язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2900-сон "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2017 й.

N ПҚ-2900



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5017-сонли Фармонини ижро этиш юзасидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида:


1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибига киради.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси ва унга кирувчи ташкилотлар рўйхати 1 ва 1а-иловаларига* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 92 нафардан иборат марказий аппарати тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси, туманлар (шаҳарлар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимларининг тузилмалари 3 - 5 ва 5а-иловаларига* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва ҳудудий инспекцияларнинг тузилмалари 6- ва 6а-иловаларга* мувофиқ;

"Коммунхизмат" Агентлигининг тузилмаси 7-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирига, зарур ҳолларда, вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгилаб қўйилган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, "Коммунхизмат" Агентлиги таъминоти сарф-харажатларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳузурида "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман филиаллари ташкил этилишини таъминласин, уларнинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки турар-жой ва нотурар-жой мулкдорлари билан шартнома асосида кўп хонадонли уй-жой фондини ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларни сақлаш ва фойдаланиш борасидаги тизимли ишларни самарали ташкил қилиш;

кўп хонадонли уй-жой фондини мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;

кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда кўп хонадонли уй-жой фонди теварак-атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш.


5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги зиммасига "ТошуйжойЛИТИ" акциядорлик жамиятининг устав жамғармасидаги акцияларнинг давлат пакети бўйича акциядорлик функцияларини бажариш вазифаси юклансин, "ТошуйжойЛИТИ" АЖ кўп хонадонли уйларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ихтисослаштирилган бош лойиҳа ташкилоти этиб белгилансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда "Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш" МЧЖ қатнашчиларининг "Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш" МЧЖни ўрнатилган тартибда "Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш" давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этиш, уни сув таъминоти ва канализация соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослаштирилган бош лойиҳа ташкилоти этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 8-иловага* мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан солинадиган жарималардан тушадиган маблағлар;

уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантиришга жалб этиладиган кредитлар, шу жумладан халқаро молия институтлари ва Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари;

халқаро донорларнинг грантлари, хайр-эҳсон қилувчиларнинг маблағлари;

ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан белгиланган ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Белгилаб қўйилсинки, ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига белгиланган махсус устама ҳақ суммаси мақсадли тушум ҳисобланади, барча солиқ турларини ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базага киритилмайди, шунингдек, сув таъминоти ташкилотларининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда хизмат кўрсатувчи банкларда сув таъминоти ташкилотларига ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига белгиланган махсус устама ҳақ маблағларини жамлаш учун махсус ҳисобварақ очилишини таъминласин, маблағлар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатишни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" МХК, "Ўзтрансгаз" АК билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича, шунингдек электр энергияси, табиий газ, совуқ сув ва иссиқлик энергияси етказиб берувчилар олдида 2017 йилнинг 1 апрелигача бўлган ҳолатига кўра қарздорлик, сув таъминоти ва иссиқлик таъминоти ташкилотлари томонидан ҳисобланган пеня ва жарималар, шу жумладан муддати узайтирилганларини ҳам хатловдан ўтказсин ва бунинг якунлари бўйича қарздорликни реструктуризация қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги "Коммунхизмат" Агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бир ой муддатда:

кўп хонадонли уй-жой фонди, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга оширувчи "Кўп хонадонли уйларни, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси (ДУК) ҳамда унинг ҳудудий филиаллари;

сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи функциясини амалга оширувчи "Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси" ДУК ва унинг минтақалараро филиаллари тўғрисидаги низомларни, уларнинг тузилмалари ва штат жадвалларини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уйда жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уй манзилидаги Республика "Ўзкоммунўқувташкилотчи" ўқув-методик, норматив-инжиниринг маркази биноларини тезкор бошқарув ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига топширсин;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган, илгари бошқа шахсларга сотилган бинонинг бир қисмини харид қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, бунда уларнинг эгаларига Тошкент шаҳрининг бошқа қисмларидан тенг қимматга эга хоналар ажратилишини ёки белгиланган тартибда конпенсация тўланишини назарда тутсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси 9-иловага* мувофиқ манзилларда;

туманлар (шаҳарлар) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари - тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг биноларида жойлаштирилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига, асосланган ҳисоб-китоблар бўйича, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари маъмурий биноларини реконструкция қилиш, шунингдек уларни хизматга оид инвентарлар, ташкилий техника билан жиҳозлаш ҳамда зарур миқдорда енгил автотранспорт воситаларини харид қилишга керакли маблағлар ажратсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигини белгиланган тартибда телефон алоқаси, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистик ахборотлари тарқатилиши мажбурий бўлган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Меҳнат вазирлиги билан биргаликда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касбларининг жозибадорлигини ошириш ва уларнинг ижтимоий муҳофазасини такомиллаштириш мақсадида, бир ой муддатда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

"2017-2021 йиллар даврида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида";

"2017-2021 йиллар даврида кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида";

"2018-2022 йиллар даврида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) 1 - 9-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 291-модда