язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.04.2017 й. 196-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 10 апрелдаги

196-сон қарорига

4-ИЛОВА



Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш

учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва

эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларини

рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом эркин иқтисодий зоналар (кейинги ўринларда ЭИЗ деб аталади) ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. ЭИЗда амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши ишчи органига (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ва ЭИЗ Дирекциясига (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) юкланади.



2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ТАНЛАБ ОЛИШ УЧУН ЭИЗ ДИРЕКЦИЯСИГА

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


3. ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


4. Танлаб олишнинг биринчи босқичида инвестор Дирекцияга ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш юзасидан, ЭИЗ Маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича тўлдирилган инвестиция буюртманомасини (кейинги ўринларда инвестиция буюртманомаси деб аталади) тақдим этади, унга қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахснинг (инвесторнинг) рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ёки ушбу инвесторнинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

тавсия қилинаётган инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси;

инвесторнинг тегишли соҳадаги ва/ёки шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишдаги иш тажрибаси мавжудлигини тасдиқловчи маълумот;

инвесторнинг охирги уч йилда молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумот.

Барча ҳужжатлар инвестор томонидан Дирекцияга давлат тилидаги белгиланган тартибда тасдиқланган ёки рус тилидаги таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади. Инвестор тақдим этилаётган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги юзасидан жавоб беради.


5. Тегишли соҳада ва шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишда иш тажрибаси мавжуд бўлмаган тақдирда, инвестор Дирекцияга инвестиция лойиҳасини амалга оширишда жалб этиладиган технологик ҳамкорлар тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.

Агар инвестиция буюртманомасини топшириш вақтида инвестор:

1 йилдан 3 йилгача хўжалик фаолиятини юритаётган бўлса, инвестор Дирекцияга ўзининг ҳақиқатда фаолият юритган даври учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим этади;

молия-хўжалик фаолиятини юритмаган ёки бир йилдан кам юритган бўлса, инвестор Дирекцияга инвесторнинг биттадан кам бўлмаган муассисининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


6. Дирекцияга тақдим этилаётган бизнес-режада қуйидаги асосий ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак:

ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотнинг номи, ҳажмлари ва тури;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг мўлжалланаётган нархлари ва сотиш бозорлари, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмлари;

таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотлари;

ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун ЭИЗ ҳудудидаги участканинг мўлжалланаётган ўлчамлари;

асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашиши кўрсатилган ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг дастлабки чизмаси;

хом ашё базасининг мавжудлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш даврида хом ашё ва материаллар билан таъминлашнинг кафолатланган имконияти;

мўлжалланаётган ишлаб чиқариш технологиясининг экологик талаблар ҳисобга олинган ҳолдаги тавсифи;

фойдаланилиши мўлжалланаётган савдо маркаси тўғрисидаги маълумот;

иқтисодий самарадорликнинг ҳисоб-китоблари, шунингдек инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг энг самарали техник, ташкилий ва иқтисодий ечими;

мўлжалланаётган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва қарз маблағлари жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган гаров таъминоти;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси ва дастлабки 4 та белгилардан бири даражасида бошланғич хом ашёга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН коди 2012 йил таҳрири) бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг ўзгариши;

ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти, уларнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган менежмент тизимининг жорий этилиши;

ташкил этиладиган иш ўринлари сони;

ташкил этиладиган ташкилотнинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 90 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тўлдириш, уларга тажриба орттиришдан ва малака оширишдан ўтиш имкониятини бериш.


7. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 4 ва 6-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги юзасидан 2 иш куни мобайнида кўриб чиқади.


8. Ушбу Низомнинг 4 ва 6-бандлари талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган инвестиция буюртманомалари камчиликлари кўрсатилган ҳолда кўриб чиқилмасдан инвесторга қайтарилади.


9. Инвестор томонидан тақдим этилган инвестиция буюртманомалари ва ҳужжатлар Дирекция томонидан Маъмурий кенгашнинг ишчи органига 2 иш куни мобайнида берилади, уларга ҳужжатлар тўпламининг, шу жумладан бизнес-режанинг ушбу Низомнинг 4 ва 6-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Дирекция директори имзолаган тегишли хулоса илова қилинади.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАЛАРИНИ

МАЪМУРИЙ КЕНГАШ ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИШ


10. Ишчи орган инвестиция буюртманомаларини Маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади.


11. ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳасини танлаб олиш тўғрисида қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш қуйидагиларни кўриб чиқади:

стратегик табиий хом ашё ресурсларини қазиб олиш ва дастлабки қайта ишлаш бўйича корхоналарни қўшмаган ҳолда, фаолият соҳасининг ЭИЗнинг асосий вазифаларига мувофиқлиги;

энг аввало, маҳаллий минерал хом ашё ресурсларини ва маҳаллий ходимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологияли ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган янги замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил этиш ёки ишлаётганларини чуқур модернизациялаш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари;

талаб катта бўлган экспортга мўлжалланган ва/ёки импортнинг ўрнини босадиган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича технологик изчилликни босқичма-босқич шакллантириш;

тавсия этилаётган ишлаб чиқаришнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;

муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат кафолатисиз жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларнинг амалга оширилиши;

инвесторнинг молиявий барқарорлиги ва техник ва технологик базага эгалиги;

лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий қайта ўзгартиришларга таъсири, ишлаётган қувватлардан фойдаланилиши, зарур хом ашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги);

тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорда сотиш имконияти ва истиқболлари;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси, дастлабки 4 та белгилардан бири даражасида бошланғич хом ашёга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН коди 2012 йил таҳрири) бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг ўзгариши;

технологик ускуналарнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган бошқариш тизимининг мавжудлиги;

инвестициялар киритиш ҳажми, тури ва муддатлари;

ташкил этиладиган ташкилотнинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 90 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тўлдириш, уларга тажриба орттиришдан ва малака оширишдан ўтиш имкониятини бериш.

Инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишда ЭИЗ ҳудудида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни босқичма-босқич технологик қайта ишлашни кўзда тутувчи, экспортга мўлжалланган ва/ёки импорт ўрнини босадиган ва рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли таъминланишини назарда тутадиган, шунингдек янги ишчи ўринларини ташкил этувчи лойиҳаларга устунлик берилади.


12. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомаларини ишчи орган томонидан Маъмурий кенгаш аъзоларига юборилган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва:

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мумкинлиги;

аниқ ва асосланган мулоҳазалар ҳамда камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни пухталаштиришнинг зарурлиги;

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.


13. Маъмурий кенгаш аъзолари ёки уларнинг лавозим бўйича ўринбосарлари 5 иш кун мобайнида ишчи органга:

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мумкинлиги;

аниқ ва асосланган мулоҳазалар ҳамда камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни пухталаштиришнинг зарурлиги;

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса бериши мумкин.


14. Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш жараёнида Маъмурий кенгаш аъзолари томонидан инвесторнинг ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этганлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланса, унинг инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш тўхтатилади ва инвесторга асосланган хулоса юборилади.

Маъмурий кенгаш аъзолари, ишчи орган ва Дирекция инвестор (инвесторлар) томонидан тақдим этилган маълумотнинг махфийлигини ошкор қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


15. Маъмурий кенгаш аъзолари кўриб чиқиши натижасида аниқланган мулоҳазалар ҳамда камчиликлар асосида пухталаштирилган инвестиция буюртманомалари Маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун такроран киритилади.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш муддати 3 иш кунидан ошмайди.


16. Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомаси бўйича ижобий қарори Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади ҳамда Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисида битим деб аталади) тузиш учун асос ҳисобланади.


17. Маъмурий кенгаш мажлиси протоколидан кўчирма протоколни Маъмурий кенгаш тасдиқлаган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида ишчи орган томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига юборилади.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ

БИТИМНИ ТУЗИШ ВА ЭИЗ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


18. Иккинчи босқичда инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш натижалари бўйича Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида инвестициялаш тўғрисидаги битим тузилади, инвестор (инвесторлар) томонидан хўжалик юритувчи субъектни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ҳамда ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади.


19. Инвестициялаш тўғрисидаги битимда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

объект, инвестициялар киритиш ҳажми, тури ва муддатлари, ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган фаолият турлари;

инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари ва шартлари;

инвесторнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

Дирекциянинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жадваллари, инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши юзасидан техник назорат тўғрисидаги ахборотни олиш тартибига оид ҳуқуқлари;

инвестор (инвесторлар) томонидан унинг мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

томонларнинг инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига риоя этилмаганлиги юзасидан жавобгарлиги;

инвестициялаш тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

инвестициялаш тўғрисидаги битимни тўхтатиш тартиби;

инвестициялаш тўғрисидаги битимдан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш тартиби ва кўриб чиқиш жойи.


20. Инвесторнинг инвестициялаш тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган ҳуқуқлари, бурчи ва мажбуриятлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

мўлжалланаётган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва қарз маблағлари жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган гаров таъминоти;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жадвали;

мўлжалланаётган ишлаб чиқариш технологиясининг тавсифи;

энергия жиҳатидан самарали ва экологик норма талабларига мувофиқ келувчи замонавий ускуна ва технологияларни ўрнатиш;

фойдаланилиши мўлжалланаётган савдо маркаси тўғрисидаги маълумот;

ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти, уларнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган бошқариш тизимининг жорий этилиши;

ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотнинг номи, ҳажмлари ва тури;

режалаштирилаётган маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажми;

тавсия этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотлари;

инвестор (инвесторлар) томонидан унинг мажбуриятлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

томонларнинг инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига риоя этилмаганлиги юзасидан жавобгарлиги;

ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун ЭИЗ ҳудудидаги участканинг мўлжалланаётган ўлчамлари;

асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашиши кўрсатилган ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг дастлабки чизмаси;

хом ашё базасининг мавжудлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш даврида хом ашё ва материаллар билан таъминланишнинг кафолатланган имконияти;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси, дастлабки 4 та белгиларнинг бири даражасида бошланғич хом ашёга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН коди 2012 йил таҳрири) бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг ўзгариши;

ташкил этиладиган иш ўринлари сони;

ташкил этиладиган ташкилотнинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 90 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тўлдириш, уларга тажриба орттиришдан ва малака оширишдан ўтиш имкониятини бериш.


21. Инвестициялаш тўғрисидаги битимда инвестиция лойиҳасининг хусусиятига кўра бошқа шартлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.


22. Инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳаси Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомаси маъқулланганлиги бўйича протоколи олингандан бошлаб Дирекция томонидан инвесторга 3 иш куни мобайнида тақдим этилади.


23. Зарурат бўлганда, инвестициялаш тўғрисидаги битим қоидаларини келишиш мақсадида Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.


24. Инвестициялаш тўғрисидаги битим ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.


25. Инвестор (инвесторлар) ва Дирекция ўртасидаги инвестициялаш тўғрисидаги битим ушбу Низомнинг 31-бандига мувофиқ инвестор (инвесторлар) томонидан ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъект ЭИЗ қатнашчиси сифатида хўжалик рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб кучга киради.


26. Инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши:

инвестициялаш тўғрисидаги битим тузилган муддат тамом бўлгач;

хўжалик юритувчи субъект ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганда;

ЭИЗ муддатидан олдин тугатилганда;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.


27. Агар инвестициялаш тўғрисидаги битимда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, у имзоланган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечикмай инвестор рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи юридик шахс сифатида ташкил этган хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки уни қайта рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этади.


28. ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестор томонидан юридик шахс сифатида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Хўжалик юритувчи субъектни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш инвесторнинг сўровига кўра, шартнома асосида Дирекция томонидан амалга оширилиши мумкин.


30. Хўжалик юритувчи субъект юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин инвестор томонидан Дирекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза;

хўжалик юритувчи субъект юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжудлиги ҳақидаги маълумот;

ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Маъмурий кенгаш томонидан белгиланадиган миқдорда тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ер участкаси ажратиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар.


31. Дирекция ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.


32. Дирекция хўжалик юритувчи субъект МИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир кун мобайнида хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ МАҲАЛЛИЙ ИЖРО

ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


33. Дирекция хўжалик юритувчи субъект ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида барча зарур ҳужжатларни хўжалик юритувчи субъектга ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ҳокимлигига беради.


34. ЭИЗ қатнашчиларига ер участкалари ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган алоҳида қарор билан тартибга солинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


35. Инвесторлар томонидан инвестиция буюртманомаси тақдим этилиши ва унинг Дирекция ва Маъмурий кенгаш томонидан кўриб чиқилиши тартиби электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.


36. Хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилишга ихтиёрий тартибда ёки суд тартибида йўл қўйилади ҳамда бу инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келади.


37. Хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ қатнашчиси мақомидан ихтиёрий тартибда маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор хўжалик юритувчи субъектнинг уни бундай мақомдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризасига кўра ёхуд у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилган тақдирда Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилиниши мумкин.

ЭИЗ қатнашчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва (ёки) инвестициялаш тўғрисидаги битим бузилиши юзасидан низо мавжуд бўлганда хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш Маъмурий кенгашнинг қарори асосида Дирекциянинг аризаси бўйича суд тартибида амалга оширилади.

Дирекция ЭИЗ қатнашчилари реестрига хўжалик юритувчи субъектнинг қатнашчи мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида хўжалик юритувчи субъектнинг ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.


38. Дирекция ЭИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хўжалик юритувчи субъектнинг ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш

учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва

эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларини

рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

Масъул орган

Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

I босқич: ЭИЗда жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш





ЭИЗ Дирекцияси

      

ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш юзасидан тақдим этилган инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда кейинчалик ишчи орган орқали ЭИЗ Маъмурий кенгашининг кўриб чиқиши учун тақдим этиш.

         


2 иш кунида







V



Маъмурий кенгаш

       

Кўриб чиқиш ва ЭИЗда ишлаб чиқаришни жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш.

         


5 иш кунида







V



ЭИЗ Дирекцияси

       

Маъмурий кенгаш протоколидан кўчирмани инвесторга ёки унинг ваколатли вакилига юбориш.

         


1 иш кунида





        

II босқич: ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш

        





Дирекция ва инвестор

        

Инвестор билан ЭИЗ Дирекцияси ўртасида музокаралар (заруриятга кўра) ўтказиш, Дирекция ва Маъмурий кенгаш ижобий хулосасини олган инвестор - лойиҳа ташаббускори ўртасида инвестициялаш тўғрисида битим тузиш.

         


Инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳасининг келишилишига кўра







V



Инвестор

      

Инвестор (инвесторлар) томонидан ўзи ташкил этаётган хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки олдин рўйхатдан ўтказилган хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ жойлашган жой бўйича қайта рўйхатдан ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиш.

           


Инвестициялаш тўғрисида битим имзоланган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечикмай







V



Рўйхатдан ўтказувчи орган

       

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва ваколатли органларда ҳисобга қўйиш.

           


    

Ҳужжатлар тақдим этилган вақтдан бошлаб 1 иш кунида

          







V



ЭИЗ Дирекцияси

      

Хўжалик юритувчи субъектни ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномасини бериш.

      


Зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 2 иш кунида







V



ЭИЗ Дирекцияси

         

Хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хўжалик юритувчи субъектнинг ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида хабардор қилиш.

Барча зарур ҳужжатларни ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ҳокимлигига тақдим этиш.

          


      

Хўжалик юритувчи субъект ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида

       

       





Низомга

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси герби


"ЭИЗ номи"

эркин иқтисодий зоналар Дирекцияси"

давлат унитар корхонаси


ГУВОҲНОМА


Тартиб рақами: N ___


"____________" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

ҚАТНАШЧИСИ СИФАТИДА



га берилди.


(гувоҳнома берилган ташкилотнинг номи)


Берилган сана: __________________________

Асос:



(Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгашининг қарори санаси ва рақами)

Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР коди)


Директор:





(Ф.И.О.)


(имзо, сана)

             


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 апрель, 15-сон, 252-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 43-модда