ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Умумий қоидалар /

Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.04.2017 й. 246-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 27 апрелдаги

246-сон қарорига

4-ИЛОВА



Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда ташкилотларда меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартибини ва уни ўтказиш талабларини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (кейинги ўринларда давлат экспертизаси деб аталади) - экспертиза объектларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолаш;


меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш органи - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий органларининг давлат меҳнат инспекциялари;

меҳнатни муҳофаза қилиш - меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;


иш ўрни - меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг доимий ёки вақтинчалик бўлиш жойи;


меҳнат шароитлари - меҳнатни амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси;


иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси - меҳнат шароитларининг, иш ўринларидаги меҳнат жараёни оғирлиги ва тиғизлигининг ҳамда уларнинг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ишлаб чиқариш омилини ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи;


зарарли ишлаб чиқариш омили - таъсири ходимнинг касб касаллигига чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;


хавфли ишлаб чиқариш омили - таъсири ходимнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;


шахсий ҳимоя воситалари - ходимга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимояланиш учун фойдаланиладиган техникавий ва бошқа воситалар;


жамоавий ҳимоя воситалари - тузилиши ёки вазифаси жиҳатидан ишлаб чиқариш биноси ва ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлган, ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган техник ва бошқа воситалар;


аттестациядан ўтказувчи ташкилот - "иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация ўтказиш" хизмат тури бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларининг Ягона реестрига киритилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат бозорининг профессионал иштирокчиси.


3. Давлат экспертизаси:

иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини;

ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иши учун кафолатлар ва компенсациялар берилишининг тўғрилигини;

ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш мақсадида амалга оширилади.


4. Давлат экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари (кейинги ўринларда давлат эксперти деб аталади) томонидан, мазкур Низом билан тасдиқланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

5. Давлат экспертизаси:

ходимларнинг умумий сони 100 кишидан кам бўлган ташкилотлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий органларининг давлат экспертлари томонидан;

ходимларнинг умумий сони 100 ва ундан кўп киши бўлган ташкилотлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат экспертлари томонидан амалга оширилади.

6. Қуйидагиларни баҳолаш давлат экспертизасининг объекти ҳисобланади:

ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари, иш ўринларининг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилиги;

ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги;

иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижалари ва хулосаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;

меҳнат шароитлари хавфли ва (ёки) зарарли ишлар, оғир ишлар учун ходимларга берилаётган компенсациялар ва кафолатларнинг белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;

иш ўринларидаги меҳнат шароитларининг ҳақиқий ҳолати.


7. Давлат экспертизасини ўтказиш учун:

меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолашда - ўтказилган меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларининг аттестацияси натижалари юзасидан аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг;

меҳнатнинг зарарли ва (ёки) хавфли шароитларида ишлашда ҳамда иш ўрнидаги ҳақиқий меҳнат шароитларида ходимларга компенсация ва кафолатлар тўғри берилаётганлигини баҳолашда - иш берувчилар, иш берувчиларнинг бирлашмалари, касаба уюшмаларининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг) мурожаатлари асос бўлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат назорати ва текшируви органларининг, шунингдек судлар мурожаат қилган ҳолатларида давлат экспертизаси ўтказилиши мумкин.

8. Давлат экспертизаси ўтказилишида давлат экспертизаси органлари қуйидагиларга мажбур:

қонунчилик талабларига амал қилиш;

экспертизага тақдим қилинган ҳужжатлар ва материалларнинг атрофлича, холисона ва комплекс таҳлилини амалга ошириш, уларни меҳнатни муҳофаза қилишнинг белгиланган талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

давлат экспертизасини амалга оширишнинг мазкур Низомда белгиланган тартиби ва муддатларига риоя этиш, материалларнинг келиб тушиш навбатини ҳисобга олган ҳолда давлат экспертизасини ўтказиш;

давлат экспертизаси объектларининг белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида давлат экспертизаси натижалари бўйича хулосалар тузиш;

давлат экспертизаси хулосаларида ва бошқа ҳужжатларда баён этилган хулосаларнинг холисоналигини ва асосланганлигини таъминлаш;

давлат экспертизасига қабул қилинган ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг сақланишини ва улардаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

давлат экспертизасини ўтказиш тартиби бўйича манфаатдор шахсларнинг сўрови бўйича бепул тушунтиришлар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари соҳаси бўйича белгиланган муддатларда давлат экспертларининг малакасини ошириш.


9. Меҳнат шароитларининг давлат экспертизасини ўтказишда давлат эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат ва текшириш вазифаларини бажариш учун, шунингдек давлат экспертизасини ўтказиш учун зарур ахборотларни ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларидан сўраш ва олиш;

ташкилотларнинг раҳбарларига ва бошқа мансабдор шахсларига меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф қилиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар ва шартларни бузганликда айбдор бўлган шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш;

меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқ бўлмаган шахсий ҳимоя воситаларидан ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар юзасидан судда эксперт сифатида иштирок этиш;

белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган лабораторияларни жалб қилган ҳолда, зарур бўлган ҳолатларда тегишли кузатишлар, ўлчашлар ва ҳисоблашларни амалга ошириш.

Меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Давлат эксперти, агар экспертиза натижаларида унинг учун мулкий ёки бошқа шахсий манфаат мавжуд бўлса, жумладан, агар давлат экспертизасини ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни тайёрлашда унинг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), ака-ука, опа-сингил, болалар) иштирок этган бўлса, давлат экспертизасида иштирок этишга ҳақли эмас.


11. Мурожаат этувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида давлат экспертизаси органларидан тушунтириш олиш;

давлат экспертизаси ўтказилишида мазкур Низом талабларининг бузилишини бартараф этиш талаби билан давлат экспертига (давлат экспертизаси органига) мурожаат этиш;

давлат экспертизаси билан боғлиқ саволлар бўйича оғзаки ёки ёзма шаклда тушунтириш, эътироз ва таклифларни тақдим этиш.


12. Меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестациянинг сифатини баҳолаш юзасидан бир иш ўрнини давлат экспертизасидан ўтказиш учун тўлов Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан, хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

Ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иши учун кафолатлар ва компенсациялар берилишининг тўғрилигини, шунингдек ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш юзасидан давлат экспертизасини ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.

Давлат назорати ва текшируви органлари, шунингдек судларнинг мурожаатлари бўйича давлат экспертизасини ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.



2-БОБ. ИШ ЎРИНЛАРИНИ МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИ

БЎЙИЧА АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

СИФАТИНИ БАҲОЛАШ ЮЗАСИДАН ДАВЛАТ

ЭКСПЕРТИЗАСИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


13. Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказилиши сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизаси аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг мурожаатлари бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


14. Аттестация ўтказувчи ташкилот ариза ва ташкилотлар бўйича меҳнат шароитлари аттестацияси материалларини, ходимларнинг умумий сони:

100 кишидан кам бўлса - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли ҳудудий органларига;

100 киши ва ундан кўп бўлса - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказига (кейинги ўринларда Илмий марказ деб аталади) юборади.

15. Аризада:

аттестация ўтказувчи ташкилотнинг тўлиқ номи;

почта манзили ва электрон почта манзили;

иш ўринлари аттестациядан ўтказилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар (ташкилотнинг тўлиқ номи, почта манзили, СТИР, ИФУТ коди, МҲОБТ коди, ташкилот ходимларининг умумий сони, меҳнат шароитлари бўйича аттестация ўтказилиши лозим бўлган иш ўринларининг сони) кўрсатилади.


16. Аттестация ўтказувчи ташкилот томонидан аризага:

иш ўринларининг меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ тузилган қоғоз ва электрон форматдаги аттестация ҳисоботи;

илгари ўтказилган экспертизалар тўғрисида маълумотлар (мавжуд бўлса) илова қилинади.

17. Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизаси учун тўлов ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ иш ўринларини аттестациядан ўтказган ташкилот томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ёки Илмий марказга тўланади.

18. Давлат экспертизасини ўтказишда қуйидагилар текширилади:

иш ўринлари аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган рўйхатда кўрсатилган иш ўринлари (касблар, лавозимлар) номланишининг хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторига, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларига мослиги;

аттестациядан ўтказилиши лозим бўлган иш ўринларига такрорланмайдиган тартиб рақамларининг тўғри берилганлиги;

инструментал ўлчовларни ўтказиш услубларининг тўғри танланганлиги;

ўхшаш иш ўринларининг тўғри таснифланганлиги (бундай иш ўринлари бўлса);

меҳнат шароитларини махсус баҳолаш жараёнида фойдаланилган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнидаги зарарли ва (ёки) хавфли омилларни ўлчаш воситаларининг белгиланган талабларга мослиги;

иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш давомида фойдаланилган ўлчаш воситаларининг Давлат реестри рўйхатида мавжудлиги;

иш ўринларини аттестациядан ўтказиш давомида ўлчаш воситаларининг қиёсловдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотларнинг мавжудлиги;

иш ўринларини аттестациядан ўтказиш услублари ва хулосаларининг қонунчиликда белгиланган иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби талабларига мувофиқлиги;

меҳнат шароитларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва максимал рухсат этилган концентрацияларга (МРК) ва максимал рухсат этилган (МРД) даражаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги натижалари бўйича белгиланган меҳнат шароитлари класслари (даражалари)нинг тўғри белгиланганлиги;

иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш натижаларига асосан иш ўринларидаги меҳнат шароитларининг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича классларнинг (даражаларнинг) тўғри белгиланганлиги;

ходимларнинг якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан тўғри таъминланганлиги, якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланганлик даражасининг белгиланган меъёрларга мувофиқлиги;

иш ўринларининг аттестацияси натижаларига кўра белгиланган зарарли ва (ёки) хавфли шароитларда ишлаш учун имтиёз ва компенсациялар, имтиёзли пенсия таъминотини олиш ҳуқуқининг, шунингдек тиббий кўрикдан ўтказиш заруратининг тўғрилиги;

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан ўтказилган аттестация натижаларининг йиғма қайдномалардаги меҳнат шароитлари хариталаридаги маълумотларга мослиги ва уларнинг тўғри тўлдирилганлиги;

иш ўринларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича тавсия этилган тадбирлар режасининг тўғри тўлдирилганлиги ва маълумотларнинг меҳнат шароитлари хариталаридаги маълумотлар билан мувофиқлиги.


19. Илмий марказ 15 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатда ходимларининг умумий сони 100 киши ва ундан кўп бўлган ташкилотлар бўйича мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан аттестация ўтказиш сифатини ўрганади ва дастлабки баҳони беради.

Илмий марказ меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестациянинг дастлабки баҳолаш натижаларига кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ҳисобот шакли бўйича далолатнома тузади ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат экспертизаси органига тегишли ҳужжатлар билан қўшиб жўнатади.

Илмий марказ "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида белгиланган, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматларни кўрсатишга ҳақли эмас, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатиш бундан мустасно.


20. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат шароитлари бўйича давлат эксперти томонидан, Илмий марказ тузган дастлабки баҳолаш далолатномаси ва тақдим этилган ҳужжатлар ҳисобга олиниб, иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан ўтказилган аттестациялаш сифати бўйича 10 календарь кундан кўп бўлмаган муддатда Давлат экспертизаси ўтказилади.

21. Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифатини Давлат экспертизасидан ўтказиш ва хулоса бериш (ёки қайта ишлашга қайтариш) муддати ариза рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 25 календарь кундан ошмаслиги шарт.

Агар белгиланган муддатларда давлат экспертизасини ўтказиш имконияти бўлмаса, муддат Давлат экспертизаси органи раҳбари томонидан, аризачини ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, кўпи билан беш иш кунига узайтирилиши мумкин.


22. Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифати бўйича Давлат экспертизасини ўтказишда давлат экспертлари ва Илмий марказ мутахассислари танлов асосида, жойига (аттестация ўтказилаётган ташкилотга) борган ҳолда аттестация ўтказаётган ташкилот тақдим қилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини ва ўлчов усулларининг тўғрилигини текшириш ҳуқуқига эга.

Аттестация ўтказаётган ташкилот томонидан тақдим қилинган маълумотларнинг ҳаққонийлигини ва ўлчов усулларининг тўғрилигини текшириш жараёнида иш берувчиларга нисбатан чоралар кўрилмайди.


23. Амалга оширилган ишлар натижасига кўра ушбу Низомга 2-иловадаги шаклга мувофиқ хулоса берилади ёки рад этиш сабаблари асосланган, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилган нормалари ва иш ўринлари аттестацияси материалларини қайта киритиш муддатлари кўрсатилган ҳолда аниқланган номуносибликларни бартараф этиш учун иш ўринлари аттестацияси материаллари аттестация ўтказувчи ташкилотга қайтарилади.

Аниқланган номуносибликларни бартараф этиш муддатлари тузатишлар киритилиши зарур бўлган иш ҳажмини инобатга олиниб, аммо ўн кундан кам бўлмаган муддатда белгиланади.

Иш ўринлари аттестацияси материалларини қайта ишлаш учун қайтариш хабарномасида кўрсатилган муддатлар (хабарномани лабораторияга тақдим этиш санасини ҳисобга олган ҳолда) ўтиб кетгандан кейин топширилган ариза ва материаллар янгидан топширилган деб ҳисобланади ва улар умумий асосларда кўриб чиқилади.

Аттестация ўтказувчи ташкилот аниқланган номуносибликдан норози бўлса, уларни бартараф этиш бўйича хабарномани олган кундан бошлаб 5 календарь кун ичида аниқланган номуносибликларни асослаб ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг талаблари кўрсатилган ҳолда ёзма рад этиш хатини тақдим қилиш ҳуқуқига эга.

24. Агар мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган муддатларда иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифатининг давлат экспертизасини ўтказиш натижалари бўйича аттестация ўтказувчи ташкилотга хулоса берилмаган ёки иш ўринлари юзасидан аттестация материаллари камчиликларни бартараф этишга қайтарилмаган ёки кўриб чиқиш муддатлари узайтирилганлиги ҳақида ёзма хабарнома йўлланмаган бўлса аттестация ўтказувчи ташкилот давлат экспертизаси органлари томонидан ижобий хулоса олган деб ҳисобланади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган ҳолатларда давлат экспертизаси органи аттестациядан ўтказувчи ташкилотга ижобий хулосани уч иш куни давомида тақдим қилиши лозим.


25. Аттестация ўтказувчи ташкилот қайта ишлаш учун аттестация ҳужжатларининг қайтарилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддатларда иш ўринларининг аттестация ҳужжатларини қайтариш сабаблари бартараф этилгандан сўнг давлат экспертизасига қайта топшириш ҳуқуқига эга. Бунда иш ўринларини аттестациядан ўтказиш материалларини аввал кўрсатилмаган янги сабабларни кўрсатиб, такроран қайтаришга йўл қўйилмайди.

Давлат экспертизасини қайта ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.

Давлат экспертизасини қайта ўтказиш ўн кун ичида амалга оширилади.

Агар рад этиш учун асос бўлган сабаблар аттестация ўтказувчи ташкилот томонидан бартараф этилмаган бўлса (иш ўринлари аттестацияси материалларини қайта ишлаш учун қайтариш хабарномасига эътироз берилган холатлар бундан мустасно), ҳужжатлар аризачига қайтарилади. Бунда навбатдаги давлат экспертизасига иш ўринлари аттестацияси ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб ўттиз кун ўтгандан сўнг умумий тартибда киритилиши лозим.

26. Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш материалларини мақсадга мувофиқ эмас деган асос билан Давлат экспертизасидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ЗАРАРЛИ ВА (ЁКИ) ХАВФЛИ МЕҲНАТ

ШАРОИТЛАРИДА ИШЛАГАНЛИГИ УЧУН ХОДИМЛАРГА

ИМТИЁЗ ВА КАФОЛАТЛАР ТЎҒРИ БЕРИЛГАНЛИГИ ВА

ҲАҚИҚИЙ МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИНИ БАҲОЛАШДА

ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


27. Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлиги учун ходимларга имтиёз ва кафолатлар тўғри берилганлигини баҳолашда давлат эксперти ҳисобот ва тақдим қилинган бошқа ҳужжатларни, уларнинг меҳнат қонунчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маҳаллий норматив ҳужжатлар, шунингдек тармоқ (ҳудудий) келишувлари ва жамоа шартномаларига (мавжуд бўлса) мувофиқлигини ҳамда зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд ишчи (ходимларга) қуйидаги имтиёз ва кафолатларнинг:

давомийлиги қисқартирилган иш ҳафтасини;

ҳар йилги ҳақ тўланадиган қўшимча таътилни;

меҳнатга оширилган миқдорда ҳақ тўланишини;

меҳнат қонунчилиги, тармоқ (тармоқлараро) келишувлар, жамоа шартномаларида ва иш берувчининг маҳаллий норматив ҳужжатларида назарда тутилган бошқа имтиёз ва кафолатларнинг берилиши ҳажми ва тартибини таҳлил қилади.


28. Ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитлари давлат экспертизасини амалга ошириш учун аризачи томонидан давлат экспертизасини ўтказиш ҳақидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларини ўлчаш ва ўрганиш (синаш) натижаларини қамраб олувчи иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш ҳисоботи ёки бошқа ҳужжатлар;

жамоа шартномаси (мавжуд бўлса), меҳнат шартномаси (меҳнат шартномалари), ходимнинг (ходимларнинг) меҳнат шароитларини, жумладан меҳнат ва дам олиш режимларини белгиловчи маҳаллий норматив ҳужжатлар.


29. Ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказишда давлат эксперти:

бинолар, иншоотлар, ускуналар, технологик жараёнлар, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоблар, хомашё ва материаллар, шунингдек ходимларнинг иш ўринларидаги якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситаларининг техникавий ҳолатини;

ходимларга санитария-маиший ва даволаш-профилактика хизматларини кўрсатиш ҳолатини;

ўрнатилган меҳнат ва дам олиш режимларини;

иш ўринларида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва (ёки) хавфли омиллари мавжудлигини аниқлаш бўйича амалга оширилган ишларни;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, маҳаллий норматив ҳужжатларни меҳнат қонунчилиги талабларига, шунингдек тармоқ (ҳудудий) келишувлар ва жамоа шартномаларига (мавжуд бўлса) мувофиқлигини кетма-кет текширади.


30. Иш берувчи билан келишилган ҳолда давлат эксперти керакли маълумотларни олиш учун текширилаётган иш ўрнини (иш ўринларини) жойига бориб кўриш ҳуқуқига эга.


31. Ҳақиқий меҳнат шароитларини ва зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлагани учун ходимларга имтиёз ва кафолатлар тўғри берилганлигини давлат экспертизасидан ўтказиш натижаларига кўра ушбу Низомнинг 3-иловасидаги шаклга мувофиқ хулоса берилади.


32. Ҳақиқий меҳнат шароитларини ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида ишлагани учун ходимларга имтиёз ва кафолатлар тўғри берилганлигини давлат экспертизасидан ўтказиш муддати 20 иш кунидан ошмаслиги лозим.



4-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИ ВА ТЕКШИРУВИ ОРГАНЛАРИ,

ШУНИНГДЕК СУД ОРГАНЛАРИНИНГ МУРОЖААТЛАРИ

БЎЙИЧА ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


33. Давлат назорати ва текшируви органлари, шунингдек суд органларининг мурожаатлари бўйича давлат экспертизаси ушбу органларнинг сўровлари бўйича ўтказилади.

Сўровларга қуйидагилар илова қилинади:

ташкилотда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш ҳисоботи ёки иш ўринларида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва (ёки) хавфли омилларини ўлчаш натижаларини қамраб олувчи бошқа ҳужжатлар;

жамоа шартномаси (мавжуд бўлса), меҳнат шартномаси, ходимларнинг меҳнат шароитларини, жумладан ишлаш ва дам олиш режимларини белгилайдиган маҳаллий меъёрий ҳужжатлар.


34. Давлат эксперти меҳнат шароитларининг давлат экспертизасини ўтказиш учун меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси ўтказилаётган иш ўринлари бўйича зарур ҳужжат ва материалларни иш берувчидан сўраб олишга ҳақли.

Иш берувчи давлат экспертизаси органидан сўровнома келган санадан бошлаб ўн иш кунидан кечикмаган муддатда сўралган ҳужжатлар ва материалларни юборади ёки аниқ сабаблар кўрсатилган ҳолда уларни бериш имкони йўқлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.


35. Меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси ўтказилаётганда давлат эксперти тақдим этилган ҳужжатларни, уларнинг меҳнат қонунчилигига, техникавий тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, маҳаллий норматив ҳужжатларга, шунингдек тармоқ (ҳудудий) келишувлар ва жамоавий шартномаларга (мавжуд бўлса) мувофиқлигини кетма-кет таҳлил қилади.


36. Қонунчиликда белгиланган ҳолатларда давлат экспертизаси ўтказилганда давлат эксперти ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган лабораторияларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини текширади ва ўлчайди.

Давлат экспертизасини ўтказиш натижалари бўйича ушбу Низомнинг 2, 3-иловаларида келтирилган шакллар бўйича тегишли хулосалар берилади.



5-БОБ. ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИ ХУЛОСАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИ

БЛАНКАЛАРИ ҲИСОБИНИ ВА ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИ

ХУЛОСАЛАРИ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР


37. Давлат экспертизаси хулосалари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буюртмаси бўйича, Илмий марказнинг маблағи ҳисобидан марказлашган тартибда чиқариладиган, тегишли ҳимоя даражасига эга бўлган махсус бланкаларда расмийлаштирилади.

Давлат экспертизаси хулосаси бланкаси қатъий ҳисоботдаги ҳужжат ҳисобланиб, ҳисобга олиш серияси, рақами ва ҳимоя даражасига эга.

Бланкалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буюртмаси бўйича матбаа усулида "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

38. Расмийлаштирилган давлат экспертизаси хулосалари бланкалари Давлат экспертизаси хулосалари бланкаларини сарфлаш китобида қайд этилади.


39. Давлат экспертизаси хулосаси бланкаларини сарфлаш китоби рақамланган, ип ўтказиб тикилган ҳамда меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертизаси органи раҳбари томонидан имзоланган бўлиши зарур.


40. Яроқсиз ҳолга келган давлат экспертизаси хулосалари бланкалари тузилган протокол билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қайтарилиши керак.

41. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган Давлат экспертизаси хулосалари реестри юритилади.

Давлат экспертизаси хулосалари реестрида қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

ариза топширилган ва давлат экспертизаси хулосаси берилган сана;

иш ўринларида аттестация ўтказилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар;

аттестация ўтказувчи ташкилот ҳақидаги маълумотлар;

давлат экспертизаси хулосаси бланкасининг серияси ва ҳисобга олиш тартиб рақами.


42. Реестрга киритилган маълумотлар очиқ маълумотлар ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

43. Давлат экспертизасини ўтказиш масалалари бўйича келишмовчиликлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича

аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолаш

юзасидан давлат экспертизасини ўтказиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич


Ташкилот


Иш ўринларни аттестациядан ўтказиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини шартнома асосида жалб этади, шу жумладан:

аттестациядан ўтказилиши мажбурий бўлган иш ўринлари бўйича;

бошқа иш ўринлари бўйича.


5 йилда камида

1 марта


иш берувчининг хоҳишига кўра










2-босқич


Меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш бўйича хизмат кўрсатувчи, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси


1. Қонунчилик талабларига мувофиқ иш ўринларини аттестациядан ўтказади.


2. Мазкур Низом талабларига мувофиқ, аттестация ҳужжатларини тегишли равишда меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш органларига ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказига юборади.


шартномада кўрсатилган муддатларда










3-босқич


Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш органлари, шунингдек Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази


Давлат экспертизасини ўтказадилар ва натижаси бўйича:

эътироз бўлмаса - белгиланган намунадаги хулосани беради;

эътироз бўлган тақдирда - ҳужжатларни қайтадан ишлаш учун қайтаради.


30 календарь кун мобайнида




  

  




Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Герби тасвири


ДАВЛАТ ЭКСПЕРТИЗАСИ

ХУЛОСАСИ


ХХ N 00000000

20___ йил "___" _______________    _________________________


Иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш материаллари асосида қуйидагилар аниқланди:


1. Иш ўринлари меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказилган ташкилот тўғрисида маълумотлар:

Ташкилотнинг номи



Юқори турувчи ташкилот



Юридик манзил



СТИР



ИФУТ

  


МХБТ



Аттестациядан ўтказилган иш ўринлари сони


 

  

2. Аттестациядан ўтказувчи ташкилот тўғрисидаги маълумотлар:

   


Ташкилот номи



Юридик манзили



Синов лабораториясининг аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан малакалилиги мақулланганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси рақами ва санаси


СТИР


ИФУТ


МХБТ



 

3. Иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш давомида мазкур иш тури бўйича амалдаги нормалар ва нормативлардан четга чиқилмаган.


4. Иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича ишлар Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилган.

  

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий органларининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи)



М.Ў.

(имзо)

(Ф.И.О.)


Меҳнат шароитлари бўйича Давлат эксперти







(имзо)


(Ф.И.О.)


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази директори (ходимларнинг умумий сони 100 киши ва ундан кўп бўлган ташкилотлар бўйича)








(имзо)


(Ф.И.О.)





Низомга

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Герби тасвири

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

________-сон ХУЛОСА


(ўтказилган экспертизанинг тури кўрсатилади)

20___ йил "___"______________________

________________________________________________________________ да

(иш жойининг номи ёки иш тури, касб, лавозим номи,

шунингдек цех, участка, ишлаб чиқариш ва ташкилотнинг

аниқ номи кўрсатилади)


_______дан __________гача ўтказилган меҳнат шароитлари экспертизаси ва тақдим этилган ҳужжатлар (рўйхати илова қилинмоқда) асосида қуйидагилар аниқланди:


  






1.


(тақдим этилган имтиёзлар ва компенсациялар ҳамда уларнинг

меҳнат шароитларига мувофиқлиги, ушбу иш жойида ёки мазкур касб,

ишлар тури, лавозими бўйича ходимга белгиланган барча имтиёзлар ва

компенсацияларнинг тури ва уларни бериш асоси билан биргаликда)

  

2.


(экспертизанинг мазкур тури бўйича аниқланган амалдаги норма ва

нормативлардан оғишлар ёки амалдаги қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари,

бузилган қонунчилик ва норматив ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда).

  

3. Хулоса ва қарорлар:


(ўтказилган экспертиза натижалари бўйича тегишли ҳужжатлар

асосида меҳнат шароитлари бўйича хулосалар ва давлат эксперти

томонидан қабул қилинган қарорлар баён этилади)

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий органларининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи)



М.Ў.

(имзо)

(Ф.И.О.)


Меҳнат шароитлари бўйича Давлат эксперти







(имзо)

(Ф.И.О.)


  

  

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 305-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 55-модда

































Время: 0.2171
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск