ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.12.2016 й. ПҚ-2698-сон "2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.12.2016 й.

N ПҚ-2698



2017-2019 ЙИЛЛАРДА ТАЙЁР МАҲСУЛОТ ТУРЛАРИ,

БУТЛОВЧИ БУЮМЛАР ВА МАТЕРИАЛЛАР ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШНИНГ

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, республикада тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури доирасида 2000 йилдан буён қиймати 5,5 млрд АҚШ долларидан ортиқроқ 2,8 мингдан зиёд маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилди, илгари импорт бўйича келтирилган 4,8 мингдан зиёдроқ янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Натижада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг умумий ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улуши 20 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Шу билан бирга ишлаб чиқариш-техник аҳамиятдаги маҳсулотлар, истеъмол товарлари ва дори-дармон воситаларини маҳаллий хом ашё базасидан кенг кўламда фойдаланган ҳолда мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига шундай маҳсулотлар импортини қисқартиришнинг каттагина резервлари мавжуд.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини, шу жумладан республиканинг йирик корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хом ашё ресурслари негизида импорт ўрнини босадиган ва ички бозорни зарур истеъмол товарлари, дори-дармон воситалари, ишлаб чиқариш-техник аҳамиятдаги маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар билан тўлдиришни таъминлайдиган корхоналар барпо этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури (кейинги ўринларда - маҳаллийлаштириш Дастури) тасдиқлансин. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

импорт ўрнини босадиган, экспортга йўналтирилган ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилишни назарда тутувчи ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

2017-2019 йилларда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ўзлаштирилиши тавсия этилаётган тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар рўйхати 2-иловага* мувофиқ.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари 1-иловада* кўрсатилган манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи бирлашмалар ҳамда маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг ташаббускорлари бўлган бошқа ташкилотлар билан биргаликда:

бир ой муддатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ушбу қарор билан тасдиқланган 2017 йилда маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари бажарилишининг тармоқ жадвалларини тасдиқласин;

маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг паспортларини ўрнатилган тартибда тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 декабрдаги ПҚ-1236-сонли қарори билан ташкил қилинган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни саноат кооперацияси асосида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури амалга оширилишини таъминлаш бўйича Махсус идоралараро комиссиясига (кейинги ўринларда - Махсус идоралараро комиссия) тақдим этилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи бирлашмалар, бошқа ташкилотлар, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда 2-иловада* кўрсатилган тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материалларни ўзлаштириш бўйича тавсияномалар тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларга етказилишини;

маҳаллийлаштириш лойиҳалари паспортларини ишлаб чиққан ҳолда уларни мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Махсус идоралараро комиссияга киритилишини таъминласинлар.


4. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ маҳаллийлаштириш лойиҳаларини киритиш бўйича таклифларни тақдим этиш, шунингдек маҳаллийлаштириш Дастурига тузатишлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг расмий сайти базасида яратилган "Маҳаллийлаштириш паспортларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқишнинг автоматлаштирилган тизими" Дастурий комплекси орқали электрон шаклда ҳам амалга оширилади.


5. Белгилаб қўйилсинки, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича маҳаллийлаштириш Дастурига қўшимча равишда киритиладиган лойиҳалар, шунингдек маҳаллийлаштириш Дастурида бўлиб туриш муддати узайтириладиган лойиҳалар бундан буён қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:

маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган пайтдан бошлаб биринчи йил ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бўйича камида 36 фоиз, иккинчи йили камида 45 фоиз ва учинчи йил камида 50 фоиз маҳаллийлаштириш даражасига эришиш, бунда машинасозлик ва металлни қайта ишлаш маҳсулотлари учун тегишли равишда 36 фоиз, 40 фоиз ва 45 фоизни ташкил этади;

маҳаллийлаштирилган маҳсулот сотишдан тушган соф тушумда экспорт қилинган маҳсулотнинг улуши маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган пайтдан бошлаб иккинчи йили камида 20 фоизни ва учинчи йили камида 30 фоизни ташкил этиши лозим.

Мазкур бандда кўрсатилган мезонлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 36 фоиз таъминлаётган республиканинг субвенция оладиган туманлари ва шаҳарларида амалга оширилаётган лойиҳаларга татбиқ қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги маҳаллийлаштириш Дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин, ушбу банд орқали жорий этилаётган мезонларни қўллаш шартлари ва механизми аниқ белгилаб қўйилиши назарда тутилсин.


6. Тижорат банкларига маҳаллийлаштириш Дастурига киритилган ташкилотларга маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ускуналар, хом ашё, бутловчи буюмлар ва материаллар харид қилишга кредитлар, шу жумладан хорижий валютада кредитлар ажратиб бериш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарорнинг 1-иловасига* киритилган ташкилотлар маҳаллийлаштириш лойиҳалари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан кейин Махсус идоралараро комиссиянинг қарорига биноан 2018 йил 1 апрелгача:

маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуна ва уларнинг эҳтиёт қисмларини, шунингдек компонентлар олиб кирганлик учун божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно);

маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот қисмида юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови (солиқ тўлашнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган субъектлар учун) тўлашдан;

маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган асосий ишлаб чиқариш фондлари қисмида мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилинсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 февраль, 8-сон, 111-модда

















































Время: 0.1932
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск