ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Хўжалик ишларини кўришда суд харажатларини ундириш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2014 йил 31 декабрь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Хўжалик ишларини кўришда суд харажатларини

ундириш билан боғлиқ суд амалиётини

умумлаштириш натижалари ҳақида

Маълумот

31.12.2014 й.



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил иш режасига асосан хўжалик судлари томонидан 2014 йилда хўжалик ишларини кўришда суд харажатларини ундириш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш учун (647 та) хўжалик ишлари ва ушбу масала бўйича хўжалик судларида ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.


Давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари


1. Давлат божи тўлашни кечиктириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида даъво аризаси (ариза)ни қабул қилиш тўғрисидаги ажримда, илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида даъво аризаси (ариза)ни қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади. Ажримда илтимосномани қаноатлантириш ёхуд уни қаноатлантиришни рад этиш асослари кўрсатилиши керак.


"Узтехсервис" МЧЖ Бухоро шаҳар ДСИга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 32 401 341 сўмлик 85 дона инкассо топшириқномаларининг ижро этилиши мумкин эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

"Узтехсервис" МЧЖ даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилган ва унда унинг ҳисоб рақамларида пул маблағлари мавжуд эмаслиги маълум қилиниб, бу ҳақдаги банк маълумотномаси аризага илова қилинган ва давлат божи тўловини ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар кечиктириб туриш сўралган.

Суд даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарган. Бироқ суднинг ажримида давлат божи тўловини кечиктириб туриш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ёки қаноаталантиришни рад этиш ҳақида маълумотлар кўрсатилмаган.

Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори 7.3-бандининг биринчи хатбошисига мувофиқ давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикоятини қабул қилиш тўғрисидаги ажримда, илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади. Ажримда илтимосномани қаноатлантириш ёхуд уни қаноатлантиришни рад этиш асослари кўрсатилиши керак.


2. Даъво аризаси учун давлат божи ишда иштирок этмаётган шахс томонидан тўланганда, (корхона учун унинг раҳбари ёки таъсисчиси томонидан давлат божи тўланган ҳоллар бундан мустасно), давлат божи тўланмаган ҳисобланади ва даъво аризаси ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан қайтарилади.


"Бахтиёр Адолат мезони" ХК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар Бухоро туман Ободонлаштириш бўлими ва Бухоро туман Ғазначилик бўлимидан 10 937 330 сўм зарар, 3 469 375 сўм банк фоизи, жами 14 406 705 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, ХКнинг даъво аризасига иккита 80 000 сўмдан 160 000 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанциялар илова қилинган. Мазкур квитанциялардаги тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми деган жойда Акрамов Ўткир деб кўрсатилган. Акрамов Ўткир "Бахтиёр Адолат мезони" хусусий корхонаси раҳбари бўлиб ҳисобланади. Бироқ 80 000 сўм тўлов пластик карточкадан амалга оширилганлигини тасдиқловчи терминал чекидан кўринишича, тўлов Салихов Фаррух Собирович пластик карточкасидан амалга оширилган. Аммо суд мазкур ҳолатга эътибор бермасдан, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни мазмунан кўриб чи??ан.

Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 9-бандига кўра давлат божи ишда иштирок этмаётган шахс томонидан тўланиши мумкин эмас. Агар давлат божи даъвогар (аризачи) ёки апелляция ёхуд кассация шикояти берувчи шахс ўрнига бошқа шахс томонидан тўланган бўлса (корхона учун унинг раҳбари ёки таъсисчиси томонидан давлат божи тўланган ҳоллар бундан мустасно), давлат божи ҳақиқатда тўланмаганлигидан келиб чиқиш ҳамда шундай экан, даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикояти тегишинча ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-банди, 162-моддаси биринчи қисмининг 3-банди ва 180-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан қайтарилиши лозим.

Шу боис, давлат божи хусусий корхона ҳисоб рақамидан ёки унинг раҳбари томонидан амалга оширилмаганлиги сабабли, даъво аризаси ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ қайтарилиши лозим эди.


3. Адлия органлари Солиқ кодекси 330-моддасининг 23-бандига асосан хўжалик судларига фақат давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризалари (аризалари)ни берганда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Шу сабабли улар ўзларининг манфаатлари юзасидан берган даъво аризалари учун давлат божини умумий тартиб ва миқдорда тўлайдилар. Акс ҳолда, уларнинг бундай даъво аризалари ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан қайтарилади.


Бухоро вилоят адлия бошқармаси "Квадра форм" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, олди-сотди шартномаларини бекор қилиш, 4 075 500 сўм жарима ва 4 381 141 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан компьютер техникаси харид қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Товар хом-ашё биржаси Бухоро филиалига эълон берилган. Аукцион савдосида "Квадра форм" МЧЖ ғолиб чиқиб, адлия бошқармаси билан 5 дона компьютер техникасини ҳар бирини 1 551 000 сўмдан 7 755 000 сўмга етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаган. Шу куни бўлиб ўтган бошқа электрон савдода "Квадра форм" МЧЖ ғолиб чиқиб, адлия бошқармаси билан 9 дона компьютер техникасини ҳар бирини 1 402 500 сўмдан, жами 12 622 500 сўмга етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолаган.

Адлия бошқармаси томонидан шартномалар шартларига кўра 15 фоиз тўлов олдиндан амалга оширилган. МЧЖ томонидан компьютер техникалари олиб келиб ўрнатилган. Аммо олиб келиб ўрнатилган компьютер техникалари шартномада кўрсатилган компьютерларга мос келмаганлиги, шунингдек компьютерларнинг айрим қисмлари тўлиқ етказилмаганлиги сабабли, компьютерлар МЧЖга қайтарилган.

Адлия бошқармаси МЧЖга мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномаларда кўрсатилган компьютер техникаларини белгиланган муддатларда етказиб беришни сўраган. МЧЖ томонидан шартномаларда кўрсатилган компьютер техникаларини етказиб бериш ўрнига адлия бошқармасига олдиндан тўлаб берилган пул маблағлари қайтарилган. Шу сабабли адлия бошқармаси хўжалик судига мурожаат қилган.

Аммо даъво аризасига давлат божи ва почта харажатлари тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки давлат божини тўлашни кечиктириб туриш тўғрисида илтимоснома илова қилинмаган. Биринчи инстанция суди эса давлат божи ва почта харажатлари тўланмаган бўлсада, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, ишни мазмунан кўриб чи??ан.

Солиқ кодекси 330-моддасининг 23-бандига кўра адлия органлари - давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинадилар. Шундай экан, адлия органлари хўжалик шартномалари бўйича ўзларининг манфаатлари юзасидан судга берган даъво аризалари учун давлат божини умумий тартибда тўлашлари лозим.

Шу боис, адлия органларининг бундай даъво аризалари ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан қайтарилиши лозим.


4. Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.


Даъвогар "Шароб савдо" УК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Шамшир Юг" МЧЖдан 17 984 723 сўм асосий қарз ва 8 992 361 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган бўлиб, даъвогар жавобгарга спиртли ичимликлар етказиб бериш, жавобгар эса етказиб берилган маҳсулотнинг ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Даъвогар жавобгарга 662 710 сўмлик шиша идишларда 21 154 100 сўмлик спиртли ичимликлар етказиб берган. Жавобгар 662 710 сўмлик шиша идишларни даъвогарга қайтариб берган бўлсада, 17 984 723 сўмлик спиртли ичимликлар учун тўловни амалга оширмаган.

Шу сабабли даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Низо бўйича иш кўрилаётган вақтда даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, 8 992 361 сўм пеня ундиришдан воз кечишини маълум қилган.

Суд даъво талабининг пеня ундириш қисмидан воз кечиш тўғрисидаги аризани қабул қилиб, даъвонинг бу қисми бўйича иш юритишни тугатган. Даъво талабининг асосий қарз қисмини қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 17 984 723 сўм ундирган. Шунингдек, суд жавобгардан даъвогар фойдасига олдиндан тўланган 184 347 сўм давлат божини ундиришни лозим топган.

Бироқ суд давлат божини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйган.

ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.

Шу боис, биринчи инстанция суди жавобгардан даъвогар фойдасига 17 984 723 сўмнинг 1 фоизини, яъни 179 847 сўм ундириши, даъво талабининг пеня қисми учун тўланган давлат божини эса даъвогарнинг зиммасида қолдириши лозим эди.


5. Даъво қисман қаноатлантирилганда, давлат божи бўйича суд харажатлари хўжалик суди томонидан даъвогарга қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда, ҳамда жавобгарга - даъво талаблари рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.


"Feruz Fayz Produkt" ХК "Temiryo`l Universal Leasing" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Temiryo`l Universal Leasing" МЧЖнинг зиммасига "Feruz Fayz Produkt" хусусий корхонасига лизинг объектини топшириш мажбуриятини юклашни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Temiryo`l Universal Leasing" МЧЖ ва "Feruz Fayz Produkt" ХК ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, МЧЖ хусусий корхонага Самарқанд шаҳри, И.Муминов кўчаси, 30-уйда жойлашган қиймати 140 000 000 сўмлик офис биносини лизингга берган. Лизинг олувчи лизинг объекти учун 168 000 000 сўм тўлаб бергандан кейин лизинг берувчи 30 банк кунида лизинг объектини лизинг олувчига топшириши лозим бўлган.

Лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчи лизинг берувчига 169 140 393 сўм тўлаб берган. Аммо лизинг берувчи лизинг объектини лизинг олувчига топширмаган. Шу сабабли, "Feruz Fayz Produkt" ХК "Temiryo`l Universal Leasing" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъво аризасига 1 680 000 сўм миқдорида давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси илова қилинган.

Ўз навбатида лизинг берувчи судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, лизинг олувчидан 124 822 009 сўм асосий қарз, 62 411 004 сўм пеня ундиришни, лизинг шартномаси бекор қилинганлигини эътироф этишни ва лизинг объектини талаб қилиб олишни сўраган. Шунингдек, унинг ҳисоб рақамларида пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли, давлат божини бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан дастлабки даъво қаноатлантирилиб, МЧЖ зиммасига лизинг объектини хусусий корхонага топшириш мажбурияти юкланган. Қарши даъво қисман қаноатлантирилиб, лизинг олувчидан лизинг берувчи фойдасига 11 640 393 сўм миқдорида пеня ундирилган. Қарши даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. "Temiryo`l Universal Leasing" МЧЖдан республика бюджетига 3 305 674 сўм, "Feruz Fayz Produkt" ХКдан 927 706 сўм давлат божи ундирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Биринчи инстанцияси суди томонидан суд харажатларини тақсимлашда хатоликка йўл қўйилган.

Хусусан, суднинг ҳал қилув қарорида дастлабки даъво бўйича тўланган суд харажатлари хусусий корхона зиммасида қолдирилиши, қарши даъво бўйича даъвонинг қаноатлантирилган қисми бўйича давлат божи хусусий корхона зиммасига юклатилиши, қаноатлантириш рад этилган қисми бўйича эса - МЧЖ зиммасига юклатилиши кўрсатилган. Аммо ҳал қилув қарорида ундирилган давлат божининг ҳисоб-китоби кўрсатилмаган.

Қарши даъво бўйича давлат божи қуйидагича ундирилиши лозим эди:

ХКдан 187 233 013 (124 822 009 сўм асосий қарз, 62 411 004 сўм пеня) сўм ундириш қисми бўйича - 1 872 330 сўм;

МЧЖдан лизинг шартномаси бекор қилинганлигини эътироф этиш қисми бўйича - энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида (961 050 сўм);

МЧЖдан лизинг объектини талаб қилиб олиш қисми бўйича - 1 400 000 (лизинг объекти қийматининг 1 фоизи).

Жами 4 233 380 сўм давлат божи ундирилиши лозим эди.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмидан кўринишича қарши даъво тақдим қилинган кунга қадар лизинг тўловлари бўйича 30 359 607 сўм қарз мавжуд бўлган ва низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунга қадар лизинг олувчи томонидан қарз қопланган. Шунингдек, лизинг тўловлари кечиктириб тўлаб келинганлиги боис лизинг берувчи томонидан ҳисобланган 62 411 004 сўм пеня суд томонидан асосли деб топилган. Бироқ тўланиши лозим бўлган пеня миқдори мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги сабабли суд пеня миқдорини 11 640 393 сўм қисмини қаноатлантирган. Бундан кўринадики, лизинг олувчидан қарши даъво бўйича 927 706 сўм давлат божи 92 770 611 (30 359 607 + 62 411 004) сўмдан келиб чиқиб ундирилган.

Бундан хулоса қилса бўладики, лизинг берувчидан 3 305 674 сўм давлат божи ундиришда суд қуйидаги ҳисоб-китобдан келиб чи??ан: 4 233 380 - 927 706 = 3 305 674.

Шунингдек, суд харажатларини тақсимлашда суд ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига ҳавола қилган бўлсада, номаълум сабабларга кўра дастлабки даъво қаноатлантирилганлигига қарамасдан, дастлабки даъво бўйича суд харажатлари лизинг олувчи зиммасида қолдирган.

Бундан ташқари, дастлабки даъвонинг талаби номулкий талаб бўлганлиги сабабли у бўйича давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, яъни 961 050 сўм тўланиши лозим бўлган. Аммо хусусий корхона лизинг объектининг қийматидан келиб чиқиб, 1 680 000 сўм миқдорида давлат божи тўлаб чи??ан бўлсада, суд унга ортиқча тўланган (718 950 сўм) давлат божини қайтармаган.

Шу билан бирга, лизинг берувчининг ҳисоб-рақамида пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли, қарши даъвони давлат божини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қабул қилишни сўраган бўлсада, қарши даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда лизинг берувчининг илтимосномаси қаноатлантрилганлиги кўрсатилмаган. Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 7.3-бандига кўра давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикоятини қабул қилиш тўғрисидаги ажримда, илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.


6. Неустойка миқдори хўжалик суди томонидан ФКнинг 326-моддасига асосан камайтирилганда, даъвогар томонидан олдиндан тўланган давлат божи бўйича харажатлар неустойкани камайтирмасдан ундирилиши мумкин бўлган суммадан келиб чи??ан ҳолда жавобгар томонидан қопланади.


"Ўзбеккўмир" ОАЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Асадбек агро сервис" МЧЖдан 40 000 000 сўм асосий қарз, 20 000 000 сўм пеня ундиришни ва тарафлар ўртасида тузилган контрактация шартномасини бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 40 000 000 сўм асосий қарз, 4 000 000 сўм пеня, 1 411 050 сўм давлат божи ва 5 000 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъвогар томонидан тўланган 150 000 сўм давлат божи даъвогар зиммасида қолдирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида контрактация шартномаси тузилган. Шартномага асосан жавобгар даъвогарга 40 000 000 сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотари етказиб бериш, даъвогар эса маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Шартномага асосан даъвогар томонидан жавобгар ҳисоб рақамига 40 000 000 сўм ўтказиб берилган. Бироқ жавобгар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармасдан, белгиланган муддатда маҳсулотларни етказиб бермаган. Шу боис, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Жавобгар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажарилмаганлиги боис, биринчи инстанция суди даъвонинг 40 000 000 сўм асосий қарз ундириш ҳамда контрактация шартномасини бекор қилиш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Шунингдек, суд даъвогарнинг пеня ундириш талабини асосли деб ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасига асосан сўралган пеня миқдорини 4 000 000 сўмгача камайтириш ҳақида ҳам хулосага келган.

Бироқ давлат божини ундиришда хатоликка йўл қўйилган. Чунки, даъвогар даъво талабларидан келиб чиқиб, 1 561 050 сўм давлат божи тўлаб чи??ан.

Суд даъвогарнинг даъво талабларини асосли деб ҳисоблаб, пеня миқдорини ФКнинг 326-моддасига асосан камайтирган бўлсада, жавобгардан даъвогар фойдасига 1 411 050 сўм давлат божи ундириб, 150 000 сўм давлат божини даъвогар зиммасида қолдирган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўлашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 17-бандида неустойка миқдори хўжалик суди томонидан асосли равишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан камайтирилганда, даъвогарнинг давлат божи бўйича харажатлари, неустойкани камайтирмасдан ундирилиши мумкин бўлган суммадан келиб чи??ан ҳолда жавобгар томонидан қопланиши ҳақида тушунтириш берилган.


7. Мулкий тусдаги даъво аризалари учун даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўланади.


Даъвогар "Омад бизнес Зарафшон" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Бинокор стандарт плюс" МЧЖдан 5 400 000 сўм асосий қарз ва 2 700 000 сўм пеня, жами 8 100 000 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Омад бизнес Зарафшон" МЧЖ ва "Бинокор стандарт плюс" МЧЖ ўртасида шартнома тузилган. Унга асосан даъвогар жавобгарга 30 000 дона қиймати 5 400 000 сўм бўлган ғишт маҳсулоти етказиб берган. Бироқ жавобгар томонидан қабул қилиб олинган маҳсулот учун ҳақ тўланмаган ва натижада даъвогар олдида 5 400 000 сўм қарз вужудга келган. Шу боис "Омад бизнес Зарафшон" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъво аризасига 107 635 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати илова қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 5 400 000 сўм асосий қарз, 2 700 000 сўм пеня, 107 635 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилган. Шунингдек, суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги сабабли жавобгардан Олий хўжалик судининг депозит рақамига асосли равишда 30 000 сўм ундирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат божи ставкалари" 2-бандининг "а" кичик бандига биноан, хўжалик судларига бериладиган мулкий тусдаги даъво аризаларидан даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўланади.

Мазкур ҳолатда, мулкий тусдаги даъво аризасининг даъво баҳоси 8 100 000 сўмни ташкил қилганлиги, унинг 1 фоизи 81 000 сўмни ташкил қилганлиги сабабли, даъвогар асосли равишда давлат божини энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлаб чи??ан.


8. Хўжалик судларида давлат божини тўлашдан СКнинг 330-моддасида назарда тутилган шахслар озод қилинади.


Даъвогар "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" УК хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар "Термиз шаҳар йўловчи транс" УКга шартнома тузиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Суднинг ажрими билан Сурхондарё вилоят Ғазначилик бошқармаси, "2510-сонли ҳарбийлаштирилган давлат автоколлонаси" низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг ажрими билан хўжалик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция инстанция судида кўрилмаган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, жавобгар давлат мулки бўлган 2510-сонли ҳарбийлаштирилган давлат автоколлонасига қарашли 1 328,2 кв.м. майдонда жойлашган бино ва иншоотлардан офис, автопарк, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва омборхона сифатида 2014 йил 1 январдан буён ижара шартномаси расмийлаштирмасдан фойдаланиб келган. Ижара маркази жавобгарни уч томонлама ижара шартномаси тузиш тўғрисида огоҳлантирган. Лекин жавобгар ижара шартномаси тузишдан асоссиз равишда бош тортиб келган.

Шу сабабли ижара маркази хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарга ижара шартномаси тузиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида ижара маркази судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар ижара шартномаси тузганлиги сабабли даъводан воз кечишини билдирган.

Суд ижара марказининг аризасини қаноатлантириб, ХПКнинг 86-моддаси 6-бандига асосан иш юритишни тугатган ва ижара маркази СК кодексининг 330-моддасига асосан давлат божидан озод этилган деб ҳисоблаб, ундан давлат божини ундирмаган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 14-бандида умумий қоида бўйича ишни кўриш иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим чиқариш билан якунланганида давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса даъвогардан ундирилади.

Даъво аризасида даъвогар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 ноябрдаги ПФ-4483-сонли Фармони ва СК 330-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига асосан давлат божи тўловидан озод этишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 ноябрдаги ПФ-4483-сонли Фармонининг 4-бандига асосан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари этиб Қорақалпоғистон Республикасида - Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси негизида ташкил этилаётган Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида - Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари негизида ташкил этилаётган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари белгиланган.

СК 330-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига асосан хўжалик судларида давлат божини тўлашдан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари - қўмита ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъволар ва аризалар юзасидан озод қилинган.

Қайд этиб ўтилган қонун ҳужжатларида "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" УК Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органи эканлиги белгиланмаган.

Шундай экан биринчи инстанция судининг даъвогар СК 330-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига асосан давлат божини тўлашдан озод этилганлиги тўғрисидаги хулосаси нотўғри ҳисобланади. Шу сабабли кассация инстанция суди биринчи инстанция судининг ажримини ўзгартириб, ижара марказидан ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 961 050 сўм давлат божини республика бюджетига ундириш тўғрисида қарор қабул қилган.


9. Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат ва бошқа орган томонидан даъвогар манфаатида берилган даъвони қаноатлантириш рад этилганда, даъвогардан давлат божи ундирилмайди.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ "Агробанк" Музработ филиали манфаатида Музработ туман ДСИ ва Сурхондарё вилоят ДСБга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Музработ туман ДСИнинг молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қарори ва Сурхондарё вилоят ДСБнинг пеня қўллаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризани қаноатлантириш рад этилиб, ОАТБ "Агробанк"дан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 1 922 100 сўм давлат божи ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Биринчи инстанция суди солиқ идоралари томонидан қабул қилинган қарорлар банкнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузмаганлиги сабабли, арз қилинган талабни қаноатлантиришни асосли рад этган, аммо даъвогардан давлат божи ундириб хатоликка йўл қўйган.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси СК 330-моддасининг 6-бандига асосан давлат божи тўлашдан озод этилган. Шунингдек, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 29-бандига кўра, агар қонун бўйича хўжалик судига давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек юридик ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларнинг манфаатларида прокурор, давлат ва бошқа орган томонидан берилган даъво рад этилганда (иш юритиш тугатилганда, даъво кўрмасдан қолдирилганда), манфаатлари ҳимоя қилиниб даъво берилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.


10. Давлат божини тўлашдан озод этилган даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда республика бюджетига ундирилади.


Даъвогар "Asloybek Savdosi" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Олмазор тумани ҳокими қарорининг "Asloybek Savdosi" МЧЖга нисбатан қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, туман ҳокими қарорининг "Asloybek Savdosi" МЧЖга тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

СК 330-моддасининг 3-бандига кўра тадбиркорлик субъектлари хўжалик судларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Шу сабабли "Asloybek Savdosi" МЧЖ судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда давлат божи тўламаган.

СК 337-моддасининг ўнинчи қисми ва ХПК 95-моддасининг иккинчи қисмига асосан даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади.

Мазкур ҳолатда, жавобгар (туман ҳокимлиги) давлат божини тўлашдан озод этилмаганлиги сабабли, суд асосли равишда Олмазор туман ҳокимлигидан республика бюджетига 961 050 сўм давлат божи ундирган. Бироқ суд туман ҳокимлигидан даъвогар ("Asloybek Savdosi" МЧЖ) фойдасига даъво аризаси учун олдиндан тўлаб чиқилган 7 200 сўм почта харажатларини ундириб бермасдан, хатоликка йўл қўйган.


11. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида хўжалик судига мурожаат қилганда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектининг мақоми статистика ташкилотларининг маълумотномаси билан тасдиқланади.


Даъвогар "Goframaster" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Фаровон" МЧЖдан 52 145 500 сўм асосий қарз, 26 072 950 сўм пеня, 10 429 180 сўм жарима, 450 740 сўм давлат божи ва 5 000 сўм почта харажатини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 52 145 500 сўм асосий қарз, 6 257 460 сўм пеня, 391 092 сўм давлат божи ва 5000 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Goframaster" МЧЖ ва "Фаровон" МЧЖ ўртасида 2013 йил 3 январда олди-сотди шартномаси тузилган. 2013 йил 11 октябрда ушбу шартномага қўшимча келишув тузилган.

Шартнома ва қўшимча келишувга асосан даъвогар томонидан жавобгарга 281 145 900 сўмлик маҳсулотлар етказиб берилган. Жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўловлар қисман амалга оширилган бўлсада, 52 145 500 сўмлик маҳсулотлар ҳақи тўланмаган.

Шу боис даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суд даъвогарнинг жавобгардан асосий қарз ва пеня ундириш талабларини асосли деб ҳисоблаб, пеня миқдорини ФКнинг 326-моддасига асосан 6 257 460 сўмга камайтиришни лозим топган. Даъво талабининг жарима ундириш қисми асоссиз бўлганлиги сабабли, уни қаноатлантириш рад этилган.

Суд давлат божини ундиришда даъвогарнинг даъво аризасида МЧЖ кичик бизнес субъектига кириши ҳақидаги важларига асосланган бўлсада, даъвогар кичик бизнес субъектлари турига киришини тасдиқловчи статистика органининг маълумотномаси даъво аризасига илова қилинмаганлигига эътибор бермаган ва ушбу ҳолатга аниқлик киритмаган.

Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 26-бандида кичик бизнес субъектларининг мақоми даъво аризасига илова қилинадиган статистика органининг маълумотномаси билан тасдиқланиши лозимлиги ҳақида судларга тушунтириш берилган.


12. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб унинг даъвоси рад этилганда, ундан давлат божи қўшимча равишда ундирилмайди.


"Мурод таъмир сервис" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Охангарон цемент" АЖдан 41 000 000 сўм моддий зарар, 47 000 000 сўм бой берилган фойда ва 314 000 000 сўм зарар ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган. Суд даъвогар кичик бизнес субъекти сифатида ихтиёрий равишда олдиндан 2 010 000 сўм давлат божи тўлаганлигини ҳисобга олиб, МЧЖдан қўшимча 2 010 000 сўм давлат божи ундирган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Мурод таъмир сервис" МЧЖ ва "Охангарон цемент" АЖ ўртасида шартнома тузилган. Шартнома шартлари АЖ томонидан лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли, "Мурод таъмир сервис" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори 26-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра, агар хўжалик судига мурожаат қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб даъво талаблари қаноатлантирилганда, ишни кўриш натижаси бўйича жавобгардан ундириладиган давлат божининг миқдори даъвогар томонидан тўлаб чиқилган сумма билан чегараланади. Даъво рад этилган ҳолда, давлат божи даъвогардан қўшимча равишда ундирилмайди.

Шу боис кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, ҳал қилув қарорининг жавобгардан қўшимча 2 010 000 сўм давлат божи ундириш қисми бекор қилинган.


13. Хўжалик иши кичик бизнес ёки хусусий тадбиркорлик субъектининг даъво аризасига асосан қўзғатилмаган бўлиб, ушбу иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан кичик бизнес ёки хусусий тадбиркорлик субъекти (жавобгар) апелляция шикояти билан мурожаат қилганда, давлат божи умумий тартибда ва миқдорда тўланади.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси "ULKAN QURILISH LOGISTIKA" МЧЖ манфаатида O`zAvtoSanoatLeazing" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 2012 йил 15 ноябрда тузилган лизинг шартномасини бекор қилишни ва жавобгардан 177 538 711,68 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича тарафлар ўртасида лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра жавобгар даъвогарга қиймати 501 600 АҚШ доллари бўлган 7 та "Hyunday" русумли техникани лизингга бериш мажбуриятини олган. Даъвогар жавобгарга 147 948 926,4 сўм миқдорида аванс ва 29 589 785,28 сўм комиссия тўловини, жами 177 538 711,68 сўм пул маблағини тўлаб берган. Бироқ жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ва лизинг объектлари етказиб берилмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси даъвогар манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, лизинг шартномаси бекор қилинган ва жавобгардан даъвогар фойдасига 177 538 711,68 сўм қарз ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилган. Шунингдек, республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига биринчи (номулкий) талабдан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида 961 050 сўм ва иккинчи (мулкий тусдаги) талабдан даъво суммасининг 1 фоизи миқдорида 1 775 387,12 сўм, жами 2 736 437,12 сўм давлат божи ундирилган.

Жавобгар ҳал қилув қароридан норози бўлиб судга апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Апелляция шикоятига 443 846,80 сўм миқдорида давлат божи ва 7 200 сўм почта харажати тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари илова қилинган. Жавобгар апелляция шикояти учун давлат божини 443 846,80 сўм миқдорида тўлаганлигини у кичик бизнес субъекти ҳисобланиши билан асослаган ва Тошкент шаҳар статистика бошқармасининг маълумотномасини шикоятга илова қилган.

Жавобгарнинг апелляция шикояти ХПК 162-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан, яъни давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар апелляция шикоятига илова қилинмаганлиги сабабли қайтарилган.

Суд апелляция шикоятини тўғри қайтарган. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат божи ставкалари"нинг 2-бандига кўра кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида хўжалик судларига мурожаат қилишда ушбу банднинг "а", "г" ва "е" кичик бандларида кўрсатилган белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайдилар.

Ушбу Ставкалар 2-бандининг "а" кичик бандига асосан хўжалик судига мулкий тусдаги даъво аризалари билан мурожаат қилганда, давлат божи даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўланади. Яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судга даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилишда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайдилар. Ушбу ишлар бўйича апелляция ва кассация шикоятлари учун биринчи инстанция судига тўланган (ундирилган) давлат божининг 50 фоизи миқдорида бож тўланади.

Мазкур ҳолатда, иш кичик бизнес ёки хусусий тадбиркорлик субъектининг даъво аризасига асосан қўзғатилмаганлиги боис, жавобгар кичик бизнеси субъекти бўлишидан қатъии назар, апелляция шикояти билан мурожаат қилишда давлат божини умумий тартибда тўлаб чиқиши лозим эди.


14. Ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судларида кўришда давлат божи даъво аризаси учун тўланган ставканинг 50 фоизи, мулкий тусдаги низолар бўйича эса низолашилаётган суммадан ҳисобланади.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ОАТБ "Микрокредитбанк"ининг Амалиёт бошқармаси манфаатида "Xumoyunxon biznes" ХКга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, хусусий корхонадан 107 835 544 сўм кредит қарзи ва 2 269 908 сўм кредит фоизини, жами 110 105 452 сўм ундиришни ва ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, ОАТБ "Микрокредитбанк"нинг Амалиёт бошқармаси ва "Xumoyunxon biznes" ХК ўртасида 2013 йил 5 апрелда кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, банк қарз олувчига 24 ой муддатга йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 125 000 000 сўм миқдорида кредит ажратган.

Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва ХК ўртасида 2013 йил 11 апрелда гаров (ипотека) шартномаси тузилган. Унга кўра, ХКга тегишли бўлган қиймати 156 250 000 сўмлик савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси гаровга қўйилган. Кредит шартномасига биноан ХК олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ ХК томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган, ХКдан банк фойдасига 110 105 452 сўм ундирилган ва ундирув гаров (ипотека) нарсасига қаратилган. Шунингдек, қарз олувчидан республика бюджетига 3 094 710 сўм давлат божи ундирилган.

Жавобгар ҳал қилув қарорининг 2 269 908 сўм кредит фоизларни ундириш қисмидан норози бўлиб апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Апелляция шикоятига 792 364 сўм давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаси илова қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шунингдек, қарз олувчига 746 966 сўм ортиқча тўланган давлат божи қайтарилган. Бунда суд давлат божи низолашаётган сумманинг 2 фоизи миқдорида тўланиши лозимлигига асосланган.

Судлар суд харажатлари миқдорини аниқлашда ва ортиқча тўланган давлат божини қайтаришда хатоликка йўл қўйганлар.

Хусусан, биринчи инстанция судида даъво бўйича давлат божи қуйидагича ундирилиши лозим бўлган:

қарз олувчидан 110 105 452 (107 835 544 сўм кредит қарзи ва 2 269 908 сўм кредит фоизи) сўм ундириш қисми бўйича - 1 101 054 сўм (яъни низолашаётган сумманинг 1 фоизи);

кредит шартномасини бекор қилиш қисми бўйича - энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида (915 300 сўм).

Жами 2 016 354 сўм.

Бироқ биринчи инстанция суди қарз олувчидан 3 094 710 сўм миқдорда давлат божи ундирган ва ҳал қилув қарорида ундирилган давлат божининг ҳисоб-китобини кўрсатмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат божи ставкалари" 2-бандининг "д"-кичик бандига биноан хўжалик судларининг қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги шикоятлардан давлат божи биринчи инстанцияда кўриб чиқиш учун ариза берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи, мулкий тусдаги низолар бўйича эса талашилаётган суммадан ҳисобланади.

Қарз олувчи ҳал қилув қарорининг банк фойдасига 2 269 908 сўм банк фоизи ундириш қисмидан норози бўлганлиги боис, давлат божи ушбу сумманинг 1 фоизи, яъни 22 699 сўм миқдорида тўланиши лозим бўлган. Апелляция инстанцияси суди эса давлат божи низолашаётган сумманинг 2 фоизи миқдорида тўланиши лозим деб кўрсатган.


15. Ишни кўриш жараёнида тарафлар ўртасида низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисида келишув тузилганда, даъво аризаси ХПК 88-моддасининг 2-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади, суд харажатлари даъвогар зиммасига юкланади.


Даъвогар ОАТБ "Ипак Йўли" банки Амалиёт бошқармаси жавобгар "PLC ASIA" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган 1615-сонли банк ҳисобварағи шартномасини бекор қилишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, ОАТБ "Ипак Йўли" банки Амалиёт бошқармаси ва "PLC ASIA" МЧЖ ўртасида банк ҳисобварағи шартномаси тузилган. Унга кўра банк МЧЖнинг аризасига асосан банк ҳисобварақларини очиш ҳамда ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш мажбуриятини олган. МЧЖ томонидан банкда очилган ҳисобварақлар бўйича бир йил давомида операциялар амалга оширилмаган.

Шу сабабли банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ишни кўриш жараёнида тарафлар ўртасида низони Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қошидаги ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисида келишув тузилган. Шу боис банк судга ариза билан мурожаат қилиб, унинг даъвосига асосан қўзғатилган хўжалик иши бўйича иш юритишни тугатишни ва тўланган давлат божини қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция суди ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан, яъни низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаганлиги сабабли иш юритишни тугатган. Банкка даъво аризаси учун олдиндан тўланган 961 050 сўм давлат божини қайтариш ҳақида маълумотнома берилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Суд иш юритишни тугатиб ва банкка давлат божини қайтариб процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйган.

ХПК 86-моддасининг 1-бандига кўра низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса хўжалик суди иш юритишни тугатади.

Мазкур ҳолатда, низо иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ўртасида фуқаровий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чи??ан ва ХПК 24-моддасининг 2-бандига биноан шартномани бекор қилиш ҳақидаги низо хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низо ҳисобланади.

Шу боис суд ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан, яъни низони хўжалик судида кўриш учун тегишли эмас деб ҳисоблаб иш юритишни тугатиб, хатоликка йўл қўйган.

ХПК 88-моддасининг 2-бандига биноан ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти йўқолмаган бўлса ва агар ишнинг хўжалик судида кўрилишига қарши бўлган жавобгар биринчи аризасидан кечиктирмай низони мазмунан ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради.

Ваҳоланки, суд банкнинг юқоридаги аризасини ХПК 88-моддасининг 2-бандига таянган ҳолда ҳал этиб даъвони кўрмасдан қолдириши ва давлат божини даъвогар зиммасида қолдириши лозим эди.


16. Суд томонидан ортиқча тўланган давлат божи қайтарилганда, ҳал қилув қарорида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилади.


"Тоза Шароб савдо" УК хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Лига Авто Бухара" МЧЖдан 19 872 000 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. УК даъво аризаси учун 100 000 сўм давлат божи тўлаб, унга Бухоро вилояти статистика бошқармасининг "Тоза Шароб савдо" УК кичик бизнес субъекти ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотномасини илова қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Лига Авто Бухара" МЧЖдан даъвогар фойдасига 17 664 000 сўм зарар, 441 600 сўм банк фоизи ва 95 528 сўм суд харажатлари, жами 18 201 128 сўм ундирилган.

Шунингдек, даъвогарга даъво аризаси учун ортиқча тўланган 640 сўм давлат божи қайтарилган.

Аммо суд ортиқча тўланган 640 сўм давлат божини қайтаришга асос бўлган ҳолатларни ҳал қилув қарорида кўрсатмаган.

Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 19-бандига асосан суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилади.

Яна бир мисол.

ТИФ "Миллий банки" хўжалик судига мурожаат қилиб, "NICE PHARM" МЧЖдан 97 967 123,29 қарздорликни ундиришни ҳамда ундирувни гаров мулки бўлган "NICE PHARM" МЧЖга тегишли Тошкент вилояти Янгийўл тумани У. Мусаев қ.ф.й. Туябўғиз маҳалласидаги савдо дўконига қаратишни сўраган.

Даъво аризасига 1 959 342,47 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати илова қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган ҳамда ундирув гаровга қўйилган мулкка - Тошкент вилояти Янгийўл тумани У. Мусаев қ.ф.й. Туябўғиз маҳалласидаги савдо дўконига қаратилган. "NICE PHARM" МЧЖ ҳисобидан ТИФ "Миллий банки" фойдасига 979 671 сўм давлат божи ундирилган.

ТИФ "Миллий банки"га ортиқча тўланган 979 671 сўм давлат божи республика бюджетидан қайтарилган. Аммо суд ортиқча тўланган 979 671 сўм давлат божини қайтаришга асос бўлган ҳолатларни ҳал қилув қарорида кўрсатмаган.

Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2008 йил 18 апрелдаги қарорининг 19-бандига асосан суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилади.


17. Даъвогар томонидан давлат божи ортиқча тўланганда, ишни кўриш натижаларидан қатъии назар, давлат божининг ортиқча тўланган қисми ХПК 93-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда даъвогарга қайтарилади.


Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилганда даъво аризасига 161 404 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов топшириқномаси илова қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 8 070 187 сўм асосий қарз, 100 000 сўм пеня ва 161 404 сўм олдиндан тўланган давлат божи ва 4 500 сўм почта харажатлари ундирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат божи ставкалари" 2-бандининг "а" кичик бандига кўра мулкий тусдаги даъво аризаларидан даъво баҳосининг 1 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.

Даъво аризасида билдирилган жами талаб 8 192 044 сўмни ташкил этган. Даъво баҳосининг 1 фоизи энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлганлиги сабабли, даъво аризаси учун у берилган вақтда Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида, яъни 96 105 сўм давлат божи тўланиши лозим бўлган.

Шу сабабли суд жавобгардан даъвогар фойдасига олдиндан тўланган 96 105 сўм давлат божини ундириши ва 65 299 сўм ортиқча тўланган давлат божини даъвогарга қайтариши керак эди.

ХПК 93-моддасининг учинчи қисмига кўра давлат божи тўланган, лекин хўжалик судига келиб тушмаган ёки у қайтарган аризалар, апелляция ёки кассация шикоятлари бўйича ҳамда божни тўлиқ ёки қисман қайтаришни назарда тутувчи суд ҳужжатлари бўйича уни қайтариш суд томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.


18. Ишда қатнашаётган юридик шахс тугатилганлиги сабабли иш юритиш тугатилганда, давлат божи даъвогарга тўлиқ қайтарилади.


"УзДЭУавто" АЖнинг ҳуқуқий вориси "GM Uzbekistan" АЖ "Арк-Транс" АЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Арк-Транс" АЖнинг инкассо топшириқномасини бекор қилишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "УзДЭУавто" АЖдан "Арк-Транс" АЖ фойдасига 443 850 АҚШ доллари ундирилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач "Арк-Транс" АЖга ижро варақаси берилган. Ижро варақасига асосан "Арк-Транс" АЖ банкка "УзДЭУавто" АЖнинг банкдаги ҳисоб рақамларидан 443 850 АҚШ долларини сўзсиз ундириш учун инкассо топшириқномасини тақдим қилган.

Шу сабабли "УзДЭУавто" АЖнинг ҳуқуқий вориси "GM Uzbekistan" АЖга нисбатан 2013 йил 17 декабрда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ишни кўриш жараёнида Давлат статистика қўмитасининг 2013 йил 28 июндаги хати тақдим қилинган. Унга кўра, "Арк-Транс" АЖ тугатилган корхоналар рўйхатига киритилганлиги маълум қилинган.

Шу боис биринчи инстанция суди ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилганлигини асос қилиб, ХПК 86-моддасининг 4-бандига таяниб иш юритишни тугатган.

СК 342-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига асосан агар ишда қатнашаётган юридик шахс тугатилган бўлса, давлат божи тўлиқ қайтарилиши керак.

Ушбу қонун нормасидан келиб чиқиб, биринчи инстанция суди даъвогар томонидан даъво аризаси учун олдиндан тўланган давлат божини қайтарган.


19. Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризалари (аризалар) учун мулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар бўйича ва номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкаларга кўра ҳар бир талаб бўйича алоҳида-алоҳида давлат божи тўланади.


Даъвогар "KAPITAL SUG`URTA" АЖ жавобгар "O`ZKOMMUNISSIQLIKTA`MIR" МЧЖга нисбатан хўжалик судига дъаво аризаси билан мурожаат қилиб, АЖнинг МЧЖ устав фондидаги улушининг ҳақиқий қийматини, яъни 103 463 768 сўмни ундиришни ҳамда МЧЖга жамиятнинг таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "KAPITAL SUG`URTA" АЖ "O`ZKOMMUNISSIQLIKTA`MIR" МЧЖнинг иштирокчиси (таъсисчиси) бўлган. АЖнинг улуши МЧЖ устав фонди (капитали)нинг 23,1 фоизини ташкил қилиб, улушнинг номинал қиймати 51 210 390 сўмга тенг бўлган.

Даъвогар жавобгарга 2012 йилнинг февраль ва апрель ойларида хатлар билан мурожаат қилиб, таъсисчилар сафидан чиқишини маълум қилган. У жамият устав фондидаги улушининг ҳақиқий қийматини тўлашни талаб қилган.

Бироқ жавобгар томонидан даъвогарнинг мурожаатини муҳокама қилиш учун таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилмаган. МЧЖнинг таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмаган ва даъвогарга унинг МЧЖ устав фондидаги улушининг ҳақиқий қиймати тўлаб берилмаган.

Шу боис "KAPITAL SUG`URTA" АЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган ва унга 1 034 627,68 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатини илова қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 103 463 768 сўм қарз, 1 034 627,68 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Шунингдек, даъвогардан рад қилинган (номулкий) талабдан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида 961 050 сўм давлат божи ундирилган.

ХПК 92-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланади.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 10-бандига кўра мулкий хусусиятдаги даъво аризалари (аризалар) билан мурожаат қилинганда давлат божи миқдори ундириладиган суммадан келиб чиқиб аниқланади. Номулкий хусусиятдаги даъво аризаларидан (аризалардан), банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризалардан, шартномани тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилишдан келиб чиқадиган низо бўйича давлат божи энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чи??ан ҳолда тўланади.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризалари (аризалар) учун мулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар бўйича ва номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкаларга кўра ҳар бир талаб бўйича алоҳида-алоҳида давлат божи тўланиши белгиланган.

Мазкур ҳолатда, даъвогар судга мурожаат қилишда иккинчи номулкий хусусиятдаги талаб бўйича давлат божи тўламаганлиги сабабли, суд асосли равишда даъвогардан давлат бюждетига энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида, яъни 961 050 сўм давлат божи ундирган.

Яна бир мисол.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси "Микрокредитбанк" Манғит филиали манфаатида жавобгарлар "Жумамурот Қурбонбоев" ФХ ва "Элликқалъа нефтбазаси" ДУКга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, банк ва ФХ ўртасида тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ҳамда жавобгарлардан солидар тартибда 643 239 000 сўм асосий қарз ва 128 200 000 сўм банк фоизини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган. Жавобгарлардан солидар тартибда банк фойдасига 618 038 962 сўм асосий қарз ва 16 797 114 сўм кредит фоизи ундирилиб, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Шунингдек, ФХ ҳисобидан банк фойдасига 5 000 сўм почта харажатлари ва республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 7 263 661 сўм давлат божи ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Биринчи инстанция суди даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган бўлсада, аммо даъво талабининг шартномани муддатидан олдин бекор қилиш қисми бўйича ФХдан давлат божи ундириш масаласини ҳал этмаган.

Шу сабабли, кассация инстанция суди ҳал қилув қарорининг фермер хўжалиги ҳисобидан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига "7 263 661" сўм давлат божи ундириш қисмини "8 629 690" сўмга ўзгартиришни лозим топган.



Бошқа суд харажатларини ундириш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари


20. Суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан, шу жумладан суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан ташкил топади ва улар ишда иштирок этувчи шахсларга қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.


Урганч шаҳар ДСИ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "KHOREZM IDEAL TRADE" МЧЖга нисбатан 1 890 035 550 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, МЧЖга нисбатан 1 890 035 550 сўм молиявий жарима қўлланилган. Шунингдек, МЧЖ ҳисобидан республика бюджети (Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси)га 961 050 сўм давлат божи ундирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судида кўрилмаган.

Биринчи инстанция суди МЧЖга нисбатан 1 890 035 550 сўм жарима қўллаб, МЧЖ ҳисобидан республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларининг ривожлантириш жамғармасига 961 050 сўм давлат божи ундириш ҳақида тўғри хулосага келган бўлсада, бироқ суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида аризачи томонидан олдиндан тўлаб чиқилган 5 000 сўм почта харажатларини ундириш масаласини ҳал этмаган.

Ваҳоланки, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига биноан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.

Шу боис, суд аризачи томонидан почта харажатлари олдиндан тўлаб чиқилганлигини инобатга олиб, МЧЖ ҳисобидан ДСИ фойдасига 5 000 сўм почта харажатларини ундириш масаласини ҳал этиши лозим эди.


21. Даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилганда, суд харажатлари, шу жумладан почта харажатлари жавобгар зиммасига юкланади.


"O`zGEORANGMETLITI" ДУК ва "SVETMET-SERVIS" МЧЖ ўртасида шартнома тузилган ва унга кўра МЧЖнинг Тошкент шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 59-уйда жойлашган бинонинг 224 725 000 сўмга тенг 3064,13 кв.м майдони даъвогарга ўтказилиши лозим бўлган.

Даъвогар томонидан МЧЖнинг ҳисоб рақамига 224 725 000 сўм ўтказиб берилган. Аммо МЧЖ шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган.

Шу сабабли даъвогар МЧЖнинг ҳуқуқий вориси "Полвонлар Миллий энциклопедияси" МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 224 725 000 сўм ундириб беришни сўраган. Даъво аризасига 2 247 250 сўм миқдорида давлат божи ва 7 200 сўм почта харажати тўлаганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномалари илова қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган ва суд харажатлари даъвогар зиммасида қолдирилган.

Даъвогар ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Шикоятга 1 123 625 сўм миқдорда давлат божи ва 7 200 сўм почта харажати тўлаганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаларини илова қилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиниб, жавобгардан даъвогар фойдасига 224 725 000 сўм ва олдиндан почта харажатлари учун тўланган 7 200 сўм ундирилган. Шунингдек, жавобгардан республика бюджети (Суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси)га 3 370 875 сўм давлат божи ундирилган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан апелляция инстанцияси судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 21.1-бандига биноан, агар ҳал қилув қарори даъвогар фойдасига қабул қилинган бўлса, у ҳолда тўланган давлат божи унга жавобгардан ундирилади.

Мазкур ҳолатда, даъвогар судга даъво аризаси ва апелляция шикояти билан мурожаат қилганда давлат божини тўлаб чи??анлиги сабабли, апелляция инстанцияси суди давлат божини жавобгардан давлат бюджетига эмас, балки даъвогарга ундириб бериши лозим эди. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди почта харажатларини фақат апелляция инстанцияси судига тўлаб чи??ан суммасини эмас, балки биринчи инстанция судига тўланган почта харажатини ҳам жавобгардан даъвогар фойдасига ундириши лозим эди.

Яна бир мисол.

"Pahlavon-Ko" ҚК хўжалик судига ДСИ ва "Матлубот Омад Савдо" МЧЖга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ДСИнинг инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, ҚКнинг Олмазор туман ДСИда рўйхатдан ўтган "Матлубот Омад Савдо" МЧЖнинг олдида дебиторлик қарздорлиги мавжуд бўлганлиги сабабли, ДСИ томонидан "Pahlavon-Ko" қўшма корхонасининг банкдаги ҳисоб рақамидан 36 864 000 сўм пул маблағларини сўзсиз ундириш учун 20648-сонли ва 25 379 000 сўм пул маблағларини сўзсиз ундириш учун 20654-сонли инкассо топшириқномалари банкка тақдим қилинган.

Инкассо топшириқномалари қўйилишидан норози бўлган "Pahlavon-Ko" қўшма корхонаси хўжалик судига ДСИ ва "Матлубот Омад Савдо" МЧЖга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъво аризасида "Pahlavon-Ko" қўшма корхонасининг молиявий аҳволи оғир бўлганлиги сабабли, давлат божини тўлашни ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар кечиктириб туриш сўралган.

Суднинг ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва суд даъвогарнинг мулкий аҳволини инобатга олиб, давлат божини тўлашни низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар кечиктирган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, ДСИнинг инкассо топшириқномалари ижро этилиши мумкин эмас деб топилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

ХПК 90-моддасининг биринчи қисмига биноан суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан: суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, хўжалик суди тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни ўз жойида кўздан кечириш учун тўланиши керак бўлган сумма, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан ташкил топади.

Шунингдек, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.

Мазкур ҳолатда, Солиқ кодекси 330-моддасининг 21-бандига кўра давлат солиқ хизмати органлари хўжалик судларида барча ишлар ва хужжатлар бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинганлиги сабабли суд асосли равишда жавобгар (ДСИ)дан республика бюджетига давлат божи ундирмаган. Бироқ, ДСИдан даъвогар фойдасига олдиндан тўланган 7 200 сўм почта харажатларини ундирмасдан хатоликка йўл қўйган.


22. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун почта харажатлари умумий тартибда ва миқдорда тўланади.


"Фаридун файз савдо" ХК хўжалик судига мурожаат қилиб, "Сирдарёпахтасаноат" ҲАБдан 145 980 670 сўм ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш учун суд буйруғи беришни сўраган.

Ариза қаноатлантирилиб, суд буйруғи берилган.

Қарздордан аризачи фойдасига 145 980 670 сўм асосий қарз, 729 903 сўм давлат божи ва 2 500 сўм почта харажатлари ундирилган.

Суд давлат божи миқдорини тўғри ҳисоблаб ундирган бўлсада, почта харажатларини ундиришда хатоликка йўл қўйган.

Сирдарё вилоят хўжалик суди томонидан белгиланган, ишларни кўриш билан боғлиқ почта харажатлари учун тўлов 5 000 сўмни ташкил қилади.

ХПКнинг 106-моддасига мувофиқ, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланиши назарда тутилган. Яъни, ушбу тартиб фақат давлат божи тўловига нисбатан тадбиқ қилиниши, почта харажатлари учун тўлов эса, даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда, тўлаб чиқилиши лозим бўлган суммада тўлиқ тўланиши керак.

Худди шундай хатоликка 12-1412/2074-сонли иш бўйича ҳам йўл қўйилган.


23. Суд бошқарувчиси томонидан хўжалик судига бериладиган даъво аризалари ва аризалар олдиндан давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланмасдан қабул қилинганда, ишни кўриш натижаси бўйича давлат божи республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, почта харажатлари эса суднинг депозит рақамига ундирилади.


"ATTORLIK" АЖ суд бошқарувчиси Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига нисбатан ариза билан мурожаат қилиб, суд ижрочисининг ҳаракатсизлигини ноқонуний деб топишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "SALUX JPS" МЧЖдан "ATTORLIK" АЖ фойдасига 6 822 575 342 сўм ундирилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач "ATTORLIK" АЖга ижро варақаси берилган. Ижро варақаси суднинг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун Суд департаментининг Яккасарой туман бўлимига топширилган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан "ATTORLIK" АЖ банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш бошланган.

Тугатиш жараёнида суд бошқарувчиси томонидан АЖнинг кредиторлик ва дебиторлик қарзлари мавжудлиги аниқланиб, тегишли рўйхатлар тузилган. Унга кўра, "SALUX JPS" МЧЖдан 6 822 575 342 сўм ундириш тўғрисидаги Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарори ижро этилмай қолганлиги аниқланган. Шу сабабли суд бошқарувчиси хўжалик судига Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига нисбатан ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, суд ижрочисининг ҳаракатсизлиги ноқонуний деб топилган. Суд департаментининг Яккасарой туман бўлими зиммасига суд ҳужжатини ижро этиш чорасини кўриш вазифаси юклатилган. Шунингдек, Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасидан республика бюджетига 915 300 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 27 январдаги "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорининг 16-бандида Қонун 19-моддасининг биринчи қисмига ва ХПК 91-моддасининг тўртинчи қисмига асосан банкротлик таомилини амалга оширишда суд бошқарувчиси томонидан хўжалик судига бериладиган даъво аризалари ва аризалар олдиндан давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланмасдан қабул қилиниши белгиланган. Шу боис суд бошқарувчисининг аризасини суд олдиндан давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланмаган бўлсада, қабул қилиб тўғри хулосага келган. Бироқ суд ишни кўриш натижаси бўйича жавобгардан почта харажатларини республика бюджетига ундириб нотўғри қилган. Чунки, почта харажатлари бу суднинг харажатлари бўлиб, у суднинг депозит рақамига ундирилиши лозим эди.


24. Суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган хўжалик судига юборилганда, суд харажатларини тақсимлаш масаласи ҳам ишни янгидан кўраётган хўжалик суди томонидан тўланган давлат божи ҳамда даъво талабларининг қаноатлантирилган миқдори ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.


Якка тартибдаги тадбиркор Ф. Артыков хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Кафил суғурта" МЧЖдан 59 362 300 сўм суғурта ҳодисаси туфайли етказилган зарар, 8 904 345 сўм жарима, 1 000 000 сўм ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қилган харажати ва 180 000 сўм экспертиза харажатларини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган ва ихтиёрий тўланган 347 234 сўм давлат божи тадбиркор зиммасида қолдирилган.

Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, тадбиркорнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Ишни янгидан кўрган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, суғурта компаниясидан суғурта тўлови ва зарар суммаси ҳамда даъво тақдим этилганда тўланган давлат божи суммаси ундирилган.

Ушбу ҳолатда, биринчи инстанция суди жавобгардан фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ундириб хатоликка йўл қўйган. Чунки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори 22-бандининг учинчи хатбошисига асосан, суд ҳужжати бекор қилинган ҳамда иш янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган хўжалик суди инстанциясига юборилганда, давлат божи бўйича суд харажатларини тақсимлаш масаласи ишни янгидан кўраётган хўжалик суди томонидан тўланган давлат божи ва даъво талабларининг қаноатлантирилган миқдори ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.

Бунда судлар ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд харажати давлат божидан қонун билан озод қилинган шахслардан ҳам ундириб олинишига эътибор қаратишлари лозим.

Шунга кўра суд барча инстанция судларида ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам низонинг келиб чиқишида айбдор бўлган тарафдан ундириши лозим эди.


25. Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ХПКнинг 95-моддасига мувофиқ ундирилади.


Даъвогар 25-сонли мактабгача таълим муассасаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар "Хуршид" ХИЧКдан 309 000 сўм асосий қарз ва 1 030 000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 515 000 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Жавобгар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қароридан норози бўлиб кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Кассация шикояти иш юритишга қабул қилиниб, суд мажлиси 2014 йил 8 сентябрга видеоконференцалоқа режимида ўтказиш учун тайинланган. Шу куни суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан биринчи ва апелляция инстанциялари суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган. Бироқ кассация инстанцияси суди томонидан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатлари ундирилмаган.

Ваҳоланки, ХПК 90-моддасининг учинчи қисмига асосан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг суммаси хўжалик суди томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодекснинг 95-моддасига мувофиқ ундирилади.

Шу боис кассация инстанцияси суди ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига асосан кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилганлигини инобатга олиб, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгар "Хуршид" ХИЧКдан ундириши лозим эди.


26. Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суд харажатлари ҳисобланиб, ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.


Мирзачўл туман фермерлар кенгаши "Ўзбекистон бахмали" ФХ манфаатида даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, "Қишлоқхўжаликкимё" АЖдан 3 922 423 сўм асосий қарз ва 1 961 211 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Ўзбекистон бахмали" ФХ ва "Қишлоқхўжаликкимё" АЖнинг Мирзачўл туман филиали ўртасида қишлоқ хўжалиги корхоналарига минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган. Унга кўра жавобгар ФХга минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни етказиб бериши, ФХ эса етказиб берилган маҳсулот учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.

ФХ "Қишлоқхўжаликкимё" АЖнинг Мирзачўл туман филиалидан 32 878 371 сўмлик маҳсулот қабул қилиб олиб, маҳсулотларни экин майдонига етказиб олиб келиш учун фермер хўжалиги томонидан жами 3 922 423 сўм харажат қилинган. Шу сабабли Мирзачўл туман фермерлар кенгаши ФХ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ХПК 90-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан, чунончи:

суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлардан ташкил топади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг суммаси хўжалик суди томонидан белгиланиши ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича Кодекснинг 95-моддасига мувофиқ ундирилиши, иккинчи қисмида эса, даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилиши белгиланган.

Демак, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажат ҳам суд харажати ҳисобланади ва у ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ХПКнинг 95-моддасига мувофиқ ҳар бир суд инстанцияси учун алоҳида ундириб олиниши лозим.

Кассация инстанцияси судининг 2014 йил 12 ноябрдаги қарори билан иш видеоконференцалоқа режимида кўрилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Шунга кўра кассация инстанцияси суди ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига таяниб асосли равишда ФХдан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ундирган.


27. Кредит бўйича қарздорлик суммасини ундириш ҳамда ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақидаги талаб битта даъво талаби ҳисобланганлиги сабабли давлат божининг миқдори қарздорлик суммасининг 1 фоизини ташкил этади.


ТИФ "Миллий банки" хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар "ELGA XIZMAT FARXOD" ШК ҳамда "FARXOD DEHQON BOZORI" АЖдан 231 935 511,72 қарздорликни ундиришни ҳамда ундирувни гаров мулки бўлган "FARXOD DEHQON BOZORI" АЖга тегишли Тошкент шаҳри Учтепа тумани М. Уйғур кўчаси кўчаси "Кўкча Оқтепа" бозоридаги шохобчага қаратишни сўраган.

Даъво аризасига 4 174 840 сўм давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати илова қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 4 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган ҳамда ундирув гаров мулки бўлган Тошкент шаҳри Учтепа тумани М. Уйғур кўчаси "Кўкча Оқтепа" бозоридаги шохобчага қаратилган. "ELGA XIZMAT FARXOD" ШК ҳисобидан ТИФ "Миллий банки" фойдасига 4 638 710,24 сўм, "ELGA XIZMAT FARXOD" ШК ҳисобидан давлат бюджетига 2 180 644,87 сўм давлат божи ундирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

СК 342-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра давлат божи қонун ҳужжатларида талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланганида давлат божи тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак.

Мазкур ҳолатда даъвогар қарздорликни ундириш ҳамда ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақидаги даъво талаби билан мурожаат қилиб, суммани ундириш ҳақидаги талаб бўйича - ундирилиши сўралаётган сумманинг 1 фоиз ҳамда ушбу суммани ундиришни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақидаги талаб бўйича ҳам - ундирилиши сўралаётган сумманинг 1 фоизи миқдорида давлат божини тўлаган.

Ваҳоланки, кредит бўйича қарздорлик суммасини ундириш ҳамда ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ҳақидаги талаб битта даъво талаби бўлганлиги сабабли ундирилиши сўралаётган сумманинг 1 % миқдорида давлат божини тўлаш етарли ҳисобланади.

Шу боис биринчи инстанция суди даъвогар томонидан ортиқча тўланган давлат божини давлат бюджетидан қайтариши лозим эди.

Шу билан бирга даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда давлат божини тўлаб чи??анлиги сабабли, биринчи инстанция суди давлат божини жавобгардан давлат бюджетига эмас, балки даъвогарга ундириб бериши керак эди.

Чунки, Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2008 йил 18 апрелдаги қарорининг 21.1-бандида агар ҳал қилув қарори даъвогар фойдасига қабул қилинган бўлса, у ҳолда тўланган давлат божи унга жавобгардан ундирилиши ҳақида тушунтириш берилган.





























Время: 0.0245
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск