ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар мобайнида лизинг шартномасидан келиб чиққан низоларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2014 йил 31 декабрь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик судлари томонидан 2013-2014 йиллар

мобайнида лизинг шартномасидан келиб чи??ан

низоларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини

умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТ

31.12.2014 й.



Олий хўжалик судининг 2015 йиллик иш режасига асосан 2013 - 2014 йиллар мобайнида лизинг шартномасидан келиб чи??ан низоларни кўриш билан боғлиқ хўжалик судлари томонидан тақдим этилган (520 та) хўжалик ишлари ва улар юзасидан ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.

Мазкур тоифадаги ишлар хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) ҳамда "Лизинг тўғрисида"ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилмоқда.


1. Лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда лизинг берувчи барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёҳуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этишга ҳақли.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси "UzMashLizing" ШК манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Тешабой ишончи" ФХдан 11 900 978 сўм асосий қарз, 8 335 088 сўм фоиз ва 5 494 007 сўм пеня ундиришни, ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратишни ҳамда лизинг шартномасини бекор қилиб, лизинг объектини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "UzMashLizing" ШК (лизинг берувчи) ва "Тешабой ишончи" ФХ (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра лизинг берувчи "Доминатор-130" русумли бир дона ғалла ўриш комбайнини лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун келгусида сотиб олиш ҳуқуқи билан лизинг олувчига бериши, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиши, шартномада белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.

Шунингдек, лизинг берувчи, лизинг олувчи ва "Навоий Трактор" МЧЖ ўртасида гаров шартномаси тузилган. Унга асосан лизинг шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни таъминлаш мақсадида МЧЖ томонидан "ВТ-150" русумли, 2007 йилда ишлаб чиқарилган занжирли трактор гаровга қўйилган.

Лизинг шартномасининг иловасида кўрсатилган график асосида лизинг тўловлари ҳар 6 (олти) ойда тўланиши белгиланган.

Ушбу шартномага биноан лизинг берувчи томонидан 2010 йил 11 июнда лизинг объекти тегишли тартибда лизинг олувчига топширилган.

Бироқ, лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган тартибда тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ва натижада лизинг берувчи олдидаги жами қарздорлиги 25 730 073 сўмни ташкил этган. Шу сабабли лизинг берувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келган. Чунки, Қонуннинг 11-моддасига кўра, лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёхуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Ушбу модданинг мазмунидан келиб чиқиб, лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси жиддий тарзда бузилган тақдирда, лизинг берувчи бир вақтнинг ўзида ҳам барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни, ҳам етказилган зарарни қоплашни, ҳам шартномани бекор қилиб, лизинг объектини қайтаришни талаб этиш ҳуқуқига эга эмас. Лизинг берувчи ёки барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни талаб қилиши ёки етказилган зарарни ундириб, лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Бундай ҳолатда суд даъво талабининг асосий қарз, фоиз ва пеня ундириш қисмини ёки лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини қайтариш қисмини қаноатлантириши лозим эди.


2. Лизинг шартномаси бекор бўлгандагина, лизинг объектини лизинг олувчидан лизинг берувчига қайтариб олиб беришга йўл қўйилади.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Сулаймонбек" ФХдан 6 668 843 сўм асосий қарз, 3 334 421 сўм пеня ва етказиб берилган бир дона "ТТЗ-80.10" русумли чопиқ тракторини лизинг компаниясига қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, лизинг компанияси фойдасига ФХ ҳисобидан 4 610 483 сўм асосий қарз ва 1 667 120 сўм пеня ундирилган. Даъво талабининг "ТТЗ-80.10" русумли чопиқ тракторини лизинг компаниясига қайтариш ҳақидаги талаби рад этилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган..

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Андижон вилоят филиали (лизинг берувчи) ва "Қундузхон опа" ФХ (лизинг олувчи) ўртасида 2006 йил 24 октябрда лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра лизинг берувчи "ТТЗ-80.10" русумли бир дона чопиқ тракторни лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун келгусида сотиб олиш ҳуқуқи билан лизинг олувчига бериш, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиш, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.

Кейинчалик, 2009 йил 13 январда лизинг берувчи, лизинг олувчи ва "Сулаймонбек" ФХ ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақида шартнома тузилиб, 2006 йил 24 октябрдаги лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари "Сулаймонбек" ФХга ўтган. Мазкур шартномага кўра, "ТТЗ-80.10" русумли бир дона чопиқ трактори техникасини қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида "Сулаймонбек" ФХ қабул қилган. ФХ ушбу техникани қабул қилиб олиш билан бир вақтда шартномада белгиланган миқдорда ва муддатларда тўловни амалга оширишни ўз зиммасига олган.

Бироқ, ФХ томонидан лизинг шартномасида белгиланган муддатда тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, унинг лизинг компанияси олдидаги жами қарздорлиги 10 002 724 сўмни ташкил этган. Шу сабабли даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ишни кўриш жараёнида лизинг берувчи вакиллари судга маълумотнома тақдим этиб, унда ФХ томонидан тўлов қисман, яъни 2 058 000 сўмга амалга оширилганлигини маълум қилган.

Биринчи инстанция суди даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида, яъни даъвонинг асосий қарз ва пеня ундириш ҳақидаги қисмини қисман қаноатлантириб, даъво талабининг етказиб берилган бир дона "ТТЗ-80.10" русумли чопиқ тракторни лизинг берувчига қайтариш қисмини рад этиш ҳақида асосли хулосага келган. Чунки, Қонун 11-моддаси биринчи қисми бешинчи хатбошисининг мазмунидан келиб чиқадики, лизинг берувчи лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга, яъни лизинг берувчи лизинг шартномасини бекор қилишни сўрамаган ҳолда, лизинг объектини талаб қила олмайди.

Даъво аризасида лизинг шартномасини бекор қилиш талаби қўйилмаганлиги боис, суд лизинг объектини қайтариш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этиб тўғри хулосага келган.


3. Лизинг объекти лизинг олувчига ўтган дақиқадан эътиборан у билан боғлиқ юзага келадиган ҳар қандай хавфлар, шу жумладан, унинг тасодифан йўқолиши (нобуд бўлиши) ёки тасодифан бузилиши, шунингдек ўғирланиши, барвақт эскириши, шикастланиши хавфлари лизинг шартномасида назарда тутилган тартибда лизинг олувчига ўтади ва ушбу хавфлар учун лизинг шартномаси амал қиладиган муддат давомида лизинг олувчи жавобгар бўлади.


"Фарҳод-Н" ХК "Техно лизинг" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг шартномасини бекор қилишни ва шартномага асосан тўлаб берилган лизинг тўловларини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Техно лизинг" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "Фарҳод-Н" ХК (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Ушбу шартномада лизинг берувчи МЧЖ 1 дона "Нексия" русумли автомашинани лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган автомашина учун лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган. Шартнома шартлари лизинг берувчи томонидан тўлиқ бажарилиб, автомашина лизинг олувчига топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида топширилган.

Бироқ, бахтсиз ҳодиса рўй бериши натижасида автомашинадан фойдаланиш имконияти йўқотилган. Бахтсиз ходисага сабаб бўлувчи ҳолатнинг юзага келишида лизинг олувчининг айби бўлмаганлиги ва автомашинадан фойдаланиш имконияти умуман қолмаганлиги учун лизинг олувчи судга даъво билан мурожаат қилган.

Қонун 19-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, лизинг объекти билан боғлиқ барча хавфлар, шу жумладан, унинг тасодифан йўқолиши (нобуд бўлиши) ёки тасодифан бузилиши, шунингдек ўғирланиши, барвақт эскириши, шикастланиши хавфлари лизинг шартномасида назарда тутилган тартибда лизинг олувчига ўтади. Хавфлар лизинг олувчига ўтган дақиқадан эътиборан лизинг олувчи лизинг объекти ҳар қандай тарзда йўқотилиши ёки шикастланиши учун лизинг шартномаси амал қиладиган муддат давомида жавобгар бўлади.

Агар хавфлар лизинг берувчидан лизинг олувчига ўтадиган вақт лизинг шартномасида белгиланган бўлмаса, хавфлар лизинг олувчига у лизинг объектини олган дақиқадан эътиборан ўтади.

Шу боис, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда қабул қилинганлиги сабабли уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган.


4. Сотувчи лизинг олувчи томонидан танланган бўлиб, лизинг объекти сотувчининг айби билан лизинг олувчига лизинг шартномасида белгиланган муддатларда етказиб берилмаган ҳолларда, лизинг берувчи лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди.


"Дилмурод" ФХ жавобгар "Гурлан" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг шартномасини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Гурлан" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "Дилмурод" ФХ (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг берувчи 1 дона "ТТЗ-8011" русумли трактор ва 1 дона "VP-1" русумли пуркагични лизингга бериши, лизинг олувчи эса трактор ва пуркагич учун тўловни амалга ошириши белгиланган. Лизинг берувчи лизинг олувчи танлаган сотувчи билан лизинг объектларини сотиб олиш учун олди-сотди шартномасини тузган. Аммо, лизинг объектлари сотувчининг айби билан шартномада белгиланган муддатларда етказиб берилмаган, натижада лизинг олувчи лизинг берувчига нисбатан судга мурожаат қилган.

Қонун 24-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, лизинг берувчи мол-мулкни етказиб бермаганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, етказиб бериш муддатини ўтказиб юборганлик ва тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулкни етказиб берганлик учун, агар бу унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли бўлса, лизинг олувчининг олдида жавобгар бўлади.

Лизинг берувчи лизинг олувчи олдида лизинг объекти юзасидан жавобгар бўлмайди, лизинг объекти сотувчиси ва лизинг объектининг ўзи лизинг берувчи томонидан танланган ва лизинг олувчи шу туфайли зарар кўрганлиги исботланган ҳоллар бундан мустасно.

Мазкур ҳолатда лизинг объектларини ўз вақтида етказиб берилмаслигида лизинг берувчининг айби йўқлиги ва сотувчини лизинг олувчининг ўзи танлаганлиги сабабли, биринчи инстанция суди асосли равишда Қонуннинг 24-моддасига асосан даъвони рад этган.

Шу сабабли, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.


5. ФКнинг 382-моддасига мувофиқ лизинг шартномаси бир тарафлама ўзгартирилиши мумкин эмас. Шу сабабли, шартномада белгиланган тўловлар қиймати бир тарафнинг хоҳиши билан ўзгартирилмайди.


Даъвогар "Мадина" ХК жавобгар "Азал лизинг" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг шартномасида кўрсатилган шартларда лизинг объектини лизинг олувчига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Азал лизинг" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "Мадина" ХК (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг берувчи Кармана шаҳри, Мустақиллик кўчасида жойлашган қахвахона биносини лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган қахвахона биноси учун аванс пулларини тўлаб бериб, қолган тўловларни тўлов графигига асосан амалга ошириб бориши белгиланган.

Лизинг олувчи томонидан аванс пуллари шартномада белгиланган муддатларда тўлаб берилган. Аммо лизинг олувчи тўлов жадвалида белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширишдан бош торган. Чунки лизинг олувчи қахвахонани ишга туширгач, унинг олд фасад қисмини ўзгартирган. Натижада қахвахона фасад қисмини ўзгартириш учун 8 000 000 сўм сарф-харажат қилган ва ушбу сарф-харажатни чегириб, шу миқдордаги лизинг тўловларини тўлашдан бош тортган.

Шартномада кўрсатилган лизинг тўловлари тўлиқ тўлаб берилмаганлиги учун лизинг берувчи лизинг объектини лизинг олувчига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштирмаган.

Шу сабабли, лизинг олувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келишда ФК 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига таянган.

ФК 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

ФКнинг ушбу нормаларидан кўриниб турибдики, шартномани бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномасига ҳеч қандай ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилмаганлиги учун лизинг олувчи шартномада белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширишга мажбур.

Шу сабабли апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асосли хулосага келган.


6. Молиявий ижара объектини сотиб олиш, етказиб бериш ёки белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар молиявий ижара объектининг қийматига қўшилади, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.


"DELTA LEASING" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "GREAT PRODUKT" МЧЖ (лизинг олувчи) ўртасида 2013 йил 11 мартда лизинг шартномаси тузилган. Ушбу шартномага асосан лизинг берувчи томонидан лизинг олувчи танлаган - сотувчи "Elyas Shateri Trading Co." Эрон компаниясидан технологик ускуна сотиб олинган ва ушбу ускуна лизинг олувчига лизинг объекти сифатида топширилган.

Шартноманинг 2.1-бандига кўра сотиб олинган ускуна (лизинг объекти)нинг қиймати 1 827 800 000 сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, шартноманинг 7.2-бандига биноан лизинг объектидан фойдаланганлиги учун лизинг олувчи лизинг берувчига 2 710 992 960 сўм миқдордаги лизинг тўловларни тўлов графигида белгиланган муддатларда тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Лизинг олувчи томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли, 142 225 687 сўм асосий қарз, 118 499 647 сўм фоиз ва 16 362 432 сўм харажатлар суммаси тўланмаган.

Шу боис лизинг берувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг олувчидан ушбу суммаларни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган ва лизинг олувчидан 142 225 687 сўм асосий қарз, 118 499 647 сўм фоиз ҳамда 3 340 010 сўм харажатлар ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 16 362 432 сўм харажатлар суммаси божхона омборхонасида ускуна сақланганлиги, темир йўл ва божхона брокери хизмати, ускунани суғурталаш учун тўланган пул маблағларидан келиб чи??ан.

Қонун 22-моддасининг биринчи қисмига кўра, лизинг тўловлари лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009 йил 24 апрелда 1946-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси 6-сон "Ижара ҳисоби" Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартининг 14-бандига асосан, ижара (лизинг) тўлови бу-тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарачи (лизингга олувчи) томонидан ижарага (лизингга) берувчига тўлаб бериладиган суммаси.

Ушбу 6-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартининг 31-бандига кўра, ижарага берувчи (лизинг берувчи) томонидан амалга оширилган молиявий ижара объектини сотиб олиш, етказиб бериш ёки белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар молиявий ижара объектининг қийматига қўшилади.

Мазкур ҳолатда ускунани Ўзбекистон ҳудудига олиб келиш, уни божхона омборида сақлаш, божхона органларида расмийлаштириш ва суғурталаш билан боғлиқ харажатлар лизинг объектининг қийматига қўшилмаган.

Тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномасининг 2.11.1-бандида лизинг объектининг қийматига киритилмаган ва лизинг берувчи томонидан молиялаштирилган харажатларни лизинг берувчи лизинг объектининг қийматига қўшиш ва лизинг тўловлар графигига ўзгартириш киритиш ёки ушбу харажатларни қоплаб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Биринчи инстанция суди иш кўриш пайтида ушбу ҳолатларни инобатга олмаган ҳолда лизинг берувчи томонидан молиялаштирилган харажатларни тўлиқ ундирмаган. Шу боис апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартириб, даъвони тўлиқ қаноатлантирилган.


7. Агар шартномада лизинг объектини етказиш билан боғлиқ харажатлар ва транспорт ҳаражатлари лизинг тўловлари бўлиб ҳисобланиши назарда тутилган бўлса, лизинг олувчи ушбу харажатларни лизинг тўловлари ичида тўлаб беради.


"Профлизинг" МЧЖ жавобгар "Маржона" МЧЖга нисбатан судга мурожаат қилиб, лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги учун лизинг объектини етказиб бериш ва транспортировка қилиш билан боғлиқ сарфланган 4 000 000 сўм харажатларни ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Профлизинг" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "Маржона" МЧЖ (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг берувчи лизинг олувчига "Ласетти" русумли автомобилни лизингга бериши, "Маржона" МЧЖ эса лизингга олинган автомобиль учун лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган.

Биринчи инстанция суди лизинг объектини етказиб бериш ва транспортировка қилиш билан боғлиқ харажатлар Қонун ҳужжатларида лизинг тўловлари таркибига киритилмаганлигига асосланиб, даъвони қаноатлантирмасдан қолдирган.

Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантирган.

Апелляция инстанцияси суди қарорни қабул қилишда лизинг шартномасининг 4.1-бандига ҳамда ФК 354-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига асосланган. Шартноманинг 4.1-бандида лизинг объектини етказиб бериш ва транспортировка қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам лизинг тўловлари ичига кириши тўғрисида келишув белгиланган.

ФК 354-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин.

Шу сабабли апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.


8. Лизинг муносабатларининг лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмлари ФКнинг олди-сотди ва ижара ҳақидаги умумий қоидалари билан тартибга солинади. ФК 422-моддасининг учинчи қисмига кўра сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно.


"Lizing Bussines" ШК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Орзу" ХКдан 14 000 000 сўм асосий қарз, 9 000 000 сўм фоиз ва 6 000 000 сўм пеня ундиришни ҳамда лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Lizing Bussines"ШК (лизинг берувчи) ва "Орзу" ХК (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра лизинг берувчи "Доминатор-130" русумли бир дона ғалла ўриш комбайнини лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун бериш, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиш, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.

Лизинг шартномасига кўра лизинг тўловлари 110 000 000 сўмни, шу жумладан 90 000 000 сўм лизинг объектининг қиймати, 20 000 000 сўм эса фоизларни ташкил қилган.

Лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилмаган. Яъни, лизинг олувчи томонидан 87 000 000 сўм тўлаб берилган бўлиб, қолган 23 000 000 сўмни тўланмаган. Шу сабабли лизинг берувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ФК 422-моддасининг учинчи қисмига кўра, сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Мазкур ҳолатда лизинг олувчи лизинг объекти учун тўланиши лозим бўлган сумманинг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган қисмини амалга оширган.

Бундай ҳолатда даъво талабининг асосий қарз, фоиз ва пеня ундириш қисми қаноатлантирилиб, даъво талабининг лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини қайтариш қисми рад этилиши лозим эди.


9. Лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда, лизинг олувчи лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва ўзи илгари аванс сифатида тўлаган тўловларни қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


"Нишон" ХК "Lizing Bussines" ШКга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномасини бекор қилиш ва олдиндан тўланган аванс суммасини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Lizing Bussines" ШК (лизинг берувчи) ва "Нишон" ХК (лизинг олувчи) ўртасида 2013 йил 25 ноябрда лизинг шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра лизинг берувчи "ОРПД-12м" русумли қишлоқ хўжалик техникасини келгусида сотиб олиш ҳуқуқи билан ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун лизинг олувчига бериши, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиши, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олган. Лизинг шартномасига асосан лизинг берувчи ва сотувчи ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган. Сотувчи ва лизинг объекти лизинг берувчи томонидан танланган.

Шартноманинг 6.4-бандида шартнома объекти бўлган техника воситаси сотувчи томонидан бевосита лизинг олувчига у турган манзилга етказилиши ва топширилиши белгиланган.

Лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган аванс (бўнак) пуллари ўз вақтида амалга оширилган бўлсада, сотувчи лизинг шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда лизинг объектини лизинг олувчига топширмаган.

Шу сабабли, лизинг олувчи хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишда ФК 592-моддаси ва "Лизинг тўғрисида"ги Қонун 12-моддасининг биринчи қисмига таянган. Чунки ФК 592-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу шартнома объекти бўлган мол-мулк сотувчи томонидан бевосита лизинг олувчига у турган жойда топширилади.

Агар лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулк шу шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилмаган бўлса, оқилона муддатда лизинг олувчига топширилмаган бўлса, лизинг берувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар туфайли муддат ўтказиб юборилган тақдирда, лизинг олувчи шартномани бекор қилишни ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

"Лизинг тўғрисида"ги Қонун 12-моддасининг биринчи қисмига биноан лизинг олувчи лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, лизинг шартномасининг бекор қилинишини талаб этиш, лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, ўзи илгари аванс сифатида тўлаган тўловларни лизинг объектидан фойдаланишдан олинган фойданинг қийматини чегириб ташлаган ҳолда, қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳолатда, апелляция инстанцияси суди сотувчи лизинг берувчи томонидан танланганлиги ва лизинг объекти ўз вақтида лизинг олувчига топширилмаганлигида лизинг берувчини ҳам айбдор деб ҳисоблаб, юқоридаги қонун ҳужжатларига таянган ҳолда даъвони қаноатлантиришни лозим топган.


10. Лизинг олувчи томонидан шартномада белгиланган лизинг тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, лизинг берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилганда, лизинг олувчи ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўланмаган лизинг тўловларини тўлиқ тўлаб берса, суд шартномани муддатидан олдин бекор қилмасдан, балки низо бартараф этилганлиги учун даъвони қаноатлантиришни рад этиши лозим.


Даъвогар "Барлос лизинг" МЧЖ жавобгар "Дунё-М" хусусий корхонасига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, лизинг шартномасини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришни рад этган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Барлос лизинг" МЧЖ (лизинг берувчи) ва "Дунё-М" ХК (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра лизинг берувчи 2 дона "Дамас" русумли автомобилни лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган автомобиллар учун аванс пулларини тўлаб бериб, қолган тўловларни тўлов графигига асосан амалга ошириб бориши белгиланган.

Лизинг олувчи томонидан аванс пуллари шартномада белгиланган муддатларда тўлаб берилган бўлсада, тўлов жадвалида белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Натижада даъвогар жавобгарга талабнома билан мурожаат қилиб, тўланмай келинаётган лизинг тўловларини амалга оширишни сўраган.

Қонун 11-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошига кўра, лизинг берувчи лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёхуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Даъвогарнинг даъво аризаси судда кўриб чиқилаётганда, жавобгар барча лизинг тўловларини даъвогарга тўлаб берган.

Биринчи инстанция суди жавобгар даъвогарга тўлаб берилиши лозим бўлган барча лизинг тўловларини тўлаб берганлигини инобатга олиб, Қонун 11-моддасининг биринчи қисмини қўллашни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаб, асосли равишда даъвони қаноатлантиришни рад этган. Чунки даъвогарнинг талаби лизинг тўловлари тўлаб берилмаганлигидан келиб чи??ан. Жавобгар эса, тўлаб берилиши лозим бўлган лизинг тўловларини даъвогарга тўлаб бериб, низоли ҳолатни бартараф этган.

Шу боис, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.


11. Лизинг шартномасининг объекти кўчмас мулк бўлганда, бундай шартнома албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Акс ҳолда шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартнома ҳисобланади. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ манфаатида жавобгар "Игама-Аю" МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2010 йил 19 ноябрдаги лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ва 547 824 248 сўм лизинг тўловлари бўйича асосий қарзни, 89 690 452 сўм лизинг фоизларини, жами 637 544 700 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Қишлоқ қурилиш банк" ОАТБ Марғилон филиали (лизинг берувчи) ва "Игама-Аю" МЧЖ (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Шартноманинг 1.2-бандига кўра лизинг берувчи томонидан Фарғона шаҳри, Қошғар кўчаси, 1-уйда жойлашган бино ва иншоотлар (тўйхона зали, овқатланиш хоналари, ёрдамчи ва хўжалик бинолари), шунингдек ушбу бино ичидаги жиҳозларни лизинг олувчига лизингга берилиши, лизинг олувчи томонидан эса бино ва иншоатлар ҳамда бино ичидаги жиҳозлар учун шартномада белгиланган лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган.

Лизинг олувчи шартнома шартларини жиддий тарзда бузган ҳолда, унда белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаган. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси лизинг берувчи манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ва лизинг тўловларини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган. Даъвогар даъвонинг 637 544 700 сўм лизинг тўловларини ундириш қисмидан воз кечганганлиги сабабли, суд даъводан воз кечишни қабул қилиб, даъво талабининг бу қисми бўйича иш юритишни тугатган.

Суд лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида нотўғри хулосага келган. Суд лизинг шартномаси 5 йил муддатга тузилган бўлиб, ишда у давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги далиллар мавжуд эмаслигига эътибор бермаган.

Ваҳоланки, Қонун 7-моддасининг иккинчи қисмига кўра, давлат органларида рўйхатдан ўтказилиши талаб этиладиган лизинг объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лизинг берувчининг ёки лизинг олувчининг номига расмийлаштирилади.

ФК 84-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни, рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт.

ФК 111-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

ФК 539-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

ФК 112-моддасининг биринчи қисмига биноан битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Лизинг шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги ва шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартнома ҳисобланганлиги сабабли, суд даъво талабининг шартномани муддатидан олдин бекор қилиш қисмини рад этиши лозим эди.


12. Лизинг шартномаси бажарилишининг таъминоти сифатида кафиллик шартномаси тузилган бўлиб, лизинг олувчи шартномада белгиланган ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганда, лизинг берувчи вужудга келган қарздорликни ва ҳисобланган неустойкани солидар тартибда ундириш тўғрисида талаб билан мурожаат қилса, суд қарздорлик ва неустойкани лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундиради.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси "Ўзмашлизинг" ШК (лизинг берувчи) манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ (лизинг олувчи) ва "Чуст Автотеххизмат-Н" (кафил) МЧЖдан солидар тартибда 71 973 200 сўм лизинг тўловлари ва 12 091 497 сўм пеня ундиришни сўраган.

"Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖ иш кўрилиши жараёнида қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2011 йил 8 апрелдаги 11/030, 11/031-сонли, ва 2012 йил 29 майдаги 12/083-сонли кафиллик шартномаларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Ўзмашлизинг" ШК фойдасига "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ва "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖ ҳисобидан солидар тартибда 49 658 220 сўм лизинг тўловлари ва 3 000 000 сўм пеня ундирилган. Шунингдек, республика бюджетига "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ва "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖ ҳисобидан солидар тартибда 840 647 сўм давлат божи ундирилган. "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖнинг қарши даъвосини қаноатлантириш рад этилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўзмашлизинг" ШК ва "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ўртасида 2011 йил 1 апрелда 11/07-016, 11/07-017, 11/07-018, 11-07-019 ва 2012 йил 15 майда 12/07-023-сонли лизинг шартномалари тузилган. Ушбу шартномаларга кўра, "Ўзмашлизинг" ШК "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖга 5 дона "Доминатор-130" русумли ғалла ўрадиган комбайнларни лизингга берган. Барча лизинг шартномалари шартлари бажарилишининг таъминоти сифатида "Ўзмашлизинг" ШК, "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ва "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖ ўртасида 2011 йил 8 апрелда 11/030, 11/031, 11/032, 11/033 ва 2012 йил 29 майда 12/083-сонли кафиллик шартномалари тузилган.

Биринчи инстанция суди қарздорлик қисман тўлаб берилганлигидан келиб чиқиб, асосли равишда лизинг олувчи "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ва кафил "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖдан 49 658 220 сўм лизинг тўловлари ва 3 000 000 сўм пеняни солидар тартибда ундириш ва қарши даъвода билдирилган талаблар асослаб берилмаганлиги учун уни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган. Чунки лизинг олувчи ва кафил ўртасида тузилган барча (5 та) кафиллик шартномаларининг 1.1-бандида лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил лизинг берувчи олдида лизинг олувчи билан биргаликда солидар жавобгарликни ўз зиммасига олиши белгиланган.

Бундан ташқари, даъво аризасида ундирилиши сўралаётган асосий қарз ва пеня тўлиқ тарзда лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундириш сўралган.

ФК 293-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Аммо апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартириб, қарорда асоссиз равишда кафил фақат 3 та кафиллик шартномаси бўйича солидар жавобгар ҳисобланишини кўрсатиб, даъвогар фойдасига "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ва "Чуст Автотеххизмат-Н" МЧЖ ҳисобидан 29 937 240 сўм лизинг тўловлари ва 1 800 000 сўм пеня солидар тартибда ундирган бўлса, "Чуст Агротехсервис МТП" МЧЖ ҳисобидан даъвогар фойдасига 19 720 979 сўм лизинг тўловлари ва 1 200 000 сўм пеня ундиришни лозим топган.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда қабул қилинганлиги учун ўзгаришсиз қолдириши лозим эди.


13. Лизинг тўловларини лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундириш тўғрисида талаб қўйилганда, қарздорликни ихтиёрий тўлаш тўғрисидаги талабнома лизинг олувчидан ташқари кафилга ҳам юборилган бўлиши лозим (агар кафиллик шартномасида талабнома юбориш назарда тутилган бўлса). Акс ҳолда, кафилга нисбатан даъво кўрмасдан қолдирилади.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар "Вобкент агротехсервис МТП" МЧЖ ва кафил "Сарипул" МЧЖдан 84 113 343 сўм лизинг тўлови ва 15 131 702 сўм пеня, жами 99 245 045 сўмни солидар тартибда ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Бухоро вилоят филиали (лизинг берувчи) ва "Вобкент агротехсервис МТП" МЧЖ (лизинг олувчи) ўртасида 2011 йил 27 майда ва 2011 йил 4 августда лизинг шартномалари тузилган. Мазкур шартномаларга кўра, лизинг берувчи 1 дона "Tucano-430" русумли ғалла ўриш комбайини ва 1 дона "AXION-850" русумли тракторни лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган техника воситалари учун шартномада белгиланган лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган.

Лизинг шартномаларида белгиланган мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида 2011 йил 27 майда кафиллик шартномаси тузилган. Ушбу шартномаларга асосан лизинг олувчи ўз мажбуриятларини бажармаганда, кафил "Сарипул" МЧЖ лизинг олувчининг мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олган. Ушбу шартноманинг 2.2.1-бандида лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда, лизинг берувчи кафилга лизинг олувчининг мажбуриятларини бажариш тўғрисида ёзма талабнома юбориши шартлиги белгиланган.

Лизинг олувчи лизинг шартномасида белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлиги сабабли, лизинг тўловларидан 84 113 343 сўм қарз бўлиб қолган. Лизинг тўловлари шартномада белгиланган муддатларда амалга оширилмаганлиги учун 15 131 702 сўм пеня ҳисобланган. Лизинг берувчи лизинг олувчига талабнома юбориб, лизинг тўловлари ва ҳисобланган пеняни ихтиёрий тўлаб беришни сўраган. Аммо, талабнома лизинг олувчи томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси лизинг берувчи манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, лизинг тўловлари ва пеняни лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириб, лизинг олувчидан жами 86 385 599 лизинг тўловлари, пеня ва почта харажатларини ундирган. Кафил "Сарипул" МЧЖга нисбатан даъво кўрмасдан қолдирилган.

Суднинг бундай хулосага келишига кафиллик шартномасида лизинг олувчи лизинг шартномасида белгиланган ўз мажбуриятларини бажармаганда, лизинг берувчи лизинг олувчининг мажбуриятларини бажариш тўғрисида кафилга талабнома юбориши белгилаб қўйилган бўлсада, кафиллик шартномасининг ушбу шартлари бажарилмаганлиги асос бўлган.

ХПК 88-моддасининг 5-бандига асосан даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган, бу эса шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради.


14. Лизинг олувчи ва банкрот деб топилган кафилга нисбатан лизинг берувчи томонидан ёки унинг манфаатида қарздорликни солидар тартибда ундиришни сўраб даъво берилганда, даъвонинг кафилга нисбатан қисми бўйича ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилади.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК манфаатида жавобгар "Олимжон" ФХ ва "Зайнаб" ХКга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлардан 1 373 300 сўм лизинг тўловларини, 604 252 сўм пеняни ундиришни ва лизинг шартномасини бекор қилиб, лизинг объектини қайтаришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Навоий вилоят филиали (лизинг берувчи) ва "Олимжон" фермер хўжалиги (лизинг олувчи) ўртасида 2007 йил 17 январда лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг берувчи 1 дона ТТЗ-8010 русумли тракторни лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган трактор учун шартномада белгиланган лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган. Лизинг шартномасида белгиланган мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида 2007 йил 13 февралда кафиллик шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан лизинг олувчи ўз мажбуриятларини бажармаганда, кафил "Зайнаб" хусусий корхонаси лизинг олувчининг мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олган.

Лизинг олувчи шартномада белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармасдан лизинг тўловларидан 1 373 300 сўм қарз бўлиб қолган. Лизинг тўловлари шартномада белгиланган муддатларда амалга оширмаганлиги учун 604 252 сўм пеня ҳисобланган. Лизинг берувчи лизинг олувчига талабнома юбориб, лизинг тўловлари ва ҳисобланган пеняни ихтиёрий тўлаб беришни сўраган. Аммо, талабнома лизинг олувчи томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси лизинг берувчи манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириб, тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномасини бекор қилган ва лизинг объекти даъвогарга қайтарилган. Иш кўрилиши жараёнида лизинг тўловлари бўйича қарз қисман, яъни 500 000 сўмга тўлаб берилганлиги инобатга олиниб, лизинг тўловлари 873 300 сўмга ва пеня 181 275 сўмга қаноатлантирилган. Кафилга нисбатан иш юритиш тугатилган.

Биринчи инстанция суди Қонун 11-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига зид равишда лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиб, лизинг объектини даъвогарга қайтариш билан бир пайтда асосий қарз ва пеняни ҳам қисман ундириб хатоликка йўл қўйган. Аммо, кафилга нисбатан иш юритишни тугатиб тўғри хулосага келган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 27 январдаги "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 6-бандига кўра, Қонуннинг 10-моддасига асосан хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритиш учун қабул қилиб олган пайтдан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қондириш мақсадида якка тартибда мурожаат этишга ҳақли эмас. Агар банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилгандан кейин қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза берилгунга қадар пайдо бўлган қарзни ундириш ҳақида кредитордан хўжалик судига даъво аризаси тушган бўлса, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ даъво аризасини қабул қилиш рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолатлар даъво ариза (ариза) иш юритувга қабул қилингандан кейин аниқланса, у ҳолда ХПКнинг 86-моддаси 1-бандига асосан иш бўйича иш юритиш тугатилади.


15. Суд ХПК 38-моддасининг биринчи қисмига асосан дастлабки даъвогарни ишга дахлдор даъвогар билан алмаштирса, дастлабки даъвогар ишда иштирок этувчи шахслар доирасидан чиқиб кетади ва унга нисбатан иш юритишни тугатиш зарурати қолмайди.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АЛК Бухоро вилоят филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар "Зар Муҳаммад Нигор" ФХдан 34 963 540 сўм асосий қарз, 15 858 342 сўм пеня, жами 50 821 882 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АЛК Бухоро вилоят филиали (лизинг берувчи) ва "Зар Муҳаммад Нигор" фермер хўжалиги (лизинг олувчи) ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг берувчи 1 дона "МХМ-140" русумли тракторни лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган техника воситаси учун шартномада белгиланган лизинг тўловларини амалга ошириши белгиланган.

Лизинг олувчи лизинг шартномасида белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлиги сабабли лизинг тўловларидан 34 963 540 сўм қарз вужудга келган. Лизинг тўловлари шартномада белгиланган муддатларда амалга оширилмаганлиги учун 15 858 342 сўм пеня ҳисобланган.

Лизинг берувчи лизинг олувчига талабнома юбориб, лизинг тўловлари ва ҳисобланган пеняни ихтиёрий тўлаб беришни сўраган. Бироқ, талабнома оқибатсиз қолдирилган.

Шу сабабли, даъвогар "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Бухоро вилоят филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан ХПКнинг 38-моддасига асосан "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Бухоро вилоят филиали "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АКга алмаштирилган.

Суд даъвони қисман қаноатлантириб, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Бухоро вилоят филиалига нисбатан иш юритишни тугатган.

Ваҳоланки, суднинг ажрими билан даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган дахлдор даъвогар билан алмаштирилган. Суднинг бундай ажрим чиқарганлигининг ўзи филиални ишда иштирок этувчи шахслар доирасидан чиқиб кетишига олиб келади. Шу сабабли, ҳал қилув қарори билан "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Бухоро вилоят филиалига нисбатан иш юритишни тугатилишига ҳожат қолмайди.


16. ХПКнинг 92-моддасига асосан мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси шу мол-мулкнинг қийматига қараб аниқланади.


"Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК (лизинг берувчи) ва "Қишлоқхўжаликкимё" ҲАЖ Муборак филиали (лизинг олувчи) ўртасида 2012 йил 28 февралда 12/05-5-244-сонли лизинг шартномаси тузилган ва унга кўра лизинг берувчи лизинг олувчига 7 дона қиймати 311 851 841 сўмлик "ТТЗ-80.11" русумли техника (трактор)ни 7 йил муддатга 371 484 190 сўмлик лизинг тўловларни жадвал асосида тўлаш шарти билан лизингга берган.

Шунингдек, тарафлар ўртасида 2012 йил 28 февралда 12/05-5-245-сонли лизинг шартномаси тузилган ва унга кўра лизинг берувчи лизинг олувчига 1 дона қиймати 42 641 045 сўмлик "ТТЗ-80.10" русумли техника (трактор)ни 7 йил муддатга 50 782 533 сўмлик лизинг тўловларни жадвал асосида тўлаш шарти билан лизингга берган.

Бироқ, лизинг олувчи томонидан ўз мажбурияти лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли 87 467 000 сўм миқдордаги лизинг тўловлари суммаси тўланмасдан қолган.

Шу боис Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси лизинг берувчи манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномаларини бекор қилиш ва лизинг объекти бўлган 8 дона тракторларни лизинг берувчига қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач суднинг ижро варақаси берилган.

Ижро жараёнида тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва унда лизинг олувчи томонидан лизинг шартномалари бўйича 206 000 000 сўм миқдорда лизинг тўловлари тўланганлиги боис, лизинг берувчи даъвосидан воз кечиши, лизинг олувчи эса лизинг тўловларини шартномада белгиланган тўлов графиги асосида тўлаб бориш мажбуриятини олиши, лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, лизинг берувчи лизинг шартномаларини бир томонлама бекор қилиш ва лизинг объектини қайтариб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши белгиланган.

Лизинг олувчи судга ариза билан мурожаат қилиб, ушбу келишув битимини тасдиқлаб беришни сўраган.

Суднинг ажрими билан келишув битимини тасдиқлаш рад этилган ва бунга асос қилиб келишув битими шартли тузилганлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, ажримнинг хулоса қисмида ушбу ажрим устидан шикоят қилиниши мумкинлиги кўрсатилган.

Суд ишни кўришда процессуал хатоликка йўл қўйган.

Хусусан, даъвогарнинг талаби иккитадан иборат бўлиб, биринчиси- номулкий тусга эга, иккинчиси эса мулкий тусга эгадир. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига биноан номулкий талаб учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, мулкий талаблар учун - даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида давлат божи тўланади. Мазкур холатда шартномаларни бекор қилиш талаби учун ҳар бир шартнома бўйича энг кам иш ҳакининг 10 баробари миқдорида, яъни 1 922 100 сўм (96 105 х 10 х 2) ва қиймати 354 492 886 сўмлик 8 дона лизинг объекти бўлган тракторларни қайтариш ҳақидаги талаб учун 3 544 929 сўм (354 492 886 х 1%), жами 5 467 029 сўм миқдорда давлат божи ундирилиши лозим эди. Бироқ биринчи инстанция суди давлат божини фақат даъвонинг номулкий талабидан келиб чиқиб ундирган.

Бундан ташқари, ХПК 172-моддасининг биринчи қисмига кўра хўжалик судининг ажримлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

ХПКда келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги назарда тутилмаган.


17. Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномалари бекор қилинганда, бекор қилинган шартномалар бўйича тарафларнинг мажбуриятлари сақланиб қолиши ҳақидаги келишув битими ноқонуний ҳисобланади ва у тасдиқланмайди.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК (лизинг берувчи) манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Малика Холмамат қизи" ФХ (лизинг олувчи) дан 9 601 000 сўм асосий қарз ва 3 650 000 сўм пеня ундиришни ҳамда лизинг шартномасини бекор қилиб, лизинг объектларини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан лизинг шартномаси бекор қилинган, "ТТЗ-80.11" ва "ТТЗ-80.10" русумли тракторлари лизинг компаниясига қайтарилиб, лизинг компанияси фойдасига ФХ ҳисобидан 9 601 000 сўм асосий қарз ва 438 000 сўм пеня ундирилган. Даъво талабининг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" АК Қашқадарё вилоят филиали ва "Малика Холмамат қизи"ФХ ўртасида 2005 йил 22 ноябрда ва 2010 йил 2 мартда лизинг шартномалари тузилган. Мазкур шартномаларга кўра лизинг берувчи "ТТЗ-80.11" ва "ТТЗ-80.10" русумли тракторларни лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун келгусида сотиб олиш ҳуқуқи билан лизинг олувчига бериш, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиш, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.

Ушбу шартномалар шартларига кўра лизинг берувчи томонидан қабул қилиш ва топшириш далолатномасига асосан "ТТЗ-80.11" ва "ТТЗ-80.10" русумли тракторлар лизинг олувчига топширилган.

Бироқ лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган муддатда тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги натижасида лизинг олувчининг лизинг берувчи олдидаги жами қарздорлиги 13 251 000 сўмни ташкил этган. Шу сабабли даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъвонинг асосий қарз қисмини 9 601 000 сўмга, ФХнинг иқтисодий аҳволини инобатга олиб, талаб қилинган 3 650 000 сўм пеняни 438 000 сўмга қаноатлантириш, даъво талабининг лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектларини қайтариш қисми қаноатлантирилган.

Кейинчалик, лизинг олувчи судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб беришни сўраган.

Суднинг ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланиб, хўжалик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Келишув битимига кўра, тарафлар шартномавий мажбуриятларни бажаришни давом эттириш, лизинг олувчи томонидан мажбуриятлар тегишли равишда бажарилмаган тақдирда, лизинг берувчи кейинчалик шартномаларни бир томонлама бекор қилиш ва лизинг объектларини қайтариб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишига келишилган.

ФКнинг 385-моддасига кўра, шартнома бекор қилинганида тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади. Шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса - суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талабининг тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномалари бекор қилинган ва ушбу ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган. Шу боис, ушбу шартномалар бўйича мажбуриятлар ҳам бекор бўлган. Шунинг учун мажбуриятлар сақланиб қолиниши ҳақидаги келишув ноқонуний ҳисобланади.

Бундан ташқари, тарафлар ўртасида тузилган келишув битими шартли равишда тузилган. Яъни, келишув битимининг 3.1-бандига кўра фермер хўжалиги томонидан лизинг шартномаларда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, лизинг берувчи фермер хўжалиги билан лизинг шартномаси бир томонли бекор қилиш ва лизинг объектларини қайтариб олиш ҳуқуқини лизинг компанияси ўзида сақлаб қолишига келишилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги "Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида"ги 204-сон қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисига кўра, шартли тузилган келишув битимини тасдиқлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шу боис, биринчи инстанция суди томонидан тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб, хўжалик иши бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келган.


Суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича қуйидаги тавсиялар берилади.

Хўжалик судлари судьялари:

лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда лизинг берувчи барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёҳуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этишга ҳақлилигига;

лизинг шартномаси бекор бўлгандагина, лизинг объектини лизинг олувчидан лизинг берувчига қайтариб олиб беришга йўл қўйилишига;

лизинг объекти лизинг олувчига ўтган дақиқадан эътиборан у билан боғлиқ юзага келадиган ҳар қандай хавфлар, шу жумладан, унинг тасодифан йўқолиши (нобуд бўлиши) ёки тасодифан бузилиши, шунингдек ўғирланиши, барвақт эскириши, шикастланиши хавфлари лизинг шартномасида назарда тутилган тартибда лизинг олувчига ўтишига ва ушбу хавфлар учун лизинг шартномаси амал қиладиган муддат давомида лизинг олувчи жавобгар бўлишига;

сотувчи лизинг олувчи томонидан танланган бўлиб, лизинг объекти сотувчининг айби билан лизинг олувчига лизинг шартномасида белгиланган муддатларда етказиб берилмаган ҳолларда, лизинг берувчи лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмаслигига;

ФКнинг 382-моддасига мувофиқ лизинг шартномаси бир тарафлама ўзгартирилиши мумкин эмас. Шу сабабли, шартномада белгиланган тўловлар қиймати бир тарафнинг хоҳиши билан ўзгартирилмаслигига;

молиявий ижара объектини сотиб олиш, етказиб бериш ёки белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар молиявий ижара объектининг қийматига қўшилишига, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса;

агар шартномада лизинг объектини етказиш билан боғлиқ харажатлар ва транспорт ҳаражатлари лизинг тўловлари бўлиб ҳисобланиши назарда тутилган бўлса, лизинг олувчи ушбу харажатларни лизинг тўловлари ичида тўлаб берилишига;

лизинг муносабатларининг лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмлари ФКнинг олди-сотди ва ижара ҳақидаги умумий қоидалари билан тартибга солинади. ФК 422-моддасининг учинчи қисмига кўра сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустаснолигига;

лизинг объекти етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ёки сифати талаб даражасида бўлмаган лизинг объекти етказиб берилган тақдирда, лизинг олувчи лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва ўзи илгари аванс сифатида тўлаган тўловларни қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалигига;

лизинг олувчи томонидан шартномада белгиланган лизинг тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, лизинг берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилганда, лизинг олувчи ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўланмаган лизинг тўловларини тўлиқ тўлаб берса, суд шартномани муддатидан олдин бекор қилмасдан, балки низо бартараф этилганлиги учун даъвони қаноатлантиришни рад этиши лозимлигига;

лизинг шартномасининг объекти кўчмас мулк бўлганда, бундай шартнома албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Акс ҳолда шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартнома ҳисобланади. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилишига;

лизинг шартномаси бажарилишининг таъминоти сифатида кафиллик шартномаси тузилган бўлиб, лизинг олувчи шартномада белгиланган ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганда, лизинг берувчи вужудга келган қарздорликни ва ҳисобланган неустойкани солидар тартибда ундириш тўғрисида талаб билан мурожаат қилса, суд қарздорлик ва неустойкани лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундиришига;

лизинг тўловларини лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда ундириш тўғрисида талаб қўйилганда, қарздорликни ихтиёрий тўлаш тўғрисидаги талабнома лизинг олувчидан ташқари кафилга ҳам юборилган бўлиши лозим (агар кафиллик шартномасида талабнома юбориш назарда тутилган бўлса). Акс ҳолда, кафилга нисбатан даъво кўрмасдан қолдирилишига;

лизинг олувчи ва банкрот деб топилган кафилга нисбатан лизинг берувчи томонидан ёки унинг манфаатида қарздорликни солидар тартибда ундиришни сўраб даъво берилганда, даъвонинг кафилга нисбатан қисми бўйича ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилишига;

суд ХПК 38-моддасининг биринчи қисмига асосан дастлабки даъвогарни ишга дахлдор даъвогар билан алмаштирса, дастлабки даъвогар ишда иштирок этувчи шахслар доирасидан чиқиб кетишига ва унга нисбатан иш юритишни тугатиш зарурати қолмаслигига;

ХПКнинг 92-моддасига асосан мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси шу мол-мулкнинг қийматига қараб аниқланишига;

қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномалари бекор қилинганда, бекор қилинган шартномалар бўйича тарафларнинг мажбуриятлари сақланиб қолиши ҳақидаги келишув битими ноқонуний ҳисобланишига ва у тасдиқланмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.


































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск