кенгашига шикоят қилган. Апелляция кенгаши ҳам даъвогарнинг халқаро кўргазмада иштирок этганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ишончли (ҳа??оний) бўлмаганлигини важ қилиб, Адлия Вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1988-сон билан рўйхатга олинган Давлат Патент Идораси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланган "Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш Қоидалари"нинг 11-бандига асосан шикоятни қаноатлантиришни рад этган.

Мазкур Қоидаларнинг 11-бандига кўра, кўргазмага оид устуворлик сўраб берилган талабномага, бундай устуворлик сўрашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат илова этилади, у Агентликка талабнома келиб тушган санадан бошлаб уч ойдан кечиктирилмай топширилади. Талабнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжат, саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясининг қатнашчиси бўлган давлатлардан бирининг ҳудудида ташкил этилган кўргазманинг мақомини, яъни расмий халқаро кўргазма ёки халқаро деб расман тан олинган кўргазмалигини тасдиқлаши ва товарларни намойиш этган шахснинг номини, белгини, шу белги қўйилган товарлар рўйхатини, шунингдек экспонатларни очиқ намойиш этиш бошланган санани ўз ичига олиши лозим. Ҳужжат тегишли кўргазма маъмуриятининг ваколатли шахси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим. Кўргазмавий устуворликни белгилаш ҳақидаги илтимоснома талабномани топширишда (аризанинг тегишли графасида келтирилади) ёки талабнома Патент идорасига келиб тушган санадан сўнг икки ой мобайнида тақдим этилиши мумкин.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 12-моддасининг учинчи қисмига асосан Конвенция ёки кўргазма устуворлиги ҳуқуқини сўраётган талабнома берувчи қўйилган талаб ҳа??оний эканлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда бу ҳақда товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани бераётганида ёки Агентликка талабнома тушганидан кейин икки ой мобайнида маълум қилиши шарт ёхуд бу ҳужжатларни товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома тушган вақтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Агентликка тақдим этиши лозим.

Иш кўрилиши жараёнида, ҳақиқатдан, даъвогар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳа??онийлигига шубҳа уйғонган ва уни кўргазмада иштирок этганлиги тўлиқ тасдиқланмаган. "Interfood Georgia 2007" кўргазмасининг расмий сайтидаги кўргазма иштирокчилари рўйхати текширилганда ҳам "К" АЖ рўйхатда йўқлиги маълум бўлган.

Шу сабабли, биринчи инстанция суди Қонун 12-моддасининг учинчи қисмига ва Қоидаларнинг 11-бандига таянган ҳолда даъвогар кўргазмада иштирок этганлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳа??оний эканлигини исботлаб бера олмаганлигидан келиб чиқиб, асосли равишда даъвони қаноатлантиришни рад этган.


8. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига кўра алкоголь маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Шу сабабли, рекламани амалга ошириш билан шуғулланувчи ташкилотнинг алкоголь маҳсулотини рекламаси амалга оширилмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаси далил ҳисобланмайди.


Даъвогар "I" МЧЖ жавобгар "S" компаниясига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, компанияга "S" товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳномани амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "I" МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига "S" товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида талабнома берилган. Бироқ, "S" товар белгисидан фойдаланиш учун "S" компаниясига аввалроқ гувоҳнома берилганлиги учун бу товар белгисини рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилган. "S." компанияси ушбу товар белгисидан узлуксиз беш йил давомида, яъни 2008 - 2013 йилларда фойдаланмаганлиги учун "I" МЧЖ судга мурожаат қилиб, унинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантирган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 25-моддасининг учинчи қисмига кўра, товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан исталган беш йил мобайнида ундан узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

Суд ишни кўришда жавобгар томонидан товар белгисидан беш йил давомида фойдаланилмаганлиги факти сифатида турли ташкилот ва идоралардан олинган маълумотномаларни, жумладан Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Реклама-ахборот фаолияти бўйича ишчи органининг "Тошкент Реклама - сервис" ДУКдан олинган маълумотномасини ҳам далил қилиб олган.

Ваҳоланки, "Реклама тўғрисида"ги Қонуннинг 23-моддасига асосан тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади, шу жумладан:

тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар намуналарини текин тарқатиш;

тамаки, тамаки маҳсулотлари ёки алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси ёхуд тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;

тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси туширилган товарларни (футбол майкалари, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш тақиқланади.

Шунингдек, "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.

Мазкур Қонунлардан кўриниб турибдики, алкоголь маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади. Шу сабабли, суд даъвони қаноатлантиришда "Тошкент Реклама - сервис" ДУКнинг маълумотномасини далил сифатида қабул қилиб хатоликка йўл қўйган.

Бундан ташқари, хўжалик ишида жавобгар томонидан 2008-2013 йилларда "STOLICHNAYA" товар белгисидан фойдаланилганлиги тўғрисида далиллар келтирилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилган. Кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирган.


9. Божхона кодекси 9-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд божхона органига ноқонуний тарзда фойдаланилган товар белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бошқа давлатдан олиб кирилиши ёки бошқа давлатга чиқиб кетилишини таъқиқлаш мажбуриятини юклаши мумкин.


Даъвогар "Р" АЖ жавобгар "A" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖга "РУССКИЙ СТАНДАРТ" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгилари остида тайёрланган товарларни товар белгилари эгасининг ёзма рухсатисиз олиб кириш, тарқатиш ва реализация қилишни таъқиқлашни, Давлат Божхона қўмитасига назорат қилиш йўли билан "A" МЧЖ томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини бузилишига, яъни даъвогар билан лицензия шартномаси тузмасдан четдан "РУССКИЙ СТАНДАРТ" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгилари остида маҳсулот олиб киришга йўл қўймаслик мажбуриятини юклашни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Мадрид келишувига мувофиқ "Р" АЖ номига "РУССКИЙ СТАНДАРТ" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгилари халқаро рўйхатдан ўтказилиб, товар белгисини ҳимоя қилувчи давлат сифатида Ўзбекистон Республикаси танланган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан "Р" АЖ номига "РУССКИЙ СТАНДАРТ" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгиларидан фойдаланиш учун гувоҳнома берилган.

Жавобгар томонидан даъвогарнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқлари бузилиб, Ўзбекистон Республикасига "Р" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгилари остидаги товарлар олиб кирилиб сақланган ва сотишга таклиф қилинган. Бироқ, жавобгар томонидан қайд этилган товар белгиларидан фойдаланиш бўйича товар эгаси билан лицензия шартномаси тузилмаган. Бу ҳолатни суд мажлисида жавобгар вакиллари ҳам тан олган.

Шу сабабли, суд даъво талабининг МЧЖга "Р" ва "ИМПЕРИЯ" товар белгилари остида тайёрланган товарларни товар белгилари эгасининг ёзма рухсатисиз олиб кириш, тарқатиш ва реализация қилишни таъқиқлаш қисмини қаноатлантирган.

Даъво талабининг бу қисмини қаноатлантирилганлиги иккинчи талабни, яъни Давлат Божхона қўмитасига "A" МЧЖ томонидан четдан маҳсулот олиб киришда товар белгисига бўлган даъвогарнинг ҳуқуқларини бузилишига йўл қўймаслик мажбуриятини юклаш талабини қаноатлантиришга асос бўлган.

Суд даъвонинг бу қисмини ҳам асосли равишда қаноатлантирган.

Божхона кодекси 9-моддасининг биринчи қисмига асосан давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, маънавият, инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳамда бошқа мамлакатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарларни истеъмол қилувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чи??ан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин.


10. Ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга бўлган ҳуқуқ бир турдаги товарларни белгилаш учун товар белгисига доир талабнома келиб тушган санадан аввалроқ олинган бўлса, такрорловчи белгилар деб ҳисобланади ва товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.


Даъвогар "S" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "C" (C.A.T.I.A.) МЧЖга муайян ҳаракатларни бажариш, яъни оммавий ахборот воситалари ва интернетда "Silk Road Destinations" товар белгиси остида туристик хизматлар ташкиллаштирилиши бўйича хизматлар рекламасини бекор қилиш, "ZONDA BUS" туристик транспорт воситаларидан ноқонуний ишлатилаётган "Silk Road Destinations" товар белгисини олиб ташлаш, туристик хизматларни реклама қилиш учун тайёрланган ҳар қандай қайд этилган товар белгиси тасвирларини йўқ қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Ишга "Katia - Silk Road Destinations" МЧЖ низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судида иш кўрилиши жараёнида жавобгар "Central Asia Tours Incoming Agency" (C.A.T.I.A.) МЧЖ қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан "Silk Road Connections Group" МЧЖга 2008 йил 16 апрелда "Silk Road Destinations" товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Katia - Silk Road Destinations" МЧЖ юридик шахс сифатида Самарқанд шаҳар ҳокимлигида 2008 йил 4 февралда давлат рўйхатидан ўтган. Бироқ, ушбу МЧЖ мустақил юридик шахс бўлиб "Katia - Silk Road Destinations" номи билан ўз фаолиятини бошлаган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан "Silk Road Connections Group" МЧЖга 2008 йил 16 апрелда "Silk Road Destinations" товар белгисидан фойдаланиш учун гувоҳнома берилган.

"Katia - Silk Road Destinations" МЧЖ ва "Central Asia Tours Incoming Agency" (C.A.T.I.A.) МЧЖ ўртасида лицензия шартномаси тузилиб, 2009 йил 3 августда Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасидан рўйхатдан ўтказилган. Унга кўра, "Katia - Silk Road Destinations" МЧЖ "Central Asia Tours Incoming Agency" (C.A.T.I.A.) МЧЖга MGU 17964-сонли товар белгисидан ва гувоҳномасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.Мазкур шартномага асосан "Central Asia Tours Incoming Agency" (C.A.T.I.A.) МЧЖ ўз фаолиятини амалга оширишда, яъни туристик хизматларни ташкиллаштиришда ва рекламаларда "Silk Road Destinations" товар белгисидан фойдаланиб келган.

Шу сабабли, "Silk Road Connections Group" МЧЖ судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ўз навбатида, "Central Asia Tours Incoming Agency" (C.A.T.I.A.) МЧЖ ҳам лицензия шартномасига асосан товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлганлиги ва даъвогарга "Silk Road Destinations" товар белгисидан фойдаланиш учун гувоҳнома қонун ҳужжатларига зид равишда берилганлиги учун уни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

"Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 24-моддасининг биринчи қисмига кўра, товар белгисига доир гувоҳнома унинг бутун амал қилиш муддати давомида, башарти у ушбу Қонуннинг 4-моддаси иккинчи қисмида ва 10-моддаси биринчи қисмининг 1 - 12-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса ёки товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинган санадан эътиборан беш йил мобайнида, башарти у ушбу қонуннинг 10-моддаси биринчи қисмининг 13 ва 14-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса, тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Мазкур Қонун 14-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга бўлган ҳуқуқ бир турдаги товарларни белгилаш учун товар белгисига доир талабнома келиб тушган санадан аввалроқ олинган бўлса, такрорловчи белгилар товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.

ФК 1099-моддасига асосан юридик шахснинг фирма номидан унга тегишли товар белгисида фойдаланилиши мумкин.

Шу сабабли, биринчи инстанция суди асосли равишда дастлабки даъвони қаноатлантиришни рад этиб, қарши даъвони қаноатлантирган. Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан "Silk Road Connections Group" МЧЖга 2008 йил 16 апрелда "Silk Road Destinations" товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.


11. ФК 1098-моддасининг учинчи қисмига асосан юридик шахснинг фирма номи тегишли юридик шахсларни айнан бир деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган даражада аввал рўйхатдан ўтказилган номга ўхшаб кетадиган бўлса, у рўйхатга олиниши мумкин эмас. Агар даъво талабини асослаш учун бир фирма номи иккинчи фирманинг номи билан бир хил ёки айнан ўхшаш эканлиги тўғрисида важ келтирилган бўлса, фирма номлари бир хил ёки айнан ўхшаш эканлигини даъвогар исботлаб бериши лозим. Акс ҳолда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.


Даъвогар "INTEL CORPORATION" компанияси жавобгар Тошкент шаҳар Статистика бошқармаси ва Мирзо Улуғбек туман Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар Статистика бошқармасининг 2009 йил 3 июлдаги "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ фирма номининг "INTEL" сўзи билан адаштириш даражасида ўхшаш эмаслиги тўғрисида берган маълумотномасини ва Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясининг 2009 йил 20 июлдаги "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ фирма номи остида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Ажрим билан Мирзо Улуғбек туман Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекцияси юридик шахс бўлмаганлиги учун Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ишга жавобгар сифатида жалб қилинган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 1999 йил 19 июлда Давлат патент идораси (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги)да "INTEL CORPORATION" компанияси номига "INTEL" товар белгиси рўйхатдан ўтказилиб, 8853-сонли гувоҳнома берилган.

"INTELLSHERE GROUP" МЧЖ таъсисчилари ушбу корхонани рўйхатдан ўтказиш мақсадида бошқа номлар билан бирга Тошкент Статистика бошқармасига сўровнома берган. Бошқарма томонидан 2009 йил 3 июлда "INTELLSHERE GROUP" фирма номи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома берилган. Натижада, 2009 йил 20 июлда "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ Мирзо-Улуғбек туман Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган. Бироқ, даъвогар ушбу ҳолатларни ФК 1098-моддасининг учинчи қисмига зид деб ҳисоблаб судга мурожаат қилган.

ФК 1098-моддасининг учинчи қисмига асосан юридик шахснинг фирма номи тегишли юридик шахсларни айнан бир деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган даражада аввал рўйхатдан ўтказилган номга ўхшаб кетадиган бўлса, у рўйхатга олиниши мумкин эмас.

Иш кўрилиши вақтида даъвогар Тошкент шаҳар Статистика бошқармасининг 2009 йил 3 июлдаги "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ фирма номининг "INTEL" сўзи билан адаштириш даражасида ўхшаш эмаслиги тўғрисида берган маълумотномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан воз кечганлиги учун бу талаб бўйича иш юритиш тугатилган.

Биринчи инстанция суди даъво талабининг Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш Инспекциясининг 2009 йил 20 июлдаги "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ фирма номи остида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантиришни рад этган. Суднинг бундай хулосага келишда даъвогар томонидан келтирилаётган ФК 1098-моддасининг учинчи қисмидаги нормани мазкур ҳолатга татбиқ этиб бўлмайди деб ҳисоблаган. Чунки, "INTEL CORPORATION" компанияси номидаги "INTEL" сўзи компаниянинг дастлабки номи "Integrated Electronics"нинг қисқартмасидан олинган. "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ вакилларининг берган тушунтиришлари ва ёзишмаларидан кўринишича "INTELLSHERE GROUP" МЧЖнинг фирма номидаги "INTELL" сўзи эса "Intellectual", "Intelligent", "Intelligence", сўзларидан олинганлиги маълум қилинган. "INTELLSHERE GROUP" МЧЖнинг фирма номидаги "INTELL" сўзида "INTEL" сўзидан фарқли равишда иккита инглизча "LL" ҳарфлари мавжуд. "INTELLSHERE GROUP" МЧЖ вакилларининг тушунтиришлари ва иш ҳужжатларига асосан суд "INTELLSHERE GROUP" фирма номидаги "INTELL" сўзи "INTEL CORPORATION" фирма номидаги "INTEL" сўзидан олинмаган деган хулосага келган.

Шу сабабли, даъво талабининг бу қисмини ҳам асосли равишда рад этган.


12. Истеъмолчининг онгида товарнинг тайёрловчиси ёки келиб чи??ан жойи ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қиладиган белгилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди. Чунки, бундай товар белгилари товар ёки унинг тайёрловчиси хусусидаги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар ҳисобланади.


Даъвогар "Culbahar Tobacco International FZE" компанияси Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Апелляция кенгашининг 2013 йил 25 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Culbahar Tobacco International FZE" компанияси Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига "MILANO" товар белгисини рўйхатдан ўтказишучун талабнома билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги талабномада кўрсатилган товар белгисини рўйхатдан ўтказишни рад этган. Даъвогар Агентликнинг қароридан норози бўлиб Апелляция кенгашига шикоят билан мурожаат қилган. Апелляция кенгаши ҳам шикоятни қаноатлантиришни рад этган. Апелляция кенгашининг бундай хулосага келишига товар белгиси учун танланган "MILANO" сўзи Италия давлатида жойлашган Милан шаҳридан олинган бўлиб, италянча шаҳар номини англатиши кўрсатилган. Бундай товар белгисининг берилиши бу товар белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Милан шаҳрида ишлаб чиқарилган деган хулосани келтириб чиқариб, истеъмолчиларни товар келиб чи??ан жой номи бўйича чалғитиши мумкинлиги билдирилган.

Адлия вазирлигида 2009 йил 29 июлда 1988-сон билан рўйхатга олинган Давлат патент идораси буйруғи билан тасдиқланган "Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш Қоидалари" 4-бандининг "и" кичик бандига кўра, рўйхатдан ўтказилмайдиган товар белгиларига - товар ёки унинг тайёрловчиси хусусидаги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар, уларга хусусан, истеъмолчининг онгида товарнинг ҳақиқатга тўғри келмаган маълум бир сифати, унинг тайёрловчиси ёки келиб чи??ан жойи ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган белгилар киради. Белгининг камида битта элементи ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлса, белги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин деб эътироф этилади.

Биринчи инстанция суди юқоридаги Қоидаларнинг ушбу бандига асосланиб, даъво талабини асосли равишда қаноатлантиришни рад этган.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.


Суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича қуйидаги тавсиялар берилади.

Хўжалик судлари судьялари:

товар белгисига доир гувоҳномани ёки товар келиб чи??ан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик судига тааллуқли ҳисобланишига;

товар белгисига доир гувоҳнома рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан узрли сабабсиз узлуксиз беш йил мобайнида ундан фойдаланилмаганда, исталган манфаатдор шахс уни муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатишни судга сўраб мурожаат қилишга ҳақлилигига;

ҳаммага маълум товар белгисига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади. Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Агентлик томонидан Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади. Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар улар ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилинишига;

хўжалик судига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Апелляция кенгашининг қарорини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси берилганда, уни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, даъво бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилишига;

талабнома берувчи Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой мобайнида судга шикоят беришга ҳақлилигига;

ФК 53-моддасининг биринчи қисмига кўра, юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади. Шу сабабли, юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан унга товар белгисидан фойдаланиш учун берилган гувоҳномага бўлган ҳуқуқ ҳам тугашига;

кўргазмага оид устуворлик сўраб берилган талабномага, бундай устуворлик сўрашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат илова этилади. Талабнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжат, саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясининг қатнашчиси бўлган давлатлардан бирининг ҳудудида ташкил этилган кўргазманинг мақомини, яъни расмий халқаро кўргазма ёки халқаро деб расман тан олинган кўргазмалигини тасдиқлаши ва товарларни намойиш этган шахснинг номини, белгини, шу белги қўйилган товарлар рўйхатини, шунингдек экспонатларни очиқ намойиш этиш бошланган санани ўз ичига олиши лозим. Ҳужжат тегишли кўргазма маъмуриятининг ваколатли шахси томонидан тасдиқланган бўлиши лозимлигига;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига кўра алкоголь маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Шу сабабли, рекламани амалга ошириш билан шуғулланувчи ташкилотнинг алкоголь маҳсулотининг рекламаси амалга оширилмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаси далил ҳисобланмаслигига;

ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга бўлган ҳуқуқ бир турдаги товарларни белгилаш учун товар белгисига доир талабнома келиб тушган санадан аввалроқ олинган бўлса, такрорловчи белгилар деб ҳисобланишига ва товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмаслигига;

Божхона кодекси 9-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд божхона органига ноқонуний тарзда фойдаланилган товар белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бошқа давлатдан олиб кирилиши ёки бошқа давлатга чиқиб кетилишини таъқиқлаш мажбуриятини юклаши мумкинлигига;

ФК 1098-моддасининг учинчи қисмига асосан юридик шахснинг фирма номи тегишли юридик шахсларни айнан бир деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган даражада аввал рўйхатдан ўтказилган номга ўхшаб кетадиган бўлса, у рўйхатга олиниши мумкин эмас. Агар даъво талабини асослаш учун бир фирма номи иккинчи фирманинг номи билан бир хил ёки айнан ўхшаш эканлиги тўғрисида важ келтирилган бўлса, фирма номлари бир хил ёки айнан ўхшаш эканлигини даъвогар исботлаб бериши лозим. Акс ҳолда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилишига;

истеъмолчининг онгида товарнинг тайёрловчиси ёки келиб чи??ан жойи ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қиладиган белгилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди. Чунки, бундай товар белгилари товар ёки унинг тайёрловчиси хусусидаги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар ҳисобланишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.










































Время: 0.0083
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск