Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Саноат /

Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.11.2003 й. 506-сон Қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 13 ноябрдаги

506-сон қарорига

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб

чиқаришни лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Юридик шахслар - матбаа корхоналари ёки матбаа ишлаб чиқаришига эга бўлган корхоналар лицензия талабгорлари бўлиши мумкин.


4. Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.

5. Қуйидагилар қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

лицензиат томонидан қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқариш бўйича қонун ҳужжатларига мажбурий риоя этиш;

шунингдек қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши:

қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришнинг тугалланган цикли;

қимматли қоғозлар бланкалари тайёрлаш, шу жумладан намуналар тайёрлаш, босиш шакллари, уларга тартиб рақами қўйиш ва ишлов беришнинг махсус технологик жараёни;

қимматли қоғозлар бланкаларини қалбакилаштиришдан юқори даражада ҳимояланганлигини амалга ошириш имкониятини таъминловчи махсус асбоб-ускуналар ва технологиялар;

лицензияланаётган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган хоналар (ишлаб чиқариш хоналари, омборлар, ёрдамчи хоналар ва бошқаларнинг) мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда лицензия талабгорида мавжуд бўлиши;

матбаа асбоб-ускуналарида ишлаш бўйича махсус билим ва тажрибага эга бўлган камида иккита мутахассиснинг бўлиши;

қимматли қоғозлар бланкаларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини таъминлаш бўйича асосий талабларга, шунингдек лицензия талабгорига қўйиладиган режим талабларига мувофиқ бўлган ҳисобга олиш ва сақлаш тизими (1 ва 2-иловалар);

қимматли қоғозлар бланкаларининг техник параметрларига қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминловчи шарт-шароитлар (3-илова).

6. Лицензия талабгори лицензия олиш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк бўлинмасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами, юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган лицензияланадиган фаолият тури;

лицензия талабгори аризасининг лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

лицензия талабгорида махсус касбий тайёргарликка эга бўлган ходимларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

лицензияланаётган фаолият амалга ошириладиган асбоб-ускуналар тўғрисидаги маълумотлар;

лицензия талабгорининг ишлаб чиқариш хоналарида бойликларнинг сақланиши режими ҳолати тўғрисида ички ишлар ҳудудий органларининг хулосаси.

Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси орқали ёки улар олинганлиги тўғрисида хабардор қилиш билан электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия талабгори электрон манзилининг кўрсатилиши унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги билдиришномани ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга розилигини билдиради.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

7. Лицензия талабгорининг аризасини лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия бериш ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш учун "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

8. Лицензияловчи орган тегишли хулосаларни тайёрлаш учун зарурат бўлганда шартномавий асосда экспертларни жалб этишга ҳақлидир.


9. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур орган томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилиши шарт.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома лицензия талабгорига ёзма равишда, шу жумладан банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда, ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия талабгори давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин лицензия берилади.

10. Лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилиши учун лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензия талабгорига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

томонларнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бузганлик учун жавобгарлиги;

лицензия талабгорининг лицензия битими талаблари ва шартларини бажаришини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади.


10-1. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма равишда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

10-2. Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

11. Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач у лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугагунгача икки ойдан кечикмай берилиши керак. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


12. Лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.


13. Лицензияловчи орган қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришга лицензиялар реестрини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси.

Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бланкаларининг ҳисобга

олиниши ва сақланишини таъминлаш бўйича

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

1. Матбаа корхоналарида қимматли қоғозлар бланкаларининг сақланишини таъминлаш мақсадида қоғозлар, ярим тайёр маҳсулотлар, матбаа ва шакл буюмларини тайёрлаш, қабул қилиш, сақлаш, ишлов бериш, топшириш, бериш, транспортда ташишнинг ягона тартиби амалга оширилади.

2. Қимматли қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, қимматли қоғозларнинг тайёр матбаа ва шаклли буюмларини тезкорлик билан ҳисобга олишнинг ташкил этилиши, ишлаб чиқаришнинг барча участкаларида ва уларни сақлаш жойларида ушбу ҳисобга олиш ишлари учун бош бухгалтер жавоб беради.

3. Бухгалтерия цехларда, омборхоналарда, сақлаш жойларида тайёрланаётган буюмларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳисобга олиб борилишини ҳар куни назорат қилиб боради.


4. Қимматли қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, тайёр матбаа ва шаклли буюмлари ҳисобга олиб бориладиган барча дафтарлар, карточкалар рақамланади, ип ўтказиб боғланади, пломбаланади, бош бухгалтер (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади ва махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилгандан кейин тилхат билан берилади.

5. Қоғозлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришга бериш ҳамда ишлаб чиқарилгандан кейин қабул қилиб олиш фақат бажарувчининг назорати остида биттадан қайта санаб амалга оширилади ва ҳисобга олиш дафтарида тилхат бўйича расмийлаштирилади.


6. Қимматли қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари, буюмларини маҳсулотнинг сақланиши учун жавобгар бўлган бажарувчининг алмашиниши билан боғлиқ ҳолда цех ичида битта операциядан иккинчи операцияга (ёки цехдан цехга) бериш фақат тегишли омборчилар орқали расмийлаштирилади.

7. Қимматли қоғозлар бланкалари буюмларини тайёрлаш, қабул қилиб олиш, сақлаш ва бериш билан боғлиқ бўлган моддий жавобгар шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий жавобгарлик тўғрисида мажбурий шартнома тузган ҳолда лицензиат раҳбарининг буйруғи билан тайинланади.

8. Ярим тайёр маҳсулотлар ва буюмлар сақлаш учун махсус жиҳозланган омборхоналарда, сақлаш жойларида, стеллажларда уларнинг ўғирланишдан, йўқотишдан ва яроқсизланишдан тўлиқ сақланишини таъминлайдиган шароитларга риоя этилган ҳолда сақланиши керак. Шу билан бирга, қимматли қоғозлар бланкаларининг ярим тайёр маҳсулотлари ва буюмларини стеллажларда сақлаш ёпиқ контейнерларда ёки ёпиқ сеткаларда ва ушбу қоғозларнинг ўғирланишига йўл қўймайдиган бошқа усулларда амалга оширилади.

Қимматли қоғозлар бланкаларининг бошқа буюмлар билан биргаликда бир-биридан тўсилмаган битта омборхонада, шкафда сақланиши тақиқланади.

9. Қимматли қоғозлар бланкалари қоғозлари, чала тайёр маҳсулотлари ва буюмлари тушлик танаффуслар вақтида ҳамда иш сменаси тугагач санаган ҳолда, омборчининг Ҳисоблаш дафтаридаги тилхати бўйича омборхонага сақлаш учун топширилади.

Тушлик танаффуслар вақтида қимматли қоғозлар бланкалари қоғозлари, ярим тайёр маҳсулотлари ва буюмларини иш жойларида қолдиришга фақат:

жамоанинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномасини имзолаган бригада ходимларидан бирортаси қимматли қоғозлар бланкаларини кузатиб туриш учун иш жойида қолган;

бажарувчилар айнан бир вақтда чиқиб кетадиган ва кейинчалик бир айнан вақтда кириб келадиган шароитда буюмлар маҳкам беркитилган участкаларда қолдирилганда, бунда участка қулфланадиган ва пломбаланадиган ҳолларда йўл қўйилади.


10. Қимматли қоғозлар бланкалари буюмларининг камайиб қолганлиги аниқланганда далолатнома тузилади, у тегишли чора-тадбирлар кўриш учун лицензиат раҳбарига берилади ва етишмаётган буюмларни қидириб топиш чора-тадбирлари кўрилади.

11. Лицензиат бажарилган ҳар қайси буюртмадан биттадан архив нусхаси қолдириши керак, унга "тўланган" ёзувли штамп қўйиши ва уни махфий ҳужжат сифатида сақлаши лозим. Ҳар бир архив нусхасига инвентар тартиб рақами берилади. Архив нусхасини сақлаш муддати: депозит сертификатлар учун - 4 йил, векселлар учун - 3 йил, акция ва облигациялар учун - 50 йил, давлат мажбуриятлари учун - уларни тўлаш муддатигача. Лицензиат - тайёрловчининг фаолияти тўхтатилган тақдирда архив нусхаси далолатнома бўйича буюртмачига (эмитентга) берилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Лицензия талабгорига қўйиладиган

РЕЖИМ ТАЛАБЛАРИ


1. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш биноларига ва хўжалик ҳовлилари ҳудудига кириш қўриқлаш пости орқали, рухсатномалар бўйича ёки ташкилот раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади.


2. Ишлаётган ёки асбоб-ускуналар, нусха кўпайтириш техникаси, шрифтлар, матрицалар мавжуд бўлган қурилаётган матбаа ташкилотлари ҳудуди ўралади ва қўриқланади.

Матбаа ташкилотларининг, нусха кўпайтириш участкаларининг бинолари қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш бўйича огоҳлантириш воситалари билан жиҳозланади, уларнинг дераза ва эшикларига (қўриқлаш), шипларига (ёнғиндан сақлаш) датчиклар сигналлар қўриқлаш постига ёки ички ишлар органларининг марказлаштирилган қўриқлаш пультига етадиган қилиб ўрнатилади.


3. Биринчи қаватдаги деразаларга ичкаридан очиладиган, табақали (сурилма) панжаралар ўрнатилади. Ёнғиндан сақлаш нарвонлари, соявонлар ёки туташ бинолар томлари мавжуд бўлганда панжаралар улар яқинидаги деразаларга ўрнатилади (дераза панжаралари диаметри камида 12 мм бўлган пўлат симлардан ясалади, улар кўпи билан 150х150 мм катакли қилиб ҳар қайси бостирмага маҳкамланади.


4. Алоҳида ҳолларда "шаклли" панжаралар тайёрлашга йўл қўйилади, лекин бу ҳолда улар ишлаб чиқариш биноларига киришга мутлақо имкон бермайдиган бўлиши керак.


5. Матбаа ташкилотларининг кириш эшиклари, шунингдек ҳарф териш, босма цехлари эшиклари (камида 40 мм қалинликдаги) бир хил тахталардан ясалган, мустаҳкам ва ишончли тамбалар (камида иккита ички қулфлар) ёки шифрли қулфлар ўрнатилган, икки томони четлари эшиклар ёнига қайириб қўйилган рухланган, асбестли тунукалар билан қопланган бўлиши керак. Эшикларга бегона кишиларнинг киришини тақиқловчи трафаретлар ўрнатилади.


6. Ҳарф териш, босма цехлари (участкалари), шунингдек нашр қилишга (кўпайтиришга) буюртмалар қабул қилиш ва тайёр материалларни бериш бўйича иш жойлари оловга чидамлилиги 2-даражадан паст бўлмаган, бошқа ёрдамчи ва хизмат биноларидан тўсилган, ёнғиндан сақлаш деворлари ва уларга киришга йўл қўймайдиган бостирмалар билан бўлинган биноларда жойлаштирилиши керак.


7. Иш тугагач бинолар қулфланади, пломбаланади (муҳрланади), уларнинг калитлари эса махсус дафтарда сана ва вақт кўрсатилган ҳолда имзо қўйдирилиб қўриқлаш учун масъул бўлган шахсга берилади. Калитларни беришда вақт кўрсатилади, уларни олувчи ўз фамилиясини ёзиб имзо қўяди.


8. Матбаа ташкилоти маъмуриятининг ва таҳририятнинг, таҳририят-нашриёт бўлимининг бинолари ишлаб чиқариш ва омборхона биноларидан ажратилган бўлиши керак.


9. Маъмуриятга, таҳририятга ва таҳририят-нашриёт бўлимига келувчиларнинг ишлаб чиқариш ва омборхона бинолари орқали ўтишига йўл қўйилмайди.


10. Шакллар ясаш, ҳарф териш, шрифтлар қуйиш ва босма цехлари (участкалари) ишлаб чиқариш биноларида цех (участка) бошлиғи ёки ташкилот раҳбари тайинлаган масъул шахс бўлмаган вақтда айрим ходимларнинг ишлашига йўл қўйилмайди.


11. Янги очилган ва ишлаётган матбаа ташкилотлари ҳудудида уй-жойларни ва ушбу ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган ҳар хил хизматларни жойлаштиришга, шунингдек матбаа ташкилоти ҳудудида ташкилот раҳбарининг махсус рухсатисиз бошқа ташкилотлар транспорт воситаларининг юришига рухсат этилмайди.


12. Матбаа асбоб-ускуналари ўрнатилган ишлаб чиқариш хоналарини супуриш-сидириш ишлари иш вақтида, у ерда ишловчининг иштирокида амалга оширилади.






Низомга

3-ИЛОВА



Қимматли қоғоз бланкасининг техник

параметрларига қўйиладиган

ТАЛАБЛАР

Ташкилот буюртмачига бажарилган буюртма билан бирга қимматли қоғоз бланкасининг (намунавий нусхага мувофиқ) техник параметрлари ёзилган ҳужжатни беришга мажбур, унда қуйидаги маълумотлар бўлади:

а) дизайннинг тўлиқ тавсифи;

б) бадиий безаш элементларини полиграфик бажариш усуллари;

в) қалбакилаштиришдан график ҳимоя қилиш элементлари;

г) қалбакилаштиришдан кимёвий ҳимоя қилиш элементлари;

д) ҳақиқийлигини назорат қилиш усуллари ва бундай назоратни техник жиҳатдан амалга ошириш;

е) қоғознинг тўлиқ тавсифи (тола бўйича таркиби, қалинлиги, бир квадрат метрининг оғирлиги, қоғознинг механик жиҳатдан пишиқлигини белгиловчи икки марта букланган жойлари сони, узилиш узунлиги, ялтироқ толалар мавжудлиги, конфетти мавжудлиги).

Қимматли қоғоз бланкасининг техник параметрлари ёзилган ҳужжат икки нусхада тўлдирилади, улардан биттаси маҳсулотни қабул қилиш - бериш далолатномаси бўйича буюртмачига берилади. Иккинчи нусхаси қимматбаҳо қоғоз бланкасининг архив нусхаси билан бирга лицензиат - тайёрловчида сақланади.




























Время: 0.1936
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск