Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 17.04.2017 й. 222-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 17 апрелдаги

222-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Республика йўл жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) мақсади, асосий вазифалари ва функцияларини, бошқариш тартибини, шунингдек маблағларни шакллантириш ва сарфлаш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек Жамғармани бошқариш кенгашининг қарорларига мувофиқ амалга оширади.


3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексига бўйсунади.

4. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига, тижорат банкларида ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.


5. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари маблағларни шакллантириш ва сарфлашнинг мақсадли йўналтирилганлиги сақланиб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киради, шунингдек Жамғарманинг махсус йиғма балансида акс эттирилади.


6. Жамғарма жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчаси, 29.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ,

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш дастурларини (лойиҳаларини) ҳамда уларнинг зарур тарздаги техник ҳолатига ва ўтказиш қобилиятига эришишга йўналтирилган тадбирларни молиялаштириш учун маблағларни жамлаш ва улардан самарали фойдаланиш Жамғарма фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарфининг йиллик ва чораклик ҳисоботларини шакллантириш;

йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаштириш.


9. Юкланган вазифалардан келиб чиқиб Жамғарма қуйидаги функцияларни бажаради:


а) Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарфининг йиллик ва чораклик ҳисоботларини шакллантириш соҳасида:

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йиллик баланслари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети лойиҳасига киритиш учун ишлаб чиқади ва белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

харажатларнинг тасдиқланган параметрларини Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига етказади;

бўлажак йилга Жамғарма даромадлари параметрларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда йиллар ва ойларга бўлиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Давлат божхона қўмитасига етказади;

тушиш манбалари ва республика минтақалари бўйича Жамғарма даромадлари, шунингдек Жамғарма харажатларининг асосий йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Жамғармага маблағларни йиғиш ва тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш ишларини олиб боради;

даромадлар тушуми прогнози бажарилишини таҳлил қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда даромадлар тушуми прогнози бажарилишига салбий таъсир кўрсатган омилларни бартараф этиш чораларини кўради;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тегишли органларга киритади;

Жамғарма даромадлари шакллантирилиши тартибини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга оширади;

ҳар йили 15 январгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси билан биргаликда Ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағларни ўтказиш жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига Ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун уч йиллик даврга маблағлар ажратиш прогноз ҳажмларини тақдим этади;

б) йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишиш соҳасида:

лойиҳа-қидирув ишлари, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг манзилли рўйхатларини келишади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш учун харид қилинадиган технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар рўйхатини келишади;


в) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг марказий аппаратини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаларини сақлашга харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлашга ва жорий таъмирлашга, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари бўйича туман йўллардан фойдаланиш корхоналарини, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарини ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарини сақлашга харажатларнинг йиғма сметаларини рўйхатдан ўтказади;


г) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаштириш соҳасида:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлашнинг белгиланган тартибда тасдиқланган манзилли рўйхатлари асосида Жамғарма харажатларини, шунингдек умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлашга харажатларнинг йиғма сметаларини молиялаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг халқаро ва хорижий молия институтларининг қарзларини жалб этиш бўйича қарорларига мувофиқ амалдаги инвестиция лойиҳалари бўйича ижро этувчи орган сифатида иш кўради.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


10. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

б) Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан белгиланадиган миллий валютадаги бўш маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштириш;

в) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан тузилган бош битим асосида хорижий валютадаги бўш маблағларни хорижий банклардаги депозитларда жойлаштириш;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ халқаро ва хорижий молия институтларининг қарзларини жалб этган ҳолда амалдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Жамғарма ҳузуридаги бўлинмалар фаолиятини ташкил этиш;

д) Жамғарма фаолияти билан боғлиқ шартномалар тузиш;

е) қуйидагилардан:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасидан - ажратмалар ҳисобланганлиги ва тушуми, ортиқча тўланган суммалар қайтарилиши суммаси, Жамғармага тўловлар бўйича недоимкалар миқдори тўғрисидаги тезкор ҳисоботни, ҳар ойлик ҳисоботларни, маълумотларни ва бошқа маълумотларни олиш;

тижорат банкларидан - белгиланган тартибда Жамғарма депозитлари ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилардан - Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан бухгалтерия ва статистика ахборотини олиш;

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Жамғарма:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда тушумлар турлари ва республика минтақалари бўйича Жамғарманинг даромадлари прогнози бажарилишининг ҳолатини таҳлил қилишга ва даромадларнинг нормал тушишига салбий таъсир кўрсатган аниқланган омиллар асосида уларни бартараф этиш юзасидан биргаликда чоралар кўришга;

автомобиль йўллари тармоғини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича харажатларни ўз вақтида молиялаштиришда, республиканинг автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича ягона инвестицион ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига кўмаклашиши шарт.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА ДАРОМАДЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


12. Жамғарма даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ Жамғармага тўланадиган мажбурий ажратмалар ва йиғимлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари;

хайрия эҳсонлари;

Жамғарманинг миллий валютадаги вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларидаги депозитларда ва хорижий валютани хорижий банкларнинг депозитларида жойлаштиришдан тушган даромадлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

13. Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимларни тўлаш тартиби ва уларнинг ставкалари миқдорлари ҳар йили Давлат бюджети тасдиқланиши билан бир вақтда белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тўловчиларга етказилади.


14. Жамғармага тушумлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган Жамғарма даромадлари бўйича тегишли ғазначилик ҳисоб рақамлари (2003 ғазначилик ҳисоб рақами) орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармасининг Ҳисоб-китоб-касса марказида очилган ягона ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказилади.


15. Жамғармага маблағларни йиғиш ва тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилишни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


16. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, лойиҳалаш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлашга, шу жумладан жиҳозлашга (қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш учун технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш);

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг марказий аппаратини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармаларини, туман йўллардан фойдаланиш корхоналарини, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарини ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарини сақлашга хизмат кўрсатиладиган шахсий ғазначилик ҳисоб рақамлари орқали сарфланади;

ҳар ойда тегишли ойнинг 1-санасигача бўлган муддатда навбатдаги ой учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига Ривожланиш давлат дастурига киритилган лойиҳаларни молиялаштиришга ажратиладиган маблағлар доирасида маблағлар ўтказади.

17. Жамғарма маблағларини сарфлаш бўйича:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан - "Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси" ДУК;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳузуридаги "Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси" ДУК;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, жорий таъмирлаш, уларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш ишларини амалга ошириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини фойдаланиш эҳтиёжлари учун жиҳозлаш (технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш) юзасидан - Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармалари буюртмачилар ҳисобланадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Жамғармани бошқариш кенгаши қарори билан Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачи функцияси бошқа ташкилотларга ҳам юкланиши мумкин.


18. Жамғарманинг валюта маблағлари белгиланган тартибда:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун импорт бўйича йўл техникаси, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материаллар харид қилиш бўйича Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва ҳудудий бош бошқармаларнинг харажатларини молиялаштиришга;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, унинг бўлинмалари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Жамғарманинг малакали кадрларини чет элда ёки хорижий мутахассисларни республикага таклиф қилиб тайёрлашга;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун Жамғарма томонидан жалб этилган хорижий қарзларни қайтаришга;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда хорижий валютани миллий валютага конвертация қилиш йўли билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашни молиялаштиришга сарфланади.


19. Автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга Жамғарманинг махсус ғазначилик ҳисоб рақамидан тушаётган пул маблағларини ўтказиш ва улардан мақсадли фойдаланиш учун тегишли фойдаланиш корхоналари томонидан хизмат кўрсатиладиган банкларда 22626 - "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" махсус молиялаштириш ҳисоб рақамлари очилади.

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш режалаштирилган чораклик ҳажмнинг 15 фоизи миқдорида аванс бериш йўли билан амалга оширилади, кейинчалик тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида ажратилган аванс тўловлари ҳар ойда чегириб ташланган ҳолда амалда бажарилган ишлар ойма-ой молиялаштирилади.


20. Жамғарма маблағлари ҳисобига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашни молиялаштириш белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва харажатлар сметалари асосида ҳар бир объект бўйича қатъиян маблағлар лимитлари доирасида амалга оширилади.

Жамғарманинг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлашга йўналтириладиган маблағларидан Жамғарма билан келишув бўйича Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган харажатларнинг йиғма сметалари асосида шакллантириладиган харажатлар сметаларига қатъий амал қилиб фойдаланилади.


21. Автомобиль йўлларини ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни бажаришга буюртмачи билан пудрат ташкилоти ўртасида тузилган шартномада ҳамда унга илова қилинадиган молиялаштириш жадвалида:

ишлар ҳажмлари бажарилиши мобайнида молия йили охиригача ҳар ойда чегириб ташланган ҳолда жорий (прогнозлаштирилаётган) йилга ишларнинг шартнома қийматининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўловлари;

ажратилган аванс тўловлари ҳар ойда чегириб ташланган ҳолда ишлар қийматининг камида 95 фоизи миқдорида амалда бажарилган ишлардан келиб чиқиб жорий ойма-ой молиялаштириш;

шартномада қайд этилган кафолат муддати тамом бўлгандан кейин беш фоиз миқдоригача қолган қисмини тўлаш назарда тутилиши керак.


22. Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, сақлаш ва жорий таъмирлаш учун технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурига киритилади.


23. Тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва улар бўйича тегишли ижобий эксперт хулосалари мавжуд бўлиши объектларни йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг манзилли рўйхатларига киритишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.


24. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича ишларни молиялаштириш учун захирада назарда тутилган Жамғарма маблағларини сарфлаш Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Жамғарманинг валюта маблағлари ҳисобига тўланадиган йўл-таъмирлаш ва қурилиш техникаси, асбоб-ускуналар ва уларга эҳтиёт қисмларни импорт қилишга барча контрактлар мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.


26. Жамғарманинг маблағлари хатланмайди, олиб қўйилмайди ёки умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжларга сарфланмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жорий йилда фойдаланилмайдиган маблағлар олиб қўйилмайди ва мақсадли вазифага мувофиқ кейинги даврда сарфланади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ДАРОМАДЛАРИ

ВА ХАРАЖАТЛАРИ ПРОГНОЗИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


27. Манбалар ва бўлажак йилда фойдаланиш йўналишлари бўйича Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнози Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари таснифи асосида ишлаб чиқилади.


28. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар ҳар йили 1 июндан кеч бўлмаган муддатда Жамғармага зарур маълумотларни тақдим этадилар, улар асосида Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳар йили 15 июндан кеч бўлмаган муддатда Жамғармани бошқариш кенгаши билан келишган ҳолда жорий йилга кутилаётган ижрони ва келгуси йилга Жамғарма харажатлари прогнозини белгилайди.


29. Келгуси йилга тушумлар манбалари бўйича даромадлар прогнози:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича олдинги йилда Жамғармага маблағларнинг амалдаги тушуми ва даромадлар манбалари бўйича жорий йилда кутилаётган тушумлар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Жамғармага ажратмалар ва йиғимлар бўйича ҳисобот молия йили охирида юридик шахсларнинг кредиторлик қарзлари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг мақроиқтисодий кўрсаткичлари асосида бевосита Жамғарма томонидан ишлаб чиқилади.


30. Фойдаланишнинг асосий йўналишлари ва республика ҳудудлари бўйича келгуси йилга тақдим этиладиган харажатлар прогнози олдинги йилда ҳақиқатда фойдаланилган маблағлар ва асосий йўналишлар (автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш) ҳудудлар бўйича жорий йилга тасдиқланган прогнозлар билан таққосланиб жорий йилнинг биринчи чорагида кутилаётган маблағлардан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда Жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар билан биргаликда белгиланади. Бунда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш бўйича ишларни молиялаштириш учун захира (харажатлар йиллик ҳажмининг камида 3 фоизи миқдорида) ҳосил бўлиши назарда тутилади.


31. Жамғарма ишлаб чиқилган келгуси йилга даромадлар ва харажатларнинг прогнозини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жорий йилнинг 1 июлидан кечикмай қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим этади.


32. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг аниқлаштирилган прогнози Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига келгуси йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрлари прогнози билан бир вақтда киритилади.


33. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқлангандан, шунингдек келгуси йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги тегишли қарор қабул қилингандан кейин Жамғарма беш кун муддатда:

йил чораклари ва ҳудудлар бўйича бўлиб чиққан ҳолда келгуси йилга Жамғарма даромадларининг тасдиқланган асосий параметрларини - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Давлат божхона қўмитасига;

йил чораклари ва ойлар бўйича бўлиб чиққан ҳолда келгуси йилга Жамғарма харажатларининг тасдиқланган асосий параметрларини (йўналишлар) етказади.


34. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда даромадларнинг тасдиқланган параметрлари олинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда чоракма-чорак бўлиб чиқиб ва республика минтақалари бўйича манбалар бўйича даромадларнинг йиллик прогнозини белгилайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат солиқ бошқармаларига етказади.


35. Жамғарма харажатлари прогнози олинган кундан бошлаб бир ой муддатда келгуси йилга белгиланган тартибда:

а) Жамғарма маблағларини сарфлаш бўйича буюртмачилар:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Жамғарма билан келишилган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатларини ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш учун харид қилинадиган технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар рўйхатини;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма билан келишилган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатларни;

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма билан келишилган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш бўйича ишларни амалга оширишнинг манзилли рўйхатларини;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш учун харид қилинадиган технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар бўйича харажатлар сметасини;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлашга, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари бўйича туман йўллардан фойдаланиш корхоналарини, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарини ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарини сақлашга харажатларнинг йиғма сметаларини тасдиқлайди;

б) Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг марказий аппаратини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармаларини, туман йўллардан фойдаланиш корхоналарини, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарини ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарини сақлашга харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Давлат инспекциясини сақлашга харажатлар сметасини тасдиқлайди;

г) Жамғарма харажатлар сметаларини келишади ва рўйхатдан ўтказади, шунингдек уларни тегишли шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига киритади.


36. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлашга харажатларнинг тасдиқланган йиғма сметаси асосида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бош бошқармалари норматив мезонларни қўллаш йўли билан ва автомобиль йўлларининг тоифаси, аҳамияти ва масофасига қараб тегишли фойдаланиш корхоналари бўйича Жамғарманинг харажатлари прогнозини тақсимлайди ва уларга хизмат кўрсатишга контрактлар тузади.



7-БОБ. ЖАМҒАРМАГА МАЖБУРИЙ АЖРАТМАЛАРНИ

ТЎЛАШ, ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН СУММАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


37. Мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқиш, ҳисоб-китобни тақдим этиш ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ амалга оширилади.


38. Хўжалик юритувчи субъектлар таркибига кирадиган, юридик шахслар ҳисобланмаган таркибий бўлинмалар Жамғармага ажратмаларни туман (шаҳар) давлат солиқ хизмати органларининг ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказадилар, улар давлат солиқ хизмати органларига бюджетга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этадилар.


39. Автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказишда тўланган йиғимлар бўйича ортиқча тўланган суммани қайтариш тўловчининг аризаси асосида туман (шаҳар) давлат солиқ хизмати органининг хулосаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли органи маълумотномаси тақдим этилганда тегишли туман (шаҳар) молия органи томонидан амалга оширилади. Қайтариш ариза берилган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида тўловчиларнинг маблағлари ўтказилган тегишли туман (шаҳар) давлат солиқ хизмати органининг ғазначилик ҳисоб рақамидан тўловчининг ҳисоб рақамига амалга оширилади.

Хорижий автоташувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришда ва транзит ўтишда тўланган йиғимлар бўйича ортиқча тўланган суммани қайтариш тўловчининг ортиқча тўлов тўғрисида тегишли божхона органининг ва йиғим тўланган хизмат кўрсатувчи банкнинг маълумотномаси билан тасдиқланган аризаси асосида Жамғарма томонидан тўловчининг ҳисоб-китоб рақамига ўтказилади.


40. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳар ойда белгиланган муддатларда Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1-кунидаги ҳолат бўйича ҳисобланган ва тушган тўловлар, шунингдек Жамғармага мажбурий тўловлар турлари бўйича қарздорлик тўғрисидаги тезкор ҳисоботни тақдим этади.


41. Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимлар бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, бошқа қонунларга ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ тақдим этилади.



8-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ КЕНГАШИ


42. Жамғармани бошқариш кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Жамғармани бошқариш кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


43. Жамғармани бошқариш кенгаши:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг белгиланган тартибда тасдиқланган дастурларидан (лойиҳаларидан), шунингдек уларга комплекс хизмат кўрсатишни, уларнинг зарур техник ҳолатини ва ўтказиш лаёқатини таъминлаш тадбирларидан келиб чиқиб Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Жамғарма харажатларининг асосий йўналишлари, маблағлардан фойдаланиш устуворликлари тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқади;

Жамғарма ижро этувчи дирекциясининг амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси иштирокида Жамғармага тўловларнинг тўлиқлигини ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш масалалари бўйича айрим вазирликлар ва идораларнинг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси иштирокида Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачиларнинг Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг даромадлари ва харажатларини шакллантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар киритади;

зарурат бўлганда Жамғарманинг даромадлари (манбалар бўйича) ва харажатлари прогноз параметрларига умумий тасдиқланган параметрлар доирасида ўзгартириш ва аниқликлар киритади;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг манзилли дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Жамғарма маблағларини умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш билан боғлиқ бўлмаган харажатларга йўналтириш масалаларини кўриб чиқади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини белгилайди;

Жамғарма даромадларидан фойдаланиш ва харажатлари билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


44. Жамғармани бошқариш кенгашининг мажлислари заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказилади.

Жамғармани бошқариш кенгашининг қарорлари Кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Жамғармани бошқариш кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


45. Жамғармани бошқариш кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



9-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ИЖРО ЭТУВЧИ ОРГАНИ


46. Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади, унинг бошқарув тузилмаси ва ходимлари сони қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.

Ижро этувчи дирекцияни сақлаш бюджет ташкилотлари учун белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


47. Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида бухгалтерия ҳисоботини тузади ва Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин белгиланган муддатларда уни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


48. Ижро этувчи дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижро этувчи директор бошчилик қилади ва мақоми бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

49. Ижро этувчи директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ижро этувчи директор томонидан лавозимга тайнинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосари бўлади.


50. Жамғарманинг Ижро этувчи директори:

Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Жамғармага юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Жамғарманинг штат жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Жамғарма ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайнинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Жамғармани бошқариш кенгаши билан келишган ҳолда ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тузилмага ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларини йиғиш ва сарфлаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;

ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



10-БОБ. ЖАМҒАРМАГА МАЖБУРИЙ АЖРАТМАЛАРНИ

ҲИСОБЛАШ ВА УЛАРНИНГ ТУШИШИ ВА ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ, ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


51. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси белгиланган тартибга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби юритилиши, Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот тузилиши ва тақдим этилиши учун жавоб беради.

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай:

ўз фаолияти тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал  қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексига ҳисобот;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.


52. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги:

Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назорат қилинишини;

тўловлар бўйича Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ҳисоби юритилишини;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Жамғармага мажбурий ажратмалар ҳисобланиши ва тўланишининг тўғрилигини текшириш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилишини таъминлайдилар.


53. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1-кунидаги ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек вазирликлар ва идоралар бўйича Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ҳисобланиши ва тушган суммалар, шунингдек ушбу ажратмалар ва йиғимлар юзасидан қарздорлик тўғрисида тезкор ҳисоботни тақдим этадилар.

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасидан Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғим тўланишидан маблағлар тушумига оид қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга.


54. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма маблағлари сарфи бўйича бошқа буюртмачилар ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай Жамғарма томонидан тасдиқланган шакл бўйича Жамғарманинг автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга ва йўл хўжалигини жиҳозлашга, шунингдек умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлашга ажратилган маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоботларни тақдим этадилар.


55. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда республика минтақалари бўйича Жамғармага мажбурий ажратмалар ва йиғимлар тушумидан Жамғарманинг даромадлари прогнози бажарилишининг ҳолатини таҳлил қилади ҳамда даромадларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тушишига салбий таъсир кўрсатган аниқланган омиллар асосида уларни бартараф этиш юзасидан биргаликда чора-тадбирлар кўради.


56. Жамғарма маблағларидан асосли ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


57. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси:

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар ва амалга оширилган касса харажатлари тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачиларнинг ҳисобот маълумотлари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг марказий аппаратини, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаларини, туман йўллардан фойдаланиш корхоналарини, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарини ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарини сақлаш бўйича бажарилган ишлар ва амалга оширилган касса харажатлари тўғрисида - Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ҳисобот маълумотлари;

бажарилган ишлар ва Давлат инспекциясини сақлашга амалга оширилган касса харажатлари тўғрисида - Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг ҳисобот маълумотлари асосида Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши мониторингини олиб боради.


58. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси:

Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар томонидан Жамғармага тегишли ҳисоботларни тақдим этилмаган ёки текширилмаган ёхуд ишончли бўлмаган ҳисоботлар тақдим этилганда - улар тақдим этилгунгача бўлган муддатга;

Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар томонидан харажатлар сметалари белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда - улар тақдим этилгунгача бўлган муддатга;

Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачилар томонидан назарда тутилган ажратиладиган маблағларни ўзгартиришга сўровлар келишиш учун тақдим этилган ҳолларда - улар томонидан сўровлар асосида тайёрланган харажатлар сметаларига барча тегишли ўзгаришлар тақдим этилишигача бўлган муддатга ва улар муваффақиятли солиштирилган ёки ўзгартиришлар киритиш рад этилиши тўғрисида Жамғарманинг ёзма билдиришномаси бўлганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда бюджет таснифи харажатларининг тегишли бўлимлари, боблари, параграфлари ва моддалари бўйича буюртмачиларнинг Жамғарма маблағлари сарфи бўйича харажатларини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эгадир.


59. Тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Жамғарма маблағларидан қатъий мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгарлик Жамғарма маблағлари сарфи бўйича буюртмачиларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади.



11-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


60. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 294-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 49-модда















































Время: 0.1553
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск