язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.05.2017 й. ПҚ-2941-сон "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.2017 й.

N ПҚ-2941



2017/2018 ЎҚУВ ЙИЛИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

МУАССАСАЛАРИГА  ЎҚИШГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА



Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиш, реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда республика ҳудудларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг йўналишлари, касблари ва ихтисосликлари бўйича касбий тайёрланган мутахассисларга бўлган талабини қондириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ишлаб турганларини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш бўйича, истиқболда мўлжалланаётган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, 2017/2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини аниқ касб ва ихтисосликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳудудий бандлик тузилмаларини, меҳнат бозорида ишчи кучига талаб ва таклифнинг мувозанатини танқидий таҳлил қилиш асосида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини қайта ихтисослаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига мувофиқ академик лицейларни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш ҳисобга олинган таклифи 1-иловада* келтирилган рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.


3. 2017/2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилишнинг умумий параметрлари (кейинги ўринларда қабулнинг умумий параметрлари деб аталади), шунингдек ҳудудлар бўйича қабул квоталари 2 ва 2.1 - 2.14-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси бир ой муддатда охирги йилларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришни пухта таҳлил қилишдан келиб чиққан ҳолда қабулнинг умумий параметрлари асосида вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ҳар бир академик лицей ва касб-ҳунар коллежига ўқишга қабул қилиш параметрларини тасдиқласин.

Бунда:

ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг танланган ва иқтисодиёт тармоқларида талаб қилинган мутахассисликлар бўйича ўқишга бўлган хоҳишини, таълим муассасаларида зарур моддий-техник база мавжудлигини ҳисобга олиб умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишга тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга;

умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчи қизлари талаб этилган касбларни эгаллашларини назарда тутган ҳолда, улар академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишга тўлиқ қамраб олинишига алоҳида эътибор берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, бандликка кўмаклашиш марказлари, иш берувчилар ва бошқа манфаатдор субъектлар иштирокида 9-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан ўқувчиларнинг қизиқишлари ва лаёқатларига мувофиқ таълим йўналишлари ва касблар онгли танлашини, уларнинг кейинги ишга жойлашиши ва хизмат мавқеи ўсишини, шунингдек касбга йўналтириш ишларининг шакл ва усуллари, сифат даражасини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳисобидан тизимли касбга йўналтириш ишлари амалга оширилишини таъминласинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ўз тасарруфида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қабулнинг умумий параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин ҳамда ўқишга қабул қилиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 10 августигача бўлган муддатда якуний ахборот тақдим этсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига:

умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари танлаган йўналиш ва касблар бўйича ўқишга бўлган эҳтиёжини, шунингдек иқтисодиёт соҳалари ва хўжалик субъектлари - ҳудудлардаги потенциал иш берувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларга бўлган реал жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш;

ҳар бир касб-ҳунар коллежи ўқувчисини касб-ҳунар коллежига ўқишга кирган кундан бошлаб келгусида эгаллайдиган касби, ихтисослиги бўйича аниқ иш ўрнига бириктириш бўйича ташкилотлар ёки корхоналарни белгилаш борасида ўз вақтида аниқ чора-тадбирлар кўриш;

алоҳида таълимга муҳтож бўлган болалар ва "Меҳрибонлик" уйлари битирувчиларига таълим муассасаларини танлаш ҳуқуқи ҳамда уларнинг кейинчалик ишга жойлашиш ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш;

умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчи қизларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига ўқишга қамраб олиш, улар учун эгаллайдиган касб ва ихтисосликлари бўйича истиқболдаги доимий иш ўринларини тайин қилиш, жумладан оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик, шахсий томорқа хўжалиги ва бандликнинг бошқа турларини ривожлантириш ҳисобига янги ташкил этиладиган иш жойларини белгилаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017/2018 ўқув йили учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг тасдиқланган параметрларини ҳисобга олган ҳолда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таъминоти учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан белгиланган тартибда зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қайта ихтисослаштирилаётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек янгидан фойдаланишга топшириладиган касб-ҳунар коллежлари филиалларида 2017/2018 ўқув йили бошлангунига қадар ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, шунингдек уларни юқори малакали ўқитувчи кадрлар билан тўлдириш, тайёрлов йўналишларига мувофиқ зарур замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-норматив ҳужжатлар, ўқув ва методик адабиётлар билан таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) 1, 2-2.14-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 май, 18-сон, 321-модда