Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1995 й. 103-I-сон "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1995 й.

N 103-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Конституциявий суди

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланади.

Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўзининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.


2-модда. Конституциявий судни сайлаш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлиснинг Сенати томонидан суд Раиси, Раис ўринбосари ва Қорақалпоғистон Республикасидан сайланадиган судьяни қўшган ҳолда Конституциявий суднинг беш аъзосидан иборат таркибда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд таркибидан камида тўрт киши сайланган тақдирда суд ўз фаолиятини бошлашга ҳақлидир.

Судья Конституциявий суд таркибидан чиқиб кетган тақдирда Олий Мажлиснинг Сенати ушбу моддада белгиланган тартибда бошқа шахсни сайлайди.


3-модда. Конституциявий суднинг ваколат муддати

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига мувофиқ Конституциявий суд беш йил муддатга сайланади.

Конституциявий суд доимий ишлайдиган органдир.

Конституциявий суднинг мажлислари заруратга қараб ўтказилади.



4-модда. Конституциявий суд фаолиятининг

асосий принциплари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига содиқлик, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик ва судьялар ҳуқуқларининг тенглиги Конституциявий суд фаолиятининг асосий принципларидир.


5-модда. Конституциявий суднинг мустақиллиги

Конституциявий суд ҳамда унинг судьялари ўз фаолиятларида мустақилдирлар ва фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунадилар.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар эканлар, амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазалари, сиёсий мойиллигидан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз ҳуқуқий нуқтаи назарларини ифодалайдилар.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга биноан жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


6-модда. Коллегиаллик

Конституциявий судда ишларни қараб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш камида тўрт судьядан иборат таркибда коллегиал амалга оширилади.


7-модда. Ошкоралик

Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тарзида, очиқ ўтказилади.


8-модда. Конституциявий суд судьялари

ҳуқуқларининг тенглиги

Конституциявий суд томонидан масалаларни қараб чиқиш ва қараб чиқилаётган масалалар бўйича овоз беришда Раис, Раис ўринбосари ва Конституциявий суднинг аъзолари судьялар сифатида тенг ҳуқуқларга эгадирлар.


9-модда. Конституциявий суд қарорлари

ва талабларининг мажбурийлиги

Конституциявий суднинг қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Конституциявий суднинг норматив ва бошқа ҳужжатларни, уларнинг нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги, қараб чиқилаётган масалалар юзасидан тушунтириш ва маслаҳатлар бериш хусусидаги талаблари улар юборилган органлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.


10-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ Конституциявий суд томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.


11-модда. Конституциявий суднинг фаолият тартиби

Конституциявий суднинг фаолият тартиби унинг Регламенти билан белгиланади.


II. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД

СУДЬЯЛАРИНИНГ МАҚОМИ

12-модда. Конституциявий суднинг судьялигига

номзодга қўйиладиган талаблар. Конституциявий

суд судьяларининг малака даражалари

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассислари бўлган, юксак маънавий фазилатли ва зарур малакали ўттиз ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьяларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий малака ёки Биринчи малака даражалари берилади.



13-модда. Конституциявий суд судьясининг қасамёди

Биринчи бор Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан".

Конституциявий суднинг судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилдиради.



14-модда. Конституциявий суднинг судьяси

вазифаси билан бир вақтда шуғулланиб

бўлмайдиган фаолиятлар

Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини бажарган вақтда депутатлик мандатига эга бўлиш, сиёсий партияларга ва ҳаракатларга аъзолик, ҳақ тўланадиган бошқа лавозимни эгаллаш мумкин эмас.


15-модда. Конституциявий суд судьясини

алмаштириб бўлмаслиги

Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари даврида алмаштирилмайди. Судьянинг ваколатлари ушбу қонунда белгиланган тартиб ҳамда асослардан ўзга тарзда тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин эмас.


16-модда. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги

Конституциявий суднинг судьяси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек ҳибсга олиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноий иш фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек шахсий ашёлари, юки, транспорти, турар жойи ёки хизмат биносини кўздан кечириш мумкин эмас.


17-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини тўхтатиш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суд қарори билан тўхтатилиши мумкин:

у жиноий жавобгарликка тортилганида;

у судья лавозимига тўғри келмайдиган фаолият билан шуғулланганида;

суднинг қонуний кучга кирган қарори билан у бедарак йўқолган деб ҳисобланганида.

Судьянинг ваколатларини тўхтатиш, судьяни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳолларини истисно этганда, унга иш ҳақи тўлашнинг тўхтатилишига сабаб бўлмайди ва уни ушбу қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум этмайди.



18-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Олий Мажлис Сенатининг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

у судьялик қасамёдини бузганда;

у истеъфога чиқиш тўғрисида илтимос қилганида;

унга нисбатан суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми мавжуд бўлса;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам ўз вазифасига тўғри келмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

тиббий комиссиянинг хулосасига кўра судья узоқ давом этадиган касалликка учраган бўлса;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида.


18-1-модда. Конституциявий суд судьяларининг

ваколатлари тугаганидан кейин уларни ишга

жойлаштириш бўйича кафолатлар

Конституциявий суд судьяларининг ваколатлари тугаганидан кейин уларга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.


III. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДДА ИШ

ЮРИТИШНИНГ АСОСИЙ ҚОИДАЛАРИ

19-модда. Конституциявий судга масалаларни киритиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, Олий Мажлис Сенатининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси ва Бош прокурори Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга. Масала Конституциявий суднинг камида уч судьяси ташаббуси билан ҳам киритилиши мумкин.



20-модда. Конституциявий судда масалаларни

кўриб чиқиш муддатлари

Агар олинган материаллар қўйилаётган талабларга жавоб берса, Конституциявий суд улар олинган кундан эътиборан етти кунлик муддатдан кечиктирмай масалани ўрганиб чиқишга киришади.

Конституциявий судда тегишли материал олинган пайтдан бошлаб кечи билан уч ой ичида кўриб чиқилаётган масала юзасидан қарор қабул қилинади.


21-модда. Конституциявий суд мажлисининг қатнашчилари

Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг ўринбосарлари, Олий Мажлис Сенатининг Раиси, унинг ўринбосарлари, Бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Адлия вазири қатнашишлари мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз фикрларини баён этишга ҳақлидирлар.


22-модда. Судлов тили

Конституциявий судда иш юритиш Ўзбекистон Республикаси давлат тилида амалга оширилади.

Давлат тилини билмайдиган мажлис қатнашчилари ўз она тилида сўзга чиқишлари ва тушунтиришлар беришлари ҳамда таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин.


23-модда. Конституциявий суднинг мажлисига чақириш

Конституциявий суднинг мажлисига зарур маълумот ёки материалларга эга шахслар, экспертлар ва мутахассислар чақирилиши мумкин.


24-модда. Экспертлар, мутахассислар ва

таржимонларнинг харажатларини тўлаш

Конституциявий судда ишларни кўриш муносабати билан жалб этилган экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга қонун ҳужжатларига мувофиқ харажатлар ва ҳақ тўланади.


25-модда. Конституциявий суднинг тўхтамга келиши

Конституциявий суд конституциявийлиги шубҳа туғдирган кўриб чиқилаётган аниқ масалалар юзасидангина тўхтамга келади.

Конституциявий суд норматив ҳужжатнинг конституциявийлигини текшириб, бир вақтнинг ўзида текширилган норматив ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд қараб чиқиши учун киритилган масалада улар хусусида сўз юритилмаган бўлсада, тўхтамга келиши мумкин.

Конституциявий суднинг тўхтами очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Судья овоз беришда бетараф қолишга ёки қатнашмасликка ҳақли эмас.

Мажлисда қатнашаётган судьяларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, Конституциявий суднинг тўхтами қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суднинг тўхтамига қўшилмаган Конституциявий суднинг судьяси ўз фикрини ёзма тарзда баён қилиш ва уни Конституциявий суд мажлиси баёнига қўшиб қўйишга ҳақлидир.


26-модда. Конституциявий суд тўхтамлари

Давлатлараро шартноманинг ва норматив ҳужжатнинг конституциявийлиги юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг тўхтами қарор деб аталади. Қарорлар Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.

Бошқа ҳолларда Конституциявий суднинг тўхтами хулоса деб аталади ёки бошқача шаклда ҳам бўлиши мумкин.


27-модда. Конституциявий суд тўхтамларини

матбуотда эълон қилиш ва унинг кучга кириши

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорлари, хулосалари ва бошқа тўхтамлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, шунингдек "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси" Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг тўхтамлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Конституциявий суднинг тўхтами у матбуотда эълон қилинган пайтидан кучга киради.

Конституциявий суднинг тўхтами қатъий ва унинг устидан шикоятга ўрин бўлмайди.


28-модда. Конституциявий суднинг

тўхтамларини қайтадан кўриб чиқиш

Конституциявий суднинг тўхтами унинг ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қайтадан кўриб чиқилиши мумкин:

тўхтам қабул қилинган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги муҳим ҳолатлар очилса;

тўхтам қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган бўлса;

Конституциявий суд тўхтам белгиланган иш юритиш тартибини бузган ҳолда қабул қилинган деб топса.


IV. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШГА ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИГА

ДОИР БОШҚА МАСАЛАЛАР

29-модда. Конституциявий суд девони

Конституциявий суднинг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун Конституциявий суд девони тузилади. Девон тузилиши ва штатлари ажратилган маблағ доирасида Конституциявий суднинг Раиси томонидан тасдиқланади.

Конституциявий суд девони ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.


30-модда. Конституциявий суднинг

ишини молиявий таъминлаш

Конституциявий суднинг ишини молиявий таъминлаш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


31-модда. Конституциявий суд судьяларининг

моддий ва ижтимоий таъминоти

Конституциявий суд судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга ҳар йилги меҳнат таътили бериш, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиш билан боғлиқ моддий ва ижтимоий таъминоти “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.

Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.

Конституциявий суднинг судьялари ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.


32-модда. Конституциявий суднинг

суд ҳокимияти рамзлари

Конституциявий суднинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нашри бўлади.

Конституциявий суд судьялари судлов ишини махсус кийимда олиб борадилар.

Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти тасдиқлайдиган намунадаги гувоҳнома берилади.



33-модда. Конституциявий суднинг муҳри

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                           И. Каримов






































Время: 0.1330
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск