Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.03.2017 й. 148-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 16 мартдаги

148-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия

ва спорт давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита деб аталади) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Қўмита ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


4. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишдан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Қўмита ҳузуридаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ижро этувчи аппарати ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Қўмита, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Қўмита тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўладилар.



2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишдан баҳраманд қилишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялашга, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантиришга, мамлакатнинг спорт ютуқларини оммалаштиришга ва халқаро спорт майдонида кенг эътироф этилишига йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда шаҳарлар ва туманларда спорт-оммавий тадбирларни, халқ ўйинлари ва спортнинг миллий турлари бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ўтказган ҳолда аҳоли, айниқса ёшлар, хотин-қизлар, кекса кишилар, қишлоқ аҳолиси орасида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этиш;

болаларни, айниқса қиз болаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш йўли билан болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш, болалар спорти таълими сифатини ошириш, барча минтақаларда, шу жумладан қишлоқ туманларида ва чекка туманларда болалар спорт объектлари тармоғини янада кенгайтириш, "Умид ниҳоллари, "Баркамол авлод" ва "Универсиада" мусобақаларининг уч босқичли тизими ўйинлари ўтказилишини ташкил этиш, шу асосда болаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ва уларнинг баркамоллигини таъминлаш;

Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар билан биргаликда иқтидорли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон, Осиё чемпионатларида ва бошқа нуфузли халқаро мусобақалар ва турнирларда муваффақиятли иштирок этишни таъминлаш учун улардан сифатли спорт захирасини ва мамлакат терма жамоалари таркибларини шакллантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

мамлакатда профессионал спортни ривожлантиришни рағбатлантириш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда замонавий технологияларни спорт тайёргарлиги жараёнига жорий этиш, спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар қўлланилишига қарши кураш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

оммавий, болалар ва профессионал спорт йўналишлари бўйича жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларининг, объектлар ва иншоотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, улардан энг кўп даражада ва самарали фойдаланишни таъминлаш, республикада спорт ускуналари ва инвентари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш;

спорт соҳасида давлатлараро ва халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш ишларини ташкил этиш, оммабоп спорт дастурлари ташкил этилишига кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида оммавий адабиётларни нашр этиш ва мавзули видео- ва кино материаллар яратиш.


8. Қўмита юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ишини мувофиқлаштиради;

қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек спорт нормативларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

республикада жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг ҳолати мониторингини олиб боради, уларни мамлакатда янада ривожлантириш бўйича ҳар йиллик прогнозларни шакллантиради;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни, дастурий-методик ҳужжатларни ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига тегишли бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди, уларнинг ижросини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт, шунингдек аҳолини жисмоний тарбиялаш соҳасида илмий тадқиқотларнинг ривожланишига кўмаклашади, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этади ва ушбу ишлар амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

давлат бошқарувининг бошқа органлари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт намояндаларини, шу жумладан спортчилар, тренерлар, спорт фахрийларини ва бошқа мутахассисларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этади;

мамлакатда спорт турларини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилайди;

спорт федерациялари (ассоциациялари) реестрини юритади, уни юритиш тартибини белгилайди;

спорт турлари бўйича Ягона спорт классификациясини, шунингдек у тўғрисидаги низомни, спорт турлари ва спорт фанларини эътироф этиш, улар реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

халқаро ва республика даражаларидаги спорт ва жисмоний тарбия - оммавий тадбирларнинг Календарь режасини шакллантиради ва тасдиқлайди, манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг молиялаштирилишини ва ўтказилишини таъминлайди;

тренерлик фаолияти билан шуғулланишга белгиланган тартибда рухсатнома беради;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда мамлакатда спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;


б) спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар ташкил этилиши соҳасида:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш ишларини ташкил этади;

аҳолининг кенг қатламлари орасида спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилишига кўмаклашади;

шаҳарлар ва туманларда спорт-оммавий ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари, шу жумладан спортнинг миллий турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақалар аҳоли, айниқса ёшлар, хотин-қизлар, кекса кишилар ва қишлоқ аҳолиси орасида ўтказилишини мунтазамлилик асосида ташкил этади;

Ўзбекистонда спортнинг миллий турларини ва халқ ўйинларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашади, спортнинг миллий турлари бўйича спорт мусобақалари, халқ ўйинлари бўйича жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар мамлакатда ва чет элда ташкил этилиши ва ўтказилиши молиялаштирилишини, шунингдек спортнинг миллий турлари халқаро спорт майдонида кенг тарғиб қилиниши ва ривожлантирилишини белгиланган тартибда таъминлайди;


в) болалар спортини ривожлантириш, болалар спорти таълими сифатини ошириш, болалар спорт объектлари тармоғини янада кенгайтириш, болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ва уларнинг баркамоллигини таъминлаш соҳасида:

жисмоний ва маънавий соғлом ўсиб келаётган авлодни камол топтиришнинг муҳим шарти сифатида оммавий болалар спортини ривожлантиришни, унда соғлом турмуш тарзига интилишни ва спортга муҳаббатни сингдиришни таъминлайди;

болалар спортининг моддий-техника ва ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

иқтидорли ёшлар ва спорт намояндаларининг халқаро ва республика кўламларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўтказиладиган кўриклар, танловлар, фестивалларда, бошқа анжуманларда иштирок этиши ва сафар қилинишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда барча минтақаларда, шу жумладан қишлоқ туманларида ва чекка туманларда "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" мусобақаларининг уч босқичли тизими ўйинлари ўтказилишини ташкил этади;


г) иқтидорли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон, Осиё чемпионатларида ва бошқа нуфузли халқаро мусобақалар ва турнирларда муваффақиятли иштирок этишни таъминлаш учун улардан сифатли спорт захирасини ва мамлакат терма жамоалари таркибларини шакллантириш соҳасида;

Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоалари таркибларини ва уларнинг энг яқин захираларини тасдиқлайди, Ўзбекистон спорт делегацияларини бутлайди, уларни халқаро спорт мусобақаларига ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларга тайёрлашни ва иштирок этишини таъминлайди;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида спорт ва допингга қарши марказлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ташкил этиш бўйича таклифлар киритади ва улар фаолиятини ташкил этишни таъминлайди;

конференциялар, кўргазмалар ва спорт мусобақалари ўтказади, спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш ишларини ташкил этади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) ва жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва ассоциациялари билан биргаликда кейинчалик спорт захирасини шакллантириш учун истеъдодли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ташкил этади;

халқаро ҳамда республика спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказилишини, спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассислар таъминотини, Ўзбекистон Республикаси спортчиларини, спорт терма жамоаларини Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинларига, жаҳон, Осиё чемпионатларига, кубокларига ва биринчилигига ва бошқа халқаро спорт мусобақаларига тайёрлашни ва иштирок этишини, халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари тўланишини белгиланган тартибда таъминлайди;


д) мамлакатда профессионал спортни ривожлантиришни рағбатлантириш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда замонавий технологияларни спорт тайёргарлиги жараёнига жорий этиш, спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақаларни ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар қўлланилишига қарши кураш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш соҳасида:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар билан биргаликда мамлакатда профессионал спортни ташкил этиш ва янада шакллантириш бўйича таклифлар киритади;

юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тайёрлаш ишларини олиб боради, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, спорт мактаблари, клублар ва спорт тайёргарлиги марказлари ривожланиши ва ихтисослаштирилишини мувофиқлаштиради;

хорижий мамлакатларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг жаҳон илмий-техник тараққиёти ютуқлари, илғор тажрибаси умумлаштирилишини, ушбу ютуқлар республикада жорий этилишини таъминлайди;

спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг илтимосномаси бўйича спортнинг алоҳида турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоалари спортчиларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган халқаро спорт мусобақаларида ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда иштирок этишини тасдиқлайди ва таъминлайди;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида энг ўрнак кўрсатган ходимларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўмаклашган бошқа шахсларни идоравий кўкрак белгилари билан мукофотлайди;

спорт унвонлари, спорт разрядлари ва малака тоифалари бериш тартибини тасдиқлайди;

спорт соҳасидаги улкан ютуқлари учун мукофотлар таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;


е) жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, маҳаллий спорт ускуналари ва инвентарь ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кенгайтириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси спортчиларини ва спорт терма жамоалари аъзоларини спорт инвентари, ускунаси ҳамда кийим-бош, анжомлар билан таъминлайди;

оммавий, болалар ва профессионал спорт йўналишлари бўйича объектлар ва иншоотлар фаолиятини такомиллаштириш ва янгиларини қуриш бўйича таклифлар киритади, улардан энг кўп даражада ва самарали фойдаланишни таъминлайди;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт товарларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашади;

янги жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари қуришни ва ишлаб турганларини реконструкция қилишни ташкил этишга кўмаклашади;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш, шунингдек уларнинг паспортларини бериш тартибини тасдиқлайди;

идоравий мансуб ташкилотларга уларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришда ва ахборот таъминотини, маслаҳат бериш, кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни ва ёрдамнинг бошқа турларини жалб этишни ташкил этишда кўмаклашади;


ж) жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш соҳасида:

кадрларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак ахлоқийлик руҳида тайёрлаш жараёнини ташкил этади, одамларнинг ўзининг жисмоний, умумтаълим ва маданий даражасини оширишга бўлган интилишини рағбатлантириш ишларини олиб боради;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар малакасини оширишни, уларни қайта тайёрлашни, тажриба орттиришни ва аттестациядан ўтказишни таъминлайди;

болалар спорти жамоалари, мутахассислари, шунингдек спортчилар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа вакилларнинг, уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, халқаро танловларда, фестивалларда, спорт мусобақаларида ва чет элдаги бошқа тадбирларда иштирок этиш учун тайёрлашни, жўнатишни ва қабул қилишни таъминлайди;


з) спорт соҳасида давлатлараро ва халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш ишларини ташкил этиш, оммабоп спорт дастурлари ташкил этилишига кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида оммавий адабиётларни нашр этиш ва мавзули видео- ва кино материаллар яратиш соҳасида:

жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий, ўқув, илмий-оммабоп ва оммавий адабиётлар яратилиши ва нашр этилишини, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фото ва видео материаллар яратилишини ташкил этади;

халқаро спорт алоқаларини амалга оширади ва ривожлантиради, халқаро спорт ҳамжамиятлари билан ўзаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди;

ҳамкорлик бўйича халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқади ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этишда иштирок этади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлайди;

спорт соҳасида иқтидорли ёшлар вакилларига кўмаклашади ва ёрдам беради, уларни ўқиш учун чет элга юборади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда оммабоп спорт дастурлари ташкил этилишида, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида оммавий адабиётлар нашр этилишида ва мавзули видео ва кино материаллар яратилишида иштирок этади;

таниқли спорт намояндаларини, республиканинг ва хорижий мамлакатларнинг етакчи педагог-мутахассисларини республика спорт таълим муассасаларида ўқитувчилик қилишга ва маҳорат дарслари ўтказишга таклиф этади.


9. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг ҳудудий бўлинмалари, ўзига идоравий мансуб бошқа ташкилотлар орқали амалга оширади.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ва бошқа ташкилотлардан Қўмита ваколатига тегишли масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий маълумотлар, хулосалар ва бошқа ахборотни сўраш, талаб қилиш ва олиш;

жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва оммалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш доирасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юбориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан минтақаларни ривожлантириш бўйича ишлар ва лойиҳаларни молиялаштиришга харажатлар сметаларини кўриб чиқиш ва келишишда иштирок этиш;

халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш;

олимлар, вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларига маслаҳатлар бериш, илмий ва эксперт ишларини олиб бориш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун, шунингдек спортнинг хорижий намояндаларини Қўмита тизимига кирадиган таълим муассасаларида дарс бериш ва маҳорат дарслари ўтказиш учун шартнома асосида таклиф этиш;

белгиланган тартибда спорт-оммавий ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш;

Қўмита тизимига кирадиган идоравий мансуб спорт ташкилотлари ва таълим муассасалари учун зарур техник ускуна, спорт ускунаси, инвентарь спорт формаси ва бошқа зарур жиҳозларни марказлаштирилган тартибда сотиб олиш;

халқаро ва республика чемпионатларини, кубоклар, турнирлар, шунингдек спорт-оммавий тадбирларни ўтказишда ғолиблар ва совриндорларни, номинантларни мукофотлаш учун зарур миқдордаги медаллар, дипломлар, кубоклар ва совринларни марказлаштирилган тартибда сотиб олиш;

спортчилар, тренерлар ва жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мамлакатнинг бошқа мутахассисларига, шунингдек спорт муассасаларининг спорт жамоаларига республика спорт унвонлари ва малака тоифалари бериш, кубоклар, медаллар, значоклар, кўкрак нишонлари, дипломлар, ёрлиқлар ва совринлар билан мукофотлаш;

ташкилотларнинг жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт ва жисмоний тарбия оммавий тадбирларни ўтказиши, жисмоний тарбия ва спорт намояндаларини ҳар хил танловлар, спорт мусобақалари ва шу кабиларда иштирок этишга тайёрлаш учун уларга Қўмитанинг маблағларини ажратиш;

фестиваллар, танловлар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари, спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ғолиблари, совриндорлари, иштирокчилари ва фахрий меҳмонларини эсдалик медаллари, дипломлар, кубоклар, совғалар билан мукофотлаш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида халқаро, хорижий ва республика ташкилотлари билан алоқаларни белгиланган тартибда амалга ошириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида реклама ва бошқа тарғиб қилувчи маҳсулотларни (мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга йўналтирилган реклама, аудио-видео материаллар ва брошюралар, хариталар ва бошқа реклама-ахборот материаллари) чоп этиш, кўпайтириш, яратишга мустақил равишда ёки идоравий мансуб ташкилотлар орқали буюртма жойлаштириш;

Қўмитанинг марказий аппаратида ва унинг идоравий мансуб бўлинмаларида ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

жисмоний тарбия-спорт фаолияти субъектларидан уларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишини талаб қилиш;

тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномаларни ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари паспортларини белгиланган тартибда бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва тўхтатиш, ушбу рухсатномаларни бекор қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг алоҳида фидойилик ва меҳнатсеварликни намоён қилган энг иқтидорли намояндалари ва ходимлари номзодларини белгиланган тартибда мукофотларга тақдим этиш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга, шунингдек бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эгадир.


12. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Қўмита раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.

14. Раис:

Қўмита фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;

раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарининг, Қўмитанинг, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари, вазифалари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ходимларнинг белгиланган умумий штатдаги сони доирасида Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари штат жадвалини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган Қўмитанинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Қўмитанинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари бўлинмаларининг тузилмасини ва улар тўғрисидаги низомни, шунингдек Қўмитанинг идоравий мансуб ташкилотлари уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Қўмитанинг марказий аппарати ходимларини, идоравий мансуб ташкилотлар ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилишини келишади;

Қўмита, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари Қўмитага ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига бўйсунади ва ҳисобот беради.


16. Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Ижро этувчи аппарати Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига ҳисобот беради.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ижро этувчи аппаратининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилишни ижро этувчи директор амалга оширади. Ижро этувчи директор Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси номидан иш кўради, меҳнат тўғрисидаги қонунларга мувофиқ ходимларни лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, штат жадвалини, ижро этувчи аппаратни ва минтақавий филиалларни жорий таъминлашга харажатлар сметасини тасдиқлайди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади.

17. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш:

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгаши томонидан Қўмита раиси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;


18. Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишган ҳолда Қўмита томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.


19. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг биринчи ўринбосари ва икки ўринбосари (лавозим бўйича), шунингдек Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Қўмитанинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

ушбу Низомда белгиланган Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Қўмита номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

ижро интизомини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Қўмитанинг раҳбарлари ва мутахассисларининг шахсий масъулиятини ошириш.

Ҳайъат Қўмита ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ҳайъат мажлисларига Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади.

Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис мустақил равишда қарор қабул қилади, келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


20. Қўмитани тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 170-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 3-сон, 31-модда

































Время: 0.0074
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск