ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1997 й. 474-I-сон "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1997 й.

N 474-I



ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг (бундан буён матнда солиқлар деб юритилади) бюджетга тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлаш мақсадларида тузилади.


2-модда. Солиқ назорати

Солиқ назорати солиқ тўловчиларни, солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишнинг, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишнинг ягона тизимидан иборат.

Солиқ назорати давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларни, солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушаётган тушумларни ҳисобга олиш, солиқ текширувлари воситасида ҳамда солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилади.


3-модда. Давлат солиқ хизмати органлари

Давлат солиқ хизмати органлари қуйидагилардир: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекциялари.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибида ҳудудий бўлинмаларга эга бўлган: солиқ тўловчилар - юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг назорат ҳамда ҳужжат асосидаги текширувини ва молия-хўжалик фаолияти тафтишини амалга оширувчи махсус назорат-тафтиш бўлинмаси, шунингдек давлат солиқ хизмати органларида режим ва ходимлар билан ишлаш бўйича махсус бўлинма тузилади.

Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига амал қилади.

Давлат солиқ хизмати органлари ўз фаолиятини давлат бошқарув органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил тарзда қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.

Давлат солиқ хизмати органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари барча солиқ тўловчилар - юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Давлат солиқ хизмати органлари юридик шахслар бўлиб, республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи битилган муҳрга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати тузилмаси, унинг ходимлари чекланган сони билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги Низом, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


4-модда. Давлат солиқ хизмати

органларининг асосий вазифалари

Давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни таъминлаш;

солиқларнинг солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўлиқ ҳамда ўз вақтида тушишини таъминлаш;

солиқ тўловчиларни ва солиқ солиш объектлари ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, уларнинг тўлиқ қамраб олиниш механизмларини солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш орқали такомиллаштириш;

солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича таҳлил қилиш ва таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, шу жумладан макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзгариши ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, солиқлар йиғилишини ошириш бўйича чораларни амалга ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш, солиқларга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни бажариш;

пул маблағларининг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши устидан мунтазам назоратни таъминлаш;

солиқ тўловчилар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан солиқ тўловчиларга мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга ўтиш йўли билан амалга ошириш;

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш;

солиқларнинг ихтиёрий равишда тўланишини таъминлашга қаратилган, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларни такомиллаштириш;

хўжалик юритувчи субъектлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини рағбатлантиришга, уларга зарур имтиёзлар ва преференциялар беришга доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

бозорлар ва савдо комплексларининг молия-хўжалик фаолияти, улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда уларнинг ҳудудида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича терговга қадар текширув ўтказиб, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан давлат бюджетини шакллантириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш чоғида қонунчиликка риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириш;

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган малакали ходимлар билан тўлдириш, коррупция ва ишга расмиятчилик билан ёндашиш фактларига барҳам бериш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитлари яратилишини таъминлаш.



5-модда. Давлат солиқ хизмати органларининг ҳуқуқлари

Давлат солиқ хизмати органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) солиқ тўловчиларда молиявий ҳужжатлар, шартномалар (контрактлар), режалар, сметалар, даромадлар ҳақидаги декларациялар ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини киритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан электрон ҳужжатларнинг, шунингдек экспорт-импорт операциялари билан боғлиқ ҳужжатларнинг текширувларини ўтказиш;

2) солиқ текшируви ўтказаётганда:

даромадлар олиш учун солиқ тўловчилар томонидан фойдаланилаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ ҳудудни, ишлаб чиқариш бинолари, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш;

мол-мулкни инвентаризация қилиш ва бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар ҳажмининг назорат ўлчовларини ўтказиш;

кассаларни ҳамда товар-моддий бойликлар ва ҳужжатлар (шу жумладан электрон тарзидаги) сақланадиган жойларни муҳрлаб қўйиш;

солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш билан боғлиқ ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

ҳужжатларни (кўчирма нусхаларни, шунингдек асл нусхаларни), шу жумладан электрон ҳужжатларни, шунингдек предметларни (товарлар, буюмлар, хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотларнинг намуналарини) олиб қўйиш, бундан солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга сабаб бўладиган ҳужжатлар ҳамда предметлар мустасно. Солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга сабаб бўладиган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади;

солиқ тўловчидан, шунингдек солиқ тўловчининг раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга ошираётган шахслардан, бошқа моддий жавобгар ходимларидан тушунтиришлар олиш;

таржимонни, экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлаш;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;

3) савдо, товарларни бериш ва пуллик хизматлар кўрсатиш қоидаларига, шунингдек нақд пул тушумининг банкка ўз вақтида топширилишига риоя этилишини текшириш;

4) солиқ текширувлари ўтказилаётганда фискал хотирали назорат-касса машиналарида сақланаётган маълумотлардан фойдаланиш;

5) солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган тақдирда, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилиши лозим бўлган солиқлар суммасини солиқ тўловчи тўғрисидаги, шунингдек унга ўхшаш бошқа солиқ тўловчилар ҳақидаги ўзларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилиш орқали мустақил равишда аниқлаш;

6) солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида солиқларни ҳисоблаш ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиш;

7) солиқларни ундиришга доир вазифаларни амалга ошираётган давлат органлари ва ташкилотларини солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундириб олиниши ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўз вақтида ўтказилиши юзасидан назорат қилиш;

8) солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинган ёки солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш рад этилган ҳолларда, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан суд тартибида чоралар кўриш (бундан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш аниқланган ҳоллар мустасно);

8-1) товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишни кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини беш банк кунигача бўлган муддатга вақтинча тўхтатиб туриш;

8-2) солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш. Солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор вужудга келгунига қадар банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатилган шарт-шароитларни ўз ичига олиши керак.

9) қонунчиликда белгиланган тартибда:

солиқларга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан молиявий жазо чораларини қўллаш. Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жазо чоралари суд тартибида қўлланилади, улар содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлган ва молиявий жазо чоралари суммаларини ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;

10) солиқларга оид ҳуқуқбузарликларнинг аниқланган фактлари бўйича товар-моддий бойликларни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда давлат даромадига ўтказиш. Солиқ тўловчилар - юридик шахсларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини давлат даромадига ўтказиш суд тартибида амалга оширилади;

11) солиқ тўловчиларнинг ғайриқонуний равишда олган маблағларини давлат даромадига ундириш ҳақида уларга нисбатан судда даъволар қўзғатиш;

12) солиқ тўловчига мажбуриятини бажариши зарурлиги ҳақида ҳамда солиқ қарзини мажбурий ундириш юзасидан кўриладиган чоралар тўғрисида талабнома юбориш;

13) солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан ўн кун ичида ёзма ариза, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориладиган ариза бермаган тақдирда, солиқларнинг ортиқча тўланган суммаларини бошқа турдаги солиқлар бўйича солиқ қарзини, пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида тегишли молия органларига мустақил равишда хулоса тақдим этиш;

14) Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган ҳолларда, агар ҳужжатлар чет тилида тузилган бўлса, уларнинг нотариал тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимасини талаб қилиш;

15) тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси ҳисобот даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммасига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ камайтирилган тақдирда, жорий тўловларни юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайта ҳисоблаш;

16) бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақи тўлиқ тушиши ва уларнинг топширилиши ҳисобга олинишига, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан, тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланилишига, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишига оид қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

17) бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида аниқланган молиявий-иқтисодий ва солиқ соҳаларида ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги фактлари юзасидан терговга қадар текширувлар ўтказиш, улар бўйича жиноят ишлари қўзғатиш, жиноят ишларини терговга тегишлилигига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш.

Давлат солиқ хизмати органлари мазкур Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-7-бандларида назарда тутилган ҳуқуқлар давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига, 8-15-бандларида назарда тутилган ҳуқуқлар фақат давлат солиқ хизмати органлари бошлиқларига ва уларнинг ўринбосарларига, 16 ва 17-бандларида назарда тутилган ҳуқуқлар эса давлат солиқ хизмати органларининг қонунчиликда ваколат берилган бўлинмалари мансабдор шахсларига белгиланган тартибда берилади.

Давлат солиқ хизмати органлари давлат статистика, ахборот, архив, маълумот ва бошқа ташкилотларининг солиқ тўловчилар ҳақидаги маълумотларни бериш юзасидан кўрсатадиган хизматлари (бажарадиган ишлари) учун ҳақ тўлашдан озод қилинади.


6-модда. Давлат солиқ хизмати

органларининг мажбуриятлари

Давлат солиқ хизмати органлари:

1) солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши, шунингдек фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг тўғри ва тўлиқ ҳисоблаб чиқарилиши ҳамда ўз вақтида киритилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириши, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

2) солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши;

3) солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар, ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган солиқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини, шунингдек жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибига риоя этишлари юзасидан назоратни таъминлаши;

4) солиқ текширувлари ўтказилаётганда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини маълум қилиши, шунингдек текширишларни тартибга солишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

5) солиқ тўловчиларга ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисида маълум қилиши;

6) солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини ўз вақтида етказиши;

7) солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактларини йиғиши, таҳлил этиши ва баҳолаши ҳамда солиқларга оид ҳуқуқбузарликларга йўл очиб бераётган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли органларга таклифлар киритиши;

8) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда солиқларга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг узоқ муддатли ва жорий дастурларини ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

9) солиқлар тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарлар ва бошқа ахборотни текшириши;

10) давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мерос ҳуқуқи бўйича ўтган хазиналар ва мол-мулкнинг ҳисобини юритиши, уларни баҳолаши ҳамда уларнинг ўтказилишини назорат этиши;

11) давлат даромадига ўтказилган мол-мулкнинг реализация қилинишидан олинган пул маблағларининг давлат даромадига тўлиқ ва ўз вақтида тушиши юзасидан назорат олиб бориши, шунингдек давлат органларига текин ўтказилган мол-мулк ҳисобини олиб бориши; 12) масалани ҳал этиш давлат солиқ хизмати органларининг ваколат доирасидан чиққан ҳолларда, қонунчилик бузилганлиги фактларига доир материалларни прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати органларига ва судларга топшириши;

13) валюта ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибига солиқ тўловчилар - юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши юзасидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириши;

14) солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар қонунчиликка мувофиқ сир тутилишига риоя этиши;

15) ўз бўйсунувидаги бўлинмалар фаолияти устидан назоратни амалга ошириши;

16) солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларининг ижро этилишига доир солиштирма далолатнома тузиши;

17) солиқ тўловчининг дебиторига унинг кредиторлик қарзи борлиги ҳақида имзолаш учун солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини ва кредиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда ёзма билдириш, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали билдириш юбориши;

18) ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига солиқ тўловчининг аризасисиз мустақил равишда ҳисобга олиши ҳамда бу ҳақда ҳисобга олиш амалга оширилган кундан эътиборан уч иш куни ичида солиқ тўловчини ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор этиши;

19) қонунчиликка мувофиқ солиқ қарзи суммасини сўзсиз ундириши;

20) ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммага қаратиши;

21) юридик ва жисмоний шахсларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг норезидентларини, якка тартибдаги тадбиркорларни ҳисобга қўйиши, шу жумладан давлат мақсадли жамғармаларига ижтимоий суғурта бадаллари тўловчилари сифатида (тегишли давлат мақсадли жамғармалари тўловчилари бўлган субъектлар учун) ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) бериши ҳамда бу рақамни статистика ва рўйхатдан ўтказувчи органларга расман маълум қилиши;

22) давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмаган солиқ тўловчилар аниқланган тақдирда, уларга белгиланган тартибда ҳисобга туриш тўғрисида талабнома тақдим этиши;

23) жисмоний шахснинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, мазкур солиқ тўловчига тааллуқли барча материалларни унинг янги яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топшириши;

24) солиқ тўловчининг талаби бўйича мазкур солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани, шу жумладан ўзгаришлар киритилган ҳисоб маълумотлари ҳам кўрсатилган ҳолдаги маълумотномани бериши;

25) шахсан олиб бориб бериш тартибида тақдим этиладиган солиқ ҳисоботини қабул қилишда солиқ тўловчининг талабига биноан солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига ҳисобот қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйиши, солиқ ҳисоботи телекоммуникация тармоқлари орқали электрон ҳужжат тарзида қабул қилиб олинганда эса, солиқ тўловчига электрон тарзидаги ҳисобот қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юбориши;

26) солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш маълумотлари, шунингдек уларнинг молиявий ҳисоботлари тўғрисидаги ахборотни кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

27) солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, жисмоний шахс ҳисобга қўйилган ва (ёки) унинг мол-мулки турган жойдаги давлат солиқ хизмати органи вафот этган шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида меросхўрга (меросхўрларга) солиқ қарзи борлигини маълум қилиши шарт.

Давлат солиқ хизмати органлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлади.


7-модда. Давлат солиқ хизмати органларининг бошқа

органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги

Давлат солиқ хизмати органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни давлатнинг бошқа бошқарув органлари, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, статистика ва молия органлари, банклар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда бажарадилар. Мазкур органлар ва ташкилотлар солиқ ҳақидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ва солиқлар бўйича ҳуқуқбузарликларга қарши курашда давлат солиқ хизмати органларига кўмаклашишлари шарт.

Давлат солиқ хизмати органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, молия органлари, банклар солиқлар бўйича ҳуқуқбузарликларга оид мавжуд материаллар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар, ўтказилаётган текширувлар тўғрисида ўзаро келишув бўйича аниқланадиган тартибда бир-бирини хабардор қилади, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик қилишдан фойдаланган ҳолда хабардор қилади, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа ахборотни алмашишни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўз ваколатлари доирасида солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Солиқ тўловчиларнинг ҳисобга олинишини ва солиқ ҳақидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида банклар:

1) хўжалик юритувчи субъектлар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олинганликларини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган тақдирдагина улар учун ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақлар очишлари мумкин ва бу ҳисобварақлар очилганлиги ҳақида улар очилган куннинг эртасидан кечиктирмай мазкур органга хабар берадилар;

2) хўжалик юритувчи субъектлар бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бундай субъектларнинг ҳисоб-китоб рақамлари ва бошқа ҳисобварақларини суднинг қарорига биноан ёпадилар;

3) давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўловчи мижозлардан белгиланган муддатда тўланмаган солиқлар ва жарималарни сўзсиз ундириш тўғрисидаги фармойишларини (инкассо топшириқларини) меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментлар ундириш ҳақидаги, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлашга доир, шунингдек ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабларни қондириш учун ҳисобварақдан пул маблағлари ўтказилиши ёки берилишини назарда тутадиган ижро ҳужжатлари бўйича мутаносиб равишда бажарадилар;

4) солиқ тўловчи мижознинг маблағлари бўлса, унинг ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварағидан маблағларни ҳисобдан чиқариш операцияси амалга оширилган куни солиқлар ва жарима суммаларини бюджет даромадига ўтказадилар;

6) солиқ тўловчи - мижозларнинг ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварақларидан пул маблағлари бериш, ўтказиш ёки уларни ҳисобдан чиқаришга доир операцияларни давлат солиқ хизмати органларининг ёзма талаби бўйича тўхтатиб қўяди. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, ушбу Қонун 5-моддаси биринчи қисмининг 8-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

7) давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига:

юридик шахсларнинг ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварақлари;

жисмоний шахсларнинг депозит ва бошқа ҳисобварақлари бўйича амалга оширилган операцияларни текшириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўядилар;

8) давлат солиқ хизмати органларининг сўровномасига кўра уларга сўралаётган давр мобайнида солиқ тўловчи мижозларнинг ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварақларидан амалга оширилган операциялар ва ана шу ҳисобварақларда пул маблағларининг бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар;

9) давлат солиқ хизмати органларининг сўровномасига кўра экспорт-импорт контрактларининг ижросига доир маълумотларни ва қонунчиликда белгиланган бошқа ахборотни тақдим этадилар.

10) олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхоналари эса - уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операциялари ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги муносабати билан корхоналарнинг ҳисобварақлари ёпилган санадан эътиборан уларнинг фаолиятни давом эттириши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш учун ахборотни уларни ҳисобга олган жойдаги давлат солиқ хизмати органига уч иш куни мобайнида тақдим этадилар;

11) қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органларига бошқа ахборотни ҳам тақдим этадилар.

Банклар солиқ тўловчи мижозларнинг солиқлар, шунингдек жарима суммаларини ўтказиш ҳақидаги топшириқларини бажаришни кечиктириши тақиқланади.

Банк айби билан солиқ тўловчи мижознинг ёки давлат солиқ хизмати органининг солиқларни ўтказиш ҳақидаги топшириғи бажарилмаган (бажариш кечиктирилган) тақдирда банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун ўтказилмаган солиқлар суммасининг 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.


8-модда. Давлат солиқ хизмати

органларининг мансабдор шахслари

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш чоғида давлат ҳокимияти вакили ҳисобланадилар. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг солиқ ҳақидаги қонунчиликка риоя қилиш хусусидаги талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши шарт.

Ҳеч ким давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари муносабати билан уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлаш, уларга қаршилик кўрсатиш, таҳдид қилиш, зўравонлик қилиш ёки уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


9-модда. Участка солиқ инспектори

Солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органларида участка солиқ инспекторлари лавозими ташкил этилади. Участкаларнинг чегаралари, шунингдек участка солиқ инспекторларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган нормативлар бўйича белгиланади.

Участка солиқ инспекторлари ўзларига бириктирилган участкада мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларни ҳисобга олиш юзасидан тегишли ишларни бажарадилар ҳамда улар тегишли солиқларни ўз вақтида тўлашларини назорат қиладилар.


10-модда. Давлат солиқ хизмати органларининг

мансабдор шахсларини тайинлаш

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг мансабдор шахслари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари бўлимларининг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларидаги ички аудит, шунингдек шахсий хавфсизлик бўлимларининг мансабдор шахслари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бўлимларининг бошлиқлари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг ўз хавфсизлиги ва комплаенс-назорат бўлинмаси мансабдор шахслари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи билан тайинланади.

Давлат солиқ хизмати органларининг ушбу модданинг биринчи-учинчи қисмларида санаб ўтилмаган мансабдор шахслари давлат солиқ хизмати тегишли органининг раҳбари томонидан тайинланади.



11-модда. Давлат солиқ хизмати органлари

мансабдор шахсларининг махсус унвонлари

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ қуйидаги махсус унвонлар берилади:

солиқ хизматининг бош давлат маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг I даражали давлат маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг II даражали давлат маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг III даражали давлат маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг I даражали маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг II даражали маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг III даражали маслаҳатчиси;

солиқ хизматининг I даражали инспектори;

солиқ хизматининг II даражали инспектори;

солиқ хизматининг III даражали инспектори;

солиқ хизматининг инспектори.

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг

хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


13-модда. Давлат солиқ хизмати органлари

мансабдор шахсларининг жавобгарлиги

Давлат солиқ хизматининг мансабдор шахслари қуйидагилар учун Ўзбекистон Республикасининг қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавобгар бўладилар:

ўз вазифаларини бажармаганлиги ёхуд зарур даражада бажармаганлиги, ижро интизомини бузганлиги учун;

ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик талабларига риоя қилмаганлиги учун;

ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқароларга, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга моддий ва маънавий зарар етказганлиги учун;

ўзининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида хўжалик юритувчи субъектларда ишлаб чиқариш ҳажмларини пасайтириб юборганлиги ва солиқ солиш базасини камайтириб юборганлиги учун;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорлар қабул қилганлиги учун;

бошқа ҳуқуқбузарликлари учун.

Солиқ органлари мансабдор шахсларининг солиқ текширувини амалга ошириш чоғидаги ғайриқонуний ҳаракатлари билан етказилган зарарлар қонунда белгиланган тартибда қопланиши керак.

Давлат солиқ органлари ходимларининг ўз хизмат ваколатлари доирасидан четга чиққанлиги, шунингдек зиммасига юкланган хизмат вазифаларини бажармаганлиги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгилаб қўйилган тартибда интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.


14-модда. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор

шахсларини ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг мулкий ва

шахсий номулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ижтимоий ҳимояси давлат томонидан кафолатланади.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари республика бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий давлат суғурталаниши лозим.

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари ўз хизмат фаолиятларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда ҳалок бўлса, уларга тан жароҳати етказилса, тегишли равишда, ҳалок бўлган шахснинг оиласига ёки давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсига қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда бирйўла бериладиган нафақа тўланади.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахси ўз хизмат фаолиятини амалга ошириши муносабати билан унинг мол-мулкига етказилган зарар республика бюджети маблағларидан қопланади ва бу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.


15-модда. Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор

шахсларининг моддий ва ижтимоий таъминоти

Давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг иш ҳақи - мансаб маоши, махсус унвон, кўп йил хизмат қилганлиги учун тўланадиган устама ҳақлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда тўланадиган бошқа қўшимча ҳақлардан иборат бўлади.

Махсус унвон берилган шахслар белгиланган нормалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган намунадаги бепул махсус формали кийим-бош билан таъминланадилар.

Давлат солиқ хизмати органларида махсус фонд ташкил этилиши мумкин, уни ҳосил қилиш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилади.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига давомийлиги йигирма тўрт иш кунидан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътиллар берилади. Давлат солиқ хизмати органларининг ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган мансабдор шахсларига давомийлиги беш иш кунидан, йигирма беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган мансабдор шахсларига эса давомийлиги ўн иш кунидан иборат бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар берилиши мумкин. Бунда таътиллар учун ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


15-1-модда. Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор

шахсларини уй-жой майдони билан таъминлаш

Давлат солиқ хизмати органларининг уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган мансабдор шахслари белгиланган тартибда уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга.

Давлат солиқ хизмати органлари хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига турар жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда якка тартибда уйлар ёки квартиралар олиш ҳуқуқи берилади.


16-модда. Халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ тажриба алмашиш, солиқ ҳақидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш усулларини ўрганиш ва жорий этиш, кадрларни ўқитиш мақсадида ҳамда бошқа масалалар бўйича хорижий давлатларнинг солиқ ва бошқа органлари билан алоқалар ўрнатиши мумкин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 йил, 9-сон, 232-модда











































Время: 0.2240
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск