ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумий ўрта таълим тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.03.2017 й. 140-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 мартдаги

140-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда - умумтаълим муассасаси) фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.


2. Умумий ўрта таълимнинг муддати 11 йил бўлиб, узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ҳамда "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

3. Умумтаълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


4. Умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.


5. Умумий ўрта таълим ташкилотининг устави таълим ташкилотининг муассислари томонидан тасдиқланади ва ҳудудий тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинади.

Умумий ўрта таълим ташкилотининг намунавий устави:

умумий ўрта таълим ташкилотлари ва ихтисослаштирилган мактаблар учун - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.

6. Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.


7. Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.

Умумий ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.


9. Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

таълимнинг узлуксизлигини ва изчиллигини, умумтаълим муассасалари ўқув дастурларининг ўрта махсус, бошланғич профессионал таълим муассасалари ўқув дастурлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;

профессионал ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек ўқувчиларни юқори малака талаб эмайдиган касбларга тайёрлаш.

10. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни яратиб беради.



3-БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I - IV синфлар), таянч ўрта таълим (I - IX синфлар) ва ўрта таълим (X - XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

12. Бошланғич таълим ўқувчиларда ўқиш, ёзиш, санаш, ўқув фаолиятининг асосий малака ва кўникмалари, ижодий фикрлаш хислатлари, ўзини ўзи назорат қилиш, нутқ ва хулқ-атвор маданияти, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи асосларини эгаллашни таъминлашга йўналтирилади.


13. Умумий ўрта таълим мунтазам ва тизимли билимлар олинишини, кенг дунёқараш ҳамда ижодий мустақил фикрлаш шакллантирилишини, ўқувчининг баркамол шахс сифатида камол топишини, унинг қизиқишлари ва ижодий қобилиятларининг ривожлантирилишини таъминлайди.

Ўрта таълим ўқув дастурига мувофиқ ўқувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмалар ўзлаштирилишини, шунингдек таълимнинг кейинги тури танланишини ҳамда юқори малака талаб қилинмайдиган касблар эгаллашини таъминлайди.

Умумий ўрта таълим умумтаълим муассасаларида узлуксиз тарзда, мажбурий бўлган ўн бир йил давомида амалга оширилади.

14. Умумий ўрта таълим мазмуни ўқув режаси давлат ва мактаб компонентлардан иборат бўлади.

Давлат компонентлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти билан белгиланади ва ўқувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида билимлар асосларини янада пухта ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли бўлган зарурий даражани белгилайди.

Мактаб компонентлари ўқувчининг эҳтиёжлари ва қобилиятларидан, мактабнинг моддий-техник ва кадрлар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.


15. Умумтаълим муассасаларининг қуйидаги турлари ташкил этилиши мумкин:

бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I - IV синфлар);

умумий ўрта таълим мактаби (ўқитиш муддати 11 йил: I - XI синфлар);

айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 7 йил: V - XI синфлар);

айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: VII - XI синфлар);

ижод мактаби (ўқитиш муддати 5 йил: VII - XI синфлар);

Президент мактаби (ўқитиш муддати 7 йил V - XI синфлар);

олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати (ўқитиш муддати 7 йил: V - XI синфлар);

жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 11 йил: I - XI синфлар);

психик (интеллектуал) ривожланишида нуқсон бўлган болалар учун ихтисослаштирилган (ёрдамчи) мактаб, мактаб-интернат (ўқитиш муддати 9 йил: I - IX синфлар);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 11 йил: I - XI синфлар);

республика ихтисослаштирилган ўқув-таълим муассасаси (ўқитиш муддати заруриятга кўра).

16. Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади.

Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


17. Умумтаълим муассасаларида иқтидорли болаларни излаш, танлаб олиш ва уларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида (синфларида) ўқитиш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилади.


18. Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш тартиби ва улар фаолиятининг алоҳида хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

19. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, алоҳида шароитларда ёхуд узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олишлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда (мактаб-интернатда);

санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда;

инклюзив (уйғунлашган) шароитда яшаш жойларидаги умумий ўрта таълим мактабларида;

уйда якка тартибда;

даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда.


20. Олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади.

Умумтаълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.

Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда - халқ таълими бошқарув органлари) ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифларига кўра, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчиларининг сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

21. Заруриятга кўра, умумтаълим муассасаларида ўқувчиларнинг яшаши ва овқатланиши учун лозим даражадаги шарт-шароитлар яратилади.


22. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда - ота-оналар) эҳтиёжидан келиб чиқиб, болаларнинг таълим-тарбиясига кўмаклашиш мақсадида умумтаълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

Куни узайтирилган гуруҳларнинг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


23. Янги ўқув йилида умумтаълим муассасасида ташкил этиладиган синфлар сони муассасанинг харажатлар сметасида назарда тутилган кўрсаткичларга тўғри келмаган ҳолларда, ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг розилиги билан қўшимча синфлар ташкил этилади.



4-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНИНГ МАЗМУНИ


24. Ўқув йили умумтаълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.


25. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги - 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);

ўқув ҳафтасининг давомийлиги - 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I-IV синфлар учун 5 кун);

дарс машғулотининг давомийлиги - 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги - 5 - 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги - 15 - 30 дақиқа).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.


26. Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:

кузги таътил - 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;

қишки таътил - 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;

баҳорги таътил - 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;

ёзги таътил - охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.

Таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.

I синф ўқувчилари учун февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.


27. Умумтаълим муассасаларида ёзги таътил кунлари кундузги оромгоҳлар ва майдончалар ташкил этилиши мумкин.


28. Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I - IV синфлар;

ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).


29. Малакали ўқитувчилар етарли бўлган қуйидаги ҳолларда синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади:

ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг I-XI синфларида "Чет тили" фани, айрим фанларга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим муассасаларида ихтисослашган фанлар, V-XI синфларда "Информатика ва ахборот технологиялари", VIII-XI синфларда "Жисмоний тарбия", V-IX синфларда "Технология", X-XI синфларда "Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик" фанлари, таълим тили ўзбек тили бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларининг II-XI синфларида "Ўзбек тили" фани ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларининг II-XI синфларида "Рус тили" фани.

30. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

31. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий ишлар умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ва умумий ўрта таълим дастури асосида амалга оширилади.


32. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат таълим стандартлари асосида янги ўқув йили учун ўқув режа ва унга тушунтириш хати ишлаб чиқилади ҳамда ҳар йили 1 июнга қадар умумтаълим муассасаларига етказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига юборилади.


33. Ўқувчиларнинг сифатли билим олишини ва уларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мос ҳолда ўқитиш натижаларини назорат қилишни таъминлаш мақсадида умумтаълим муассасаларида қуйидаги назорат турлари олиб борилади:

жорий назорат - ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини мунтазам равишда назорат қилиш учун сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар кўринишида ўтказилади;

оралиқ назорат - чорак якунида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун ўқув дастурининг бир қисми тугаганда амалга оширилади ва у ёзма назорат иши ёки тестлар кўринишида олиб борилади;

босқичли назорат - ўқув йили тугаганда оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари кўринишида амалга оширилиб, унга асосан ўқувчининг якуний баҳоси, рейтинги аниқланади ва ўқувчини кейинги синфга ўтказишга қарор қилинади;

якуний назорат - таянч ўрта таълим ва ўрта таълим тугаганидан сўнг якуний давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.

"Чет тили" фанидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси халқаро баҳолаш тизими асосида аниқланиши мумкин.

Умумтаълим муассасаси ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланади.

Умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний аттестацияларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

34. Умумтаълим муассасаларининг V - XI синфлар ўқувчилари тегишли фанлардан босқичли назоратларни муваффақиятли топширганларидан сўнг кейинги синфга ўтказилади.

35. Тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси ва умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори билан ўқувчилар якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратдан озод этилиши мумкин.

Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўқувчиларнинг халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки якуний давлат аттестацияси ва босқичли назорат муддатларига тўғри келиб қолган тақдирда, улар тегишли якуний давлат аттестацияси ва босқичли назоратлардан озод этилади.

Уларнинг билимларини якуний баҳолаш ва рейтингини аниқлаш йиллик баҳолар асосида амалга оширилади.


36. Умумтаълим муассасалари битирувчиларига қуйидаги турдаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома)лар берилади:

таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома - умумтаълим муассасасининг IX синфни тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил якуни бўйича ижобий баҳоланган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга берилади;

таянч ўрта таълим тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатнома - умумтаълим муассасасининг IX синфни тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган, VII синфдаги мусиқа ва тасвирий санъат фанларидан, VIII - IX синфлардаги барча фанлардан чораклик, йиллик ва якуний давлат аттестация баҳолари аъло ҳамда намунали хулққа эга бўлган битирувчиларга берилади;

ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома - умумтаълим муассасасининг XI синфни тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил якуни бўйича ижобий баҳоланган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга берилади;

ўрта таълим тўғрисидаги (кумуш медал билан) шаҳодатнома - умумтаълим муассасасининг XI синфни тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган, IX синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, X-XI синфлардаги барча фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади;

ўрта таълим тўғрисидаги аъло даражали (олтин медал билан) шаҳодатнома - умумтаълим муассасасининг XI синфни тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган, IX синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд, X-XI синфлардаги барча фанлардан чораклик, йиллик ва якуний давлат аттестация баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган XI синф битирувчиларига берилади.

Умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари ҳамда олтин ва кумуш медалларнинг давлат намунаси ва битирувчиларга бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

37. Давлат таълим стандартлари доирасида умумий ўрта таълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ўқувчиларга экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш ҳуқуқи берилади. Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.

Экстернат тартибидаги таълим олишни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

38. Умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ бошқа масалалар (дарс жадвалини шакллантириш, ҳафталик ўқув юклама) умумий ўрта таълимнинг давлат стандартига асосан ишлаб чиқилган ўқув режага мувофиқ белгиланади.



5-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


39. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумтаълим муассасаси томонидан рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

Бунда бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган ва ҳақиқатда яшовчи оила фарзандлари инобатга олинади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади.

40. Умумтаълим муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради.

41. Умумтаълим муассасаси раҳбарияти мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.

Мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасасига жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


42. Умумий ўрта таълим муассасаларининг I синфига болалар етти ёшга тўладиган йилда тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

Олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Мактаб ёшидаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


43. Болаларни умумтаълим муассасасининг I синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;

боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб - бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат.

44. Болалар умумтаълим муассасасининг I синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади, мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно.


45. Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ҳамда мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


46. Ўқишга қабул қилинаётган болаларнинг ота-оналари умумтаълим муассасаси устави, ички тартиб-қоидалари ва таълим-тарбия жараёнини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништирилиши лозим.

Умумтаълим муассасасида ҳужжатларни юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.


47. Умумтаълим муассасаси раҳбарияти ҳар йили июнь-август ойларида ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур чораларни кўради.


48. Хорижий фуқароларни умумтаълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


49. Ота-оналар фарзандларини ўқув йили давомида ёки у тугаганидан кейин бир синфдан бошқа синфга ёки бир умумтаълим муассасасидан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ўқувчиларни синфдан синфга, бир умумтаълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.



6-БОБ. ЎҚУВЧИЛАР СОҒЛИҒИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


50. Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш умумтаълим муассасаларига тиббиёт муассасалари томонидан бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари мактаб раҳбарияти ва педагог ходимлар билан бир қаторда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, овқатланиш режими ва сифатига, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш учун масъулдирлар.


51. Умумтаълим муассасаси раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар (махсус жой, мебель ва тиббий жиҳозлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар) яратиб берилади.


52. Умумтаълим муассасаси ўқувчиларини ҳар йилги тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


53. Умумтаълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини психологик жиҳатдан таъминлаш психологлар томонидан амалга оширилади.


54. Оғзаки нутқ нуқсонлари ва товуш талаффузида камчиликлари бўлган ўқувчиларга коррекцион-логопедик ёрдам бериш мақсадида умумтаълим муассасасида ўқитувчи-логопедлар (дефектологлар) фаолият юритадиган логопедия шохобчаси ташкил этилиши мумкин.

Логопедия шохобчасининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.



7-БОБ. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ,

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


55. Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагогик фаолият билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг умумтаълим муассасаларида бу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.


56. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касб маҳоратининг рақобатбардош даражада сақлаб турилиши халқ таълими бошқаруви органлари томонидан ташкил этилади ва назорат қилинади.


57. Умумтаълим муассасаси педагогик жамоа аъзолари ўқитиш йўналишлари (табиий, аниқ, гуманитар, ижтимоий ва бошқа фанлар) бўйича услубий бирлашмаларга бирлашадилар.


58. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг (ўқув фанлари ва соатлари бўйича) вазифасини вақтинча бажариб туриш тартиби ҳамда ходимларининг синфдан ташқари фаолиятини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


59. Умумтаълим муассасаси раҳбарияти ўқитувчиларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини, уларнинг масъулияти ва касб маҳоратини ошириш бўйича аниқ йўналишли ишларни амалга оширади, уларнинг тизимли равишда малака оширишлари ва ўз устида ишлашлари, таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари, шунингдек янги ўқув дастурлари жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.



8-БОБ. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМНИ БОШҚАРИШ


60. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимини Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, халқ таълими бошқарув органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар халқ таълими бошқармаси бошлиқлари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари бир вақтнинг ўзида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳисобланади.

61. Вазирлик ва идоралар тизимидаги умумтаълим муассасалари бевосита тегишли вазирлик ва идорага бўйсунади.


62. Вазирлик ва идоралар тизимидаги умумтаълим муассасалари уларни жойлаштириш учун тегишли бино, моддий-техник база (мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт анжомлари ва бошқалар) ҳамда малакали раҳбар ходимлар ва педагоглар мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ташкил этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимидаги умумтаълим муассасалари минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлиги таъминланган ҳолда, уларни жойлаштириш учун тегишли бино, моддий-техник база (мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт анжомлари ва бошқалар) ҳамда малакали раҳбар ходимлар ва педагоглар мавжуд бўлганда, тегишлича вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорига мувофиқ ташкил этилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари муассис (таъсисчи) томонидан ташкил этилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган лицензия асосида фаолият юритади.

63. Умумтаълим муассасасига бевосита раҳбарлик тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан тайинланган директор томонидан амалга оширилади.

Умумтаълим муассасаси директори муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилишига бевосита масъул ҳисобланади.

Умумтаълим муассасаси директори йил якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ва жамоатчилик вакилларига 3 йиллик дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот беради ва ҳисобот натижасига кўра унинг фаолиятига халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан баҳо бериб борилади.

64. Нодавлат таълим ташкилотларидаги ҳамда идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча давлат умумтаълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнига услубий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва халқ таълими бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги таълим муассасалари бундан мустасно.

65. Умумтаълим муассасаларида педагогик кенгашлар тузилади. Умумтаълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, таълим жараёни иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида кузатув кенгашлари тузилиши мумкин. Педагогик ва кузатув кенгашларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тартибга солинади.

66. Педагогик кенгаш умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилишида олий бошқарув органи ҳисобланади.


67. Умумтаълим муассасасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқувчиларнинг жамоат бирлашмалари фаолият кўрсатади.


68. Умумтаълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


69. Умумтаълим муассасасининг раҳбар ва педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



9-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-

ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ


70. Давлат умумтаълим муассасасининг фаолиятини молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


71. Давлат умумтаълим муассасасига бюджетдан ташқари қўшимча маблағларни жалб этиш бюджетдан молиялаштириш камайтиришга олиб келмаслиги лозим.


72. Умумтаълим муассасаси ўз уставида белгиланган мақсадларга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


73. Давлат умумтаълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

умумтаълим муассасасининг тадбиркорлик фаолиятидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш, бино ва иншоотларни, жиҳоз ва анжомларни ижарага беришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


74. Давлат умумтаълим муассасалари штатидаги ходимлар сони умумтаълим муассасаларининг намунавий штатларига мувофиқ белгиланади.

Давлат умумтаълим муассасаларининг намунавий штатлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.


75. Умумтаълим муассасасида ўқувчиларга давлат таълим стандартлари доирасида бепул умумий ўрта таълим берилишидан ташқари, қўшимча (шу жумладан пулли) таълим хизматлари кўрсатилиши мумкин.

Ота-оналарнинг истакларига кўра, умумтаълим муассасаларида пулли хизмат асосида 5-6 ёшли болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлов гуруҳлари ҳам ташкил этилиши мумкин.


76. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк умумтаълим муассасасининг мол-мулки таркибига киритилади.


77. Умумтаълим муассасасининг мол-мулки ва пул маблағлари сарфланиши учун бевосита унинг раҳбари жавобгар ҳисобланади.


78. Умумтаълим муассасаси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ва статистик ҳисобот юритилади.


79. Умумтаълим муассасаси ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда иш ҳақига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


80. Умумтаълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти ва кадрлар билан таъминланиши белгиланган нормативларга мувофиқ эҳтиёжлар асосида амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


81. Умумтаълим муассасалари ва халқ таълими бошқарув органларининг халқаро ҳамкорлиги халқаро шартномалар асосида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилади.


82. Умумтаълим муассасалари ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.


83. Умумтаълим муассасаларида уларнинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотлар, жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар ташкил этилишига ва фаолият юритишига йўл қўйилмайди.


84. Умумтаълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун талабларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис (таъсисчи) томонидан амалга оширилади.

Тугатилган умумтаълим муассасаси муассиси (таъсисчиси) ўқувчиларни ота-оналарнинг розилиги билан бошқа умумтаълим муассасаларига ўтказиш масъулиятини олади.


85. Умумтаълим муассасаси тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва умумтаълим муассасаси уставига мувофиқ фойдаланилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 167-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 3-сон, 29-модда








































Время: 0.1652
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск