ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.04.2017 й. ПҚ-2863-сон "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.04.2017 й.

N ПҚ-2863



СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ

СЕКТОРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган ва санитария норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган бино ва хоналар билан таъминлаш;

қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали хусусий тиббиёт муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ва ҳажмини тубдан ошириш, етакчи хорижий клиника ҳамда тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этган ҳолда хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш;

аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантириш;

илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, хусусий тиббиёт соҳаси учун тиббий таълимнинг замонавий усул ва технологияларидан фойдаланиш асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифатли ва самарали тизимини шакллантириш, хусусий тиббиёт муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмасининг хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган тиббий фаолият турларини, жумладан тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, урология ва тиббий фаолиятининг бошқа, аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган турларидан ташқари, турларини тубдан кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, бунда тиббиёт фаолиятнинг барча тиббиёт турлари қамраб олинсин.


3. Тиббий фаолиятнинг аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим турлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий вазифа ва йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки, хусусий тиббиёт муассасаларида ташхис қўйиш ва даволаш, айниқса, жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ ҳолларда янги юқори технологияли усулларни жорий этиш фақат тегишли тиббиёт ускуналари, юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлганда ва санитария норма ҳамда қоидаларига қатъий риоя этилгандагина рухсат этилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимлари йиллик ўртача чекланган сонининг 100 кишигача бўлиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


6. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига "ноль" қиймати бўйича белгиланган тартибда сотишни таъминласин, бунда янги мулкдорлар инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олишига эътибор қаратилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига "Ўзмед-лизинг" ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, жумладан, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифлар киритсин.


8. Қуйидагилар:

а) 2022 йил 1 январгача аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида, бўшайдиган маблағларни хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга мақсадли йўналтирган ҳолда, барча турдаги солиқлар тўлашдан;

б) 2025 йил 1 январгача белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари божхона божидан озод этилсин.

Ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббий хизматлар (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланган юридик шахслар хусусий тиббиёт муассасаларига киради. Бунда тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланганда, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар бошқа даромадларга ҳам жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янгидан ташкил этиладиган (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга тиббий хизматлар қисмида ягона солиқ тўловидан озод этилсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилади;

хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этилади;

хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.


11. Тижорат банкларига:

хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар;

аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига келиш ва яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам кўрсатсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар киритсин;

идоравий меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштиришни таъминласин.


14. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусхўжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 1 апрелдаги

ПҚ-2863-сон қарорига

1-ИЛОВА



Хусусий тиббиёт ташкилотлари учун тақиқланган,

аҳолининг ҳаёти, соғлиги ва санитария-эпидемиологик

хотиржамлиги учун юқори даражадаги хавф-хатар билан

боғлиқ тиббий фаолиятнинг айрим турлари

РЎЙХАТИ


1. Шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли, алоҳида хавфли ва карантин касалликлари диагностикаси ва уларни даволаш.


2. Токсикологик, айрим руҳий касалликларни, қутуриш, туберкулёз, лепра (мохов) касалликларини даволаш.

3. Инфекция ўчоқларида барча турдаги дезинфекция чора-тадбирларини ўтказиш.


4. Ҳомиладорликни тўхтатиш (аборт).

6. Органларни кўчириб ўтказиш ҳамда уларни тайёрлаш.


7. Қон донорлигини ташкил этиш, қон, унинг компонентлари ва препаратларини тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш.


8. I-II гуруҳ инфекцияларининг бактериологик ва вирусологик тадқиқотларини ўтказиш.


9. Тиббий экспертизани ўтказиш, фақат давлат муассасалари томонидан, шу жумладан тиббий-меҳнат, ҳарбий-тиббий, суд-тиббий, суд-психиатрия, санитария-гигиена экспертизаларини амалга ошириш назарда тутилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 1 апрелдаги

ПҚ-2863-сон қарорига

2-ИЛОВА



Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни

янада рағбатлантириш чора-тадбирлари

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номланиши


Муддатлари


Бажарувчилар


Амалга ошириш механизми


I. ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИ УЧУН ҚУЛАЙ

ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИШ, УЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

ВА ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ХУСУСИЙ СОҒЛИҚНИ

САҚЛАШ СЕКТОРИДА КЎРСАТИЛАДИГАН ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР ҲАЖМИ

ВА ТУРЛАРИ КЎПАЙТИРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

1.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида янги таҳрирдаги Низомни тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш, унда, жумладан қуйидагилар назарда тутилади:

фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда нодавлат тиббиёт ташкилотларига нисбатан янги лицензия талаблари, стандартлари ва санитария нормаларини ишлаб чиқиш;

лицензия берувчи орган томонидан лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш муддатини лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлари билан аризаси қабул қилинган кундан бошлаб 30 кундан 20 кунгача қисқартириш;

лицензия бериш учун давлат божи миқдорини энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдоридан 5 баробари миқдоригача камайтириш.


2017 йил

апрель


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, ДСҚ, Давлат рақобат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарорини қабул қилиш.


2.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам тури, ҳажми ва намуналарини ҳисобга олган ҳолда хусусий тиббиёт ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, ускуналар ва бошқа техник воситаларга, шу жумладан тиббиёт асбоб-ускуналарига нисбатан минимал талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2017 йил

апрель


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги


Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғини тасдиқлаш.


3.

Хусусий тиббиёт ташкилотлари фаолиятига аралашишни қатъиян тақиқлаган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Саломатлик ва тиббий статистика институтига ўзлари кўрсатаётган хизмат турлари ва ҳажмлари, касалликлар динамикаси ва нозоологияси тўғрисида хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан ҳисоботларни тақдим этиш механизми жорий этилишини назарда тутувчи тиббий статистика ҳисоботи тизимини такомиллаштириш.


2017 йил

III чорак


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғини тасдиқлаш.


II. ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ, УЛАРНИ ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ УСКУНАЛАРИ,

МАХСУС АНЖОМЛАР ВА АСБОБЛАР БИЛАН ЖИҲОЗЛАШ, ТИББИЙ ИХТИСОСЛАШУВ

ТУРЛАРИГА МОС КЕЛАДИГАН ҲАМДА САНИТАРИЯ НОРМАЛАРИ ВА ҚОИДАЛАРИ

ТАЛАБЛАРИГА ЖАВОБ БЕРАДИГАН БИНО ВА ХОНАЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

4.

Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги Низомга ва харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини "ноль" харид қийматида сотиш Тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш (Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган), бунда давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олиш танловида иштирок этиш учун закалат миқдорини бошланғич нархнинг 15 фоизидан 10 фоизигача камайтириш назарда тутилади.


2017 йил

май


Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги Низомга ва харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини "ноль" харид қийматида сотиш Тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш.


5.

Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш (Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори билан тасдиқланган), бунда кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хусусий тиббиёт ташкилотлари учун давлат мулкини ижарага олишнинг максимал муддати 10 йилгача оширилиши кўзда тутилади.


2017 йил

апрель


Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги


Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш.


6.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини доимий фойдаланишга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш (Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган), бунда қуйидагилар назарда тутилади:

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги танлов фақат битта талабгордан танлов таклифи келиб тушганлиги сабабли танлов бўлиб ўтмади деб эълон қилинган, танлов такроран эълон қилинганида эса танлов таклифи яна фақат битта қатнашчидан тушган тақдирда бундай танлов бўлиб ўтди деб ҳисоблансин;

қишлоқ ва олис ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларига танлов якунлари бўйича ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритганлик учун ҳақ тўлаш муддатини 1 йилгача чўзишга рухсат бериш, танлов закалати ҳамда бошқа назарда тутилган аванс тўловлари бундан мустасно.


2017 йил

май


"Давархитектқурилиш" қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, ДСҚ, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини доимий фойдаланишга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида таклифлар киритиш.


7.

Шундай меъёр киритиладики, унга мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг минимал ставкасини ҳар йили белгилаш чоғида соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан давлат мулки учун ижара ҳақининг минимал ставкаси 20 фоизга камайтирилади.


ҳар йили

Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг минимал ставкаси камайтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ҳар йили қабул қиладиган қарорлари.


8.

Хусусий тиббиёт ташкилотларининг кейинчалик муҳандислик-коммунал инфратузилма объектларидан эркин фойдаланишларини ҳисобга олган ҳолда улар фаолиятини ташкил этиш учун бинолар ва хоналар ажратиб берилишини таъминлаш.

доимий

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Хусусий тиббиёт ташкилотларининг кейинчалик муҳандислик-коммунал инфратузилма объектларидан эркин фойдаланишларини ҳисобга олган ҳолда улар фаолиятини ташкил этиш учун бинолар ва хоналар ажратиб бериш тўғрисида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қарорларини қабул қилиш.

9.

Тиббиёт ташкилотларининг талаб-эҳтиёжларини ўрганиш ва таҳлил этишни ҳисобга олган ҳолда, олиб кирилаётгандан божхона тўловларидан озод қилинадиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) янги тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва тиббиёт ускуналарига сарфланадиган материаллар рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш Вазирлар Маҳкамасининг2013 йил 31 декабрдаги 356-сон қарори билан тасдиқланган.


2017 йил

август


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДБҚ, ДСҚ, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги


Тиббиёт ташкилотларининг олиб кирилаётганда божхона тўловларидан озод қилинадиган янги тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва тиббиёт ускуналарига сарфланадиган материаллар рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш.


10.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш ҳамда рўйхат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш (Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 декабрдаги 352-сон қарори билан тасдиқланган), бунда қуйидагилар назарда тутилади:

тадбиркорлик субъектлари учун рўйхат гувоҳномасини 180 иш кунидан:

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун боғлаш материаллари, тиббий буюмлар, беморларни парвариш қилиш буюмлари учун - 120 иш кунигача;

қадоқланган ва ўралган шифобахш ўсимлик хомашёси ҳолидаги фармакопея дори воситалари, "in bulk" асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланадиган дори воситалари, илгари рўйхатга олинган дори воситалари учун - 60 иш кунигача қисқартириш орқали уларнинг сарф-харажатларини камайтириш.


2017 йил

июнь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги


Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш ҳамда рўйхат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш.


III. МОСЛАШУВЧАН КРЕДИТ ВА ЛИЗИНГ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ФАОЛ

ТАТБИҚ ЭТГАН ҲОЛДА ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАЖМЛАРИ ВА МИҚЁСЛАРИНИ ОШИРИШ, ХУСУСИЙ

ТИББИЁТ СОҲАСИГА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ЖАЛБ ЭТИЛИШИНИ

КЕНГАЙТИРИШ, ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР ЭКСПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

11.

Ихтисослаштирилган "Узмед-лизинг" лизинг компаниясининг устав капиталини, шу жумладан лизинг компанияси муассисларининг маблағларини, шунингдек, хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига 5 - 10 млн АҚШ долларигача кўпайтириш орқали замонавий юқори технологияли тиббиёт ускуналари харид қилиш ва тиббиёт ташкилотларига лизинг асосида топшириш ҳажмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2017 йил

апрель

Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, ТИФ Миллий банки, "Асака" банки, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ипотека-банк


Тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш.


12.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида тиббиёт клиникалари ва марказлари қурилишида ишга туширилган объектлар, даволаш бинолари ва иншоатлари муҳандислик коммуникацияларига кафолатланган тарзда уланиши "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация ва коммунал хизматларни етказиб берувчилар томонидан таъминланиши ҳақида қонунчилик нормаси жорий этилиши тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2017 йил

июнь


"Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш.


13.

Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши ва бўлиши тўғрисидаги қоидаларга қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш (Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган) кўзда тутиладиган вақтинча рўйхатга қўйиш ва мамлакатда бўлиш муддатини узайтиришга рухсатнома тартибини, шунингдек, республиканинг тиббиёт муассасаларига ташхис қўйиш ва даволанишга келган хорижий фуқаролар учун тегишли тиббий ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш.


2017 йил

июнь


ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги


Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши ва бўлиши тўғрисидаги қоидаларга қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида таклифлар киритиш.


14.

Ўзбекистонда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Германия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи тиббиёт марказлари ва клиникалари билан биргаликда йирик даволаш-диагностика муассасаларини барпо этиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш


2017 йил

август


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


Тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш.


IV. ТИББИЙ СУҒУРТА ТИЗИМИНИ ФАОЛ ЖОРИЙ ЭТГАН ҲОЛДА СИФАТЛИ

ВА АРЗОН ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР БОЗОРИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ,

ХУСУСИЙ ТИББИЁТ СОҲАСИДА КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ СИФАТЛИ,

САМАРАЛИ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

15.

"Тиббий суғурта тўғрисида"ги қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш, унда қуйидагилар назарда тутилади:

тиббий суғурта соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, ҳар бир фуқаронинг тиббий суғурта тизимига ялпи ва мажбурий қамраб олиниши, ҳар бир фуқаронинг тиббий ва профилактика хизматларига бўлган тенг ҳуқуқлари, суғурта полисига мувофиқ ҳақи тўланган юқори сифатли тиббий хизматнинг кафолатланган тарзда кўрсатилиши;

ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғуртанинг ҳуқуқий асослари, тиббий ва профилактика хизматларининг тарифларини тартибга солиш, суғурта мажбуриятлари, суғурта бадаллари ва суғурта тўловлари миқдорларини тартибга солиш механизмлари, шунингдек, тиббий суғурта маблағларини бошқариш, шу жумладан мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш;

мажбурий тиббий суғурта жамғармасини шакллантириш манбаларини белгилаш, шунингдек, мажбурий ва ихтиёрий тиббий суғурта тизимида иштирок этишда фуқаролар учун рағбатлантирувчи имтиёз ва преференциялар ишлаб чиқиш.


2017 йил

октябрь


Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги,Давлат рақобат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон суғурта бозори профессионал қатнашчилари ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


"Тиббий суғурта тўғрисида"ги қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


16.

Қарорга мувофиқ бериладиган солиқ имтиёзлари натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳожатманд тоифаларига хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш.


2017 йил

апрель


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


Низомни барча хусусий тиббиёт ташкилотларига етказган ҳолда уни белгиланган тартибда тасдиқлаш.


17.

Хусусий тиббиёт ташкилотлари тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутган ҳолда илғор халқаро тажрибага мувофиқ ўқув жараёнига янги таълим, тиббиёт ва ахборот технологиялари ҳамда усулларини кенг кўламда жорий этиш асосида тиббиёт ходимларининг профессионал даражасини узлуксиз ва тизимли равишда ошириб боришни таъминлаш.


2017 йил

июль


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази,Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциацияси


Чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


18.

Республиканинг тиббиёт ташкилотларини жиҳозлаш учун хорижда ишлаб чиқарилган янги тиббиёт ускуналари ва бутловчи буюмларни етказиб бериш тўғрисида ҳукуматлараро ва халқаро грант ҳамда кредит битимларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш давомида маҳаллий мутахассисларни янги ускуналарда ишлашга ўргатишни ташкил этишда грант жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва техник ёрдам кўрсатиш назарда тутилсин.


доимий

Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлиги, ТИВ


Ҳукуматлараро ва халқаро грант ҳамда кредит битимларининг лойиҳаларига тегишли шартларни киритиш.


      

      

"Халқ сўзи", 2017 йил 4 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 апрель, 14-сон, 217-модда




































Время: 0.1498
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск