язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш/ Ҳарбий академик лицейлар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 21.04.2017 й. 227-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 21 апрелдаги

227-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ҳарбий академик лицейлар ҳамда

олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун

номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар

юкланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг

махсус гуруҳларига ўқувчилар қабул қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий таълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини (кейинги ўринларда номзод деб аталади) ҳарбий академик лицейларга ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) махсус гуруҳларига танловни ташкил этиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Таълим муассасаларига умумий таълим мактабларини жорий йилда битирган, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар ўқишга қабул қилинади.


3. Номзодлар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга Таълим муассасасига танловни ва қабул қилишни ташкил этиш, уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди билан ишлаш, ташкилий ишларни бажариш, зарур материаллар ва ҳисоботларни тайёрлаш ҳар бир таълим муассасасида ташкил этиладиган маслаҳат маркази томонидан таъминланади.


4. Номзодларни таълим муассасаларига қабул қилиш танлов йўли билан, тенг ҳуқуқлилик ва одиллик тамойиллари асосида, қабул қилишнинг ягона тартиби ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


5. Таълим муассасаларида ўқувчилар контингентини сифатли ва мақсадли бутлаш қуйидагиларни ўз ичига оладиган босқичма-босқич комплекс танлов амалга оширилади:

дастлабки танлаш;

ҳарбий-профессионал танлаш;

тест синовлари ўтказиш.


6. Номзодларни қабул қилиш таълим муассасасининг маслаҳат маркази томонидан амалга оширилади.


7. Маслаҳат маркази таркиби ҳар йили 25 майгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг (кейинги ўринларда ЎМКҲТ Маркази деб аталади) қўшма қарори билан тасдиқланади.


8. Ҳарбий академик лицей маслаҳат маркази раиси этиб Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи (кейинги ўринларда ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси деб аталади), раис ўринбосари этиб бириктирилган олий ҳарбий таълим муассасасининг (кейинги ўринларда ОҲТМ деб аталади) тавсияси асосида юқори малакали ва тажрибали катта офицерлар таркибидан белгиланади. Маслаҳат маркази таркибига шунингдек олий таълим муассасаси ва ОҲТМнинг икки нафардан вакили, ЎМКҲТ ҳудудий бошқармасининг бир нафар вакили, таълим муассасасининг икки нафар вакили киритилади.


9. Олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежи маслаҳат маркази раҳбари этиб уларнинг директорлари, раҳбар ўринбосари этиб ҳарбий округлар қўмондонлиги тавсияси асосида энг юқори малакали ва тажрибали катта офицерлар таркибидаги шахс тайинланади. Маслаҳат маркази таркибига шунингдек ҳарбий округнинг икки нафардан, ЎМКҲТ ҳудудий бошқармасининг бир нафар, таълим муассасасининг икки нафар вакили киритилади.


10. Маслаҳат марказига қуйидагилар юкланади:

номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини ўрганиш натижалари асосида тест синовларига қўйилган номзодлар рўйхатларини уларнинг яшаш жойларидаги мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ўтказиш учун зарур шароитларни яратиш;

тест синовлари натижалари бўйича ҳарбий академик лицейларга, таълим муассасаларининг махсус гуруҳларига биринчи ўқув йил учун номзодларни ўқишга қабул қилиш рўйхатини тайёрлаш ва буйруққа киритиш учун ЎМКҲТ Марказига уларни тақдим этиш;

номзодларни қабул қилиш натижалари тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш (маслаҳат маркази баённомалари, таълим муассасалари биринчи босқичига ўқишга қабул қилиш учун номзодлар рўйхати, тест синовлари натижалари бўйича умумий рўйхат) ва ЎМКҲТ Маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этиш;

номзодлар, уларнинг ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахсларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш масалалари бўйича шикоятларини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш.


11. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ота-оналар вакиллари номзодларни қабул қилиш жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этади.


12. Таълим муассасаси директори маслаҳат марказининг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратади.


13. Тест синовларини ўтказишга тайёргарлик жараёнида ташкилий ишларни амалга оширишда (гуруҳлар рўйхатларини шакллантириш, тартиб ва интизом сақлаш каби ишлар) ёрдам бериш учун таълим муассасаси маслаҳат маркази раҳбари томонидан таълим муассасаси ўқитувчиларидан вакиллар жалб этилиши мумкин.


14. Номзодларни ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризаларни топшириш муддати ва маслаҳат марказига тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар рўйхатини ЎМКҲТ Маркази ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги биргаликда белгилайди.



2-БОБ. ДАСТЛАБКИ ТАНЛАШ


15. Олий ҳарбий таълим муассасаларига кириб ҳарбий мутахассислик олишни хоҳлаган шахсларга нисбатан қўйилаётган талабларга номзодларнинг соғлиғи, индивидуал-психологик хусусиятлари ва жисмоний тайёргарлиги жиҳатидан жавоб беришини, барқарор ички эътиқодга, юксак интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга бўлган номзодларни аниқлаш дастлабки танлашнинг асосий мақсади ҳисобланади.


16. Қуйидагилар дастлабки танлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаштириш (оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), офицер касбини танлашининг сабабларини, асосларини аниқлаш;

умумтаълим фанлари бўйича ўзлаштиришини, соғлиғини ва жисмоний тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

ОҲТМга кирувчи номзодларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш.


17. Дастлабки танлаш номзодларнинг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ва бошқармаларда ўтказилади.


18. Номзодларга қуйидаги ҳолларда рад жавоби берилади:

номзод Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

номзодга нисбатан жиноий иш юритилганда, бирламчи тергов ва суриштириш ишлари юритилганда, судда жиноий иши кўриб чиқилаётганда;

жазо чоралари ёки амнистия қўлланилишидан қатъи назар жиноят содир этилгани сабабли айблов эълон қилинганда;

яшаш жойидан, ички ишлар бўлимларидан салбий тавсияномалар тақдим этилганда.


19. Дастлабки танлашда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) мудофаа ишлари бўйича бўлим бошлиғи номига ариза;

б) белгиланган шаклдаги сўровнома;

в) ўқиш жойи ва маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсифнома;

г) таълим муассасасига кираётган номзоднинг тиббий хулосалар қайд этилган тиббий дафтарчаси (картаси);

д) намуна асосида ёзилган батафсил таржимаи ҳол;

е) туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт нусхаси, мудофаа ишлари бўлимларида рўйхатда туриши тўғрисидаги маълумотнома нусхаси;

ж) фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан директор томонидан тасдиқланган маълумотнома;

з) психоневрологик, силга қарши ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, наркологик ва одам иммунитети танқислиги синдромига (СПИД) қарши курашиш марказларидан берилган маълумотнома, лаборатория текширишлари натижалари (қон ва пешобнинг умумий таҳлили, нажасни гельментологик текшируви, кўкрак қафаси флюорографияси, электрокардиография текшируви (ЭКГ), ультратовуш текшируви (УТТ), эндоскопик эзофагогастроэдуоденоскопия текшируви (ЭФГДС) хулосалари) бўйича тиббий маълумотномалар;

и) номзодга нисбатан жиноий иш юритилмаганлиги, бирламчи тергов ва суриштириш ишлари юритилмаганлиги, судда номзодга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилмаётганлиги, жазо чоралари ва амнистия қўлланилишидан қатъи назар жиноят содир этилгани сабабли айблов эълон қилинганлиги, номзоднинг ички ишлар органларида рўйхатга олинмаганлиги ҳолатларини тасдиқловчи маълумотнома;

к) 4 дона 3,5 х 4,5 см ўлчамли ва 6 дона 3 х 4 см ўлчамли рангли фотосуратлар.


20. Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш талабларига жавоб берувчи, таълим муассасаларига танловсиз қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги номзодлар қўшимча равишда қўйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) тегишли ихтисос фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ва республика фан олимпиадаларининг республика босқичи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган танловлар ва мусобақалар ғолиблари ЎМКҲТ Марказининг белгиланган намунадаги гувоҳномалари;

б) ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари:

мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган болаларни таълим муассасасига танловдан ташқари қабул қилиш тўғрисидаги тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг илтимосномаси;

вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг вафоти тўғрисида хизмат текшируви (маъмурий текширув) хулосасининг нусхаси;

тегишли ҳарбий қисм ёки муассаса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарининг буйруғидан кўчирма;

ўлим ҳақида гувоҳнома нусхаси.


21. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ёки паспорт, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома, ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (20-бандда кўрсатилган номзодлар тоифаси учун) асл нусхалари номзодлар томонидан тегишли таълим муассасасига келганда маслаҳат марказига шахсан тақдим этилади.


22. Ҳар йили апрель ойида ўтказиладиган дастлабки танлаш давомида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш;

номзодлар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш;

номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш.


23. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш номзод тўғрисидаги маълумотларни режали жамлаш ва тизимлаштириш, унинг ижтимоий фаоллиги ва маънавий-маърифий фазилатларини баҳолаш йўли билан ўтказилади.

Номзодларнинг ижтимоий фаоллиги ва маънавий-ахлоқий фазилатларини аниқлашда қуйидагиларга эътибор қаратилади:

мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини, давлатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни тушуниши;

юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт мафкура ва ахлоққа нисбатан муросасизлиги;

бурчни ҳис этиши, қатъиятлилиги, ишчанлиги, меҳнатсеварлиги;

жамоанинг ижтимоий ҳаётида фаол иштироки;

ўқишда ва спорт мусобақаларида эришган натижалари.


24. Номзодлар билан якка тартибдаги суҳбат мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ва бошқармалар бошлиқлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари вакилларини жалб этган ҳолда ташкил этилади ва ўтказилади.

Якка тартибдаги суҳбат номзодлар тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаштириш (оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), ҳарбий касбни танлашининг сабабларини баҳолаш мақсадида ўтказилади.


25. Якка тартибдаги суҳбат натижасида қуйидаги хулосалар берилади:

таълим муассасасига кириш учун тавсия этилади;

таълим муассасасига кириш учун тавсия этилмайди.

Якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра таълим муассасасига кириш тавсия этилмаган номзодлар Дастлабки танлашнинг кейинги босқичларига жалб этилмайди.


26. Номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ташкил этилган тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича номзоднинг соғлиғи ҳолатига кўра ОҲТМда ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.


27. Соғлиғи жиҳатидан ОҲТМда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар ҳарбий-касбий танловга қўйилмайди.


28. Дастлабки танлаш натижаларига кўра таълим муассасасида ўқишга тавсия этилган номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди мудофаа ишлари бўйича бўлимлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бошқармаларга ҳар йили 30 апрелгача тақдим этилади.



3-БОБ. ҲАРБИЙ-КАСБИЙ ТАНЛАШ


29. Ўзининг психофизиологик хусусиятларига ва соғлиғига кўра ҳарбий мутахассисликнинг замонавий талабларига жавоб берадиган, офицер касбини эгаллашнинг асосларига, етакчилик сифатларига, ички эътиқодига, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган номзодларни аниқлаш ҳарбий-касбий танлашнинг асосий мақсади ҳисобланади.


30. Ҳарбий-касбий танлашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

тақдим этилган ҳужжатларни ва номзодни тавсифловчи материалларни ўрганиш;

номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш;

номзоднинг (орфографик ва пунктуацион) саводхонлиги даражасини баҳолаш;

номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш;

номзодларнинг жисмоний тайёрланганлик даражасини аниқлаш;

якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш ва номзодни тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиш.


31. Ҳарбий-касбий танлаш номзоднинг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда амалга оширилади.


32. Ҳужжатларни ўрганишда номзод тўғрисида тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади.


33. Номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ва Соғлиқни сақлаш вазирининг қўшма буйруғи билан тасдиқланадиган, тиббиёт мутахассисларидан шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади.


34. Якуний тиббий кўрик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ЎМКҲТ Марказининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган ҳарбий академик лицейлар ва таълим муассасаларининг махсус гуруҳларига кираётган номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибига асосан ўтказилади.


35. Якуний тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғига кўра номзоднинг таълим муассасасида ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида қарор чиқарилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра таълим муассасасида ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.


36. Номзодларнинг саводхонлик даражаси (орфография, пунктуация) диктант ёзиш йўли билан аниқланади.

Диктантни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва ЎМКҲТ Маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Диктант бўйича қониқарсиз баҳо олган номзодлар танлашнинг кейинги босқичларга қўйилмайди.


37. Номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш психологик тест синовлари орқали, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ҳарбий округлар томонидан ўтказилади. Психологик тест синовларини ўтказиш тартиби ва психологик тестлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда ЎМКҲТ Маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижалари якка тартибдаги якуний суҳбат давомида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.


38. Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига асосан қуйидаги хулосалар тузилади:

таълим муассасасига киришга тавсия этилади;

таълим муассасасига киришга тавсия этилмайди.

Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига кўра танлашдан ўта олмаган номзодлар танлашнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.


39. Номзодларнинг жисмоний тайёрланганлик даражаси мудофаа ишлари бўйича бошқармалар томонидан аниқланади.

Жисмоний тайёрланганлик даражаси бўйича белгиланган талабга жавоб бермайдиган номзодлар танлашнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.


40. Якка тартибдаги якуний суҳбат номзоднинг ОҲТМ ўқишга кириши сабабини, етакчилик сифатларини, ақлий қобилиятлари ва бошқа муҳим касбий фазилатларини аниқлаш мақсадида ягона методика бўйича психофизиологик ўрганиш ва диктант ёзиш натижалари асосида ўтказилади.


41. Якка тартибдаги якуний суҳбат коллегиаллик тамойиллари бўйича мудофаа ишлари бўйича бошқармалар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида ўтказилади.


42. Якка тартибдаги якуний суҳбатни ўтказиш методикаси ОҲТМлари таълим йўналишларининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва ЎМКҲТ Маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


43. Якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади.


44. Якка тартибдаги якуний суҳбатдан ўта олмаган номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди (ва бошқа ҳужжатлар) далолатнома бўйича ЎМКҲТ ҳудудий бошқармалари вакиллари орқали номзодларни кейинчалик яшаш жойларидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олиш учун юборилади.


45. Мудофаа ишлари бўйича бошқармалар томонидан номзодларнинг расмийлаштирилган шахсий ҳужжатлари йиғмажилди мудофаа ишлари бўйича бошқармалар томонидан таълим муассасаларининг маслаҳат марказларига 20 июнгача юборилади.


46. Номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдини таълим муассасаларининг маслаҳат марказларига ушбу мақсадлар учун ваколатга эга бўлмаган бошқа шахслар орқали юбориш қатъиян ман этилади.


47. Тест синовларида қатнашишга рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бўйича бошқармалар томонидан маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома умумий таълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатномани олиш учун асос бўлади.


48. Таълим муассасалари маслаҳат марказига тақдим этилган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини ўрганиш натижасида тест синовларида қатнашишга рухсат этилган номзодлар рўйхатларини мудофаа ишлари бўйича бошқармаларга етказиш масъулияти юкланади.


49. Номзодларнинг тест синовларида қатнашиш учун номзодларнинг таълим муассасаларига ўз вақтида етиб келишларини таъминлаш масъулияти мудофаа ишлари бўйича бошқармалар бошлиқлари зиммасига юкланади.


50. Номзодларни таълим муассасаларига келиб-кетиши, тест синовларига тайёрланиш ва уларни топшириш даврида яшаши, овқатланиши билан боғлиқ барча сарф-харажатлар уларнинг ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчилар ҳисобидан қопланади.



4-БОБ. ТЕСТ СИНОВЛАРИ


51. Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.


52. Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Номзодлар тест синовларини ўзларининг танлови бўйича учта: давлат тили, рус тили ва қорақалпоқ тилларининг бирида топширадилар.


53. Тест синовлари натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси белгилаган муддатларда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ҳамда тегишли таълим муассасаси маслаҳат марказига тақдим этилади.


54. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.


55. Таълим муассасаларига қабул қилинмаган (танлашдан ўтмаган) номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди (ва бошқа ҳужжатлар) далолатномага асосан ЎМКҲТ ҳудудий бошқармалари вакилларига номзодларни кейинчалик яшаш жойларидаги бошқа академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олиш учун берилади.



5-БОБ. НОМЗОДЛАРГА БЕРИЛАДИГАН ИМТИЁЗЛАР


56. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ бошланғич ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қуйидаги номзодлар таълим муассасаларига танловдан ташқари ва тест синовларисиз қабул қилинади:

тегишли ихтисос фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ва фан олимпиадаларининг республика босқичи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган танловлар ва мусобақаларда ғолиб бўлиб, ЎМКҲТ Марказининг белгиланган намунадаги гувоҳномасига эга бўлганлар;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари - тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг илтимосномаси мавжуд бўлганда.



6-БОБ. ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


57. Таълим муассасаларига қабул қилиш белгиланган тартибда белгиланадиган қабул квоталари асосида амалга оширилади.


58. Номзодларни таълим муассасалари ўқувчилари сафига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган тест синовлари натижаларига асосан амалга оширилади.


59. Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда тест синовлари ўтказилмайди ва номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.


60. Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолатларда улар таълим муассасасига белгиланган квотадан ташқари қабул қилинади.


61. Тест натижалари келганидан сўнг таълим муассасасининг маслаҳат маркази қабул қилинган номзодларнинг рўйхатини тузади ҳамда биринчи босқичга қабул қилиш тўғрисидаги баённи расмийлаштиради. Мазкур ҳужжатлар маслаҳат маркази раиси ва аъзолари томонидан имзоланади ва таълим муассасаси муҳри билан тасдиқланади.


62. Маслаҳат маркази баёни номзодларни таълим муассасасига ўқувчилар сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқни қабул қилишга асос бўлади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


63. Таълим муассасалари ўқувчиларини ўқувчилар сафидан чиқариш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


64. Мазкур Низомни қўллаш билан боғлиқ ҳолда пайдо бўладиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


65. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 295-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 50-модда