ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 27.12.2016 й. 27-сон "Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини ижро этишга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2016 й.

N 27



ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД

ҚАРОРЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШГА ОИД

ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИ

ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётида ҳукм, ажрим ва қарорларни ижро этишда масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонунларнинг бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонуний кучга кирган суд ҳукми, ажрими ва қарорларини ижро этиш жараёнида қатор ҳуқуқий масалалар келиб чиқиши мумкин бўлиб, улар Жиноят-процессуал кодекси (кейинги матнларда ЖПК деб юритилади) 58 ва 59-бобларига мувофиқ фақат суд мажлисида ҳал этилади.


2. ЖПК 528-моддасига мувофиқ, суд ҳукми апелляция шикояти (протести) бериш учун белгиланган муддат ўтгандан сўнг, апелляция шикояти (протести) берилган ҳолларда эса, иш юқори турувчи суд томонидан кўрилган куни қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берган шахс уни ЖПК 497-10-моддасига асосан чақириб олган ҳолларда, башарти бошқа шахслар томонидан берилган апелляция шикояти ёки прокурор протести бўлмаса, ҳукм ЖПК 528-моддасининг иккинчи қисми қоидасига кўра, апелляция иш юритуви тугатилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган куни қонуний кучга кирган ҳисобланади.

Мустақил равишда шикоят берилмайдиган суд ажримлари дарҳол қонуний кучга киради ва ижрога қаратилади (ЖПК 530-моддаси иккинчи қисми). Уларнинг қонунийлиги ва асослилигига юқори инстанция суди томонидан ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича баҳо берилади.


3. Ҳукм, ажрим ва қарорларни (бундан буён матнда-ҳукмни) ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича иш юритиш ЖПК 59-бобида назарда тутилган. Уларга қуйидаги масалалар киради:

ҳукм ижросини кечиктириш (ЖПК 533-моддаси) тўғрисида;

маҳкумни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш (ЖПК 534-моддаси) тўғрисида;

жазонинг шартлилигини бекор қилиш (ЖПК 535-моддаси) тўғрисида;

маҳкумни жазони ўташдан шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш (ЖПК 536-моддаси) тўғрисида;

маҳкумни жазони ўташдан амнистия актига асосан озод қилиш (ЖПК 536-1-моддаси) тўғрисида;

жазони ўташ вақтида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг сақлаш шароитларини ўзгартириш (ЖПК 537-моддаси) тўғрисида;

маҳкумни тергов ҳибсхонасига жойлаштириш (ЖПК 538-моддаси) тўғрисида;

жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш жазоларини бошқа жазо чоралари билан алмаштириш (ЖПК 539-моддаси) тўғрисида;

ҳукмларнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундирувларга оид қисмини ижро этишда юзага келган масалаларни ҳал этиш (ЖПК 539-1-моддаси) тўғрисида;

ҳукмларни бошқа ижро этилмаган ҳукмлар мавжуд бўлганда ижро этиш (ЖПК 540-моддаси) тўғрисида;

синов муддатини қисқартириш (ЖПК 543-моддаси) тўғрисида;

судланганлик ҳолатини олиб ташлаш (ЖПК 544-моддаси) тўғрисида;

ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ вақтини маҳкумнинг умумий иш стажига қўшиш (ЖПК 545-моддаси) тўғрисида;

хизмат бўйича чеклаш, интизомий қисмда сақлаш вақтини ҳарбий хизмат муддати ҳисобига киритиш (ЖПК 546-моддаси) тўғрисида.


4. Суд озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан ҳукм ижросини, фақат ЖПК 533-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлганда, кечиктириши мумкин. Кечиктириш учун асос бўлган ҳолатлар барҳам топгандан ёки суд томонидан белгиланган кечиктириш муддати тугагандан сўнг ҳукм уни чиқарган суд томонидан ижрога қаратилиши шарт, амнистия акти қўлланилган ёки қилмишнинг жиноийлигини истисно этадиган янги қонун қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно.


5. ЖПК 533-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, суд ҳукмнинг жарима солишга оид қисми ижросини олти ойгача кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашни белгилашга ҳақли.

Шуни назарда тутиш лозимки, қонуннинг мазкур нормасида ҳукмнинг жаримага ёки зиённи қоплашга оид қисми бўйича тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш (ижрони узайтириш) учун белгиланадиган муддат чегараланмаган. Бундай ҳолларда бўлиб-бўлиб тўлаш даври, шунингдек ойлик тўловлар суммаси, суд томонидан ишнинг муайян ҳолатларини ва маҳкумнинг моддий аҳволини эътиборга олиб ҳал қилинади.


6. Агар шахс жазони ўташ даврида сурункали руҳий ёки бошқа оғир касалликка чалинган бўлса ва бу ҳолат жазони ўташга тўсқинлик қилса, қонун уни жазодан озод қилишга йўл қўяди (ЖК 75, ЖПК 534-моддалари).

Мазкур масалани ҳал этишда судлар назарда тутишлари лозимки, руҳий ҳолати сурункали бузилган шахсни жазодан озод қилиш учун содир этилган жиноятнинг хусусияти ва оғирлиги, шахснинг хулқ-атвори, тайинланган ва ўталган жазо муддати ҳамда бошқа ҳолатлар аҳамият касб этмайди. Бошқа турдаги оғир касалликка чалинган шахсни жазодан озод қилиш учун суд маҳкумнинг касали Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 13 августдаги 12/9 сонли қўшма қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 2008 йил 9 сентябрда 1854-сон билан рўйхатга олинган "Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар рўйхати"га киритилганлигини инобатга олиши шарт.

7. Шартли ҳукм қилинганда тайинланган синов муддатини қисқартириш масаласи (ЖПК 543-моддаси) суд томонидан шартли ҳукм қилинган шахс хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномаси, шунингдек маҳкум ёки унинг ҳимоячиси ёхуд жамоат бирлашмаси ёки жамоатчилик илтимосномаси бўйича кўриб чиқилади (ЖПК 532, 40-моддалари).


8. ЖК 72-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, суд синов муддати давомида шартли ҳукм қилинган шахс хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномаси бўйича шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан:

муқаддам белгиланган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин, башарти маҳкум унга юклатилган мажбуриятларни виждонан бажараётганлиги, яшаш, ишлаш, ўқиш ёки хизмат жойида ижобий тавсифланаётганлиги, унинг хулқи устидан шикоят келиб тушмаганлиги, шунингдек, бошқа ҳолатлар (ҳомиладорлик ёки бола туғилиши, пенсия ёшига тўлиши, ногиронлик ва ҳ.к.) аниқланса;

янги мажбуриятлар юклаши мумкин, башарти маҳкум унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга унга нисбатан юклатилган мажбуриятларга риоя этаётганлиги тўғрисида хабар бермаганлиги, ушбу мажбуриятларни бажармаганлиги, ўша орган чақируви бўйича етиб келмаганлиги, шунингдек маҳкумга бошқа мажбуриятлар юклаш мақсадга мувофиқлигидан далолат берувчи бошқа ҳолатлар аниқланса.


9. Агар маҳкум синов муддати давомида суд томонидан унга юклатилган мажбуриятларни бажармаса ёки жамоат тартибини ёхуд меҳнат интизомини бузса, суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномаси бўйича жазонинг шартлилигини бекор қилиш ва ҳукмда белгиланган жазони ижро этиш тўғрисида (ЖК 72, ЖПК 535-моддалари) ажрим чиқариши мумкин.

Бунда суд томонидан юклатилган мажбуриятларнинг маҳкум томонидан бажарилмаслиги деганда, шартли ҳукм қилинган шахснинг белгиланган муддатда етказилган зиённи қоплашдан, ишга ёки ўқишга жойлашишдан бош тортиши, унинг хулқи устидан назоратни амалга оширувчи органга яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги тўғрисида хабар бермаслиги, мазкур органга вақти-вақти билан рўйхатдан ўтиш учун келмаслиги, суд томонидан тақиқланган жойларга бориши, белгиланган вақтда яшаш жойида бўлмаслиги, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касалликларига қарши даволаниш курсини ўташдан бош тортиши тушунилиши лозим.

Маҳкум томонидан жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузиш у томонидан синов муддати давомида, тегишлича, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ёки меҳнат қонунчилигида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда ифодаланиб, улар фақат шахсга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилгандагина, жазонинг шартлилиги бекор қилинишига олиб келади.

ЖК 72-моддаси олтинчи қисми мазмунига кўра, суд содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини, маҳкумнинг шахсига оид маълумотларни ва унинг синов муддати давридаги хулқ-атворини инобатга олиб, жазонинг шартлилигини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномани рад этиши мумкин.


10. Шартли ҳукм қилинган шахс томонидан синов муддати давомида янги жиноят содир этилганда, суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномаси бор-йўқлигидан қатъий назар, янги ҳукм чиқариш пайтида биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазонинг шартлилигини бекор қилади ва ЖК 60-моддаси қоидалари бўйича жазо тайинлайди.


11. Агар амнистия акти ҳукм қонуний кучга киргунга қадар эълон қилинган бўлса, уни қўллаш масаласи ҳукм чиқарган суд томонидан ҳукмни ижро этишда юзага келган ноаниқлик сифатида (ЖПК 541-моддаси биринчи қисми), маҳкум томонидан унга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисида илтимоснома берилганлиги ёки берилмаганлигидан қатъий назар, кўриб чиқилиши лозим.

Агар амнистия акти ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг, лекин у ижрога қаратилгунга қадар (ЖПК 528-моддасининг тўртинчи қисми) эълон қилинган бўлса, амнистия актини қўллаш масаласи амнистия актида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Амнистия акти ҳукм қонуний кучга кирган ва ижрога қаратилганидан кейин эълон қилинган ҳолларда, уни қўллаш тўғрисидаги масала ЖПК 536-1-моддасида белгиланган тартибда маҳкум жазо ўтаётган жойдаги суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.


12. Суд қарорларининг тўлиқ ва тушунарлилиги уларни самарали ижро этишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши туфайли, ҳар бир ҳукм ЖПК 457-моддасига кўра ҳукм чиқариш чоғида суд ҳал этиши шарт бўлган барча масалаларга жавобларни ўзида акс эттириши лозим. Айблов ёки оқлов ҳукмининг қарор қисмида ЖПК 468, 470 ва 471-моддаларида назарда тутилган масалалар шундай тарзда ҳал қилиниши ва баён этилиши лозимки, токи ҳукм ижроси пайтида ҳеч қандай қийинчилик юзага келмасин.


13. Тушунтирилсинки, суд зарурат туғилганда, ҳукм чиқариш пайтида йўл қўйилган ҳар қандай шубҳа ва ноаниқликларни ЖПК 542-моддаси тартибида ҳукм моҳиятини ўзгартирмаган ва маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда ҳал этишга ҳақли. Бундай масалаларга, жумладан қуйидагилар киради:

1) ҳукм чиқарилгунга қадар эълон қилиниб, жазодан озод қилишни ёки жазони қисқартиришни (камайтиришни) назарда тутувчи амнистия актини қўллаш тўғрисидаги, агар суд ҳукм чиқариш пайтида мазкур масала муҳокамасига киришмаган бўлса;

2) эҳтиёт чорасини бекор қилиш тўғрисидаги, агар судланувчи оқланган ёки у жазодан озод қилиниб, суднинг ҳукмида эҳтиёт чорасини бекор қилиш кўрсатилмаган бўлса;

3) суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ижросини таъминлаш учун (ЖПК 290-моддаси биринчи қисми) қўлланилган мол-мулкни хатлаш чорасини бекор қилиш тўғрисидаги, агар оқлов ҳукми чиқарилганда ёки даъво рад этилганда бу чоралар ҳукмда бекор қилинмаган бўлса;

4) ушлаб туриш, дастлабки қамоқ, уй қамоғи вақтини жазони ўташ муддатига қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги, агар суд ҳукмида бундай ҳисоблаш амалга оширилмаган ёки уни ҳисоблашда ноаниқликка йўл қўйилган бўлса;

5) бир неча ҳукм мажмуи бўйича жазо тайинлашда ўталган жазони қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги, агар бундай ҳисоб суд ҳукмида амалга оширилмаган ёки ноаниқ ҳисобланган бўлса;

6) ашёвий далиллар тақдири, шу жумладан, жиноят қуролларини мусодара қилиш тўғрисидаги, агар бу ҳукмда ёки амнистия актини қўллаш ҳақидаги суд ажримида ҳал этилмаган бўлса;

7) суд харажатлари миқдорини аниқлаш ва уларни тақсимлаш тўғрисидаги, агар бу масалалар суд ҳукмида ўз ечимини топмаган бўлса;

8) суд томонидан тайинланган адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги, агар бу масала ҳукм чиқариш билан бир вақтда ҳал этилмаган бўлса;

9) озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган шахснинг қаровсиз ва ёрдамчисиз қолган вояга етмаган болалари, кекса ота-оналари, бошқа қарамоғида бўлган шахслар тақдири (уларни қариндошлари ёки бошқа шахслар ёхуд муассасалар ҳомийлиги ёки васийлигига бериш) тўғрисидаги, агар суд бу масалаларни ҳукм чиқариш пайтида ҳал этмаган бўлса;

10) мол-мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги, агар қонунга кўра, ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк хатланган бўлса;

11) озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахснинг қаровсиз қолган мол-мулкини қўриқлаш чораларини қўллаш тўғрисидаги;

12) озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахс учун жазони ўташ колонияси турини белгилаш тўғрисидаги, агар ҳукмда жазони ўташ колонияси тури белгиланмаган бўлса;

13) лавозим ёки фаолият турини аниқлаш тўғрисидаги, агар ҳукмда муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинлашда лавозим ёки фаолият тури белгиланмаган бўлса;

14) алкоголизмга, гиёҳвандликка, заҳарвандликка йўлиққан ёхуд ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш (ЖК 96-моддаси) тўғрисидаги, агар суд асослар мавжуд бўла туриб, ҳукм чиқариш пайтида ушбу масалани ҳал этмаган бўлса;

15) маҳкумнинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки шахсига доир бошқа маълумотларни ёзишда ҳукмда йўл қўйилган хатоларни, шунингдек, арифметик ва/ёки имло хатоларни бартараф этиш тўғрисидаги, агар бу аниқ кўриниб турган бўлиб, уларнинг тузатилиши шубҳа туғдирмаса;

16) жиноят қуроли деб топилган мол-мулк ва буюмларни қайтариш тўғрисидаги, агар бу масала оқлов ҳукми чиқарилган ёки жиноят иши реабилитация асослари бўйича тугатилган пайтда ҳал этилмаган бўлса;

17) гаров предмети тақдири тўғрисидаги, агар суд ҳукм чиқариш пайтида мазкур масалани ҳал қилмаган бўлса;

18) депозитга қўйилган пул маблағлари тақдири тўғрисидаги, агар суд ҳукм чиқариш пайтида мазкур масалани ҳал қилмаган бўлса;

19) жиноят қуроли ёки жиноят йўли билан орттирилган деб топилган мол-мулк ва буюмлар рўйхатига аниқлик киритиш тўғрисидаги, агар ҳукмда уларнинг фақат бир қисми мусодара этилиши кўрсатилган бўлса;

20) жарима ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсдан ушлаб қолинган суммаларни қайтариб бериш тўғрисидаги, агар ҳукм юқори турувчи суд томонидан кейинчалик, жарима қисман ёки тўлиқ тўлангандан ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари қисман ёки тўлиқ ўталгандан кейин, бекор қилинган ва иш ЖПК 83-моддаси ёки 84-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 4 - 8-бандларига мувофиқ тугатилган бўлса;

21) шартли ҳукм қилинган шахсга юклатилган мажбуриятларга аниқлик киритиш тўғрисидаги, агар улар ҳукмда ноаниқ баён этилган бўлса;

22) озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга аниқлик киритиш тўғрисидаги, агар улар ҳукмда ноаниқ баён этилган бўлса.


14. Суд томонидан ЖПК 542-моддаси тартибида қуйидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади:

1) озодликдан маҳрум қилинган ёки озодлиги чекланган ва қидирув эълон қилинган маҳкумга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш ёки бекор қилиш тўғрисидаги;

2) озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан белгиланган тақиқ (чеклов)ларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисидаги;

3) маҳкумни меҳнат қобилиятини йўқотганлиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш тўғрисидаги;

4) жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан маҳкумни асосий ва қўшимча жазодан озод қилиш тўғрисидаги;

5) тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги (ЖК 95-моддаси).


15. Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалалар қуйидаги судлар томонидан ҳал этилади:

ЖПК 541-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган масалалар - ҳукм чиқарган суд томонидан, яъни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси (оқлов ҳукми чиқарилганда) суди томонидан;

ЖПК 541-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган масалалар - маҳкум жазони ўтаётган жойдаги (илтимоснома ёки тақдимнома судга келиб тушганидан сўнг маҳкум бошқа жазони ижро этиш колониясига ўтказилганда, у амалда жазони ўтаётган жойдаги) туман (шаҳар) суди томонидан;

ЖПК 541-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган масалалар - маҳкумнинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) суди томонидан.

Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ, ЖПК 541-моддасида назарда тутилган масалалар, иш апелляция, кассация инстанциясида кўрилганлигидан қатъий назар, юқорида кўрсатилган судлар томонидан ҳал этилади.

Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда судловга тегишлилик қоидаси бузилиши жиноят-процессуал қонунини бузиш ҳисобланади.


16. Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалалар бўйича илтимоснома ёки тақдимнома судга келиб тушганида, суд қуйидагиларни текширади:

у мазкур судда кўрилиши лозим ёки йўқлигини;

у тегишли шахс ёки ваколатли орган томонидан берилган-берилмаганлигини;

унга масалани мазмунан ҳал этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва тегишли суд қарорлари нусхалари илова этилган-этилмаганлигини.

Агар келиб тушган материалларда илтимоснома ёки тақдимномани кўриб чиқиш учун етарли маълумотлар мавжуд бўлмаса ва уларни суд мажлисида тўлдиришнинг иложи бўлмаса, уларни кўришга тайёрлаш чоғида судья ўз ажрими билан бу материалларни тегишли равишда расмийлаштириш учун қайтаради. Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи маъмурияти тақдим этиши шарт бўлган ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолда суд маҳкум, унинг қонуний вакили ёки ҳимоячисининг илтимосномасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Суд маҳкум, унинг қонуний вакили ёки ҳимоячиси, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаси ёки органи маъмуриятига зарур маълумотларни тўплашда кўмаклашиши лозим.

Материалларни кўришга тайёрлаш чоғида судья суд мажлиси жойи, санаси ва вақтига, суд мажлиси иштирокчиларини хабардор қилишга доир масалаларни ҳал этади.

ЖПК 542-моддасига мувофиқ ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларига оид материалларни кўришда прокурор иштироки мажбурий ҳисобланади.


17. ЖПК 59-бобида суд томонидан ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ материалларни кўриб чиқиш муддатларини тартибга солувчи норма мавжуд эмаслиги туфайли, судлар ЖПК 585-моддаси биринчи қисми ва 590-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар аналогияси бўйича, материаллар судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай, уларни ҳал этишни таъминлашлари лозим.


18. ЖПК 22-моддаси учинчи қисми қоидаларидан келиб чиқиб, ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган суд ажримлари қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. ЖПК 59-бобида белгиланган тартибда суд, жумладан, жазони алмаштириш, енгиллаштириш, жазони ўташдан озод қилиш масалаларини ҳам ҳал этишини инобатга олган ҳолда суд ажрими, шунингдек жиноят-ҳуқуқий одиллик принципига ҳам жавоб бериши шарт.

Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган суд ажрими апелляция шикояти (протести) бериш учун белгиланган муддат ўтиши билан қонуний кучга киради ((ЖПК 497-11-моддаси).

19. Ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётган суд ушбу масалаларга оид материалларни кўриш чоғида жазони ижро этиш муассасаси ёки органи маъмурияти томонидан қонун талаблари бузилиши ҳолатларини аниқласа, хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.


20. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вақти-вақти билан ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ материалларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиётини умумлаштиришлари ва йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

Олий суд раиси

Ш. Газиев

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Д. Камилов




































Время: 0.1288
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск