ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик судлари томонидан 2010-2012 йиллар ва 2013 йилнинг биринчи ярми давомида суд қарорларини ижро қилиш жараёнида юзага келган низоларни ҳал қилишга оид суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида Маълумотнома (2013 йил 31 декабрь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик судлари томонидан 2010-2012 йиллар

ва 2013 йилнинг биринчи ярми давомида суд

қарорларини ижро қилиш жараёнида юзага келган

низоларни ҳал қилишга оид суд амалиётини

умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТНОМА

31.12.2013 й.



Олий хўжалик судининг 2013 йил иккинчи ярим йиллик иш режасига асосан 2010 - 2012 йиллар ва 2013 йилнинг биринчи ярми давомида суд қарорларини ижро қилиш жараёнида юзага келган низоларни ҳал қилишга оид суд амалиёти хўжалик судлари томонидан тақдим қилинган (724 та) хўжалик ишлари ва умумлаштиришлар асосида ўрганиб чиқилди.

Мазкур тоифадаги ишлар хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида"ги N 06/196-сон қарори асосида ҳал этилмоқда.

Ишлар асосан суд ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топиш, суд ижрочисининг чиқарган қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, ижро жараёнида етказилган зарарни ундириш, хатланган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво аризалари (аризалари) асосида кўриб чиқилган.


1. Суд ижрочисининг хатти - ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган ариза (шикоят)ларнинг судга тааллуқлилиги масаласи "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун нормалари талабларига риоя этилган ҳолда ҳал этилади.


Жиззах давлат марказий ўрмон хўжалиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Суд ижрочилари Ғаллаорол туман бўлими ва Суд департаментининг вилоят ҳудудий бошқармасидан 791 280 сўм моддий зарарни ундириш, Суд ижрочилари Ғаллаорол туман бўлимининг "Ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш ва ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисида"ги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Суд ижрочилари Ғаллаорол туман бўлимининг "ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш ва ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисида"ги қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Иш ҳужжатларига кўра Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан Жиззах марказий ўрмон хўжалиги фойдасига Х. Добиловдан 1 318 800 сўм ундирилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан ижро варақаси берилган ва ижро қилиш учун Суд ижрочилари Ғаллаорол туман бўлимига тақдим қилинган.

Суд ижрочилари Ғаллаорол туман бўлими суд ижрочисининг "ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш ва ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисида" ги қарорига асосан ижро варақаси ижросиз қайтарилган.

Қарордан кўринишича ижро варақасига асосан амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида Х. Добиловнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклари аниқланмаган.

Лекин даъво аризасига илова қилинган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилинганлиги юзасидан тўпланган ҳужжатларга кўра Жиззах давлат марказий ўрмон хўжалигига қарашли яйловга Х. Добиловга тегишли 120 бош қўй, 14 бош эчки зарар етказганлиги аниқланган.

Хўжалик суди даъво аризани иш юритувга қабул қилиб, уни мазмунан кўриб чиқиш тўғрисида барвақт хулосага келганлиги кўринади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида"ги 06/196-сонли Қарорининг 15-бандида судларнинг эътибори ижро иш юритувига боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг тааллуқлилиги масаласини ҳал этишда ҳар доим ижро ҳужжати қайси суд томонидан берилганлиги аниқланиши лозимлигига қаратилган.

Пленум қарорининг 15-банди 7-хатбошисида Қонуннинг 86-1-моддасига кўра, хўжалик суди томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган хўжалик судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкинлиги, 8-хатбошисида эса ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда суд ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд ижрочиси жойлашган жойдаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят берилиши белгиланган.

Ушбу ҳолатда, Х. Добиловга нисбатан ижро варақаси Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан берилгани сабабли ижро иш юритуви билан боғлиқ низо кўриб чиқиш учун умумий юрисдикция судининг судловига тааллуқли бўлиб, биринчи инстанция суди ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаган.


2. Хўжалик суди ҳужжати асосида қўзғатилган ижро иши жараёнида хатланган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги талаб хўжалик судига тааллуқлидир.


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан АТ "Ипотека банк"нинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, "Мирикулол" хусусий корхонасидан 211 916 500 сум кредит қарзи ундирилган ва ундирув гаровга қўйилган кўчмас мулк объектига қаратилган.

Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақаси берилган. Суд департаменти Бухоро шаҳар бўлимининг суд ижрочиси ижро ишини қўзғатиб, гаровга қўйилган кўчмас мулкни рўйхатга олган ва хатлаган.

Ижро жараёнида Банк, "Мирикулол" ва "Baken qurilish montaj" хусусий корхоналари ўртасида келишув битими тузилган. Мазкур битимга кўра "Baken qurilish montaj" хусусий корхонаси банк олдидаги кредит суммасини тўлаб бериш, "Мирикулол" хусусий корхонаси эса кўчмас мулкнинг бир қисмини "Baken qurilish montaj" хусусий корхонасига топшириш мажбуриятини олган.

Суд ижрочилари Бухоро шаҳар бўлимида мавжуд бўлган бошқа ижро иши жараёнида "Мирикулол" хусусий корхонасининг гаровга қўйилган кўчмас мулки хатланган. Бундан ташқари, суд ижрочиси томонидан мутахассис тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган ва мутахассис зиммасига кўчмас мулкнинг бозор нархини аниқлаш мажбурияти юкланган.

АТ "Ипотека банк" Суд ижрочилари Бухоро шаҳар бўлимига нисбатан судга мурожаат қилиб, суд ижрочининг мутахассис тайинлаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ва кўчмас мулкни рўйхатдан чиқаришни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида Суд департаментининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан суд ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабни қаноатлантириш рад этилган, даъвонинг кўчмас мулкни рўйхатдан чиқариш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Биринчи инстанцияси суди даъвонинг кўчмас мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритишни асоссиз тугатган. Чунки, низонинг хўжалик судига тааллуқлилиги масаласини ҳал этишда ХПКнинг 23-моддасининг талабларидан келиб чиқиш лозим: агар низо иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чи??ан бўлса, бундай низолар хўжалик судига тааллуқлидир.


3. Қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиш ва хатлаш тўғрисидаги далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризалар хўжалик судига тааллуқли эмас.


"Имкон Сарвари" шўъба корхонаси хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Суд ижрочилари Андижон шаҳар бўлимининг қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиш ва хатлаш тўғрисидаги далолатномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг ажрими билан Суд ижрочилари Андижон вилоят бошқармаси ишга дахлдор жавобгар ҳамда "Майнахон жаннати" хусусий корхонаси манфаатдор тараф сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, хўжалик судининг ҳал қилув қарорига кўра "Имкон сарвари" шўъба корхонасидан "Майнахон жаннати" хусусий корхонаси фойдасига 11 000 000 сўм асосий қарз, 3 000 000 сўм пеня ундирилган.

Мазкур иш бўйича берилган ижро варақасига асосан ижро иши қўзғатилиб, Суд ижрочилари Андижон шаҳар бўлими ходими томонидан 15 дона ошхона столлари, 40 дона юмшоқ стуллар, 3 комплект диван, 2 дона музлаткичлар, 1 дона витрина кўринишидаги музлаткичлар хатланган. Бу ҳақда далолатнома тузилган.

Суд мажлисида аниқланишича, 40 дона юмшоқ стуллар, 15 дона ошхона столлари, 3 комплект диванлар, 1 дона музлатгич ва 1 дона витрина музлатгичи ижара шартномаси асосида фуқаро Б.Аюпов томонидан ашёларни текинга фойдаланишга бериш шартномасига асосан "Анд сарвари" МЧЖга берилган. "Меҳнат пиво" МЧЖ ва "Имкон сарвари" ШК ўртасида тузилган дастгоҳлар билан таъминлаш шартномаси асосида "Имкон сарвари" ШКга 2 та музлаткичлар вақтинча фойдаланишга берилган.

Суд ижрочилари Андижон шаҳар бўлими томонидан хатланган мулклар ижро варақасида кўрсатиб ўтилган қарздор "Имкон сарвари" ШКга тегишли эмаслиги сабабли, даъво биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилган.

Бироқ, суд томонидан даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида нотўғри хулосага келинган.

Ўзбекистон Республикаси ХПК 24-моддасининг биринчи қисми 9-бандига кўра, давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар ҳал этилиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, суд ижрочиси ундирувчининг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан мулкий ундирув бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш билан бир вақтда қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда мазкур қарорда кўрсатиб ўтади. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ёки протест билдириш мумкинлиги белгиланган.

Қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиш ва хатлаш тўғрисидаги далолатнома эса қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат ҳисобланмайди ва шу сабабли ушбу далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризалар хўжалик судига тааллуқли эмас. Ўзбекистон Республикаси ХПК 86-моддасининг биринчи қисми 1-бандига кўра, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилиши лозим.


4. Баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар хўжалик судига тааллуқли эмас. Суд томонидан фақатгина баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича тузилган хулоса кўриб чиқилади.


Хўжалик судининг Когон туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасидан (бундан буён матнда қарздор деб юритилади)дан ундирувчи "Шохруд транс" МЧЖ фойдасига 12 851 406 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида Суд департаменти Когон туман бўлимининг суд ижрочиси қарздорга тегишли бўлган "ДАМАС", "Тико" ва "УАЗ 31512" - русумли автотранспорт воситаларини хатлаган ва уларни баҳолаш учун мутахассис тайинлаш ҳақида қарор чиқариб, қарор ижросини "Фазилат нури плюс" баҳолаш ташкилотига юклаган.

Суд ижрочисининг ушбу қарорига асосан баҳоловчи ташкилот томонидан "ДАМАС" русумли автомашина 5 885 130 сўмга, "Тико" русумли автомашина 4 021 652 сўмга, "УАЗ 31512" русумли автомашина 1 570 338 сўмга боҳоланган ва бу ҳақда ҳисобот тузилган.

Суд ижрочилари Когон туман бўлими қарздорга билдиришнома юбориб, унда хатланган учта автотранспорт воситалари "Фазилат нури плюс" баҳолаш ташкилоти томонидан баҳоланганлиги ва улар Республика Кўп тармоқли "Агро Саноат Биржаси" орқали савдога чиқарилганлигини маълум қилган.

Баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган нархлардан норози бўлиб, қарздор судга Суд ижрочилари Когон туман бўлими ва "Фазилат нури плюс" баҳолаш ташкилотига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, суд ижрочисининг ижро иши юритишда мутахассис тайинлаш ҳақидаги қарорни ҳамда транспорт ва техника воситаларини баҳолаш бўйича ҳисоботни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабининг суд ижрочисиниг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантириш рад этилган, баҳолаш ҳисоботини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция ва кассация инстанция судларида кўрилмаган.

Қонун 20-моддасининг биринчи қисмига кўра, ижро ҳаракатларини амалга ошираётганда юзага келадиган, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ижрочиси ўз ташаббусига ёки тарафларнинг илтимосига биноан ўзининг қарори билан мутахассис тайинлаши мумкин. Шунингдек, мазкур қонун 54-моддасининг иккинчи қисмига биноан суд ижрочиси мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб этади.

"Баҳолаш фаолияти тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-1-моддасида зарур бўлган ҳолда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш учун мазкур ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкинлиги, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари эксперт хулосаси билан расмийлаштирилиши, буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда, низо судда кўриб чиқилиши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сон қарори билан тасдиқланган "Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида"ги Низомнинг 38-бандига кўра, зарурат бўлганда, баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ҳа??онийлигини текшириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот шартнома асосида бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиши мумкин.

Ушбу Низомнинг 39-бандига асосан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишнинг буюртмачиси олинган хулосага рози бўлмаган тақдирда ушбу баҳс суд томонидан кўриб чиқилади.

Бундан кўринадики, баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботининг қонунийлиги ёки асослилиги суд томонидан баҳоланмайди. Уни ҳа??онийлиги бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан экспертиза ўтказиш йўли билан текширилади. Бунинг натижасида тузилган экспертиза хулосасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво хўжалик судига тааллуқлидир.

Шу боис биринчи инстанцияси суди даъво талабининг суд ижрочисиниг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантиришни рад этиш, баҳолаш ҳисоботини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида асосли хулосага келган.


5. Хўжалик судининг қарорини ижро этиш жараёнида суд ижрочисининг шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори устидан фақат жавобгарликка тортилган шахс ёки унинг қонуний вакили маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят қилиши мумкин.


Хўжалик судининг қарздор "Ўзбекенгилсаноат" ДАКдан ундирувчи Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки фойдасига 7 466 483,52 АҚШ доллари ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг суд ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилиб, унда ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий бажариш учун қарздорга бир кун муддат белгиланган.

Бироқ қарздор томонидан белгиланган муддатда ижро ҳужжатида кўрсатилган талаблар ихтиёрий бажарилмаган ва шу боис суд ижрочисининг қарори билан қарздорнинг раҳбари А. Касимов ва бош ҳисобчиси А. Гаффоров Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 283-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга энг кам иш ҳақининг 15 (ўн беш) баробари миқдорида, яъни 565 200 сўмдан жарима солинган.

Суд ижрочисининг маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қароридан норози бўлиб, қарздор Тошкент шаҳар хўжалик судига Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, суд ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси суд ижрочисининг маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 314-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида устидан шу қарор чиқарилган шахс, жабрланувчи, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари ва адвокат томонидан шикоят берилиши мумкин.

Ушбу Кодекс 315-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят қилинади.

Суд ижрочисининг маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори устидан фақат "Ўзбекенгилсаноат" ДАКнинг раҳбари А. Касимов ва бош ҳисобчиси А. Гаффоров ёки уларнинг қонуний вакиллари ҳамда бундай талаб билан хўжалик судига эмас, балки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят қилиши мумкин.


6. Қонун 48-3-моддасининг иккинчи қисмига биноан тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, де??он хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "Регистон" МЧЖнинг мол-мулки ҳисобидан 2 328 664 000 сўм миқдордаги солиқ қарзи ундирилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақаси берилган ва ижро иши қўзғатилган.

Ижро иши юритиш жараёнида қарздор корхонанинг пул маблағлари ва мол-мулки мавжуд эмаслиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукмида "Регистон" МЧЖ раҳбари М. Ҳусейнов ва бошқалар томонидан етказилган зарар М. Ҳусейновга тегишли бўлган коттедж, хусусий тадбиркор Н. Сафаровга тегишли бўлган 16 та савдо дўконлари ҳамда автомашина, "Электр Пайвандлаш Инвест" хусусий корхонага тегишли бўлган савдо ва маиший хизмат уйи биноси, "Бухоро Глобал" МЧЖга тегишли бўлган автосарой, фуқаро Қ.Гуламовга тегишли бўлган 2 та автомашиналар ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.

Суд ижрочилари Бухоро шаҳар бўлими хўжалик судига мурожаат қилиб, хўжалик иши юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорининг ижро усули ва тартибини ўзгартириб, "Регистон" МЧЖнинг солиқ қарзи ундирувини ҳукмда кўрсатилган мулкларга қаратишни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ажрими билан ариза қаноатлантирилган ва ҳал қилув қарорининг ижро усули ҳамда тартиби ўзгартирилиб, "Регистон" МЧЖнинг солиқ қарзининг ундируви ҳукмда кўрсатилган мулкларга қаратилган.

Суд ҳал қилув қарорининг ижро усули ҳамда тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни чиқаришда Қонун 48-3-моддасининг иккинчи қисмини асос қилиб кўрсатган. Қонуннинг кўрсатилган нормасига кўра тегишли қарздор юридик шахсларга нисбатан ижро ҳаракатларини амалга оширишда ундирувни хусусий корхона мулкдори, муассаса мулкдори, фермер хўжалигининг раҳбари, де??он хўжалигининг аъзолари, ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари, қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари, тўлиқ ширкат иштирокчилари, шунингдек коммандит ширкатдаги тўлиқ шериклар пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби ҳамда усулини ўзгартириш орқали амалга оширилади.

Ваҳоланки, ушбу моддада кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектларнинг рўйхатида МЧЖ назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, ундирув хўжалик иши бўйича тараф бўлмаган шахсларнинг мулкларига қаратилган ва бу билан уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган.


7. Агар ариза (шикоят) юридик шахс мақомига эга бўлган Суд департаментининг ҳудудий бошқармасига нисбатан эмас, балки унинг туман бўлимига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ Суд департаменти ҳудудий бошқармаси ишда иштирок этишга жалб қилинади.


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "Дилфайз сервис" МЧЖнинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва жавобгар "Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри" давлат унитар корхонаси зиммасига бир ой муддат ичида Тошкент шаҳар, Чилонзор мавзеси, Лутфий кўчаси 6-уйдаги майдони 777 кв.м иборат бўлган нотурар бинога "Дилфайз сервис" МЧЖнинг бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти юклатилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақаси берилган ва ижро варақаси "Дилфайз сервис" МЧЖ томонидан Суд ижрочилари Учтепа туман бўлимига ижро этиш учун тақдим қилинган.

Ижро хужжати қонунда белгиланган муддатда ижро этилмаганлиги сабабли, "Дилфайз сервис" МЧЖ хўжалик судига Суд департаменти Учтепа туман бўлимига нисбатан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиб, суд ижрочиларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топишни ва суд ижрочисининг зиммасига суд ҳужжатини қонунда белгиланган муддатда ижро этиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанцияси судининг ажрими билан иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан, яъни низо хўжалик судида кўриш учун тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Суднинг ажримига кўра иш юритишни тугатишга Суд ижрочилари Учтепа туман бўлими юридик шахс мақомига эга эмаслиги асос бўлган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида"ги 162-сонли қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади.

ХПК 38-моддасининг биринчи қисмига асосан хўжалик суди даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгарнинг ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.


8. Суд ижрочисининг хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топиш ҳамда у томонидан ижро жараёнида чиқарилган қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризани мазмунан кўриб чиқиш натижаси бўйича суд ажрим эмас, балки ҳал қилув қарори чиқаради.


Хўжалик судининг қарздор "Тўқимачи Боботекс" МЧЖдан ундирувчи "Ўзбекқоғозтаъминот" МЧЖ фойдасига 85 789 335 сўм ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Суд департаменти Яккасарой туман бўлимининг суд ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилиб, унда ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий бажариш учун қарздорга беш кунлик муддат белгиланган.

Суд ижрочисининг қароридан норози бўлиб, қарздор хўжалик судига Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Суд ижрочилари Яккасарой туман бўлимига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатини ноқонуний ҳамда қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан аризани қаноатлантириш рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида"ги 06/196-сонли қарорининг 17-банди мазмунига кўра, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин, шикоят қилиш ФПК ва ХПКнинг 15-бобларида назарда тутилган талабларга риоя қилинган ҳолда ариза (шикоят) бериш йўли билан амалга оширилади, қайд этилган аризалар (шикоятлар) айрим хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш тартибида кўриб чиқилиши керак.

Бундан кўриниб турибдики, биринчи инстанция суди қарздорнинг аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим эмас, балки ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим эди.

Шу боис апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 26 апрелдаги қарори билан биринчи инстанцияси судининг ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.


9. Низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби суд ижрочисининг хатти - харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишга тааллуқли эмас.


"Тошкент озиқ-овқат захираси" давлат корхонаси Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига нисбатан хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, суд ижрочиларининг ҳаракатсизлигини ноқонуний деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан аризачи низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя қилмаганлиги сабабли, ариза кўрмасдан қолдирилган.

Иш ҳужжатларига кўра, "Тошкент озиқ-овқат захираси" давлат корхонаси фойдасига "KARAVELLA KAPITAL SERVIS" МЧЖ дан 8 958 277 сўм, "UMID PAY SERVIS" МЧЖ дан 6 882 300 сўм, "UCHQUNBEK HOJI OTA SAVDO" хусусий корхонасидан 4 475 030 сўм ундириш тўғрисидаги ижро варақалар ижро қилиш учун Суд ижрочилари Чилонзор туман бўлимига юборилган. Лекин ариза берилганга қадар ушбу ижро варақаларнинг ижроси таъминланмаган.

Биринчи инстанция суди аризани низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли кўрмасдан қолдириб нотўғри хулосага келган.

ХПК 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Ижро жараёнида юзага келадиган низолар шартномавий муносабатлардан эмас, балки суд ҳужжатининг ижроси юзасидан вужудга келади. Шу сабабли низони судгача ҳал қилиш тартиби шартномада белгиланган бўлиши мумкин эмас.

Қонун 88-моддасининг биринчи қисмига кўра суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида"ги 06/196-сон қарорининг 17-банди талабига кўра суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд ижрочисининг қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг ижроси бўйича чора кўрмаганлиги ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги судга бериладиган шикоятнинг объекти бўлиши мумкин.

Юқоридагиларга кўра, суд ижрочисининг хатти - ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишдан олдин низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби қонунда ҳам назарда тутилмаган.


10. Суд ижрочисининг хатти - ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан келиб тушган ариза (шикоят) тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда суднинг қарорида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш учун бажарилиши лозим бўлган аниқ ҳаракатлар кўрсатилиши лозим.


"Жаҳон Текстиль Люкс" МЧЖ хўжалик судига Суд департаментинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасига ва Тошлоқ туман бўлимига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, Суд ижрочилари Тошлоқ туман бўлими суд ижрочиларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ғайриқонуний деб топишни ва суд ижрочиларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун хусусий ажрим чиқаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган ва Фарғона вилоят "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмасига нисбатан хусусий ажрим чиқарилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, хўжалик судининг суд буйруғига асосан "Жаҳон Текстиль Люкс" МЧЖ фойдасига "Тошлоқ пахта тозалаш заводи" ОАЖдан 96 255 000 сўм ундирилган, суднинг ижро ҳужжати Суд ижрочилари Тошлоқ туман бўлимига ижро учун тақдим қилинган.

Хўжалик ишида мавжуд бўлган Суд ижрочилари Тошлоқ тумани бўлими катта суд ижрочиси Э. Ботировнинг МЧЖ раҳбарига йўллаган жавоб хатида ушбу ижро ҳужжатини мажбурий ижро қилиш давомида қарздорнинг банклардаги барча ҳисоб рақамларига банд солинганлиги, натижада июнь-июль ойларида ундирувчининг ҳисоб-рақамига жами бўлиб 50 000 000 сўм ўтказиб берилганлиги, бундан ташқари, қарздорнинг 124 592 765 сўмлик мулклари рўйхатга олинганлиги, "Тошлоқ пахта тозалаш заводи" ОАЖнинг бюджет олдида катта қарздорлиги мавжуд бўлганлиги сабабли ундирилган пул маблағлари Қонуннинг 80-моддасига асосан тақсимланаётганлиги кўрсатилган.

Биринчи инстанция суди аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича суд ижрочининг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топган, лекин йўл қўйилган ҳуқуқ бузилиш ҳолатини бартараф этиш учун бажарилиши лозим бўлган аниқ харакатларни кўрсатмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келaдиган айрим масалалар ҳақида"ги 06/196-сон қарорининг 17-банди талабига кўра суд, шикоятни асосли эканлигини аниқласа, хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни, қарорни ноқонуний деб топади ва бекор қилади. Билдирилган талаб асоссиз бўлса, суд уни рад қилади. Келиб тушган ариза (шикоят) тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда суднинг қарорида йўл қўйилган ҳуқуқ бузилиш ҳолатини бартараф этиш учун бажарилиши лозим бўлган аниқ харакатлар кўрсатилиши лозим.

Шунингдек, хусусий ажримда асосан суд ижрочиси томонидан ижро ҳужжатини ижро қилиш учун қонунда белгиланган муддатда чора-кўрилмаганлиги тўғрисида хулоса қилинган бўлсада, уни муҳокама қилиш "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмасига юборилган.


11. Ижро ҳужжати бўйича ундирув қаратилган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) тўғрисида судга даъво ариза берилганда ижро ишини юритиш тўхтатиб турилиши шарт.


"Асака дон маҳсулотлари" ОАЖ хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Суд ижрочилари Асака туман бўлими томонидан 2005 йил 9 августдаги қарздорнинг мол-мулкларини рўйхатга олиш ва хатлаш тўғрисидаги далолатномасидан ишлаб чиқаришга зарур бўлган моддий бойликларни рўйхатдан чиқаришни сўраган.

Суднинг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки қўшимча даъвогар сифатида, шунингдек Суд ижрочилари Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси ишга дахлдор жавобгар сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Андижон вилоят хўжалик судининг 2005 йил 10 майдаги ҳал қилув қарорига кўра "ФАМ" қўшма корхонаси ва қўшимча жавобгар "Асака дон маҳсулотлари" ОАЖдан Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки фойдасига 2 208 461,61 АҚШ доллари миқдорида кредит қарзи ундирилган ва ижро варақаси берилган.

Ижро варақасининг ижросини таъминлаш мақсадида Суд ижрочилари Асака туман бўлими томонидан қўшимча жавобгар "Асака дон маҳсулотлари" ОАЖнинг гаровга қўйилган 108 турдаги мол-мулклари рўйхатга олиниб, хатланган. Бу ҳақда далолатнома тузилган.

Шунга кўра, "Асака дон маҳсулотлари" ОАЖ даъво ариза билан мурожаат қилиб, қарздорнинг мол-мулкларини рўйхатга олиш ва хатлаш тўғрисидаги далолатномасидан ишлаб чиқаришга зарур бўлган моддий бойликларни рўйхатдан чиқаришни ва даъвони таъминлаш чораси сифатида мазкур низо суд томонидан ҳал этилгунга қадар ижро иши юритишни вақтинчалик тўхтатиб туришни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан "Асака дон маҳсулотлари" ОАЖнинг ижро иши юритишни вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризаси муҳокама қилинмаган ҳамда даъвони таъминлаш чоралари кўрмасдан қолдирилган. Ваҳоланки, Қонуннинг 34-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан ижро ҳужжати бўйича ундирув қаратилган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) тўғрисида судга даъво аризаси берилганда ижро иши юритиш суд томонидан тўхтатиб турилиши шарт.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалари ҳақида"ги 06/196-сонли Қарорининг 11-бандида ҳам тушунтириш берилган.

Шунингдек, ХПКнинг 76-моддасига кўра, даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан низони ҳал этаётган хўжалик суди томонидан кўрилиши, аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиши белгиланган.

ХПК 77-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисида даъво тақдим этилган тақдирда уни реализация қилишни тўхтатиб туриш даъвони таъминлаш чораларидан бири сифатида белгиланган.


12. Суд ижрочисининг ноконуний хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган зарар Суд департаменти ҳудудий бошқармасидан ундирилади.


Даъвогар Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш Департаменти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан 3 585 114 сум миқдорида етказилган зарарни ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, хўжалик судининг 2004 йил 31 майдаги ижро варақасига асосан "BARS SAVDO UYI" МЧЖдан ундирувчи Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш Департаменти фойдасига 3 585 114 сум ундирилган. Ижро варақаси Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига 2004 йил 24 июнда ижро этиш учун ундирувчи томонидан топширилган. Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ижро варақасини Яккасарой туман суд ижрочилари бўлимига юборган. Яккасарой туман суд ижрочилари бўлими томонидан эса ижро варақаси Мирзо-Улуғбек туман суд ижрочилари бўлимига юборилган.

Ижро варақаси ижро органига топширилганига 6 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамасдан, у ижро этилмаган.

Ундирувчининг юзага келган ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказишни сўраб Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Яккасарой туман ҳокимияти тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясининг маълумотига кўра, "BARS SAVDO UYI" МЧЖ 2009 йилда давлат реестридан чиқарилган.

Шу сабабли, ижро органининг айби билан қарз суммасини қарздордан ундириш имконияти йўқотилган. Натижада даъвогарга зарар етказилган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва жавобгар Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳисобидан даъвогар фойдасига асосли равишда 3 585 114 сўм зарар суммаси ундирилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан қонун хужжатларига мувофиқ бўлмаган хужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланиши керак.


13. Ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан шикоят қилиниши мумкин.


АТ "Ипак йўли" банки Сағбон филиали бош ишончнома асосида хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Суд ижрочилари Олмазор туман бўлими суд ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан суд ижрочиси томонидан ижро ҳаракатлари қонун нормаларига асосланган ҳолда амалга оширилганлиги сабабли даъво аризани қаноатлантириш рад этилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича Суд ижрочилари Олмазор туман бўлими АТ "Ипак йўли" банки Сағбон филиалига ундирувни қарздорнинг ҳисоб рақамидаги чет эл валютасидаги пул маблағларига қаратиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш учун юборган. Мазкур қарорга асосан суд ижрочисининг иш юритувида ижро иши мавжуд бўлиб, унга кўра қарздор "Геолтехтаъминот" давлат корхонасидан учта хорижий компанияларнинг фойдасига жами 206 363,16 АҚШ долларини ундириш бўйича ижро ҳаракатларини олиб бориш лозим бўлган.

Банк томонидан "Геолтехтаъминот" давлат корхонасининг ижро варақасида кўрсатилган махсус ҳисоб рақамидан пул кўчириш мумкин эмас деган важ билан ижро таъминланмаган. Шундан сўнг АТ "Ипак йўли" банки Сағбон филиали хўжалик судига суд ижрочисининг ижрони қарздорнинг ҳисоб рақамидаги чет эл валютасидаги пул маблағларига қаратиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Бироқ суд ижрочисининг қарорини қабул қилинишига асос бўлган Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан берилган ижро варақасида АТ "Ипак йўли" банки Сағбон филиали ундирувчи ёки қарздор сифатида кўрсатилмаган. Суд эса, бунга эътиборини қаратмасдан, АТ "Ипак йўли" банки Сағбон филиалининг даъво аризасини иш юритувга қабул қилиб, уни мазмунан кўриб чиқиб, ҳал қилув қарори қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 10 апрелдаги "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалари ҳақида"ги 06/196-сонли қарорининг 15-банди бешинчи хатбошисида Қонуннинг 86-1-моддасига асосан, хўжалик суди томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан шикоят берилиши мумкинлиги белгиланган.

Бундай ҳолатда, биринчи инстанция суди суд ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят уни бериш хуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилганлиги сабабли шикоятни рад қилиши лозим эди.


14. Юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинганлиги сабабли бундай аризани қаноатлантириш рад этилганда аризачидан давлат божи ундирилмайди, ариза қаноатлантирилган тақдирда эса - давлат божи жавобгардан давлат бюджетига ундирилади.


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "Асбобсоз" МЧЖдан (қарздор) "Шодлик" МЧЖ (ундирувчи) фойдасига 110 846 117 сўм ундирилган. Хал қилув қарори қонуний кучга киргач суд ижро варақаси берилган ва у ундирувчи томонидан Суд ижрочилари Юнусобод туман бўлимига ижро этиш учун тақдим қилинган.

Бироқ ижро ҳужжати ижрога тақдим қилинганидан сўнг 2 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, суд ижрочиси томонидан суд ҳужжати ижро қилинмаган. Шу боис ундирувчи хўжалик судига Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Суд ижрочилари Юнусобод туман бўлимига нисбатан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиб, суд ижрочиларни хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топишни ва уларнинг зиммасига суд ҳужжатини қонунда белгиланган муддатда ижро этиш вазифасини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза (шикоят) қаноатлантирилиб, Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси суд ижрочиларининг ҳаракатсизлиги ноқонуний деб топилган ҳамда уларнинг зиммасига ижро ҳужжатини амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатда ижро қилиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, жавобгар - Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан республика бюджети (Суд ва адлия органлари ривожлантириш жамғармаси)га 572.000 сўм миқдорида давлат божи ундирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 25-бандига кўра юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Солиқ кодекси 337-моддасининг ўнинчи қисмига биноан даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади.

Ундирувчининг аризаси қаноатлантирилганлиги сабабли биринчи инстанция суди жавобгардан асосли равишда давлат даромадига энг кам иш ҳақининг ўн баробари, яъни 572 000 сўм миқдорида давлат божи ундирган.


15. Суд ижрочисининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда жавобгардан давлат божини тўлаш билан боғлиқ харажатлар аризачи фойдасига ундирилади.


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТЙКдан Тошкент шаҳар молия бошқармаси фойдасига 6 488 738 630 сўм ундирилган. Ҳал қилув қарори асосида ижро варақаси берилган ва у ундирувчи томонидан Суд ижрочилари Миробод туман бўлимига ижро этиш учун тақдим қилинган.

Суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Суд ижрочилари Миробод туман бўлимининг суд ижрочиси томонидан ундирувни қарздорнинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағларига қаратиш тўғрисида қарор чиқарилиб, у ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг Миробод филиалига юборилган. Банк қарздорнинг ҳисоб рақамидан 4 800 000 000 сўмни Суд ижрочилари Миробод туман бўлимининг депозит рақамига ўтказган.

Қарздор хўжалик судига апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ижро иши юритишни иш апелляция босқичида кўрилгунга қадар тўхтатишни сўраган.

Суднинг ажрими билан апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинган ва ижро иши юритиш иш апелляция босқичида кўрилгунга қадар тўхтатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъвонинг пеня ундириш қисмини қаноатлантириш рад этилган ҳамда 6 390 000 000 сўм қарз суммасини тўлаш тарафлар ўртасида келишилган график асосида амалга оширилиши белгиланган.

Апелляция инстанцияси судининг қарорига асосан қарздор Суд ижрочилар Миробод туман бўлимига мурожаат қилиб, депозит рақамидаги 1 554 000 000 сўмни ундирувчига ўтказиб беришни сўраган.

Бироқ қарздорнинг мурожаати оқибатсиз қолдирилган. Шундан сўнг қарздор Тошкент шаҳар хўжалик судига Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Миробод туман бўлимига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, суд ижрочиларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топишни сўраган. Бундай тоифадаги аризалар бўйича аризачи давлат божи тўлашдан озод этилган бўлсада, қарздор ихтиёрий равишда 572 000 сўм миқдорда давлат божи тўлаган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси суд ижрочиларининг ҳаракатсизлиги ноқонуний деб топилган ҳамда улар зиммасига депозит рақамидаги 1 554 000 000 сўмни ундирувчига ўтказиб бериш вазифаси юкланган. Бироқ суднинг ҳал қилув қарорида суд ҳаражатларини тақсимлаш масаласи ҳал этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 25-бандига асосан юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Солиқ кодекси 337-моддасининг ўнинчи қисмига асосан даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади.

Шунингдек, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.





























Время: 0.0239
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск