ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Умумий қоидалар /

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.04.2017 й. 246-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 27 апрелдаги

246-сон қарорига

3-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида

қайта тайёрлаш ва малака ошириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг ягона тартибини белгилайди.


2. Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги билим ва кўникмаларни, касбий маҳоратни тизимли равишда янгилаб бориш ва чуқурлаштиришни таъминлаш;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишлаш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар ва кўникмаларни эгаллаш;


меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис - меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходими ёхуд қонунчиликда белгиланган ҳолатларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларини амалга оширадиган шахс;


3. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схема бўйича амалга оширилади.

Ташкилотлар раҳбарлари қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига мувофиқ ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича курсларда малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтишларини таъминлашлари шарт, ўқиш вақтида уларнинг ўртача иш ҳақлари сақланади.


4. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтишларига ҳар бир иш берувчи қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаси шунингдек жамоат келишувлари ёки бошқа локал норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда етарли маблағлар ажратади.

Ходимлар ушбу мақсадлар учун харажат қилмайдилар.



2-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ СОҲАСИДА МАЛАКА ОШИРИШ


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малака ошириш:

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари ва мутахассислари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг бевосита мазкур хизматлар билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан фойдаланиладиган техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган синов лабораториялари раҳбарлари;

ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва касаба уюшмалари (ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) билан келишилган ҳолда иш берувчилар томонидан аниқланган меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга жавобгар раҳбарлар ва мутахассислар. Бундай лавозимлар бўйича шакллантирилган рўйхатга ташкилотларнинг муҳандис-техник ходимлари, шу жумладан, бош муҳандис, бош энергетик, бош механик, цехлар бошлиқлари, шунингдек зарарли ва хавфли иш шароитлари мавжуд ишлаб чиқаришлар усталари киритилиши шарт;

давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари, касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекцияси техник инспекторлари учун мажбурийдир.

6. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давомийлиги 72 академик соатдан кам бўлмаган малака оширишдан қуйидагилар ўтказилади:

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари ва мутахассислари;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг бевосита мазкур хизматлар билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан фойдаланиладиган техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган синов лабораториялари раҳбарлари.

Давомийлиги 72 академик соатдан кам бўлмаган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш курсларидан ўтган шахсларга малака ошириш курсларидан ўтгандан кейин бир йилгача меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонлари топшириш ҳуқуқи берилади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давомийлиги 36 академик соатдан кам бўлмаган малака ошириш курслари қуйидагилар учун ўтказилади:

иш берувчилар томонидан ўрнатилган тартибда белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга жавобгар раҳбарлар ва мутахассислар;

давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари, касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекцияси техник инспекторлари.

8. Иш берувчининг хоҳишига кўра меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш қуйидагилар учун ўтказилиши мумкин:

ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вазифалар юкланган масъул ходимлар;

касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахслар;

малака ошириши зарурлиги аниқланган бошқа шахслар.

Мазкур бандда келтирилган тоифадаги шахслар учун малака ошириш курсларининг давомийлиги 18 академик соатдан кам бўлмаслиги керак.


9. Давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари, касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекцияси техник инспекторлари ҳар йили малака оширишдан ўтишлари шарт.

Ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг бевосита мазкур хизматлар билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан фойдаланиладиган техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган синов лабораториялари раҳбарлари уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтадилар.

Ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари мутахассислари, ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва касаба уюшмалари (ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) билан келишилган ҳолда иш берувчилар томонидан аниқланган меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашга жавобгар раҳбарлари ва мутахассислари беш йилда камида бир марта меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака оширишдан ўтишлари шарт.


10. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича касбий билимлари етарли бўлмаган ходимлар аниқланганда, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати органлари мазкур ходимларнинг ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган муддатлар ўтмасдан ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш курсларидан мажбурий ўтишлари юзасидан ёзма кўрсатма беришга ҳақли.


3-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ СОҲАСИДА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ


11. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлашнинг мақсади билим олиш, ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси амалиётида билим ва кўникмаларни шакллантириш, ишлаб чиқариш ва хавфсиз технологик жараёнларни ташкил этишдан иборат.


12. Иш берувчининг буйруғи билан меҳнатни муҳофаза қилиш вазифаси юкланган, техник йўналишдаги олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган раҳбарлар (ёки уларнинг ўринбосарлари), шунингдек ташкилот ходимлари 288 академик соатдан кам бўлмаган ҳажмдаги ўқув курсларида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёргарликдан ўтадилар.

Бунда, бир ҳафталик ўқув юкламаси барча турдаги, шу жумладан аудиторияда ва аудиториядан ташқари (мустақил) ўқув ишлари билан биргаликда 54 академик соатдан ортиқ миқдорда белгиланади. Аудитория ишлари бир ҳафтада 36 академик соатдан ошмаслиги керак.

Меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш вазифаси юклангандан кейин олти ой ичида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қайта тайёргарликдан ўтилиши шарт.



4-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

СОҲАСИДА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг Ягона реестрига "меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш" хизмат тури бўйича киритилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари (кейинги ўринларда - таълим ташкилоти) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази (кейинги ўринларда - Илмий марказ деб аталади) ёки Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курслари (кейинги ўринларда - Республика малака ошириш курслари деб аталади) томонидан амалга оширилади.

14. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислик малака сертификатини олувчи номзодлар Илмий марказда ёки Республика малака ошириш курсларида ёхуд таълим ташкилотларида малака оширишдан ўтадилар.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис малака сертификатини олувчи номзодлар тегишли таълим ташкилотининг ходими бўлса, уларнинг ушбу ташкилотларда малака оширишларига йўл қўйилмайди.

15. Илмий марказ Республика малака ошириш курслари ва таълим ташкилотлари ходимларининг ўқитиш бўйича талабни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларда ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиши мумкин.

Таълим ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўқув жараёнлари олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган иш берувчиларнинг ҳудудида ҳам ташкил этиши мумкин.


16. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш ишдан ажралган ҳолда ёки қисман ажралган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


17. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари якунида, олинган билимларни текшириш бўйича уч кишидан кам бўлмаган таркибда имтиҳондан ўтказиш комиссияси тузилади.

Имтиҳон комиссияси таркибига ҳудудий меҳнат органларининг Давлат меҳнат инспекция ходимлари доимий асосда киритилиши лозим.

Курс якуни бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака оширганларга мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклда Давлат намунасида сертификат;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлашдан ўтганларга мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклда Давлат намунасида диплом берилади.


18. Таълим ташкилотлари ўқув курси якуни бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн кун ичида ўқув курсидан ўтганлар бўйича тўлиқ маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтган шахслар бўйича тўлиқ маълумотларни таълим ташкилотлари бўйича ҳар чорак якуни билан ҳисобот даври кейинги ойининг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайтига жойлаштириб боради.


5-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

БЎЙИЧА МУТАХАССИСЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ЎҚУВ

ДАСТУРЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


19. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқув дастурлари ва ўқув-тематик режалар асосида ўтказилади (кейинги ўринларда Таълим дастурлари деб аталади).

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Таълим дастурлари Илмий марказ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Таълим дастурлари, заруратга кўра, камида уч йилда бир марта янгилаб борилади.


20. Таълим дастурлари тингловчиларнинг амалий эҳтиёжларини ва тайёргарлик даражасини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. Таълим дастурлари алоҳида-алоҳида, ҳар хил соҳалар бўйича, уларнинг ишлаб чиқариш хусусиятидан келиб чиқиб ҳам ишлаб чиқилиши мумкин.

Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаменти дастурлари асосий (мажбурий) ва қўшимча (ихтиёрий) ўқув модулларига ажратилган ҳолда алоҳида ўқув модулларига бўлинади.


21. Таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишларни амалга оширадиган мутахассисларга қўйиладиган профессионал касбий малака талабларига мувофиқ бўлиши;

олий таълим давлат стандартларига нисбатан изчил кетма-кетликда бўлиши;

замонавий таълим технологияси ва ўқув воситаларига мўлжалланган бўлиши;

дастур мазмуни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга ошириладиган касбий фаолиятга мувофиқ бўлиши керак.


22. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш таълим дастурлари назорат тадбирларини назарда тутиши шарт, жумладан:

тингловчиларни тест синовидан ўтказиш;

ҳажми 25 варақдан (шрифт - 14, интервал - 1,5) кам бўлмаган малака иши (реферат) тайёрлаш ва ҳимоя қилиш;

имтиҳон топшириш.


23. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув юкламаларини режалаштиришда уларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.


24. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтган тингловчилар Таълим дастурларини ўзлаштириш натижаларига кўра қуйидаги касбий билимларга эга бўлишлари керак:

меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар талаблари;

ташкилотларда ишлаб чиқиладиган, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолият олиб боришини таъминлайдиган локал норматив ҳужжатлар рўйхати;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан огоҳлантириш бўйича профилактика ишларини ўтказиш шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўлланиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш услублари, ишлаб чиқариш ва касб касаллигига чалиниш, хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш ва иш жойларини аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича аниқланган номувофиқликларни тугатишга қаратилган чора-тадбирларни бажариш;

ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш ҳажмлари бўйича эҳтиёжларни аниқлаш;

шахсий ва жамоавий ҳимоя воситаларининг класслари, турлари ва асосий хусусиятларини, ҳимоя воситаларига ҳамда улардан фойдаланишга ва сақлашга қўйиладиган умумий талаблар, уларнинг созлиги ва аҳволини баҳолашнинг мезонлари;

касб касалликлари турлари ва касбий хавфларни бошқариш усуллари;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишини текшириш ва ҳисобга олишда шунингдек, ишлаб чиқаришда жароҳатланганларнинг суғуртасини таъминлаш учун зарур ҳужжатлар рўйхати;

иш берувчининг меҳнат шароитлари, ишлаб чиқариш фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида вазифа ва мақсадларини шакллантириш асослари;

иш берувчи фаолиятининг хусусиятини инобатга олган ҳолда аҳолининг санитария-гигиена осойишталиги тўғрисидаги қонунчилик талаблари;

зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга белгиланган компенсация турлари ва миқдори, уларни бериш шартлари ва тартиби;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлиги учун жавобгарлик (интизомий, маъмурий, фуқаровий-ҳуқуқий, жиноий) ва жавобгарликка тортиш тартиби;

технологик жараёнларнинг асослари, машиналар, қурилмалар ва ускуналарнинг вазифалари, иш берувчининг фаолияти хусусиятларини инобатга олган ҳолда хомашё ва материалларни қўллаш;

технологиялар, ускуналар, машиналар ва мосламаларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қўйиладиган асосий талаблар, шунингдек уларни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш, ишлаб чиқариш объектларини назорат қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар рўйхати;

ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва хавфли омиллари, уларнинг манбалари ва хусусиятлари, уларнинг классификацияси;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, меҳнатни муҳофаза қилиш фаолияти бўйича кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг натижаларини ва бошқариш тизимининг самарадорлигини баҳолаш.


25. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтаган, таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган шахслар қуйидаги билимларга эга бўлишлари шарт:

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича самарали иш тизимини ташкил этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тизимининг барча жараёнларини назорат қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизимига тузатишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

жамоа келишуви, жамоа шартномаси ва ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг меҳнатни муҳофаза қилиш қисмини ишлаб чиқиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимлар ўртасида ваколатлар ва мажбуриятларни тақсимлаш;

ходимларга ишлаб чиқаришда жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш услуб ва усулларини ўргатиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар, ходимларни хавфсиз меҳнат усулларига ўқитиш дастурларини, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича инструктажлар ўтказиш ва ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини текширишни таъминлаш;

касбий хавфларни баҳолаш орқали корхоналарда ташкил этилган меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ва ҳақиқий шароитларни таҳлил қилиш;

иш берувчига меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари масалалари бўйича ҳисобот (шу жумладан статистика) ҳужжатларини тайёрлаш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишни текшириш бўйича комиссия ишини ташкил қилиш, тақдим этилган материаллар асосида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллиги ҳолатини ўрганиш;

иш жойларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналардан фойдаланишда жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилиги бўйича аттестация комиссияси ишини ташкил этиш, иш жойларини аттестациядан ўтказиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш;

ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш-профилактик хизмат кўрсатиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш, ходимларга санитария-маиший хизмат кўрсатиш талабларини ишлаб чиқиш;

ходимларнинг хавфсиз ишлаш даражасини яхшилаш, меҳнат шароитларининг яхшиланишидан манфаатдорликлари даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни аниқлаш, шунингдек ходимларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш режимини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ходимларни меҳнат шароитлари ва иш жойларидаги меҳнат муҳофазаси, соғлиғига етказиладиган жароҳатлар хавфлари, тақдим этиладиган компенсациялар ва кафолатлар бўйича атрофлича маълумотлар билан таъминлаш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари масалалари бўйича ходимларнинг вакиллик органлари билан ишларни ташкил этиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларнинг ўз вақтида малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш учун иш берувчи жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида

малака ошириш ва қайта тайёрлаш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари


1-босқич


Ташкилот


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтишга ходимларни жўнатади.


Низомга мувофиқ белгиланган муддатларда











2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш хизмати кўрсатувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари


1. Мазкур Низом талабларига асосан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан ўтказишни таъминлайди.


2. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (имтиҳонларни муваффақиятли топширган) мутахассисларга белгиланган намунада малака оширганлик ҳақида сертификат ёки қайта тайёрловдан ўтганлик ҳақида диплом беради.


Низомга мувофиқ белгиланган муддатларда










3-босқич


Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малака оширганлик ҳақида сертификат ёки қайта тайёрловдан ўтганлик дипломини олган ходим


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малакани оширганлик ҳақида сертификат ёки қайта тайёрловдан ўтганлик дипломи мажбурий талаб этиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.


ушбу Низомда белгиланган муддатларга мувофиқ

1 йилдан

5 йилгача




  





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Герби тасвири


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида

малака оширганлик ҳақида

СЕРТИФИКАТ


ПК N 000000


(фамилияси, исми, отасининг исми)

20___ йил "____" ____________дан                                20___ йил "____" ________________гача


            

(малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасасининг номи)

            

(ходимларни малакасини ошириш дастурининг номи)

Дастур бўйича ________________ соат ҳажмида малака ошириш курсидан ўтди:

            

(Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш бўйича дастурнинг номи)

  


Муҳр ўрни:

Имтиҳон комиссияси раиси





(имзо)


(Ф.И.О.)

Таълим муассасаси раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)





Шаҳар (туман)


Сана



  

Рўйхатдан ўтиш рақами N







Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Герби тасвири


Мутахассисни меҳнатни муҳофаза қилиш

соҳасида тайёрлаш ҳақида

ДИПЛОМ


ПС N 000000


(фамилияси, исми, отасининг исми)

20___ йил "____" ____________дан                                20___ йил "____" ________________гача


            

(малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасасининг номи)

            

(мутахассисни ыайта тайёрлаш дастурининг номи)

бўйича ______ соат ҳажмида меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислиги курсидан ўтди:

            

(Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш бўйича дастурнинг номи)

  

            

  

мавзусидаги малака ишини "____" баҳога ҳимоя қилди ва имтиҳон комиссияси қарорига асосан унга

    

            

(касб, лавозим номи)

   

лавозимида ишлаш ҳуқуқи берилди.


  


Муҳр ўрни:

Имтиҳон комиссияси раиси




  

(имзо)


(Ф.И.О.)

Таълим муассасаси раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)




  

Шаҳар (туман)


Сана



  

Рўйхатдан ўтиш рақами N




"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 305-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 55-модда

































Время: 0.2235
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск