ЎзР Конунчилиги
ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Фан/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.02.2017 й. ПҚ-2769-сон "Геномика ва биоинформатика соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек инновация ишларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҚарориПолный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
10.02.2017 й.
N ПҚ-2769
ГЕНОМИКА ВА БИОИНФОРМАТИКА
СОҲАСИДА ФУНДАМЕНТАЛ ВА АМАЛИЙ
ТАДҚИҚОТЛАРНИ, ШУНИНГДЕК ИННОВАЦИЯ
ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ғўза, буғдой, картошка экинлари ҳамда узум биотехнологияси ва геном селекцияси йўналишидаги илмий тадқиқотларни янада такомиллаштириш, юқори малакали миллий генетик илмий кадрлар тайёрлаш, шунингдек Геномика ва биоинформатика марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ва "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясининг фаолият юритаётган Геномика ва биоинформатика маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг давлат муассасаси шаклидаги Геномика ва биоинформатика марказини (кейинги ўринларда Геномика ва биоинформатика маркази деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази Геномика ва биоинформатика марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Геномика ва биоинформатика марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
геномлар ва генетик хилма-хилликларни ўрганиш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион ишларни амалга ошириш, замонавий геномика ва биоинформатика усулларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари, доривор ва техник ўсимликлар, микроорганизмлар, ҳайвонлар, шунингдек, бошқа биологик объектлардаги қимматли генлар, оқсиллар ва метаболитлар тузилиши ва фаолликларини ўрганиш;
замонавий ген ва ҳужайра муҳандислиги, молекуляр маркерларга асосланган геном ва виртуал селекция дастурларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиб атроф муҳит ва одамлар учун хавфсиз, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли, турли тупроқ-иқлим шароитларига мослашган зараркунандаларга чидамли, турли тупроқ-иқлим шароитларига мослашган янги ўсимлик навлари ва ҳайвон зотларини яратиш, бирламчи уруғчилик ишларини ташкил қилиш, шунингдек турли шароитларда синаш ва илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш;
геномика ва биоинформатика соҳасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш;
олиб борилаётган илмий ва амалий тадқиқотларга қишлоқ хўжалиги бўйича олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ихтисослашган олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва талабаларини кенг жалб қилиш;
илмий кадрлар тайёрлашни ташкил қилиш, мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим муассасалари ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда уларнинг касбий даражаси ва малакасини доимий ошириб бориш.
3. Қуйидагилар:
2017-2020 йиллар даврида геномика ва биоинформатика соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, инновацион ишларни ривожлантириш, тегишли тадқиқотларни амалга оширишда илмий салоҳиятни ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика марказининг ходимлари чекланган сони 60 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, зарурият бўлганда, ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида Геномика ва биоинформатика марказининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, қуйидагилар Геномика ва биоинформатика марказини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган грант танловлари натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар;
хўжалик фаолияти тушумлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясининг:
Геномика ва биоинформатика марказига "O`zbekiston paxta tozalash zavodi" акциядорлик жамиятининг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Матқобулов қишлоғида жойлашган уруғчилик хўжалиги мол-мулкини бепул бериш тўғрисидаги;
"O`zbekiston paxta tozalash zavodi" акциядорлик жамиятининг уруғчилик хўжалиги қурилиши ва уни жиҳозлаш билан боғлиқ бўлган 1,59 миллиард сўм миқдоридаги сарф-харажатлари ушбу кўрсатилган миқдорнинг "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти тизимига кирувчи "Olimkent paxta tozalash zavodi", "Chinoz tajriba-eksperimental paxta tozalash zavodi", "B`oka paxta tozalash zavodi", "Piskent paxta tozalash zavodi", "Mustaqillik paxta tozalash zavodi", "Karasu paxta tozalash zavodi" ва "Dalvarzin paxta tozalash zavodi" акциядорлик жамиятлари ўртасида тенг улушларда тақсимлаш орқали қопланиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
6. Белгилансинки:
"O`zbekiston paxta tozalash zavodi" акциядорлик жамиятига "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти тизимига кирувчи жамиятлардан уруғчилик хўжалигини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган харажатларни қоплаш учун тушган маблағлар мақсадли тушумлар сифатида акс эттирилади;
Геномика ва биоинформатика марказига бепул берилаётган мол-мулк қиймати, шунингдек, ушбу қарорнинг 5-бандига мувофиқ мақсадли тушаётган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиққа тортилмайди.
7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:
бир ой муддатда Геномика ва биоинформатика марказининг устави белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда у давлат рўйхатидан ўтказилишини;
амалий йўналтирилганлигини кучайтиришга, натижадорлиги ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар соғлиги учун хавфсизлигига алоҳида эътибор берган ҳолда геномика ва биоинформатика соҳасидаги юксак талабларга ва жаҳон фани ютуқлари даражасига мос келадиган илмий-тадқиқот ишлари мувофиқлаштирилишини;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси вакиллари иштирокида Геномика ва биоинформатика марказининг Васийлик кенгаши ташкил этилишини таъминласин.
8. Геномика ва биоинформатика маркази томонидан 3- ва 4-иловаларга* мувофиқ олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган илмий лаборатория асбоб-ускуналари, реагентлар ва сарфлаш материаллари 2021 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.
9. Белгилансинки, 3- ва 4-иловаларга* мувофиқ Геномика ва биоинформатика маркази томонидан олиб кириладиган илмий лаборатория асбоб-ускуналари, реагентлар ва сарфлаш материаллари:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий муассасалар объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари;
Геномика ва биоинформатика марказининг ўз маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар ташкилотларининг грант маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маблағлар ҳисобига сотиб олинади.
10. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги тадқиқот ишларини буюртмачи маблағлари ҳисобига молиялаштириб, ген муҳандислиги йўли билан олинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини баҳолаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган тадқиқотлар белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Геномика ва биоинформатика марказида яратилган истиқболли янги навларнинг дала синовларини ташкил қилиш ва ўтказишга, уруғ кўпайтиришдаги илмий-тажриба ишларини бажаришга, инновацион ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилишни жадаллаштиришга ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 20 февраль, 7-сон, 86-модда