ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик судлари томонидан 2013, 2014 йиллар ва 2015 йилнинг биринчи ярмида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низоларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2015 йил 30 июнь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик судлари томонидан 2013, 2014 йиллар

ва 2015 йилнинг биринчи ярмида етказилган зарарни

қоплаш ҳақидаги низоларни кўриш билан боғлиқ

суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТ

30.06.2015 й.



Олий хўжалик судининг 2015 йиллик иш режасининг 20-бандига асосан 2013, 2014 йиллар ва 2015 йилнинг биринчи ярмида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги низоларни кўриш билан боғлиқ хўжалик судлари томонидан тақдим этилган (515 та) хўжалик ишлари ва улар юзасидан ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.

Мазкур тоифадаги ишлар хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилмоқда.


1. Зарарни ундириш талаби даъво предмети бўлиб, уни фақат даъвогар ўзгартириши мумкин.


2011 йил 1 апрелда "Юрхас" МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) ва "Andrio Oqil" хусусий корхонаси (бундан буён матнда ижарага олувчи деб юритилади) ўртасида 29-сонли ижара шартномаси тузилган. Унга кўра, МЧЖ ижарага олувчига Тошкент шаҳар, Дилкаш кўчаси, 2-уйда жойлашган 670 кв.м майдондаги нотурар бинони 2011 йил 1 июнга қадар бир ойга 1 105 500 сўм ижара тўловларини амалга ошириш шарти билан ижарага берган.

2011 йил 1 июнда тарафлар ўртасида қўшимча келишув имзоланиб, ижара муддати 2011 йил 1 августга қадар узайтирилган.

Ижара муддати тугагач ижарага олувчи ижарага олинган бинони бўшатиб бермаганлиги сабабли, МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ижарага олувчини мажбурий тарзда бинодан чиқаришни ва 2011 йилнинг июль ойи учун 1 105 500 сўм ижара тўловини ундиришни сўраган.

Суднинг 2011 йил 2 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, ижарага олувчи Тошкент шаҳар, Дилкаш кўчаси, 2-уйда жойлашган нотурар бинодан мажбурий тарзда чиқарилган ва 1 105 500 сўм ижара тўлови ундирилган.

Суднинг ушбу ҳал қилув қарори асосида берилган ижро варақасига асосан суд ижрочилари томонидан ижарага олувчи 2012 йилнинг 20 апрелида бинодан чиқарилган.

Шундан сўнг, МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ижарага олувчидан 54 270 000 сўм миқдоридаги зарар (бой берилган фойда)ни ундириб беришни сўраган. Бунга асос қилиб, ижарага олувчи 2011 йил 1 августда ижарага олинган нотурар бинони бўшатиб бериши лозим бўлганлиги, 2011 йил 2 августда МЧЖ янги ижарага олувчи "Ready Foods" МЧЖ билан 36-сонли ижара шартномаси имзолаганлиги, ушбу шартномага кўра Тошкент шаҳар, Дилкаш кўчаси, 2 уйда жойлашган 670 кв.м майдондаги нотурар бинони 2011 йил 1 июнга қадар ҳар ойга 6 030 000 сўм ижара тўловларни амалга ошириш шарти билан ижарага бериши назарда тутилганлиги, ижарага олувчи бинони 2011 йилнинг август ойидан 2012 йилнинг апрелига қадар бўшатиб бермаганлиги оқибатида МЧЖ 9 ой давомида 54 270 000 (6 030 000 х 9) сўмга эга бўла олмаганлигини ва бу сумма бой берилган фойдани ташкил қилишини кўрсатган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, ижарага олувчидан МЧЖ фойдасига 9 949 500 сўм миқдорида зарар ундирилган. Бунга асос қилиб МЧЖ ва ижарага олувчи ўртасида тузилган ижара шартномасида ижарага олинган нотурар бинодан фойдаланилганлиги учун ҳар ойга 1 105 500 сўм ижара тўловларини амалга ошириш лозим бўлганлиги ва ижарага олувчи 2011 йилнинг августидан 2012 йилнинг апрелига қадар шартномада белгиланган ижара тўловини тўлаши лозимлиги кўрсатилган.

Ҳақиқатдан ҳам, ФКнинг 554-моддасида мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозимлиги, агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақлилиги, бу ҳақ ижарага берувчи кўрган зарарни қопламаган тақдирда зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақлилиги белгиланган.

Бироқ, мазкур ҳолатда МЧЖ ижарага олувчидан у бинодан фойдаланганлиги учун ҳақ тўлашни талаб қилмаган, балки ижарага олувчи бинони ўз вақтида бўшатиб берганида МЧЖ 54 270 000 сўм миқдорида фойда олиши мумкинлигидан келиб чиқиб, суддан ушбу суммани бой берилган фойда сифатида ундириб беришни сўраган. Яъни, ХПКнинг 40-моддасига асосан даъвогар низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъво предметини ўзгартириши мумкин. Аммо, мазкур ҳолатда даъвогар даъво предметини ўзгартирмаган бўлса ҳам, суд зарар ўрнига ижарага олувчидан ижарага олган бинодан фойдаланганлик учун ҳақ ундирган.


2. Етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилинганда, суд зарар етказилганлиги билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаши ва ушбу ҳолатларни тасдиқловчи далилларни суд ҳужжатида кўрсатиши керак.


Бухоро вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Қишлоқхўжаликкимё" Қоракўл туман филиалидан 12 132 865 сўм компенсация тўловлари (атроф табиий муҳитга етказилган зарар) ва 1 076 889 сўм пеняни, жами 13 209 754 сўмни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Мазкур ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган бўлсада, унинг асослантирувчи қисмида суд томонидан аниқланган ҳолатлар, ушбу ҳолатларни асословчи далиллар келтирилмаган. Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида, фақат, жавобгар томонидан атроф муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун 12 132 865 сўм компенсация тўловлари тўланиши лозимлиги кўрсатилган. Аммо, атроф муҳитнинг ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги ҳолатлари нимада ифодаланганлиги ва ушбу ҳолатларни тасдиқловчи далиллар суд ҳужжатида кўрсатилмаган.

Ваҳоланки, ХПК 138-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари, хўжалик судининг бу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ва хўжалик суди у ёки бу далилларни рад қилишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.

Худди шундай хатоликларга 20-1506/2376, 20-1506/2377 ва 20-1506/2378-сонли ишларни кўришда ҳам йўл қўйилган.


3. Электрон аукцион савдоларида ғолиб чи??ан етказиб берувчи унда қатнашиш учун олдиндан аванс тўловларини ўтказиб бермаган бўлиб, контракт тузишдан бош тортганда, буюртмачи контракт тузишдан бош тортиши туфайли етказилган зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


"Ўзбекистон Республикаси Мол-хомашё биржаси" АЖ (бундан буён матнда биржа деб юритилади) ва Фарғона шаҳар Ҳарбий техника йўналишидаги Фарғона академик лицейи (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) хўжалик судига мурожаат қилиб, "Қурувчи" хусусий фирмаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан биржанинг махсус ҳисоб рақамига кейинчалик буюртмачи ҳисоб рақамига ўтказиб бериш шарти билан 638 669 сўм компенсация тўловларини ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, биржа томонидан ташкиллаштирилган электрон аукцион савдоларида жавобгар қатнашиб, 2012 йил 6 октябрда расмийлаштирилган 978119-сонли электрон аукцион савдоси баённомасига кўра 274 600 сўмлик, 978214-сонли электрон аукцион савдоси баённомасига кўра 9 391 200 сўмлик, 978128-сонли электрон аукцион савдоси баённомасига кўра 5 354 300 сўмлик ва 978102-сонли электрон аукцион савдоси баённомасига кўра 3 319 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини буюртмачига етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бироқ, жавобгар 2012 йил 15 октябрда биржага хат билан мурожаат қилиб, электрон аукцион савдоларида ютиб олган лотлар бўйича буюртмачига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бера олмаслигини маълум қилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 июндаги "Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида"ги 166-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 20-бандида аккредитациядан ўтган етказиб берувчилар савдоларда қатнашиш учун ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг иккиламчи депозит ҳисоб рақами доирасида ўз шахсий ҳисоб рақамларига аванс тўловларини ўтказишлари шартлиги, савдолар ғолибининг молиявий закалати у контрактни имзолагунга қадар блокировка қилиниши белгиланган.

Ушбу Низомнинг 43-бандига кўра савдоларда ғолиб чи??ан етказиб берувчи контракт тузишни рад этганда ёки уни тузишдан бошқача тарзда бош тортганда, унинг молиявий закалати савдолар ғолиби аниқланган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда, етказилган зарар учун компенсация сифатида, буюртмачининг тегишли ҳисоб рақамига (агар буюртмачи ғазначилик ижроси билан қамраб олинган бўлса - бюджет маблағлари ёки бюджетдан ташқари маблағлар бўйича тегишли шахсий ғазна ҳисоб рақамини кўрсатган ҳолда ягона ғазна ҳисоб рақамига, агар буюртмачи ғазначилик ижроси билан қамраб олинмаган бўлса - унинг банкдаги талаб қилиб олингунгача депозит ҳисоб рақамига) ўтказилади.

Мазкур ҳолатда жавобгар томонидан электрон аукцион савдоларида қатнашиш учун аванс (молиявий закалат) тўловлари ўтказиб берилмаганлиги боис даъвогарлар компенсация тўловларини ундириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Бироқ, суд юқоридаги низомнинг 20-банди талабларига эътиборини қаратмаган. Яъни, етказиб берувчи савдоларда қатнашишдан олдин аванс тўловларини ўтказиши шарт бўлганлигига ва ушбу мажбуриятнинг бажарилмаганлиги етказиб берувчини савдоларда қатнашишга рухсат берилмаслигига сабаб бўлишига, савдоларда қатнашиш учун олдиндан аванс тўловларини ўтказиб берилмаганлиги савдолардан кейин ушбу тўловларни компенсация сифатида ундириш учун асос бўла олмаслигига ва бундай ҳолатда етказиб берувчи контракт тузишни рад этган ёки уни тузишдан бошқача тарзда бош тортган тақдирда буюртмачи контракт тузишдан бош тортиш туфайли етказилган зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақлилигига эътибор бермаган.


4. Давлат органи ёки ушбу орган мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъвони кўришда суд ишга молия органини жалб қилиши ва зарар суммасининг асослилигини текшириши лозим.


"VARIA" МЧЖ (бундан буён матнда ундирувчи деб юритилади)нинг даъво аризасига асосан хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "PRAGMA INVEST" МЧЖ (бундан буён матнда қарздор деб юритилади)дан 47 642 840 сўм ундирилган. Ушбу ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, 2010 йил 25 октябрда ундирувчига ижро варақаси берилган.

Суднинг ижро варақаси Суд департаментининг Юнусобод туман бўлимига 2010 йил 8 ноябрда топширилган. Суд ижрочисининг 2010 йил 25 ноябрдаги қарори билан ижро иши қўзғатилган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун 30-моддасининг биринчи қисмида ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши кераклиги белгиланган бўлсада, суд ижрочиси томонидан ижро ҳаракатлари белгиланган муддатларда бажарилмаган.

Шунингдек, суд ижрочисининг қарори билан қарздорнинг банкдаги ҳисоб варағига банд солинган бўлсада, 2010 йил 9 декабрда қарздорнинг ҳисоб варағидаги 2 400 000 сўм пул маблағлари бошқа бир корхона ҳисобрақамига ўтказилган.

Бундан ташқари, ижро иши юритиш давомида суд ижрочиси қарздорнинг мол-мулкини қидириш, уларни хатлаш ва баҳолаш чораларини кўрмаган. Ундирувчининг мурожаатлари эса жавобсиз қолдирилган.

Шу боис, ундирувчининг аризаси (шикояти) асосида хўжалик судининг 2011 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан суд ижрочисининг ҳаракатсизлиги ноқонуний деб топилган.

Бироқ, суд ижрочиси томонидан суд ҳужжатини ижро этиш учун 4 йил давомида чора кўрилмаган. Шу сабабли, ундирувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан 22 134 862 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасида суд ҳужжати ўз вақтида ижро этилганида ундирувчи ФКнинг 327-моддасида белгиланган банк фоизи миқдорида фойда кўриши мумкинлиги, 2011 йилнинг январидан 2015 йилнинг мартига қадар банк фоизи миқдори 22 134 862 сўмни ташкил этиши, ушбу суммани ундирувчи суд ижрочисининг ҳаракатсизлиги оқибатида ололмаганлиги ва натижада ундирувчи ушбу сумма миқдорида зарар кўрганлигини важ қилиб кўрсатган.

ФК 990-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига кўра давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг Қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар суднинг қарори асосида қопланиши лозим. Зарар ушбу Кодекснинг 15-моддасида назарда тутилган тартибда қопланади.

ФКнинг 15-моддасига асосан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак.

Биринчи инстанция суди ушбу нормаларга асосланиб, даъвони тўлиқ қаноатлантирган ва Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан ундирувчи фойдасига 22 134 862 сўм зарарни ундирган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Суд низо юзасидан қарор қабул қилишда қарздорда мол-мулк мавжуд эмаслиги боис суд ижрочиси томонидан суд ҳужжати ижро этилмаганлигига эътибор бермаган. Ваҳоланки, суд ҳужжати билан ундирувчи фойдасига қарздордан ундирилиши лозим бўлган 47 642 840 сўм пул маблағларидан ундирувчи ҳақиқатдан ҳам ушбу сумма ундирилган ҳолдагина тўрт йил давомида банк фоизи миқдорида фойда кўриши мумкин бўлган.

Шунингдек, зарар суммаси Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан ундирилиб хатоликка йўл қўйилган. Чунки, ФКнинг 15-моддаси ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 12 январда 1095-сон билан рўйхатга олинган "Давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномага асосан давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан тўланади. Шу боис, суд ишга жавобгар сифатида Молия вазирлигининг тегишли ҳудудий органини жалб қилиши лозим эди.


5. Маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги талаб хўжалик судига тааллуқли эмаслигини асос қилиб, у бўйича иш юритиш тугатилмайди, балки маънавий зарар фақат жисмоний шахсга етказилиши мумкинлиги сабабли юридик шахснинг маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этилади.


"Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси" АЖ (бундан буён матнда АЖ деб юритилади) ва "Дента мед-плюс" МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) ўртасида 2013 йил 1 январда электр энергиясини етказиб бериш шартномаси тузилган. Унга кўра, АЖ МЧЖга уланган электр тармоқлари орқали электр энергиясини етказиб бериш, МЧЖ эса етказиб берилган электр энергиясининг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

АЖ томонидан МЧЖга 2013 йил 9 сентябрда электр энергияси етказиб берилмаган. Натижада, МЧЖ 3 соат давомида фаолият кўрсата олмаган.

Шу боис, МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, АЖдан электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклаш учун тўланган 183 060 сўмни, мажбурий тарзда ортиқча тўлатилган 112 761 сўмни ва 2 000 000 сўм маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасида МЧЖ аҳолига тиббий стоматология хизмати кўрсатишини, АЖ олдида МЧЖнинг қарзи мавжуд бўлмасада, АЖ МЧЖнинг 2013 йилнинг август ойи учун 112 761 сўм қарзи мавжудлигини баҳона қилиб, электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиб қўйганлигини, натижада МЧЖ 3 соат давомида фаолият кўрсатмаганлигини, электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклаш учун МЧЖ 183 060 сўм ҳамда мавжуд бўлмаган қарздорлик учун 112 761 сўм тўлаганлигини важ қилиб кўрсатган.

Ишни кўриш жараёнида МЧЖнинг 2013 йилнинг август ойида истеъмол қилинган электр энергияси учун 112 761 сўм қарзи мавжудлиги аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари"нинг 129-бандига кўра, электр энергияси (қуввати) учун электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдорда ва муддатда тўлов тўланмаганда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки унинг электр таъминоти корхонаси электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришни тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Шу боис, суд даъвонинг электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклаш учун тўланган 183 060 сўм ва ортиқча тўланган 112 761 сўм ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этган. Даъвонинг 2 000 000 сўм маънавий зарарни ундириш қисми бўйича ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилган. Суд даъво талабининг бу қисмини кўриш хўжалик судига тааллуқли эмас деб ҳисоблаган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш кассация тартибида кўрилмаган.

Суд даъвонинг маънавий зарарни ундириш қисми бўйича низо хўжалик судига тааллуқли эмас деб ҳисоблаб иш юритишни ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатиб хатоликка йўл қўйган. Чунки, низо тарафлари юридик шахслар бўлиб, улар ўртасидаги пул маблағларини ундириш билан боғлиқ низо хўжалик судида кўрилади. Шу сабабли, бундай талаб хўжалик судига тааллуқлидир. Бироқ, маънавий зарар фақат жисмоний шахсга етказилиши мумкин ва шу боис юридик шахснинг маънавий зарарни ундириш талаби бўйича иш юритиш тугатилмайди, балки бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.


6. Истеъмолчилар томонидан коммунал хизматларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда энергия (электр, газ, иссиқлик, сув)дан фойдаланилганда, сарфланган энергия миқдори ушбу қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади ва қайта кўриб чиқиш натижасида аниқланган сумма зарар сифатида эмас, балки қарз сифатида тушунилади.


Самарқанд шаҳар "Сувоқова" ИЧДК (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Ўзбектелеком" АКнинг Самарқанд филиали (бундан буён матнда истеъмолчи деб юритилади)дан 4 633 574 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Суднинг ажрими билан "Ўзбектелеком" АКнинг Самарқанд филиали дахлдор жавобгар "Ўзбектелеком" АК билан алмаштирилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Аниқланишича, даъвогар ходимлари томонидан ўтказилган текширув вақтида истеъмолчи ҳудудидаги д-20 мм қувур орқали ўрнатилган сув ўлчагич асбобининг назорат пломбаси узилганлиги аниқланган. Шу боис истеъмолчига уч кунлик муддатда "Сувоқова" ИЧДКга сув ўлчагич асбобини навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш учун рухсат олиши шартлиги, истеъмолчининг шу кунгача ишлатган сув ва оқова ҳақи коммунал Қоидаларига асосан ҳисоб-китоб қилиниши ҳақида кўрсатма берилган.

Истеъмолчига талабнома юборилиб, унда истеъмолчи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган "Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидалари" бузилганлиги ва даъвогарга 4 633 574 сўм зарар етказилганлиги қайд этилиб, 10 кун муддатда ушбу зарарни тўлаш ҳақида талаб билдирилган. Бироқ истеъмолчи томонидан тўлов амалга оширилмаганлиги боис даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Қоидаларнинг 68-бандига кўра, ИСКХ ташкилоти вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобининг ишламаётганлиги аниқланса ёки унинг иш тартибига рухсатсиз аралашилган ёки назорат пломбалари узилган бўлса, ИСКХ ташкилоти истеъмолчи (субистеъмолчи)га сувни ҳисобга олиш асбобини 30 кун муддатда навбатдан ташқари текширувдан ўтказишга кўрсатма беради. Муддат кўрсатма тақдим этилган санадан бошлаб ҳисобга олинади.

Ушбу белгиланган муддатда кўрсатма бажарилмаса, сарфланган сув ҳажми мазкур Қоидаларнинг тегишли бандларига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади ва истеъмолчидан қарз сифатида ундирилади.

Мазкур ҳолатда, даъвогар томонидан даъво талаби нотўғри қўйилган бўлиб, суд эса бу ҳолатга эътибор қаратмаган. Чунки, даъвонинг предмети жавобгар томонидан Қоидаларнинг бузилиши натижасида сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган истеъмолчилар учун мўлжалланган тарифлар бўйича амалга оширилган ҳисоб-китоблардан келиб чи??ан пул суммаси ҳисобланиб, бу сумма зарар сифатида тушунилмайди. Чунки, истеъмолчи томонидан ўзига тегишли бўлган ўз маблағларига ўрнатилган сув ўлчагич асбобининг назорат пломбаси узилганлиги ҳолати ИСКХ ташкилотига зарар етказилганлигини билдирмайди.

ФК 14-моддасининг иккинчи қисмида берилган таърифга кўра, зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

Ушбу ҳолатда суд даъво талабига аниқлик киритиб, 4 633 574 сўм етказилган зарарни эмас, балки даъвогар томонидан Қоиданинг 87-бандига асосан ҳисоб-китоб қилинган пул маблағларини ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим эди.


7. Шартномавий муносабатлардан келиб чи??ан талаблар, шу жумладан етказилган зарарни (жиноят туфайли етказилган зарар бундан мустасно) ундириш тўғрисидаги талабларга нисбатан умумий даъво муддати қўлланилади. Агар даъвогар даъво муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини исботлаб бера олмаса, даъвони қаноатлантириш рад этилади.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси "Тож маҳал дунё" МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) манфаатида "Ғузор йўл хўжалиги туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш" давлат корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2008 йил 6 августдаги пудрат шартномасини бекор қилишни, жавобгардан 24 840 600 асосий қарз, шартноманинг 7.1-бандига асосан 14 873 500 сўм жарима, 14.3-бандига асосан 473 400 сўм жарима ва 28 871 600 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, МЧЖ ва жавобгар ўртасида 2008 йил 6 августда пудрат шартномаси тузилган. Унга кўра, МЧЖ жавобгар топшириғига асосан Ғузор туманидаги Батош, О. Кучкинов, Янги кент ва Навруз ММТПлар ҳудудидаги ички йўлларни жорий таъмирлаш, жавобгар эса бажарилган ишлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

МЧЖ томонидан 2008 йилнинг август-сентябрь ойларида шартномада назарда тутилмаган 4к-310 "Ғузор-Туртсари" автомобиль йўлида 6 350 600 сўмлик ҳамда 4н-276 "Қўштепа-Ковчин" автомобиль йўлида 18 490 090 сўмлик ишларни бажарган. Бу ҳақда ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган. Бироқ, жавобгар томонидан МЧЖга ушбу бажарилган ишлар учун тўлов амалга оширилмаган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси МЧЖ манфаатида 2012 йил 16 ноябрда даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъво аризасини иш юритишга қабул қилган. Иш судда кўрилаётган вақтда жавобгар даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган. Даъвогар даъво муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганлигини исботлаб бера олмаган.

Шартномавий муносабатлардан келиб чи??ан талаблар ва бой берилган фойдани (жиноят туфайли етказилган зарар бундан мустасно) ундириш тўғрисидаги талабларга нисбатан умумий даъво муддати қўлланилади.

Шу боис, суд даъво муддатини қўллаб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Аммо, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилган. Апелляция инстанцияси судининг қарорида мазкур низо бўйича даъво муддатининг қўллаб бўлмаслиги сабаблари ёки жавобгарнинг даъво муддатини ўтказиб юборишининг узрли сабаблари кўрсатилмаган бўлсада, қарор билан 24 840 687 сўм асосий қарз ундирилган.


8. ФКнинг 325-моддасига асосан мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.


2013 йил 5 июлда "Дилмурод" фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва "Мадина" хусусий фирмаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида тузилган шартномага кўра, жавобгар даъвогарга помидор маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган ускунани 2011 йил 5 августга қадар етказиб бериш, фермер хўжалиги эса ускунани қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.1 бандида ускунанинг баҳоси 56 000 000 сўм қилиб белгиланган бўлиб, ушбу пул маблағи шартнома тузилгандан 5 кун ичида пудратчи (жавобгар)нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши, ускуна эса буюртмачи (даъвогар) ҳисобрақамидан шартнома кўрсатилган пул маблағлари тўлиқ келиб тушганидан кейин 20 кун ичида етказиб берилиши шартлиги белгиланган.

Даъвогар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилган. 56 000 000 сўм пул маблағи шартнома тузилган вақтдан бошлаб 5 кун ичида жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Бироқ жавобгар ўз мажбуриятларини бажармасдан ускунани фермер хўжалиги (даъвогар)га шартномада белгиланган муддатда етказиб бермаган.

Даъвогар 10 га майдонга помидор маҳсулоти эккан бўлиб, унинг маҳсулотлари 2013 йил 20 августда пишиб етилган. Даъвогарнинг бизнес режасига кўра, етиштирилган помидорларни қайта ишлаш ускунаси ёрдамида қайта ишлаб томат маҳсулотини ишлаб чиқаришни режалаштирган. Аммо, ускуна жавобгар томонидан етказиб берилмагач, у ўз помидорларини қайта ишлай олмаган. Даъвогар томонидан 10 га майдонда 9 000 кг помидор етиштирилган бўлиб, жавобгар томонидан помидор маҳсулотини қайта ишлаш ускунаси етказиб берилмаган. Шу сабабли, даъвогар етиштирган помидор маҳсулотини сотишга ҳаракат қилган. Натижада 3 000 кг маҳсулотни сотган. Қолган 6 000 кг етиштирилган помидор маҳсулоти истеъмол учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Помидор маҳсулоти яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги тўғрисида туман сув ва қишлоқ хўжалиги бўлими, туман Фермерлар кенгаши ва даъвогар вакиллари иштирокида далолатнома тузилган.

Туманда жойлашган де??он бозорининг маълумотномасига кўра 2013 йилнинг июль-август ойларида 1 кг помидорнинг бозор баҳоси 1 500 сўмни ташкил этган.

Шу боис, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 56 000 000 сўм асосий қарз, ускунани ўз вақтида етказиб берилмаганлиги учун 28 000 000 сўм пеня ҳамда 9 000 000 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасига илова қилинган даъво талабларини асословчи ҳисоб-китоб ҳужжатларидан кўринишича, жавобгар томонидан ускуна ўз вақтида етказиб берилмаганлиги учун Қонуннинг 25-моддасига асосан ҳар бир кечиктирилган кун учун ускуна баҳосининг 0,5 фоизи миқдорида, аммо етказиб берилмаган ускуна қийматининг 50 фоиздан ошиб кетмайдиган қийматда, яъни 28 000 000 (56 000 000 х 50 %) сўм пеня ҳисобланган, зарар суммаси эса истеъмол учун яроқсиз ҳолатга келиб 6 000 кг помидор маҳсулотининг ҳар бир килограмми учун 1 500 сўмдан келиб чиқиб (6 000 х 1 500 = 9 000 000) ҳисобланган.

Биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 56 000 000 сўм асосий қарз, 5 600 000 сўм пеня ва 3 400 000 сўм зарар ундирилган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 8.2-бандида ускуна ўз вақтида етказиб берилмаганлиги учун ҳар бир кечиктирилган кун учун ускуна баҳосининг 0,5 фоиз миқдорида пеня тўлаши, аммо етказиб берилмаган ускуна қийматининг 10 фоиздан ошиб кетмаслиги белгиланган.

Шу боис суд даъво талабининг пеня ундириш қисмини 5 600 000 (56 000 000 х 10 %) сўмга қаноатлантирган.

ФКнинг 325-моддасига кўра агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади. Қонунда ёки шартномада зарарни эмас, балки фақат неустойкани ундириб олишга йўл қўйиладиган, зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкин бўлган, кредиторнинг танловига кўра ёки неустойка ёхуд зарар ундириб олиниши мумкин бўлган ҳоллар белгиланиши мумкин.

Мазкур ҳолатда шартномада мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун зарар ҳам неустойкадан ташқари тўла ҳажмда ундириб олиниши мумкинлиги белгиланмаганлиги сабабли, суд даъво талабининг зарар ундириш қисмини 3 400 000 (9 000 000 - 5 600 000) сўмга қаноатлантирган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


9. Давлат органининг мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорига асосан етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 9 январдаги 4-сонли ва 2013 йил 12 апрелдаги 111-сонли, Тошкент вилояти ҳокимининг 2013 йил 16 майдаги 1/2/4-1954-сонли баённомаларида "Тошкент-Бекобод" автомагистрали ёқасида жойлашган ҳудудларда замонавий икки ва уч қаватли бинолар қурилиши ва йўлларни кенгайтириш белгиланган. Ушбу баённомалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўртачирчиқ туман ҳокимининг 2013 йил 13 августдаги 423-сонли қарори билан чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унга қўра, "Қумовул" ва "Оқ-тепа" ҚФЙ массивларидаги йўлнинг муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар уйлар бузилиб, белгиланган масофаларда замонавий икки ва уч қаватли бинолар қурилиши ва йўлларни кенгайтириш белгиланган. Шунингдек, ушбу қарор билан автомагистраль ёқасида бузиладиган уйларни баҳолаш ва уй эгаларига тўланиши лозим бўлган товон (компенсация) маблағларининг миқдорини аниқлаш учун туман комиссияси тасдиқланган.

Ушбу давлат органларининг қарорлари асосида "Қумовул" ҚФЙ ҳудудида жойлашган 170,36 кв.м.дан иборат бўлган "Mariya biznes servis" хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)га тегишли савдо дўкони бузиб ташланган.

"Konservis" МЧЖ баҳоловчи ташкилотининг 2013 йил 16 октябрдаги баҳолаш ҳисоботига кўра бузиб ташлаган савдо дўконининг бозор қиймати 66 447 341 сўмни ташкил қилган.

Шу боис, даъвогар хўжалик судига Тошкент вилояти ва Ўртачирчиқ туман ҳокимиятларига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, савдо дўкони бузиб ташланиши натижасида етказилган 66 447 341 сўм зарарни ундиришни сўраган.

"Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.

Ер кодексининг 86-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) ерлар олиб қўйилган ҳолда тўла ҳажмда қопланиши, зарарнинг ўрни олиб қўйилаётган ер участкалари ажратиб бериладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек фаолияти ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланишига ёки яқин атрофдаги ерларнинг сифати ёмонлашувига олиб борган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 27-бандига кўра, ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахслар кўрган зарар учун компенсация тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 15-бандида бузилаётган уйлар (квартиралар) эгасига турар жой бериш ва (ёки) компенсациянинг бошқа турларини тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан, чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилиши белгиланган.

Биринчи инстанция суди ушбу нормаларга асосланиб, даъвони тўлиқ қаноатлантирган ва Тошкент вилояти ва Ўртачирчиқ туман ҳокимиятлари ҳисобидан даъвогар фойдасига солидар тартибда 66 447 341 сўм зарар ундирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


10. Ундириш гаров нарсасига уни реализация қилиш йўли билан қаратилган ҳолларда, гаровга қўювчи (мулкий кафил) қарздордан гаров нарсасининг қийматини ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.


ОАТБ "Кредит стандарт банк" Самарқанд филиали ва "Bik labirint Trans" МЧЖ (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида кредит шартномаси тузилган. Унга кўра банк қарз олувчига йиллик 18 фоиз тўлов шарти билан 37 ой муддатга 356 265 920 сўм кредит ажратган. Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида қарз олувчига тегишли бўлган қиймати 26 460 500 сўмлик "КИА Оптима" русумли автомашина ҳамда "Stahel-Hidrotech" МЧЖ (бундан буён матнда гаровга қўювчи деб юритилади)га тегишли умумий ер майдони 480,57 кв.м.дан иборат бўлган 291 938 790 сўмлик кўчмас мулк гаровга қўйилган.

Қарз олувчи томонидан кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги боис, банкнинг даъвосига асосан қарз олувчидан 248 738 509,81 сўм асосий қарз ва 1 475 187,78 сўм фоизни ундириш ҳамда ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган (14-1213/5438-сонли иш).

Кассация инстанцияси судининг қарори билан гаров нарсаси бўлган кўчмас мулкнинг бошланғич баҳоси 291 938 790 сўм деб белгиланган.

Ушбу суд ҳужжатларига асосан гаров нарсаси савдога чиқарилиб, сотиб юборилган.

Шунинг учун, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси гаровга қўювчи манфаатида судга мурожаат қилиб, гаровга қўювчига тегишли бўлган кўчмас мулк қарздорнинг кредит қарзлари эвазига реализация қилинганлиги боис, кўчмас мулкнинг бошланғич қиймати миқдоридаги пул суммасини, яъни 291 938 790 сўмни зарар сифатида ундиришни сўраган.

Биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

"Гаров тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддасига асосан қарздор томонидан кредитор олдидаги мажбурият бажарилмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятини таъминлашга гаров берган учинчи шахс (мулкий кафил) ундирувнинг гаровга қўйилган нарсага қаратилишидан сақланиш мақсадида бу мажбуриятни бажаришга ҳақлидир.

Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, ундириш гаров нарсасига уни реализация қилиш йўли билан қаратилган тақдирда, мулкий кафил қарздордан унинг қийматини ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.

Мазкур ҳолатда, даъво аризасида қарз олувчидан 291 938 790 сўм зарарни ундириш билдирилган бўлсада, лекин унда фақат кредит шартномаси мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилган ипотека шартномасига асосан реализация қилинган гаровга қўювчига тегишли бўлган 291 938 790 сўмлик кўчмас мулкнинг қийматини ундириш сўралган.

Суд ушбу ҳолатга эътибор қаратмай, суд жавобгардан реализация қилинган кўчмас мулкнинг қийматини ундириш ҳақида эмас, балки ундан ундирилган 291 938 790 сўм ҳал қилув қарорида зарар сифатида кўрсатилган.

Яна бир мисол. (10-1414/7985-сонли иш, судья А. Умаров)

АТБ "Турон" банки Миробод филиали (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва "Mohir Invest Servis" МЧЖ (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, банк қарз олувчига йиллик 15 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 36 ой муддатга 700 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.

Кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва "O`zdastgohasbobuskunasavdo" АЖ (бундан буён матнда гаровга қўювчи деб юритилади) ўртасида гаров шартномаси тузилган. Унга кўра, гаровга қўювчига тегишли бўлган Тошкент шаҳар, Фарғона йўли кўчаси, 7-берк кўчада жойлашган базанинг бино ва иншоотлари гаровга қўйилган.

Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ, қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.

Шу сабабли, банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 447 653 771 сўм кредит суммаси ва банк фоизини ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, қарздордан 447 653 771 сўм кредит бўйича қарз суммаси ва 4 354 810 сўм суд харажатлари, жами 452 008 581 сўм ундирилган. Ундирув Тошкент шаҳар, Фарғона йўли кўчаси, 7-берк кўчада жойлашган базанинг бино ва иншоотларига қаратилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган ва гаров нарсасининг бошланғич баҳоси 1 275 405 200 сўм миқдорида белгиланган.

Суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида суд ижрочилари томонидан гаров нарсаси 1 147 864 680 сўм қийматида банк олдидаги 452 008 581 сўм кредит қарздорлигини қоплаш учун банкка ўтказиб берилган.

Шу боис, гаровга қўювчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарздордан 452 508 581 сўм зарарни ундиришни сўраган. Бунга асос қилиб қарздор томонидан кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги оқибатида гаровга қўювчига тегишли бўлган бино ва иншоотлар 1 147 864 680 сўм қийматда банкка ўтказиб берилганлиги, банк томонидан қабул қилиб олинган мол-мулкнинг қиймати ва кредит бўйича қарз суммасининг фарқи бўлган 695 856 099 сўм гаровга қўювчига ўтказиб берилганлиги, натижада қарздорнинг айби билан гаровга қўювчига 452 008 581 сўм миқдорида зарар етказилганлиги, шунингдек гаровга қўювчи ўз ҳуқуқларини тиклаш учун адвокатлик фирмаси билан шартнома тузганлиги ва кўрсатилган ҳуқуқий хизмат учун 500 000 сўм тўлаб берганлигини важ қилиб келтирган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Суд даъвони қаноатлантиришда ФКнинг 985-моддасига асосланган.

ФК 985-моддасининг биринчи қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Суднинг ҳал қилув қарорида қарздор томонидан банк олдидаги мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли гаровга қўювчига зарар етказилганлиги, ушбу зарар ва ҳуқуқий ёрдам учун тўланган харажат суммаси қарздор томонидан қоплаб берилиши лозимлиги баён қилинган.

Бироқ, мазкур ҳолатда суд даъвонинг 500 000 сўм ундириш қисмини қаноатлантиришда ФК 14-моддасининг иккинчи қисмига, даъвонинг 452 008 581 сўм ундириш қисмини қаноатлантиришда "Гаров тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддасига таяниши лозим эди.


11. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 мартдаги 37-сонли йиғилиш баённомаси ҳамда "Трансгазинжиниринг" унитар корхонаси (буюртмачи) ва "Махсус нефтегаз қурилиш ва таъмирлаш" шўъба корхонаси (пудратчи) ўртасида тузилган шартномага асосан пудратчи Шаҳрисабз АГРСдан Синобод маҳалласигача бўлган 11,8 км масофада газ қувурларини ётқизиш ишлари амалга оширилган.

Газ қувурларини ётқизиш бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан газ қувурлари "Шерзод" де??он хўжалигининг ер майдонларидан ўтказилган. Ушбу қувурларини ётқизиш жараёнида де??он хўжалиги ер майдонидаги 0,448 гектарга экилган помидор кўчатлари нобуд бўлган. Натижада, де??он хўжалиги ушбу ер майдонидан 1120 кг ҳосил ололмаган.

"Янги кеш бозори" МЧЖ томонидан 2014 йил 18 июнда берилган маълумотномага кўра, 2014 йилнинг июнь ойида 1 кг помидор ўртача 2 800 - 3 000 сўмдан сотилган.

Шу боис, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси де??он хўжалиги манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буюртмачи ва пудратчидан 3 360 000 сўм зарар (бой берилган фойда)ни ундиришни сўраган.

Даъво аризасида даъво талабларини асословчи ҳолатлар сифатида помидор кўчатлари нобуд бўлмаганида де??он хўжалиги помидордан 1120 кг ҳосил олиши ва ушбу помидорлар бозорда сотилганда 3 360 000 (1120 х 3 000) сўм фойда олиши мумкинлиги важ қилиб кўрсатилган.

Ер кодекси 41-моддасининг учинчи қисмига кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.

Биринчи инстанция суди ушбу моддий ҳуқуқ нормасига таянган ҳолда даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


12. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади.


2014 йил 7 июнда "Import Servis" хусусий фирмаси (бундан буён матнда сотувчи деб юритилади) ва "Озиқ-овқат савдо" МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ўртасида 1-7/2014-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. Унга кўра, сотувчи даъвогарга 1 килограмми 10 000 сўм бўлган жами 100 000 000 сўмлик 10 000 килограмм қуритилган сут (сухая молочная смесь)ни етказиб бериш, даъвогар эса етказиб берилган товарни қабул қилиб олиш ва унинг баҳосини тўлаш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 4-бандига кўра, шартнома тузилган кундан эътиборан даъвогар томонидан 5 календарь кунидан кечиктирмай 100 фоиз тўлов амалга оширилиши, товар эса пул маблағлари келиб тушган кундан эътиборан сотувчи томонидан 2 ой муддат ичида етказиб берилиши лозим бўлган.

Даъвогар томонидан 2014 йил 10 июнда 182-сонли тўлов топшириқномаси билан сотувчининг ҳисоб рақамига 100 000 000 сўм ўтказиб берилган. Бироқ, сотувчи ўз мажбуриятларини бажармасдан товарни ўз вақтида етказиб бермаган.

Даъвогар 2014 йил 15 августда сотувчига талабнома юбориб ўзининг шартномавий мажбуриятларини бажаришни талаб қилган. Сотувчи томонидан даъвогарга йўлланган жавоб хатида товар чет давлатдан Ўзбекистон ҳудудига импорт қилиниши лозим бўлганлиги, бироқ миллий валютани АҚШ долларига конвертация қилиш имконияти бўлмаганлиги ва товар Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинмаганлиги боис шартнома сотувчи томонидан бир томонлама бекор қилинганлиги маълум қилинган. Шунингдек, сотувчи 100 000 000 сўмни даъвогарнинг ҳисобрақамига қайтариб ўтказган.

Шу боис, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, сотувчидан 30 000 000 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасида даъвогар озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва уларни истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб бериш билан шуғулланишини, истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга асосан даъвогар 2014 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида белгиланган ҳажм ва нархларда қайта ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини етказиб бериши лозим бўлганлигини, сотувчи томонидан қуритилган сут етказиб берилмаганлиги сабабли даъвогар истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларини бажариш учун 2014 йилнинг сентябрь ойида бошқа корхонадан 10 000 кг қуритилган сутни 130 000 000 сўмга сотиб олганлигини ва ушбу 30 000 000 (130 000 000 - 100 000 000) сўмлик ортиқча харажат сотувчининг айбидан келиб чи??анлигини баён қилиб, ушбу ортиқча харажат суммасини зарар сифатида ундириб беришни сўраган.

ФК 324-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, - даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин.

Даъвогарнинг талаби, шу жумладан 2014 йилнинг август-сентябрь ойларида 1 кг қуритилган сутнинг нархи 13 000 сўмни ташкил қилиши ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги сабабли, суд ушбу моддий ҳуқуқ нормасига асосланиб даъвони тўлиқ қаноатлантирган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


13. Кредиторнинг пул маблағларидан ғайриқонуний фойдаланилиши туфайли унга етказилган зарар ФКнинг 327-моддасига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли.


2013 йил 27 январда "Омад-бизнес" МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва "Зиё Ота" хусусий корхонаси (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида 1-сонли қарз шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогар қарз олувчига 6 ой муддатга 15 000 000 сўм қарз бериш, қарз олувчи эса қарз суммасини 2013 йилнинг 1 августидан кечиктирмасдан қайтариш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 8.1-бандида қарз суммасини қайтариш муддати бузилганда, қарз олувчи кечиктирилган давр учун пул маблағларидан фойдаланганлиги учун банк фоизининг ҳисоб ставкаси миқдорида фоиз тўлаши белгиланган.

Даъвогар шартнома мажбуриятларини бажариб 2013 йил 30 январда қарз олувчининг ҳисоб рақамига 15 000 000 сўм ўтказиб берган.

Қарз шартномасида белгиланган қарз суммасини қайтариш муддати тугагач қарз олувчи томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаган ва қарз суммаси даъвогарга қайтарилмаган.

Даъвогарнинг қарз суммасини қайтариш ҳақидаги талабномаси қарз олувчи томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Айни пайтда даъвогар томонидан давлат бюджетига 11 500 000 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўтказиб берилиши лозим бўлган. Қарз олувчи томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли даъвогар бюджет олдидаги мажбуриятларини бажара олмаган. Шу боис, давлат солиқ органи хизмати хўжалик судига мурожаат қилиб, 11 500 000 сўм солиқ қарзи 50 000 сўм пеняни унинг мол-мулки ҳисобидан ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогардан 11 550 000 сўм солиқ карзи ундирилиб, ундирув унинг мол-мулкига қаратилган, шунингдек даъвогардан давлат бюджетига 118 500 сўм давлат божи ва давлат солиқ органи хизмати фойдасига 5 000 сўм почта харажати ундирилган.

Шундан сўнг, даъвогар қарз олувчидан қарз суммасини қайтариб олиш учун адвокатлик фирмасига мурожаат қилиб, ҳуқуқий ёрдам сўраган. Ҳуқуқий ёрдам учун тегишли шартномага асосан 400 000 сўм тўлаб берган.

Адвокатлар томонидан тайёрланган ҳужжатлар асосида даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 15 000 000 сўм қарз суммаси, 500 000 сўм банк фоизи ва 573 500 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Даъво аризасига илова қилинган ҳисоб-китоб ҳужжатларидан кўринишича, қарз олувчи кечиктирган 4 ой учун қарз суммасидан фойдаланганлиги учун 15 000 000 сўмга банк фоизининг йиллик 10 фоизли ҳисоб ставкасидан келиб чиқиб даъвогар томонидан 500 000 (15 000 000 х 10% : 12 х 4) сўм миқдорида фоиз ҳисобланган. 573 500 сўм зарар суммаси солиқ қарзига ҳисобланган 50 000 сўм пеня, суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган 118 500 сўм давлат божи ва 5 000 сўм почта харажати ҳамда ҳуқуқий ёрдам учун тўланган 400 000 сўмдан келиб чиқиб ҳисобланган (50 000 + 118 500 + 5 000 + 400 000 = 573 500).

Қарз олувчи даъво аризасига эътирознома тақдим этиб, шартнома шартларида фақат кечиктирилган давр учун пул маблағларидан фойдаланилганлиги учун банк фоизининг ҳисоб ставкаси миқдорида фоиз тўланиши белгиланганлигини важ қилиб кўрсатиб, даъвонинг зарар суммасини ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этишни сўраган.

ФК 327-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига биноан бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Мазкур ҳолатда, зарар суммаси (573 500 сўм) фоизлар суммаси (500 000 сўм)дан ошиб кетганлиги сабабли суд даъвони қисман қаноатлантириб, қарз олувчидан даъвогар фойдасига 15 000 000 сўм қарз суммаси, 500 000 сўм банк фоизи ва 73 500 сўм зарарни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Апелляция инстанцияси судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш кассация тартибида кўрилмаган.


14. Юридик шахс ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариш вақтида бошқа шахсларга етказган зарарини қоплайди.


2014 йил 18 мартда "Тошисси??увати" унитар корхонасининг 9-сонли Ҳамза туман бошқармаси томонидан Тошкент шаҳар, Ҳамза тумани, "Риёзий" массивидаги 26-уй олдида иссиқлик энергияси билан таъминловчи қувурда содир бўлган носозликни бартараф этиш учун ер ишлари олиб борилган. Ушбу ишларни амалга ошириш чоғида "Тошкент трамвайи" унитар корхонаси (бундан буён даъвогар деб юритилади)га тегишли юқоривольтли кабель узилган. Содир этилган ҳодиса юзасидан даъвогар ва "Тошисси??увати" унитар корхонасининг вакиллари томонидан далолатнома тузилган.

Узилган юқоривольтли кабелни тузатиш учун даъвогар 6 499 757 сўм сарфлаган. Ушбу қилинган харажат суммасини тўлаб бериш учун даъвогар "Тошисси??увати" унитар корхонаси ва унинг 9-сонли Ҳамза туман бошқармасига мурожаат қилган.

Бироқ даъвогарнинг талаби қаноатлантирилмаганлиги сабабли, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Тошисси??увати" унитар корхонаси ва унга қарашли 9-сонли Ҳамза туман бошқармасидан 6 499 757 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 майдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган "Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш Қоидалари"нинг 34, 38 ва 39-бандларида электр тармоғи хўжалиги объектларида авария вазиятларида лойиҳасиз бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ишлари ва бошқа ишларни бажариш (ер ости кабель линиялари трассаларида чуқур қазиш, йўлларни вақтинча айланиб ўтиш, кириш йўлини ёпиш ва сув чиқариш учун тупроқни қазиш, далаларни текислаш, қозиқоёқ қоқиш, тўсиқ учун таянч ўрнатиш, тупроқ намунасини олиш, турли мақсадлар учун хандақ қазиш ва бошқалар) учун электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларининг ёзма розилиги олиниши, электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналаридаги ишлар уларнинг бажарилиши учун масъул шахснинг кузатувида амалга оширилиши кераклиги ва бундай вакил ҳозир бўлмаган ҳолда ер ишларини бажариш тақиқланиши белгиланган.

Мазкур ҳолатда, "Тошисси??увати" унитар корхонасининг 9-сонли Ҳамза туман бошқармаси ушбу қоидаларга риоя қилмасдан, даъвогарнинг розилигини олмаган ҳамда ер ишларини бажаришда унинг вакили иштирокини таъминламаган. Натижада, ер ишларни амалга ошириш чоғида даъвогарга тегишли юқоривольтли кабель узилган. Ушбу узилишни бартараф этиш учун даъвогар 6 499 757 сўм пул маблағи сарфлаган.

ФК 985-моддасининг биринчи қисмида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги белгиланган.

ФК 989-моддасининг иккинчи қисмига кўра юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.

ФК 14-моддасининг иккинчи қисмига биноан зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

Биринчи инстанция суди ушбу моддий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган ва "Тошисси??увати" унитар корхонасидан даъвогар фойдасига 6 499 757 сўм ундирган. "Тошисси??увати" унитар корхонасининг 9-сонли Ҳамза туман бошқармаси юридик шахс мақомига эга бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш кассация тартибида кўрилмаган.


15. Кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун тўланган пул маблағлари шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган харажатлари ҳисобланади ва ушбу харажатлар суд томонидан ФК 14-моддасига асосан зарар сифатида ундирилади.


2010 йил 24 июнда "O`zavtosanoat-leazing" МЧЖ шаклидаги лизинг компанияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва "Fayz" МЧЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогар жавобгарнинг топшириғига асосан "Самарканд автомобиль заводи" МЧЖдан 50 дона қиймати 2 797 500 000 сўмлик автотранспорт воситаларини сотиб олиб, жавобгарга лизингга бериш, жавобгар эса лизинг объектини қабул қилиб олиш ва лизинг тўловларни тўлов графиги асосида тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Даъвогар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажариб, жавобгарга "Самарканд автомобиль заводи" МЧЖдан сотиб олинган 50 дона қиймати 2 797 500 000 сўмлик автотранспорт воситаларини лизингга топширган.

Бироқ, жавобгар томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаган. Шу боис даъвогар судга мурожаат қилиб, жавобгардан барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан 964 274 177 сўм лизинг тўловларининг қолдиқ суммаси ундирилган.

Шундан сўнг, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Самарканд автомобиль заводи" МЧЖдан 50 дона қиймати 2 797 500 000 сўмлик автотранспорт воситаларни сотиб олиш учун банкдан 14 йиллик фоиз тўлаш шарти билан 3 000 000 000 сўм кредит олганлигини ва ушбу кредит шартномаси бўйича банкка 31 355 102 сўм банк фоизи тўлаб берганлигини, шунингдек жавобгардан барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш учун адвокатлик фирмаси билан шартнома тузилганлигини ва кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун 10 000 000 сўм тўлаб берилганлигини асос қилиб, жавобгардан ушбу суммаларни зарар сифатида ундиришни сўраган.

ФК 324-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт.

ФК 14-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари зарар деб тушунилади.

Шу боис биринчи инстанция суди даъвонинг ҳуқуқий ёрдам учун тўланган 10 000 000 сўмни зарар сифатида ундирган.

Даъвонинг банк фоизи сифатида тўланган 31 355 102 сўм қисмини қаноатлантириш рад этилган. Чунки, ФК 14-моддасининг иккинчи қисмига кўра зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

Даъвогар томонидан кредит шартномаси бўйича банкка тўланган фоиз суммаси зарар сифатида тушунилмайди. Бундан ташқари жавобгар даъвогар ва банк ўртасида юзага келадиган муносабатлар бўйича жавоб бермайди.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


16. Ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори) ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечганда, у сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилишга ҳақли.


"Ҳамро Халим Шароф" фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Қоракўл човли пахтакор" фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)дан 6 367 591 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Қоракўл туман ҳокимлиги ва даъвогар ўртасида 2009 йил 30 январда узоқ муддатли ер ижара шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогарга 106,4 гектар ер участкаси ижарага берилган. Даъвогар раҳбарининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги аризасига асосан 2012 йил 19 январда туман ҳокимининг қарорига асосан ижара шартномаси бекор қилиниб, ер участкаси туман заҳирасига қайтарилган. Туман ҳокимининг 2012 йил 9 мартдаги қарори билан ушбу ер участкаси жавобгарга берилиб, жавобгар ва туман ҳокимлиги ўртасида узоқ муддатли ер ижара шартномаси тузилган.

Аммо, даъвогар ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечгунга қадар ернинг бир қисмини, яъни 18,11 гектарини шудгор қилган ва 24,19 гектар қисмини шудгор қилишга тайёрлаган. Ушбу ишларни амалга оширишда даъвогар томонидан 6 367 591 сўм харажат қилинган. Қилинган харажатлар далиллар билан тасдиқланган.

Шу сабабли, даъвогар судга мурожаат қилиб, ер участкасини шудгор қилишга ва уни шудгорга тайёрлашга кетган 6 367 591 сўм харажатларни зарар сифатида ундиришни сўраган.

Ер кодекси 39-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига мувофиқ ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу моддий ҳуқуқ нормасига асосланиб биринчи инстанция суди асосли равишда даъвони қаноатлантирган.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Иш кассация тартибида кўрилмаган.


17. Агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажармаслик оқибатида етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса ёки етказилган зарарни камайтириш чораларини кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.


Тошкент шаҳрида жойлашган "Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази" давлат муассасаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва Фарғона вилоятида жойлашган "Катта Оқтепа ғурури" МЧЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида электрон аукцион натижалари бўйича 2014 йил 8 июлда контракт тузилган. Унга кўра, жавобгар даъвогарга мебеллар тўпламини етказиб бериш, даъвогар эса товар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

Даъвогар томонидан жавобгарга 982 800 сўм аванс тўлаб берилган. Бироқ, жавобгар шартномада белгиланган мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан товарни тўлиқ ва бут ҳолатда етказиб бермаган.

Шу боис, даъвогар Фарғона вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган контрактни бекор қилишни ҳамда жавобгардан 982 800 сўм асосий қарз ва 1 572 480 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган (15-1407/14393-сонли иш).

Мазкур хўжалик ишида иштирок этиш учун даъвогар вакиллари Тошкент шаҳридан Фарғона шаҳрига борганликлари учун йўлкира ҳақи ва у ерда бўлиш билан боғлиқ 1 006 004 сўм харажат қилганлар.

Шу сабабли даъвогар Фарғона вилоят хўжалик судига янги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 1 006 004 сўм зарарни ундиришни сўраган.

ФКнинг 335-моддасига кўра, агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.

Даъвогарнинг дастлабки даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва 15-1407/14393-сонли ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда даъвогарга суд мажлисида видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда иштирок этиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган. Даъвогарнинг талаби шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги оқибатида келиб чи??ан бўлиб, қарз суммаси ҳужжатлар билан тасдиқланган, неустойка суммаси шартнома шартларидан келиб чиқиб ҳисобланган. Даъво аризасига даъво суммасининг ҳисоб-китоби ҳамда даъвони тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинган бўлган.

Аммо, шунга қарамасдан даъвогар суд мажлисида иштирок этиш учун ўз вакилларини Фарғона шаҳрига хизмат сафарига юборган.

Суд юқоридаги ҳолатларни, шунингдек аввалги иш бўйича ундирилиши сўралган пул маблағи арзимас бўлганлигини, Фарғонада бўлиб ўтган суд мажлисида қатнашиш натижасида кўрилган зарарга номутаносиблигига қарамасдан даъвогар ушбу харажатларни амалга оширганлигини инобатга олиб ФКнинг 335-моддасига таянган ҳолда даъвони қаноатлантиришни рад этган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


18. Мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурталовчига ўтади.


"Темирйўл-суғурта" МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Элегант авто классик" хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 6 922 110 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар, якка тартибдаги тадбиркор М. Тожибоев ва АТИБ "Ипотекабанк" Фарғона филиали ўртасида 2011 йил 20 апрелда суғурта шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогар якка тартибдаги тадбиркор М. Тожибоевга тегишли давлат рақами 40 К 442 DA бўлган "ISUSU SAZ NOR 71 PL" русумли транспорт воситасини йўл транспорт ҳодисаси оқибатида етказилиши мумкин бўлган зарардан суғурталаган. Мазкур транспорт воситаси якка тартибдаги тадбиркор М. Тожибоев томонидан 2011 йил 6 майдаги ижара шартномасига асосан жавобгарга 3 йилга ижарага берилган.

2012 йил 3 майда жавобгарнинг ҳайдовчиси томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол равишда бузилиши натижасида йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлган. Натижада, автомашинага жиддий зиён етган. Йўл ҳаракати ҳодисаси содир этилишида жавобгарнинг ҳайдовчиси айбдор эканлиги Жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг 2012 йил 4 июлдаги ярашув баённомасини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими билан тасдиқланган.

Якка тартибдаги тадбиркор М. Тожибоев даъвогарга мурожаат қилиб, суғурта пулларини тўлаб беришни сўраган. Даъвогар томонидан содир этилган йўл ҳаракати ҳодисаси суғурта ҳодисаси деб эътироф этилиб, суғурта қилдирувчининг ҳисоб рақамига 6 922 110 сўм тўлаб берилган.

Шу сабабли, даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгардан суғурта ҳодисаси учун тўлаб берилган 6 922 110 сўмни ундиришни сўраган.

ФК 957-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтади.

ФКнинг 570-моддасига асосан ижарага берилган транспорт воситаси ҳалокатга учраган ёки шикастланган тақдирда, агар ижарага берувчи транспорт воситаси қонун ёки шартномага мувофиқ ижарага олувчи жавобгар бўладиган ҳолатларда ҳалокатга учраганини ёки шикастланганлигини исбот қилса, ижарага олувчи етказилган зарарни ижарага берувчига тўлаши шарт.

Ушбу нормаларга асосланиб биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантирган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.


Суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича қуйидаги тавсиялар берилади.

Хўжалик суди судьялари эътиборларини:

зарарни ундириш талаби даъво предмети бўлиб, уни фақат даъвогар ўзгартириши мумкинлигига;

етказилган зарарни ундириш тўғрисида талаб билан мурожаат қилинганда, суд зарар етказилганлиги билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаши ва ушбу ҳолатларни тасдиқловчи далилларни суд ҳужжатида кўрсатиши кераклигига;

электрон аукцион савдоларда ғолиб чи??ан етказиб берувчи унда қатнашиш учун олдиндан аванс тўловларини ўтказиб бермаган бўлиб, контракт тузишдан бош тортганда, буюртмачи етказиб берувчи контракт тузишдан бош тортиши туфайли етказилган зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақлилигига;

давлат органи ёки ушбу орган мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъвони кўришда суд ишга молия органини жалб қилиши ва зарар суммасининг асослилигини текшириши лозимлигига;

маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги талаб хўжалик судига тааллуқли эмаслигини асос қилиб, у бўйича иш юритиш тугатилмайди, балки маънавий зарар фақат жисмоний шахсга етказилиши мумкинлиги сабабли юридик шахснинг маънавий зарар ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этилишига;

истеъмолчилар томонидан коммунал хизматларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда энергия (электр, газ, иссиқлик, сув)дан фойдаланилганда, сарфланган энергия миқдори ушбу қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади ва қайта кўриб чиқиш натижасида аниқланган сумма зарар сифатида эмас, балки қарз сифатида тушунилишига;

шартномавий муносабатлардан келиб чи??ан талаблар, шу жумладан етказилган зарарни (жиноят туфайли етказилган зарар бундан мустасно) ундириш тўғрисидаги талабларга нисбатан умумий даъво муддати қўлланилишига;

ФКнинг 325-моддасига асосан мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланишига, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса;

давлат органининг мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорига асосан етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланишига;

ундириш гаров нарсасига уни реализация қилиш йўли билан қаратилган ҳолларда, гаровга қўювчи (мулкий кафил) қарздордан гаров нарсасининг қийматини ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли;

ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланишига;

агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинишига;

кредиторнинг пул маблағларидан ғайриқонуний фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу пул маблағларидан фойдаланилганлиги учун ФКнинг 327-моддасига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақлилигига;

юридик шахс ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариш вақтида бошқа шахсларга етказган зарарини қоплашига;

кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун тўланган пул маблағлари шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган харажатлари ҳисобланишига ва ушбу харажатлар суд томонидан ФК 14-моддасига асосан зарар сифатида ундирилишига;

ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори) ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечганда, у сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилишга ҳақлилигига;

агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажармаслик оқибатида етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса ёки етказилган зарарни камайтириш чораларини кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақлилигига;

мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурталовчига ўтишига алоҳида эътиборларини қаратишлари лозим.





































Время: 0.0084
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск