ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Умумий қоидалар /

Ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида аудит ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.04.2017 й. 246-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 27 апрелдаги

246-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза

қилиш тизимида аудит ўтказиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Меҳнатни муҳофаза қилиш" тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида аудит ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


меҳнатни муҳофаза қилиш - меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;


меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими - маълум бир иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги сиёсати ва мақсадларини белгиловчи, ўзаро боғлиқ ва бир-бирига таъсир кўрсатувчи элементлар комплекси ҳамда ушбу мақсадларга эришиш тартиби;


ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити (кейинги ўринларда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити деб аталади) - меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини баҳолаш иш берувчининг қарорига биноан ўтказилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида шартнома асосида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар.


меҳнатни муҳофаза қилиш аудити мезонлари - аудит маълумотлари, меҳнатни муҳофаза қилиш сиёсати ва тартиби ҳамда чора-тадбирлари билан солиштириладиган таҳлилий маълумотлар;


меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказишда мустақиллик - текширилаётган субъектга нисбатан молиявий, мулкий, қариндошлик ёки бошқа манфаатларсиз меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари билан таъминлаш тамойили.


3. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида аудитни ўтказиш иш берувчининг қарори билан мазкур Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда жамоа келишувларига, шартномаларига ва бошқа локал талабларига меъёрий ҳужжатларнинг мувофиқлигини аниқлаш;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими фаолият юритишини сифати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг даражасини камайтириш ва олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг уларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.


4. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари Ягона реестрига "меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш" хизмат тури бўйича киритилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ўтказилган ва унинг натижалари кўра аниқланган барча камчиликлар бартараф этилган (ёки камчиликлар аниқланмаган) ташкилотлар, кейинги уч йил мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш мақсадида ташкилотларда ўтказиладиган режали текширишлар рўйхатига киритилмайди.


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш мустақиллик, холислик, касбий маҳорат ва махфийлик тамойиллари асосида амалга оширилади.


7. Текширилаётган ташкилот қуйидагиларга мажбур:

аудитор ташкилотига меҳнатни муҳофаза қилиш аудитининг ўз вақтида ва тўлақонли ўтказилиши учун кўмаклашиш, зарур маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш, аудитор ташкилотининг сўровларига асосан оғзаки ва ёзма шаклда аудит мақсадларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ўтказилаётганда таҳлил ва баҳолаш учун мўлжалланган масалалар кўламини қисқартиришга, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид мақсадларга тегишли бўлган маълумот ва ҳужжатларни яшириш (чеклаш)га қаратилган олдиндан кўзланган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик.

Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ўтказилаётган ташкилот томонидан зарур бўлган ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилмаса ёки аудит ташкил этиш учун зарур бўлган шароитлар таъминланмаса аудитор ташкилоти аудит ўтказишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.


8. Аудитор ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

текширилаётган ташкилотга аудит бошланишидан олдин аудитор ташкилотининг қонунчиликда белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш талабларига мувофиқлиги бўйича расмийлаштирилган асосни тақдим этиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ҳисоботида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилиши фактларини ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ёритиш;

ўтказилган меҳнатни муҳофаза қилиш аудитлари ҳисоботлари ва хулосаларининг камида беш йил муддатда сақланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг сўровига асосан рейтинг баҳолаш мақсадларида ўтказилган меҳнатни муҳофаза қилиш аудитлари бўйича маълумотларни тақдим этиш;

текширилаётган ташкилот сўровига асосан текширилаётган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати бўйича аниқланган камчиликларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига асосланганлиги бўйича маълумотларни тақдим этиш.



2-БОБ. ТАШКИЛОТДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

АУДИТИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ ВА ЎТКАЗИШ


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ташкилот қарори билан аудитор ташкилоти билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити бешта асосий босқичдан иборат бўлади:

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ўтказилишини режалаштириш;

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш;

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижаларини расмийлаштириш;

ўтказилган меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижалари асосида камчиликларни бартараф этувчи ва уларнинг олдини олувчи ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

камчиликларни бартараф этувчи ва уларнинг олдини олувчи ҳаракатларни амалга ошириш самарадорлигини баҳолаш.


11. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказишни режалаштириш аудит ташкилоти томонидан меҳнатни муҳофаза қилишни аудит қилишга қадар ишлаб чиқиладиган аудит режаси қуйидагиларни назарда тутади:

меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш мақсадлари;

аудит ўтказиш сабабларини кўрсатиш (ташкилий ўзгаришлар, меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси талаблари бузилиши ҳолатларининг аниқланганлиги, жорий текшириш ва назорат, содир бўлган авария, келишмовчиликлар ва бахтсиз ҳодисалар, бошқа сабаблар);

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити меъёрлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини тартибга солувчи ҳужжатлар;

аудит ўтказиш соҳаси (фаолият турлари ва соҳалари рўйхати);

аудит ўтказиш санаси ва жойи;

аудит графиги;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказаётган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси масъул ходими (кейинги ўринларда аудитор деб аталади) ёки аудитор гуруҳи (агар аудит ўтказиш бўйича гуруҳ ташкил этилса) мажбуриятлари.

Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити режаси ўз ичига ташкилотда аудит ўтказиш жараёнига оид бошқа маълумотларни ҳам қамраб олиши мумкин.

Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити режасига аудит ўтказиш давомида ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


12. Меҳнатни муҳофаза қилиш режаси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси раҳбари томонидан имзоланади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити режаси текширилаётган ташкилот раҳбарига меҳнатни муҳофаза қилиш аудити бошланишидан олдин тақдим этилади ва у томонларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.


13. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини бошқаришнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги масалаларини комплекс тарзда кўриб чиқиш фақат тасдиқланган аудит режаси доирасида амалга оширилиши мумкин.


14. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш қуйидагиларни ўрганишни назарда тутади:

меҳнатни муҳофаза қилиш аудитининг мақсадлари, соҳаси ва меъёрларига оид маълумотлар, шу жумладан таркибий бўлимлар фаолияти ва улар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид маълумотлар;

ишлаб чиқариш жараёнлари ва ҳужжатларининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги;

амалдаги жараёнлар тартиби ва расмийлаштирилган ҳужжатларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига, шунингдек ташкилотда мавжуд бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид ҳужжатларга мувофиқлиги;

текширилаётган ташкилотнинг ташкилий тузилмаси;

маъмурий ва иш тартиблари, инсон ва моддий ресурслар, асбоб-ускуналар;

участкалар, операция ва ишлаб чиқариш жараёнлари ишчилари;

маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш жараёнлари (уларнинг белгилаб қўйилган хавфсизлик талабларига мувофиқлиги);

хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлатиладиган техник мосламаларнинг зарур бўлган синов ва техник текширувларини ўтказишни ташкиллаштириш;

назорат-ўлчов воситаларининг таъмирланиши ва текширилишини ташкиллаштириш;

энергетика хўжалиги объектлари;

технологик экспертиза талабларига мувофиқлик;

ҳисоботларни расмийлаштириш, маълумотларни рўйхатга олиш ва сақлаш тартиблари;

меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги соҳасидаги тартиб ва бошқа ҳужжатларнинг келишилганлиги;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити режасида ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш соҳасида кўзда тутилган бошқа йўналишлар.


15. Аудит натижасида олинган ҳақиқий маълумотлар меҳнатни муҳофаза қилиш аудити мезонлари билан мувофиқ келиши ёки келмаслигини аниқлаш ҳамда тегишли хулосаларни чиқариш мақсадида солиштирилади.


16. Аудит мобайнида аниқланган меҳнатни муҳофаза қилиш мезонларига мувофиқлик фактлари бўйича аудит амалга оширилган жой, бўлимлар ёки жараёнлар кўрсатилган ҳолда умумлаштирилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрларига мувофиқлик тўғрисида ташкилотда ўтказилган аудитнинг барча хулосалари ва унинг далиллари назорат варақларига ёзилиши лозим.


17. Тоифаларни аниқлашда: аудитор (аудит бўйича гуруҳ аъзолари) уларни алоҳида ҳолатлар бўйича тизимли хатолар ҳамда талабларга риоя этмаслик ҳолатлари бўйича таснифлайди. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудитининг номувофиқлик тўғрисидаги хулосалари ва уларга асос бўладиган далиллар ёзма шаклда келтирилиши лозим.


18. Номувофиқликлар муҳим ва муҳим бўлмаган турларга бўлинади.


19. Муҳим номувофиқликларнинг асосий мезонларига қуйидагилар киради:

ходимларнинг соғлиги ва хавфсизлиги учун йўл қўйиб бўлмайдиган хавф-хатарнинг мавжудлиги;

ташкилотнинг ташкилий тузилмасида ўзгартиришлар келтириб чиқарадиган, катта моддий харажатлар талаб қиладиган, мутахассисларни узоқ муддатда (икки ойдан ортиқ) тайёрлашни кўзда тутадиган, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимига жиддий таъсир кўрсатадиган даражада меҳнатни муҳофаза қилиш талабларидан узоқлашиш.


20. Муҳим бўлмаган номувофиқликларнинг асосий мезонларига қуйидагилар киради:

меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўйилган талабларга риоя этмаслик;

ходимларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги учун йўл қўйиб бўлмайдиган хавф-хатарлар ҳисобланмаган, ташкилотнинг ташкилий тузилмасида ўзгартиришлар ва катта моддий харажатлар талаб қилмайдиган ҳамда аудит гуруҳининг фаолияти мобайнида бартараф этиш мумкин бўлган, белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими талабларидан узоқлашиш бўйича номувофиқликлар.


21. Муҳим ва муҳим бўлмаган номувофиқликлар, номувофиқлик протоколларида қайд этилади ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари билан солиштирилади.

Номувофиқлик протоколлари аниқланган ҳар бир номувофиқлик бўйича алоҳида тузилади.


22. Номувофиқлик протоколлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

текширилаётган ташкилот таркибий бўлимининг номи ёки мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимига қўйиладиган талаблар, шунингдек жамоа келишувлари, жамоа шартномалари ва бошқа ички норматив ҳужжатлар асосида белгиланган талаблар;

номувофиқликни белгилаш ва унинг тоифаси;

мувофиқлаштирувчи ҳаракатнинг мазмуни ва уни ўтказиш муддатлари;

мувофиқлаштирувчи ҳаракат ўтказилганлиги ҳақида белги (мавжуд бўлса);

ташкилот раҳбарининг ва аудитор гуруҳи раҳбарининг имзолари.


23. Номувофиқлик протоколи аудитор (аудитор гуруҳи раҳбари) ва ташкилот раҳбари ёки ташкилот раҳбарининг вакили, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлашига масъул билан биргаликда кўриб чиқилиши лозим.



3-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

АУДИТИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


24. Ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижалари бўйича ҳисобот тузиш билан аудит қилиш давомида йиғилган хулосалар ва маълумотлар, аудит мақсадларига мувофиқлиги текширилади.


25. Ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш аудити бўйича ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

аудит мақсади;

аудит соҳаси;

текширилаётан ташкилотнинг номланиши ва унинг реквизитлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчисининг номи;

ҳисобот тузилган сана;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити мезонлари;

аудитор ҳақида маълумот (аудит гуруҳи аъзолари);

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимидаги таҳлил қилинадиган ҳужжатлар рўйхати;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимига оид ҳужжатларнинг таҳлили натижалари;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимига оид ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги маълумотлар;

меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижалари;

ташкилот томонидан аудит натижасида аниқланган номувофиқликларнинг бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирувчи чора-тадбирлар;

ҳисобот тақдим этиладиган ташкилотлар рўйхати;

ҳисоботдаги мавжуд маълумотларнинг махфийлигини кўрсатиш.


26. Ҳисобот аудитор (аудит гуруҳининг раҳбари) томонидан имзоланади ва текширилаётган ташкилот раҳбариятига тақдим этилади.


27. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити натижалари ва ишлаб чиқилган ҳисоботларни инобатга олган ҳолда далолатнома тузилади ҳамда аудитор томонидан имзоланади (аудит гуруҳининг раҳбари томонидан) ва текширилаётган ташкилот раҳбариятига тақдим этилади.


28. Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижалари бўйича далолатнома меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудит мезонларига мувофиқлик тоифалари баҳоланишини ўз ичига олади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижалари бўйича далолатнома аниқланган камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган, ишлаб чиқаришдаги жароҳатдан ва касбий касалланишдан огоҳлантирувчи таклиф ва тавсияларни ўз ичига олиши шарт.


29. Ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш аудити натижаларида қуйидаги хулосалар бўлиши мумкин:

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек жамоа келишувлари, жамоа шартномалари ва бошқа ички норматив ҳужжатлар асосида ўтказиладиган аудит талабларига мувофиқ;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа келишувлари, жамоа шартномалари ва бошқа ички норматив ҳужжатлар асосида ўтказиладиган аудит талабларига мувофиқ эмас;


30. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳисобланади, агар:

номувофиқлик мавжуд бўлмаса;

аниқланганидан бошлаб икки ой давомида бартараф этиш мумкин бўлган, унчалик аҳамиятли бўлмаган номувофиқлик бўлса;


31. Агар, ҳеч бўлмаганда битта, икки ой давомида бартараф қилиш мумкин бўлмаган аҳамиятли номувофиқлик аниқланса, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ ҳисобланади.


32. Далолатномага шунингдек, аудитор (аудитор гуруҳи раҳбари) ва текширилаётган корхона ўртасида келишувга эришилмаган барча саволлар, томонларнинг ёзма шаклдаги фикрларининг баёнлари билан киритилади.


33. Далолатнома ва номувофиқлик протоколи уч нусхада тузилади ва текширилаётган ташкилотда, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчисида сақланади ҳамда бир нусхаси текшириш якунлангандан сўнг 10 кун мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари Давлат меҳнат инспекцияси давлат инспекцияларига юборилади.


4-БОБ. МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ ВА ОГОҲЛАНТИРУВЧИ

ҲАРАКАТЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ


34. Текширилаётган ташкилот, далолатнома ва номувофиқлик протоколида кўрсатилган аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мувофиқлаштирувчи ва огоҳлантирувчи ҳаракатларни ишлаб чиқиши шарт.


35. Номувофиқликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган мувофиқлаштирувчи ҳаракатлар якунлари бўйича текширилаётган ташкилот, аудитор ташкилотига номувофиқликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


36. Аудитор ташкилоти тақдим этилган маълумотни жойига бориб ўрганади ва ўрганиш якунлари юзасидан номувофиқликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тузади.

Номувофиқликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса уч нусхада тузилади ва текширилаётган ташкилотда, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчисида сақланади ҳамда бир нусхаси текшириш якунлангандан сўнг 10 кун мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Ташкилотлар ички аудитни мустақил равишда идоравий ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкин.


38. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза

қилиш тизимида аудит ўтказиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари


1-босқич


Ташкилот


Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити ўтказиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини шартнома асосида жалб этади.


Ташкилот хоҳишига кўра










2-босқич


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари


1. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ўтказади.


2. Ўтказилган аудит натижаларига кўра далолатнома ва номувофиқлик протоколини тузади ва ташкилотга беради ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияларига юборади.


Шартномада белгиланган муддатларга мувофиқ










3-босқич


Ташкилот


1. Далолатнома ва номувофиқлик протоколида кўрсатилган номувофиқликларни бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирувчи ҳаракатни ишлаб чиқади ва амалга оширади.


2. Аудитор ташкилотига номувофиқликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.


6 ой мобайнида










4-босқич


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари


1. Тақдим этилган маълумотни жойига чиқиб ўрганади ва ўрганиш якунларига кўра номувофиқликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тузади


2. Хулоса Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияларига юборилади.


Маълумотни олгандан сўнг

1 ой мобайнида



Текшириш якунлангандан сўнг 10 кун мобайнида










5-босқич


Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси


1. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ўтказиш давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини ўрганади (зарур бўлганда).


2. Ташкилотларни меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш мақсадида ўтказиладиган режали текширишлар рўйхатига киритмайди.


Маълумотни олгандан сўнг

1 ой мобайнида



Кейинги уч йил мобайнида




  


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 305-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 55-модда

































Время: 0.1816
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск