ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Байрамлар. Хотира кунлари. Юбилейлар / Байрамларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.04.2017 й. ПҚ-2865-сон "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.2017 й.

N ПҚ-2865



ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира - кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи - муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр - инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш - одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами - Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:


1. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.


2. Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ишчи гуруҳ (А.Арипов):

Дастурда назарда тутилган тадбирларни “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш - муқаддас қадрият” шиорлари остида юқори савияда ўтказишни ташкил этсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сифатли ўтказилишини таъминласин ва жойларга чиқиб, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатсин;

1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилсин ҳамда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этсин;

ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;

Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш давомида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кўрсатган матонати, мардлик ва жасорати аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилсин;

1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир марталик пул мукофотини тантанали равишда топширсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси билан ҳамкорликда:

вилоят, шаҳар ва туманларда Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;

Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йиллари қўшиқ ва мусиқалари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этсин;

кўча ва майдонларни Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган плакат ва стендлар билан безашни таъминласин.


5. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудида истиқомат қилувчи 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларини Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида 2017 йил 9 май соат 21.00 да байрам салютини ташкил қилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминласин.


8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.


9. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 5 апрель





































Время: 0.0123
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск