язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бошқарув/ Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.09.2016 й. 321-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 22 сентябрдаги

321-сон қарорига

1-ИЛОВА



Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида

фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини (кейинги ўринларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида давлат, идоравий, ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган, шунингдек экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассислари (кейинги ўринларда ходимлар деб аталади) ўз касбий даражаси ва малакасини оширадилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

ходимларнинг касбий ва малака даражасини мунтазам ошириш асосида қонунчилик нормалари, назарий, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш;

юқори самарали замонавий ва инновация технологияларини, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш услубларини янгилаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қайта тайёрлаш - ходимларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритиши учун зарур ва етарли бўлган ҳажмдаги касбий билимлар, кўникмалар ва тажрибаларни ўзлаштиришига кўмаклашувчи таълим тури.


малака ошириш - ходимларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги касбий билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини ошириш бўйича таълим тури.


қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари - ходимларга давлат таълим талабларига мувофиқ таълим беришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли бўлиб, улар ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ ташкил этилади;


тингловчи - қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим олиш учун жалб этилган ва белгиланган тартибда тингловчилар сафига қабул қилинган ходимлар;


буюртмачи - давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ташкилотлар.


4. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) ҳузуридаги Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) амалга оширилади.


5. Ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш буюртмачининг буюртманомасига биноан, ўзаро шартнома асосида, мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ходимлар, улар фаолият юритаётган ташкилотнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, Марказда даврий равишда малака ошириш курсларидан ўтадилар.


6. Давлат экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган давлат органларининг ҳузурида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилган бўлса, уларнинг ходимлари ушбу таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим олиши мумкин.


7. Қайта тайёрлаш курсларидан:

Қўмита бўйича - захирада бўлган ва биринчи марта Қўмита катта давлат инспекторлари ва давлат инспекторлари, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари, катта давлат инспекторлари ва давлат инспекторлари, Қўмита таркибидаги инспекцияларнинг катта давлат инспекторлари ва давлат инспекторлари лавозимларига, шунингдек Қўмита тизимидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи лавозимларга биринчи марта тавсия этилган шахслар;

давлат экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган давлат органлари бўйича - қонун ҳужжатларига биноан давлат экологик назоратини амалга ошириш ваколати берилган мансабдор шахс лавозимига захирада бўлган ва биринчи марта мазкур лавозимга, биринчи марта ишга қабул қилинган шахслар ўтади.


8. Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширувчи шахслар ва мазкур Низомда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан мажбурий равишда ўтиши назарда тутилмаган бошқа шахслар Марказда ташкил этилаётган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида шартнома асосида, ихтиёрий равишда таълим олишлари мумкин.



2-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

КУРСЛАРИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


9. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятини юқори даражада таъминлаш, тингловчиларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини мунтазам равишда ошириб бориш қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг мақсади ҳисобланади.


10. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

тингловчиларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун касбий тайёргарликни зарур даражада таъминлаш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва бевосита шаклларини амалиётга жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан уйғунлигини таъминлаш, тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш.



3-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

КУРСЛАРИДАН ЎТИШ ТАРТИБИ


11. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тегишли йўналишлар бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларни сифатли ўқитиш учун Марказнинг моддий-техника базасини, ўқув курсларининг фаолиятини ушбу Низомда белгиланган тартибда молиялаштириш асосида ташкил этилади.

Тингловчилар Марказ ва буюртмачилар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, тўлов асосида ўқитилади.

Қўмита ходимлари Марказда ташкил этиладиган малака ошириш курсларида текин, қайта тайёрлаш курсларида эса тўлов эвазига ўқитилади.


12. Марказ тақдим этилган буюртманомалар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим олиш учун белгиланган йўналишлар бўйича тингловчилар контингентини шакллантиради ҳамда тасдиқланган ўқиш жадвалини буюртмачиларга етказади.

Буюртмачилар Марказ томонидан юборилган ўқиш жадвалини қабул қилганларидан сўнг ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда Марказга қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборади.

Буюртмачилар ходимни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборишдан аввал Марказ билан тузилган шартномага асосан таълим олиш учун белгиланган тўлов суммасини тўлаши шарт.


13. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитиш Марказ томонидан Қўмита билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича ишдан ажралган ҳолда амалга оширилади.


14. Тингловчилар ўқув курсларини якунлаганларидан сўнг Марказда ташкил этилган аттестация синовларидан ўтадилар.

Аттестация синовлари ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартиб асосида, Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.

Аттестация комиссияси таркибига Қўмита марказий аппаратининг раҳбар ходимлари, шунингдек келишувга кўра, экологик назоратни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, илмий ва олий таълим муассасалари вакиллари киритилади.


15. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш бошлангандан сўнг беш кун мобайнида Марказга етиб келмаган тингловчилар, сабабларидан қатъи назар, курсларга қўйилмайди.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига узрли сабабларга кўра етиб кела олмаган ходимлар, кейин ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтадилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига узрли сабабларсиз келмаган ходимлар, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтмаган ҳисобланади, уларга ушбу Низомда белгиланган диплом ва сертификатлар берилмайди ҳамда буюртмачилар томонидан тўланган тўлов суммалари қайтарилмайди.


16. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил олаётган тингловчиларнинг доимий иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.



4-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

КУРСЛАРИ ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


17. Қуйидагилар қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:

Марказнинг ташкилий ва бошқарув фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил олиши керак бўлган тингловчилар контингентини шакллантириш;

ўқув режалари ва дастурларини ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш учун тўлов миқдорини тасдиқлаш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишни такомиллаштириш механизми ва усулларини белгилаш;

Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўриш.


18. Марказ томонидан ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган вазифаларга мувофиқ, қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ходимларни ўқитиш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган ўқув режалари ва дастурларини қўллаб, ўқув жараёнини ташкил этади;

назарий ўқишни бошқарув фаолияти амалиёти билан мустаҳкам боғлаш мақсадида Қўмитанинг тегишли таркибий бўлинмаларида, давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда амалиёт ишларининг ташкил этилишини таъминлайди;

ривожланган давлатларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ютуқларини таҳлил қилади, тингловчиларга ушбу тажрибаларни республиканинг иқтисодиёт тармоқларида жорий этиш юзасидан маълумотлар беради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёнини, ушбу курслар битирувчиларининг кейинги фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб боради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказади, ушбу Низом талабларига мувофиқ диплом ва сертификатлар беради.


19. Буюртмачилар:

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида ходимларининг тегишли курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайдилар;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун белгиланган тўловларни шартнома асосида амалга оширадилар;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади.



5-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

КУРСЛАРИДА ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари таълим жараёнида эришиладиган натижалардан келиб чиққан ҳолда ходимларнинг бевосита касбий ривожланишини ташкил этиш имкониятини яратади.


21. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш уларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини доимий равишда янгилаб борувчи даврий тизим ҳисобланади.


22. Тингловчиларнинг ўқув жараёни тасдиқланган давлат талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда машғулотлар жадвали бўйича тартибга солинади, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш;

ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш;

сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш;

ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, уларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утиллаштириш жойларининг давлат кадастрларини юритиш, маълумотларни ягона давлат кадастри тизимига киритиш;

атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва уларни бошқариш;

табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмлари;

атроф муҳит мониторинги;

экологик экспертиза;

экологик сертификатлаш;

экологик аудит;

атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи омилларни ҳисобга олиш, атроф муҳит ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил этиш, баҳолаш ва прогноз қилиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлашга киритиш ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, уларни амалиётда қўллаш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган жавобгарлик ва бошқа йўналишлар.

Ўқув режалари ва дастурлари атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда таълим соҳасидаги устувор йўналишлар асосида ҳар йили такомиллаштириб борилади.


23. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг маъруза, интерактив семинарлар, амалий машғулотлар, сайёр машғулотлар, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш, малака амалиёти, лойиҳа ишини ҳимоя қилиш каби асосий турлари қўлланилади.


24. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил қилади.


25. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни тингловчилар сони, қоидага кўра, камида 20 нафардан кам бўлмаган ҳолда, Марказ томонидан ташкил қилинадиган гуруҳларда ташкил этилади.


26. Ходимларнинг малака амалиёти давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда ташкил этилади.


27. Айрим ўқув машғулотлари илғор таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар негизида ташкил этилиши мумкин.


28. Тингловчиларнинг ўзлаштириши қуйидаги баҳолаш тизими асосида амалга оширилади:

жорий, оралиқ ва якуний назорат натижалари;

малака амалиёти якунлари;

лойиҳа ишини ҳимоя қилиш натижалари.

Ушбу баҳолаш натижалари ходимларнинг якуний аттестация синовларини топшириш жараёнида баҳолаш мезонлари сифатида инобатга олинади.


29. Ходимлар қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

сабабсиз 24 соат дарс қолдирганда;

буюртмачилар томонидан шартнома тўловлари амалга оширилмаганда;

саломатлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида);

вафот этган тақдирда.


30. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг юқори малакали педагог кадрлари, шунингдек хорижий мутахассислар ҳам жалб этилиши мумкин.


31. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича, улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


32. Ходимларни қайта тайёрлаш уларнинг фаолияти давомида асосий ишдан ажралган ҳолда, бевосита Марказ томонидан кундузги шаклда амалга оширилади.


33. Қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўн ҳафта (360 соат)дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади. Ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига - 36 соатни, шундан аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми - ҳафтасига 24 соатни ташкил этади.


34. Қайта тайёрлаш бўйича Марказда ўқитиш буюртмачининг якка тартибдаги буюртманомаси асосида, давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурлар доирасида амалга оширилади.


35. Тингловчилар қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли бажариб, курсни тўлиқ ўзлаштириб бўлгандан сўнг якуний аттестация синовларига қўйилади.


36. Ходимларнинг малакасини ошириш ҳар беш йилда камида бир марта, асосий ишдан ажралган ҳолда, бевосита Марказ томонидан кундузги шаклда амалга оширилади.


37. Марказда малака ошириш курсларининг давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган муддатни ташкил этади.

Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада - 36 соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада - 24 соатни ташкил қилади.


38. Малака ошириш бўйича Марказда ўқитиш буюртмачининг якка тартибдаги буюртманомаси асосида, давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурлар доирасида амалга оширилади.


39. Тингловчилар жорий, оралиқ ва якуний назорат топшириқларини муваффақиятли бажариб, курсни тўлиқ ўзлаштириб бўлгандан сўнг якуний аттестация синовларига қўйилади.


40. Малака ошириш курсини тўлиқ ўзлаштириб бўлган ходимлар якуний аттестация синовларига қўйилади.



6-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


41. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари аттестация комиссияси томонидан аттестация синовлари, уларнинг жорий, оралиқ ва якуний назорати, малака амалиёти, лойиҳа ишини ҳимоя қилиш натижаларини инобатга олган ҳолда суҳбат шаклида ўтказилади.


42. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг битирув лойиҳа ишини ҳимоя қилиш аттестация комиссиясида амалга оширилади.


43. Аттестация комиссияси ўз қарорини тингловчиларни суҳбатдан ўтказиш натижалари асосида, шунингдек касбий фаолият кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилади.


44. Аттестация комиссиясининг қарори Марказ томонидан тингловчиларга, ушбу Низомнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ диплом ва сертификат беришга асос бўлади.


45. Аттестация синовларидан ўта олмаган ходимлар бир йил мобайнида шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсида такроран ўқиши ва аттестация синовларини топшириши шарт.


46. Ходимлар аттестация синовларидан такроран ўта олмаган тақдирда Марказ томонидан ушбу ходимларнинг иш берувчи ташкилотларига хабарнома юборилади.

Хабарномада ходимнинг қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларидан ўтиши натижаси, аттестация синовларидан ўта олмаганлиги сабаблари кўрсатилади.



7-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

ИШЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


47. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ишларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Марказ томонидан шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун жалб этиладиган грантлар, шу жумладан халқаро грантлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


48. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари фаолиятига оид молиявий ҳисоботлар қонун ҳужжатлари асосида олиб борилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. Ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга иккинчи олий ёки ўрта махсус, касбий маълумот олиш деб қаралмайди.


50. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият

кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш курсларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

1-босқич

2-босқич


3-босқич


4-босқич


5-босқич

Тингловчилар

контингентини

шакллантириш

Режа -

жадвални

тасдиқлаш


Ўқув

жараёни


Малака

амалиёти


Тингловчиларни

аттестациядан ўтказиш

(Қўмита раиси томонидан

тасдиқланадиган аттестация

комиссияси)










Буюртмачилар

Марказ

Режа-

жадвални

тасдиқлаш

ўқиш йўна-

лишлари

ва эгаллаб

турган лаво-

зимига қараб

тинглов-

чилар кон-

тингентини

ҳисобга олган

ҳолда амалга

оширилади



Кириш

маърузаси,

семинарлар,

амалий ва сайёр маш-

ғулотлар,

тажриба

алмашиш,

мустақил

ўқиш, малака

амалиёти,

лойиҳа ишини

ҳимоя қилиш



Давлат,

идоравий

ва ишлаб

чиқариш

экологик

назоратини

амалга

оширувчи

давлат ва

хўжалик

бошқаруви

органлари

ҳамда

хўжалик

юритувчи

субъектлар

негизида


.

Жорий,

оралиқ

ва якуний

назорат

натижалари;

малака

амалиёти

якунлари,

лойиҳа

ишини

ҳимоя қилиш

натижалари


.

      

Аттестация

синовидан

муваффақиятли

ўтганлар бўйича:

тегишли йўналиш

бўйича малака

дипломи ёки

сертификати

берилади

     

Ходимлар

фаолиятини

тизимли таҳлил

қилиш асосида

қайта тайёрлаш

ва малака

ошириш

курсларидан

ўтишнинг

белгиланган

даврийлигига

мувофиқ

тинглов-

чиларнинг

контин-

гентини

аниқлайди


Буюрт-

манома

асосида

эгаллаб

турган

лавозимига

қараб ўқиш

даврлари ва

йўналишлари

бўйича қайта

тайёрлаш ва

малака

ошириш

курслари

тинглов-

чилари

контин-

гентини

шакллан-

тиради












Аттестация

синовидан

ўтмаганлар бўйича:

Буюртмачиларга

тегишли хабарнома

юборилади

       


Йилнинг ҳар чораги

якунига қадар

Йилнинг ҳар

чораги учинчи

ойининг 10-

санасига қадар



Тасдиқланган жадвал бўйича


Ўқув

жараёнидан

кейин


Курслар тугаллангач

    





Низомга

2-ИЛОВА



Қайта тайёрлаш тўғрисида намунавий

ДИПЛОМ

(тавсифи)


Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч пушти рангда босмахонада тайёрланади.

Варақнинг чап қисми четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашади.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM" сўзлари босилади. Диплом иккита лотин ҳарфи - QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда бўлади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)


O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI


Qayta tayyorlash haqida

DIPLOM

QT N 000000

        

(xodimning familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___ yil ________________dan 20___ yil _____________________gacha

           

(Qayta tayyorlash ta`lim muassasasining nomi)


soatga mo`ljallangan

           

(Qayta tayyorlash kursining nomi)

qayta tayyorlash kursida talim olib,


             


mavzusida bitiruv ishini

attestatsiya komissiyasida


bahoga himoya qildi.

Muhr o`rni

Direktor ______________

Sana _______________                           Qayd raqami ____________






Низомга

3-ИЛОВА



Малака ошириш тўғрисида намунавий

СЕРТИФИКАТ

(тавсифи)


Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда, офсет усулида, беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босмахонада тайёрланади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашади.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат иккита лотин ҳарфи - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда бўлади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)



O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI



Malaka oshirish haqida

SERTIFIKAT

MO N 000000


(xodimning familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___ yil ________________dan 20___ yil _____________________gacha

           

(Malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi)

jami


soatlik

            

(Malaka oshirish kursining nomi)

bo`yicha malakasini oshirdi.



Muhr o`rni

Direktor ______________

Sana _______________                                       Qayd raqami ____________

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 26 сентябрь, 38-сон, 451-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 9-сон, 87-модда