Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари / Рухсат бериш тартиб-таомиллари /

Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.03.2017 й. 139-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 мартдаги

139-сон қарорига

3-ИЛОВА



Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори

воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан

ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик

гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ветеринария тўғрисида" ва "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни (кейинги ўринларда ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчалар деб аталади) рўйхатдан ўтказиш ва ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартибини белгилайди.


2. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномаси бериш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема ва шакл бўйича амалга оширилади.


3. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси аризачига ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича 5 йил муддатга берилади.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни сотиб олиш мажбуриятини юкламайди ва сифат сертификати ҳисобланмайди.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аризачи - ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олиш мақсадида ваколатли органга мурожаат этувчи тадбиркорлик субъекти (юридик шахс ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркор);


ваколатли орган - аризачининг аризасини кўриб чиқиш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилишини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий маркази;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси - ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, сотиш, қўллаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.


5. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасига эга бўлмаган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, сотиш, қўллаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишга йўл қўйилмайди


6. Ушбу Низом 5-бандининг талаблари қуйидаги мақсадларда олиб келинаётган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларга татбиқ этилмайди:

- экспертизадан ўтказиш учун синов партиялари ва намуналари сифатида;

- кўргазмалар, апробация ва синовлар ўтказиш доирасида;

- ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликлари бўйича фавқулодда ҳолатлар юзага келганда бюджет ташкилотларининг талабига кўра келтириладиган.



2-БОБ. РУХСАТ ЭТУВЧИ ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР


7. Қуйидагилар ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, сотиш, қўллаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда рухсат этувчи талаб ва шартлар ҳисобланади:

аризачи томонидан ветеринария қонунчилигига, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатга олиш ҳужжатларидаги маълумотларда ҳавола қилинган меъёрий-техник ҳужжатларга сўзсиз риоя этиш;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси амал қилиш даврида рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси эгаси томонидан рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш тўғрисида, мазкур ўзгартиришлар киритилишининг сабаблари, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг самарадорлиги, хавфсизлиги, сифат кўрсаткичларига таъсири ҳақида тўлиқ маълумотлар келтирган ҳолда ваколатли органни хабардор қилиш;

республика ҳудудидаги биологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш шароитларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Марказий режим комиссиясининг хулосасига мувофиқ ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар ишлаб чиқаришни амалга ошириш;

рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларидаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш.



3-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК ГУВОҲНОМАСИ

ОЛИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР

ВА НАМУНАЛАР


8. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун аризачи (ёки унинг номидан ҳаракат қилувчи ишончли вакил) ваколатли органга мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ариза тақдим этиб, унга мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва намуналарни илова қилади.

9. Тадбиркорлик субъектидан ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва намуналарни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


10. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар аризачи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Бунда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур намуналар бевосита ёки почта алоқа воситаси орқали тақдим этилади.


11. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда рўйхат бўйича қабул қилинади, ҳужжатларнинг қабул қилинган санаси кўрсатилган ҳолда дарҳол аризачига берилади (юборилади).


12. Аризачига рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш учун давлат бошқа органларида мавжуд бўлган ҳужжат ва маълумотлар талаб этилган ҳолатларда, "ягона дарча" тамойили бўйича соддалаштирилган тартибдаги сўров жўнатилиб, ваколатли орган ушбу ҳужжатларни аризачи иштирокисиз қабул қилиб олади.


13. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги махфий маълумотлар ваколатли орган томонидан ошкор қилинмаслиги лозим.



4-БОБ. ВЕТЕРИНАРИЯ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ

ВА ОЗУҚАБОП ҚЎШИМЧАЛАРГА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИЛГАНЛИК ГУВОҲНОМАСИ БЕРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ.

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИ БЕРИШ


14. Ваколатли орган мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг уч кун муддатда аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади, талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда бартараф этиш учун аризачига қайтаради.

15. Ваколатли орган аризачи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилиб, тегишли тўловлар амалга оширилганидан сўнг ўттиз иш кунидан ошмаган муддатда қуйидагиларни амалга оширади:

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш шароитлари, ишлаб чиқарувчи корхонанинг ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва сифат назоратини олиб бориш қоидалари талабларига мувофиқлигини баҳолаш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг лаборатория синовлари ва таҳлилларини ўтказиш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг таъсирчанлиги, зарарсизлиги ва сифатини таҳлил қилиш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар намуналарини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, сифат кўрсаткичлари ҳамда тавсия этилган синов усуллари ўтказилишига мувофиқлигини ўрганиш.

Бунда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни апробация қилиш ва синаш ишлари ваколатли орган томонидан тасдиқланган ва аризачи билан келишилган синовлар дастурига мувофиқ амалга оширилади.

16. Ваколатли орган мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг ўттиз иш кунидан кечиктирмай, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Илмий-техник кенгашга хулосалар такдим қилади. Илмий-техник кенгаш рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномаси бериш ёки беришнинг рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

17. Ваколатли орган тегишли қарор қабул қилингандан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини юборади (топширади) ёки рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини беришни рад этиш тўғрисида аризачини ёзма равишда хабардор қилади.


18. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича аризани кўриб чиқиш, шунингдек, ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган ишларнинг бажарилиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида йиғим ундирилади.

Йиғим суммаси ваколатли орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Аризачи рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олиш учун тақдим этилган аризасидан воз кечган тақдирда ёки гувоҳнома бериш рад этилганда тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш, уни ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, дубликат бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш учун хорижий ишлаб чиқарувчи (ёки унинг номидан ҳаракат қилувчи вакили) томонидан тақдим этилган аризанинг кўриб чиқилиши учун ундириладиган йиғим миқдори Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ваколатли органида юқоридаги ишларни амалга ошириш учун сарфланган харажатлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

19. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида йиғим ундирилади.

Ундирилган йиғим суммаси ваколатли орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


20. Қуйидагилар рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

аризачи томонидан ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;

аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

аризачи рухсат этувчи талаблар ва шартларга мувофиқ бўлмаганда;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда, шунингдек апробация ва синов натижаларининг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулосалар олинганда.


21. Бошқа асосланмаган сабабларга, шу жумладан мақсадга номувофиқлигига кўра рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


22. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома аризачига рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва аризачи мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади).

Аризачи рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш рад этилганлиги сабабларини бартараф этиш ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга ҳақли бўлган муддат рад этиш ҳақидаги ёзма ёки электрон хабар олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.


23. Аризачи томонидан рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилган ҳолатларда, ваколатли орган томонидан ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш аризачининг аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Аризачининг аризасини қайта кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.


24. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан аризачига илгари ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


25. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг аризачи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


26. Аризачи рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси беришнинг рад этилиши, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


27. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугагач, аризачининг аризасига кўра унинг муддати узайтирилиши мумкин.


28. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугашига 90 кун қолганда топширилиши керак.


29. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг муддатини узайтириш рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш тартибига мувофиқ амалга оширилади.



6-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ


30. Аризачи - юридик шахс ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, аризачи ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.


31. Жисмоний шахс бўлган аризачининг унга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, аризачи қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.


31-1. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси эга бўлган ариза берувчи юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

31-2. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасидаги мавжуд маълумотлар мазкур Низомнинг 30, 31 ва 31-1-бандларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси ариза берувчининг тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.

32. Ҳужжатлар аризачи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


33. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси қайта расмийлаштирилгунга қадар, аризачи ёки унинг ҳуқуқий вориси (меросхўри) рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган, қабул қилиб олинган санаси ҳақида ваколатли органнинг белгиси қўйилган ариза асосида унда кўрсатилган ҳаракатни ва (ёки) фаолият турини бажаради ёки амалга оширади.


34. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси қайта расмийлаштирилганда ваколатли орган берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш ва бериш ваколатли орган томонидан ариза ва тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг уч иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.


35. Аризачидан ушбу Низомнинг 30 ва 31-бандларида кўзда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишнинг талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


36. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда аризачининг аризасига асосан унинг дубликати берилади.

Ваколатли орган аризачидан ариза қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг дубликатини, шунингдек яроқсиз ҳолдаги рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг асл нусхасини беради (юборади).


37. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг дубликатини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғимлар ундирилмайди.



7-БОБ. РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА УНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


38. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш), тўхтатиш ва уни бекор қилиш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.


39. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш учун асос бўладиган рухсат бериш талаблари ва шартларини бир маротаба қўпол равишда бузилишига рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси амал қилиши натижасида одамлар ёки ҳайвонлар ҳаёти ҳамда соғлиғига зарар етказиш ёхуд зарар етказилишининг реал хавфини пайдо қилиш киради.



8-БОБ. БЕРИЛГАН РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИК

ГУВОҲНОМАЛАРИ РЕЕСТРИ


40. Ваколатли орган берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари реестрини юритади ва уни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради.


41. Берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари реестрида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилади:

аризачилар тўғрисида (аризачи - юридик шахсларнинг номи, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), телефони; аризачи - жисмоний шахсларнинг телефони, фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти маълумотлари, почта манзили, телефони);

ветеринария дори воситаси ва озуқабоп қўшимчанинг номи, уларнинг чиқарилиш шакли, фармакотерапевтик гуруҳи ва таъсир этувчи моддаси;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқарувчи мамлакат ва ишлаб чиқарувчи номи;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг берилган санаси ва тартиб рақами;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклаш, амал қилиш муддатини узайтиришнинг асослари ва санаси;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатишнинг асослари ва санаси;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси дубликатларини беришнинг асослари ва санаси;

рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бекор қилишнинг асослари ва санаси.


42. Берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари реестридаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария

дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни

рўйхатдан ўтказиш ва уларга рўйхатдан

ўтказилганлик гувоҳномаси бериш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати






I босқич

Аризачи

1. Ушбу Низомнинг 8-бандига асосан ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ваколатли органга ҳужжатларни бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Аризачининг

хоҳишига кўра





II босқич

Ваколатли орган

Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат нусхаси ҳужжатларнинг қабул қилинган санаси кўрсатилган ҳолда ваколатли орган томонидан дарҳол аризачига берилади (юборилади).

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин 3 кун муддатда





III босқич

Ваколатли орган.

Илмий-техник кенгаш

Ҳужжатларни кўриб чиқади, Низомнинг 15 ва 16-бандларида кўрсатилган ишларни амалга оширади ва шу асосда хулоса тайёрлайди:


1. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш ёки уни рад этиш.


2. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг рўйхатга олиш бўйича синов ишларини ўтказиш.


3. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни синаш натижалари бўйича хулоса бериш.

Ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида синовлар дастурига мувофиқ муддатларда





IV босқич

Ваколатли орган

  

Аризачига рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини беради (юборади) ёки рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилишини рад этиш тўғрисида аризачини ёзма шаклда хабардор қилади.


Тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай

        





Низомга

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат

қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария дори воситалари, озуқабоп

қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича

Давлат илмий маркази


РЎЙХАТГА ОЛИШ ГУВОҲНОМАСИ N 000-000

Ушбу гувоҳнома

га шу ҳақда берилдики,


(тадбиркорлик субъекти номи)


маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ:

(ветеринария дори воситаси ёки озуқабоп қўшимчанинг номи)

(ишлаб чиқарувчининг номи)

шаклида

мақсадида қўллаш учун

N ВП-0000-00 рақами билан реестрга киритилди.

20___ йил "___" _____________ да

5 йил муддатга.

Ушбу гувоҳнома мазкур ветеринария дори воситалари ёки озуқабоп қўшимчаларни сотиб олиш учун мажбурият, шунингдек, сифат сертификати ҳисобланмайди.

(Ваколатли орган раҳбарининг Ф.И.О., имзоси ва муҳри)

         





Низомга

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

давлат қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария дори

воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва

муомаласи назорати бўйича Давлат илмий

маркази директорига

_____________________________

АРИЗА


Ўзбекистон Республикасида ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказишингизни сўрайман:

         

          

1. Аризачи



(юридик (жисмоний) шахс)

2. Аризачининг манзили, тел., факси ва б. қ.


               

3. Аризачининг вакили



(юридик (жисмоний) шахснинг манзили, телефони, факси)

4. Дори воситаси/озуқабоп қўшимча тўғрисида маълумотлар:


4.1. Умумий қабул қилинган номи

4.2. Савдодаги номи


4.3. Таркиби


4.4. Дори шакли


4.5. Қўлланиши


4.6. Патент (муаллифлик гувоҳномаси) мавжудлиги, унинг тартиб рақами

             

4.7. Тайёрловчи



(юридик (жисмоний) шахс, манзили, телефони, факси)

4.8. Ишлаб чиқарувчи



(юридик (жисмоний) шахс, манзили, телефони, факси)

Аризачи ветеринария дори воситаси ёки озуқабоп қўшимчани экспертиза қилиш ва рўйхатга олиш, зарур ҳолларда синов ишлари ҳақини тўлаш кафолатини беради.


Зарур ҳужжатлар тўплами ва синаш учун намуналар илова қилинади.


Ариза берилди: 20 ___ йил "___" _____________

Аризачининг имзоси



(фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими)

                       Муҳр

            (мавжуд бўлганда)






Низомга

4-ИЛОВА



Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария

дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни

рўйхатдан  ўтказиш  ва  уларга  рўйхатдан

ўтказилганлик гувоҳномаси бериш учун

талаб этиладиган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


1. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар таркибига кирувчи компонентларнинг номи ва миқдори кўрсатилган рўйхат.

4. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифат кўрсаткичларини техник талаблар асосида назорат қилиш усуллари, тегишли халқаро ёки давлат фармакопея мақолалари матнлари.


5. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни қўллаш бўйича йўриқномалар (қўлланмалар) ёки уларнинг лойиҳалари.


6. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифат ёки мувофиқлик сертификати.


7. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг ишлаб чиқарилиши бўйича маълумотлар (тайёрлаш бўйича технологик йўриқнома ёки регламент, блок-схемалар).


8. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг таъсир қилиш самарадорлиги, зарарсизлиги ва сифат барқарорлиги бўйича маълумотлар.


9. Ветеринария биологик препаратларининг самарадорлиги, иммуногенлиги, зарарсизлиги, вирулентлиги ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган микроорганизмлар штаммлари (вируслар, бактериялар, замбуруғлар ва бошқалар) бўйича асословчи маълумотлар.


10. Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларида кўрсатилган синаш учун етарли ҳажмдаги намуналари ҳамда уларнинг фаол таъсир этувчи моддалари (субстанциялар), тест-тизимлар, диагностик тўпламлар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 166-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 3-сон, 28-модда






































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск