язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Чакана савдо/ Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2017 й. 185-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 6 апрелдаги

185-сон қарорига

2-ИЛОВА



Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана

реализация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча дорихоналар учун мажбурийдир.


3. Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фақат дорихоналар ва дорихоналарнинг филиаллари орқали амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган ёки дорихоналар томонидан тайёрланган дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишга рухсат берилади.


4-1. Электрон тижорат орқали фақат рецептсиз бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш, сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳужжатли ва электрон расмийлаштириш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.


2-БОБ. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


дори воситалари - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари;


дори препаратлари - дозаланган, идишга жойланган-ўралган, қўлланиш учун тайёр дори воситалари;


сифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм - яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситаси ва тиббий буюм;


тиббий буюмлар - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган буюмлар;


фармацевтика фаолияти - дори воситалари ва тиббий буюмлар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек уларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда уларни реализация қилишни қамраб оладиган фаолият;


Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари - интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда муомалага киритилган дори воситалари;


қалбакилаштирилган дори воситаси ва тиббий буюм - таркиби ёки хусусияти тўғрисида ёхуд ишлаб чиқарувчиси ҳақида ёлғон ахборот илова қилинган дори воситаси ва тиббий буюм;


мувофиқлик сертификати - сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат;


бирламчи ўрам - дори воситаси билан бевосита алоқада бўлган контейнер ёки ўрам;


халқаро патентланмаган ном - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дори воситаси таркибидаги фаол дори моддаси (субстанцияси)нинг қисқартирилган номини бериш орқали дори воситасини идентификация қилиш;

электрон рецепт - ягона электрон рецептлар маълумотлар базасини шакллантириш ва врачнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори препаратини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланилиш усули тўғрисидаги кўрсатмасини тезкор равишда олиш имконини берувчи электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификациялаш имконини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган электрон ҳужжат. Электрон рецепт ахборот технологиялари ва ахборот тизимлари хизматлари ҳамда техник воситалардан фойдаланган ҳолда яратилади, қайта ишланади ва сақланади.


3-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ ВА ТИББИЙ

БУЮМЛАРНИ ЧАКАНА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда давлат стандартлари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, меҳнат муҳофазаси қоидаларига, техника хавфсизлиги қоидаларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши таъминланиши керак.

7. Дорихоналар тегишли давлат стандартлари талабига мувофиқ дори воситаларини ва тиббий буюмларни сақлаш ва чакана реализация қилишда уларнинг сифатини, хавфсизлигини ва безарарлигини таъминлаш талабига жавоб берадиган тегишли бино, асбоб-ускуналар ва жиҳозларга эга бўлиши керак.


8. Дорихона мудири олий фармацевтик маълумотга эга бўлиши керак. Дорихона филиалининг мудири олий ёки ўрта махсус фармацевтик маълумотга эга бўлиши керак.

Дори воситаларини чакана реализация қилишга фақат фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисларга рухсат этилади.

9. Дорихоналар томонидан дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш, бериш, реализация қилиш қоидаларига ва уларнинг сифатини таъминловчи сақлаш шароитларига риоя этиши керак.


10. Дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланади.

Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ижтимоий дорихоналар томонидан уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган чекланган савдо устамаси кўлланилган ҳолда чакана сотилади.

11. Белгиланган тартибда сертификатланиши лозим бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз чакана реализация қилиш тақиқланади.


12. Сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.


13. Дорихоналар дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини белгиланган тартибда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.


14. Дорихоналар фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиянинг рақами, амал қилиш муддати, шунингдек лицензия берган орган тўғрисидаги маълумотларни ёки лицензия нусхасини истеъмолчилар танишиши учун қулай бўлган жойга жойлаштириши керак.


15. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг чакана реализацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни электрон тижорат орқали чакана реализация қилиш тақиқланади.

16. Дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.


17. Дори воситалари дорихоналарда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўлланилишига рухсат этилган дори моддаларидан (субстанциялардан) тайёрланади.


18. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тайёрлашга рухсат этилган дори воситалари рўйхатига киритилмаган дори воситаларини тайёрлаш тақиқланади.


19. Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш, шунингдек уларни сақлаш, сифатини назорат қилиш ҳамда расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайдиган тартибда дорихоналар томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ ВА ТИББИЙ

БУЮМЛАРНИ ЧАКАНА РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ШАРОИТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ


20. Дорихона дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни, шунингдек уларни тайёрлашни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс шаклида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ташкил этилиши мумкин. Дорихоналарнинг филиаллари, даволаш-профилактика ташкилотлари дорихоналари ҳам дорихоналар жумласига киради.


21. Дорихоналар алоҳида бинода ёки турар жой ва нотурар жой биноларининг биринчи қаватида жойлашган бўлиши, дори воситаларини сақлаш ва қадоқлаш учун мўлжалланган хоналар биринчи қават остидаги хоналарда жойлашган бўлиши мумкин.


22. Дорихоналар биносининг кириш қисмида дорихонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили ва иш тартиби ҳақида маълумотлар кўрсатилган пешлавҳа бўлиши керак.


23. Дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг хавфсизлиги, сифати ва бут сақланиши учун тегишли шароитлар яратилиши керак.


24. Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча дорихоналар дори воситалари ва тиббий буюмларнинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга мувофиқ сотилишини таъминлаши шарт.

Ижтимоий дорихоналар Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қонунчиликка мувофиқ тасдиқланган рўйхатини давлат ва рус тилларида 12 шрифт ўлчамидан кам бўлмаган ўлчамда кўринадиган жойга осиб қўйишлари шарт.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори), дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текшириш учун харид қилиш ёки назорат натижалари бўйича олинган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини белгилаш бўйича тартибни бузиш фактини тасдиқловчи товар ва касса чеклари дорихонанинг лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.


25. Дорихоналар санитария ва гигиена ашёларини, шифобахш озиқлантириш маҳсулотларини, маъданли сувларни, шунингдек даволаш-косметика маҳсулотларини, биологик фаол қўшимчаларни реализация қилишни уларнинг қўлланиши ва реализация қилиниши учун тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга ошириши мумкин.


26. Дорихонада барча дори воситалари ва тиббий буюмлар нархи кўрсатилган ҳолда ҳамда дорихона жавобгар шахсининг имзоси билан сотувга қўйилади.

Дорихона сотув зали пештахталарида фақат врач рецептисиз бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни қўйишга рухсат берилади. Бунда пештахтага ичиш учун мўлжалланган ва ташқи қўлланиладиган дори воситалари алоҳида-алоҳида жойлаштирилади.

Врач рецептлари асосида бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни дорихонанинг пештахтаси ва харидорлар учун кўринадиган бошқа жойларга қўйиш таъқиқланади.


5-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ ВА ТИББИЙ

БУЮМЛАРНИ ЧАКАНА РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


27. Дори воситаларини чакана реализация қилиш шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рецептлар, шу жумладан, электрон рецептлар бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.

Дори воситаларини электрон рецептлар асосида чакана реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Фармацевтика маҳсулотларининг ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизими" орқали амалга оширилади.

28. Дори воситаси ва тиббий буюмни бериш пайтида дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими дори воситаси ва тиббий буюмни сотиб олувчига дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ва бошқалар ҳақида маълумот бериши лозим.

Дорихона ходими дори воситаси ва тиббий буюмни сотиб олувчининг эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмнинг қўллаш йўриқномаси билан диққат билан танишиб чиқишга қаратиши керак.

Дорихона ходими мижозлар билан бўлган муносабатда этика қоидаларига риоя этиши, профессионаллик ва саводхонлик хислатларини намоён этиши лозим.


29. Дорихона ходимлари томонидан дори воситасини сотиб олувчиларга зарур маълумотлар берилиши керак. Сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши лозим.


29-1. Дори воситалари (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар бундан мустасно) ва тиббий буюмларни электрон тижорат орқали чакана реализация қилишда дорихоналар тегишли веб-сайтлар ва (ёки) мобил иловаларда қуйидаги маълумотларни жойлаштиришга мажбурдир:

юридик шахснинг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолда;

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, тадбиркорлик субъектининг идентификация рақами;

жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, боғланиш телефон рақами;

лицензиянинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (рақами, амал қилиш муддати, лицензияни беришга ваколатли органнинг номи);

реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақидаги маълумотлар (халқаро патентланмаган ва савдо номи, чиқарилган шакли, дозаси, серияси, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарган давлат (етказиб берувчи), қўллаш бўйича йўриқнома, чакана реализация нархи, савдо устамаси миқдори, мувофиқлик сертификати (белгиланган тартибда мажбурий сертификацияланадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун);

реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар аналоглари ҳақидаги маълумотлар;

ҳисоб-китоб шакли, етказиб бериш тартиби ва нархи.

30. Дори воситасини доналаб сотишга рухсат этилади. Бунда жойлаш-ўраш материалида дори воситасининг номи, серияси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилиши керак. Дори воситасини бирламчи ўрами бузилган ҳолда бериш тақиқланади.


31. Врач рецепти бўйича дори воситасини бериш рецептда қайд этилган халқаро патентланмаган ном асосида амалга оширилади. Бунда дори воситаларини бериш нормаси врач рецептига мувофиқ белгиланади.

31-1. Рецепт асосида дори воситасини беришда дорихонанинг фармацевт ходими рецептнинг йиртма корешогига берилган дори воситасининг номи, серия рақами, фармацевт фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, уни имзолайди ва дорихонанинг штампи қўйилган ҳолда бемор (унинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахс)га топширади, рецепт дорихонада қолдирилади.

Рецепт асосида тайёрлаб берилган дори воситаларини беришда, қўшимча равишда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги дорихонада рецептларни қайд этиш журналига тегишли ёзувлар киритилади.

Рецептнинг йиртма корешоги бемор (унинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахс) томонидан йўқотилган ёки у яроқсиз холга келиб қолган холатларда дорихона ходими томонидан рецептнинг дорихонада сақланаётган, йиртма корешоги ўрнини босувчи, тасдиқланган нусхаси берилиши мумкин.

Дори воситасини электрон рецепт асосида беришда дорихонанинг фармацевт ходими Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Фармацевтика маҳсулотларининг ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизими"даги тегишли майдончаларга дори воситасининг номи, серия рақами, фармацевтнинг фамилияси, исми, отасининг исмини киритиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.

32. Шифокор томонидан расмийлаштирилган рецептда дори воситаси унинг бир маротаба қўлланадиган энг юқори дозасидан кўпроқ дозада тайинланган ҳолатларда дорихона ходими ушбу дори воситаси энг юқори дозасининг ярмига тенг дозасини бериши шарт.


33. Амбулаторияда даволанишда имтиёзга эга шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория-поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихоналар орқали бериш йўли билан амалга оширилади.

Шахсларнинг айрим тоифаларига имтиёзли рецептлар бўйича дори воситалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча дорихоналар орқали амалга оширилади.


34. Фавқулодда ҳолатларда, беморнинг яшаш жойидан жўнаб кетиши, вақтинча кетиши дорихонага мунтазам қатнашининг имкони йўқлиги ва бошқа шу каби ҳолатларда дори воситалари рецепт бўйича уч ойгача бўлган муддат мобайнида қўллаш учун зарур миқдорда берилишига йўл қўйилади.

35. Дори воситалари узоқ вақт амал қилувчи рецепт асосида қисман берилганда рецептнинг орқа томонига дори воситасининг миқдори ва берилган сана кўрсатилади ҳамда беморга қайтариб берилади. Беморнинг дорихонага навбатдаги мурожаати пайтида дори воситасининг олдин олинганлиги ҳақидаги белгилар ҳисобга олинади.

Дори воситаси рецептда назарда тутилган миқдорда олиб бўлинганда унга "Рецепт ҳақиқий эмас" деган штамп босилади ва дорихонада қолдирилади.

Бунда рецептнинг йиртма корешоги, унга ушбу Низомга мувофиқ маълумотларни киритган ҳолда бемор (унинг қариндошлари ёки унинг ҳолидан хабар олувчи шахс)га қайтарилади.

36. Шахсларнинг айрим тоифаларига дори воситаларини имтиёзли бериш учун рецептлар дорихоналарда уч йил давомида, махсус пушти рангдаги бланкалар бўйича берилган гиёҳванд воситалар рецептлари - 5 йил, психотроп моддалар, этил спирти ва анаболик воситаларга берилган рецептлар - бир йил давомида, бошқа дори воситаларига берилган рецептлар - уч ой давомида сақланади.


37. Сақлаш муддати тугагандан сўнг рецептлар тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда йўқ қилинади.


37-1. Рецептда ушбу Низомга зид равишда расмийлаштирилган ёки бир-бирига номутаносиб дори воситалари кўрсатилган бўлса, дорихона томонидан унга "Рецепт ҳақиқий эмас" штампи босилади ва бекор қилинади. Бунда бекор қилинган рецепт ҳақидаги маълумотлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги нотўғри ёзиб берилган рецептларни дорихонада ҳисобга олиш журналида қайд этилади ва рецептни берган даволаш-профилактика муассасасининг раҳбарига нотўғри ёзилган рецептлар тўғрисида хабар берилади ҳамда врач томонидан берилган рецептга номутаносиб дори воситалари дорихона томонидан берилганда, дори воситалари қайтарилади.

38. Дорихоналар томонидан шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан рецепт асосида имтиёзли таъминлаш амалга оширилганда ушбу дори воситалари учун тўлов соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан шартномага мувофиқ дорихоналар ҳисобига ўтказилади.


39. Дорихоналардан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.


39-1. Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда, зарур ҳолларда дорихоналар томонидан аҳолига сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш мумкин. Бунда дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш дорихона ходими - фармацевтик маълумотга эга мутахассис билан бирга амалга оширилиши керак.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш учун уларнинг сифати ва хавфсизлигига риоя этилишини таъминловчи дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш камераси билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланилади.

Транспорт воситаси техник соз ва тоза ҳолатда тутилиши керак. Ташиш жараёнида дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш камерасида керакли зарур ҳарорат, намлик, шунингдек, тоза ҳаво таъминлаб турилиши лозим.

Ўлчов ускуналарига кирувчи асбоблар фойдаланишдан аввал, шунингдек, таъмирлангандан сўнг белгиланган тартибда бирламчи текширувдан ўтади ва (ёки) қиёсланади, фойдаланиш жараёнида эса текширилади ва қиёсланади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни ташиш шундай амалга оширилиши лозимки, бунда уларнинг сифат кўрсатгичлари йўқолмаслиги ҳамда дори воситаларининг ўрамлари ва тиббий қўлланилиши бўйича йўриқномаларда қайд этилган сақлаш шароитларига риоя этилиши керак.

Алоҳида сақлаш ҳароратини талаб этувчи дори воситаларини ташиш ҳароратни доимий равишда кузатиб борувчи қурилма билан жиҳозланган рефрижератор ускунаси ёки термоконтейнер билан жиҳозланган транспорт воситасида амалга оширилиши керак.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар, уларнинг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда ташқи муҳит таъсиридан сақловчи транспорт воситаларида ташилади. Дори воситалари ва тиббий буюмларни бошқа турдаги юклар билан бирга ташиш тақиқланади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


41. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча дорихоналарда ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялашни амалга оширувчи ҳудудий комиссияларнинг ишчи органлари - Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига юкланади.





Низомга

1-ИЛОВА


Рецептларни қайд этиш

ЖУРНАЛИ

Дорихона номи

(дорихона филиали)

    

Т/р

Сана

Беморнинг Ф.И.О.

Рецептни берган даволаш-

профилактика ташкилотининг

номи

Даволовчи

шифокор Ф.И.О.

Дори

воситаси-

нинг номи,

миқдори ва

дозаси

Дори воситаси-

нинг шакли

Дори воситаси-

нинг нархи

Беморнинг манзили, телефон рақами

Изоҳ













Низомга

2-ИЛОВА


Нотўғри ёзиб берилган рецептларни

дорихонада ҳисобга олиш

ЖУРНАЛИ

Дорихона номи

(дорихона филиали)


Т/р

Сана

Рецептни берган даволаш-

профилактика ташкилотининг номи

Нотўғри рецепт берган шифокорнинг

Ф.И.О.

Рецепт таркиби

Рецептдаги хатоликлар (дозаси нотўғри кўрсатилган дори воситалари ёки ундаги ёзувларнинг ноаниқлиги кўрсатилади)

Даволаш-

профилактика

ташкилотининг

раҳбарига хабар

берилганлиги ҳақидаги маълумот

Дорихона/филиали

фармацевтнинг Ф.И.О.







"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 апрель, 14-сон, 228-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 40-модда