ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари /

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)нинг Намунавий Устави (ЎзР ВМ 05.11.2003 й. 486-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 5 ноябрдаги

486-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги кооперативи

(ширкат хўжалиги)нинг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) (кейинги ўринларда "ширкат хўжалиги" деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида"ги Қонуни ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ширкат хўжалиги таъсис йиғилишининг қарори асосида ташкил этилади.


2. Ширкат хўжалиги ўзи негизида ташкил этилаётган хўжаликнинг шартнома ва мажбуриятлари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


3. Ширкат хўжалиги давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади, ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига, ўз Уставига амал қилади.

Ширкат хўжалиги мустақил балансга, банк муассасасида ҳисоб рақамларига, номи ёзилган муҳрга ва штампга эга бўлади, судларда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам, шунингдек ундан ташқарида ҳам қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай битишувларни тузиш ҳуқуқига эга бўлади.


4. Ширкат хўжалиги ўз фаолиятини тижорат асосида амалга оширади, фаолиятининг натижалари ва мажбуриятлар бажарилиши юзасидан жавоб беради. Ширкат хўжалиги давлатнинг ва ўз аъзоларининг мажбуриятлари юзасидан, давлат эса ширкат хўжалиги ва унинг аъзолари мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.


5. Ширкат хўжалигининг мол-мулки дахлсиздир ва унинг давлат органлари томонидан олиб қўйилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


6. Уставда ширкат хўжалигининг номи, жойлашган жойи, шунингдек ихтисослашуви кўрсатилади.



II. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИНИНГ

МАҚСАДИ, ФАОЛИЯТИ СОҲАСИ,

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш асосида даромад (фойда) олиш ва ширкат хўжалиги аъзоларининг турмуш фаровонлигини ошириш ширкат хўжалиги фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар ширкат хўжалиги фаолиятининг соҳаси ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, истеъмол товарлари ва ишлаб чиқариш-техника мақсадаридаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини қайта ишлаш, сақлаш, сотиш, шу жумладан ўз савдо шохобчалари орқали сотиш;

ишлаб чиқариш, уй-жой, маданий-маиший, ижтимоий ва бошқа мақсадларга мўлжалланган объектларни қуриш ва таъмирлаш ишлари;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда аҳолига транспорт-фойдаланиш хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш;

маркетинг тадқиқотлари ва тижорат фаолиятини ташкил қилиш;

ширкат хўжалиги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини ҳам амалга ошириши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун махсус рухсатномалар олиш талаб этилса, у ҳолда фаолиятнинг бундай тури тегишли лицензия олингандан кейин амалга оширилади.


9. Ширкат хўжалиги ўз фаолиятини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ширкат хўжалиги Уставида назарда тутилган ихтисослашувга ва тузилган шартномаларга мувофиқ ўзига узоқ муддатли ижарага берилган ер участкасида ишлаб чиқариш фаолиятини мустақил ташкил этиш;

маҳсулотларга нархларни шартнома асосида мустақил белгилаш ва маҳсулотларни, агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, тузилган шартномалар асосида ўз хоҳишига кўра сотиш;

акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш;

ернинг унумдорлигини ошириш;

моддий-техника ресурслари сотиб олиш;

инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш;

уюшмалар, иттифоқлар ва бошқа бирлашмаларга кириш;

бошқа юридик ва жисмоний шахслардан асбоб-ускуналар ва бошқа мол-мулкни сотиб олиш, ижарага олиш ёки вақтинча фойдаланиш учун олиш;

ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга уч йилгача муддатга субижарага бериш;

ўз мол-мулкини сотиш, ижарага бериш, гаровга қўйиш ва бошқа усул билан ўзгага бериш;

боғлар ва узумзорларни ижарага бериш;

кредитлар олиш.


10. Ширкат хўжалигининг мажбуриятлари:

ер ва сув ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер участкасининг унумдорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш, бизнес-режаларда ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратилишини назарда тутиш;

экология талабларига ва атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя қилиш;

ер ва сув ресурсларидан фойдаланишнинг ички хўжалик ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш;

экинларни навлар бўйича жойлаштиришнинг белгиланган талабларига риоя қилиш;

сув ресурсларидан ва бошқа моддий-техника ресурсларидан тежаб фойдаланиш учун хўжалик ички пудратчилари ва ижарачиларни иқтисодий рағбатлантириш;

сув ресурсларидан сувдан лимит бўйича фойдаланиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиш;

янги агротехнологияларни жорий этиш;

сувни тежаш тадбирларини амалга ошириш;

хўжалик ички гидромелиорация тизимини ўз вақтида таъмирлаш ва шўрланган ерларни ювиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар етиштиришда стандартлар талабларига риоя қилиш;

қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш олиб бориш;

меҳнатга ўз вақтида ҳақ тўлаш;

ширкат хўжалиги аъзолари ва унда меҳнат шартномаси бўйича ишловчи шахсларнинг меҳнат фаолияти ҳисобини юритиш, уларга хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш.

Ширкат хўжалиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар бўйича ўзга ҳуқуқларга эгадир ва улар бўйича жавоб беради.



III. ЕР УЧАСТКАСИ ВА

УНДАН ФОЙДАЛАНИШ


11. Ширкат хўжалигига ер участкаси эллик йилгача муддатга узоқ муддатли ижарага берилади. Ижарага берилган ер участкаси давлат мулки ҳисобланади ва у хусусийлаштирилиши, олди-сотди, айирбошлаш, гаров, ҳадя қилиш объекти бўлиши мумкин эмас.

Ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланувчи ширкат хўжалиги ер участкаларини қўшимча равишда ижарага олиши мумкин.

Ер участкасининг ижара шартномаси томонларнинг келишувига кўра, томонлар келишувга эришмаган тақдирда эса  суд томонидан ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.


12. Ширкат хўжалигига берилган ерлар жамоат фойдаланишидаги ерлардан ва деҳқон хўжалигини юритиш учун бериб қўйилган ерлардан иборатдир.


13. Ширкат хўжалиги ердан оқилона ва самарали фойдаланишни, унинг унумдорлигини пасайтирмасликни ва экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўйилмасликни таъминлаши шарт.


14. Ширкат хўжалигининг қишлоқ хўжалиги экин майдони, қоида тариқасида, оилаларга (жамоаларга) оила (жамоа) пудрати шартномаси шартлари асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида қонун ҳужжатларида ва умумий йиғилиш томонидан белгиланган тартибда беш йил муддатга вақтинча фойдаланиш учун берилади.

Ер участкасидан фойдаланиш муддати тамом бўлгандан кейин оилалар (жамоалар) оила (жамоа) пудрати шартномасини янги муддатга узайтириш (чўзиш) ҳуқуқига эгадир.

Оила (жамоа) пудратчиларига ер участкасини бериш далолатнома билан тасдиқланади.


15. Ширкат хўжалиги аъзолари оилаларига, шунингдек ширкат хўжалиги ҳудудида доимий яшаётган ўқитувчилар, врачлар ва бошқа мутахассисларнинг оилаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида деҳқон хўжаликларини юритиш учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ширкат хўжалиги умумий йиғилишининг илтимосномаси асосида туман ҳокимининг қарорига кўра ажратиб берилади.


16. Ширкат хўжалигининг ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда ернинг унумдорлигини ошириш, шунингдек бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтзорлар қиймати билан боғлиқ харажатлар, етказилган бошқа зарарлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда қопланади.

17. Ширкат хўжалиги тугатилган ёки қайта ташкил этилган тақдирда ер участкаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берувчига қайтарилади.


18. Ширкат хўжалигига узоқ муддатли ижарага берилган ер участкасидан фойдаланганлик учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар ва муддатлар бўйича ягона ер солиғи тариқасида ундирилади.



IV. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИ МОЛ-МУЛКИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


19. Асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек ширкат хўжалигининг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ширкат хўжалигининг мулки ҳисобланади.


20. Қуйидагилар ширкат хўжалиги мол-мулкини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

асосий фондлар ва бошқа фондлар қиймати;

етиштирилган маҳсулотлар;

маҳсулотларни сотишдан ва кўрсатилган хизматлардан тушган даромад (фойда);

ширкат хўжалиги аъзоларининг пул ва моддий бадаллари;

банк кредитлари;

қимматли қоғозлар;

буюртмачилардан олинган аванслар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


21. Ширкат хўжалиги мол-мулки ширкат хўжалиги балансида акс эттирилган узоқ муддатли ва айланма активлардан иборат.


22. Ширкат хўжалиги мол-мулкини шакллантиришда юридик ва жисмоний шахслар шартнома асосида ўзларининг пул бадаллари ва моддий ресурслари билан иштирок этишлари мумкин.


23. Ширкат хўжалиги томонидан ташкил этиладиган шўъба корхоналарнинг мол-мулки, шунингдек унинг хўжаликлараро ташкилотлар мулкидаги улуши ширкат хўжалигининг мулки ҳисобланади.


24. Ширкат хўжалиги мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади. Ширкат хўжалиги мол-мулки ҳар йили хатловдан ўтказилади ва унинг натижалари ширкат хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади.



V. УСТАВ ФОНДИ ВА УНИ ТАҚСИМЛАШ


25. Ширкат хўжалиги фаолиятини таъминлаш учун пай жамғармаси ва бўлинмас фонддан иборат устав фонди ташкил этилади. Устав фонди миқдори ширкат хўжалиги умумий йиғилиши томонидан белгиланади.


26. Уставда ширкат хўжалиги устав фонди ва бўлинмас фонд миқдори кўрсатилади.

Бўлинмас фондни ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби ширкат хўжалиги умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган Бўлинмас фондни ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.


27. Пай жамғармаси ширкат хўжалиги аъзоларининг мулкий пайларига тақсимланади.


28. Аъзоларнинг ширкат хўжалиги ташкил этилган пайтда аниқланган мулкий пайлари уларнинг бошланғич мулкий пайи ҳисобланиб, унинг миқдори таъсис йиғилишида тасдиқланади.


29. Устав фонди миқдори ширкат хўжалиги умумий йиғилишининг қарорига асосан тақсимланмаган фойдадан ажратма ва бошқа манбалар ҳисобига кўпайтирилиши мумкин. Бу ҳолда ширкат хўжалиги устави қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.


30. Ширкат хўжалиги ўз аъзоларининг маблағларини қўшимча бадаллар сифатида жалб қилиши мумкин. Қўшимча бадаллар пай жамғармасига киритилади. Ширкат хўжалиги аъзолари пай жамғармасига киритилган қўшимча бадаллар бўйича ширкат хўжалигининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган Пай жамғармасини шакллантириш, мулкий пайларни тақсимлаш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган тартибда дивидендлар оладилар.



VI. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИНИНГ АЪЗОЛАРИ,

УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Ўн олти ёшга тўлган, ширкат хўжалиги уставини эътироф этадиган ва унинг талабларига риоя этадиган, ширкат хўжалиги фаолиятида ва (ёки) унинг жамғармаларини шакллантиришда иштирок этувчи жисмоний шахслар ширкат хўжалиги аъзолари бўлишлари мумкин.

Ширкат хўжалигига аъзолик ундан вақтинча чиқиб кетган шахслар учун қуйидаги ҳолларда сақланиб қолади:

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаганда;

давлат ва жамоат органларига сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда;

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқишга кирганда;

ширкат хўжалиги бошқаруви томонидан бошқа ширкат хўжаликларига, хўжаликлараро ва бошқа ташкилотларга белгиланган муддатга ишга йўлланганда.

Ширкат хўжалигининг қарилик ёки ногиронлик бўйича ишни тўхтатган аъзолари ўзларининг ширкат хўжалигига аъзоликларини унинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланган асос ва шартларда сақлаб қоладилар.

Юридик шахслар ширкат хўжалигига аъзо бўлишлари мумкин. Ширкат хўжалигига аъзо бўлган юридик шахсларнинг ширкат хўжалиги билан ўзаро муносабатлари улар ўртасида тузиладиган шартнома билан белгиланади.


32. Ширкат хўжалигини ташкил этишда таъсис йиғилишида тасдиқланган аъзолар таркиби рўйхати ва уларнинг бошланғич мулкий пайларининг миқдори Уставга илова қилинади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.


33. Ширкат хўжалиги аъзолари сонини кўпайтириш умумий йиғилишнинг мутлақ ваколатига киради. Ширкат хўжалигига аъзоликка қабул қилиш шахснинг ёзма аризаси асосида амалга оширилади.

Ширкат хўжалиги аъзолари билан меҳнат муносабатлари ширкат хўжалиги раисининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Меҳнат шартномаси ва бошқарувнинг қарори буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади. Ширкат хўжалиги раисининг буйруғи ширкат хўжалиги аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилишида тасдиқланади.

Бунда ширкат хўжалигига аъзоликка қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида бошқарув қарори ариза берилган пайтдан бошлаб бир ой муддатда қабул қилиниши керак.

Ширкат хўжалиги аъзолигига махсус билимларга ва иш тажрибасига эга бўлган шахсларни қабул қилиш зарур бўлганда хўжалик бошқаруви уч ойгача бўлган синов муддати белгилаши мумкин.

Ширкат хўжалигига аъзоликка қабул қилинаётган шахс умумий йиғилиш томонидан белгиланган миқдорда ширкат хўжалиги пай жамғармасига улуш қўшиши ёхуд чиқиб кетган аъзонинг пайини сотиб олиши керак.


34. Ширкат хўжалиги аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ширкат хўжалигини бошқаришда иштирок этиш;

ширкат хўжалиги бошқарув органларига сайлаш ва сайланиш;

ширкат хўжалиги фаолияти тўғрисида маълумот олиш, унинг ҳужжатлари билан танишиш;

ўз меҳнати натижаларига мувофиқ даромадлар олиш;

мулкий пайлар бўйича дивидендлар олиш;

ширкат хўжалиги тугатилган тақдирда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қоладиган мол-мулкдан ўз улушини ёки унинг қийматини олиш;

ширкат хўжалигининг маҳсулотлари ва хизматларидан устувор тартибда фойдаланиш;

ширкат хўжалиги аъзолигидан ўз хоҳишига кўра чиқиш, ўзининг мулкий пайини қонун ҳужжатлари ва Уставга мувофиқ васият қилиб қолдириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.


35. Ширкат хўжалиги аъзоларининг мажбуриятлари:

қонун ҳужжатлари, ширкат хўжалигининг таъсис ҳужжатлари талабларига риоя қилиш, унинг бошқарув органлари қарорларини бажариш;

ширкат хўжалиги фаолиятига тааллуқли сир тутиладиган ахборотни ва тижорат ахборотини ошкор қилмаслик;

ширкат хўжалиги мол-мулкини эҳтиёт қилиш, ишлаб чиқариш воситаларидан тежаб ва самарали фойдаланиш;

ширкат хўжалигида меҳнат қилиш ва ўз меҳнати натижалари учун жавоб бериш, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомига, меҳнатни ва табиатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш.


36. Ширкат хўжалиги ва унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатлари, Устав ҳамда ширкат хўжалиги бошқарув органларининг қарорлари асосида тартибга солинади.


37. Ширкат хўжалиги ўз аъзолари ва ёлланган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шакллари, тизими ва шартларини қонун ҳужжатларига ва оила (жамоа) пудрати шартномасига мувофиқ мустақил равишда белгилайди. Ҳар бир аъзонинг даромади унинг меҳнати улушига ҳамда йил якуни бўйича ширкат хўжалиги фаолиятининг пировард натижасига боғлиқ бўлади. Ширкат хўжалиги ҳар бир аъзосининг ойлик даромади белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Унинг юқори чегараси белгиланмайди.

38. Ширкат хўжалигига аъзолик:

ширкат хўжалиги аъзолигидан ихтиёрий равишда чиқилганда;

ширкат хўжалиги аъзолигидан чиқарилганда;

ширкат хўжалиги хўжалик юритишнинг бошқа шаклларига қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда тўхтатилади.

Умумий йиғилиш томонидан ширкат хўжалиги аъзолигидан чиқариш:

ширкат хўжалиги фаолиятида меҳнат иштироки тўхтатилганда, унинг Уставида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ширкат хўжалиги Уставида белгиланган бошқа ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Ширкат хўжалиги аъзолигидан чиқариш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ширкат хўжалиги аъзоси ширкат хўжалиги таркибидан ўз ташаббуси билан чиқиш тўғрисида ширкат хўжалиги бошқарувини ўзининг мўлжалланаётган чиқиши санасидан камида икки ҳафта олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Ширкат бошқаруви ширкат хўжалиги аъзосининг ширкатдан чиқиш тўғрисидаги аризаси асосида аъзоликдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва уни тасдиқлаш учун умумий йиғилишга киритади.

Ширкат хўжалиги аъзолари билан, шунингдек ёлланган ходимлар билан меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИ АЪЗОЛАРИНИНГ

МУЛКИЙ ПАЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ҲИСОБИ


39. Ширкат хўжалиги аъзоларининг мулкий пайлари миқдори умумий йиғилиш томонидан тасдиқланадиган Пай жамғармасини шакллантириш, мулкий пайларни тақсимлаш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга биноан белгиланади.


40. Пай жамғармаси ва тегишли равишда ширкат хўжалиги аъзолари мулкий пайлари миқдорининг ўзгариши (кўпайиши ёки камайиши) умумий йиғилиш қарори билан амалга оширилади.


41. Ширкат хўжалиги аъзоларининг мулкий пайи номи ёзилган далолатнома билан расмийлаштирилиб, рўйхатга олиш рақамига эга бўлади ва у қимматли қоғозлар тоифасига кирмайди.


42. Ҳар бир аъзо учун ширкат хўжалиги молия-ҳисоб-китоб марказида шахсий ҳисоб рақами очилади ва унда унинг бошланғич мулкий пайи ва қўшимча пай бадаллари, шунингдек тўланган дивидендлар акс эттириб борилади. Барча аъзоларнинг шахсий ҳисоб рақамларидаги мулкий пайларининг йиғиндиси ширкат хўжалигининг пай жамғармаси миқдорига тенг бўлиши керак. Ширкат хўжалиги аъзоларининг мулкий пайлари миқдори улар томонидан киритилган қўшимча бадаллар миқдорига ошади.



VIII. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


43. Тижорат фаолиятидан олинган даромад (фойда) солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг бутунлай ширкат хўжалиги тасарруфида бўлади ва уни ширкат хўжалиги мустақил равишда тасарруф этади.


44. Ширкат хўжалигининг зарарлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


45. Ширкат хўжалигининг даромади (фойдаси) умумий йиғилишнинг қарори билан аъзоларга дивидендлар тўлаш ва устав фонди миқдорини кўпайтириш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа мақсадлар учун тақсимланади.


46. Ҳар бир аъзонинг мулкий пайлари бўйича дивидендлар миқдорини аниқлаш ва тақсимлаш Пай жамғармасини шакллантириш, мулкий пайларни тақсимлаш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга биноан амалга оширилади.


47. Ширкат хўжалиги даромади (фойдаси)нинг пайлар бўйича дивидендлар тўлаш учун мўлжалланган қисми йил якунларига кўра мулкий пайнинг миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади ва тўланади.



IX. ПАЙЛАРНИ АЖРАТИБ БЕРИШ

ВА МЕРОС ҚИЛИБ ҚОЛДИРИШ


48. Ширкат хўжалигидан чиқиш фермер хўжалиги ёки янги ширкат хўжалиги ташкил этиш мақсадида амалга оширилган ҳолларда мулкий пайлар 15 кун муддатдан кечикмай пул шаклида тўланади.


49. Ширкат хўжалиги аъзосининг мулкий пайини мерос қилиб қолдириш фақат унинг қийматдаги ифодасида амалга оширилади.


50. Пайга мулкчилик ҳуқуқларининг меросхўрларга ўтиши ширкат хўжалиги бошқарувида рўйхатдан ўтказиш йўли билан Пай жамғармасини шакллантириш, мулкий пайларни тақсимлаш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.



X. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИНИНГ

БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


51. Ширкат хўжалигининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши), бошқаруви ва тафтиш комиссияси (тафтишчи) ширкат хўжалигининг бошқарув органлари ҳисобланади. Ширкат хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилиши ширкат хўжалиги бошқарувининг юқори органи ҳисобланади. Умумий йиғилиш молия йили тугагандан кейин ўтказилади. Умумий йиғилиш ширкат хўжалиги бошқарувининг (раисининг) қарорига биноан ёки ширкат хўжалиги аъзолари камида учдан бир қисмининг ташаббуси билан навбатдан ташқари чақирилиши мумкин.


52. Умумий йиғилиш:

ширкат хўжалигининг Уставини қабул қилади ва унга белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

ширкат хўжалигининг раиси, ширкат хўжалигининг бошқаруви ва тафтиш комиссияси аъзоларини (тафтишчини) сайлайди ва уларни чақириб олади, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади ва фаолиятига баҳо беради;

ширкат хўжалиги аъзолигига қабул қилиш, аъзоликдан чиқариш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек ширкат хўжалиги аъзолигидан чиқиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этади;

ширкат хўжалигининг ички меҳнат тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартибини белгилайди;

оила (жамоа) пудрати тўғрисидаги низомни ва бошқа хўжалик ички норматив ҳужжатларни қабул қилади;

ширкат хўжалиги аъзоларининг мулкий пайлари миқдорини белгилайди;

ширкат хўжалиги фаолиятининг бизнес-режаларини ва уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;

даромадни (фойдани) тақсимлаш тартибини, ширкат хўжалигининг бўлинмас, пай ва бошқа жамғармалари турларини, миқдорини ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилайди;

ердан фойдаланиш, ер тузиш масалаларини ҳал этади, шунингдек Ширкат хўжалиги аъзолари оилаларига, шунингдек ширкат хўжалиги ҳудудида доимий яшаётган ўқитувчилар, врачлар ва бошқа мутахассисларнинг оилаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида деҳқон хўжаликларини юритиш учун ер участкалари бериш тўғрисида туман ҳокимига илтимоснома киритади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун оилаларга (жамоаларга) пудрат шартларида ер участкалари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади;

фермер хўжаликларига танлов асосида ер участкаларини ижарага бериш тўғрисида туман ҳокимига илтимоснома киритади;

ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш ва тугатиш, унинг уюшмалар, жамиятлар, агрофирмалар ва бошқа бирлашмаларга кириши ва улардан чиқиши масалаларини ҳал этади.


53. Аъзоларининг сони беш юз кишидан ортиқ бўлган йирик ширкат хўжаликларида умумий йиғилиш ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун вакиллар йиғилиши чақирилиши мумкин.

Вакиллар оилавий (жамоавий) пудратчиларнинг ва ширкат хўжалиги бошқа бўлинмаларининг йиғилишларида ширкат хўжалиги аъзолари орасидан умумий йиғилиш томонидан белгиланган муддатга сайланадилар. Вакилларнинг вакиллик нормалари ширкат хўжалиги аъзоларини ширкат хўжалигини бошқаришга энг кўп даражада жалб этишни ҳисобга олган ҳолда ширкат хўжалиги бошқаруви томонидан белгиланади. Ширкат хўжалиги раиси, бошқарув аъзолари, ширкат хўжалиги тафтиш комиссияси аъзолари вакиллар йиғилиши ишида мажбурий тартибда қатнашадилар.

Ширкат хўжалиги раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тўхтатиш масалалари бўйича қарорлар фақат умумий йиғилиш томонидан қабул қилинади.


54. Ширкат хўжалиги аъзолари ёки уларнинг вакилларининг умумий мажлиси ширкат барча аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган (ёки уларнинг вакиллари қатнашган) тақдирдагина масалаларни ҳал этиш ҳуқуқига эга бўлади. Умумий йиғилиш қатнашчиларининг сони юз кишидан ортиқ бўлса, шунингдек яширин овоз бериладиган ҳолларда саноқ комиссияси сайланади.


55. Ширкат хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши) қарорлари очиқ ёки яширин овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Уставга ўзгартиришлар киритиш, устав фонди миқдорини ўзгартириш, ширкат хўжалигини қайта ташкил қилиш ва тугатиш масалалари бўйича қарорлар умумий йиғилиш иштирокчиларининг ёки улар вакилларининг тўртдан уч қисмининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши керак. Ширкат хўжалиги аъзоси бўлмаган ва унда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган шахслар умумий йиғилишда маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.


56. Ширкат хўжалиги бошқаруви умумий йиғилиш чақирилиши ҳақида аъзоларни йиғилиш ўтказиладиган санадан камида етти кун олдин хабардор қилиши шарт.


57. Мулкий улуши миқдоридан қатъи назар, ширкат аъзоси бир овозга эга бўлади.


58. Ширкат хўжалиги аъзолари умумий йиғилишида сайланадиган бошқарув ижро этувчи орган ҳисобланади.

Ширкат хўжалиги бошқаруви қуйидаги ваколатларга эга:

ширкат хўжалиги фаолиятининг бизнес-режаларини ишлаб чиқиш ва умумий йиғилиш (вакиллар йиғилиши) тасдиғига киритиш;

ширкат хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилишини (вакиллар йиғилишини) чақириш ҳамда улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш;

ширкат хўжалигига янги аъзолар қабул қилиш ва аъзоликни тугатиш тўғрисидаги қарорни умумий йиғилиш (вакиллар йиғилиши) тасдиғига киритиш;

ширкат хўжалиги мол-мулкининг сақланишини таъминлаш ҳамда етказилган зарарнинг ўрни қопланишига доир чораларни кўриш;

зарурат бўлганда мустақил аудиторлик текширишлари ўтказилишини ташкил этиш;

ердан фойдаланиш, ер тузиш ва ер участкалари ажратиш бўйича таклифларни умумий йиғилишнинг кўриб чиқиши учун киритиш;

сув хўжалиги хизматини ва бошқа инфратузилмани ташкил этиш;

жорий хўжалик масалаларини ҳал этиш;

ширкат хўжалиги Уставида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш.


59. Ширкат хўжалиги бошқаруви ишига ширкат хўжалиги раиси раҳбарлик қилади. Қоидага кўра, бошқарув раис лавозимига номзодни тавсия этади. Ширкат хўжалиги раиси умумий йиғилишда ширкат хўжалиги аъзоларидан очиқ овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида уч йил муддатга сайланади.

Раис:

Уставга мувофиқ ширкат хўжалиги номидан ишончномасиз иш олиб боради;

оила бошлиқлари (жамоанинг ваколатли вакиллари) билан оила (жамоа) пудрати шартномалари тузади;

ширкат хўжалигининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади, мол-мулкини тасарруф этади, шартномаларни, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузади, уларнинг бажарилишини таъминлайди, ишончномалар беради, банкда ҳисоб рақамлари очади ва ширкат хўжалиги Уставига мувофиқ бошқа ишларни амалга оширади;

ширкат хўжалиги умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши) ва бошқарув қарорларнинг ижросини назорат қилади;

ширкат хўжалигининг ички меҳнат тартиби қоидаларини белгилайди;

ўз ваколати доирасида буйруқ ва фармойишлар чиқаради, пул ва ҳисобот ҳужжатларини ҳамда бошқа ҳужжатларни имзолайди;

ходимлар меҳнатини ташкил этади, қонун ҳужжатларида ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган меҳнат шарт-шароитларини яратади, барча ходимларга меҳнат дафтарчалари юритилишини таъминлайди;

умумий йиғилиш ва бошқарув олдида ҳисобот беради.

Ширкатнинг умумий йиғилиши айрим вазифаларни тезликда ҳал этиш учун раисга бошқа функцияларни ҳам юклаши мумкин.

Ширкат хўжалиги бошқарувининг аъзолари ўз таркибидан ширкат хўжалигининг Уставига мувофиқ ширкат хўжалиги раисининг ўринбосарини ва бошқарув котибини сайлашлари мумкин.


60. Умумий йиғилиш томонидан муайян муддатга сайланган тафтиш комиссияси (тафтишчи) ширкат хўжалигининг назорат органи бўлиб, у ширкат хўжалигининг молия-хўжалик фаолиятини текширади. Тафтиш комиссияси (тафтишчи) бир йилда бир марта ширкат хўжалигининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади. Йил давомида заруратга қараб ўтказилган текшириш натижалари ҳамда бир йиллик тафтиш натижаси тўғрисида бошқарувга маълум қилади ва умумий йиғилиш олдида ҳисобот беради.

Тафтиш комиссияси аъзолари (тафтишчи) ширкат хўжалигининг ижро этувчи органи таркибига кириши мумкин эмас. Умумий йиғилиш ширкат хўжалигининг ва унинг бошқарувининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақли.


61. Ширкат хўжалиги бошқарув аппарати штатларини мустақил белгилайди.



XI. ҲИСОБ-КИТОБ ИШЛАРИ ВА ҲИСОБОТ

БЕРИШ, ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ ТАРТИБИ


62. Ширкат хўжалиги ўз фаолияти натижалари ҳисоб-китоби ишларини амалга оширади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ва статистика ҳисоботини юритади.


63. Ширкат хўжалиги фаолияти:

тафтиш комиссияси (тафтишчи);

умумий йиғилиш қарорига кўра мустақил аудиторлик ташкилотлари;

қонун ҳужжатларида ушбу мажбурият юкланган солиқ органлари ва бошқа давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида текширилади.

Ширкат хўжалиги текшириш ҳуқуқини берадиган тегишли ҳужжат кўрсатилишини талаб этиш, текширувчилар ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича уларнинг талабларини бажармасликка ҳамда текширув соҳасига боғлиқ бўлмаган маълумотлар билан уларни таништирмасликка ҳақлидир.



XII. ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


64. Ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида ва ширкат хўжалиги Уставида белгиланган тартибда қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида амалга оширилади.


65. Ширкат хўжалигини қайта ташкил этишда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шахсларга ўтади.


66. Ширкат хўжалигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан ширкат хўжалигининг фаолияти тўхтатилиши унинг тугатилиши ҳисобланади.

Ширкат хўжалиги:

умумий йиғилиш қарорига биноан;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан тугатилади.


67. Ширкат хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган умумий йиғилиш бу ҳақда ширкат хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказувчи органга дарҳол ёзма равишда хабар бериши шарт, давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ширкат хўжалиги тугатиш жараёнида эканлиги ҳақидаги маълумотларни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритади.

Ширкат хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган умумий йиғилиш ширкат хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини (тугатувчини) тайинлайди ҳамда қонунга ва ширкат Уставига мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатини белгилайди.

Тугатиш комиссияси (тугатувчи) тайинланган пайтдан бошлаб ширкат хўжалиги ишларини бошқариш соҳасидаги барча ваколатлар унинг ихтиёрига ўтади. Тугатиш комиссияси (тугатувчи) тугатилаётган ширкат хўжалиги номидан судда иштирок этади.


68. Тугатиш комиссияси (тугатувчи) матбуот органларида ширкат хўжалигининг тугатилиши, унинг кредиторлари томонидан талабларни баён этиш тартиби ва муддати ҳақидаги хабарни жойлаштиради. Бу муддат тугатиш ҳақида хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб икки ойдан кам бўлиши мумкин эмас.

Тугатиш комиссияси (тугатувчи) кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзини олиш чораларини кўради, шунингдек кредиторларни ширкат хўжалиги тугатилиши ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.


69. Кредиторлар томонидан талабларни қўйиш учун белгиланган муддат тамом бўлганидан кейин тугатиш комиссияси (тугатувчи) оралиқ тугатиш балансини тузади, бу баланс тугатилаётган ширкат хўжалиги мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар рўйхати, шунингдек уларни қараб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Оралиқ тугатиш баланси ширкат хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишган ҳолда ширкат хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган умумий йиғилиш ёки суд томонидан тасдиқланади.


70. Агар тугатилаётган ширкат хўжалиги ихтиёридаги пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси (тугатувчи) ширкат хўжалигининг мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкора савдоларда сотади.


71. Тугатилаётган ширкат хўжалиги кредиторларига пул суммаларини тўлаш тугатиш комиссияси (тугатувчи) томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган навбат тартибида, оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб амалга оширилади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатиш комиссияси (тугатувчи) тугатиш балансини тузади. Тугатиш баланси ширкат хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган билан келишган ҳолда ширкат хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган умумий йиғилиш ёки суд томонидан тасдиқланади.


72. Ширкат хўжалиги тугатилаётганда кредиторлар талаблари қондирилгандан кейин қоладиган бўлинмас фанднинг қисми ва пай жамғармаси ширкат хўжалиги аъзолари ёки уларнинг меросхўрлари ўртасида мулкий пайлар қийматига мутаносиб равишда тақсимланади.


73. Ширкат хўжалиги тугатилганда унинг аъзолари деҳқон хўжалигини юритиш мақсадида ўзларига бириктирилган ер участкаларига меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.


74. Ширкат хўжалигининг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилгандан сўнг ширкат хўжалигини тугатиш тамомланган, ширкат хўжалигининг фаолияти эса тугаган ҳисобланади.













































Время: 0.1374
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск