Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Умумий масалалар /

Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисида Низом (АВ томонидан 31.03.2017 й. 2872-сон билан рўйхатга олинган 24.02.2017 й. Халқ таълими вазирлигининг 2-мҳ-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 80-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 31 мартда 2872-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2017 йил 24 февралдаги

2-мҳ, 80-сон қарорига

ИЛОВА



Болалар соғломлаштириш

оромгоҳлари тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги ҳамда "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги 67-сон "Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг (бундан буён матнда оромгоҳ деб юритилади) мақсади, вазифалари ва функцияларини ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Оромгоҳ санитария-гигиена, санитария-эпидемиология ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва қулай шароитда болаларнинг белгиланган кундалик ҳаёт тарзига риоя этиши, сифатли овқатланиши, ижодий салоҳиятининг ривожланиши, соғлом турмуш тарзи кўникмаларининг шаклланиши, дам олдирилиши, саломатликларининг тикланиши ва мустаҳкамланиши, жисмоний тарбия, спорт ва туризм билан шуғулланишларини таъминловчи соғломлаштириш муассасаси ҳисобланади.


2. Ушбу Низом талаблари давлат органлари, улар тизимидаги ташкилотлар ва касаба уюшмалари тасарруфида бўлган оромгоҳлар фаолиятига, шунингдек касаба уюшмалари маблағлари йўналтириладиган бошқа оромгоҳлар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.


3. Оромгоҳ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ўз уставига амал қилади.



2-БОБ. ОРОМГОҲНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Оромгоҳнинг мақсади - болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, улар онгига миллий ғояни, ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдан иборатдир.


5. Қуйидагилар оромгоҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш;

болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш;

болаларни ўзбек халқининг тарихий ва миллий анъаналари ҳамда маънавий қадриятлари билан таништириш;

болаларда "оммавий маданият"нинг турли иллатларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, улар онгига умуминсоний ва миллий қадриятларни сингдириш;

болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш.

Оромгоҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6. Оромгоҳ ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

болаларнинг ҳар томонлама камол топиши, хусусан, уларнинг шахси, қизиқишлари, иқтидорининг ривожланиши, мустақил билим олиши ва ижодий меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

болаларнинг эҳтиёжларига мувофиқ уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар ташкил этади;

қўшимча таълим хизматлари кўрсатади;

болалар билан санъат ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказади;

қобилиятли, иқтидорли болаларни аниқлайди, уларнинг шахсини ривожлантиришга қаратилган мусобақалар, техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик, экология ва бошқа йўналишлардаги тадбирларни ташкил этади.

Оромгоҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Умумий қоидалар


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги 67-сон қарори билан тасдиқланган Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепциясига мувофиқ оромгоҳлар 2 турга ажратилади:

1) стационар оромгоҳлар - стационар база асосида қурилган ёки вақтинчалик ижарага олинган объектларда ташкил этилиб, унда болалар смена давомида яшайди;

2) кундузги оромгоҳлар - умумтаълим мактаблари, академик лицей ва профессионал таълим муассасалари, спорт, ижтимоий хизмат кўрсатиш, санаторий-курорт муассасалари ва бошқа ташкилотлар қошида вақтинчалик ташкил этилиб, унда болалар фақатгина кундуз куни дам олдирилади ва соғломлаштирилади.

8. Оромгоҳ давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар (бундан буён матнда Балансда сақловчи деб юритилади) томонидан ташкил этилади.

Оромгоҳ бир нечта Балансда сақловчи ва касаба уюшмаларининг биргаликдаги маблағлари асосида ташкил этилиши мумкин.


9. Оромгоҳ фаолиятига Балансда сақловчи томонидан, Балансда сақловчилар бир нечта бўлганда келишув асосида улардан бири томонидан тайинланадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


10. Оромгоҳда болаларни соғломлаштириш муддатлари Балансда сақловчи(лар) томонидан белгиланади. Бунда соғломлаштириш муддатлари ёзги мавсумда 10 кундан, кузги, қишки ва баҳорги мавсумда 7 кундан кам бўлмаслиги лозим.


11. Оромгоҳда болаларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда гуруҳлар тузилади. Гуруҳлардаги болалар сони 7 - 9 ёшдаги болалар учун 30 нафардан, 10 - 18 ёшдаги болалар учун 40 нафардан ошмаслиги керак.


12. Оромгоҳларда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги 67-сон қарори билан тасдиқланган Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепциясида назарда тутилган хизматлар кўрсатилади.


13. Оромгоҳларда дам олувчилар учун овқатланиш ва бошқа маиший шароитларни ташкил этишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши зарур.



2-§. Стационар оромгоҳнинг фаолиятини ташкил этиш


14. Стационар оромгоҳ юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, банк ҳисобварағига, ўз номи ёзилган муҳрга, юридик манзили кўрсатилган штамп ва бланкаларга эга бўлади.


15. Болалар стационар оромгоҳларга Балансда сақловчи томонидан бериладиган йўлланма асосида юборилади. Йўлланмалар болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) ишлаётган ташкилотлар, ота-оналар, ҳомийлар, касаба уюшмаларининг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан харид қилинади.


16. Стационар оромгоҳда болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси тузилади.

Болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссиясининг таркиби стационар оромгоҳ раҳбарининг буйруғига мувофиқ беш кишидан иборат таркибда тасдиқланади ҳамда комиссия раиси (оромгоҳ раҳбари) ва аъзоларидан (тарбиячи, етакчи, бош шифокор ва ҳамшира) ташкил топади.


17. Болалар стационар оромгоҳга қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинади:

Балансда сақловчи томонидан бериладиган йўлланма;

даволаш-профилактика муассасаси томонидан боланинг соғлиғи ҳақида берилган тиббий маълумотнома (079/х-шакл).


18. Стационар оромгоҳга болалар мазкур оромгоҳ тиббиёт ходимлари кўригидан ўтказилган ҳолда қабул қилинади. Тиббий кўрик жараёнида болада бирор касаллик аломати аниқланса, бола оромгоҳга қабул қилинмайди ва унинг даволаниши учун 3 кун муддат берилади.

Бола 3 кун ичида даволаниб келган тақдирда, стационар оромгоҳга қабул қилинади ва жорий сменанинг якунига қадар оромгоҳда дам олдирилади. Даволаниш муддати уч кундан ортиқ давом этган тақдирда, ота-онасининг 10 кун ичида берилган ёзма мурожаатига асосан болага берилган йўлланма Балансда сақловчи томонидан қайтариб олинади ва йўлланма учун тўланган маблағнинг 85 фоизи тўловчига қайтарилади.


19. Бир сменада дам олдирилган ва соғломлаштирилган болалар стационар оромгоҳга мазкур Низомда белгиланган тартибда кейинги сменаларда ҳам қабул қилиниши мумкин.


20. Стационар оромгоҳ ходимларининг штатлар жадвали Балансда сақловчи томонидан тасдиқланади.


21. Стационар оромгоҳ ходимлари меҳнат шартномаси асосида оромгоҳ бошлиғининг буйруғи билан ишга қабул қилинади ва лавозимидан озод этилади.


22. Тиббиёт ходимлари стационар оромгоҳга тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари билан келишган ҳолда ишга қабул қилинади. Тиббиёт ходимлари ва оромгоҳ раҳбарияти болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, улар билан мавсум давомида даволаш-профилактика ишлари олиб борилиши, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши учун масъул ҳисобланади.

Дам олдирилаётган ва соғломлаштирилаётган болалар ҳамда оромгоҳ ходимларига биринчи тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.


23. Стационар турдаги оромгоҳ ходимлари учун дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми давомида яшаш ва овқатланиш бепул амалга оширилади ва бунинг учун сарфланадиган харажатлар Балансда сақловчи ҳисобидан қопланади.


24. Стационар оромгоҳ соғломлаштириш мавсумидан ташқари вақтларда шартнома асосида турли ташкилотлар билан семинарлар, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказиши, шунингдек ўз базасида дам олиш масканларини ташкил этиши мумкин.



3-§. Кундузги оромгоҳнинг фаолиятини ташкил этиш


25. Кундузги оромгоҳнинг кундалик фаолияти Балансда сақловчининг қарорига кўра ҳудудий шароитдан келиб чиқиб қуйидагича ташкил этилади:

соат 08.30 дан 14.00 гача;

соат 08.30 дан 17.00 гача.


26. Ҳар бир кундузги оромгоҳда болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси тузилади.

Болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссиясининг таркиби оромгоҳ фаолияти ташкил этилаётган муассаса раҳбарининг буйруғига мувофиқ беш кишидан иборат таркибда тасдиқланади ҳамда комиссия раиси (оромгоҳ раҳбари) ва аъзоларидан (уч нафар педагог ва тиббиёт ходими) ташкил топади.


27. Ота-оналар фарзандини оромгоҳда дам олдириш учун оромгоҳ фаолияти ташкил этилишидан 15 кун олдин болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ота-оналар томонидан оромгоҳ раҳбари номига ёзилган ариза;

даволаш-профилактика муассасаси томонидан боланинг соғлиғи ҳақида берилган тиббий маълумотнома (079/х-шакл).

28. Кундузги оромгоҳ раҳбари томонидан дам олиш мавсуми бошлангунига қадар оромгоҳда смена бўйича дам олдириладиган ва соғломлаштириладиган болалар рўйхати тасдиқланади.


29. Бир сменада дам олдирилган ва соғломлаштирилган болалар кундузги оромгоҳга мазкур Низомда белгиланган тартибда кейинги сменаларда ҳам қабул қилиниши мумкин.



4-БОБ. ОРОМГОҲ ФАОЛИЯТИНИ ИХТИСОСЛАШТИРИШ


1-§. Умумий қоидалар


30. Оромгоҳлар болаларнинг ёшини эътиборга олган ҳолда тарбиявий ишларнинг мазмуни бўйича турли ихтисослашган йўналишларда ташкил этилиши мумкин.


31. Стационар оромгоҳ қуйидаги ихтисослашган йўналишларда ташкил этилиши мумкин:

интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари;

санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари;

ҳарбий-спорт оромгоҳлари;

экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳлари;

ихтисослашган болалар оромгоҳлари.


32. Кундузги оромгоҳ қуйидаги ихтисослашган йўналишларда ташкил этилиши мумкин:

меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари;

экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳлари.


33. Стационар ва кундузги оромгоҳларнинг фаолияти болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилотчиларнинг таклиф ва ташаббуслари билан бошқа йўналишларда ҳам ташкил этилиши мумкин.



2-§. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари


34. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фан олимпиадалари, таълим соҳасининг турли даражадаги мусобақалари ғолиблари бўлган 10 - 14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун ташкил этилган бўлиб, унда бир ёки бир нечта фанлар ёхуд тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилишига эътибор берилади.


35. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари интеллектуал ўқув машғулотлари ва маданий-маърифий тадбирлар дастурлари асосида фаолият кўрсатади.


36. Интеллектуал ўқув машғулотлари дастури фан йўналишлари бўйича дарс ва тўгарак машғулотлари, маҳорат дарслари, фан кечалари, турли мусобақа, викторина ва бошқа танловлар шаклида амалга оширилади.

Маданий-маърифий тадбирлар дастури спорт мусобақалари, ижодий учрашувлар, адабий-бадиий кечалар ва концерт дастурлари, иншо ва расмлар танловлари, шунингдек оромгоҳлар учун тавсия этилган фильмлар намойиши шаклида ташкил этилади.


37. Интеллектуал ўқув машғулотлари ва маданий-маърифий тадбирлар дастурларини амалга оширишда олимлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, адабиёт ва санъат арбоблари улар билан келишилган ҳолда таклиф этилади.



3-§. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари


38. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари 8-18 ёшдаги болалар ва ўсмирлар учун спорт йўналишидаги таълим муассасалари тарбияланувчиларининг ўқув-машқ машғулотларини давом эттиришлари, уларнинг спорт маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган бўлиб, унда болаларнинг ёши ва спорт турининг ўзига хос хусусиятлари асосида ҳар хил гуруҳлар тузилиши мумкин.


39. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳларидаги ўқув-машқ машғулотлари болалар спорт мактабларида ўтказиладиган ўқув жараёнининг давоми бўлиб, мазкур муассасалар учун мўлжалланган дастурлар асосида мураббийлар томонидан олиб борилади.


40. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳига тарбиячи ва етакчилар сифатида болалар учун спорт йўналишидаги таълим муассасаларининг мураббийлари келишув бўйича жалб этилади.



4-§. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари


41. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари юрак қон-томир тизимининг касалланиши, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш органлари, таянч-ҳаракат аппаратининг ўзига хос бўлмаган хусусиятлари билан бетоб бўлиб турадиган 7 - 14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун ташкил этилади.


42. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари стационар база асосида қурилган соғломлаштириш оромгоҳлари, санатория туридаги мактаб-интернатлар, санаторий-профилакторийлар базасида, шунингдек ўрмон, дарё ва бошқа сув ҳавзалари ёнида жойлашган ҳамда етарли даражада кўкаламзорлаштирилган, фаолият юритиши учун зарур жиҳозлар билан таъминланган объектларда ташкил этилиши мумкин. Мазкур оромгоҳларда болаларнинг соғломлаштирилишини ташкил этиш даволаш-соғломлаштириш режимига қатъий риоя қилган ҳолда чиниқиш билан бирга олиб бориладиган даволаш бадантарбияси, тўйимли овқатланиш ҳамда касаллик тури ва хусусиятига мос келувчи профилактик муолажага асосланиши керак.


43. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг жисмоний тарбияси тиббий назорат остида олиб борилади. Ушбу оромгоҳларда соғломлаштирилаётган болалар учун жисмоний зўриқиш даражаси ва режими шифокор томонидан белгиланади.


44. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида олис масофага ва узоқ давом этувчи саёҳатлар, ҳарбий ўйинлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш тавсия этилмайди, узоққа ёки тез югуришни, чидамлиликни назарда тутувчи бошқа машғулот турлари чекланган ҳолда ўтказилади.



5-§. Ҳарбий-спорт оромгоҳлари


45. Ҳарбий-спорт оромгоҳлари 12 - 17 ёшдаги болаларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни Ватан мудофаасига, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишга тайёрлаш мақсадида ёзги таътил мавсумида ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар учун махсус дастур асосида ташкил этилади.


46. Ҳарбий-спорт оромгоҳларида вояга етмаганлар билан спорт машғулотлари, психологлар иштирокида семинар-тренинглар ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.



6-§. Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳлари


47. Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳларида 7 - 14 ёшдаги болалар учун сайёҳлик-ўлкашунослик ва экскурсия ишларининг серқирра турлари ташкил этилади, болаларга мамлакатимизнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий жиҳатдан ўзига хос жиҳатлари чуқур ўргатилади.


48. Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳларида болалар учун сайёҳлик, ўлкашунослик, табиатшунослик ва экология йўналишларида тўгараклар ташкил этилади.

Мазкур тўгаракларда болаларга табиат ҳодисаларини кузатиш ва таққослаш, экологик муаммоларни ўрганиш ва муҳокама қилиш, шунингдек ушбу мақсадларда бевосита тажриба ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.


49. Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳлари томонидан уларда ўтказиладиган машғулотларнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда турли йўналишлар бўйича саёҳатлар ташкил этилади.



7-§. Ихтисослашган болалар оромгоҳлари


50. Ихтисослашган болалар оромгоҳлари 7 - 14 ёшдаги болаларда етакчилик ва фаолликни шакллантириш, уларнинг ижтимоий мослашув кўникмаларини оширишга йўналтирилади.


51. Ихтисослашган болалар оромгоҳининг фаолияти, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ўқувчиларнинг таътил пайтида дам олишлари ва саломатликларини мустаҳкамлашни ҳамда уларга қўшимча таълим-тарбия беришни назарда тутган ҳолда ташкил этилади.


52. Ихтисослашган болалар оромгоҳида тарбиячи сифатида Меҳрибонлик уйларининг хизматчилари, тўгарак раҳбарлари сифатида эса, "Баркамол авлод" болалар марказларининг педагог ходимлари жалб этилиши мумкин.



8-§. Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари


53. Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва профессионал таълим муассасаларининг 15 - 18 ёшдаги ўқувчиларининг ижтимоий фойдали меҳнати дам олдириш ва соғломлаштириш билан бирга қўшиб олиб борилишига йўналтирилади. Унда болалар ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрланади, уларнинг меҳнат кўникмалари шакллантирилади. Ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш оромгоҳни ташкил этишнинг асосий шарти ҳисобланади.

54. Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари кундузги оромгоҳ сифатида турли ташкилотлар, шу жумладан фермер хўжаликлари базасида ташкил этилади. Мазкур оромгоҳларда ҳар бир мавсум 12 кундан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.


55. Болаларни ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ва уларнинг меҳнат кўникмаларини шакллантиришда бажараётган ишининг тури ва муддатларидан қатъи назар, 18 ёшга етмаган шахслар учун белгиланган санитария-эпидемиологик қоидалар ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари талабларига риоя қилиниши шарт. Мазкур муассасаларга қабул қилинган болалар Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатида (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) назарда тутилган ишларга жалб қилинмаслиги лозим.


56. Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳларининг кун тартибини ишлаб чиқишда болаларнинг меҳнат фаолиятини жисмоний соғломлаштириш ва маданий-оммавий тадбирлар билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб бориш назарда тутилади.



5-БОБ. ДАМ ОЛДИРИШ ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИ


57. Оромгоҳда болаларнинг дам олдирилиши ва соғломлаштирилиши ўқув ва маданий-маърифий дастурлар ҳамда соғломлаштириш тадбирлари асосида ташкил этилади.


58. Оромгоҳнинг ҳар бир тўгарагида камида 10 нафар болалардан иборат гуруҳлар ташкил этилади.


59. Оромгоҳда барча йўналишдаги тўгарак машғулотлари учун ҳафтада 4 академик соат, сайёҳлик-ўлкашунослик йўналишидаги тўгараклар учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади.


60. Тўгаракларнинг фаолияти оромгоҳ раҳбари томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ҳамда болаларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари инобатга олинган ҳолда тузилган машғулотлар жадвали асосида бепул амалга оширилади.



6-БОБ. ДАМ ОЛДИРИШ ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ

ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


61. Болалар, ота-оналар ва педагог ходимлар дам олдириш ва соғломлаштириш жараёни иштирокчилари ҳисобланади.


62. Болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари билан танишиш;

оромгоҳда қизиқишига кўра тўгарак турини танлаш ва унда бепул таълим олиш;

оромгоҳнинг тиббий ва қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш;

оромгоҳнинг моддий-техник базасидан самарали фойдаланиш;

оромгоҳдаги шароит, овқатланиш, тиббий хизмат ва ўқув жараёни масалаларида юзага келган муаммолар бўйича оромгоҳ раҳбариятига мурожаат қилиш;

оромгоҳ фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бериш.

Болалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.


63. Болалар қуйидагиларга мажбур:

оромгоҳ ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

оромгоҳ ҳудудини раҳбарият рухсатисиз ва педагоглар кузатувисиз тарк этмаслик;

санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилиш;

оромгоҳ ходимларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

ўзи ва атрофидагиларнинг соғлиғига зарар етказадиган ҳаракатлар қилмаслик;

оромгоҳнинг мол-мулкини асраб-авайлаш ва унга зиён етказмаслик;

атроф-муҳит ва ўсимликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.

Болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


64. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳ ходимларидан фарзандига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари, кун тартиби ва таомнома билан танишиш;

фарзандини оромгоҳдан ўз хоҳишига кўра муддатидан олдин олиб кетиш;

оромгоҳ фаолиятини такомиллаштириш юзасидан оромгоҳ раҳбариятига таклиф бериш.

Ота-оналар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.


65. Ота-оналар қуйидагиларга мажбур:

дам олдириш ва соғломлаштириш даврида фарзандини зарур кийим-бош ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

фарзандини оромгоҳга ўз вақтида олиб келиш ва олиб кетиш;

тўловни ўз вақтида амалга ошириш.

Ота-оналарга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


66. Оромгоҳнинг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари билан танишиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

оромгоҳни бошқаришда иштирок этиш;

оромгоҳ раҳбариятига оромгоҳ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Оромгоҳнинг педагог ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.


67. Оромгоҳнинг педагог ходимлари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом талабларига ва оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

касбига хос бўлган хулқ-атворда бўлиш;

тўгарак машғулотларини тасдиқланган ўқув режа асосида ташкил этиш;

болаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

оромгоҳда бўлган даврида боланинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш.

Оромгоҳнинг педагог ходимларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


68. Оромгоҳ раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳ ходимлари ва дам олувчилардан оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

ўқув ва маданий-маърифий дастурлар, спорт тадбирлари ҳамда тўгарак машғулотларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

болалар томонидан оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилинмаган тақдирда, уларнинг ота-оналарига хабар бериш;

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган болаларни оромгоҳдан четлаштириш ва кейинги сменаларга қабул қилмаслик.

Оромгоҳ раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.


69. Оромгоҳ раҳбари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом талабларига риоя қилиш;

оромгоҳ фаолиятини ташкил этишда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш;

болаларнинг дам олдирилиши ва соғломлаштирилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

тўгаракларни болаларнинг ёши, психофизиологик ҳолати ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

моддий-техник базадан самарали фойдаланилиши ва асраб-авайланишини таъминлаш;

дам олдириш ва соғломлаштириш жараёни иштирокчиларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш ва уларни дори-дармон билан таъминлаш;

боланинг саломатлиги жиддий ёмонлашган ҳолларда унинг ота-онасини ҳамда оромгоҳга бириктирилган тиббиёт муассасасини хабардор қилиш.

Оромгоҳ раҳбарига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



7-БОБ. ОРОМГОҲНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


1-§. Умумий қоидалар


70. Болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш учун зарур бўлган маблағлар миқдори дам олдирилиши режалаштирилган болалар сонидан келиб чиқиб аниқланади.


71. Оромгоҳнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-§. Стационар оромгоҳни молиялаштириш


72. Стационар оромгоҳларда болаларни сақлаш харажатлари қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

ижтимоий суғурта маблағлари;

касаба уюшмаси бюджети маблағлари;

оромгоҳга бориш учун бериладиган йўлланмаларни сотишдан тушган маблағлар;

Балансда сақловчининг маблағлари;

ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.


73. Стационар турдаги оромгоҳни доимий сақлаш бўйича харажатлар Балансда сақловчи томонидан амалга оширилади.

Агар оромгоҳ бир нечта Балансда сақловчи ва касаба уюшмаларининг биргаликдаги маблағлари асосида ташкил этилган бўлса, уни моддий таъминлаш бўйича харажатлар оромгоҳни ташкил этишда иштирок этган ташкилотлар томонидан оромгоҳга соғломлаштириш учун жўнатилган болаларнинг сонига мутаносиб равишда қопланади.


74. Балансда сақловчи стационар оромгоҳнинг болаларни қабул қилиш қуввати доирасида оромгоҳга ўз ҳисобидан болалар учун қўшимча ўринлар ташкил қилиши мумкин. Бунда оромгоҳдаги болалар сонининг ортиши ва уларнинг таъминоти билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, болаларнинг овқатланиши, даволаниши, оромгоҳ ходимларининг иш ҳақи учун қўшимча маблағлар ва бошқа харажатлар Балансда сақловчи томонидан қопланади.


75. Стационар оромгоҳнинг молиявий-хўжалик фаолияти мунтазам равишда, лекин дам олиш мавсуми давомида камида бир марта Балансда сақловчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан текширилади.


76. Дам олиш мавсуми тугагач, стационар оромгоҳнинг молиявий-хўжалик фаолияти Балансда сақловчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тафтиш қилинади ҳамда оромгоҳнинг мол-мулки тўлиқ хатловдан ўтказилади.



3-§. Кундузги оромгоҳни молиялаштириш


77. Кундузги оромгоҳларда болаларни сақлаш харажатлари қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади.

ота-оналар тўлови;

ҳомийлик хайриялари;

Балансда сақловчиларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.


78. Кундузги оромгоҳни моддий таъминлаш, болаларни соғломлаштириш, тарбиявий ишларни ўтказиш, овқатлантириш учун зарур бўлган харажатлар оромгоҳ раҳбари томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


79. Кундузги оромгоҳда болаларни узлуксиз равишда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун зарур бўлган маблағлар болаларнинг оромгоҳда бўлганлиги учун ота-оналар тўлови ҳамда оромгоҳлар фаолият самарадорлигини оширишга доир ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, хавфсизлик ва тиббий хизмат, шунингдек болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш бўйича ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳ (бундан буён матнда Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳ деб юритилади) томонидан аниқлаштириладиган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун зарур бўлган маблағлар Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ташаббуси билан улар томонидан аниқлаштирилган молиявий манбалар ҳисобидан 100 фоизгача қопланиши мумкин.


80. Кундузги оромгоҳда болаларни овқатлантириш оромгоҳ ташкил этиладиган муассаса ошхонасида ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъекти ва оромгоҳ ташкил этиладиган муассаса ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.


81. Ота-оналар томонидан бир нафар бола учун амалга ошириладиган тўлов миқдори оромгоҳдаги болаларни овқатлантириш учун сарфланадиган маблағларнинг бошқа манбалар ҳисобидан қопланмайдиган қисмини режадаги болалар сонига бўлиш орқали Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан белгиланади.


82. Болаларни овқатлантириш учун сарфланадиган маблағлар миқдори санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган бир кунлик овқатланиш нормативи ҳамда оромгоҳда бўлиш муддатидан келиб чиқиб, кундузги оромгоҳ ташкил этиладиган муассаса ошхонасида ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектининг харажатлари инобатга олинган ҳолда белгиланади.


83. Ота-оналар тўлови маблағлари тўлалигича кундузги оромгоҳда болаларни овқатлантириш харажатларига йўналтирилади.


84. Кундузги оромгоҳда болаларни дам олдириш жараёнига оромгоҳ ташкил этилган муассасада фаолият кўрсатаётган педагог ва бошқа ходимлар билан бирга ихтиёрийлик асосида бошқа таълим муассасаларининг ходимлари ҳам жалб этилади. Мазкур ходимларнинг асосий иш жойи бўйича иш ҳақлари сақлаб қолинади ҳамда уларга оромгоҳдаги фаолияти учун қўшимча ҳақ тўланмайди.


85. Ота-оналар тўловини тўлаш ва харажатларни амалга ошириш учун кундузги оромгоҳ ташкил этиладиган муассасага хизмат кўрсатувчи тегишли ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


86. Оромгоҳни қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


87. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 апрель, 13-сон, 212-модда









































Время: 0.0079
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск