ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Адлия вазирининг 10.01.2017 й. 7-мҳ-сон "Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруққа ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 10.01.2017 й. 2352-6-сон билан рўйхатга олинган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

10.01.2017 й.

N 2352-6




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

10.01.2017 й.

N 7-мҳ


БУЙРУҒИ



"Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий

давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон

Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш,

юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий

экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий

кўрсатмаларни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруққа

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 9 апрелдаги 83-мҳ-сон "Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғига (рўйхат рақами 2352, 2012 йил 9 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 15-сон, 173-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.


3. Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси (Д. Каландаров) ва Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (Ш. Саидов) ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" - "Собрание законодательства Республики Узбекистан"да нашр этилишини таъминласин.


4. Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси (Д. Каландаров) Иқтисодий қонунчилик бошқармаси (И. Халпаев), Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (Ш. Саидов) билан биргаликда икки ҳафта муддатда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг юридик хизмати ходимлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, шунингдек мазкур буйруқнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар ташкил этсин.


5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Усманов зиммасига юклансин.



Вазир                                                              М. Икрамов






Буйруққа

ИЛОВА



"Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий

давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон

Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш,

юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий

экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий

кўрсатмаларни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруққа

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Буйруқнинг муқаддимаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида буюраман:".


2. Услубий кўрсатмаларда:


а) 1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур Услубий кўрсатмалар Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси Регламенти деб юритилади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринларда лойиҳалар деб юритилади) тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди";


б) 2-банддан "(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 1-сон, 15-модда)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


в) 3-банднинг учинчи хатбошисидан "ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


г) 5-1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5-1. Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режа-график асосида амалга оширилади. Режа-график, агар қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - унинг биринчи ўринбосари) томонидан тасдиқланади. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳам режа-график асосида амалга оширилиши мумкин.

Режа-графикни ижро этишнинг бориши мониторинги юридик хизмат томонидан амалга оширилади ва мониторинг натижалари ҳар ойда муҳокама қилиш учун ишлаб чиқувчининг раҳбарига киритилади";


д) 7-банднинг биринчи хатбошисидан "(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 138-модда)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


е) 8-банддан "Ишлаб чиқилаётган лойиҳа бир хил юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ёки уларнинг қисмларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ёхуд уларни ёки уларнинг қисмларини ўз кучини йўқотган деб топишни талаб этган тақдирда, ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги таклифлар ишлаб чиқилаётган лойиҳага киритилади ёки сони анча кўп бўлган тақдирда у билан айни бир вақтда алоҳида лойиҳа кўринишида киритилади. Бунда, тегишли таққослаш жадвали ҳам тайёрланади" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


ж) 9-банд қуйидаги мазмундаги учинчи жумла билан тўлдирилсин:

"Ишчи гуруҳларни (комиссияларни) ташкил этиш тўғрисидаги қарор уларнинг шахсий таркиби кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқувчининг раҳбари томонидан қабул қилинади";


з) 15-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2015 йил 15 сентябрдаги 220-III/КҚ-41-III-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Қонун лойиҳаси тайёрланаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётига мувофиқ халқаро ҳужжатларнинг тегишли қоидалари ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларини, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвал тайёрлайди";


и) 16-банднинг биринчи хатбошидаги "ахборот" деган сўз "ахборот-таҳлилий" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


к) 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"17. Қонун концепциясида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;

тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;

қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;

бўлажак қонуннинг социал-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини";


л) қуйидаги мазмундаги 17-1 - 17-6-бандлар билан тўлдирилсин:

"17-1. Ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предметини белгилашда концепцияда қонун лойиҳасининг мазмуни, у эришишга йўналтирилган асосий вазифалар ва мақсадлар, у тартибга солиши керак бўлган ижтимоий муносабатлар очиб берилади, шунингдек унинг амал қилиши татбиқ этиладиган қўллаш соҳаси, ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ваколатлари (ҳуқуқлари ва мажбуриятлари) баён қилинади.

17-2. Тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг умумий тавсифида ва унинг ҳолатини баҳолашда ушбу соҳада амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳолати акс эттирилади, хусусан:

тегишли соҳада ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари;

қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ва зиддиятлар, эскирган, амалда ўз аҳамиятини йўқотган, самарасиз ёхуд амалга ошириш механизмига эга бўлмаган қоидаларнинг мавжудлиги;

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мавжуд камчиликларини бартараф этишнинг оқилона ва энг самарали усуллари;

халқаро ҳуқуқнинг умумий эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек хорижий мамлакатларда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тажрибаси;

статистика, жамиятшунослик, сиёсатшунослик, шунингдек бошқа илмий тадқиқотлар ўтказиш натижалари;

бўлажак қонунни амалга ошириш учун қабул қилиниши зарур бўлган қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати кўрсатилади.

17-3. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруриятининг асосларида қонунни қабул қилиш зарурлигидан далолат берувчи далиллар баён қилинади.

Баён қилинадиган далиллар аниқ, асосланган бўлиши ва муаммонинг амалдаги қонун ҳужжатларининг такомиллашмаганлиги билан сабаб-оқибат алоқаси белгиланиши керак. Шунингдек қонун лойиҳаси тегишли бўлган қонун ҳужжатлари тармоғи, у амалга оширишга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари қоидалари, шунингдек ҳуқуқий тизим учун унинг аҳамияти кўрсатилади.

17-4. Қонун лойиҳасининг асосий қоидаларида бўлажак қонунда белгиланадиган қоидалар, қисқа мазмуни билан биргаликда унинг намунавий тузилмаси, имконият бўлганда бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар ва моддалар баён қилинади.

17-5. Бўлажак қонуннинг социал-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини тахмин қилинаётган оқибатлар ва уни амалга оширишнинг кутилаётган пировард натижалари тавсифини ўз ичига олади. Бунда бўлажак қонун амалга оширилишининг нафақат ижобий, балки бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳисобга олиниши керак. Бўлажак қонуннинг ҳуқуқий оқибатларини прогнозлаштиришда, зарурият бўлганда, унинг ижро этилишини таъминлайдиган маъмурий-ҳуқуқий, суд-ҳуқуқий механизмлар ҳам ҳисобга олинади.

17-6. Ишлаб чиқувчи концепцияда бошқа зарур маълумотларни ҳам кўрсатиши мумкин.

Тайёрланган концепция, агар қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ишлаб чиқувчининг раҳбари томонидан тасдиқланади, шундан кейин қонун лойиҳасининг бевосита матни тайёрланади.

Зарурият бўлганда, концепция юқори турувчи органлар билан олдиндан келишилиши мумкин";


м) 58-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"58. Агар тайёрланадиган қонун лойиҳаси бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни (тўлиқ ёки қисман) ўз кучини йўқотган деб топишни талаб этса, ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича таклифлар тайёрланадиган қонун лойиҳасига киритилади.

Ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ёки ўз кучини йўқотган деб топиш керак бўлган қонунлар ёки уларнинг қисмлари катта ҳажмда бўлганда, улар қонун лойиҳаси билан бир вақтда алоҳида қонун лойиҳаси кўринишида тақдим этилади. Бунда унга тушунтиришлар билан ҳужжат матнининг амалдаги ва таклиф этилаётган таҳрирининг тегишли қиёсий жадваллари илова қилинади";


н) 83-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"83. Қонун ҳужжатларига, қонунчилик техникаси қоидаларига ва қонун лойиҳаларига қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ бўлган тақдирда юридик хизмат раҳбари (юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда юрисконсульт) қонун лойиҳасига виза қўяди. Виза қўйиш қонун лойиҳасининг ҳар бир варағининг орқа томонига имзо қўйиш орқали амалга оширилади";


о) 84-банд "раҳбари" деган сўздан кейин "(юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда юрисконсульт)" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


п) 85-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"85. Юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши топширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (топшириқ акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, қабул қилинган санаси, рақами, эълон қилинган расмий манбаси, тегишли модда ёки банд (кичик банд, хатбоши), шунингдек юқори турувчи орган топшириқлари ҳақида маълумотлар (орган номи, топшириқнинг рақами ва санаси, зарур бўлганда, топшириқ берган мансабдор шахс) (топшириқ мавжуд бўлган тақдирда);

лойиҳанинг ҳуқуқий табиати тушунтирилган ҳолда унинг асосий қоидаларининг моҳияти ва аҳамиятининг қисқача баёни;

лойиҳанинг қонун ҳужжатларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек лойиҳанинг ҳар бир ҳаволаки нормасини қўллашнинг асосланганлиги ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса акс эттирилади";


р) қуйидаги мазмундаги VII-1 боб билан тўлдирилсин:


"VII-1 боб. Лойиҳанинг жамоатчилик

ва мутахассислар муҳокамаси


87-1. Лойиҳа манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишилгунига қадар жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамасига киритилиши мумкин.

87-2. Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, лойиҳалар матнларини ва уларга таҳлилий материалларни органнинг расмий веб-сайтида жойлаштириш йўли билан, шунингдек бошқа усуллар билан манфаатдор давлат органлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, олимлар ва мутахассислар, экспертлар иштирокида ўтказилади.

Лойиҳанинг мутахассислар муҳокамаси тегишли тармоқларнинг мутахассислари иштирокида ўтказилади.

87-3. Лойиҳаларнинг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси ташкил этилишини таъминлаш органнинг раҳбари зиммасига юкланади.

87-4. Лойиҳанинг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси иштирокчилари ишлаб чиқувчи томонидан унинг матни билан олдиндан таништирилиши лозим.

87-5. Жамоатчилик муҳокамасининг олдин ўтказилган усули лойиҳанинг кенг, амалий жамоатчилик муҳокамасини таъминламаган тақдирда органнинг раҳбари жамоатчилик муҳокамасини бошқа усулда ўтказиш чораларини кўради.

87-6. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир кўрсатувчи лойиҳалар лойиҳани ишлаб чиқувчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон "Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган тартибда уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини муҳокама қилиш ва баҳолаш учун Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида ҳам жойлаштирилиши лозим.

87-7. Жамоатчилик ва мутахассислар муҳокама давомида билдирилган таклифлар ва эътирозлар асосий ижрочи ёки ишчи гуруҳ (комиссия) томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Ҳисобга олинмаган таклифлар ва эътирозлар бўйича тегишли тушунтиришлар берган ҳолда маълумотнома тузилади.

87-8. Лойиҳанинг ўтказилган жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамаси ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар тушунтириш хатида акс эттирилиши лозим";


с) 103-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"маълумотномалар, жадваллар, диаграммалар ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар кўринишида зарур ҳисоб-китоблар ва кўриб чиқиш материаллари, тақдим этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш оқибатлари баҳоси";


т) 105-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"105. Лойиҳанинг тушунтириш хатида қуйидагилар бўлиши керак:

лойиҳани тайёрлаш учун асос ва уни қабул қилиш зарурлигини асослаш, шу жумладан лойиҳа тайёрлаш топширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек юқори турувчи органнинг топшириқлари (топшириқ мавжуд бўлганда) тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳани ишлаб чиқувчининг тўлиқ номи;

мақсадлар ва вазифалар, шунингдек лойиҳа билан белгиланадиган асосий қоидалар, уларни қисқача асослаш. Бунда лойиҳанинг эришишга йўналтирилган асосий мақсадлари белгиланади, уларнинг воситасида аниқ мақсадларга эришиш мумкин бўлган лойиҳанинг алоҳида қоидалари қисқача кўрсатилади;

лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалар. Бунда лойиҳа қабул қилиниши муносабати билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда юз бериши мумкин бўлган ижобий ўзгаришлар келтирилади. Кутилаётган натижалар миқдорий кўрсаткичлар кўрсатилган ҳолда баён қилиниши ҳам мумкин;

лойиҳа предметига тегишли бўлган халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг принциплари, қоидалари ва жумлалари тўғрисидаги маълумотлар (қонун ости ҳужжатлари лойиҳалари учун - зарур бўлган ҳолларда). Тегишли соҳада ижобий хорижий тажриба мавжуд бўлган тақдирда тушунтириш хатида давлат, лойиҳани тайёрлашда ҳисобга олинган норма назарда тутилган ҳужжатнинг тури, номи ва қисқача мазмуни кўрсатилиши мумкин;

лойиҳа мазмунининг тавсифи, унда лойиҳанинг бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфлари ва моддалари билан биргаликда унинг тузилиши қисқача баён қилинади (қонуности ҳужжатларига зарурат бўлганда). Зарурият бўлганда лойиҳанинг энг муҳим қисмини ташкил этувчи қоидаларнинг асосий моҳияти очиб берилади;

лойиҳа қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уларни ўз кучини йўқотган деб топиш зарурияти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳада фойдаланиладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволанинг ҳар бирини асослаш. Бунда унга ҳавола қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат нормасининг мазмуни қисқача очиб берилади;

агар лойиҳанинг қоидаларини амалга ошириш қўшимча молиявий харажатларни талаб этса ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети йўқотишларига олиб келса - қисқача молиявий-иқтисодий асослаш. Агар лойиҳанинг қоидаларини амалга ошириш кўрсатиб ўтилган харажатларни талаб этмаса ёки йўқотишларга олиб келмаса, у ҳолда бу ҳақда тушунтириш хатида тегишли маълумот келтирилади;

лойиҳа жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамасининг ўтказилганлиги ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон "Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида лойиҳани муҳокама қилиш натижалари тўғрисидаги ахборот;

лойиҳани манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш тўғрисидаги маълумотлар. Бунда лойиҳа келишилган (виза қўйилган) манфаатдор вазирликлар ва идоралар санаб ўтилади;

лойиҳа бўйича келишмовчиликлар мазмунининг қисқача баёни ва улар тўғрисидаги асослантирилган фикр (келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда);

лойиҳани асослаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар";


у) қуйидаги мазмундаги 109-1-банд билан тўлдирилсин:

"109-1. Лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва келишилиши хронологияси ҳақида маълумотда (мазкур Услубий кўрсатмаларга 6-илова) қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

лойиҳанинг тури;

лойиҳанинг номи;

лойиҳани киритиш учун асос (асослар);

лойиҳани ишлаб чиқувчининг номланиши;

лойиҳа келишилган сана, вазирлик ва идоранинг номланиши, унинг раҳбарининг Ф.И.О. ва мансаби, келишиш натижалари, лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган санани акс эттирувчи жадвал.

Лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва келишилиши хронологияси ҳақидаги маълумот ишлаб чиқувчининг биринчи раҳбари (истисно ҳолларда - унинг биринчи ўринбосари) томонидан имзоланади";


ф) 110-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"110. Барча манфаатдор органлар билан келишилгандан сўнг ишлаб чиқувчи лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишдан олдин қуйидагиларни:

қонуннинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати ёки ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мақсадга мувофиқлигини асослашдан иборат бўлган тушунтириш хатини;

ишлаб чиқувчининг юридик хизмати раҳбари (юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда юрисконсульт) томонидан имзоланган ҳуқуқий хулоса. Ҳуқуқий хулосада уни имзолаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, алоқа телефон рақамлари кўрсатилиши лозим;

агар лойиҳа билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган бўлса, қиёсий жадвални;

лойиҳани ишлаб чиқиш режа-графикни - қонун лойиҳалар учун;

халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кетлик тартибида кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвални (қонуности ҳужжатларига зарурат бўлганда);

келишмовчилик жадваллари, агар лойиҳа манфаатдор органлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билан келишилган (имзоланган) бўлса, ушбу органларнинг таклиф ва эътирозлари ифодаланган хатлар нусхаларини;

лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва келишилиши хронологияси ҳақида маълумотни илова қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юборади";


х) мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 6-илова билан тўлдирилсин.


3. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси билан келишилган.






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

ИЛОВА



"Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари,

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

томонидан Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини

тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан

расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан

ўтказиш тартиби тўғрисида

услубий кўрсатмаларга

6-ИЛОВА



НАМУНА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига

киритилаётган лойиҳанинг ишлаб чиқилиши

ва келишилиши хронологияси ҳақида

МАЪЛУМОТ

Лойиҳанинг тури:


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

         



Лойиҳанинг номи:


"2017 йил учун қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"

              



Лойиҳани киритиш учун асос:


Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 августдаги 227-сон қарори билан тасдиқланган Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисида низомнинг 14-банди

               



Лойиҳани ишлаб чиқувчининг номланиши:


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

      

Т/р


Келишилган сана

Вазирлик ва идоранинг номланиши, унинг раҳбарининг Ф.И.О.

ва мансаби


Келишиш натижалари


1.

__ ____ 20__ й.

Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди ва манфаатдор вазирлик ҳамда идораларга келишиш (виза қўйиш) учун юборилди.


2.

__ ____ 20__ й.

Давлат рақобат қўмитаси

__________ - раис


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


3.

__ ____ 20__ й.

Марказий банк

__________ - раис


Лойиҳага эътирозлар билан виза қўйилган.


4.

__ ____ 20__ й.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги

__________ - бошлиқ


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


5.

__ ____ 20__ й.

Давлат божхона қўмитаси

__________ - раис


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


6.

__ ____ 20__ й.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

__________ - вазир


Лойиҳага эътирозлар билан виза қўйилган.


7.

__ ____ 20__ й.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

__________ - раис


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


8.

__ ____ 20__ й.

Молия вазирлиги

__________ - вазир


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


9.

__ ____ 20__ й.

Иқтисодиёт вазирлиги

__________ - вазир


Лойиҳага эътирозларсиз виза қўйилган.


10.

__ ____ 20__ й.

Лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилди.









(ишлаб чиқувчи раҳбарининг лавозими)


(имзо)


(Ф.И.О.)".

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 16 январь, 2-сон, 35-модда







































Время: 0.2048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск