ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Агентликлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2935-сонли қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йил 28 апрелдаги "Ўзбекистон стандартлаштириш,

метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини

такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги

ПҚ-2935-сонли қарорига

ШАРҲ



Маҳаллий маҳсулотларнинг сифати ва хорижий бозорлардаги рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги миллий норматив-ҳуқуқий базанинг халқаро талабларга мос даражаси, шунингдек, республикамизнинг синов ва ўлчаш лабораториялари моддий-техник базасининг ҳолати ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида кейинги йилларда кўрсатиб ўтилган соҳа ва тармоқларда аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хусусан, мазкур соҳада қонуний базани такомиллаштириш доирасида халқаро қоида ва амалиётни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида" (2009 йил) ва "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги (2013 йил) қонунлари қабул қилинди. Ушбу қонунлар ички бозорнинг сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиниши ҳамда республикамиз лабораториялари томонидан ўтказилган синовлар натижаларининг халқаро даражада тан олинишини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Стандартлаштириш тўғрисида", "Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида" ва "Метрология тўғрисида"ги қонунларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун сертификатлаштириш ҳамда стандартларни қабул қилиш ва жорий этиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати кескин қисқартирилди. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланди, ўлчаш воситаларини тайёрлаш, сотиш ва ижарага бериш фаолиятини лицензиялаш жараёни бекор қилинди.

Сертификатлаштириш ва стандартлаштириш қоидаларига риоя этилмаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш меъёрлари бекор қилиниб, мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилди. Шунингдек, 23 та техник регламентни қабул қилиш ҳисобига 700 дан ортиқ стандарт ихтиёрий турга ўтказилди.

Шу билан бирга, соҳадаги ишларнинг таҳлили ваколатли давлат бошқаруви идораси сифатида "Ўзстандарт" агентлигининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қатор ечими топилмаган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, агентликнинг ташкилий тузилмаси халқаро талабларга мос эмас, юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаб бера олмас эди.

Иккинчидан, ISO халқаро ташкилоти стандартларини қабул қилиш борасидаги фаолият лозим даражада ташкил этилмаган, стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар миллий фондида ушбу ташкилот стандартлари 13 фоизни ташкил этар эди, холос.

Учинчидан, Агентлик томонидан халқаро сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш бўйича республикамиздаги корхоналарга услубий ёрдам кўрсатиш етарли даражада ташкил этилмаган эди.

Тўртинчидан, республикамизнинг мавжуд эталонлар базаси айрим саноат тармоқларида фойдаланилаётган юқори аниқликдаги асбобларнинг метрологик текширувини тўла қамраб олиш имконини бермас эди.

Юқорида келтирилган масалаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг устувор вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш;

маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва саноат маҳсулотларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга ошириш;

экспортчи корхоналарга маҳсулотларни сертификатлаштириш масалаларида қулай шароитларни яратиш, миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш ишлари натижалари асосий экспорт бозорларида тан олинишига йўналтирилган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш, реализация қилинадиган маҳсулотлар хавфсизлигининг тизимли назоратини таъминлаш самарадорлигини ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2017-2020 йилларда "Ўзстандарт" агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. У қуйидаги жиҳатларни назарда тутади:

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида қонуний базани такомиллаштириш;

"Ўзстандарт" агентлигининг синов лабораториялари ва ҳудудий марказларини замонавий юқори аниқликдаги ўлчаш ва синов ускуналари билан қайта жиҳозлаш ва модернизация қилишни давом эттириш;

2 мингдан ортиқ халқаро стандартларни босқичма-босқич қабул қилиш орқали уларнинг стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар миллий фондидаги улушини икки баробарга ошириш;

9 мингдан ортиқ корхонада халқаро стандартларга мос келадиган сифат менежменти тизимларини жорий этиш, 2020 йилга қадар бундай корхоналар сонини 4,6 баробарга ошириш;

"Ўзстандарт" агентлиги лабораторияларини халқаро даражада тан олинган ташкилотларда аккредитация қилиш йўли билан уларда амалга оширилган синов натижаларининг жаҳон миқёсида тан олиниши учун шарт-шароитлар яратиш;

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, "Ўзстандарт" агентлиги ходимлар салоҳиятини ошириш ва унинг фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини чуқурлаштириш.

Ушбу қарор билан "Ўзстандарт" агентлиги қошида "Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази" ва "Ўзбекистон миллий метрология институти" давлат корхоналарини ташкил этиш ҳамда "Республика синов ва сертификатлаштириш маркази" давлат корхонасини қайта ташкил этишни назарда тутган ҳолда "Ўзстандарт" агентлигининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Шунингдек, тасдиқланаётган рўйхатга мувофиқ эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини давлат бюджетидан молиялаштириш ҳисобига харид қилиш орқали республика эталон базасини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг самарали ижросини таъминлаш мақсадида стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни мувофиқлаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ушбу қарорнинг амалга оширилиши:

биринчидан, миллий стандартларни халқаро талаблар билан мослаштириш ҳамда замонавий сифат менежменти тизимларини кенг жорий этиш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш ва ташқи савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш;

иккинчидан, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда миллий лабораториялар томонидан амалга оширилган ўлчаш ва синов натижаларининг чет элларда тан олиниши учун асос яратиш;

учинчидан, саноат тармоқларида қўлланилаётган юқори аниқликдаги асбобларни тўлиқ метрологик текширувдан ўтказиш, бир қатор эталонлар ва энг юқори аниқликда ўлчаш воситаларини харид қилиш орқали миллий корхоналарнинг хорижий мамлакатлар метрология институтига боғлиқлигини камайтириш имконини беради.



"Халқ сўзи", 2017 йил 2 май

































Время: 0.1572
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск