ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Суғурталаш. Кредитлаш. Ҳисоб-китоблар /

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларнинг қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2017 й. 119-сон қарорига 7-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 4 мартдаги

119-сон қарорига

7-ИЛОВА



Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер

участкаси эгаларига ажратиладиган

кредитларнинг қайтмаслик хавфини

суғурта қилиш бўйича суғурта

шерикчилиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги қонунларига ва суғурта фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилиги фаолиятини белгилайди.


2. Мазкур Низом умумий суғурта қилиш тармоғида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган барча суғурта ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.


3. Ушбу Низом асосида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта операцияларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида суғурталовчилар томонидан юридик шахс мақомига эга бўлмаган суғурталовчиларнинг касбий бирлашмаси суғурта шерикчилиги (кейинги ўринларда - суғурта шерикчилиги деб юритилади) тузилади.


4. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилигини таъсис этиш мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


5. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


лидер - суғурта қилдирувчи билан суғурта шартномасини имзоловчи суғурта шерикчилиги иштирокчиларидан бири;


суғурта шерикчилиги шартномаси - суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасидаги биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома;


суғурта шартномаси - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига лимон етиштириш учун иссиқхоналар ташкил этиш, унаби, грек ёнғоғи ва паррандачилик маҳсулотларини етиштириш мақсадида ажратилаётган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномаси;


ўзаро ҳисоб-китоб далолатномаси - суғурта мукофотлари ва суғурта тўловлари бўйича суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида ҳисоб-китобни белгиловчи ҳужжат.



2-БОБ. СУҒУРТА ШЕРИКЧИЛИГИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Суғурта шерикчилиги иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта шартномасини тузишга асос бўлувчи тегишли ҳужжатларни талаб этиш;

суғурта шерикчилиги кузатув кенгашида вакил сифатида иштирок этиш;

кузатув кенгаши йиғилишини чақиришни таклиф этиш;

кузатув кенгаши йиғилиши кун тартибига тегишли масалаларни киритиш ва ташаббуслар билан чиқиш.


7. Суғурта шерикчилиги иштирокчилари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом, суғурта шерикчилиги шартномаси ва кузатув кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларни бажариш;

суғурта шартномаларини қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш;

суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш;

суғурта шерикчилигининг бошқа иштирокчилари томонидан мазкур Низом асосида тузилган суғурта шартномалари бўйича ўз улушига тўғри келадиган жавобгарликни қабул қилиш;

суғурта даъволари бўйича суғурта тўловларини ўз улуши доирасида амалга ошириш.


8. Суғурта шерикчилиги томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилишдан бошқа суғурта турлари бўйича хавфлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Бунда суғурта шерикчилиги иштирокчилари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилишдан бошқа суғурта турлари бўйича суғурта шерикчилигини тузиш тўғрисида алоҳида шартномалар тузишга ҳақли.



3-БОБ. СУҒУРТА ШЕРИКЧИЛИГИ БОШҚАРУВИ


9. Суғурта шерикчилиги фаолиятига умумий раҳбарликни суғурта шерикчилиги иштирокчиларининг биринчи раҳбарларидан ташкил топган 9 кишидан иборат таркибдаги кузатув кенгаши амалга оширади.


10. Кузатув кенгаши, агар мажлисда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, қарор қабул қилишга ҳақлидир. Агар ҳозир бўлганларнинг камида учдан икки қисми кузатув кенгаши қарори учун овоз берса кузатув кенгаши қарори қабул қилинган ҳисобланади.


11. Кузатув кенгашининг ваколатлар доираси қуйидагилардан иборат:

кузатув кенгаши раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш;

ижрочи органни тайинлаш;

ижрочи органнинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;

ижрочи органни тафтиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


12. Суғурта шерикчилигининг жорий фаолияти кузатув кенгаши томонидан тайинланган ижро этувчи орган сифатида қатнашувчи суғурта шерикчилиги иштирокчиларининг бири ёки бошқа ташкилот томонидан амалга оширилади.

Ижро этувчи орган суғурта шерикчилиги иштирокчиларининг ҳар бири билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ фаолият юритади.


13. Ижро этувчи орган қуйидагиларни амалга оширади:

суғурта мукофотлари ва суғурта тўловлари бўйича суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китоб далолатномасини тайёрлаш;

суғурта шерикчилиги иштирокчилари томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилишни амалга оширишда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш, шу жумладан, мазкур суғурта шартномалари ва суғурта ҳодисалари, суғурта қилдирувчи ва наф олувчилар тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган маълумотлар ахборот базасини шакллантириш;

суғурта шерикчилиги иштирокчиларига деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилишни амалга ошириш соҳасида маслаҳат хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш;

кузатув кенгаши қарорларига мувофиқ қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа функция ва фаолиятни амалга ошириш.



4-БОБ. СУҒУРТА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


14. Ушбу Низом бўйича суғурта қилиш суғурта шерикчилиги иштирокчилари томонидан келишилган ягона намунадаги суғурта шартномаси асосида амалга оширилади.


15. Лидер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномасини тузади ҳамда суғурта шартномасига мувофиқ суғурта қилдирувчи ва наф олувчи олдида ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилишини таъминлайди.

Суғурта қилдирувчи/наф олувчи лидердан барча суғурта шерикчилиги иштирокчиларининг рўйхатини ва улар томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича қабул қилинган мажбуриятлар ҳажми тўғрисидаги маълумотни талаб қилишга ҳақлидир. Бунда лидер ана шундай маълумотни суғурта қилдирувчи/наф олувчидан тегишли ёзма ариза олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида тақдим этиши шарт.


16. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича мажбуриятлар ҳажми кузатув кенгаши томонидан тақсимланади. Бунда ҳар бир суғурта шерикчилиги иштирокчиси деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича мажбуриятлар ҳажми тақсимлангандан сўнг қолган мажбуриятларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олади.


17. Бирон-бир суғурта шерикчилиги иштирокчиси томонидан суғурта товонининг ўзига тегишли улушини белгиланган муддатларда тўланиши имкони бўлмаган тақдирда, суғурта товонининг ушбу қисми қолган суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида уларнинг ҳар бири олган мажбуриятларига мутаносиб равишда тақсимланади ва улар томонидан кейинчалик суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятни бажармаган суғурта шерикчилиги иштирокчисидан ундириб олинган ҳолда тўланади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида келиб чиқадиган барча низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


20. Суғурта шерикчилиги шартномаси суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида ҳисоб-китоб тартиби, ҳужжатлар алмашинуви, жавобгарлик лимитлари, суғурта шерикчилиги иштирокчилари улушлари ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидаларни белгилайди.


21. Ушбу Низомда кўрсатилмаган масалалар суғурта шерикчилиги шартномаси ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.






Низомга

ИЛОВА



Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси

эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик

хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта

шерикчилигини таъсис этиш

СХЕМАСИ

Босқич-

лар


Тадбирлар номи


Муддат


Масъуллар


I

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилиги иштирокчиларини аниқлаш


Қарор қабул қилингандан кейин 5 кун мобайнида


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Суғурта назорати давлат инспекцияси, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси


II

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаси эгаларига ажратиладиган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилиги иштирокчилари Кузатув кенгашининг биринчи таъсис мажлисини чақириш


Қарор қабул қилингандан кейин 10 кун мобайнида


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Суғурта назорати давлат инспекцияси, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси


III

Суғурта шерикчилиги Кузатув кенгаши раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш


Қарор қабул қилингандан кейин 10 кун мобайнида


Суғурта шерикчилигининг Кузатув кенгаши


IV

Суғурта шерикчилигининг жорий фаолиятини амалга оширувчи ижро этувчи органни тайинлаш


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари Кузатув кенгашининг биринчи таъсис мажлиси ўтказилгандан кейин 10 кун мобайнида


Суғурта шерикчилигининг Кузатув кенгаши


V

Суғурта шерикчилиги ижро этувчи органи томонидан суғурта шерикчилиги иштирокчиларининг ҳар бири билан тегишли шартномалар имзолаш


Ижро этувчи орган тайинлангандан кейин 5 кун мобайнида


Суғурта шерикчилигининг ижро этувчи органи


VI

Суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасидаги биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома матнини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари Кузатув кенгашининг биринчи таъсис мажлиси ўтказилгандан кейин 15 кун мобайнида


Суғурта шерикчилиги, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси, суғурта компаниялари


VII

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида қўшимча равишда паррандачилик ва лимон маҳсулотларини етиштириш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун ажратилаётган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурта қилиш шартномасининг ягона намунасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари Кузатув кенгашининг биринчи таъсис мажлиси ўтказилгандан кейин 15 кун мобайнида


Суғурта шерикчилиги, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси, суғурта компаниялари


VIII

Суғурта шерикчилиги иштирокчилари томонидан деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида қўшимча равишда паррандачилик маҳсулотлари, лимон, унаби, грек ёнғоғи етиштириш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун ажратилаётган кредитларни қайтмаслик хавфини суғурталаш


Суғурта қилиш шартномасининг ягона намунасини амалиётга жорий этишдан бошлаб


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари


IX

Суғурта шерикчилиги иштирокчилари ўртасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш


Ҳар чоракдан сўнг кейинги ойнинг 10-санасигача


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари


X

Суғурта даъволари бўйича суғурта тўловларини ўз улуши доирасида амалга ошириш


Ҳисоб-китоблар тақдим этилгандан кейин 5 кун мобайнида


Суғурта шерикчилиги иштирокчилари


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 13 март, 10-сон, 146-модда




























Время: 0.0227
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск